Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Бўлиимда 136 мақола бор
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

Таваллуд санаси: 21.07.1371/15.04.1952.

Таваллуд ери: Ўзбекистон Республикаси, Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи.

Миллати: ўзбек.

Дини: Ислом.

Ақидавий мазҳаби: Аҳли сунна ва жамоа, мотуридия.

Фиқҳий мазҳаби: ҳанафия.

Тасаввуфий мазҳаби: нақшбандия.

Шиори: «Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва Суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини таратиш. Диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат хурофотларни йўқотиш».

Мутахассислиги: даъват, тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, ақида, тасаввуф, араб тили.

Истиқомат қилган юртлари:  Ўзбекистон Республикаси (Андижон вилояти, Асака тумани, Ниёзботир қишлоғи; Марҳамат тумани Қорақўрғон қишлоғи, Булоқбоши тумани; Бухоро; Тошкент), Ливия жамоҳирияси, Туркия, Саудия Арабистони.

Иш-вазифалари: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси, мудир ноиби ва мудири, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати.

Вафоти: 05.05.1636/10.03.2015, Тошкент.

Дафнгоҳи: Тошкент, Кўкча, Шайх Зайнуддин қабристони.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Етук аллома, мужаддид, муфассир, муҳаддис, фақиҳ, мутафаккир, муршид, зоҳид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз замонасида ислом оламининг йирик намояндаси, улкан арбоб, СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси, кўплаб халқаро илмий муассасалар, диний ташкилотларнинг аъзоси, ўзбекзабон халқларнинг диний раҳнамоси бўлган.


Насаб ва таваллуди;
Ёшлик даври;
Талабалик даври;
Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари;
Илмий фаолияти;
Устозлари;
Шогирдлари;
Олган ижозалари;
Берган ижозалари;
Асарлари;
Ташқи сифатлари;
Маънавий сифатлари;
Ажойиботлари;
Шаҳодат ва ёрлиқлари;
Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари;
Оиласи;
Вафоти;
Башоратлар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида олимларнинг фикрлари;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга билдирилган танқидлар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафотида билдирилган таъзиялардан намуналар;
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга атаб ёзилган марсиялардан намуналар.


Насаб ва таваллуди:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг насаби қуйидагича:

1. Маралбой;

2. Мирзабой;

3. Араббой;

4. Қаламбой;

5. Эшбўта;

6. Қўшбўта;

7. Бойбўта;

8. Муҳаммад Юсуф;

9. Муҳаммад Содиқ.

Шайх Муҳаммад Содиқ ҳижрий 1371 йил 21-ражаб – мелодий 1952 йил 15-апрел куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топди. 1960 йили Муҳаммад Юсуф домла диний хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига имом бўлиб сайлангач, бу оила мазкур туманга кўчиб ўтди. Муҳаммад Юсуф домла мазкур Булоқбоши туманида 45 йил имом-хатиблик қилган ва ўз масжидида жума олдидаги мавъиза асносида вафот этган.


Ёшлик даври:

Аллоҳ раҳмат қилсин, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ихлос ва тақво хонадонида дунёга келди. Отаси устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлган. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эди. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандларининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Онаси чақалоқни имкон қадар бетаҳорат эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратганди. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берарди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илк устози отаси бўлган. У бошланғич диний таълимни отасидан олди. Қуръони Карим, сарф, наҳв каби бошланғич илмларни отасида ўқиди. Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. У илмга, китобга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. Унинг китобдан ортган вақти бўлмаган. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди.

Шунингдек, Муҳаммад Юсуф домла ҳам кўплаб аҳли илмларнинг хизматини қилиб, фарзанди аржумандининг ҳаққига жуда кўп дуолар оларди.


Талабалик даври:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1969 йили Булоқбоши қишлоғидаги ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирди. У пайтда мадрасадаги ўқиш 7 йиллик бўлган. Шайх Муҳаммад Содиқни ўша кунгача ҳосил қилган билими асосида бир йўла 5-босқичга олишди. Натижада у мадрасани 3 йилда тамомлади. Уни дарсда, илмда илғорлигидан мадарасадаги талабалар «пешқадам» деб аташарди.

