10-дарс. II-боб мол, мулк ва ақд.


Кириш қисмидан сўнг бир оз фиқҳий қоидалар ҳақида ҳам тушунча ҳосил қилиб олдик. Энди мол, мулк ва шартномалар ҳақида сўз юритамиз.

1-ФАСЛ.
МОЛ.

 

- Таърифи:
Мол деб – луғатда инсон эгалик қилиши мумкин бўлган ҳар бир нарсага айтилади. Шунга кўра ҳали мулк бўлмаган нарсалар луғатда мол саналмайди. Мисол учун ҳаводаги қуш, денгиздаги балиқ, ўрмондаги дарахт кабилар қўлга киритилмагунга қадар мол ҳисобланмас экан.
Шаръий истелоҳда эса ҳанафийлар молнинг таърифида шундай дейишади:
“Инсон табиати унга мойил бўладиган ва зарурат вақти учун сақлаб қўйиш имконияти бор нарсага мол дейилади”.
Моликийлар таърифида эса мол деб бировнинг мулкига тушган, эгаси уни шариат кўрсатмаси бўйича қўлга киритиб, ёлғиз ўзиники қилиб олган нарсага айтилади. Моликийлардан Ибн Арабий молни таърифлаб: “Унга тамаъ қилинадиган, одатда ва шаръан ундан манфаат олса бўладиган нарсага мол деб айтилади”,-дейди.
(Яъни шаръан манфаати йўқ нарсага мол дейилмайди).
Мисол учун чўчқа мусулмонларга манфаат бермайди ва шу билан бирга мусулмон одам чўчқани қўлга киритишни тамаъ ҳам қилмайди. Демак бу таърифга кўра ҳаром нарса мол ҳисобланмайди.
Қози Абдулваҳҳоб Бағдодийнинг таърифида:
“Мол қилиб олиш одатга кирган ва уни ўрнига эваз олиш мумкин бўлган нарсага мол”,- дейилади.
Шофеъийлар таърифида:
“Ундан манфаат олса бўладиган ва савдода қиймати бор нарсага мол”,- дейилади.
Ҳанбалийлар таърифида:
“Ундан ҳар қандай ҳолда ҳам мутлақ манфаат олиш мубоҳ бўлган нарсага мол”,- деб айтилади.
Ҳанафийлар таърифида мол бўлиши учун уни қўлга киритишни шарт қилиб қўйилмаяпти, балки мулк қилиб олиш имкони бўлсагина уни мол деб таърифланмоқда.
Шунга кўра уларнинг наздида очиқда эркин юрган ов ҳайвони ва ҳавода учиб юрган қуш ҳам мол ҳисобланади.
(Чунки бизнинг ҳанафий уламоларимиз молга таъриф беришмоқда, мулкка эмас. Осмонда учиб юрган қуш, денгиздаги балиқ каби нарсалар ҳали бир кишига мулк бўлмасада лекин улар мол дея эътибор қилинади).
Мулк қилиб олиш имкони бор ҳар қандай ҳалол нарса мол ҳисобланади. Лекин мулк қилиб олиш имконияти йўқ бўлган нарсалар ҳар қанча манфаатли бўлса ҳам мол ҳисобланмайди. Қуёшнинг нури ва ҳарорати ҳар қандай нарсадан кўра манфаатлироқ, лекин мулк қилиб олиш имконияти йўқлиги сабабли уни мол дейилмайди.
(Бу мулоҳазани бошқалар қилишмаган).
Ҳанафийлардан бошқа жумҳурнинг таърифини умумлаштириб айтадиган бўлсак мол деганда инсонлар орасида моддий қиймати бор, кенгчилик ва ихтиёрийлик ҳолатида (яъни танг ва мажбурлик ҳолида эмас) шаръан ундан манфаат олиш жоиз бўлган нарсага айтилади. Шунга кўра қиймати арзимаган бир дона буғдой, бир томчи сув ва олмани ҳидига ўхшаш нарсалар мол ҳисобланмайди.
(Ушбу таърифда ҳам эътибор берилса мулк қилиб олганлик шарт қўйилмаяпти. Жумҳурнинг мол ҳақидаги таърифларини умумлаштирилганда ҳанафийлар таърифи билан бир хил чиқмоқда).
Манфаатлар мол ҳисоланадими?
Манфаатлар деб ҳовлида туриш, кийимни кийиш, ҳайвонни (ёки машинани) минишга айтилади. Фуқаҳолар бунинг мол эканлиги хусусида ихтилоф қилишган. Ҳанафийларимиз манфаатни мол ҳисоблашмайди. Чунки манфаат бир кўриниш бўлиб икки замон ўтиши билан, яъни йўқлик кўламидан борлиқ кўламигача етиб келмай барбод бўлади. Лекин манфаатга эваз олаётган вақтдан у мол деб саналади.
(Демак манфаат уни мулк қилиб бўлмаслиги учун мол ҳисобланмайди, лекин манфаатга эваз олинганда мол ҳисобланади).
Худди ижарадагидек. Ушбу (манфаатни) эваз пайтида мол ҳисоблашлик истеҳсонга кўра бўлади. Қиёсга кўра эмас.
(Истеҳсон шаръий ҳукмларни олишда уламолар далиллигида ихтилоф қилган олтита далилнинг биридир).
Жумҳур уламоларимиз манфаатларни мол деб эътибор қилишади. Чунки манфаатни айнан ўзи унинг зоти қасд қилинмай, балки манфаатни қасд қилинса мол бўлади. Инсонларнинг урфи ҳам шунга биноандир. Агар манфаатларни мол деб эътибор қилинмаса, бировнинг мулкидан зулм билан фойдаланиш йўллари очилиб ҳуқуқлар зое бўлади.
