Ҳалол ризқ талаб қилиш диндаги фарзлардандир


Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалол ризқ талаб қилиш иккинчи даражадаги фарздир», дедилар».

Гарчи бу ҳадиснинг санади ҳақида турлича фикрлар бўлса-да, бутун уммат маъносининг эътибори билан бу ҳадиснинг саҳиҳлигига иттифоқ қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифларида улкан бир қоидани – ҳалол ризқни талаб қилиш Ислом динининг биринчи ўринда турадиган фарзларидан кейинги фарз эканини баён қилдилар. Динимизнинг асоси саналадиган, мўмин киши уларсиз ўзгалардан ажралмайдиган иймон, намоз, рўза, закот, ҳажнинг фарзлигини барча билади. Ҳалол ризқни талаб қилиш эса мана шу фарзлардан кейинги фарздир. Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча нарсани ўрганиб оламиз.
Аввало, ҳалол ризқ талаб қилиш қайси йўл билан бўлмасин, хоҳ тижорат бўлсин, деҳқончилик бўлсин, корхона-заводда ишлаш, бирор даргоҳда муаллимлик қилиш билан бўлсин – барчаси диннинг бир бўлаги экани; намоз, рўза каби фарзлардан кейинги фарз экани; берса ейман, бермаса ўламан деб қўл қовуштириб ўтириш,  кўчама-кўча тиланиб, дуч келганга қўл чўзиш Исломга зид экани, мусулмонга хос ишлардан эмаслиги маълум бўлади.
Аллоҳ таоло бизнинг зиммамизга Ўз ҳақларини вожиб қилгани каби, хонадонларимиз аҳлларининг ҳам ҳақларини зиммамизга вожиб қилган. Бу ҳақлар эса ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлаш билангина адо этилади. Шу сабабли ҳар бир кишига ҳалол ризқ талаб қилиш, яъни ризқни ҳалол йўл билан топиш йўлини қидириш фарздир.
Исломда насоролар динидаги Аллоҳга муқарраб бўлиш учун ихтиёр қилинган раҳбоният – дунёдан узилиб, уйланиш, бола-чақа қилишни тарк қилиш ва бирор жойга бориб, фақат зикрга машғул бўлиш йўқдир. Аллоҳ таоло инсонни яратди, табиатига очликни, ташналикни қондириш, бошпана қуриш, уйланиш каби  нафсоний тақозоларни жойлади ва ушбу эҳтиёжларини қондириш билан бирга, Ўз ҳақларини ҳам адо этишни талаб қилди. Бу ҳақларни адо қилиш учун намуна ва ўрнак қилиб, пайғамбарларни юборди. Дунёга қанча пайғамбар ва расуллар юборилган бўлса, барчалари ҳалол ризқ талаб қилиш учун қайсидир касбнинг соҳиби бўлдилар. Бирлари деҳқончилик, бирлари чўпонлик, бирлари темирчилик, бирлари дурадгорлик  билан ҳаёт кечирдилар. Агар у зот бўлмаганида, дунё яралмаган бўлар эди, деган сифат соҳиби, дунё ва охират саййиди Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёшликларида қўй боққанлар, кейинчалик тижорат қилганлар, Мадинаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги Журф деган жойда деҳқончилик қилганлар, муаллим бўлганлар. Хуллас, дунёда қанақанги ҳалол касб бўлмасин, кейинчалик тараққиётга учраган бўлса ҳам, асли бошланишида бирор пайғамбарнинг касби бўлган. Ким бирор касбни қилаётганида мен бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб қиляпман, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ана шу ишга сарф қилган ҳар дақиқа вақти улкан ибодат даражасига кўтарилади.
«МЎМИННИНГ ДУНЁСИ ҲАМ ДИНДИР»
Сарлавҳа ўрнида келган ушбу ҳадисдан омманинг ичида тарқалиб қолган «дин бошқа, дунё бошқа» деган фикрнинг хато эканини яна бир бор англаймиз. Яхшилаб ўйлаб кўрадиган бўлсак, биз дунёвий иш деб ўйлайдиган ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам  диннинг бир бўлаги экан. Фақат шарт шуки, талабимиз шариатга мувофиқ, жоиз йўл билан бўлсин.