Муҳаммад Юсуф домла ҳам фарзандининг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлини бошқалар орақали махсус кузатиб борди. Шайх Муҳаммад Содиқ 1973 йили мадрасадан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти (Олий Маъҳад)га ўқишга кирди. Қабул имтиҳонидан юқори баҳоларда ўтган Муҳаммад Содиқ институтга ҳам бир йўла 3-босқичга қабул қилинди ва уни ҳам 2 йилда аъло баҳоларга битирди.

У иснтитут барномасидан ташқари махсус устозлардан алоҳида дарс ҳам оларди. Иснтитутнинг энг илғор талабаси сифатида танилганди. У нафақат ҳордиқ кунларини, балки 10 дақиқалик танаффусни ҳам, азон билан такбир орасидаги қисқа вақтни ҳам китоб мутолааси билан банд қиларди.

У 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлади. 

1976 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг йўлланмаси билан Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номли дорулфунунга ўқишга кирди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Ливияда бутун дунёдан келган талабалар орасида ҳам энг тиришқоқ ва энг итеъдодли талаба сифатида намоён бўлди. У олийгоҳ дарсларига бир соат ҳам қўймай қатнашарди ва унга дарсларни тайёрлашда ҳамда имтиҳонларни юқори даражада топширишга шунинг ўзи етарди. У олийгоҳ барномасидан ташқари ўша ердаги устозлардан алоҳида дарслар ҳам олди, мустақил мутолаа билан ҳам шуғулланди. Ўша пайтларда у дарсдан ташқари турли мавзудаги китоблардан ҳар куни 100 саҳифа ўқишни ўзига вазифа қилиб олганди.

У 1980 йили Ливия олийгоҳини энг юқори балл билан имтиёзли тамомлаб, талабалар орасида биринчиликни қўлга киритди ва доруфунун тарафидан моддий маблағ билан мукофотланди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг талабалик паллалари мазкур йилларда ўтган бўлса-да, у илм талабини умрининг сўнгги онларигача тарк қилмади. У киши ишлари, машғулотлари ниҳоятда кўп бўлишига қарамай, илмий баҳслари, таълифларидан ташқари мустақил мутолаани ҳам умрининг охиригача тўхтатмади. Шунинг учун ҳам умри мобайнида қилган юзлаб сафарларида фақат китоб олиб келарди ва ўзи учун янги бўлган ҳар қандай китобни ўқиб тамомларди.


Ишлаган вазифалари, бажарган ишлари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1980 йилда ўқишни тамомлаб, Ливиядан Ўзбекистонга қайтиб келгач, қуйидаги вазифа ва лавозимларда фаолият юритди.

1981 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси: 

1982 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректор муовини;

1984 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори вазифаларида ишлади.

У институтда 1981 – 1989 йиллар мобайнида тафсир, ҳадис, улуми Қуръон, ақида фанларидан дарс берди.

У ушбу Ислом институти барномасига талайгина ижобий янгиликлар киритди, бир қанча исломий фанлар ва қўлланмаларни илк жорий қилди. Масалан, «Қуръон илмлари», «улумул-ҳадис», ақида фанларини ҳамда ҳадис ва тафсир фанларидан Роваиъул-баян, Манҳалул-ҳадис каби бир қанча қўлланмаларни Олий Маъаҳадга у олиб кирган эди.

1989 йили 6 февралда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси муфтийси бўлди;

1989 йил декабр ойида СССР Олий Кенгашининг халқ депутати этиб сайланди;

1993 йил июн ойида муфтийлик лавозимидан истеъфога чиқди.

У ўзининг муфтийлик даврида мусулмонлар учун улкан хизматларни бажарди. У Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ҳамда СССР Олий Кенгашининг халқ депутати сифатида СССР ҳукуматидан мусулмонларнинг кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқди ва мақсадга эришди. Мусулмонлар учун минглаб масжид-мадрасалар очилишида улкан ташаббус кўрсатди. СССР ҳудудидаги мусулмонлар учун асрий орзуси бўлган муборак Ҳаж сафарининг очилишига сабаб бўлди. Катта сондаги мусулмонларнинг ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиб келишларига рухсат олди. У кишнинг  муфтийлик даврида биринчи марта 1990 йилда Юртдан борган ҳожилар Саудия Арабистони ҳукумати тарафидан «Подшоҳнинг меҳмонлари» сифатида қабул қилиндилар, алоҳида эътибор, меҳмоннавозликка мушарраф бўлдилар ва бу ҳолат 1993 йилгача давом этди.


