Мерос тақсимоти – Аллоҳнинг ҳаққи


Бандаларига меросни Ўзи тақсим қилиб, васиятлар ишини тартибга солган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Сиз билан биз умматларига мерос илмини ўргатиб, васият масаласини амалда кўрсатган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга битмас-туганмас саловоту дурудлар бўлсин. 

Ислом дини адолат ва тенглик асосига барпо қилинган. Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир буйруқ ёки қайтарган ҳар бир қайтариқда У Зотнинг адолати ва бандалар манфаатини кўрамиз. У Зот жорий қилган барча ҳукмларда бандаларнинг икки дунё бахт-саодати ётади. Жумладан, мерос борасидаги ҳукмларни ҳам чуқур ўрганар эканмиз, ушбу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўламиз. Ушбу мақолада бугунги кунимизда мерос ҳукмларига бўлган муносабат ҳамда оилаларда унга нечоғлик амал қилинаётгани ҳақида сўз юритмоқчимиз. Албатта, бу ҳақда сўз юритишдан олдин тарихга бир назар солсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Исломдан олдинги ҳолатлар ва Исломдан кейинги ўзгаришлар ҳамда бугунги кундаги воқеъликларни қиёсласак, мавжуд тафовут яққол кўзга ташланади. 

Ислом дини келиб, унинг ҳукмлари жорий бўлишидан, хоссатан, бандаларга мерос ҳукмларини фарз қилиб келган оятлар нозил бўлишидан олдин, инсонлар мерос борасида зулмнинг энг юқори чўққисига чиқиб бўлган эдилар. Айниқса, Исломдан олдинги қоидаларга кўра хотин-қизларга мерос берилмаслиги ушбу зулмнинг ёрқин кўриниши эди. Ушбу сўзимизнинг тасдиғини қуйидаги ривоятда кўришимиз мумкин:      

«Саъд ибн Робеънинг хотини Саъддан бўлган икки қизини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, манави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари, оталари сиз билан «Уҳуд»да (иштирок этиб) шаҳид бўлди. Энди бўлса амакилари уларнинг молларини олиб қўйди. Уларга ҳеч қандай мол қолдирмади. Икковларининг моли бўлмаса, биров никоҳига ҳам олмайди», деди.

«Бу ҳақда Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради», дедилар у зот. Шунда: «Аллоҳ сизларга фарзандлари¬нгиз ҳақида васият этиб...» ояти – мерос ояти нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларининг амакисига одам юбориб: «Саъднинг икки қизига учдан иккисини, уларнинг онасига саккиздан бирини бер, қолгани эса сенга бўлади», дедилар».

Айнан ушбу воқеа мерос оятларининг нозил бўлишига сабаб бўлган эди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло қиёматгача Исломнинг ўзгармас ҳукми бўлиб қолган мерос оятларини нозил қилди: 

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир. Агар аёллар иккитадан кўп бўлсалар, уларга у (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар битта аёл бўлса, унга ярми. Агар боласи бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар боласи бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар  ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарз(адо этилган)дан сўнг. Ота-оналарингиз ва болаларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Бу) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир», («Нисо» сураси, 11-оят).

Дарҳақиқат, нафақат Исломда, балки Исломдан бошқа тузумларда ҳам барча масалалардаги каби мерос масаласида ҳам адолатсизлик ҳукм сурар эди. Буни тарихчилар ўрганиб чиқиб, ҳужжат ва далиллар билан исботлаганлар. 

Бошқа юрт ва халқлар тўғрисида гапириб ўтирмай, Қуръон оятлари нозил бўлган жой ва у ернинг халқлари – арабларнинг мерос бўйича амал қиладиган қонун-қоидаларига назар солсак, бу ҳолат очиқ намоён бўлади. 

Араб жамиятининг ҳукми бўйича фақат қурол кўтариб, душман билан уруш қиладиган эркакларгагина мерос олиш ҳаққи берилган эди. Аёллар ва ёш болаларга эса меросдан ҳеч нарса берилмасди.

Ислом дини аёлларнинг ҳам, ёш болаларнинг ҳам меросдан ҳақи борлигини эълон қилди. Бу жоҳилият аҳлини ғазабга келтирди. 

Бу ҳақда Авфий Ибн Аббос розияллоҳу ан¬ҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Аллоҳ таоло ўғил-қизларга ва ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганида баъзи одамларга ёқмади. Улар хотинга тўртдан бир ёки саккиздан бир, қизга ярим, кичкина болага ҳам мерос бериладими? Ахир улардан бирортаси ҳам урушда қатнашмайди-ку! Ўлжа ҳам олмайди-ку! Бу гап тўғрисида индамай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас ёки у кишига айтамиз, буни ўзгартирадилар», дейишди. 

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди. 

Улар жоҳилият вақтида душманга қарши уруш қилганларгагина, катта ёшлардан бошлаб мерос беришар эди. Уларнинг бу саволларига жавобан Аллоҳ таоло «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир», деб бошланувчи оятларни нозил қилди».

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, молу мулк борасида ўрганиб қолинган одатни тарк этиш қи¬йин кечган. Бўлмаса «Шариат ҳукмини эслатмай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас», дейишадими? У зотга бориб, «Нима учун хотинларга ва ёш болаларга мерос берилар экан?!» деб норозилик билдирилармиди? 

Бундай фикрга берилган кишиларнинг назарида бунақада баъзилар тайёрга айёр бўлиб, мўмайгина мол эгаси бўлиб қолишади. Худди шундай фикр қилаётганлар ҳозирги кунда ҳам бор. Улар мерос деган нарса умуман бўлмаслигининг тарафдорларидир. Бундай кишилар асосан ғайридинлардан иборат бўлиб, баъзилар уларга тақлид қилиб юрибдилар ҳам.

 Ҳамду сано

Бандалар ўртасида мол-дунёларни адолат билан тақсимлаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Аллоҳ таоло ҳукм қилган мерос қоидаларини бандалар ўртасида адолат билан жорий қилган, ўзидан уламоларгагина мерос қолдирган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин. 

Аллоҳ таоло башариятнинг саййиди ва охирзамон Пайғамбари бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам каби аввалги пайғамбарларига ҳам бандалар орасида адолат ўрнатилиши учун кифоя қиладиган шариатларни жорий қилган. Бироқ у шариатлар инсоният камолоти даражаларининг маълум босқичлари эдики, улар ўз вазифаларини ўтаб бўлгач, ўзидан кейинги янги шариат келиши билан мансух бўлган. Охир оқибат то қиёмат давригача яроқли бўлган, бутун инсоният ва жинлар оламининг ҳаётларига дастуруламал бўлган Ислом шариати жорий бўлди. Унинг амалдан қолиши қиёматнинг бошланиши билангина содир бўлиши мумкин. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, олдинги умматлар ўзларига нозил бўлган динларни буздилар ва буза олдилар. Аслида бу Аллоҳ таолонинг тақдири азалийси эди. Биз бахтли уммат учун эса қиёматгача бузилмайдиган мустаҳкам ва мўтадил дин ато этилди. Демак, олдинги умматлардан фарқли ўлароқ, бизнинг динни ҳеч қим ва ҳеч қачон бузиб, ўзгартира олмайди. Балки инсофсиз кимсалар унга қарши чиқишлари ёки осийлик қилишлари мумкин, холос. Аммо ҳаргиз уни буза олмайдилар. 

Инсонлар Аллоҳ таолонинг ҳукмларига ҳар қайси замонда ҳар хил даражада амал қиладилар. Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан аввало Ўзигагина ибодат қилишни талаб қилган бўлса, шу пайтнинг ўзида бандалар ўзаро бир-бирлари орасида адолат ўрнатишлари ҳам У Зотнинг талабидир. Бандаларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқлари турли-туман. Улар ўртасида энг устуни ва асосийси молиявий ҳақлардир. 

Мусулмон кимса шубҳа қилмайдики, ер юзидаги барча мол-мулклар, бойликлар Аллоҳ таолоникидир. У Зот хоҳлаган бандасига хоҳлаганича бойлик беради. Бироқ Аллоҳ таоло Ўзи берган мол-дунёни тасарруф қилиш борасида маълум чегаралар ўрнатиб қўйганки, ундан ўтиб кетиш ҳеч қачон жазосиз қолмайди. Ҳатто инсон ўлганидан сўнг қолиб кетадиган моли борасида ҳам қиладиган тасарруфларига Аллоҳ таоло томонидан маълум чегаралар, қонун-қоидалар ўрнатилган. Демак, инсон вафот этганида ортидан қолдирадиган молларини Аллоҳ таоло айтганидек тасарруф қилмоғи лозим. Бундай қонун-қоидалар Ислом шариатида мерос масалалари дейилади. 

