Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ислом фиқҳи академиясининг мажлисида Абдулқодир Ҳиндийнинг мажлисга юборган сеп бериш масаласининг таржимаси билан танишиб чиқди. Ҳиндистон мусулмонлари орасида сеп бериш одати келиннинг никоҳ муқобилига берадиган маблағи сифатида маълумдир.
Куёвлар эса маҳрни келинга амалий равишда бермасдан, фақатгина никоҳ дафтарига қайдлаб қўйиш билан кифояланмоқдалар. Ушбу масала исломий матбуотларда кўплаб ёзилган. Абдулқодир ўз фикрини давом эттириб шундай дейди:
“Шу сабабдан бу никоҳ ҳаром ва шунингдек бу никоҳдан пайдо бўлган болалар ҳам Китоб ва Суннатга мувофиқ ношаръийдир”.
Шунингдек мажлисда 1404 ҳижрий 3/16 санасида фазилатли шайх Абул Ҳасан Надавийнинг Робита бош котибига йўллаган хутбаси билан ҳам танишиб чиқди. Унда қуйидагилар келтирилади:
“Бу одат ҳиндлар яшайдиган жойларда кенг тарқалган бўлиб, дастлаб у ҳиндусларда пайдо бўлган. Кейинроқ мусулмонларнинг қизлари ҳиндуслар қизлари билан борди-келдилари сабабли уларга кириб келган. Пешқадам мусулмонлар бу одатга қарши курашишди ва шунингдек Ҳиндистон ҳукумати ҳам бу одатни охиригача бартараф этишга уринди. Мен ушбу маълумотлар мажлисимизда фатво чиқариш ва бу ҳодисани баён қилиш учун кифоя қилади деб ўйлайман. Мусулмонларга кириб келган жоҳилона зулумкор хурофотларга қарши Ҳиндистондаги пешқадам мусулмонлар жидду-жаҳд билан ҳаракат қилсалар, уларни бартараф этишда катта муваффақият қозонадилар, деб умид қиламан. Аллоҳ тавфиқ эгаси”.
Мажлисда зикр қилинганлар билан танишиб чиқилиб қуйидагиларга қарор қилинди.
Биринчидан: Фазилатли шайх Абул Ҳасан Надавий ва Абдулқодирга ушбу мавзуни юзага чиқарганлари ва бу бидъат ҳамда ёмон одатларга қарши курашишда ғайрат кўрсатганлари учун ташаккур айтади. Мажлис аъзолари уларга қилган ҳаракатларида Аллоҳ таолодан тавфиқ ва савоб берилишини умид қилади.
Иккинчидан: Бу никоҳ шу жиҳати билан шаръий никоҳга мувофиқ бўлмаса ҳам лекин жумҳур уламоларнинг наздида у саҳиҳ никоҳ ҳисобланиб, шаръан эътиборлидир. Ушбу никоҳнинг саҳиҳлигига ҳеч ким хилоф қилмаган. Фақатгина айрим уламолар маҳрни берилмаслигини шарт қилиб қўйилган ҳолдагина у никоҳни саҳиҳ бўлмаслигини айтишган. Абдулқодир ва бошқаларга ушбу масала етказилди. Ушбу никоҳдан пайдо бўлган болалар қонуний болалар бўлиб, улар саҳиҳ шаръий никоҳ воситаси ила ота-оналарига мансубдирлар. Бу уламоларнинг ижмоъси билан собит бўлгандир. Ҳатто маҳр бермасликни шарт қилиб қўйилган никоҳни саҳиҳ деб кўрмаганлар озчилик уламолар наздида ҳам мазкур никоҳдан пайдо бўлган болалар ўз ота-оналарига мансублигини китобларида очиқ келтирганлар.
Учинчидан: Фиқҳий Академия Мажлиси қарор қилади:
Бу одат мункар ва қабиҳ хурофот бўлиб, Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига ва ҳамма замонлардаги мусулмонларнинг амалига хилофдир.
Аллоҳ таоло айтади:
Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг... (Нисо-4)
Ва у(аёл)ларни никоҳлаб олсангиз, агар маҳрларини берсангиз, сизларга гуноҳ бўлмас... (Мумтаҳана-10)
Улардан ҳузурланишингиз сабабидан маҳрларини беринг. (Нисо-24)
Маҳр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, феъллари ва тақрирларида ҳам келган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Агар эркак киши бир аёлга, икки қўли тўлалигича егуликни маҳр қилиб берса, у (аёл) у (эркак) учун ҳалол бўлади”, дедилар. Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Бу у зотнинг маҳр тўғрисидаги сўзларига мисолдир.
Саҳиҳ Муслим ва ундан бошқа Сунан китобларида келишича, Оиша розияллоҳу анҳо айтади:
“У зотнинг аёлларига (берадиган) маҳрлари ўн икки ярим увқия бўлган эди”.
Бу у зотнинг маҳр тўғрисидаги феълларига мисолдир.
Икки саҳиҳ ва ундан бошқаларда ҳам келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авфнинг устида (хушбўйликнинг) сариқ доғини кўриб:
“Бу нима?” дедилар. У:
“Бир аёлга (маҳр учун) хурмонинг данаги вазничалик тилло (бериб) уйландим”, деди. У зот:
“Аллоҳ сенга баракот берсин!” дедилар.
Бу у зотнинг маҳр тўғрисидаги тақрирларига мисолдир.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳамма замон ва маконларда мусулмонлар бунга ижмоъ қилишган ва амал ҳам қилиб келишган.
Шунга биноан мажлисда қарор қилинди:
“Албатта эркак ўз аёлига маҳрни нақд ёки насия бўлса ҳам, баъзисини нақд ва баъзисини насия қилиб беришлиги вожибдир. Насия қилинган маҳр, эркакнинг имконияти етганда аниқ беришни қасд қилган сифатда бўлиши шарт. Эр хотинига умуман маҳр бермаслик мақсадида никоҳни жорий этиши ҳаромдир.
Шу билан бирга Фиқҳ Академияси Мажлиси маҳрни енгиллатиш ва никоҳ ишларини осонлатиш тавсиясини беради. Никоҳ ишларини енгиллатиш такаллуф ва ортиқча чиқимларни тарк қилиш орқали бўлади. Яна исрофдан сақланиш лозимдир. Чунки тежамкорликда катта фойдалар бордир.
Тўртинчидан: Фиқҳ Академияси Мажлиси Ҳиндистон уламолари ва масъулларни ёмон одат бўлмиш сеп бериш битъатига қарши курашишларини ва уни ўз шаҳарлари ҳамда ўлкаларидан йўқ қилишга ундайди. Чунки бу одат самовий шариат ва саломат ақл ҳамда тўғри назарга тескаридир.
Бешинчидан: Ушбу ёмон одат Ислом шариатига хилоф бўлиши билан бирга аёлларга ҳаётий жиҳатдан зарарлидир. Йигитлар фақатгина ўзларига маъқул бўлган, уларни қизиқтирадиган маблағни тақдим эта оладиган қизларгагина уйланишади. Натижада бойларнинг қизларигина никоҳдан баҳраманд бўлишиб, камбағалларнинг қизлари никоҳсиз ўтириб қолишади. Бу ҳолатдаги зарарлар ҳеч кимга махфий эмас. Шунингдек бундай ҳолатдаги никоҳ, фазилатли қизлар ва фазилатли йигитларнинг ихтиёрлари асосига эмас, балки молиявий ғараз ва мақсадлар устига қуриладиган бўлиб қолади. Бугунги кунда ғарб оламида бой бўлмаган қизлар эркакларни ўзига никоҳланишга тарғиб қилиш учун мумкин бўладиган маблағни жамлашлик учун ёшлик даврининг баҳорини ишлаш ва касб қилиш билан ўказишга муҳтож бўлаётганлиги мушоҳада қилинмоқда. Дарҳақиқат, Ислом аёлларни эъзозлайди. Ислом аёлга никоҳланишга рағбати бўлган эркакнинг зиммасига келин учун маҳр беришни вожиб қилгандир. Бу билан камбағал аёлларнинг никоҳланиши учун ҳам имконият туғилади. Чунки уларга оз маҳр ҳам кифоя қилади ва бой бўлмаган эркаклар учун ҳам уларга никоҳланиш осон бўлади. Аллоҳ тавфиқ эгасидир.
Раис: Абдул Азиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз.
Раис ноиби: Абдуллоҳ Умар Насийф.
Аъзолар:
1. Абдуллоҳ Абдураҳмон Бассом.
2. Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ Фавзон.
3. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Сабил.
4. Муҳаммад Маҳмуд Саввоф.
5. Ҳуснайн. Махлуф (узр билдирди).
6. Мустафо Зарқо..
7. Солиҳ ибн Усаймин.
8. Муҳаммад Салим Адуд (йўқ эди) Муҳаммад Рашид Қаббоний.
9. Муҳаммад Шозил Нафийр.
10. Абу Бакр Маҳмуд Жумий, (имзосиз)
11. Абдул Қуддус Ҳошимий Надавий.
12. Муҳаммад Рашидий.
13. Ливоҳ Маҳмуд Шийт Хаттоб (йўқ эди).
14. Абул Ҳасан Алий Ҳасан Надавий (йўқ эди).
15. Мабрук Авводий (узр билдирди).
Ислом фиқҳи академиясининг маърузачиси: Муҳаммад Аҳмад Қамар.
Таржимон: Ҳасан Қодиров.
Масъул муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.
Мулоҳаза: Сеп билан маҳрни аралаштириб юбориш ҳолатлари бизда ҳам бўлиб турган. “Бахтиёр оила” номли китобимизда бу масалани батафсил баён қилганмиз. Этиборсизлик оқибатида, вақт ўтиши билан бирга бунга ўхшаш шариат ўрнига бидиат кириб ҳоллари борлигига ва уларга қарши курашга уламолар алоҳида эътибор бериб боишлари лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф