Таровеҳ намози ҳақидаги фасл


 Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. «Таровеҳ» сўзи «роҳат-истироҳат» деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.
«Мухтасари Виқоя»да бу намоз ҳақида қуйидагилар келган:

وَسُنَّ التَّرَاوِيحُ قَبْلَ الْوِتْرِ أَوْ بَعْدَهُ، وَعَلَى كُلِّ تَرْوِيحَةٍ جِلْسَةٌ بِقَدَرِهَا. وَسُنَّ الْخَتْمُ مَرَّةً، وَلَا يُتْرَكُ لِكَسَلِ الْقَوْمِ، وَلَا يُوتِرُ بِجَمَاعَةٍ خَارِجَ رَمَضَانَ  

Витрдан олдин ёки кейин таровеҳ суннатдир. Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг миқдорича ўтириш бордир. Бир марта хатм қилиш суннатдир. Қавмнинг дангасалиги туфайли уни тарк қилинмайди. Рамазондан ташқарида витрни жамоат билан ўқилмайди. 
Бунинг энг кучли далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُرَغِّبُ فِي قِيَامِ رَمَضَانَ مِنْ غَيْرِ أَنْ يَأْمُرَهُمْ بِعَزِيمَةٍ، وَيَقُولُ: «مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:
«Ким Рамазонда иймон ва савоб умиди билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: خَرَجَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْلَةً مِنْ جَوْفِ اللَّيْلِ فَصَلَّى فِي الْمَسْجِدِ، وَصَلَّى رِجَالٌ بِصَلَاتِهِ، فَأَصْبَحَ النَّاسُ فَتَحَدَّثُوا، فَاجْتَمَعَ أَكْثَرُ مِنْهُمْ، فَصَلَّى فَصَلَّوْا مَعَهُ، فَأَصْبَحَ النَّاسُ فَتَحَدَّثُوا، فَكَثُرَ أَهْلُ الْمَسْجِدِ مِنَ اللَّيْلَةِ الثَّالِثَةِ، فَخَرَجَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَصَلَّى فَصَلَّوْا بِصَلَاتِهِ، فَلَمَّا كَانَتِ اللَّيْلَةُ الرَّابِعَةُ عَجَزَ الْمَسْجِدُ عَنْ أَهْلِهِ حَتَّى خَرَجَ لِصَلَاةِ الصُّبْحِ، فَلَمَّا قَضَى الْفَجْرَ أَقْبَلَ عَلَى النَّاسِ فَتَشَهَّدَ ثُمَّ قَالَ: أَمَّا بَعْدُ، فَإِنَّهُ لَمْ يَخْفَ عَلَيَّ مَكَانُكُمْ، وَلَكِنِّي خَشِيتُ أَنْ تُفْتَرَضَ عَلَيْكُمْ فَتَعْجِزُوا عَنْهَا». فَتُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالْأَمْرُ عَلَى ذَلِكَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча тун ярмида чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Кишилар у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқишди. Одамлар тонг оттиргач, (буни) гапиришди. Натижада (кечқурун) улардан ҳам кўпчилик жамланиб, у зот билан бирга намоз ўқишди. Одамлар тонгда туриб, (буни) гапиришди. Натижада учинчи кеча масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. (Одамлар у зотнинг) намозларига эргашиб намоз ўқишди. Тўртинчи кечада масжид ўз аҳлини сиғдиролмай қолди. Ниҳоят, у зот тонгги намозга чиқиб, бомдодни адо қилиб бўлгач, одамларга юзланиб, шаҳодат айтдилар. Сўнг: «Аммо баъд: Албатта, сизларнинг бу ерда турганингиз менга махфий эмас эди. Лекин бу сизларга фарз қилинса, кейин уни (адо этишдан) ожиз қолишингиздан қўрқдим», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш шу ҳолда эди».
Учовлари ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар ва барча Ислом уммати бу намознинг шаръийлигига ижмоъ қилганлар.

 عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَبْدٍ الْقَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجْتُ مَعَ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْهُ لَيْلَةً فِي رَمَضَانَ إِلَى الْمَسْجِدِ، فَإِذَا النَّاسُ أَوْزَاعٌ مُتَفَرِّقُونَ، يُصَلِّي الرَّجُلُ لِنَفْسِهِ، وَيُصَلِّي الرَّجُلُ فَيُصَلِّي بِصَلَاتِهِ الرَّهْطُ، فَقَالَ عُمَرُ: إِنِّي أَرَى لَوْ جَمَعْتُ هَؤُلَاءِ عَلَى قَارِئٍ وَاحِدٍ لَكَانَ أَمْثَلَ. ثُمَّ عَزَمَ فَجَمَعَهُمْ عَلَى أُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ، ثُمَّ خَرَجْتُ مَعَهُ لَيْلَةً أُخْرَى وَالنَّاسُ يُصَلُّونَ بِصَلَاةِ قَارِئِهِمْ، قَالَ عُمَرُ: نِعْمَ الْبِدْعَةُ هَذِهِ، وَالَّتِي يَنَامُونَ عَنْهَا أَفْضَلُ مِنَ الَّتِي يَقُومُونَ. يُرِيدُ آخِرَ اللَّيْلِ، وَكَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ أَوَّلَهُ

Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимоқда-ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти. Шунда Умар:
«Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди. Умар:
«Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт (тунда) қоим бўладиган пайтларидан афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида қоим бўлишар эди».
Бухорий ривоят қилган.
Ҳазрати Умарнинг бу ишларига саҳобалардан ва мусулмон умматидан бирор киши ҳам қарши чиқмаган.

 عَنِ الْعِرْبَاضِ بْنِ سَارِيَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Ирбоз ибн Сорийадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг суннатимни ва мендан кейин муқтадий рошид халифаларнинг суннатини лозим тутинг», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ҳазрати Умарнинг қилган бу ишлари ҳақида сўралганда:
«Таровеҳ – суннати муаккададир. Уни Умар ўзидан чиқарган эмас. У бу ишда бидъатчи эмас. Унинг асли бор бўлгани учун амр қилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аҳд бўлган», деганлар.

Витрдан олдин ёки кейин таровеҳ суннатдир.

Таровеҳ намози Рамазонда, хуфтон намозидан кейин, витр намозидан олдин ўқилади. У йигирма ракъатдан иборатдир.

عَنْ يَزِيدَ بْنِ رُومَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّاسُ يَقُومُونَ فِي زَمَانِ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ فِي رَمَضَانَ بِثَلَاثٍ وَعِشْرِينَ رَكْعَةً

Язийд ибн Румон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттобнинг замонида одамлар йигирма уч ракъат ила қоим бўлар эдилар».

Йигирмаси таровеҳ, учтаси витр.

Таровеҳ йигирма ракъат бўлишига саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар.
Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг миқдорича ўтириш бордир.
Худди мана шу ўтириш «тарвийҳа» дейилади ва таровеҳ намозининг номи шу сўздан олингандир. Ушбу ўтириш пайтида ҳар юртнинг одамлари ўзларига одат бўлиб қолган тасбеҳ ва таҳлиллардан ўқишади.

Бир марта хатм қилиш суннатдир.

Рамазондаги таровеҳ намозида Қуръонни бир марта хатм қилиш суннатдир.

 عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَجْوَدَ النَّاسِ بِالْخَيْرِ، وَكَانَ أَجْوَدُ مَا يَكُونُ فِي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَلام يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍ فِي رَمَضَانَ حَتَّى يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْهِ النَّبِيُّ الْقُرْآنَ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ، فَإِذَا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَلامكَانَ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ الْمُرْسَلَةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, у билан Қуръон ўқир эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар», дейилган.
Икки шайх ривоят қилишган.
Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссаломнинг ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олишлари у зотнинг умматлари учун ўрнакдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон шахс ҳам Рамазонда Қуръони Каримни камида бир марта назардан ўтказиб олиши лозим. Рамазонда хатм қилиш шундан олинган.
Уч кундан кам муддатда хатм қилиш макруҳдир. «Сунан» соҳиблари ривоят қилган ва Термизий саҳиҳ, деган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга: «Ким уни уч кундан озда ўқиса, уни англамайди», деганлар.

Қавмнинг дангасалиги туфайли уни тарк қилинмайди.

Хатми Қуръонни суннат сифатида қилинаверади. Малол кўрганлар хоҳламаса, иштирок этмай қўяверадилар. Савоб умидида бўлганлар иштирок этаверадилар.

Рамазондан ташқарида витрни жамоат билан ўқилмайди.

Витрни фақатгина Рамазонда жамоат билан ўқилади.

 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Балоғатга етган ўғил отасига тобеъдир
Балоғатга етган ўғил отасига итоат қилиб, хизматини қилиб юрган бўлса, сафарда ва ҳазарда отанинг нияти эътиборга олинади.  التَّابِعُ كَالْمَرْأَةِ مَعَ давоми...
9 йил аввал 7268 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
«Бадойеъ ас-санойеъ»дан «Китоб ал-истеҳсон»
Бу китоб баъзан “Китоб ал-Ҳазар ва-л-ибоҳат” ва баъзан “Китоб ал-Кароҳат” деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап боради: а) Китоб исми маъносининг давоми...
9 йил аввал 6759 Ҳусайнхон Яҳё
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бароат кечаси
 Шарафли шаъбон ойида фазилати улуғ ва муборак бир кеча бор. عَن عَطاء بن يَسار قَالَ: ما مِن لَيلَةٍ بَعدَ لَيلَةِ القَدرِ أَفضَلُ مِن لَيلَةِ النِّصفِ مِن شَعبانَ يَنزِلُ الله давоми...
9 йил аввал 45525 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Васила ва дуо
Муҳим тортишувли масалалардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва дин пешволари ҳамда солиҳ амалларни васила қилиш борасидаги масаладир.Тавассул луғатда яқинлашиш, васила эса мақсадга олиб боришга давоми...
8 йил аввал 27045 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тааввузни айтиш
Тааввуз – деб, луғатда “Паноҳ сўраш”га айтилади. Истилоҳда эса “Аъзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” дейишга айтилади. Аллоҳ таоло “Наҳл” сураси 98-оятида марҳамат қилади давоми...
8 йил аввал 8819 fiqh.uz