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло барча пайғамбарларга ҳақ динни нозил қилган ва улар учун яроқли шариат ҳукмларини туширган. Шу жумладан, адолатли мерос тақсимотини ҳам ўргатган. Бироқ инсоният тарихига бир назар соладиган бўлсак, барча замонларда ҳам ушбу қоидаларга бир хил амал қилинмаган. 

Жоҳилият даврида мерос ҳукмлари

Жоҳилият даври деб аталмиш Ислом шариати келишидан олдинги даврни олиб қарайдиган бўлсак, ўша даврдаги одамлар орасида одатланилган таомилларга кўра хотин-қизларга мерос берилмасди. Бунинг тасдиғини ушбу ҳадиси шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин: 

Ҳозирги замонда инсонлар ўртасида мерос ҳуқуқларига амал қилиш даражаси

Мерос масаласига бефарқ қарайдиган кишиларнинг назарида бунақада баъзилар тайёрга айёр бўлиб, мўмайгина молга эга бўлиб қолишади. Худди шундай нотўғри фикр қилаётганлар ҳозирги кунда ҳам бор. Улар умуман мерос борасида бирор қоиданинг жорий қилинишини қўллаб-қувватламайдилар. Балки ўзларининг хоҳиш-иродаларига кўра тақсимлашни маъқул деб биладилар. Бизнинг юртларимиз салкам юз йиллик умрини истибдод тузумининг зулми остида ўтказди. Натижада халқимиз ота-боболаридан қолиб келаётган шариатнинг тақозоси ҳисобланган таомилларни унутди. Улар қаторида мерос ҳукмлари ҳам эскилик сарқитига айланиб, унут бўлди. Оила аъзоларидаги инсоф-диёнатнинг қай даражада эканига қараб, баъзи оилаларда қариндошлар ичида  камбағал, етим, бева ва ёшларига кўпроқ улуш берилади. Аксинча, баъзи оилаларда эса сўзи баланд, овози ўткир ва қўли узунлар кўп улушга эга чиқишади. Шубҳасиз, бу икки ҳолат ҳам адолатдан чекинишдир.

Мерос қоидалари поймол қилинишининг кўринишлари

Салкам бир асрлик мустабид тузумининг таъсирими ёки бошқа сабабданми, нима бўлганда ҳам, мерос борасида жуда кўплаб ноҳақликлар содир бўладики, мўмин одамнинг қалби бунга дош беролмайди. Минг афсуски, бу ҳолларнинг бирортаси ҳеч биримизни ажаблантирмайди. Уларни эшитиб, хаёлимиздан ўз кўз ўнгимизда бир неча бор содир бўлган воқеалар ўтади. Қуйида уларни санаб ўтамиз ва муносабатларимизни билдирамиз. Шунда сўзларимизнинг тўғрилигига ўзингиз амин бўласиз. 

1.Меросга қолган  молдан ўлик учун қилинадиган маросимларда овқатланиш. 

Ҳозирги кунда кенг илдиз отган меросга алоқадор оғриқли ҳолатлардан бири қолдирилган мерос молини ҳақ эгаларига тақсимламай, кўчага сочиш, кўр-кўрона бировларга едириб юбориш. Бир киши вафот этганидан кейин бидъат маросимларни тўйлар каби дабдабадор қилиб ўтказиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бундай маросимларнинг ношаръий экани борасида Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси томонидан ҳам бир неча бор фатволар чиқарилганига, уламолар ва имомлар тарафидан тўхтовсиз гапирилаётганига қарамасдан, улар деярли қисқаргани йўқ. Бундан-да хатарлиси, бундай маросимларда Аллоҳ таоло белгилаб берган ҳақ эгаларига тарқатилиши лозим бўлган моллар талон-тарож қилинмоқда. Айниқса, вафот этган кимсанинг вояга етмаган фарзандлари бўлса, иш янада хатарлироқ тус олади. Чунки бундай ҳолда нафақат бировнинг молини еган бўлади, балки бу билан у етимнинг ҳаққига хиёнат қилиш, унинг молини талон-тарож қилган бўлади. Аллоҳ таоло етимнинг молидан эҳтиёт бўлиш ҳақида айтади: 

إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, қиздирилган дўзахга кириб, куюрлар» («Нисо» сураси, 10-оят). 

