12-дарс. Ғойиб мол


  Келиши умид қилинаётган мол.

Ғойиб мол деб эгасининг қўлида бўлмаганлиги сабабли ўстиришнинг имконияти йўқ молга айтилади. Унинг қайтиб келишидан ҳам умид узилган. Қароқчилар тортиб олган мол, йўқолган мо ва олган киши олганлигини инкор қилган моллар ғойиб моллар сирасига киради.

Келиши умид қилинаётган мол деб эгаси унинг қайтишидан умидвор бўлган молга айтилади. Олганини эътироф қилган ва тўлаш имконияти бор қарзлар шулар жумласидан ҳисобланади.
Молларни бундай тақсим қилиш закот адабиётларида маълум ва машҳурдир. Умид қилинадиган молдан закот берилади. Ғойиб молнинг закоти хусусида ихтилоф бор. (Баъзилар қўлга қайтиб келса закот берилади дейишса, баъзилар берилмайди дейишган).
  Ўсувчи мол;
  Сақланувчи мол.
Ўсувчи мол деганда зиёдалашиб, кўпайиб турадиган молга айтилади. Чорва моллари, деҳқончилик ва боғдорчиликдан ҳосил бўладиган моллар, нақд пуллар ва тижорат моллари ўсувчи моллар жумласидан ҳисобланади. Булар ўз ўрнида яна иккига бўлинади.
А). Ҳақиқий ўсувчи мол – деҳқончилик, чорвачилик кабилардек;
Б). Тақдирий ўсувчи мол – бунга пул бирликлари киради.
(Ўсиш қобилияти бор моллар ишлатмаслик сабабли ўсмай турган бўлса ҳам, ўсувчи мол жумласидан саналиб ундан закот чиқарилади).
Сақланувчи мол деб инсон тижорати учун эмас, балки ўзига ишлатиш учун олган молларга айтилади. Уй-рўзғор буюмлари ва касб-ҳунар асбоблари сақланувчи мол жумласидан ҳисобланади. Молни ушбу тақсимотлари ҳам закот адабиётларида батафсил баён қилинган. Уларда айтилишича ўсувчи молдан закот чиқарилади, сақлаш учун олинган молдан закот берилмайди. Закот молни аслидан эмас, балки ўсувчи молдан чиқарилади..
(Яъни шу молнинг ўсиш эътибори билан закот чиқарилади).
  Зоҳир мол;
  Ботин мол.
(Кўриниб турган мол ва кўринмайдиган мол).
Беркитишнинг имконияти йўқ молга зоҳир моллар дейилади.Деҳқончилик ва боғдорчилик экинлари, чорва ҳайвонлари кабилар зоҳир моллар жумласидандир.
(Демак ушбу бойликларни халқдан беркитишнинг иложи йўқдир. Чунки улар ҳамманинг кўз ўнгида етилади).
Беркитиш учун яроқли бўлган молларга ботиний моллар дейилади. Нақд пуллар ва тижорат товарлари кабилар ботиний моллар жумласидандир. Молларнинг бу каби тақсимоти ҳам закот адабиётларида келган бўлиб, ботиний молларнинг закоти шахсларнинг диёнатига яъни виждонига ҳавола қилинади. Лекин зоҳирий молларнинг закотини давлат ҳисоблаб олади. Чунки фақирлар у молларни кўриб, қалбларида унинг закотидан манфаатланиш умиди уйғонади. Агар зоҳир моллардан ҳам закот олиб берилмаса, фуқароларнинг умидлари узилиб, бойларга нисбатан муҳаббатларига дарз кетади. Шу билан бирга зоҳир молларнинг закотини беришдан эгасининг қочиши ҳам қийин бўлади. Чунки юқорида айтганимиздек, у ҳамманинг кўз ўнгида етиштирилади. Ботин молларда эса ундоқ эмас. Шунинг учун зоҳир молларга агар солиқ солинса уни адо қилишдан қочиш имконияти камаяди. Бирор кишига мулк бўлмаган жойларни ўзлаштириш бобида фуқаҳоларимиз маъданларни яъни табиий бойликларни зоҳирий ва ботиний маъданларга тақсим қилишган. Зоҳирий маъданларни ўзлаштириш орқали мулк қилиб олинмайди. Улар сарф-харажатсиз манфаатлар ҳисобланади. Доим оқиб турувчи сувнинг ҳукми ўзи обод бўлган ерлар яъни ўрмонлар, яйловлар ҳукми кабидир. Бу каби ерларни ҳам биров ўзиники қилиб олишга ҳақи йўқ. Чунки ушбу табиий бойликлар жамоатчилик мулки ҳисобланиб, инсонлар унда шерикдирлар.
 