Агар  мақсадимиз фақат мол-дунё талабининг ўзигина бўлиб қолса, хоҳ у жоиз йўл билан бўлсин ёки ножоиз, хоҳ ҳаром йўл билан бўлсин, хоҳ ҳалол, у ҳолда ҳадисда зикр қилинган фарзни адо этиш фазилати топилмайди, мусулмон билан ғайридин ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.
ҲАР ҚАНДАЙ ИШ ҲАМ ШАРИАТГА МУВОФИҚ БЎЛАВЕРМАЙДИ
Ризқ талабида қилинган ҳар бир меҳнат ҳам мақтовга сазовор бўлавермайди. Агар фақат машаққат чекишнинг ўзи мақтовга сазовор иш бўлганида, ўғри ҳам, қароқчи ҳам, турли бузуқ ишлар билан машғул бўлувчи ҳам «Мен буни топгунимча не машаққатлар чекмадим», деб фахрланиб юрар эди. Лекин барча чекилган  машаққатлар ҳам ножоизни жоиз қилиб қўя олмайди.
Шунинг учун бирор касбни танлаш ёки бирор иш билан шуғулланишдан аввал унинг шариатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини ва қандай қилсак, шариатга мувофиқ бўлишини ўрганайлик. Билмасак, сўрайлик. Ишни бошлаб қўйиб, бир жойга етганда хато қилганимизни билиб, югуриб юрмайлик. Унда ўнглаш қийин бўлади.
كان عمر رضي اللّه عنه يضرب أهل السوق بالدرة ويقول : لا يتّجر في سوقنا إلاّ من تفقّه وإلاّ أكل الربا
Умар розияллоҳу анҳу бозор аҳлини дарра билан тартибга солар ва:
«Бизнинг бозорда савдо қилиш илмини билганлар савдо қилсин! Акс ҳолда рибога қўл уриб қўяди», дер эдилар.
Аллоҳнинг суннати (одати) шундайки, қайси иш Унинг амрларига мувофиқ қилинса, албатта, унда барака бўлади. Барака эса бозорда сотиладиган, улкан маблағ эвазига топиладиган нарса эмас, балки ҳалол касб, шариатга мувофиқ ишнинг ичига яшириб қўйилган, Аллоҳ кимга берса, ўшанда топиладиган нарсадир. Ҳаромдан келган молда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳам ойлик маош олиб ишлайдиган ҳамма ишчилар ойлигини қадрлашларига, «оз бўлса ҳам, бунда барака бор», деб қўйишларига гувоҳ бўламиз.   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар таҳорат қилишда ва бошқа ҳолатларда барака сўраб:
"اللهم اجعل أوسع رزقك عليَّ عند كبر سني، و انقطاع عمري".
• "اللهم اغفر لي ذنبي، و وسع لي في داري، و بارك لي في رزقي".
. "اللهم إني أسألك من فضلك و رحمتك، فإنه لا يملكها إلا أنت".
«Аллоҳим, ёшим улғайиб, умрим охирлаганда менга берадиган ризқингни кенг қилгин бергин»,
«Аллоҳим, гуноҳларимни кечиргин, уйимни менга кенг қилгин (уйига сиғмай қолганлардан қилмагин) ва ризқимга барака бергин»,
«Аллоҳим, мен Сенинг фазлинг ва раҳматингни сўрайман. Чунки Сендан ўзга ҳеч кимса унга молик эмасдир», дер эдилар.
(Ас-сирожул ваҳҳаж лил муътамири вал ҳаж ва, Термизий, дуолар китоби)

Шариатга мувофиқ бўлмаган ҳар бир ишдан барака кетаверади.