Шариат қоидасига кўра марҳумдан қолган мол-мулк ҳақдорларга тақсимлаб берилиши керак. Ҳақдорларнинг энг аввалида эса фарзандлар туради. Уларнинг ваяга етган-етмаганининг аҳамияти йўқ. Шубҳасиз, бировнинг молини эгасидан сўрамай, бировларга едирган кимса савоб иш қилган бўлмайди, балки хиёнат қилган бўлади. Шунингдек, буни билиб туриб, еб кетган ҳам ҳисоб беришдан қутилмайди. Биз бирорта маросим қилмасин, бундай маросимларнинг ўликка мутлақо фойдаси йўқ, дейишдан йироқмиз. Бироқ ўликка савоби бағишланадиган эҳсонлар аввало, савобни вужудга келтирадиган амал бўлсин. Шундан сўнггина унинг савоби марҳумга бағишлансин.

2.Вояга етмаган фарзандлари бор эркак киши вафот этганида келинни гўдаклари билан қўшиб, отасиникига ҳайдаб юбориш.

Эр оламдан ўтганидан сўнг келинни вояга етмаган болалари билан қўшиб, вафот этган эрнинг уйидан ҳайдаб юбориш ҳоллари ҳам кўп учраб туради. Ҳаммамизнинг ҳам қўни-қўшни, маҳалла кўйларимиз орасида эри ўлганидан кейин икки-учта болалари билан отасининг уйига келиб қолган бевалар йўқ эмас. Ушбу бечора гўдакларни уйидан айириб, кўчада қолдираётган, уларнинг молларини эса ўзича «адолат» билан тақсимлаб олган кимсалар бу дунёда бахтиқаро бўлмасалар ҳам, охиратда жавоб беришлари аниқ. Кўпинча эса Аллоҳ таоло бундай хиёнаткорларнинг қилган хиёнатларига бу дунёнинг ўзидаёқ жазосини беради. Боболаримиз кексалигида хор бўлган баъзи бечораҳол кимсалар ҳақида «Бу етимнинг молини еган» дейишарди. 

Покиза Ислом шариати етимларни кўчага ҳайдаб, отасидан қолган меросларини тортиб олишга буюрмайди, балки  етимни уйга олиб кириб, унга мурувват қилишга буюради. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен билан етимга кафил бўлган кимса жаннатда мана бундайдир», деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилдилар».

3.Мерос молларининг оиладаги энг ёш ўғилга қолиши.

Мерос масаласидаги муаммоли жиҳатлардан яна бири мерос молининг фарзандлар ичидаги энг ёш ўғилга қолишидир. Бу бизнинг миллатимиз учун ёзилмаган қонунга айланиб улгурган, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, ёзилмаган қонунлар ёзилганларидан кўра кучлироқ нуфузга эгалигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ҳол янада равшанлашади. Модомики, ўзимизни мусулмон деб билар эканмиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг амрларига бўйсунмоғимиз лозим. Айниқса, мол-дунё тақсимоти борасида итоат қилиш фарзларнинг фарзидир. Чунки мўмин шаҳидлик даражасига эришиш билан ҳам бандалар олдидаги қарзидан қутула олмайди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жангга чиқишдан олдин қарзи борларни огоҳлантирганлар. Ака-укалар бир қориндан дунёга келган бўлишларига қарамасдан, уларнинг мулклари бошқа-бошқадир. Молиявий масъулиятлари ҳам ўзларига хос. Ота-онадан қолган мерос молидаги ҳақлари ҳам ўзаро баробар. Катта фарзанднинг катталиги ёки кичик фарзанднинг кичиклиги мерос борасида бирор имтиёз бермайди. Кўпчилик оилаларда катталар ва қизлар орият туфайли меросдаги ўз ҳақларидан воз кечишларига тўғри келади. Улар агар ўзларидан келиб чиқиб, қалбан рози бўлиб, оталаридан қолган барча молни энг кичик укаларига топширсалар, майли. Шариат бундай меҳрибончиликни қўллаб-қувватлайди. Бироқ ўлгани кунидан хўп, дейиш билан мол ҳалол бўлавермайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишининг моли (ҳеч кимга) ҳалол бўлмайди, қалбан рози бўлганидагина ҳалол бўлади», деганлар. Баъзи ҳолларда ота вафот этишидан олдин барча мол-дунёсини фарзандлари ўртасида тақсимлаб, топшириб қўяди ва ўзи вафот этгунича баъзи фарзандларининг уйида яшайди. Одатда умрининг охирги йилларини энг кичик ёки энг катта фарзанди ҳузурида кечиради. Бундай тақсимотни ҳам шариат инкор қилмайди. Фақат фарзандлар ўртасида мол-мулк масаласида адолат қилинса бўлгани. Мазҳабимиз уламоларининг фатволарига кўра фарзандларга ҳадя беришда тенглик қилиш мустаҳаб амалдир. Бироқ уларнинг муҳтожлиги, касаллиги ёки ёшини ҳисобга олиб, кўпроқ мурувват кўрсатишнинг зарари йўқ.   

4.Турмушга чиқиб кетган қизларга меросдан улуш бермаслик.

Мерос борасидаги аянчли ҳоллардан яна бири турмушга чиқиб кетган қиз фарзандларни меросдан маҳрум қилиш. Бу ҳол бизнинг халқларда оммавий тус олган, десак тўғри бўлади. Бу худди жоҳилият давридаги қизларнинг меросдан маҳрум қилинишига ўхшайди. Ота ёки онадан кейин ўғил ва қиз аралаш фарзанд қолганида қиз асабага айланади ва ўғилга қанча улуш тегса, ўша улушнинг ярмича улушга эга бўлади. Бу жуда катта миқдор. Агар бир қиз қолса, мероснинг тенг ярмига эга бўлади ва бошқа ҳақдор топилмаса, охир оқибатда мероснинг барчаси мана шу қизга тегади. Агар икки ва ундан ортиқ қиз фарзандлар қолса, мероснинг учдан иккисини ўзаро бўлишиб оладилар. Адолатли Ислом шариати «Ахир қиз бола-ку, бировнинг қарамоғида, эри боқсин», деб қизларни меросдан маҳрум қилмади. Шунингдек, «Нима бўлса ҳам фарзанди-да», деб ўғиллар билан тенг қилиб қўймади. Балки барча ҳолатлардаги каби, адолат мезонини ўрнатди. Агар қиз болага мерос берилмаганида, «Сен отамдан қолган уйда ўтирибсан, отамнинг моли билан одам бўлдинг», деб бир умр ака-укалари билан уришиб ўтарди. Аксинча, меросда ўғиллар билан тенг қилиб қўйилганида, ака-укаларининг «Ҳаётликларида ота-онамизга бир тийинлик фойданг тегмаган, шунча нарсани олдинг» деган маломатларига қолган бўларди. Қиз болага ўғилга бериладиган мероснинг ярмича мерос беришда бир қанча ҳикматлар бор. Уламоларимиз буларнинг барчасини санаб ўтишган. Бироқ биз ҳозир уларни келтириб ўтирмаймиз. Чунки бу биз мақсад қилган мавзуга алоқадор эмас. 

5.Онадан қолган мероснинг фақат қизлар ўртасида тақсимланиши.

Онадан қолган меросни фақат қизлар ўртасидагина тақсимлаш ҳоллари ҳам тез-тез учраб туради. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ҳам адолатдан эмас. Бизнинг юртларимизда энг кенг ёйилган камчиликлардан бири оилада аёл кишиларнинг мулкка эга бўлмаслиги. Ислом динида аёл ва эркак бу борада тенг ҳуқуқлидир. Аёл киши ўзининг шахсий мулкига эга бўлиши, уни тижорат ва бошқа йўллар билан кўпайтириши, хоҳлаган жойига сарфлаши мумкин. Ўзбек оилаларида кўпинча аёлнинг қўлига тушган молни тўғридан-тўғри эркак киши тасарруф қилади. Аёлдан розилик сўралмайди. Бу зулмдир. Энди мавзуга қайтадиган бўлсак, мана шу ҳолатнинг натижаси ўлароқ, одатда ўзбек аёлидан арзигулик мерос қолмайди. Оиланинг молиявий аҳволига қараб, аёлдан баъзи тақинчоқлар қолган бўлиши мумкин. Бу тақинчоқларни ҳам ҳеч кимдан сўраб ўтирмай, қизлар ўзаро бўлиб оладилар. Аслида қолдирилган мол-мулк қандай бўлишидан қатъи назар, мерос қоидаларига кўра тақсимланиши керак. Акс ҳолда кимдир бировнинг молини ботил йўл билан еган бўлади ва қиёматда жавобгар бўлади. Аллоҳ таоло бундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

 «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир» («Нисо» сураси, 29-оят). 

Агар мабодо ўғил фарзандлар ўзларидан келиб чиқиб, рози бўлишса, бунинг зарари йўқ. Бу фароиз илмида «тахоруж» деб аталади.

