Марҳумларни йўқлашда мўътадил меъёр


Муқаддима

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари олдинги собиқ умматлардан кўра, энг хайрли умматлардир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло биз—уммати муҳаммадиянинг амри-маъруф, наҳий-мункар қилувчилик хусусиятларимизни алоҳида зикр қилиб мақтаган. Шунингдек, муқаддас Ислом дини олдинги динлар ичида энг мўътадил меъёрий дин бўлиб, унинг аҳкомлари ифрот ва тафритдан ҳоли ўртамиёна аҳкомлардир!

Ислом шариатининг ҳар бир ақида ва амалиётида муайян меъёри бўлиб, мусулмонлар амал ва эътиқодда ўша меъёр бўйича иш тутишлари лозим. Ҳаддан ошиб ифрот йўлини тутганлар, ёки меъёрдан  камайтириб тафритга тушиб қолганлар эса, шариатни топтаб, суннатни кемириб, мусулмонларни диний инқироз домига тортадилар.
Инсоният ҳаётининг ҳар бир жабҳасида ўзининг муайян тартиб-қоидаларини жорий қилган Ислом шариати маййитларга боғлиқ ҳукмларни ҳам батафсил баён қилган. Албатта, бунда ҳам бошқалари каби мўътадил меъёрий тизим очиқ-равшан белгилангаб қўйилган.
Қайсики мусулмон вафот этар экан албатта, унинг шариатда алоҳида ҳурмати бор. Маййит эгалари яқини ўлганидан шод-ҳуррам бўлмасликлари керак, балки уни сўнгги йўлга кузатишда афсус ва маҳзунлик билан, жасадни ювиб, тоза матолар билан кафанлаб, хушбўй нарсалар сепиб, қабристонга елкада кўтариб бориб дафн этиш ва дафн маросимларини шариатга мувофиқ тарзда бажаришлари лозим бўлади. Шу жараёнда ҳаддан ошиб, шариатда йўқ одатларни пайдо қилса, риё, шуҳратпараслик, исроф каби ҳаром саналган иллатларни дафн маросимларига аралаштирса, ёки тафрит йўли билан шариатда бор амалларни йўққа чиқарса, маййитни кафанлаш, жасадни ювиш, унинг васиятларини амалга ошириш каби ишларни ташлаб қўйса, демак у шаръий меъёрни бузган, умматни диний таназзулига ҳисса қўшган хурофотчи ҳисобланади.
Шунга кўра, шариатимизда маййит ортидан қилинадиган барча диний расм-русумларнинг шаръий тартиб-қоидаларини билиш муҳим аҳамият касб қилади. Қолаверса, бугунги кун давлатимиз қонунчилигида ҳам тўй, маърака ва маросимларни ислоҳ қилиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган масалалардан биридир. Президентимиз Ислом Каримов 1998 йил 28 октябрда “Тўй ҳашамлар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги ПФ-2100 Фармонни қабул қилди. 2002 йил эса шу фармоннинг янги таҳрири қабул қилинди. Абу Саъид Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ “Бариқа”да келтиришича, инсон ўзи яшаб турган юрт ҳукуматининг халқ манфаатини кўзлаб чиқарган, шариатга зид бўлмаган ҳар қандай қонунларига тўлиқ амал қилиши вожиб бўлади.

Рисоланинг ёзилиш сабаби

Ўтган яқин кунларда республикамизда фаолият олиб бораётган диний интернет сайтларнинг баъзиларида марҳумлар ортидан қилинадиган “уч”, “қирқ”, “пайшанба”, “йил” номли расм-русумлар ҳақида бир-иккита қисқагина мақола эълон қилинди. Муаллифлар ўша махсус анъанавий расм-русумларнинг бидъат экани ҳақида очиқ сўз юритган. Мақола интернетда омма ҳукмига ҳавола этилгач, унинг ортидан мавзуга доир турли-туман ихтилофли гап-сўзлар пайдо бўлди. Бу айниқса водий ҳудудларида кенгроқ тарқалди.
Баъзилар: “Бу ваҳҳобийларнинг фикри, аслида бу одатлар қадимдан мавжуд, улуғларимиз бу каби маросимларда иштирок этиб келган. Унинг ҳеч кароҳияти йўқ” деса, бошқалар уларга қарши фикрни илгари сурмоқда.
Айниқса, интернетдаги ижтимоий тармоқларда бу мавзу қизғин баҳсларга сабаб бўлди. У ерда ҳам фаоллар иккига бўлинган. Биринчи тараф “махсус маросимларни фақат ваҳҳобийлар инкор қилади”, деган фикрни ёқласа, иккинчи гуруҳ “бу одатлар ҳақиқатан бидъат”, деган қарашда қатъий туришди.
Бу ихтилоф авом қолиб, ҳатто фиқҳ ва ақоиддан яхшигина хабари бор аҳли илмларимизгача чиқиб улгурди. Улар орасида ҳам баҳсли муҳокамаларга сабаб бўлди. Аксар аҳли илмларимиз “уч”, “қирқ”, “йил” каби маросимларни рад этганларга танқидий қараб, ундайларни “соҳта ҳанафий, ўзини ҳанафий кўрсатиб юрган ваҳҳобий”, дейишгача ҳам бориб етдилар. Иккинчи томон эса ўзларига берилган бу нохолис баҳодан таажжубга боришди.
Аслида аҳли илмларимиз бу масалада тортишувга бормасликлари керак эди. Чунки Ўзбекистон мусулмонлар идораси (ЎМИ)нинг айни шу маросимлар ҳақида чиқарган фатвоси бўлиб, унда муфтиёт томондан республикамиздаги расмий масжид имомларига “Марҳумлар дафнидан кейин одат тусига айланган 7, 20, 40, йил, ҳайит кунларидаги фотиҳахонлик каби маросимларнинг шаръий эмаслиги, балки бидъат ишлардан эканлиги тушунтириб борилсин”, деган талаб ҳам қўйилган эди. Ҳа, бу талаб айни ўша ихтилоф гирдобидаги аҳли илмлар зиммасига юклатилган эди.
Аммо, минг таассуфки, улардан айримлари бу талабни бажариш ўрнига ўзлари ҳам “40, 20, йилни инкор этганлар ваҳҳобий бўлади”, деб ҳаёл қилувчи авомуннос билан ҳамфикр бўлиб кетишди. Диний раҳбарият фатвосини эса “ваҳҳобийча фатво”, деб изоҳлашдан нарига ўтишолмади. Қарши томондагилар эса, “Идоранинг бу қарори ҳаводан олинмагандир... бу амаллар суннат бўлса, улар буни бидъат демаган бўларди”, деган мулоҳаза билан жавоб қилишди.
Икки томон ҳам ўз фикрини тасдиқлашда маҳкам турар, аммо бу хусусда фиқҳий манбаларга мурожаат қилиб кўриш, асл ҳанафийлик кўрсатмаларини аниқлашга деярли вақтлари бўлмади. Фиқҳий ва ақидавий тушунчалари тўлиқ шаклланмаган авом эса, кимнинг сўзига ишонишни билмасдан лолу-ҳайрон, орада сарсон бўлди.
Шу ҳолатлар сабаб бўлиб,  марҳумларни ортидан йўқлашдаги шаръий меъёрни пухта ўрганиб чиқиб, кичик бир рисола (мақола) ёзишга жазм этилди. Токи, бу ихтилофларга барҳам берилсин. Шу билан бирга диний идорамиз тарафдан чиқарилган фатвони “ваҳҳобийча фатво”, деб ўйлаганларга батафсил изоҳ ва тушунча бўлсин.
Рисолани ёзишда эҳтимолий тушунмовчиликларни олдини олиш ниятида мақсадни мукаммал ва тўлиқ иборалар билан ифода этишга ҳаракат қилинди. Аввал мавзуни пухта ўрганилди ва унга тааллуқли барча қавлларни бир-бирларига таққослаб, масаланинг ҳақиқатини тўғри англаб олиш талабига қаттиқ риъоя қилинди. Токи, ўқувчида носаҳиҳ тушунчалар ҳосил бўлишига сабаб қолмасин. Маросимлар ҳақида якуний хулоса чиқаришдан олдин, аниқланган барча қавлларки мавзуга алоқаси бўлса, уларни бу ерда келтирилди. Лозим топилганларининг арабий матнлари билан кўрсатилди, баъзиларининг эса умумий мазмуни билан чекланилди.
Рисолада олинган фикрларнинг манбасига жиддий аҳамият берилди. Деярли фақат аҳли сунна, ҳанафий мазҳаби олимларининг китобларига суянилди. Иложи борича қадимги олимларнинг сўзлари ва далиллари нақл қилинди.