Устозлари: 

Бухорода Шаҳобиддин қори акадан қироатдан, Мухторжон домлада Алфиядан, шунингдек, Усмонжон домла, Қосимжон домла, Абдуллатиф домла каби йирик олимлардан мадраса барномасидан ташқари алоҳида дарслар олди. Тошкентда ҳам институт дарсларидан ортиб Исмоил махдум, Юсуфхон Шокиров каби олимлардан дарс олди. Ливияда ўқиган кезлари ҳам олийгоҳ дарсларидан ташқари ўша ердаги олимлардан алоҳида илм таҳсил қилди. Кейинчалик машҳур Муҳамад ибн Алавий Моликий, Абу Ҳасан Надавий, Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис Араконий каби Ислом олами намояндаларидан турли соҳалардан илм ва ижозалар олди.


Шогирдлари: 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида 1981 – 1989 йиллар орасида мударрислик қилди ва бир қанча фанлардан дарс берди. Ўша йилларда институтда ўқиган барча талабалар унинг шогирди бўлган. Масалан, Кавказ бош муфтийси Исмоил Бердиев, Россия муфтийси Равил Айниддин, Чеченистон муфтийси ва илк президенти Аҳмад Қодиров, доғистонлик имом Муҳаммад Расул, озарбайжонлик олим Мулкадор каби кўзга кўринган дин арбоблари ҳам унга шогирд бўлишган. Ундан ташқари Ливияда Анвар Аҳмад, Хайруллоҳ Ҳабибуллоҳ, Муҳаммад Умар, Муҳаммад Қурбон, Ризққулбек каби бир қанча ўзбек талабаларга ҳам алоҳида устозлик қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ 2001 йилда Ўзбекистонга қайтиб келгач, мамлакатдаги кўплаб илм аҳллари унинг атрофига тўпланишди. Уларнинг аксарлари унга шогирд бўлди.


Олган ижозалари:

1.    Солиҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Идрис ал-Араконий ал-Маккийнинг ижозаси. Унда шундай дейилади: «У (яъни санад) Исломнинг хоссаларидандир. Исломда ҳам аҳли суннанинг хоссасидир. Бинобарин, Шайх Муҳаммад Содиқ ибн Шайх Муҳаммад Юсуф олийҳимматлик билан мендан ҳадиси шариф ва бошқа соҳаларда ижоза сўради. Мен шундай дейман: «Мазкурга – Аллоҳ бизга ҳам, унга ҳам ажрларни ошириб берсин – барча марвиётларим, санадларим, сабтларим, ижозаларим ҳамда 150 дан ортиқ асарларимда умумий-мутлақ ижоза бердим, худди турли юртлардан юздан ортиқ шайх менга ижоза берганидек. Бу эса ҳадис ва асар аҳлининг наздида эътиборли бўлган шарт асосидадир». 

2.    Ҳадис китоблари бўйича Имом Ҳофиз Ибн Ҳажарга етиб борадиган муҳаддислар силсиласига уланган Абу Ҳасан Надавийнинг ижозаси. 

3.    Имом Абу Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ан-Насафий ал-Ҳанафийнинг «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» асари бўйича Абу Бакр ибн Аҳмад ал-Малийборийдан муаллифгача боғланган ижоза.

Берган ижозалари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф минтақада унутилаёзган бир анъанани – исломий-илмий асарлардан ижоза беришни қайта жонлантирди. У Имом Абу Баракот Насафийнинг «Мадарикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» номли машҳур тафсиридан, Имом Бухорийнинг оламга машҳур, Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли китоб дея эътироф этилган «Ал-Жамиъус-соҳиҳ» асаридан бир қанча шогирдларига ижоза берди.


Илмий фаолияти:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг илк мақолалари 1975 йили «Совет шарқи мусулмонлари» нашриётида ишлаган кезлари нашр қилина бошлаган.

1991 – 1993 йиллари «Тафсири Ҳилол» номли Қуръони Карим тафсирининг 28 – 30-жузлари ҳамда «Поклик иймондандир» китоби, 1992 йили «Иймон» ва «Шоядки тақводор бўлсак», 1997 йили «Ислом мусаффолиги йўлида» асарлари чоп қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1993 – 2001 йиллар орасида Юрт ташқарисида бўлди. Дастлабки бир ярим йил Маккаи Мукаррамада, 1994 йил ноябридан 2001 йилгача Ливияда истиқомат қилди. Бу саналар Шайх Муҳаммад Содиқ учун улкан ижодий ютуқларга бой бўлди. Қуръони Карим тафсирига бағишланган йирик 6 жилддан иборат Тафсири Ҳилол, ҳадиси шариф шарҳига бағишланган 39 жилддан ташкил топган Ҳадис ва Ҳаёт асарларини айни ўша йилларда таълиф қилди. У «Тафсири Ҳилол» китобининг қолган 27 жузини Қуръони Карим илк нозил бўлган Маккаи Мукаррамада, Ҳарам олдида таълиф этди. Ҳадис ва ҳаёт асарини эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаларида, у зотнинг изнлари билан бошлади ва қолган қисмини Ливияда ёзиб тугатди. Ундан ташқари, кўплаб давлатларда бўлган халқаро кофиренсаларда, илмий анжуманларда фаол иштирок этди, Ислом оламининг кўплаб олимлари билан ижодий мулоқотлар, учрашувлар ўтказди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 2001 йили Ўзбекистонга қайтиб келди. Ўзбекистонликлар Шайхни жуда катта қувонч билан кутиб олишди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўз юртида 2001 – 2015 йиллар орасида кенг миқёсда илмий фаолият олиб борди. Кўплаб китоблар, овозли ҳамда тасвирли ёзувларда илмий суҳбатлар, мавъизалар, туркум дарслар, маърака-йиғинлардаги маърузалари, халқаро интернет саҳифасидаги 25000 дан ортиқ турли мавзулардаги савол-жавоблари билан халқнинг диний саводи ошишига, кишиларнинг соф Исломни англашига улкан ҳисса қўшди. Унинг илмий асарлари сабабли халқ орасидаги кўплаб ихтилоф ва тортишувлар барҳам топди, ҳанафий мазҳаби мустаҳкамланди, хатарли фитналарнинг олди олинди, қанчадан-қанча адашган инсонлар тўғри йўлни тута бошлади, мусулмончиликдан бехабар одамлар ўз мусулмончилигига қайтди, эл орасида тинч-тотувлик, дўстлик руҳи таралди.

Унинг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага илк бор асос солинди. Ушбу islom.uz сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Islom.uz портали асосида турли йўналишлардаги йигирмадан ортиқ мустақил саҳифа яратилиб, уларнинг ҳар бири ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди. У тўққизта ҳадис тўплами таржимасидан иборат «Олтин Силсила» ҳамда катта «Ислом қомуси» лойиҳалари асосчисидир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мазкур фаолиятлари билан Марказий Осиёда илмий уйғониш ясади. Унинг асарлари, суҳбатлари кўплаб илм аҳлига илҳом бахш этди. У ўз асарларининг бошида берадиган юқорида кўрсатилган шиорига ҳар доим амал қилди. У соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солди. Юзлаб шогирдларни тарбиялади. Унга ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон-саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. Унинг ташаббуси билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Шунингдек, унинг асарлари уйғур, қирғиз, қозоқ, қорақалпоқ каби бир мунча қардош тилларга ҳам таржима қилинган ва қилинмоқда. Марказий Осиёда бунчалик сермаҳсул, унумли ва таъсирли ижод қилган олимни ўтган икки-уч аср ичида ҳам топиш мушкул.


Асарлари:

Ёзма асарлар:

1.    Қуръони Карим маъно таржимаси.

2.    Тафсири Ҳилол. Қуръони Карим тафсирига бағишланган, йирик олти жилддан иборат;

3.    Ҳадис ва Ҳаёт. Мансур Алий Носиф Ҳусайнийнинг Исломнинг асосий мавзулари бўйича жамланган ҳадислар тўплами бўлмиш «Ат-тажул-жамиъ лил-усул фи аҳадисир-росул» асарининг таржима ва шарҳи. Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт» мажмуаси 37 жилддан иборат 39 жузли йирик силсила бўлган. Улар қуйидагилардир:

1-жуз Муқаддима;

2-жуз Ислом ва Иймон китоби;

