Разоъ(эмизиш)


Эмизиш – арабчада "Разоъ" дейилади. У луғатда аёл кишининг кўкрагини, сигир, қўй каби ҳайвонларнинг елинини оғизга олиб, сўришга айтилади. Шаръий истилоҳда эса: "Икки ёшга тўлмаган боланинг қорнига аёл киши сутининг етиб боришидир".

Ушбу қоидага xилоф бўлган нарса шаръий эмизиш ҳисобланмайди. Ва у туфайли ҳеч қандай шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди. Никоҳни ҳаром қилувчи даражада эмизиш собит бўлиши учун бир неча шартлар бўлиши керак. У шартларнинг баъзилари эмизувчига, баъзилари эмувчига ва яна баъзилари сутга боғлиқдир:
1-Эмизувчига боғлиқ шартлар иккитадир: Биринчи – эмизувчи аёл киши бўлиши шарт. Бошқани ким ва нима эмса ҳам, никоҳни ҳаром қилувчи шаръий эмизиш собит бўлмайди. Мисол учун, бир гўдак ўғил бола ва бир гўдак қиз бола битта қўйни ёки эчкини эмсалар, сутини ичсалар эмикдош ака-сингил бўлиб қолмайдилар. Иккинчиси – эмизувчи аёл тўққиз ёшдан катта ёшда бўлиши керак.
2-Эмизувчига боғлиқ битта шарт бор. У ҳам бўлса эмувчи икки ёшдан кичик бўлиши керак. Имом Абу Ҳанифа (р.а) икки ярим ёш, деганлар. Лекин бошқа ҳамма имомлар, жумладан Имом Абу Юсуф (р.а) ва Имоми Муҳаммад(р.а)лар ҳам икки ёш, деганлар. Ҳанафий мазҳабида ҳам амал икки ёш, деган қавлга мувофиқдир.
3-Сутга боғлиқ шартлар бештадир:
Биринчиси: сут суюқ ҳолатда бўлиши шарт. Чунки бола эмди, дейишга лойиқ бўлиши керак. Шунинг учун фаразан, аёлнинг сутидан қуйилтириб бир нарса таёрланса, уни гўдак болага едирилса, никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди. Чунки ундоқ нарсани эди дейилади, эмди дейилмайди.
Иккинчиси – сут боланинг қорнига кўкракни сўриш орқали ёки томоғидан ва бурнидан қуйиш орқали етиб бориши керак. Бошқа томондан ва бошқа йўл билан қоринга сут етиб борса, ҳам эмизиш собит бўлмайди.
Учинчиси – мазкур сут боланинг қорнига бола икки ёшдан кичик бўлган муддатда етиб бориши шарт. Бу муддатдан кейин бўлса, ҳар қанча эмса ҳам никоҳни ҳаром қилувчи эмиш собит бўлмайди. Аммо икки ёшдан кичиклик муддатида бўлса, бир қатра сут қорнига етса ҳам шаръий эмизиш собит бўлади.
Тўртинчиси - сут боланинг қорнига аниқ етиб бориши керак. Бу ҳолатга қараб аниқланади, сўраб-суриштирилади. Агар аёл киши бир боланинг оғзига кўкрагини солса-ю, кўкрагимда сут бор эди деса, бу гап қабул қилинади.
Бешинчиси – сут таом билан аралашган бўлиши шарт. Мисол учун, аёл кишининг сути пиширилаётган таомга қўшилиб кетса-ю уни ёш бола еса, эмиш собит бўлади. Аммо аёлнинг сути суюқ нарсага қўшилса, текшириб кўрилади. Агар аёл кишининг сути ғолиб бўлса эмизиш собит бўлади, бўлмаса йўқ.
عن عائشة رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال يحرم من الرضاعة ما يحرم من الولادة
Оиша (р.а)дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в): "Эмизиш туфайли ҳам туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар ҳаром бўлади" дедилар". Туғишганлик яъни насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Аллоҳ Нисо сураси, 22-оятида шундай деган.
