Таяммум қайси ҳолатларда жоиз бўлиши ("Кифоя" китобидан)


Сувнинг бир мил узоқда бўлиши, беморлик, совуқ, душман, чанқоқ, асбоб йўқлиги, аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда таяммум таҳорат ва ғуслга ўринбосар бўлади.

Демак, таҳорат ва ғуслнинг ўрнига таяммум қилишга шариат рухсат берадиган сабаблар асосан сув ишлатишга ожизлик ориз бўладиган қуйидаги ҳолатлардан иборат экан:

1. Сувнинг бир мил узоқда бўлиши.

Мусофирми, мусофир эмасми, шаҳарнинг ичидами, ташқарисидами – барибир, бир милгача масофада сув топа олмаса, таяммум қилишга рухсат. Бир мил 1848 метр ёки тўрт минг қадамга тенг бўлади.

Аллоҳ таоло ояти каримада:

 فَلَمْ تَجِدُواْ مَاء فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدًا طَيِّبًا

«Сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деган (Моида сураси, 6-оят).

2. Беморлик.

Таяммум қилишга рухсат берувчи оятда «Агар бемор бўлсангиз» дейилган.

Биров бемор бўлса-ю, сув ишлатиб таҳорат ёки ғусл қилганда ҳалокатга учраши, бирор аъзоси талафот кўриши, беморлиги зиёда бўлиши, чўзилиб кетиши, тузалиш кечга сурилиши кабилардан аниқ хавф бўлса, таяммум қилиши жоиз.

Бунда одатга ёки билимдон мусулмон табибнинг кўрсатмасига эътибор қилинади. Таҳоратдаги ювилиши фарз бўлган аъзоларнинг учтаси соғ бўлиб, биттасини ювиш зарар етказадиган бўлса, учта соғ бўлган аъзоларни ювиб, биттасига масҳ тортилади. Агар унинг акси бўлса, яъни юқоридаги уч аъзо касал бўлиб, биттаси соғ бўлса, таяммум жоиздир. Шунингдек, икки аъзо саломат бўлиб, икки аъзо жароҳатли бўлса, иккисини ювиб, иккисига масҳ тортилади.

3. Совуқ.

Қаттиқ совуқ туфайли жонига ёки бирор аъзосига зарар етишидан ёхуд бемор бўлиб қолишидан қўрққан одам сувни иситиш имконини топмаса, таяммум қилиши жоиз.

عَنْ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: احْتَلَمْتُ فِي لَيْلَةٍ بَارِدَةٍ فِي غَزْوَةِ ذَاتِ السَّلَاسِلِ، فَأَشْفَقْتُ أَنْ أَغْتَسِلَ فَأَهْلِكَ، فَتَيَمَّمْتُ ثُمَّ صَلَّيْتُ بِأَصْحَابِي الصُّبْحَ، فَذَكَرُوا ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا عَمْرُو، صَلَّيْتَ بِأَصْحَابِكَ وَأَنْتَ جُنُبٌ؟» فَأَخْبَرْتُهُ بِالَّذِي مَنَعَنِي مِنَ الْاِغْتِسَالِ وَقُلْتُ: إِنِّي سَمِعْتُ اللهَ يَقُولُ:   وَلاَ تَقْتُلُواْ أَنفُسَكُمْ إِنَّ اللّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا، فَضَحِكَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَلَمْ يَقُلْ شَيْئًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ. 

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот:

«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар.

Мен ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини у зотга айтдим ва:

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта меҳрибондир», деганини эшитганман», дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

4. Душман хавфи.

Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одам сув олишга борганда душман унга зарар етказиши хавфи бўлса, таяммум қилади. «Душман»га йиртқич ҳайвонлар ҳам қўшилади.

5. Чанқоқ хавфи.

Агар ўзида бор сувга таҳорат ёки ғусл қилса, кейинчалик ўзи ёки шериклари чанқоққа қолиш хавфи бўлса ҳам, таяммум қилиш жоиз.

6. Асбоб йўқлиги.

Таҳорат ёки ғусл қилиши лозим бўлган одамнинг яқинида сув бор. Аммо ўша сувни олиш учун асбоб йўқ. У ҳам суви йўқ одамнинг ҳукмига киради ва таяммум қилиши жоиз бўлади.

7. Аввалбошдан ёки давом эттириш ила ийд намози ёки валийдан бошқага жаноза намози каби ўринбосари йўқ нарсанинг ўтиб кетиши хавфи туфайли сув ишлатишдан ожиз бўлганда.

Ийд намози ўтиб кетса, уни қазо қилиб ўқиб бўлмайди. Ёки унинг ўрнига бошқа бирор ибодат жорий қилинмаган. Шунинг учун таҳоратсиз одам таҳорат қилгунича намоз тугаб қолишидан қўрқса, таяммум қилиб, ийд намозига қўшилади.

Агар ўликнинг валийси (эгаси) жаноза намозига кеч қолса, у таҳорат қилгунича кутиб турилади. Аммо ўлганга валий бўлмаган одам кеч қолса, уни кутилмайди. Шунингдек, жаноза намозини қазо қилиб ҳам бўлмайди. Бинобарин, валий бўлмаган одам сув топиб, таҳорат қилгунича жаноза намози ўтиб кетишидан қўрқса, таяммум қилиб, намозга тураверади.

وَرَوَى ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالطَّحَاوِيُّ وَالنَّسَائِيُّ عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَالَ: إِذَا خِفْتَ أَنْ تَفُوتَكَ الْجِنَازَةُ وَأَنْتَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمْ.

 Ибн Абу Шайба, Таҳовий ва Насоий қилган ривоятда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деганлар:

«Қачонки жаноза ўтиб кетишидан қўрқсанг ва таҳоратинг бўлмаса, таяммум қил».

وَرَوَى الْبَيْهَقِيُّ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ أُتِيَ بِجِنَازَةٍ وَهُوَ عَلَى غَيْرِ وُضُوءٍ فَتَيَمَّمَ وَصَلَّى عَلَيْهَا.

Имом Байҳақий қилган ривоятда:

«Ибн Умарга бир жаноза келтирилди. Унинг таҳорати йўқ эди. Шунда таяммум қилиб, жаноза ўқиди», дейилган.

Имом Дора Қутний мазкур икки саҳобийнинг ийд намозида ҳам худди шундай қилганларини ривоят қилган.

Энди таяммумни қандай қилишни ўрганайлик.

У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарба юзга масҳ тортиш учун, яна бир зарба эса икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш учун.

Таяммум қилмоқчи бўлган одам енгини тирсакларидан юқоригача шимаради. Икки қўлини тупроққа ёки ер жинсидан бўлган нарсага уриб, юзига суртади. Икки қўлини иккинчи марта уриб, аввал чап қўлининг кафти ила ўнг қўлини чиғаноқлари билан қўшиб масҳ қилади. Кейин ўнг қўлининг кафти ила чап қўлига чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортади.

Энди далилларга ўтайлик.

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

 فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدًا طَيِّبًا فَامْسَحُواْ بِوُجُوهِكُمْ وَأَيْدِيكُم مِّنْهُ

 «Покиза тупроқ ила таяммум қилинг. Бас, ундан юзларингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг», деган (6-оят).

جَاءَ رَجُلٌ إِلَى عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فَقَالَ: إِنِّي أَجْنَبْتُ فَلَمْ أُصِبِ الْمَاءَ، فَقَالَ عَمَّارُ بْنُ يَاسِرٍ لِعُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ: أَمَا تَذْكُرُ إِذْ كُنَّا فِي سَفَرٍ أَنَا وَأَنْتَ، فَأَمَّا أَنْتَ فَلَمْ تُصَلِّ وَأَمَّا أَنَا فَتَمَعَّكْتُ وَصَلَّيْتُ، فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: «إِنَّمَا كَانَ يَكْفِيكَ هَكَذَا، فَضَرَبَ بِكَفَّيْهِ عَلَى الْأَرْضِ وَنَفَخَ فِيهِمَا ثُمَّ مَسَحَ بِهِمَا وَجْهَهُ وَكَفَّيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 «Умар ибн Хаттобнинг ҳузурига бир одам келиб:

«Мен жунуб бўлиб қолиб, сув топа олмадим», деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн Хаттобга:

«Эслайсанми, сен билан мен сафарда бўлган эдик. Сен намоз ўқимаган эдинг. Мен эса тупроққа юмаладим-да, намоз ўқидим. Кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, сенга мана бунинг ўзи кифоя қилар эди», деб, икки кафтларини ерга урдилар ва уларга пуфладилар. Сўнгра уларни юзлари ва икки қўлларига суртдилар», деди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисдан жунуб одам ҳам таяммумни таҳорати йўқ одам таяммум қилгани каби қилиши кераклиги келиб чиқади.

...ер жинсидан бўлган ҳар бир пок нарсага гарчи (уларнинг) чанги бўлмаса ҳам урилади.

Уламоларимиз: «Тилла ва кумушга ўхшаш оловда эрийдиган ва юмшайдиган ҳамда куйиб кул бўладиган нарса ер жинсидан эмасдир», деганлар.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, тупроққа, чангга, тошга, оҳакка, оҳактошга, сурмага таяммум қилса бўлади ва ер жинсидан бўлган бирор нарсага бир неча киши бир неча бор таяммум қилиши жоиз. Яъни таяммум қилинган нарса таҳоратдан қолган сув каби мустаъамалга айланмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فُضِّلْتُ عَلَى الْأَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ: أُعْطِيتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ، وَنُصِرْتُ بِالرُّعْبِ، وَأُحِلَّتْ لِيَ الْغَنَائِمُ، وَجُعِلَتْ لِيَ الْأَرْضُ طَهُورًا وَمَسْجِدًا، وَأُرْسِلْتُ إِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً، وَخُتِمَ بِيَ النَّبِيُّونَ . رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бошқа набийлардан олти нарса ила афзал қилиндим. Менга жамловчи калом берилди. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. Мен билан набийлар тугатилди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Тупроққа имкони бўлатуриб, намозни адо этиш нияти билан чангга таяммум қилса бўлади.

Яъни қўлини кўрпагами, кийимгами ёки шунга ўхшаган бошқа нарсаларгами уриб, улардан кўтарилган чангга таяммум қилса бўлади.

Ўзи ибодат бўлиб, унга таҳорат шарт бўлган амал учун таяммум қилинса, у билан намоз ўқиш дурустдир. Лекин иккисидан бири топилмаса, яъни ўзи ибодат бўлиши ва унга поклик шарт бўлмаслиги, масалан, ўзи ибодат, лекин таҳорат шарт бўлмаган Қуръонни ёддан тиловат қилиш каби ёки ўзи ибодат эмас, лекин таҳорат шарт бўлган Қуръон ушлаш каби бўлган амал учун таяммум қилинса, у билан намоз ўқиса бўлмайди.

Таяммумнинг нияти тўғри бўлиши учун бетаҳоратликдан покланишни, намоз ўқишни ўзига мубоҳ қилишни исташ ва таҳоратсиз адо этиб бўлмайдиган намоз, тиловат саждаси, жаноза намози каби аниқ бир ибодатни ният қилиш лозим. Агар фақат таяммумнинг ўзини ният қилинса, у билан намоз ўқиб бўлмайди. Шунингдек, масжидга кириш ёки Мусҳафни ушлаш ниятида қилинган таяммум ила намоз ўқиб бўлмайди.

Жунуб одам Қуръон қироати учун таҳорат ниятида таяммум қилса, у билан намоз ўқиса бўлади.

Бунинг далили:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир! Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади», деган ҳадислари.

Уни вақт киришидан ва шерикдан сув сўрашдан олдин қилса ҳам дуруст бўлади.

Чунки таяммум ҳақида келган оят ва ҳадисларда вақт шарт қилинмаган.

Шерикдан сув сўраш эса бировнинг мулкини сўрашдир.

Битта таяммум ила истаганича намоз ўқийверади.

Фарзми, қазоми ёки нафлми – барибир.

Таяммумни унинг аслини (таҳорат ва ғуслни) синдирадиган нарса ва кишининг покланишга кифоя қиладиган сувга қодир бўлиши синдиради.

Яъни таҳоратни синдирувчи нарсалар таяммумни ҳам синдиради. Шу билан бирга, таяммум қилган одам покланиш учун сув ишлатиш имконини топиши билан таяммуми синади. Энди у сув билан таҳорат ёки ғусл қилиши вожиб бўлади.

Муртад бўлиши синдирмайди.

Яъни таяммум қилган одам муртад бўлиб, қайта Исломга кирса, таяммуми синмайди.

Сув топишдан умиди бор киши учун намозни охирги вақтида ўқиши мандубдир.

Чунки сув ила қилинган таҳорат афзалдир. Бу худди жамоат билан намоз ўқимоқчи бўлган одамга ўхшайди. Унга ҳам жамоат йиғилишини кутиш мақсадида намозни охирги вақтига кечиктириб ўқиш мандуб бўлади. Лекин ўта кечиктириб кароҳият вақтига тақаб юбормайди.

Агар яқин жойда сув борлигини тахмин қилса, уни бир камон ўқи етадиган масофагача қидириши вожибдир.

Камон ўқи етадиган жой энг қисқа масофадир. У 184,8 метр. Имом Косоний: «Бир милгача (1848 метргача) сув излаши керак», деганлар.

Юкида сув борлиги эсига тушиб қолса, намозни қайта ўқимайди.

Таяммум билан намоз ўқиганидан кейин юклари орасига ўзи ёки биров сув қўйгани эсига тушиб қолса имоми Аъзам ва имом Муҳаммаднинг наздида намозни қайта ўқимайди. Аммо юкига сув қўйилганидан тамоман бехабар бўлса, намозни қайта ўқимаслигига ҳамма иттифоқ қилган.

Юкидаги сув тугаган, деган гумон билан таяммум қилган бўлса, кейин сув борлиги аён бўлса, намозни қайта ўқийди.

Таяммумнинг шартлари:

1. Ният қилиш.

 Яъни таяммум қилишни қалбига тугиш. Ниятнинг вақти қўлини таяммум қиладиган нарсага уриш пайтидир. Ният тўғри бўлиши учун Исломда бўлиш, оқ-қорани ажратиш ва ният қилаётган нарсаси нималигини билиш шарт. Бир киши ўзи таяммум қилиши дуруст бўлгани каби, бошқани ҳам таяммум қилдириб қўйиши жоиз. Лекин таяммум қилдиришдан олдин ўзи ҳам ният қилиши лозим.

2. Таяммумга сабаб бўла оладиган узр бўлиши.

Улар: сувдан бир мил ва ундан узоқда бўлиш, беморлик ёки бемор одамнинг яқинида сув бўла туриб, таҳорат қилдирадиган кишининг йўқ бўлиши, қаттиқ совуқ, душман ёки йиртқич ҳайвонлар хавфи, чанқоқ хавфи, сув кам бўлиб, уни таомга ишлатиш эҳтиёжи, сув олиш асбоби йўқлиги, жаноза ва ийд намозининг ўтиб кетиш хавфи кабилар.

3. Ер жинсидан бўлган пок нарсага таяммум қилиш.

4. Таяммумда масҳ қилиниши лозим бўлган жойларнинг ҳаммасига масҳни етказиш.

5. Масҳни қўлнинг ҳаммаси ёки кўп қисми ила қилиш. Агар икки бармоқ билан масҳ қилинса, таяммум тўғри бўлмайди.

6. Қўлни таяммум учун урганда кафтларнинг ичи билан уриш.

7. Шам ва унга ўхшаш терини масҳдан тўсадиган бошқа нарсаларнинг бўлмаслиги.

Таяммумнинг суннатлари:

1. Бошлашда «Бисмиллаҳ»ни айтиш.

2. Икки қўлни ерга уриш.

3. Чанг кириши учун бармоқларнинг орасини кенг очиш.

4. Сўнг қўлларни бир-бирига уриб, чангини қоқиш.

5. Ўнг қўлни чап қўлнинг кафтига қўйиб, кафтдан бошлаб чиғаноққача қўлнинг устига масҳ тортиш, сўнг чиғаноқдан кафтга қараб қўлнинг пастига масҳ тортиш. Чап қўл учун ҳам шундай тартибда масҳ тортиш.

6. Тартиб билан қилиш.

7. Таяммумдаги амалларни кетма-кет, бир-бирига улаб қилиш.

Таяммумнинг макруҳлари:

1. Унинг суннатларидан бирортасини тарк қилиш.

2. Масҳни такрорлаш.

Таяммумни синдирадиган ва ботил қиладиган нарсалар:

1. Аввал ҳам айтилганидек, таҳоратни синдирадиган нарсаларнинг барчаси таяммумни ҳам синдиради.

Жунубликдан покланиш учун таяммум қилган бўл­са-ю, кейин таҳорати кетса, кичик нопоклик етади.

2. Таяммум қилишга омил бўлган узрнинг завол бўлиши. Мисол учун, душманнинг қайтиб кетиши, беморнинг тузалиши, совуқнинг йўқолиши кабилар. Гарчи узрларнинг бири кетиб, бошқаси пайдо бўлса ҳам.

3. Сув кўриниб қолиши ёки уни ишлатишга имкон топилиши. Агар таяммум билан намоз ўқиётган шахс сувни кўриб қолса, таяммуми синади.

Таҳорат қилиш учун сув, таяммум қилиш учун тупроқ ёки бошқа ер жинслари топа олмаган киши намозхонга ўхшаб рукуъ ва сажда қилади, лекин ният ва қироат қилмайди. Сув ёки тупроққа қодир бўлганида намозни қайта ўқийди.

Икки қўл ва оёғи қирқилган кишининг юзида яраси бўлса, таҳорат ҳам, таяммум ҳам қилмай намоз ўқийверади.

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
4 йил аввал 8577 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
4 йил аввал 9962 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
4 йил аввал 7197 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
4 йил аввал 5524 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
4 йил аввал 11014 fiqh.uz