Чалкаш тушунча ёки  20, 40, “йил”ни инкор қилганларни авом нима учун “ваҳҳобий” дейди?
Собиқ иттифоқнинг коммунистик сиёсати динсиз сиёсат эди. Дин олимларининг деярли ҳаммаси йўқ қилинган, диний китоблар ёндирилган, беркиниб омон қолган аҳли илмлар эса, уйларида бор диний адабиётларни ўзлари йўқ қилишга мажбур бўлган. Бошқаларни-ку қўя туринг, ҳатто, ўз оиласи ичида ҳам диний таълимотни йўлга қўйишга қўрқадиган замонлар эди. Одамлар шариат аҳкомларидан кескин йироқлаштирилар эди. Натижада халқнинг диний савияси деярли йўқ бўлиб кетди. Диннинг номи қолди-ю асли деярли йўқ эди. Халқ диний соҳаларда ўта саводсиз бўлиб қолган эди.
Собиқ иттифоқ заифлашиб ўзининг сўнгги кунларини кўриб турганида хориж мамлакатларидан бизнинг ўрта осиё ҳудудларига ҳам “дин ўргатиш” мақсадида турли бузуқ мутаассиб оқимлар кириб кела бошлади. Шулардан бири “Ваҳҳобийлик” оқимидир. Бу оқим аъзолари бир неча масалалар қатори айни маййит ортидан қилинадиган расм-русумларга ҳам аралашиб кўришди. Улар “маййитнинг ортидан тиловати Қуръон қилиш ҳам, хайри-эҳсон қилиш ҳам мутлақо мумкин эмас. Тирикларнинг қилган амалларидан ўликларга наф йўқ”, деган иддаолар билан омма ўртасига чиқиб келишди. Улар айниқса, халқимизда урф бўлган “қирқ”, “йил” каби одатий маросимларга кўпроқ урғу беришар, улардан жуда қаттиқ қайтаришарди. Ваҳҳобийликни қабул қилмаган халқ эса, улар тарафдан айтилган ҳар-бир янгиликдан қаттиқ хазар қиларди.
Собиқ тузумнинг золимона сиёсати таъсирида хосил бўлган диний саводсизлик туфайли, маййитларимиз ортидан қилинадиган маърака ва маросимларнинг фиқҳий ва ақидавий жиҳатлари, тартиб ва қоидалари, белгиланган муайян меъёрлари унутилиб кетганди. Маросимларнинг асли бор-у бироқ, уни амалга оширишдаги тўғри таълимот йўқ бўлиб кетди. Йўқолган суннатлар ўрнини жоҳил, саводсизлар томондан ўйлаб топилган бидъат тушунчалар эгаллаб олди. Одамлар ичида махсус кунларда маросим қилишни вожиб даражасигача олиб чиққанлар бўлди.
Натижада, ваҳҳобийлар кўтариб чиққан масалалар ичида “маййит ортидан кунларни хослаб “уч”, “қирқ” эҳсонларини қилиш мумкин эмас”, деган гап ҳам собиқ иттифоқ даврида катта бўлган одамлар учун “ваҳҳобийларнинг янгилиги”га айланди, қолди. Уни гапирганлар “ваҳҳобий”лар билан чалкаштирилди. Нимагаки, авомнинг онггида “Маййитни йўқлаб қилинган эҳсондан қайтарганлар ҳар қандай ҳолатда ҳам, қатъий ваҳҳобийдир”, деган умумий хато тушунча пайдо бўлиб улгурганди.
Олимларимиз эса ҳанафий фиқҳининг айни “маййитхона маросимлари”га тегишли бўлимларидаги тафсилотларни очиқча гапиришдан қўрқиб ҳам қолдилар. Чунки, бу мавзуда сўз очган ҳар қандай аҳли сунна-ҳанафий омма тарафдан ўйлаб ўтирилмасдан “ваҳҳобий”га чиқарилар эди. Бу каби қабиҳ тоифага мансуб бўлиб қолиш иттиҳомидан хазар қилиш ниятида, айни масалада жуда кўпчилик жим юришга мажбур бўлди. Бунинг сабаби эса майитхона маросимлари ҳақидаги шаръий ҳукмларда юртимиз ҳанафийларидан олдин ваҳҳобийларнинг биринчи бўлиб сўз очгани эди. Соддароқ қилиб айтганда: “ҳанафийликнинг бир масаласи ваҳҳобийларга бериб қўйилган эди”. Мана шу ҳолат энг катта мусибат бўлиб, ҳанафийликнинг бир муҳим масаласи инқирозга юз тутишига сабаб бўлди!
Ҳа, бу чалкашлик, бу инқироз ҳақиқатан оммалашиб кетди. Маййитхона зиёфатлари ҳақида салбий сўз қилганларни ёппасига “ваҳҳобий”га чиқарган авомни омийлиги сабаб маъзур тутса бўлар... Аммо, бидъатнинг оқибати дўзах эканини яхши билган, “бировни бесабаб “ваҳҳобий”, деб ҳақорат қилганларни дарра уриб таъзирини бериш керак”, деган масаладан хабари бор аҳли илмларни қандай тушуниш мумкин?!  Ва ҳолбуки, ҳанафийлар фахри мавлоно Абдулҳай Лакнавий (р.а.) “Шарҳи виқоя”нинг ҳошиясида ваҳҳобий бўлмаган мусулмонни “ваҳҳобий” деб ҳақорат қилган шахс дарра уриб жазоланади, деб катта қилиб ёзиб қўйганку?!
Асли ҳақиқат эса, авом ва уларга ўхшаб фикрловчиларнинг ўйлаганидан бошқача эди. Маййитхона маросимлари ҳақида каттагина тафсил бўлиб, уни очиқчасига инкор қилиб ҳам, очиқчасига умумий тарзда исбот қилиб ҳам бўлмас эди. Бу масалада аҳли илмлар билиши ва оммага билдириши зарур бўлган қайдлар ва тафсилотлар бор эди.