 6.Мерос қоидаларининг бузилиши ортидан келиб чиқадиган низолар.

Энг ачинарлиси шуки, ҳамма ҳам инсоф қилиб, ўз ҳаққидан кечавермайди. Бунинг устига, меросга ноҳақ даъвогар бўлаётган кимса ҳам шариат ҳукмига қулоқ тутмай, юз-кўзини юлади. Натижада «қиёмат қоим бўлади». Мероснинг ҳақиқий эгаси меросга муҳтож, муттаҳам эса бермаслик ҳаракатида. Натижада бир қориндан талашиб тушган ака-ука, опа-сингиллар эл кўзида шарманда бўладилар. Улар бу дунёдаги юзқаролик билан қутилсалар майли эди. Йўқ, энди улар қилган зулмлари эвазига қиёматда жавобгар бўладилар. Қиёматда жавоб бериш эса шарманда бўлишнинг ўзи билан ўталмайди. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин, у ерда оловга рўбарў бўлишга тўғри келиб қолиш мумкин. 

Хулоса

Хотима ўрнида шуни айтмоқчимизки, ҳар қандай инсон ҳам, у бой бўладими, камбағал бўладими, барибир молга ўч, дунёни севувчи бўлади. Ҳамманинг кўнглида «Қанийди менга кўпроғи тегса» деган хоҳиш бўлади. Чунки Бенуқсон Зот инсонни шундай нуқсонли қилиб яратиб қўйган. Демак, эгасиз қолган молни тақсимлашда ҳамма итоат қиладиган қандайдир бир қоида бўлиши заруратдир. Ундан ташқари, бу қоида барчанинг қалби таскин топадиган, ташқаридан қараганда ҳам, синчковлик билан қараганда ҳам адолатни рўёбга чиқарадиган бўлмоғи зарур. Бундай бенуқсон тақсимотга шубҳасиз, барча нарсаларни йўқдан бор қилган Аллоҳ таоло қодирдир. Шундай экан, унинг тақсимот қоидаларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ қилиш лозим.

Мерос борасидаги сўзларимизни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги муборак ҳадиси шарифлари билан тамомлашни маъқул кўрдик. Бу ҳадис меросга тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаса ҳам, мўминликни даъво қилган ҳар бир кимсани бировнинг моли борасида жуда ҳам эҳтиёткор бўлишга чақиради. Саййидул башар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳеч бирингиз биродарингизнинг нарсасини ҳазиллашиб ҳам, жиддий маънода ҳам олмангиз. Сизлардан бирингиз ҳатто ўз биродарининг таёғини олган бўлса ҳам, қайтариб берсин».


7 йил аввал 14800 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Авл бўладиган асллар ва авл бўлмайдиган асллар
Масалаларнинг асли еттита бўлиб, ундан учтаси авл бўлади ва тўрттаси авл бўлмайди. Учта авл бўладиганлар жумласига олти, ўн икки ва йигирма тўрт киради. Авл бўлмайдиган асллар жумласига икки, уч, тўрт ва саккиз давоми...
9 йил аввал 4710 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Акдария масаласи
Ушбу масала Бани Акдар қабиласидан бўлган бир аёл билан воқеъ бўлди. Шунинг учун бу масалани акдария масаласи деб номланади. Яна баъзилар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг мазҳабларида ушбу масала хусусида бир оз давоми...
7 йил аввал 5373 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мерос тақсимоти Аллоҳ ҳақи
Бандаларига меросни Ўзи тақсим қилиб, васиятлар ишини тартибга солган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Сиз билан биз умматларига мерос илмини таълим бериб, васият масаласини амалда кўрсатган Пайғамбаримиз давоми...
7 йил аввал 6102 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фароиз илмига кириш ва китоблари
 Муқаддима. Мулк ва малакутда тасарруф қилувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин! У фоний бўлмайдиган ва ўлмайдиган Боқийдир! Танзилнинг муҳкамида (яъни Қуръони Каримда қуйидагини) айтгувчидир: “Албатта, давоми...
7 йил аввал 7652 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Асаба биғойриҳи
Асаба биғойриҳи тўртта меросхўр билан чегараланади. Уларнинг барчаси аёллардир:1. Сулбий қиз; Сулбий қиз ака ёки укаси билан бирга бўлганда асаба бўлади. (У ўғилдир).2. Ўғилнинг қизи; Ўғилнинг қизи ака ёки укаси давоми...
7 йил аввал 5061 fiqh.uz