35-боб. Ҳар бир ошланган тери покдир
Ибн Хузайма «Саҳиҳ»ида ривоят қилган. Ҳоким саҳиҳ деган. Байҳақий «Сунан»ида ривоят қилиб, саҳиҳ деган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мешдан таҳорат олмоқчи бўлдилар. У зотга: «У ўлимтикдан (ўлимтикнинг терисидан ясалган)», дейишди. Шунда у зот: «Ошлаш уни нопоклигини (ёки нажаслигини ёки ифлослигини) кетказади», дедилар».
Икки саҳиҳ тўпламда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Маймуна розияллоҳу анҳонинг мавлосига бир қўй садақа қилинган эди. Ўша қўй ўлиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдидан ўтаётиб, «Бунинг терисини олиб, ошламайсизларми?» дедилар. – Муслим: «ундан фойдаланавермайсизларми?» дедилар» деб қўшимча қилган – «Ахир бу ўлимтик-ку?» дейишди. Шунда у зот: «Уни ейиш ҳаром, холос», дедилар». Дорақутний: «Сув ва салам дарахтининг* баргида уни поклайдиган нарса бор эмасми?» дедилар» деган жумлани қўшимча қилган.
Бошқа бир лафзида: «Сизларга унинг (ўлимтикнинг) гўшти ҳаром қилинган, холос. Унинг териси(дан фойданиш)га эса рухсат берилган» деган жумла қўшимча қилинган.
Яна бир лафзида: «Унинг ошланиши покланишидир»ни қўшимча қилинган. Дорақутний бу лафзларни Маймунадан ривоят қилиб «Бу санадларнинг барчаси саҳиҳдир», деган.
* Салам дарахти чўл акацияси.
Имом Бухорий «Қасамлар» китобида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Савда розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Бир қўйимиз ўлиб қолган эди, унинг терисини ошлаб олдик. Кейин унда набиз тайёрлайверганимиздан эскириб кетди» («Шарҳун-Ниқоя»).
Қуёшда тоблаш билан ёки тупроқ билан ошлаш мумкинлигига далиллар
Дорақутний Маъруф ибн Ҳассондан, у Умар ибн Заррдан, у Убодадан, у эса Оиша розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай деган:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ўлимтикнинг терисидан фойдаланаверинглар, агар у тупроқ ёки қум ёки туз билан ошланса ёки (фойдаланишга) яроқли қилинса». Лекин Абу Ҳотим ва Ибн Адийлар ровий Маъруфни (ривоятларини) рад қилишиб, «У мажҳулдир», дейишган.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ Аммордан, у Иброҳимдан ривоят қилади:
«Терини бузилишдан сақлаб қоладиган ҳар қандай нарса ошлаш ҳисобланади. Тупроққа белаш, қуёга тоблаш терининг сасиши ва бузилишининг олдини олади. Тери шу йўл билан ошланади ва покланади».
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади