13-дарс. 2-фасл. Мулк


 -Таърифи:
Мулк – (арабчада  мулк милк деб ҳам ўқилади)  луғатда нарсани ўраб олиш, ўзиники қилиш ва уни тасарруф этишга қодир бўлиш  демакдир.

Моликийлар истелоҳида айнан ўзига ёки манфаатига қодир бўлишнинг шаръий ҳукми мулкдир. Яъни инсон ўзи ёки ўринбосари нарсанинг айнан ўзидан ёки манфаатидан фойдаланиши демакдир. Манфаатланиш унга эваз олиш билан бўлади[1].
Ёки мулк билан инсон ўртасида боғлиқлик бор яъни мулк инсоннинг хусусий нарсасидир. Инсон уни ишлатиш ёки манфаатидан фойда олиш имкониятига эга бўлади. Уни (қарз бериш, ижарага қўйиш, ҳадя қилиш каби) тасарруф этиб, шахсий мулкида ушбу тасарруфларни бошқа кишилардан ман қила олади.

  Мулкнинг ҳурмати.

Исломда мулк ҳимояланган бўлиб, унга тажовуз қилиш жоиз эмас.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 29-оятида:
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизни молларингизни ботил йўл билан еманглар!”, деб марҳамат қилган.
(Ушбу ояти каримадаги “Ботил йўл билан еманглар” калимасидан фақат емоқлик эмас, балки ботил йўл билан ишлатиш ҳам дуруст эмаслиги тушунилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Бухорий ва Имом Муслим роҳматуллоҳи алайҳимлар ривоят қилган ҳадисда шундай дейдилар: “Албатта қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз (бир-бирингизга) ҳаромдир”.
Яъни ноҳақ бир-бирингизни қонингизни тўкишингиз, молларингизни ишлатишингиз ва обрўларингизни тўкишингиз ҳаромдир.
Икки ҳарам имоми Жувайний айтади:
“Бировнинг молини тортиб олиш моддий ёки маънавий устунлик қилиб олиш, инсонларнинг молига ноҳақ қўл чўзиш (кўз олайтириш) ҳаромлигида шак-шубҳа бўлмаган ишлардандир[2]”.
Ибн Таймия айтади:
“Киши ўз молига боласидан, отасидан ва бошқа барча инсонлардан кўра ҳақлироқдир[3]”.
 Мулк – омонат  ва ўринбосардир.
Дунёдаги барча мулкнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таолодир. (Одамларнинг қўлидаги мулкни У Зот омонат қилиб, вақтинчага ўринбосарликка берган). Бу хусусда Аллоҳ таоло Ҳадид сурасининг 7-оятида эслатади:
“Сизларни ўринбосар қилиб қўйганимиз молдан инфоқ (эҳсон) қилинглар”.
Яна Нур сурасининг 33-оятида шундай дейди:
“Аллоҳнинг сизга берган молидан уларга ҳам беринглар”.
Бу ерда ўзингларни молларингдан беринглар дейилмай, балки Аллоҳ сизларга берган молдан беринглар дейилмоқда.
Замахшарий “Кашшоф”да шундай дейди:
“Сизларнинг қўлингиздаги мол аслида уни йўқдан бор қилган ва яратган Аллоҳнинг молидир. Уни сизларга фойдаланиб туриш учун берган. У Зот уни тасарруф қилишда сизларни ўринбосар қилди. Ҳақиқатда бу моллар сизларники эмас, балки бу ўринда сизларнинг вазифаларингиз вакиллик холос[4]”.
Имом Фахриддин Розий “Тафсирул Кабир”да юқоридаги оятларнинг тафсирда айтади:
“Киши мулкка нисбатан вакил, ноиб ва ўринбосар мақомидадир. Шундоқ экан киши бировнинг молини унинг рухсати билан осонликча тарқатиб юборганга ўхшаш, сизларга ҳам уни нафақа қилиш бемалол бўлиши лозим. Аллоҳ таоло сизларни ўзинглардан олдингиларга ўринбосар қилди. Уларнинг моллари мерос йўли билан сизларга қолди. Ўтганларнинг аҳволларига эътибор қилинглар. Улардан қолган нарса бир кун келиб сизлардан ҳам қолади. Шундай экан мол хусусида бахиллик қилманглар[5]”.
Ибн Қаййим шундай дейди:
“Агар сен бирор кишининг: “Аллоҳнинг вакили деб айтиши дуруст бўладими?”, - десанг: “Йўқ!”, - деб жавоб бераман. Чунки вакил, вакил қилувчидан ноиблик йўли билан унинг ишини тасарруф қилувчи шахсдир. Аллоҳ таоло учун эса, ҳеч қандай ноибга эҳтиёж йўқ ва ҳеч бир зот унинг ўрнига қололмайди. Балки боқийлик фақат У Зотнинг Ўзига тегишлидир.
Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида марҳамат қилганларидек:
“Аллоҳим Сен сафарда соҳибсан, аҳлга ўринбосарсан”.
Лекин шундоқ бўлсада бу маънони мутлақ тушунмаслик керак. Аллоҳ таоло молу-мулкни яратди ва уни бандасига берди. Мулкни муҳофаза қилиш, бошқариш ва тутиб туриш учун бандасини  масъул қилди. Шу эътибор билан молга нисбатан инсон Аллоҳнинг вакили ҳисобланади[6]”.
Ушбу вакиллик (яъни ноиблик, ўринбосарлик) молу-мулкни фақатгина фақирларга бериш маъноси билангина чегараланмайди, балки уни ислоҳ қилиш, айлантириш (ўстириш), обод қилиш ва адолатли тасарруф қилиш ҳам вакиллик вазифаларидандир.
 Мулкнинг турлари.
А) Хусусий мулк;
Б) Умумий мулк;
В) Давлат мулки;
А) Хусусий мулк деб – муайян бир шахс ёки ширкат эгалик қиладиган мулкка айтилади.
Б) Умумий мулк деб – муайян бирор эгаси йўқ, балки ундан фойдаланишда ҳамма инсонлар тенг шерик бўладиган мулкларга айтилади. Анҳорлардаги сувлар, яйловлардаги кўкатлар, ўрмонлардаги дарахтлар ва олов каби мулклар барча мусулмонлар учун умумий вақф ҳисобланиб, ундан фойдаланиш барчага мубоҳдир.
В) Давлат мулки – (олдинлари) байтул мол дейилган бўлса (ҳозирда давлат хазинаси дейилади).
Давлат хазинасига пул, тилла, савдо моллари каби кўчар мулклар ҳам, ерлар каби кўчмас мулклар ҳам киради. Давлат ҳам якка шахс ёки ширкатлар мулкини, ҳам ўз мулкларини манфаатни кўзлаган тарзда тасарруф қилиши мумкин. Аммо давлат ҳам, якка шахслар ҳам умумий мулкни ўз манфаатлари учун сотиш ёки ҳадя қилиш маъноларида тасарруф қила олмайдилар. Балки умумий мулкдан фақат фойдаланиш жоиз холос. Унга чегаралар тортиб, бошқаларнинг манфаат олиш имкониятларини тўсишга давлатнинг ҳам, якка шахсларнинг ҳам ҳақлари йўқ.
(Аммо давлат умумий мулкларни ҳимоя қилишга турли чораларни қўллаши мумкин).
 Умумий мулк билан давлат мулкини ажратиб олишнинг аҳамияти.
Давлат ўз мулкини якка шахс ва ширкатлар қандай тасарруф қилишса шундай тасарруф қила олади. Хоҳласа сотади, хоҳласа сотиб олади, хоҳласа ижарага қўяди яъни хоҳласа ўз мулкининг манфаатидан фойдаланади, хоҳласа сотиш, ҳадя қилиш каби тасарруфларни ҳам амалга оширади. Лекин умумий мулкларни ушбу шаклда тасарруф қилишга ҳеч кимнинг, ҳатто давлатларнинг ҳам ҳаққи йўқ. Агар умумий мулкларда шу каби тасарруф қилинса, денгиз-анҳорлар, чексиз ўрмонлар хусусий мулкка айланиб қолади. Аслида булар табиий бойликлар бўлиб, унга эгалик қилиш жоиз эмас[7].