Мотамхона, зиёфат ва садақанинг таърифи

Мотамхона. Мотамхона бу—маййит чиққан мусибат хонадони бўлиб, унинг мотамхоналик муддати уч кунгача бўлган азадорлик вақти билан чегараланади холос. Қачонки уч кун ўтаркан, у хонадонни шаръий истилоҳда маййитхона, мусибатхона, мотамхона дейилмайди! Зотан, жумҳури аҳли сунна, салафу халаф уламоларининг иттифоқига кўра, вафот этган кишига уч кундан ортиқ аза очиш ҳалол эмас (эри ўлган аёл бундан мустасно). Ҳатто Ҳасан ал-Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида ўлган инсоннинг ортидан уч кун ҳам аза очиш мумкин эмас, дейилган.
Бу хусусда саҳиҳ тўпламларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бирор аёлга, биронта ҳам ўлик учун, уч кундан зиёд аза очиб ўтириши ҳалол бўлмайди. Магар, эрига тўрт ой ўн кун ўтиради”, деган мазмунда ҳадислари бор. Ҳижрий учинчи асрда яшаб ўтган олим Абу Бакр ибн ал-Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “ал-Ижмоъ” номли ижмоъий масалалар тўпламида 457-рақам билан қайдлаб, шу масала ҳақидаги ижмоъни нақл қилган.
Шундай экан, мотамхона ҳақида айтилган ҳар қандай ҳукмларнинг ҳаммасида муддати аниқ кўрсатилмаган бўлса, бундан фақат инсон ўлимидан кейинги илк уч кунни тушунилади.
Садақа. Садақа—деб инсон ўзининг шахсий мулкидан, савоб умидида бирон кишига тамликан яъни, унинг ўзига эвазсиз шахсий мулк қилиб берган нарсасига айтилади. “Мухтасар виқоя” (Ҳиба бўлими)да садақа қабз билангина саҳиҳ бўлади дейилган. Яъни, садақа олувчи қачонки садақа молини ўз мулкига қабул қилса, шундагина уни шаръан садақа дейилади. Фарз садақаларни фақатгина муҳтож фақирларга берилади. Ихтиёрий нафл садақаларни эса бойлар олиши ҳам мумкин, бироқ уни ҳам фақир, муҳтожларга берилгани афзал.
Зиёфат. Зиёфат—деб инсон ўз мулкидаги молни бошқаларга, эваз олмасдан мубоҳ қилишига, яъни истеъмолига рухсат беришига айтилади. Меҳмон чақириб уларнинг олдига қўйилган ноз-неъматларнинг истемолига рухсат берилса, буни шаръий истилоҳда ибоҳат, зиёфат дейилади. Маҳаллий тилимизда “эҳсон, маърака” ҳам дейилади.
Садақа билан зиёфат умумий жиҳатдан бир, яъни молни ўзгаларга эвазсиз ҳиба қилиш маъносида бўлсада, уларнинг орасида нозик фарқ бор. Бу ҳақда Шайх Абдулқодир Охун Доғистоний шундай деганлар:
اعلم اولا ان تمليك المال بلا عوض يسمي هبة في اصطلاح الشريعة، فان ملكه محتاجا لثواب الاخرة فصدقة. و ان اباحه فضيافة.
Аввало шуни билингки, молни эвазсиз бериш шариат истилоҳида “ҳиба” дейилади. Агар уни муҳтож кимсага мулк қилиб берилса садақа бўлади. Агар мубоҳ қилса зиёфат бўлади. (Лузум ул-иқтисод фил-амал вал-эътиқод. 48/Б.)

Маййит руҳига савоб учун садақа қилиш

Шуни таъкидлаш жоизки, жумҳури аҳли суннанинг эътиқодий таълимотига кўра, тириклар томондан қилинган хайрли амалларнинг савоби маййитларга албатта етиб боради. Бу ақидавий масалалардан бўлиб, унда шакка борган киши аҳли суннат йўлидан аҳли бидъат сўқмоғига ўтади. Ибодатлар хоҳ намоз ва рўза каби баданий бўлсин, хоҳ закот ва бошқа садақотлар каби молиявий бўлсин, ёки ҳаж ва умра каби иккисидан иборат бўлсин, булардан қатъий назар бу ибодатларнинг савоби ўтганларга дуо қилиб бағишланса, бундан уларга шубҳасиз манфаат етиб боради. Бу масаланинг исботи ақидавий китобларда, ўз ўрнида етарлича далиллар билан уламолар томондан мукаммал тарзда баён қилиб қўйилган (хоҳловчилар ақидавий матн ва шарҳларга мурожаат қилишлари мумкин).
Шунингдек, садақа қилувчи киши маййит ортидан унинг ўлган кунида ҳам, ундан кейин ҳам умуман, қачонки садақа қилишга ўзида ортиқча мол топса, ўша вақтда хоҳлаганча садақа қилаверади. Маййитнинг руҳини йўқлаб, унга атаб ҳарқанча садақа қилиши мумкин. Ва бунинг савобидан марҳум албатта манфаатдор бўлади. Бу мавзуда сўзни қисқа қилиб айтамизки: “хайри-садақотларнинг савоби марҳумларга етишини фақатгина аҳли бдъатлар инкор қилишади холос”. Бизнинг мақсад—маййитхонадаги зиёфатларнинг шаръий ҳукмларини ўрганишликдир.

