Абу Ҳанифанинг сифатлари


Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлбориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга тижоратни ҳам олиб борар эдилар.

У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳда тожир сифатида тўрт сифат алоҳида намоён бўлиб турган дейдилар. У зот кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта диндорлик билан ажралиб турганлар.
Кўпчилик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашликларини таъкидлаганлар.
Бир аёл Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга ипак кийим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:
«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.
«Юз», деди.
«Бу юздан кўп туради», дедилар.
Аёл юз юздан қўшиб тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса «Бу ундан кўп туради» дейишда давом этдилар. Охири аёл:
«Мени масхара қиляпсанми?» деди.
«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.
Аёл бир кишини олиб келди. У кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўша нархга уни сотиб олдилар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзларидан кўра қарши тарафнинг фойдасини ўйлаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра унга маслаҳат беришни афзал билганлар.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши 130 ҳижрий санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Кўфага қайтиб келдилар.
Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳга доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар Имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб «Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, мағфират айласин. Ўттиз йилдан бери рўзасиз юрмадингиз. Қирқ йил кечаси ёнбошингиз кўрпа кўрмади. Сиздан кейин келганларни чарчатдингиз. Қориларни шарманда қилдингиз», деган экан.
Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар домо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат Имом Абу Ҳанифа ҳаётларида ҳам бўлган, у кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Кўфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо азоб ҳам Имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.
Халифа Жаъфар ал-Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Кўфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.
Имом Абу Ҳанифа ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг: «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халифа имомга, ёлғон айтаяпсан, деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол, сен ёлғончини қози қилишга қандоқ рози бўлаяпсан, деганлар.
Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. У киши ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар аёвсиз фош қилар, шу билан бирга оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. У зот 150 ҳ. санада вафот этдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фахруддин Қозихон ва унинг илмий мероси
Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида X —XIII асрлар буюк фақиҳлару мужтаҳид алломалар даври деб эътироф этилади. Бу даврда ҳанафий мазҳабида ёзилган имом ас-Сарахсийнинг " ал-Мабсут", имом Бурҳонуддин Маҳмуднинг “ал-Муҳит давоми...
7 йил аввал 5082 Акмал Икромжонов
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Басра мадрасаси
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда эди. Шаҳарнинг қурилишига Утба ибн Ғазвон раҳбарлик қилди. Куфа ва давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қозилар
Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.)нинг шогирдлари ичида ўн тўрт нафари қози ал-қузот ва оддий қозилар бўлганлар. Ҳанафийлик мазҳабининг ривожланиши, исломий мамлакатларга тарқалишида мана шу қозиларнинг ҳиссаси катта давоми...
1 ўн йил аввал 4205 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ваҳба аз-Зуҳайлий
1932-мелодий йили Дамашқнинг Дияри атийя шаҳарчасида дунёга келдилар. Оталари Қуръони каримни тўлиқ ёд олган, Қуръонга қаттиқ амал қилувчи, набавий суннатга ошиқ, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланувчи зот эдилар. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Етти нафар фақиҳ саҳоба
Cаҳобаларнинг умумий сони ҳақида тадқиқотчилар ихтилоф қилганлар. Улар 30 минг нафардан 90 минг нафаргача дейилган бўлса-да, барчалари фиқҳий салоҳиятда тенг эмаслар. Фиқҳий фатво бериш билан шуғулланган ёки давоми...
1 ўн йил аввал 5239 Ҳамидуллоҳ Беруний