 Ҳалқаро умумий мулк.

Биз юқорида бир давлат чегарасидаги умумий мулкнинг зикрини қилдик. Энди ушбу умумий мулкнинг бутун дунё давлатлари миқёсида баҳсини юритамиз. Бугунги кунга қадар мулкчилик ва исломий иқтисод олимлари ва боҳислари ушбу масаланинг ечимини орқага ташлаб келишди. Анҳорлар, кўрфазлар ва дарёлар бир давлат чегарасининг ичида бўлса уларга шу давлат тўлиқ эгалик қилади. Аммо денгиз ва анҳорлар бошқа давлатлар билан туташиб кетган бўлса, ҳар бир давлат ўз соҳилидаги сувларга эгалик қилиш ҳаққига эга. Ушбу соҳилга биноан ҳақни собит қилишни  ҳалқаро қонун тили билан “Иқлимий денгизлар” ёки “Туташ минтақалар” дейилади. Аммо соҳилдан узоқда бўлган сувларни “Юқори денгизлар” дейилиб, ўша сувлар умумбашарий мулк ҳисобланади. Яъни фақат соҳили туташган давлатлар учун эмас, балки соҳили денгизларга туташмаган.давлатлар учун ҳам мулк ҳисобланади.
(Мисол учун Ўрта ер денгизининг соҳили бир неча давлатларга туташган. Миср, Ливия, Тунис, Жазоир, Марокаш, Гибралтал, Испания, Италия ва ҳакозолар. Шу каби ҳар бир давлат ўзининг соҳили тарафига эгалик қилади. Соҳилдан денгизни маълум бир масофасигача иқлимий сувларнинг чегарасига далолат қилувчи  белгилар қўйилади. Ҳар бир давлат ўз соҳили томонидан ушбу чегарага эгалик қилиш ҳуқуқига эга. Ундан нариги томони ҳамманинг мулки ҳисобланади. Ҳар бир давлатнинг кемалари ўша томонда сузиб юриши мумкин. Қачонки бирор давлатга кирмоқчи бўлса, иқлимий чегаралардан ўтиш учун рухсат сўрашлиги лозим. Кўпроқ бу чегаралар масаласи денгиздан нефт каби табиий бойликлар чиқиб қолганида ўртага чиқади).
Маълумки ер куррасининг тўртдан уч қисмини сувлар ташкил қилади. Улар давлатлар ўртасини боғлаб турувчи табиий восита ҳисобланади. Шу билан бирга денгиз ва океанлар балиқ ва бошқа турли денгиз ҳайвонлари, маржон, садаф, лаъл, маъданлар ва нефт каби жонли ҳамда жонсиз бойликларнинг асосий манбаси ҳамдир. Бу каби бойликлар денгизнинг сатҳида бўлсин ёки ичида бўлсин ёҳуд қаърида ва ёки қаъридан ковлаб олинадиган бўлсин, барчаси денгиз бойликлари дейилади. Яна денгизнинг усти яъни осмони ҳам шу денгизнинг бойликларига киради. Давлатлар денгизлардан алоқа кабеллари ва нефт қувурлари ўтказишади. Кемалари эса унинг юзасида сузади, денгиз флоти кучлари ҳаракатда бўлади. Ҳавосида учоқлари (самолётлари) учади. Ҳар бир давлат ушбу табиий халқаро манбалардан бошқа давлатларга зарар етказмай фойдаланиши жоиздир. Давлатлар ўзларининг илмий технологик, иқтисодий ва аскарий кучлари жиҳатидан бир-бириларидан фарқ қилганларидек, уларнинг халқаро чегарлари янгиланиб ва эски ҳолида сақланиб ҳам туради. Халқаро табиий манбалардан фойдаланишда ҳам кучлар тенг бўлмаганлиги сабабли давлатларнинг манфаати бугунги кунда бир-бирларидан фарқ қилади. Худди шу нарса давлатлар манфаатларининг ўзаро тўқнаш келиб қолишига омил бўлиб, турли масалаларни келтириб чиқаради. Хусусан энди ўсиб келаётган заиф давлатлар билан саноати ривожланган кучли давлатлар ўртасида келишмовчиликлар юзага чиқади. Янги ўсиб келаётган