Мотамхона зиёфатларидан қайтарилган далиллар ва уларнинг асл мазмуни

Зиёфат билан садақанинг фарқини аниқлаб олганимиздан сўнг, энди асосий мақсадга ўтамиз. Фиқҳий манбаларнинг баъзиларида кароҳият ҳақидаги бўлимларда  ва яна баъзиларида эса, маййитни дафн этиш ҳақидаги бўлимларда маййит чиққан хонадонда унинг хотирасига бағишланган йиғин ва зиёфатлар ҳақида сўз юритилган.
Жумладан:
1-) Ҳанафий олими Камолуддин ибн Ҳумом (р.а.) Ҳидоянинг шарҳи “Фатҳ ул-қадир”да дафн ҳақидаги фаслнинг энг охирида, шаҳид бобидан сал олдин шундай дейди:
وَيُكْرَهُ اتِّخَاذُ الضِّيَافَةِ مِنْ الطَّعَامِ مِنْ أَهْلِ الْمَيِّتِ لِأَنَّهُ شُرِعَ فِي السُّرُورِ لَا فِي الشُّرُورِ ، وَهِيَ بِدْعَةٌ مُسْتَقْبَحَةٌ
رَوَى الْإِمَامُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ : كُنَّا نَعُدُّ الِاجْتِمَاعَ إلَى أَهْلِ الْمَيِّتِ وَصُنْعَهُمْ الطَّعَامَ مِنْ النِّيَاحَةِ .
“Маййит эгалари томондан таом пишириб, зиёфат ташкил қилиниши макруҳ бўлади. Чунки зиёфат одатда хурсандчилик кунларида уюштирилади, оғир мусибат кунларида эмас. Бу каби зиёфатлар қабиҳ бидъатлардандир. Имом Аҳмад ва ибн Можа (р.а.) лар саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”. (Фатҳ ул-қадир. 1/ж. 473/Б. Матбаъат ул-кубро ал-Амирийя. Миср. 1315-ҳж).
2-) Шофеъий олимларининг таниқлиларидан бири имом Нававий (р.а.) “Равзат ут-толибин ва умдат ул-муфтиййин” номли китобида, маййит эгаларининг қўшнилари уларга таом чиқарса мустаҳаб бўлишини айтгач, уларнинг ўзлари таом тайёрлашлари ҳақида шундай деганлар:
 وَأَمَّا إِصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُهُمُ النَّاسَ عَلَيْهِ ، فَلَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَهُوَ بِدْعَةٌ غَيْرُ مُسْتَحَبَّةٍ
“Аммо, аҳли маййит томондан таом тайёрланиб, унинг атрофига одамларнинг тўпланиши ҳақида салафлардан ҳеч қандай далил нақл қилинмаган. Бу иш бидъат ва қабул қилинмаган ишдир”. (Равзат ут-толибийн 2/Ж. 145/Б. Алмактаб ул-Исломий. Байрут. 1405).
3-) Моликий мазҳаби олимларидан Хаттоб Моликий (р.а.) шундай дейди:
امَّا إصْلَاحُ أَهْلِ الْمَيِّتِ طَعَامًا ، وَجَمْعُ النَّاسِ عَلَيْهِ : فَقَدْ كَرِهَهُ جَمَاعَةٌ ، وَعَدُّوهُ مِنْ الْبِدَعِ ؛ لِأَنَّهُ لَمْ يُنْقَلْ فِيهِ شَيْءٌ ، وَلَيْسَ ذَلِكَ مَوْضِعَ الْوَلَائِمِ
“Аммо, маййит эгаларининг таом тайёрлаши ва унга одамларни жамлаб таклиф қилишига келсак, бу амални катта бир гуруҳ уламолар кариҳ кўришган ва уни бидъатлардан ҳисоблашган. Чунки салафи солиҳларимиздан  бу амал ҳақида ҳеч нарса келмаган. Шунингдек, маййитхона тўйхона эмасдир!”. (Мавоҳиб ул-жалил фи шарҳи мухтасар ил-халил. 2/228).
4-) Ҳанбалий мазҳаби олимларидан Муваффиқуддин Ибн Қудома (р.а.) шундай дейди:
فاما صنع اهل الميت طعاما للناس فمكروه، لان فيه زيادة علي مصيبتهم و شغلا لهم الي شغلهم و تشبها بصنيع اهل الجاهلية .
“Аммо, ўлик эгаларининг одамларга таом тайёрлашлари макруҳдир! Чунки, бу мусибат устига мусибатдир,  овворагарчилик устига овворагарчиликдир. Бу худди жоҳилият даври одамларининг одатларига ўхшаш одатдир”. (ал-Муғний. 3/497 . Дору олам ил-кутуб. Риёд).
5-)Мавлоно Абдураҳмон Жазийрий раислигида бир гуруҳ Миср олимлари томондан таълиф этилган “Алфиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа” номли фиқҳий асарда шундай дейилади:
و من البدع المكروهة ما يفعل الآن من ذبح الذبائح عند خروج الميت من البيت او عند القبر و اعداد الطعام لمن يجتمع التعزية و تقديمه لهم كما يفعل في الافراح و محافل السرور و اذا كان في الورثة قاصر عن درجة البلوغ حرم اعداد الطعام و تقديمه
