Нафл намозлари


Нафл намози деб, кишини ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намози га айтилади. Бу намозни Аллоҳ мўъминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади.
Нафл намозлари 2 хил бўлади. 1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан

олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар суннати равотиблар дейилади. 2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат ва бошқа нафл намозлари киради.
Фарз билан бирга ўқиладиган суннатлар.
Булар ҳам ўз ўрнида 2 қисмга бўлинади.
1. Бажаришлик кўп бор таъкидланган суннатлар. Булар суннати муаккадалар, дейилади.
2. Қилиш таъкидланмаган суннатлар.
1.Таъкидланган суннатлар. 1.Бомдод намозининг фарзидан олдинги икки ракаат суннат. 2. Пешин намози фарзидан олдинги тўрт ракаат. Бу бомдоднинг суннатидан кейинги ўринда туради. 3. Пешин намозидан кейин икки ракаат, жума кунлари эса жуманинг фарзидан олдин тўрт ракаат, кейин тўрт ракаат ўқиш таъкидланган суннатдир. 4. Шом намозидан кейин икки ракаат. 5. Хуфтондан кейин ўқиладиган икки ракаат.
Таъкидланмаган суннатлар.
1.Пешиндан кейинги икки ракаатли суннатдан сўнг ўқиладиган икки ракаатли намоз.
2.Асрни фарзидан олдинги тўрт ракаат намоз.
3.Шомдан кейинги олти ракаатли намоз, 2 ракаат суннати муаккада, 4 ракаат мустаҳаб.
4.Хуфтоннинг фарзидан олдинги тўрт ракаат намоз.
Таъкидланмаган суннатларда таъкидланган суннатлардан икки амал ортиқча бўлади.
А)Аввалги ракаатда, қаъдада ташаҳҳуддан кейин саловат ўқилади.
Б)Саловат ўқилгач, учунчи ракаатда турилади, шу ракаат сано дуоси билан бошланади. Фарз намозлари билан ундан кейинги суннатлари орқама-кетин қўшибўқилмай, балки: "Аллоҳумма антас салом ва минкас салом таборакта я зал жалоли вал икром" дуосини ўқиш билан орасини ажратади. Ҳар вақт суннат намозлари ўқиб бўлингач, уч маротаба астағфируллоҳ, деб Аллоҳга тавба қилишлик мустаҳабдир.
Фарз намозларига тобеъ бўлмаган, мустақил суннат намозлар.
Бу турдаги намозлар қуйидагилар.
1.Зуҳо намози. Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб, заволга бир соат қолгунча давом этади. Зуҳо камида 2 ракаат, афзали 4 ракаатдир.
2.”Таҳийятул масжид” намози яъни масжид билан саломлашиш намози. Бу ҳам икки ракаат ўқилади, афзали тўрт ракаат ўқишдир. Бу намозни масжидга киргандаўтирмасдан ўқиш суннатдир.
3.Таҳорат ё ғусл сўнгидан ўқиладиган 2 ракаат намоз.
4.Сафарга чиқаётганда ва ундан қайтганда ўқиладиган икки ракаат намоз.
5.Кечқурунги таҳажжуд намози. Бу камида 2 ракаат, кўпида эса хоҳлаганча ўқилади. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Бу кечанинг иккинчи ярмида ўқилади.
6.Истихора намози. Яъни яхшилик талаб қилиб ўқиладиган намоз. Бу ҳам 2 ракаатўқилади, сўнг дуосини ўқийди.
7.Ҳожат сўраш намози. Бу ҳам 2 ракаат бўлиб, намоздан сўнг, махсус дуоси ўқилади.
8.Таровиҳ намози. Бу йигирма ракаат бўлади. Таровиҳ намози таъкидланган суннатдир. Жамоат бўлиб ўқиш суннати кифоя ҳисобланади. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин ўқишликдир.
9.Ой ёки қуёш тутилганда ўқиладиган намоз. Қуёш тутилганда 2 ёки 4 ракаат ёкўпроқ намоз ўқиш суннатдир. Ой тутилгандаги намоз мустаҳабдир.
10. Ёмғир сўраб ўқиладиган намоз. Бунинг номи истисқодир. Бу намоз учун ўз масканларидан четроққа уч кун орқама-кейин чиқиш мустаҳабдир. Мусулмонлар тавба қилишлари, садақа беришлари, зиммийларни қўшмасликлари шарт.
11.Мутлақ нафллар. Намозхон киши юқоридагилардан ташқари яна ўзи хоҳлаганча нафл намоз ўқиши мумкин.
Нафлларга тегишли ҳукмлар. Кундузги нафлларни тўрт ракаатдан, кечқурунги нафлларни икки ракаатдан ўқишлик суннатдир. Қиёмга қодир бўлмаган киши ўтириб ўқийди. Нафлни охирига етказмай бузган киши қазосини ўқиши вожибдир.
Нафл намозлар макруҳ вақтлар:
1.Субҳ вақтидан то бомдод вақти чиққунча, магар бомдод суннати дурустдир.
2. Бомдод ўқилгандан то қуёш чиққунча.
3. Қуёш чиқиб то бир найза кўтарилгинча. Бу қуёш чиққандан кейин ярим соат вақтдир.
4.Қуёш тиккага келгандан то заволга оққунча.
5. Аср намозидан то шом намозини ўқиб бўлгунча.
6. Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққан вақтда. Имом қандай хутбага чиққан бўлса ҳам.
7. Муаззин фарз намозига такбир айтаётганда.
8. Масжидда ҳайит намозидан олдин ҳам, кейин ҳам нафл макруҳдир.
9. Фарз намозларидан бирининг вақти тор бўлиб қолса.
10. Ҳожати қистаб туриб нафл ўқиш.
11. Хушуъни кетказадиган ҳар қандай иш хозир бўлганда ҳам макруҳ. Масалан: Очга таом олиб келиниши, сув олиб келиниши. Юқоридаги пайтларда намоз ўқиш макруҳи таҳримийдир.
Абу Қатодадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривояти). Бу икки ракатли намоз «таҳийяти масжид» (масжид саломи)намози дейилади.
Абу Қатодадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», деганлар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривояти).Бу икки ракатли намоз «таҳийяти масжид» (масжид саломи) намози дейилади.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабида таҳийяти масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва Ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба ўқиётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийяти масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқиса, ният қилмаса ҳам таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Бордию масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.
Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.
Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади.