3-жуз Ният, Ихлос ва Илм китоби;

4-жуз Поклик китоби;

5-жуз Намоз китоби-1;

6-жуз Намоз китоби-2;

7-жуз Намоз китоби-3;

8-жуз Закот китоби;

9-жуз Рўза китоби;

10-жуз Ҳаж ва Умра китоби;

11-жуз Савдо, Зироат ва Вақф китоби;

12-жуз Фароиз ва Васият китоби;

13-жуз Никоҳ, Талоқ ва Идда китоби;

14/15-жузлар Қасамлар, назрлар ва ов китоби;

16/17-жузлар Таом, шароб ва либос китоби;

18-жуз Тиб ва Дам китоби;

19-жуз Оламларга рахмат пайғамбар;

20-жуз Анбиёлар қиссаси;

21-жуз Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо;

22-жуз Усмон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо;

23-жуз Жаннат башорат берилганлар ва аҳли байт;

24-жуз Пешқадамлар розияллоҳу анҳум;

25-жуз Нубувват хонадони хонимлари;

26-жуз Ансорлар розияллоҳу анҳум;

27-жуз Ахёрлар ва Диёрлар фазли;

28-жуз Тафсир китоби;

29-жуз Тафсир, Туш ва Масаллар китоби;

30-жуз Қуръон фазилатлари китоби;

31-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;

32-жуз Фитналар ва Қиёмат аломатлари  китоби;

33-жуз Сияр ва Мағозийлар китоби;

34-жуз Яхшилик ва Ахлоқ китоби;

35-жуз Дуолар, Зикрлар, Истиғфор ва Тавба;

36-жуз Зуҳд ва Рақоиқлар китоби;

37-жуз Адаб китоби;

38-жуз Ҳадлар китоби;

39-жуз Амирлик ва Қозилик аломатлари;


4.    Сунний ақидалар;

5.    Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхиси; 

6.    Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар;

7.    Усулул-фиқҳ;

8.    Кифоя (Убайдуллоҳ ибн Масъуд Ҳанафийнинг «Ан-нуқоя фи мухтасарил-виқоя» асарининг таржима ва шарҳи);

9.    Фиқҳий йўналишлар ва китоблар;

10.    Мазҳаблар – бирлик рамзи;

11.    Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар;

12.    Қуръон илмлари; 

13.    Мусталаҳул-ҳадис;

14.    Тасаввуф ҳақида тасаввур;

15.    Руҳий тарбия: 1-жилд «покланиш», 2-жилд «тикланиш», 3-жилд «хулқланиш»;

16.    Хислатли ҳикматлар (Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг «Ҳикам»ига ёзилган шарҳ), 5 жилд;

17.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам; (таржима)

18.    Зикр аҳлидан сўранг (савол-жавоблар тўплами), 4 жилд;

19.    Одоблар хазийнаси (Имом Бухорийнинг «Ал-дабул-муфрад» асарининг таржима ва шарҳи), 4 жилд;

20.    Яхшилик ва силаи раҳм (Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазийнинг «Китабул-бирри вас-сила» асарининг таржима ва шарҳи);

21.    Исломнинг мадори бўлган ҳадислар рукни (кичик 4 жилд);

22.    Иймон;

23.    Исломда инсон ҳуқуқлари;

24.    Исломда экология;

25.    Васатия – ҳаёт йўли;

26.    Мукаммал саодат йўли;

27.    Оила фароғат қасри; 

28.    Бахтиёр оила;

29.    Ижтимоий одоблар; 

30.    Ислом – соф табиат дини;

31.    Дин насиҳатдир;

32.    Бозор ва унга боғлиқ масалалар;

33.    Қарз ва унга боғлиқ масалалар;

34.    Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва  ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати;

35.    Ёлғон; 

36.    Исроф;

37.    Шоядки тақводор бўлсак;

38.    Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида); 

39.    Рамазонни қаршилаб;

40.    Ҳидоят имоми - Имом Абу Мансур Мотуридий;

41.    Самарқанднинг сара уламолари; 

42.    Очиқ хат; 

43.    Кексаларни эъзозлаш;

44.    Соғлом бола;


Рус тилидаги китоблари:

1.    Ийман, Ислам, Куръан; 

2.    Суннитские вероубеждения

3.    Васатыя – путь жизни; 

4.    Истина о сути гадания, колдовства, изгнания джиннов и нетрадиционных методов лечения;

5.     Разногласия: причины и решения

6.    Тафсири Хилал 30-джуз; 

7.    Тафсири Хилал 1 и 2-том;

8.     Хадисы и Жизнь: 1-том «Введение», 2-том «Ислам и Ийман», 3-том «Намерение, ихлас и знание», 4-том «Чистота», 18-том «Исцеления и рукйа», 19-том «Пророк, явившийся мирам милостью».