“Ва яна, хозирда қилиниб келаётган макруҳ бидъатлардан бири: Худди шодлик вақти, ҳурсандчилик йиғинларида қилинадиган суратда, маййит чиққанда ёки (дафндан кейин) қабристонда жонлиқ сўйиш ва таъзияга келганларга ундан таом пишириб едириш”. Агар ворислар ичида балоғат ёшига етмаганлар бўлса, таом пишириб едириш ҳаром бўлади. (Ал-фиқҳ ъала ал-мазоҳиб ил-арбаъа. 2/Ж. Мактабат ул-ҳақиқа. Истанбул. 2004).
6-) Фарғона водийсида туғилиб, ижод қилган, машҳур ҳанафий фақиҳи, ҳижрий олтинчи асрнинг таниқли олимларидан бири, имом Фахруддин Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатво тўпламида шундай ёзади:
يكره إتخاذ الضيافة في ايام المصيبة لأنها أيام تاسف فلا يليق بها ما يكون للسرور
“Мусибат кунларида зиёфат қилишлик макруҳ бўлади. Чунки у кунлар афсус-надомат кунлари бўлиб, ҳурсандчилик кунларда қилинадиган тадбирлар унга тўғри келмайди.”
7-) Ҳижрий олтинчи асрда яшаб ўтган, машҳур ҳанафий олими, ақоид илмига доир “Қасидат ул-амолий” рисоласининг соҳиби, Ўзганлик аллома Сирожуддин Абу Муҳаммад (р.а.) ўз қаламига мансуб “ал-Фатавас сирожия” номли фатволар тўпламининг кароҳият бўлими, валима (тўй) ҳақидаги қисмида шундай деганлар:
لا يباح اتخاذ الضيافة عند ثلاثة أيام في المصيبة
“Мусибат вақтида уч кун ичида зиёфат ташкил қилиш мубоҳ бўлмайди” (ал-Фатавас сирожия. Дор ул-улум Закария. ЖАР. 2011 м).
8-) Шунингдек яна, ҳамюртимиз улуғ ҳанафий фақиҳи, Бурҳонуддин Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ “Ат-тажнис валмазид” номли фиқҳий асарида шундай деганлар:
لا يباح إتخاذ الطعام عندنا ثلاثة ايام في المصيبة لان الضيافة تتخذ عند السرور
“Бизнинг наздимизда мусибат вақтида уч кун таом тайёрлаш мубоҳ бўлмайди. Чунки зиёфат ҳурсандчилик вақтида бўлади”. (Ат-тажнис вал мазид. 1039-масала. 287/Б. Идорат ул-Қуръон вал улум ил-Исломия. Покистон. 2004.)
9-) Китоблари юртимиз аҳли илмлари ичида суйиб ўқиладиган, ақоид, фиқҳ, тафсир, тажвид ва яна бир қанча соҳалар билимдони, мавлоно Мулла Алий раҳматуллоҳи алайҳ “Мирқот ул-мафотиҳ”да Жаъфар розияллоҳу анҳунинг оиласига таом чиқарилгани ҳақидаги ҳадиснинг шарҳида шундай дейди:
و اصطناع اهل البيت له لأجل اجتماع الناس عليه بدعة مكروهة بل صح عن جرير رضي الله عنه "كنا نعده من النياحة" و هو ظاهر في التحريم. قال الغزالي: "يكره الاكل منه". قلت: و هذا اذا لم يكن من مال اليتيم او الغائب و الا فهو حرام بلا خلاف
“Уй эгаларининг одамлар жамланишлигини ҳисобга олиб, маййит учун таом тайёрлашлари макруҳ бидъатдир. Балки, Жарир розияллоҳу анҳудан саҳиҳ келганки “биз уни ниёҳатдан ҳисоблардик”. Ва бу хабар ҳаром деб ҳукм қилиш учун зоҳир, очиқ-ойдин ҳужжатдир. Ғаззолий айтганлар: “Ундан емоқ макруҳ бўлади”. Мен айтаман: ”Бу—яъни макруҳ бўлиши агар етим-сағир ёки ғоибдаги вориснинг молидан бўлмагандадир. Агар уларнинг ҳаққини сарфлаб таом тайёрланса, у хилофсиз ҳаромдир!”. (Мирқот ул-мафотиҳ. Жаноиз китоби. 4/Ж. 194/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 2001).
Далилларга разм солсак, уларнинг аксарида мотамхонада зиёфат беришни макруҳ, деб умумий келтирганлар. Кейинги китобларда эса “уч кун” билан алоҳида қайдлаб қўйилган. Барча далилларни бир-бирларига таққослаб умумийлаштирилганда қуйидаги мазмун келиб чиқади: Маййит эгалари ўтганларига атаб илк уч кун ичида зиёфат бериши макруҳ бўлади. Лекин уч кун ўтиб азадорлик ниҳоясига етгач, марҳумлар хотирасига хоҳлаганча хайри-худойилар қилиш мумкин ва албатта, буларнинг савоби ўтганларга етиб боради! “Фатҳул қадир”даги каби куни аниқ кўрсатилмаган далиллар уч кунга тегишли бўлиб, кейинги кунларга алоқаси йўқ. Чунки уларда ҳам “мусибат кунларида”, дейилган. Мусибат кунлари эса, шаръан уч кун бўлади холос! Зиёфатдан қайтарилган далилларнинг асл мазмуни мана шудир!