Рабавий мол ва  Рабавий бўлмаган мол.

Рабавий мол деб рибо рақобати учун бўйсунадиган молларга айтилади. Гоҳида бу рабавий айрбошлашга олиб боради. Ҳадиси Набавийда олти хил мол рабавий моллар жумласидан саналган. Улар тилла, кумуш, буғдой, арпа, хурмо, туз. Булар ҳам ўз ўрнида иккига бўлинади. Тилла ва кумуш нақд пуллар гуруҳига кирса, қолган тўрттаси яъни буғдой, арпа, хурмо, туз таомлар гуруҳига киради. Агар бизда мол бўлса аввало уни рабавий ёки рабавий эмаслигини ажратиб оламиз. Агар молимиз рабавий гуруҳлар жумласидан бўлмаса уни алмаштиришда маълум бир қайдга бўйсуниш шарт эмас. Ортиқ ёки кам бўлсин нақд ёки насия бўлсин ўзаро розилик асосида олди-бердини хоҳлаган тартибда қилишимиз мумкин. Аммо агар қўлимиздаги мол рибо моллари жумласидан бўлса биз билан муомала қилмоқчи бўлган кишининг қўлидаги молга қараймиз. Унинг моли рабавий моллар жумласидан бўлмаса бунда ҳам айрбошлашлик эркин тарзда бўлади. Агар биз билан олди-берди қилмоқчи бўлган кишининг моли рабавий моллар жумласидан бўлса, ўша мол бизнинг қўлимиздаги рабавий моллар гуруҳиданми ёки бу гуруҳидан эмаслигини аниқлаймиз. Агар икки томоннинг айрбошлашмоқчи бўлган рабавий моллари бир гуруҳдан бўлса, булар ўртасидаги муомала тенгга-тенг ва қўлма-қўл бўлиши шарт. Яъни бирини ортиқ ва иккинчисини кам қилиб бўлмайди. Ҳамда бирини нақд, бирини насия қилиш ҳам жоиз эмасдир. Мисол: тиллага тиллани, буғдойга буғдойни, хурмога хурмони алмаштириш тенг миқдорда ва қўлма-қўл бўлишлиги шарт. Агар алмаштирилаётган рабавий молларнинг гуруҳи турли бўлса, (мисол учун тиллага буғдой ёки хурмога кумуш каби) бирини кўп, бирини оз қилишлик жоиздир фақат насия қилишлик эса жоиз эмасдир. Бунинг тафсилоти рибо бобида кенгроқ ёритилган.

  Молни ўстириш.

Ислом молни зое қилишдан ва уни исроф ҳамда беҳуда сарфлашдан қайтаради. Молни муҳофазасига, уни ўстириш ва самарадорлигини оширишга буюради. Уламолар буни шариатнинг мақсадлари жумласидан деб эълон қилишган. Молни ўстириш деҳқончилик билан, саноатчилик билан, тижорат ва ободончилик билан ҳамда шариат рухсат берган бошқа турли воситалар билан амалга ошади. Бу буйруқ мусулмонларнинг иқтисодини кучайтириш ва хосу-омнинг манфаатини юксалтириш учун зарурий бўлган буйруқлардандир. Молни ўстиришнинг ҳамма шаръий турлари фарзи қифоя бўлиб, баъзилар уни адо қилса қолганларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар бу иш учун ҳеч ким ҳаракат қилмаса ёки баъзилар харакат қилса-ю, аммо жамиятнинг эҳтиёжини қондиришга етарли бўлмаса, барча бирдек гуноҳкор бўлади. Агар мол ўстирилмаса уни закоти еб нисобидан ҳам тушуриб юборади.
Биз бу молни ишлатишликка бўш ташлаб қўймасликка маъмурмиз!
Ерга ишлов бермай қаровсиз ташлаб қўйишдан қайтарилганмиз!
Савдо молларини қўлда ушлаб, бозорга чиқармай монополия қилишдан қайтарилганмиз!
Нақд пулларни беҳудага жамлаб бир жойга йиғиб қўйишдан қайтарилганмиз!
Шуларнинг ҳаммасига амал қилиш иқтисодий ислоҳотлар тақозо қилган энг тўғри йўлдир. Шу сабабли тижорат, олди-сотди, ижара, музораба, шерикчилик, деҳқончилик ва боғдорчиликдаги шериклик, қўриқ ерларни ўзлаштириш, мол тасарруфига қобилияти йўқ ишларнинг молини музлатиш каби чоралар жорий қилинган.

  Ўлик манбаларни тирилтириш.