Тасвирли ёзувлар:

1.    Ижтимоий одоблар: 2012 йил Рамазон суҳбатлари (7 та диск) 

2.    Рамазон туҳфаси: 2013 йил Рамазон суҳбатлари (6 та диск);

3.    Алоҳнинг зикри ила қалблар ором топур: 2014 йил Рамазон суҳбатлари (5 та диск);

4.    Бахтиёр оила (2та диск);

5.    Ибратли дунё;

6.    Одоблар бўстони (2 та диск);

7.    Зикр аҳлидан сўранг (2 та диск);

8.    Ҳикматли дунё (5 та диск);

9.    Руҳий тарбия: 1-Муқаддима, 2-Ҳусни хулқ, 3-Илм;

10.    Руҳий тарбия: 4-Қалбни тозалаш, 5-Намоз, 6-Закот;

11.    Руҳий тарбия: 7-Рўза, 8-Ҳаж;

12.    Руҳий тарбия: 9-Қуръон тиловати, 10-Зикр, 11-Кун тартиби (1)

13.    Руҳий тарбия: 12-Кун тартиби (2), 13-Тафаккур;

14.    Руҳий тарбия: 14-Муробата, 15-Нафс поклиги, 16-Ҳусни хулқ (1);

15.    Руҳий тарбия: 17-Ҳусни хулқ (2), 18-Тил офатлари;

16.    Руҳий тарбия: 19-Ёлғон, 20-Ғийбат, 21-Чақимчилик;

17.    Руҳий тарбия: 22-Маддоҳлик, 23-Куфр;

18.    Руҳий тарбия: 24-Ширк, 25-Фосиқлик, 26-Бидъат;

19.    Руҳий тарбия: 27-Риё, 28-Ҳасад;


Овозли ёзувлар: 

1.    Қуръони Карим маънолари таржимаси (6 та диск);

2.    Тафсири Ҳилол: 23 – 30-жузлар;

3.    Ҳадис ва ҳаёт: 2 – 21, 23 – 27, 30, 34 – 36-жузлар.

4.    Руҳий тарбия: 1 – 88-мавзулар (3 та диск);

5.    Ҳикматли дунё (8 та диск);

6.    Ҳадис сабоқлари (2 та диск);

7.    Сунний ақийдалар;

8.    Иймон;

9.    Ҳаж китоби; 

10.    Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар;

11.    Яхшилик ва силаи раҳм китоби;

12.    Ал-адабул-муфрад: 1 – 3 жилдлар; 

13.    Мукаммал саодат йўли;

14.    Васатия;

15.    Бахтиёр оила;

16.    Қуръон илмлари;

17.    Зикр аҳлидан сўранг, 1 – 3-қисмлар.


Булардан ташқари, Шайх Муҳаммад Содиқ Муаммад Юсуф эл-юрт бўйлаб кўплаб йиғинлар, турли тадбирларда иштирок этарди. Уларда ҳам илмий-маърифий суҳбатлар, исломий даъватлар олиб борган. Бундай иштирокларининг сон-саноғи йўқ. Масжидларда Рамазон ойида махсус суҳбатлар уюштириб, уларда алоҳида рукн асосида илмий мавъизалар қилган.


Ташқи кўриниши:

Шайх Муҳаммад Содиқ бўйчан, барваста, қомати тик, келишган, бақувват, кўркам киши эди. Қизғиш оқ рангли, соч-соқоли ўзига ярашган, тишлари текис, қошлари қалин, юзлари нурли, нигоҳи ўйчан, ҳайбатли, ўзи ниҳоятда виқор ва маҳобатли, баркамол инсон эди. Соч-соқолини ортиқча ўстирмасди. Танаси соғлом, кучли, чиниққан, одимлари дадил ва енгил, юришлари салобатли, руҳи доим тетик, юраги бақувват эди. Нима кийим кийса ярашарди, балки либос унинг эгнида кўркамлашиб кетарди. Овози маҳобатли, залворли, нутқи чиройли, дона-дона, тафаккури теран эди. Ўз фикрини тингловчига гўзал ва содда етказиб бера оларди. Мавъизалари тушунарли, пурмаъно, тингловчини ром қиладиган, эшитиб тўймайдиган бўларди. Ўта мураккаб фикрларни оддий инсон тушунадиган сўзлар билан ифодалай оларди.