Мотамхонада йиғилиб таомхўрлик қилиш қачондан буён бор?

Бу маросимларнинг асл тарихи Исломдан олдинги жоҳилят даврларига бориб қадалади. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг “Биз (саҳобалар жамоъаси) маййитхонага тўпланиш ва уларнинг таом хозирлашларини ниёҳат (ўлик ортидан дод-вой солиб йиғлаш) билан бир хил ҳисоблар эдик”—деган хабарининг ўзи бу амал Исломдан олдин ҳам мавжуд бўлган, Ислом уни қабул қилмаганини очиқ-ойдин билдириб туради.
Шунингдек яна, улуғ тасаввуфий олим Абдулқодир Жийлоний ҳазратларидан таълим олишга муяссар бўлган, ҳанбалий мазҳабининг йирик намояндаси Муваффиқуддин ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муғний”да бу амалларнинг асли жоҳилят даврига мансублигини билдирувчи шундай ривоятни келтиради:
و روي ان جريرا وفد علي عمر فقال: هل يناح علي ميتكم؟ قال: لا. قال: فهل يجتمعون عند اهل ميتكم و يجعلون الطعام؟ قال: نعم.  قال: ذاك النوح.
Ривоят қилинишича, Жарир розияллоҳу анҳу (ўз қавми томондан) Умар розияллоҳу анҳунинг олдига келган. Умар (р.а.) унга: “(сизлар томонда) маййитларингга дод-вой солиб йиғланадими?”—деб сўрайди. У киши: “йўқ”,—деб жавоб берди. Кейин Умар розияллоҳу анҳу яна: “маййит эгаларининг уйида тўпланишадими? Улар таом тайёрлашадими?”,—деб сўради. Жарир: “ҳа”—деб жавоб қилди. Шунда Умар ибн Ҳаттоб: “ўша ҳам навҳ (дод вой солиб йиғлаш каби жоҳилят қолдиғи)дир”, деди. (ал-Муғний. 3/497 . Дору оламил кутуб. Риёд).
Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ маййит ҳали дафн этилмасдан олдин таом тайёрлашлик асли жоҳилятдан қолган сарқит эканидан, огоҳлантирганлар. У кишининг бу танбеҳларини бир қанча китобларда учратиш мумкин.  Жумладан: Абдуррауф Муновий (р.а.) Имом Суютийнинг “ал-Жомеъ ус-сағир” асарига ёзилган шарҳида, Росулуллоҳнинг аҳли аёлларига:  “Жаъфарнинг оиласига таом чиқаринглар”, деб айтгани ҳақидаги (1091-рақам билан қайдланган) ҳадиснинг изоҳида бу танбеҳ нақл қилинган. (Файз ул-қадир. 1/Ж. 533/Б). Ва яна, имом Абу Саъид Ходимийнинг “Тариқат ул-Муҳаммадия”га ёзган шарҳида ҳам худди шу огоҳлантириш китобнинг 3-жузи 254-бетида айтиб ўтилган.
Ҳижрий ўнинчи асрнинг ҳанафий олимларидан Муҳаммад ибн Бирали Биргивий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Расоили Биргивий” номли мажмуаси бўлиб, унинг аввалига “Жало ул-қулуб” номли рисоласи жойланган. Имом Биргивий ушбу рисоласида маййитга тааллуқли қатор масалаларни келтиради ва маййитнинг: “Мен ўлган куниёқ таом пишириб хайри-худойи қилинглар”, деб васият қилиши масаласига тааллуқли фатволарни келтиргач, хулоса сифатида шундай дейди:
فظهر من هذا ان المعتاد في زماننا ليس بجائز بلا خلاف. فإذا بطل الوصية بكون ميراثا للورثة فلا يحل لغني و لا لفقير، خصوصا إذا كان في الورثة صغير.
“Бас, бундан маълум бўладики бизнинг замонамизда одатга айланган ишлар хилофсиз жоиз эмасдир. Қачонки юқоридаги каби васиятлар ботил бўлар экан, демак қолган мол ворисларники бўлади. Бас, шундай экан у мол бойга ҳам фақирга ҳам ҳалол бўлмайди. Айниқса, ворислар ичида ёшига етмаган сағирлар бўлса...”. (Расоили Биргивий. Жало ул-қулуб. 35/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳнинг ибораларидан тушунишимизча, у киши яшаб ўтган давр—бундан қариб беш аср олдин ҳам авом орасида ўлик чиққан куниёқ, ҳали мерос тақсим қилинмасдан туриб, унинг молини сарфлаш, таъзияга келганларга зиёфат бериш расм-русум тусида бўлган. У киши “Жалоул қулуб” асарида ворисларнинг иқтисодий аҳволидан қатъий назар мотамхонада худди тўй-валималар қиёфасида, қалин тўшаклару қимматбаҳо гиламлар билан ўрин хозирланиши, меҳмондорчиликнинг тўрида ҳатто аҳли илмлар жой олишларига ҳам алоҳида урғу бериб, бу ишлардан ташвиш билан шикоят қилади. У кишининг ҳикоя қилишича, ўша даврларда суннат билан бидъат аралашиб кетган ва одамлар маййит ортидан уч кун ичида зиёфат беришни вожиб ҳолига олиб чиқишган ҳам экан. Кунларнинг бирида ул зотдан савол сўраб бир йигит келади ва у кишидан: “Фарзандим вафот этди. Фақирлигим туфайли ўлган куни таом пишириб едиришни адо қилолмасдан иккинчи кунга суришга мажбур бўлдим, менга гуноҳи борми? ”—деб сўраган. Имом Биргивий раҳматуллоҳи алайҳ шу ҳолатлар ҳақида куюниб айтадики: “Буни қаранг, макруҳ амални қай даражада вожиб деб эътиқод қилмоқда-ю кечиктириб қўйганидан тараддудланмоқда... Ва ҳолбуки шариатимизда мубоҳ амални ҳам вожиб деб эътиқод қилмоқ макруҳдир! Булар эса макруҳни вожиб, деб билишмоқда!”. Имом Биргивийнинг бу сўзларини “Жало ул-қулуб” китоби 37-38 саҳифаларида ўқиш мумкин. Шунингдек, “Тариқат ул-Муҳаммадия”нинг шарҳи “Бариқат ул-Маҳмудия” (3/жилд. 255/Бет)да ҳам, Абу Саъийд Ходимий раҳматуллоҳи алайҳ имом Биргивийнинг “Жалоул қулуб”даги сўзларини нақл қилади. Ва яна Мавлоно Ражаб ибн Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ҳам айнан “Жалоул қулуб”даги сўзларни “Алвасилат ул-Аҳмадия”да зикр қилиб ўтган. (Алвасийлат ул-Аҳмадия 255/Б).
Бу ривоятларига қараганда, жоҳилят даврида мусибат кунлари ўлик ортидан дод солиб йиғлаш бор бўлгани каби, ўша кунларда тўпланиб таомхўрлик қилиш ҳам бор бўлган. Бироқ муқаддас Ислом жоҳилятнинг бу одатларини қабул қилмаган. Шунинг учун ҳам, Росулуллоҳ тарафдан: “Мендан кейин пайғамбар чиқса, шубҳасиз у Умар бўларди...”, деган мақтовга сазовор бўлган Умар розияллоҳу анҳу Жарир ибн Абдуллоҳга: “ўша ҳам навҳ (дод вой солиб йиғлаш каби жоҳилят одати)дир”, деганлар.
Суннат ҳомийлари томондан ҳарчанд ҳаракат қилинмасин, жоҳилятнинг бу расм-русумлари буткул йўқ бўлиб кетмаган. Авом орасида сақланиб қолаверган. Баъзи туркий халқларда ўлган куниёқ от, қўй сўйиб жанозага келганларга едириш одати ҳали хозиргача учраб туради. Ёш гўдаклар ўлганда унчалик аҳамият берилмасада, бироқ каттаёшлилар ўлганда албатта бирор жонлиқ сўйилиб жанозага келганларга едирилади.