(Шариатимиз нуқтаи назарида жамиятда ишламай ётган ўрмонлар, яйловлар, кўллар, ер ости бойликлари каби ҳар қандай манбалар ўлик ҳисобланиб, мусулмонлар уларни ишлатиш ва оқилона фойдаланиш билан тирилтириш мажбуриятидадирлар).
Ерлар ва бошқа фойдаланилмай ётган манбаларни ишлатиш фуқаҳоларимиз зикр қилишган муҳим васийлалар жумласидан бўлиб, ишлаб чиқаришни ўстиришга, бойлик манбалардан фойдаланишга асосий омил ҳисобланади. Шунингдек ерларни ва ер ости бойликларини бўлиб бериш ҳам муҳим мақсадлардан бўлиб, улардан ким яхши фойдаланса ўшанинг қўлига топшириш лозим бўлади. Бу ишлаб чиқаришни ўстириш учун ишларни тақсим қилиш турларидандир. Баъзи китобларда табиий манбаларни инсонларга бўлиб бериш ободончилик ва ўлик манбаларни тирилтириш васийлалардан бири экани ифода қилинган.
Имом Абу Юсуф ўзининг “Хорож” номли китобида айтади:
“Мен подшоҳнинг бирор ўзлаштирилмаган ерни ёки иморатни эгасиз ташлаб қўйишини лойиқ иш деб кўрмайман. Подшоҳ ушбу фойдаланилмай ётган васийлаларни инсонларга бўлиб беришлиги лозимдир. Чунки бу билан шаҳарлар обод бўлиб, хирож кўпроқ йиғилади”[1]. (Натижада давлат хазинаси бой бўлади).
Ўлик манбани тирилтириш деганда бировнинг мулки чегарасида бўлмай, манфаатсиз ётган ерни обод қилиш тушунилади. Бу иш ерни ҳайдаш, уруғ ёки кўчат экиш, суғориш, уй-жой қуриш ёки ҳайвонлар учун қўриқхоналар қуриш орқали бўлади. Улардан фойдаланиш эса у ерда яшаш, деҳқончилик ёки чорвачилик қилиш кабилар билан ҳосил бўлади. Ўлик ерни тирилтиришга тарғиб маъносида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Ким ўлик ерни тирилтирса у ўшаникидир”.
яна:
“Золим томир учун ҳақ йўқ”.
(Яъни бировнинг ерига кўчат экиш билан унга ҳақ собит бўлиб қолмайди).
Яна:
“Ким бировники бўлмаган ерни обод қилса, унга ўзи ҳаммадан кўра ҳақлироқ бўлади”.[2]
Ўлик ерга эгалик қилиш уни тирилтириш билан бўлади. Ким бир ерни ўзлаштирса, ўша ерга ва унинг ҳариймига эгалик қилади. Бу жумҳур фуқаҳоларимизнинг фатвосидир.
(Ҳарийм деб унга тегишли бўлган нарсаларга айтилади. Мисол учун ариқнинг икки ёни унинг ҳарийми ҳисобланади. Яна қудуқнинг бориш-келиш йўллари қудуқ учун ҳариймдир. Ким қудуқни сотса ушбу ҳариймлари ҳам савдога киради. Ҳовли сотиб олган киши унга кириш йўлига ҳам эгалик қилади. Шу йўл ҳовлининг ҳарийми дейилади).
Агар ўлик ерни зиммий (яъни жизя тўлаб мусулмон ўлкасида яшаётган ғайридин) ўзлаштирса баъзи фуқаҳолар эгалик қилиши учун амирнинг рухсати бўлишини шарт қилишган.
Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ амирнинг рухсати мусулмон учун ҳам зиммий учун ҳам шарт дейдилар.
Моликийлар ўзлаштирилган ер обод жойларга яқин бўлса амирнинг рухсати шарт, узоқ бўлса шарт эмас дейишади. Ўзлаштиришдан олдин рухсат олинса, у ҳудди подшоҳ тақсимлаб берган ер каби бўлиб қолади.
Шофеъийлар қўриқ ерни балоғатга етмаган гўдак ўзлаштирса ҳам уни мулкига айланади дейишади.
(Бундан шариатда фойдасиз ётган ерларни ўзлаштиришга кучли тарғиб борлиги келиб чиқади. Шу билан бирга бу масаладан зиммийларнинг Ислом соясида ҳуқуқлари кафолатланган ҳолда бўлганини ҳам кўришимиз мумкин).