ШУРУҚ (ИШРОҚ) НАМОЗИ
Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келишича: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади», деганлар» (АБу Довуд, Термизий ривояти). Термизий лафзида: «Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.
Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз Салотуш Шуруқ - Шуруқ намози ҳам дейилади. “Шуруқ” дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир. 

ЗУҲО (ЧОШГОҲ) НАМОЗИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Бу намоз икки ракатдан саккиз ракатгача бўлади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракат ўқиганлар. Унинг вақти қуёш найза бўйи кўтарилгандан бошлаб то заволга яқин қолгунчадир. Энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

ШУКРИ ВУЗУЪ НАМОЗИ
Одатда таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз шукри вузуъ–таҳоратнинг шукри дейилади. Уқба ибн Омир ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бундай ҳадис бор: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади», дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).

ИСТИХОРА НАМОЗИ
«Истихора» сўзи луғатда хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондан сурани таълим бергандек таълим берар эдилар. У зот: «Қачон бирингиз бир иш қилмоқчи бўлса, фарз намоздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг «Эй бор Худоё, албатта, Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи зотсан. Эй бор Худоё! Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида яхши эканини билсанг (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) уни менга тақдир қилгин, менга осон эт, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш динимда, маошимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил, сўнгра мени унга рози қил» десин ва ҳожатини айтсин», дедилар» (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти).
Ушбу намозни ўқигандан кейин мазкур иш ҳақида ўйламай, Аллоҳ ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса амалга оширади. Бу ҳақда туш кўриши ҳам мумкин. Агар иш бир тарафга ўтмай туриб қолса истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади. Истихора намозининг биринчи ракатида Фотиҳа сурасидан кейин Кофирун сурасини, иккинчи ракатда Ихлос сурасини ўқийди.

ҲОЖАТ НАМОЗИ
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтсин. Сўнгра: «Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).
Имом Ибн Ҳажар бу намозни шанба куни саҳар ўқиб, талаби ҳожат қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким шанба куни эрталаб талаби ҳожат қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати равон бўлишига мен зоминман, деб марҳамат қилганлар, деган. Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
ТАВБА НАМОЗИ
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис эшитсам, Аллоҳ менга ундан Ўзи хоҳлаганича нафъ берадиган одам эдим. У зотнинг саҳобаларидан бири менга ҳадис айтса, мен ундан (гапи тўғрилигига) қасам ичишни талаб қилар эдим. Агар у қасам ичса (гапини) тасдиқ қилар эдим. Албатта, шаън шулки, менга Абу Бакр бир ҳадис айтди. Зотан у содиқдир:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: қайси бир одам гуноҳ қилиб қўйиб, сўнгра туриб, таҳорат қилиб намоз ўқиса, кейин Аллоҳга истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни мағфират қилади», деганларини эшитдим. Сўнгра у зот:
«Улар қачон фаҳш иш қилсалар ёки ўзларига зулм қилсалар, Аллоҳни эсларлар ва гуноҳларига истиғфор айтурлар" оятини қироат қилдилар», деди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Аслида тавба намозсиз ҳам хоҳлаган пайтда бўлиши матлуб. Лекин намоз ила бўлгани кучли ва қабули осондир. Намоз мўминнинг силоҳи, дейилгани ҳам шундан. Мўмин киши намоз ила ҳар қандай қийин нарсага ҳам осонлик билан эриша олади. Ожиз банда гуноҳ иш қилиб қўйса, иймони уни дарҳол тавбага чорлаши зарур. Қилиб қўйган гуноҳининг афсусида қолган мўмин инсон дарҳол таҳорат қилиб тавба намози нияти ила икки ракат намоз ўқиб олишга ўтмоғи лозим. У гуноҳига надомат қилиб, намозида чин қалбдан тавба қилиб, Аллоҳга роз айтиб, иккинчи бу гуноҳни қайта қилмасликка қатъий аҳд қилса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини мағфират қилади.

АВВОБИЙН НАМОЗИ
Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракат бўлади. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:
«Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (25-оят).
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам», дейилган.

ТАҲАЖЖУД НАМОЗИ
Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир. Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил, сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени Мақоми маҳмудда тирилтирса», деган.
Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз “таҳажжуд намози” деб аталади. Шунингдек, бу намоз қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган (Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривояти).


1 йил аввал 17035 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига далил-ҳужжатлар давоми...
1 йил аввал 7981 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан бошқасининг ўртасидаги давоми...
1 йил аввал 1340 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
1 йил аввал 2149 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
1 йил аввал 316 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
1 йил аввал 930 fiqh.uz