Суннатни ўлдириб ўрнига чиққан бидъат

Саййид Муҳаммад ибн Алавий Моликий ҳазратларининг “Таҳқиқул амол фийма йанфаъул маййита минал аъмал” номли рисоласининг 103-104 бетларида келтирилган ибораларни ўқир экансиз қуйидаги хулосага келасиз:
Аслида суннат шу эдики, маййит чиққан хонадонга ўлган куни унинг қўшнилари, маҳаллодошлари ва бошқа яқин ақраболари томондан таом тайёрланиб, яқинидан жудо бўлиб мусибатга дучор бўлган маййит эгаларига едирилиши керак эди. Ҳа, асли суннат шу эди! Бу суннат шариатимизда айнан Росулуллоҳнинг муборак хонадонларидан бошлаб берилган эди. Ул зоти шариф аҳли аёлларига: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрлаб беринглар....”, деган ҳадисларида шу суннатни жорий қилган эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу тавсияларига кўра, саҳобалар орасида бу суннат олий бўлди. Маййитхона зиёфатлари бас қилинди, йўқ қилинди.
Аммо, афсуски бидъатчилар томондан эса, Росулуллоҳ суннати, саҳобалар одати ўлдирилди, йўқ қилинди. Унинг ўрнини маййитнинг таомини ейиш эгаллади. Маййитнинг қўшнилари, маҳалладошлари ва бошқа яқин ақраболари мусибат эгаларига таом едириш ўрнига унинг уйига кириб таомхўрлик қилишга ўтиб кетдилар. Шундай қилиб бир суннат ўрнини бир бидъат эгаллади...

Зиёфат ўрнига хоссатан фақирларга садақа қилса жоиз бўлади

Мусибат кунларида хайри-худойи қилишдан қайтарилган далилларнинг аксари умумий тарзда ифода қилинган бўлиб, унга кўра “ўлик эгалари уч кунгача маййит ортидан молиявий ибодат қилиб савобини бағишлай олмайди”, деган умумий хулоса чиқади. Лекин баъзи уламолар орада фарқ борлигини баён қилиб, зиёфат макруҳ аммо садақа қилиш дуруст эканини билдириб ўтганлар.
Жумладан, имом Фахруддин Қозихон раҳматуллоҳи алайҳ ўз фатво тўпламида шундай ёзади:
و إن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا اذا كانو بالغين  فان كان في الورثة صغير لم يتخذوا ذلك من التركة
“Агар, маййит меросхўрлари балоғат ёшида бўлиб, фақирларга хоссатан таом тарқатса, бу иши яхши бўлади. Мабодо ворислар ичида сағирлар бўлса, фақирларга тарқатиладиган таомни тарака (мерос қолган мол)дан тайёрланмайди”.(Фатавои Қозихон 3/ж. 306/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Имом Қозихон раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фатвоси “Фатавои Хония”, “Ҳиндия”ларда ҳам бор.
Мавлоно Ражаб ибн Аҳмад (р.а.) шунингдек, Абу Саъид Муҳаммад Ходимий (р.а.)лар имом Қозихоннинг “و إن اتخذ طعاما للفقراء كان حسنا” (фақирларга хоссатан таом тайёрласа яхши иш бўлади) деган иборасини изоҳлаб шундай дейди:
Имом Қозихоннинг бу сўзидан мурод—маййитхонага йиғилиб у ерда таомланиш эмас балки, фақирларнинг хонадонига таом юбориш бўлиши мумкин. Ҳа, юқоридаги хабар (Жарир ибн Абдуллоҳ нинг хабари)га мухолиф бўлиб қолишини ҳисобга олиб имом Қозихоннинг сўзи айнан фақирларга таом юбориш маъносида, ўликхонага жамланиш маъносида эмас—дейиш тўғрироқ бўлади. (ал-Бариқат ул-Маҳмудия. 3/Ж. 255/Б. Дор ул-хилофат ил-алия. 1318/Ҳж.)
Охирги асрларда Ҳиндистонда яшаб ўтган, юзлаб китоблар соҳиби, Ваҳҳобийларга кескин раддиялари билан машҳур бўлган фуруъотда ҳанафий, ақоидда мотуридий, тасаввуфда қодирий йўналишида, деб таърифланмиш имом Аҳмад Ризохон Барийлий раҳматуллоҳи алайҳ худди шу фатвога қуйидагича изоҳ беради:
“Агар ворислари ичида ёш сағирлар бўлса, ёки узоқ сафарда юрганлари бўлса ва улардан изн олинмаган бўлса, бу таомнинг ҳаромлиги жуда қаттиқдир. Бу етимнинг молини зулман ейиш, бировнинг молини ботил йўл билан истеъмол қилиш бўлади”, дейди ва Нисо сурасининг 10, Бақара сурасининг 188-оятларини эслатади. (Жалиюс-савт линаҳйид-даъва амом ал-мавт. 9/Б. Марказу аҳлис-сунна. Баракоти Ризо. 1309).

Узоқдан келганларни меҳмон қилса бўлади

Таъзияга келганларнинг ҳаммасига ош бериб зиёфат қилиш макруҳ бўлсада, инсоният ҳолини—заруратларини ҳамиша ҳисобга олиб келган пок шариатимиз узоқ ерлардан келган таъзиячиларни меҳмон қилишга рухсат беради.
Юқорида зикри ўтган ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ Ислом оламида мўътамад манбалардан бири “ал-Муғний” асарида келтирган ушбу қавли бунга яққол далил бўла олади:
و ان دعت الحاجة الي ذلك جاز. فانه ربما جاءهم من يحضر ميتهم من القري و الاماكن البعيدة و يبيت عندهم فلا يمكنهم ان لا يضيفوه
“Агар таом пиширишга ҳожат туғилса, у жоиз бўлади. Чунки кўпинча, маййитни йўқлаб узоқ қишлоқ ҳудудларидан одамлар келишади, уларнинг уйида тунаб қолишади. Уларни меҳмон қилмасликнинг имкони йўқ”. (ал-Муғний. 3/497 . Дору олам ил-кутуб. Риёд).
Машҳур ҳанафий фатво тўплами “Фатавои ҳиндийя”да шундай келтирган:
و لو اوصي باتخاذ الطعام للمأتم بعد وفاته و يطعم الذين يخضرون التعزية. قال الفقيه ابو جعفر: يجوز ذلك من الثلث و يحل للذين يطول مقامهم عنده و الذي يجيء من مكان بعيد يستوي فيه الأغنياء و الفقراء و لا يجوز للذي لا يطول مسافته و لا مقامه.
Агар ўлганидан кейин мотамхонада таом тайёрлаб, таъзияга келганларга едиришни васият қилса, бу масала ҳақида фақиҳ Абу Жаъфар (р.а.) шундай деган: “у васият, мерос қолган молнинг  учдан биридан амалга оширилса дуруст бўлади. Узоқ масофалардан келган ва мотамхонада узоқ туриб қолганларга бу таомдан ейиш ҳалол бўлаверади. Бунда бойлар ҳам фақирлар ҳам тенгдир. Лекин яқин масофадан келганлар ва тезда кетадиганларга у таомдан ейиш жоиз бўлмайди”.(Фатавои ҳиндия. Васият бўлими. 6/Ж. 95/Б. Матбаъат ул-кубро ал-Амирия. Миср. 1310 ҳж).
“Узоқдан келган”лар—деб кимга айтилади? Таъзияга келиб уйига қайтиб кетмоқчи бўлганлар ўша куни ўз уйида тунашга улугурмас даражада узоқ масофадан келган бўлса, шуларни узоқдан келган меҳмон—дейилади. (Расоили ибн Обидин. 7-рисола. Шифо ул-алил ва баллул-ғалил фи ҳукм ил-васияти бил-хатмот ват-таҳолийл. 182/Б ).