Шайх ўз саломатлигига яхши эътибор қаратарди, мунтазам жисмоний тарбия билан шуғулланар, емоқ-ичмоғининг фойдали ва тартибли бўлишига аҳамият берарди. Вақти-вақти билан сиҳҳатгоҳ муолажаларини олиб тутарди.


Маънавий сифатлари:

Шайх Муҳаммад Содиқнинг ташқи суврати қандай кўркам бўлса, ички олами яна-да гўзал эди. У киши юраги тоза, кўнгли кенг, хушхулқ, адолатпарвар, ҳақгўй, бағоят самиймий, ниҳоятда холис, қалби салим, руҳан улуғвор, пок ниятли инсон эди. Ўзига ёки оила аъзоларига яхшилик қилганларни ҳар доим қадрлар, яхшиликларига яраша уларга мурувват кўрсатарди. Бирор инсонга ёмонликни раво кўрмасди. Оилапарвар, болажон, ватанпарвар, халқпарвар, олийжаноб инсон эди. У киши покизаликни, тартиб-интизомни, гўзалликни яхши кўрарди. Ҳеч кимга нисбатан адоват қилмас, ҳеч ким билан душманлашмас эди. Ўзига нисбатан қилинган хатокорликларни ҳам кечириб юборарди. Доим буюк ишларнинг пайида бўларди. Майдакашликни ёқтирмасди, ғийбат-иғвога мутлақо қарши эди. Ўзининг хайрли ишларини, ҳар қанча салмоқли бўлмасин, буюк санамас, барчасини ёлғиз Аллоҳдан кўрарди. Ўзгаларнинг хайрли ишларини жуда ҳам олқишлар, уларнинг муваффақиятларидан беҳад қувонарди. Ҳар бир сўзи, ҳар бир иши илм асосида бўларди. Қуръону Сунатга имкон қадар тўла амал қиларди. Мазҳабга доим риоя қиларди. Исломга, илмга хиёнатни ҳеч қачон ёқламасди. Нимани ёзган, нимани айтган бўлса, аввало ўзи унга амал қиларди. Дунё матоҳини умуман эътиборга олмасди. Дину эл ташвишидан бошқа ғами бўлмасди.

Шайх Муҳаммад Содиқнинг илмга муҳаббати чексиз эди. Унинг учун энг қадрли ва қимматли нарса вақт эди. У талабалик давридан бошлаб ўзи учун кун тартиби ва кундалик вазифаларни тайинлаб олган бўлиб, бу низом «темир қонун» саналарди. У бунга қатъий амал қиларди. Бирор онни беҳудага сарф қилмасди. Шунингдек, ҳар нафасда қалбан зикр ва муроқабада турарди.

Шайх Муҳаммад Содиқ ўзида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшолардек сиёсатдонлик билан оталардек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толибликни жамлаган эди. У киши буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмади, юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлади. Ҳар қандай ҳолатда ўзини йўқотмас забардаст эди. Ҳайбатидан бошқалар унинг олдида ўзини ҳам, сўзини ҳам йўқотиб қўярди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ меҳри дарё инсон эди, кенг бағри ҳаммани ўзига сиғдира оларди. У билан яқиндан мулоқот қилган барча одамлар ўзини унга энг яқин инсон деб ўйларди. Ҳеч кимдан меҳру мурувватини аямас, ҳар кимнинг арзини эшитар, додига қулоқ тутар эди. Ҳатто кишилар ўз дардларини ота-онасидан кўра у кишига арз қилишни кўпроқ исташарди.