Бир киши ниҳоятда ночор ҳолда, зўрға кун кечирар экан. Бир куни у мустажобуд даъват, яъни дуоси кўп ижобат бўладиган кишининг ҳузурига борибди ва: «Менинг ҳаққимга дуо қилсангиз! Мен ҳам кам-кўсти йўқ кишилар каби ҳаёт кечирсам», деб, ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрабди. У одам: «Аввал сен бирор кам-кўсти йўқ одамни топиб, менга: «Шу одамга ўхшашни хоҳлайман», дегин! Кейин мен Аллоҳдан сенинг ҳаққингга дуо қилай», дебди. Фақир киши ўз шаҳридаги бозорларни айланиб юриб, бир дўкондорга кўзи тушибди. У бир гапириб, ўн кулар, савдо молларини хоҳлаганига арзонга сотар, хоҳлаганига бекорга эҳсон қилиб, бериб юборар эди. Атрофида икки-уч келишган йигитлар – ўғиллари бўлса керак – хизматига тайёр туришибди. «Шу одам, мен шу одамга ўхшашни хоҳлайман!» деб, дуогўйнинг ҳузурига борибди ва: «Фалон дўкондорга ўхшашни хоҳлайман», дебди. У киши фақирга: «Аввал сен унинг бирор ҳасрати борми-йўқми, шуни ҳам билиб келгин, мабодо ташқи кўриниши сен орзу қилгандек бўлса ҳам, ичи ҳасратга тўла бўлса, сен ҳам қийналиб қолмагин», дебди. Фақир у зотнинг гапига қулоқ солиб, дўкондорнинг олдига келибди ва аҳволини баён қилибди. Шунда дўкондор қаттиқ хўрсиниб: «Бирорта инсон мен каби бахтсиз бўлмаса керак, – дебди. Фақир ҳайрон бўлибди. Шунда дўкондор сўзида давом этибди: – Аллоҳ менга мол-дунёни берди, лекин хотиннинг баракасини бермади. Эҳтиросга берилиб, шариатга номувофиқ иш қилдим ва Аллоҳ мендан хотиннинг баракасини олиб қўйди. Бир куни аёлим қаттиқ касал бўлиб, ҳамма умидимиз узилди ва қайтиб соғаймаса керак, деб тайёргарликни кўра бошладик. Аёлим ҳам, мен ҳам бир-биримизни қаттиқ яхши кўрар эдик. Ўлимидан аввал у менга қараб:  «Мен ўлсам, яна бошқасига уйланиб, кўрмагандек бўлиб кетасиз», деди. Ўзи ўлим тўшагида ётган бўлса ҳам, унинг бу гапида рашк, ҳасрат аломатлари бор эди. Уни юпатиш учун қайта уйланмаслигимни айтдим, лекин таскин топмади. Мен эҳтиросга берилдим, ҳаммомга кириб, қайта уйлана олмайдиган ҳолатда чиқдим. Шундан сўнг аёлимнинг кўнгли таскин топди. Аллоҳнинг тақдири экан, у гўрнинг оғзидан қайтиб келди. Муҳаббатимга жавобан, бир-икки йил сабр қилди, кейин эса аёллигига борди. Сен кўриб турган болалар менинг фарзандларим эмас. Шариатга номувофиқ қилган бир ишим мендан хотиннинг баракаси кетишига, умр бўйи ҳасратда қолишимга сабаб бўлди…» Шундан сўнг фақир ўзида борига шукр қилиб яшай бошлади.
БЕБАРАКАЛИКНИНГ САБАБИ НИМА?