Таом едиришни васият қилиш

Энди, инсон вафот этишидан олдин: “менинг ортимдан ўлганимдан сўнг таом пишириб зиёфат беринглар”—деб васият қилсачи? Бунда ҳам худди узоқдан келган меҳмонларга мероснинг учдан биридан таом берилгани каби, ҳаммага ёппа зиёфат бериладими, ёки йўқ?
Бу саволнинг жавобини яна имом Муҳаммад ибн Бирали Биргивий раҳматуллоҳи алайҳдан тўлиқ олиш мумкин. У киши  “Жало ул-қулуб” да шундай дейди:
و لا يوصي باتخاذ الطعام بعد موته و إن إعتادها اهل زماننا فإنها باطلة ايضا. قال في الخلاصة: رجل اوصي بأن يتخذ الطعام بعد موته ليطعم الناس ثلاثة ايام، فالوصية باطلة علي الاصح.
و عن الشيخ الامام ابي بكر البلخي: رجل اوصي بأن يتخذ الطعام بعد موته للناس ثلاثة ايام قال: فالوصية باطلة.
Ўлгандан кейин таом тайёрлашларини васият қилинмайди. Агарча замонамиз аҳолиси бунга одатланиб кетган бўлса ҳам барибир! Чунки, бундай васият ботил (аҳамиятсиз)дир. “Хулоса”да айтган: бирон киши ўлганидан кейин, инсонлар учун уч кун таом тайёрлашларини васият қилган бўлса, бу васият асаҳҳ қавлга кўра аҳамиятсиздир.
Шайх имом Абу Бакр Балхийдан ривоят қилинган: Бирон киши ўлганидан кейин одамларга уч кун таом едиришни васият қилса, бас унинг васияти ботилдир! (Расоили Биргивий. Жало ул-қулуб. 35/Б. Дор ул-кутуб ил-илмия. Байрут. 1971).
Шу ўринда ҳақли савол туғилади:
Имом Биргивийнинг хулосаси бўйича, ўлган кунида таом пишириб едиришни васият қилса, бу васият ботил бўларкан. Бироқ, бу фақиҳ Абу Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган ушбу “Агар ўлганидан кейин мотамхонада таом тайёрлаб, таъзияга келганларга едиришни васият қилса, бу масала ҳақида фақиҳ Абу Жаъфар (р.а.) шундай деган: “у васият, мерос қолган молнинг  учдан биридан амалга оширилса дуруст бўлади.”—деган қавлга мос келмаяптику?
Бу номувофиқликни шайх ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ “Танвир”дан нақл қилиб, қуйидагича изоҳлаб берганлар:
ان القول بالبطلان مقيد بما يحضر فيه النايحات، ثم علي القول بالجواز بشرطه انما يحل الاكل لمن يطول مقامهم عنده و لمن يجيء من مكان بعيد دون من سواهم و يستوي فيه الاغنياء و الفقراء كما في الخانية
“Васият ботил бўлади”—деган қавл ноиҳалар қатнашган йиғинларга тегишлидир. “Жоиз бўлади”—деган қавлга келсак, бу ўликхонада узоқдан келган ва кўпроқ қолиб кетадиганларга ҳалол бўлади, бошқаларга эмас. Узоқдан келганлар бой бўладими? Ёки фақир бўладими? Буларнинг барига тенг ҳалол бўлаверади. “Хония”да ҳам шундай дейилган. (Расоили ибн Обидин. 7-рисола. 182-Б).

Ҳожи Ҳиндистоний домланинг бу ҳақда айтганлари

Шу мавзеда ўрта осиё аҳолиси ичида Исломнинг кенг ёйилишида беқиёс ҳисса қўшган, улуғ устоз ҳазрат Мавлавий Ҳожи Ҳиндистоний раҳматуллоҳи алайҳнинг мухлислари томондан тасмага ёзиб олинган бир суҳбатини эслаб ўтиш ўринли.
Биламизки, ул зот ўз даврининг етук алломаси бўлган. Кўплаб олимларни тарбиялаб Ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган. Ҳазрат Мавлавий домланинг бугунги кунда тиллоларга топилмас панд-насиҳатлари, таъсирли мавъизалари агарча қоғозга туширилмаган бўлсада, у кишининг жуда кўп му


3 йил аввал 7461 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Азанинг муддати
Аза муддати уч кундир. Уламолар бунга Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар:  لاَ يَحِل لاِمْرَأَةٍ تُؤْمِنُ давоми...
5 йил аввал 6786 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жасадни бошқа юртга кўчириш
Ўлган одамнинг жони узилган шаҳарга ёки қишлоққа кўмиш мустаҳаб амалдир. Уни вафот топган жойидан бошқа бир жойга кўчиришни кўпчилик уламоларимиз макруҳ, деганлар ва бу ишнинг макруҳлигининг бир неча сабабларини давоми...
5 йил аввал 5391 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабр зиёрати одоблари
Авволо, ниятни тўғриламоқ, ихлос билан, холис Аллоҳ учун зиёрат қилиш лозим; Зиёрат пайтида таҳоратли бўлиш суннатдир; Қисқа муддат бўлса ҳам, дунё машғулотларини тарк этиб, охиратни ўйлаш; Зиёратгоҳда давоми...
3 йил аввал 4725 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрга белги қўйиш ёки бир жойга яқин қариндош-уруғларни бир жойга қўйиш
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон давоми...
3 йил аввал 4433 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қабрнинг сифати
 Қабр икки хил – кифоя қилгудек ёки мукаммал бўлади. «Кифоя қилгудек» деганимиз одам бўйининг ярмигача чуқурликда кавлангани бўлади. «Мукаммал»и эса одам бўйи баробар, узунлиги маййитнинг давоми...
3 йил аввал 5626 fiqh.uz