Ажойиботлари:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни Аллоҳ таоло бир қанча кароматлар билан сийлаган эди. Аввало у кишининг ёзган ҳар бир асари халқнинг энг долзарб муаммосини ҳал қилувчи илҳом бўларди. Ёзган асари, айтган сўзи мусулмон оммасининг қалбига мақбул тушарди. У кишига берилган замон кенглиги инсонни ҳайратга соларли даражада эди. Ёзган асарлари ва юритган фаолиятларини кузатган инсон уларни вақт қолибига сиғдира олмас эди. Уламолар айтганларидек, кароматларнинг энг буюги Ислом хизмати йўлида берилган кароматдир. Чунки бошқа кароматлар вақтинча бўлиб, дин хизмати учун берилган каромат бардавом, абадий бўлади.

Шунингдек, кўпинча кишиларнинг қалбидаги ўйларни у кишига Аллоҳ аён қилиб қўярди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дуоси ижобат инсон эди. У кишидан дуо олиб, тездан натижа кўрганларнинг сон-саноғи йўқ.


Шаҳодат ва ёрлиқлари:

1.    Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти шаҳодатномаси;

2.    «Исломий даъват куллияси» олийгоҳининг Араб тили ва исломий илмлар бўйича «литсенсиат» шаҳодатномаси, 1980 йил;

3.    Ливия Жамоҳирияси томонидан берилган «Буюк Фотиҳ» медали, 1989;

4.    Миср араб Республикаси тарафидан берилган биринчи даражали «Илм ва Фан» медали, 28.01.1992;

5.    Россия марказий диний идораси – Россия муфтийлари шўро мажлиси томонидан берилган «Ал-фахр» ордени, 01.12.2014.

Аъзо бўлган ташкилот ва муассасалари:

1.    Маккаи Мукаррама шаҳридаги Ислом олами Робитаси тасис мажлиси аъзоси;

2.    Бутун дунё тасаввуф уюшмасининг аъзоси;

3.    Бутун дунё исломий халқлар бошқарувининг бош котибияти аъзоси;

4.    Бутун дунё давъват уюшмаси аъзоси;

5.    Бутун дунё уламолар кенгаши уюшмаси аъзоси;

6.    Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси аъзоси;

7.    Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё матфакир уламолари йиғининг ижроий қўмитаси аъзоси;

8.    Бутун дунё масжидлар уюушмасининг аъзоси;

9.    Иорданиядаги Оли Байт «Исломий тафаккур» қироллик академияси аъзоси.


Оиласи:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1974 йили Исмоил махдум домланинг қизи Фотмахонга уйланди. Ундан бир ўғил, икки қиз кўрди. Улар Исмоилжон Муҳаммад Юсуф, Одинахон Муҳаммад Юсуф, Оминахон Муҳаммад Юсуф. Унинг аҳлу оиласи барчалари илм-маърифат йўлидалар.


Вафоти:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 05.05.1636/10.03.2015 куни шомдан кейин Тошкентда юрак хуружидан вафот этди. Эртаси куни пешинда Кўкча даҳасидаги Шайх Зайнуддин масжидида жанозаси ўқилди. Жанозага мамлакатнинг турли минтақаларидан 200 000 дан ортиқ киши етиб келди. У киши Масжид ёнидаги Шайх Зайнуддин қабристонига дафн этилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг вафоти мусулмон умматига, хусусан, ўзбекзабон мусулмонларга катта мусибат бўлди. Ўша кунларда унинг вафоти халқ орасида ва ижтимоий тармоқлардаги энг улкан ҳодисага айланди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг мусулмонларнинг қалбидан қанчалар буюк ўрин олгани намоён бўлди. Унга атаб марсиялар битилди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг кишиларнинг ихлос-муҳаббатини нақадар қозонганига яна бир далолат шуки, унинг ортидан бутун халқ дуойи хайрлар қилди, кўпчилик ўз ихтиёри билан хатми Қуръонлар, хайру садақалар, турли маросимлар уюштирди. Бир қанча хорижий давлатлардаги мусулмонлар ҳам унинг ҳаққига тиловати Қуръон ҳамда ғойибона жаноза ўқишди. Жанубий Кореяда Кожедодаги янги очилган масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номига қўйилди.

Башоратлар: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик тугади, энди мубашширотлар – хушхабарчи тушлар қолди», деганлар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Шайх Муҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида бир мунча башоратлар ҳам бўлди. Биз улардан мисол келтириш билан кифояланамиз.

З