Ҳарийм деб ернинг атрофидаги бир кенглик бўлиб, ундан фойдаланиш учун ушбу кенгликка эҳтиёж тушади. Уйнинг ҳарийми ва қудуқнинг ҳариймига ўхшаш. Ҳарийм миқдори ҳар бир юртнинг урфи билан белгиланади. Фуқаҳоларимиз иттифоқи билан қўриқ ерни ўзлаштираётган киши бошқа шахсни ўз номидан вакил қилиши мумкин. Бунда у ўзлаштиришдаги сарф-харажатларни беради. Вакил эса иш ҳақи эвазига хизмат қилади. Жумҳур фуқаҳолар наздида ўзлаштирилган ер эгаси учун комил мулкдорлик ҳуқуқини беради. Ундан ўзи фойдаланиши ижарага бериш билан фойда олиши, сотиши, бировга бериб юбориши, мерос қилиб қолдириши мумкин. Моликийлар, имомийлар ҳамда баъзи ҳанафийлар наздида ўзлаштириш тўлиқ мулкият ҳисобланмайди. Балки у ноқис мулкият бўлиб, ўзи фойдаланиши ёки ижара орқали фойда олиши мумкин лекин сотиш, ҳадя қилиш ва мерос қолдириш каби тасарруфларни қила олмайди.
Булар ушбу ижтиҳодларига далил қилиб шундай дейишади:
“Албатта қўриқ ерни ўзлаштириш масжид ёки йўл каби мубоҳ ўринларда ўтириш кабидир. Бу ўтирувчи учун ўтириш асносида ўша ердан фойдаланиш ҳақини беради. Агар у ердан туриб кетса ушбу ҳақ соқит бўлиб, у жойдан бошқаларнинг фойдаланиши мубоҳ бўлади”.
Ушбу фикрга биноан ким бир ерни ўзлаштириб кейин ташлаб кетса ундан ўша ернинг мулкияти соқит бўлиб, подшоҳ эса у ерни бошқа кишига бериши лозим бўлади.
Яна шунга кўра ерни ўзлаштирган киши вафот топса, у ер меросхўрларга мерос бўлиб ўтмайди.
Яна ҳукумат ўзлаштирилган ерларнинг фойдаланувчиларидан харож олиши мумкин. Қаровсиз ётган ерни тош билан айлантириб олиш ўзлаштириш ҳисобланмайди. Лекин тош айлантирган киши, ўша ерни ўзлаштириш учун энг ҳақли одам ҳисобланади.
Ҳанафийлар наздида у одам уч йилгача ҳақли ҳисобланади.
Шофеъий ва Ҳанбалийлар эса бу муддатни урф белгилайди, баъзида уч йил, баъзида ундан кўп ёки кам бўлиши мумкин дейишади.
Ушбу гапларнинг барчаси қўриқ ерлар тўғрисида эди. Лекин ер ости бойликлари ўзлаштириш орқали мулк бўладими?
Моликийлар табиий бойликларни омманинг мулки деб ҳисоблашади.
Жумҳур фуқаҳолар эса табиий бойликларни зоҳирий ва ботинийга ажратишади. Зоҳирий табиий бойликлар ўзлаштириш билан мулк бўлмайди. Уларни подшоҳ ҳам одамларга бўлиб бера олмайди. Улар ҳеч нарса сарф қилинмайдиган доимий оқиб турувчи сувларга ўхшаш манфаатлардир. Уларнинг ҳукми табиий обод ерлар ҳукмига ўхшайди. Ўрмон ва яйлов кабиларда инсонлар шерик бўладилар. Зоҳирий табиий бойликларни хусусий мулк қилиб бериш дуруст эмас. Ҳудди масжид, қабристон, йўл кабиларни хусусий қилиб бериш мумкин бўлмаганидек. Аммо ер ости бойликларини хусусий мулк қилиб беришни аксар фуқаҳоларимиз жоиз дейишган. Чунки улар ўзлаштирилмаган ерлар каби бўлиб, уларни чиқариб олиш харажат ва машаққат билан бўлади. Аммо ҳам аср уламоларимизнинг баъзилари бугунги кунда табиий бойликлар хусусида моликийларни фикрларини қўллашади. Хусусан замонавий асбоб-ускуналар билан инсон табиатга таъсирини ўтказаётган бугунги асрда бу каби бойликларни умумхалқ мулки деб эълон қилиш керак ва ҳамма бирдек манфаатланишининг чораларини кўриш даркор.

________________________________________
[1] Хорож 61 саҳифа
[2] Бу уч ҳадисин Имом Бухорий ривоят қилган. 3/139,140,140.


9 йил аввал 4828 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6036 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5915 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
9 йил аввал 6255 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5094 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
9 йил аввал 5669 fiqh.uz