давлатлар умумий табиий бойликлардан ўз ҳиссаларини доимо талаб қилишади, бизнинг ҳам улардан манфаат олишга ҳаққимиз бор, дейишади. Ўз соҳилларидаги тирик бойликлари, хусусан балиқчилик хомашёларини саноати ривожланган давлатлар томонидан ўзлаштириб олинишидан ҳимоя талаб этишади. Чунки ривожланган давлатлар заиф давлатларнинг чегараларига кириб, уларнинг балиқларини овлаб кетишади. Ваҳоланки камбағал баъзи давлатларнинг ушбу балиқчиликдан ўзга асосий бойликлари йўқ. Агар бу каби кучли давлатлар томонидан қилинаётган талончиликка чек қўйилмаса, заифҳол давлатларнинг асосий бойликлари ҳам тугаб, улар янада ночор аҳволга тушишлари мумкин.
Шу билан бирга ҳар бир давлат манфаатлари, давлатлар ўртасидаги низолар, урф одат ва ўзаро шартномалар асосида бўлади. Лекин учинчи олам давлатлари, улар жумласидан ислом давлатлари илмий-технологик ва аскарий салоҳиятда кучли давлатлар билан мусобақа қилишлари лозимдир. Токи улар ҳам халқаро ҳуқуқларидан фойдаланиб ўз ҳақларини олишга кучлари етсин. Ҳозир дунёда ушбу ҳуқуқларни қўлга киритиш борасида кураш қизиб кетган. Шунинг учун халқаро учуш ва сузишга ҳақиқий ҳуррият кафолати берилиши керак. Яна ов қилиш ҳуррияти ва бошқа ҳурриятлар кафолати берилиб, барча давлатлар ушбу кафолатлардан бирдек фойдаланишни талаб қилишлари лозим. Бугунги кунда халқаро мубоҳ мулклар борасида ким олдин борса ўшаникидир, деган қоидага амал қилинмоқда. Шундай бўлгач тайёргарлиги яхши бўлган, қурол   аслаҳалари ва турли воситалари кучли давлатлар бу борада бошқа заиф давлатларга имкон қолдиришмаяпти.
Давлатлараро мубоҳ манбалар билан бир давлат ичидаги мубоҳ манбалар ўртасида фарқ бор. Бир давлат ичидаги мубоҳ манбаларни бирор шахс ёки ширкат ўзлаштирса, камида унинг закотини ва солиқларини ўтайди. Аммо ҳалқаро манбаларга бирор давлат эга чиқса, ўша ернинг манфаатини бошқа камбағал давлатларга бугунга қадар берилмайди. Баъзан бир қўл билан ёрдам даъвосида бирор нарса берилсада, иккинчи қўл билан ундан кўпроғи суғуриб олинади. Агар ҳийла билан тил бириктириб ва ёки куч ишлатиб ерларни босиб олмаган бўлишса шундай қилишади. Агар мустамлака қилиб олишган бўлса очиқчасига талон тарож қилишаверади.
(Демак юқоридаги ким олдин борса ўшаники деган қоида нотўғри бўлади, чунки бунга амал қилинса заиф давлатлар доимо ҳалқаро ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб қолишаверади).
________________________________________
[1] Мавсуа 39/31.
[2] Ал Ғиёий 495 саҳифа.
[3] Фатаво 29/189.
[4] Кашшоф 4/61
[5] Тафсир Розий 29/216
[6] Мадорикул соликин” (Соликларнинг даражалари) 2/126, Мифтахул дарис саадати (саодат ҳовлисининг калити) 1/151
[7] Суютий фатволарига берилган шарҳдан 1/180


1 ўн йил аввал 6346 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6096 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 5995 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6337 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5134 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 5714 fiqh.uz