Қарзлар мол ҳисобланадими?
Жумҳур фуқаҳоларимиз қарзни мол ўрнида кўришади. Аммо ҳанафийлар қарзларни ҳақиқий мол эмас, балки келажакда қўлга киритиладиган ҳукмий молдир дейишади.
Баъзилар сўрайди. Қарз ўзи молми ёки талаб қилинадиган ҳақ бўлиб келажакда молга айланадими? Албатта қарз ҳукмий мол дейилди, чунки у қўлга олингач молга айланади. Шунга кўра ҳанафийларнинг наздида қарз ноқис мулкиёт ҳисобланади. Яъни бировнинг қўлида турганда уни тасарруф қилиб бўмайди. Зоҳирийлар қарзни умуман мол дейишмай, чунки у бетаъйин, ишончсиз нарсадир. Шу билан бирга қарздор уни бермай юриши ёки умуман беролмайдиган аҳволга тушиб қолиши ва қарзини инкор қилишлиги каби эҳтимоллар бор. Хусусан қарз муддати кечиктирилса шу ҳолатлар бўлиши мумкин. Қарзнинг муддати қанча узоққа сурилса, унинг мулкияти ҳам ноаниқ бўлиб қолади, бориб-бориб бу мол қарз берувчиникими ёки олувчиникими, деган саволлар ҳам туғилади. Мол у қўлда турган пайтда аниқ мулкият ҳисобланиб, қарз эса эҳтимолий мулкиятдир.
МОЛНИНГ ТУРЛАРИ.
  Кўчмас мулк.
  Кўчадиган мулк.
Кўчмас мулк деб унинг асли мустаҳкам бўлган ўзгартириш ва кўчиришнинг имкони бўлмаган мулкка айтилади. Ерлар ва ҳовлилар кўчмас мулк жумласидандир.
Кўчар мулк деб унинг ҳар бирини ўзгартириш ва кўчириш мумкин бўлган мулкка айтилади. Нақд пуллар, тижорат моллари ва ҳайвонлар кўчар мулклар жумласидандир.
  Ўхшаши бор моллар
  Қиймати бор моллар.
Ўхшаши бор молларга бозорда унинг кабиси топилиб, саноғида фарқ қилмайдиган нарсалар, ўлчов асбобида ўлчанадиган, вазни тортиладиган, донаси сотиладиган моллар киради.
Қиймати бор моллар деб унинг кабиси бозорда топилмайдиган молларга айтилади. Турли ҳайвонлар, ҳовлилар, қўлда қилинган санъат асарлари, нодирлиги сабабли бозорда топилмайдиган асбоб-анжомлар, ишлаб чиқарилган машиналар қиймати бор моллар жумласига киради.
Мислий мол бир кишининг зиммасида қарз бўлиб туриши мумкин.
Қиямий мол эса қарз бўлиб турмайди. Мислий молни йўқотган одам тўловни ўзига ўхшаш мол билан амалга оширади.
(Яъни бир кишини буғдойини еб қўйган бўлса тўлашда буғдой билан тўлайди).
Қиямий молларни тўлашлик эса қиймат билан бўлади.
(Чунки қиямий молнинг ўхшашини топиб бўлмайди).
  Баҳоси бор мол;
  Баҳоси йўқ мол;
Ҳанафийлар наздида баҳоси бор мол деб кенгчилик ва ихтиёр ҳолатида ундан шаръан манфаат олишлик мубоҳ бўлган молга айтилади.
Баҳоси йўқ мол деб эса, торчилик ва мажбурият ҳолатидагина ундан манфаат олишлик мумкин бўлган молга айтилади. Мисол учун маст қилувчи ичимлик билан чўчқанинг шаръан қиймати йўқ.
(Булардан фақат мажбурият ҳолатидагина фойдаланиш мумкин. Бошқа пайтда на ўзидан ва на савдосидан фойда олиш дуруст эмас).
Аммо маст қилувчи нарса билан чўчқа аҳли зиммаларга нисбатан қиймати бор мол ҳисобланади. Баҳоси бор молга зулм билан талофат етказган киши тўлаб беради. Аммо қиймати йўқ молга талофат етказган киши зомин бўлмайди.
(Яъни бир мусулмон чўчқа боқаётган бўлса, чўчқани ўлдирган киши тўлаб бермайди, чунки уни мусулмонлар учун қиймати йўқ, аммо зиммийнинг (яъни мусулмон ўлкасида жизя тўлаб яшаётган ғайридиннинг) чўчқаси у учун қиймат касб қилади. Шунинг учун уни ўлдириб қўйган мусулмон киши уни қийматини тўлайди).
Яна қиймати йўқ моллар жумласига қўлга киритилмаган денгиздаги балиқ, осмондаги қуш, ўрмондаги дарахтлар ҳам киради.
(Қачонки буларни қўлга киритгач баҳоси бор молга айланади).


1 ўн йил аввал 6206 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6099 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 5997 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6338 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5135 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 5716 fiqh.uz