Бизнинг онгимизда бир неча нарсаларнинггина ҳаром ёки шубҳали экани ўрнашиб қолган. Лекин қўлимизга тушаётган мол-мулкка турли йўллар билан ҳаром аралашаётганидан мутлақо бехабармиз. Масалан, газга тўланадиган пулни йиғувчи билан ошнамиз. Электр токи учун пул йиғувчи билан ошнамиз. Бу чўнтагимиз учун иқтисод. Аслида эса кўпчиликнинг ҳаққи, қиёматгача сўраб ҳам розилигини олиб бўлмайдиган ҳақдир. Бирор мардикор кунбай ёки соатбайга келишиб, уйингизда ишласа-ю, келишилган соатдан кейин келиб,  олдинроқ кетса, кеч қолгани ёки эрта кетгани учун сиз унга берадиган ҳаққингизни камайтирасиз ва сиз бунга юз фоиз ҳақлисиз. Чунки унинг ишламаган соатларига ҳақ олиши инсофсизлик ва агар олса ҳам ҳаромдир. Шунингдек, бирор хусусий корхонанинг эгаси ҳам агар ишчилари келишилган иш вақтида ишда бўлмаса ёки кеч келса, унинг иш ҳаққидан олиб қолади. Буни икки тараф ҳам эътироф этади. Лекин катта олий даргоҳларда, мактаб-боғчаларда, корхона-фабрикаларда, тиббиёт муассасаларида ҳафтасига маълум соатга, ҳар бир соати учун маълум миқдордаги пулга келишиб ишлаётган ҳеч бир одам кеч қолган дақиқалари, эртароқ чиқиб кетган кунлари учун ойлик олаётганда «Бу менинг ҳаққим эмас, ишлаган соатим ойлигимдан камроқ эди», деб айтмайди. Қани айтинг-чи, ишчиларнинг келмаган соатлари, кеч келиб, эрта кетган кунлари учун ҳақ олиши ҳалолми? Бундай десангиз, устингиздан кулишади. Лекин, аслида бу топилган даромад ҳалол эмас, балки сутга тушган қумалоқдир.
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳалол ризқ талаб қилиш иккинчи даражадаги фарздир» деган ҳадиси шарифларидан ҳалол ризқ талаб қилиш ибодат эканини, у баракага сабаб бўлишини  билиб олдик.
УШБУ ҲАДИСДА  ЯНА РИЗҚ ТАЛАБ ҚИЛИШНИНГ ДАРАЖАСИ ҲАМ БАЁН ҚИЛИНГАН
Ризқ талабида бўлиш фарз, лекин у инсоннинг аслий мақсади эмас, балки бир заруратдир. Шунингдек, инсонга ризқ талабида бўлишга ижозат берилган, ҳатто бу нарсага тарғиб этилган ва таъкидланган ҳамдир. Лекин инсон ҳаётининг асл мақсади эса Аллоҳ таолога бандаликдир, У билан боғланиш ва Унинг розилигини топишдир. Шунинг учун ризқ талаб қиламан деб, Аллоҳнинг ибодатини тарк қилиш жоиз эмас ва биринчи даражали ибодатлар билан ризқ талаби тўқнаш келганида, биринчи даражадаги фарзларни муқаддам қўймоқ керак. Баъзи кишилар ҳалол ризқ талабининг ибодат эканини билганларидан сўнг ифрот ва тафритга (ҳаддан ошиш ёки нуқсонга йўл қўйиш) йўл қўйишади ва уларга намоз, рўза ҳақида гапирилса, «Биз ҳам ибодатдамиз, бизнинг қилаётган ишимиз ҳам улкан ибодат», дейишади. Тўғри, у ҳам ибодат, лекин иккинчи даражадаги ибодат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳалол ризқ талаб қилиш фарздан кейинги даражадаги фарздир», демоқдалар.
ТЕМИРЧИНИНГ ҚИССАСИ
Дадам Муҳаммад Шафеъ Усмонийнинг бир ҳикояси бор эди. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи етук фақиҳ, муҳаддис ва Аллоҳнинг дўсти эди. Аллоҳ таоло у кишига баланд мартаба ато қилган эди. Вафот топганида бир киши тушида у зотни кўрди ва: «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўради. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи «Аллоҳ таоло мени мағфират қилди, фазлига олиб, улкан марҳамат кўрсатди, лекин менга уйимнинг рўпарасидаги темирчига берилган мақом насиб бўлмади», деди. Киши уйқудан уйғонди, дилида темирчининг кимлиги ва қандай қилиб Абдуллоҳ ибн Муборакка берилмаган нарса унга берилганлигини ўйлаб қолди ва Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг маҳалласига борди. Суриштириб кўрса, ҳақиқатда у кишининг уйининг рўпарасида бир темирчи бўлиб, у ҳам вафот топган экан. Бориб, темирчининг хотинидан: «Эрингиз нима қилар эди?» деб сўради ва тушида кўрганларини айтиб берди. Аёл: «Эрим темирчи эди, кун бўйи ишлар, кечаси эса ухларди. Кечаси Абдуллоҳ ибн Муборакнинг таҳажжуд ўқишига  ҳаваси келиб, ҳасрат қилиб, «Биз ҳам кенгчиликда бўлганимизда, мен ҳам туни билан таҳажжуд ўқир эдим», дер эди. Иккинчиси – у ишлаётганида қулоғига азон товуши кирса, мабодо болғасини тепага кўтарган бўлса, шуни уриб қўяйин, демасди. Ўша заҳоти болғасини пастга туширар ва «Азонни эшитганимдан кейин менга болғани ушлаб туриш ярашмайди», дер эди ва масжига қараб кетар эди», деди. Туш кўрган киши: «Абдуллоҳ ибн Муборакдан ҳам мартабасининг юқори бўлишига шу нарса сабаб бўлган экан», деди. Эътибор беринг, темирчи ҳам ҳалол ризқ талабида эди. Азон эшитилиб, биринчи даражадаги фарз билан иккинчи даражадаги фарз тўқнаш келган эди, биринчи даражадагисини устун қўйди ва Аллоҳ буюк муҳаддисларга бермаган мақомга эришди.
НИҲОЯТДА КЕНГ ҚАМРОВЛИ ДУО
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ризқ талабига тарғиб қилар эканлар, шу билан бирга бу нарса бизнинг ҳаётимизнинг аслий мақсади, рағбатимизнинг интиҳоси бўлмаслиги кераклигни ҳам ўргатдилар.
من دعاء الرسول صلي الله عليه وسلم: "اللهم لا تجعل الدنيا أكبر هَمِّنَا، ولا مبلغ علمنا ولا غاية رغبتنا" رواه الترمذي .

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дуоларида: «Аллоҳим, дунёни ташвишимизнинг энг каттаси, илмимизнинг етиб борган жойи ва рағбатимизнинг барчаси қилиб қўймагин!» дедилар».
Хулоса қиладиган бўлсак, бу ҳадисдан уч нарса маълум бўлади.
1.    Ҳалол ризқ талаб қилиш диннинг бир бўлагидир.
2.    Талабимиз ҳалолдан бўлсин ва ҳаромдан сақланайлик.
3.    Ризқ талаб қилишнинг ўрнини билайлик. У олий мақсадимиз бўлиб қолмасин.




Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солиш
Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун давоми...
9 йил аввал 26775 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пломба
САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган экан. Илтимос, давоми...
7 йил аввал 14727 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳайз пайтида жинсий яқинлик
САВОЛ: Уйланганман, турмуш ўртоғим сафарга чиқиб, бир неча кундан кейин келди. Қайтиб келган куни тунда яқинликни таклиф қилган эдим, ҳайз кўрганлигини айтиб рад қилди. Мен ҳам бунга рози бўлиб ухлаб қолдим. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараши
САВОЛ: Халқда эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараб бўлмай, бошқаларни ҳам унга кўзи тушмаслиги керак, шу ҳолда ҳовлига чиқса юзини ёпиб чиқиши даркор, деган гаплар бор. Аслида қандай? ЖАВОБ: жунуб кишига давоми...
7 йил аввал 21562 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сажда оятини эшитиб кетиш
Савол: Автобусда кетаётганда Қуръон ўқиб кетаман. Кўп ҳолларда эса телефон наушниги орқали эшитиб кетаман. Шунда сажда оятлари чиқади. Уни ўқиганда сажда қилишим лозимми? Бир неча марта ўқисам ёки эшитсамчи? Агар давоми...
9 йил аввал 13238 Ҳамидуллоҳ Беруний