و امهتكم التى ارضعنكم و اخواتكم من الرضاعة
"Эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз (ҳаром қилинди)"деган.
Эмизиш йўли билан никоҳи абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар:
1-Эмизган она, бунга момолар ҳам киради.
2-Эмикдошлик қиз. Бир одамнинг xотини бошқа қизни эмизса, ўша қиз эмизган аёлнинг эрига ҳам қиз бўлади.
3-Эмикдош опа-сингиллар.
4-Эмикдош аммалар.
5-Эмикдош xолалар.
6-Эмикдош ака-укаларнинг қизлари. Бола ўз онасини эмган бегона болалар билан, ўзини эмизган бегона аёлниг болалари билан ва ўзи билан бирга бошқа бегона аёлни эмишган болалар билан эмикдош ака-укага айланадилар.
7-Эмикдош опа-сингилларнинг қизлари.
8-Эмикдошлик қайноналари.
9-Эмикдошлик бўйича ўгай она ва момолар.
10-Эмикдошлик фарзандларнинг xотинлари.
11-Xотиннинг эмизган қизи.
Эмизиш муддати ҳақида Аллоҳ Қуръони карим, Бақара сураси, 233-оятида шундай деган. "Волидалар болаларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Ким эмизишни батамом қилишни хоҳласа".
عن عائشة رضى الله عنها قالت دخل على النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ و عندى رجل قائد فاشتد ذلك عليه و رأيت الغضب فى وجهه فقلت يا رسول الله إنه أخى من الرضاعة فقال إخوانكن من الرضاعة فإنما الرضاعة من المجاعة
Оиша (р,а) ривоят қилинади. "Набий (с.а.в.) олдимга кирганларида бир киши ўтирган эди. Бас бундоқ бўлиши у Зотга оғир ботди. У зотнинг юзларида ғазабни кўрдим. Сўнгра, "Эй Аллоҳнинг Расули, бу менинг эмикдош акам" дедим. "Эмикдош акаларингизга назар солинглар. Эмизишлик очликдан бўлур" дедилар."
Исломда яқин қариндошлар билан оила қуриш маъқулланмаслигининг жуда кўп ҳикматлари бор. Буни тиб илми ҳам тасдиқлаяпти: яқин қариндошлар орасидаги никоҳ туфайли майиб, мажруҳ болалар кўп туғилар экан. Ҳазрати Умари Одил (р.а)замонларида одамлар Соиб қабиласининг аъзолари жуда озғин, нимжон, касалмандлигидан шикоят қилишган экан. У киши суриштириб кўрсалар қабиладагилар ўзларидан бошқага қиз ҳам беришмас, олишмас ҳам экан. Шунда Ҳазрати Умар (р.а) “Бошқага қиз бериб, ўзгалардан қиз олинглар саломатлигингиз яхшиланади” дебдилар. Бу ҳолат қабила одамларининг соғлигини яхшилабгина қолмай, қабилалар, қавмлар орасида ижтимоий муносабатларни ва алоқаларни кенгайтиришга, қариндош уруғчиликнинг ривож топишига сабаб бўлибди.
Ҳар бир мусулмон шахс, хусусан ота-оналар билиши ва амал қилиши лозим бўлган ишлардан бири эмикдошлик масаласидир. Бу масала арабчада “разоъ” деб аталади. Яъни бола онасидан ўзга аёлни эмиши билан содир бўладиган шаръий ҳукмлар масаласидир. Ислом шариати бўйича, икки ёшга тўлмаган ёш гўдак бир аёлни сутидан эмса, ўша аёлга эмизикли бола бўлади. Аёл эса унга эмизиш орқали она, эри ота, болалари ака-ука, опа сингилга айланади. Шунинг учун бир аёлни эмган бошқа-бошқа аёллардан туғилган болалар орасида ҳам эмиш орқали қариндошлик пайдо бўлади.Чунки икки ёшдан кичик боланинг озуқаси сут ҳисобланади, у эмган сут суягига ўтиб вужудини шаклланишига ва бошқа ўсиш жараёнига омил бўлади. Бир хил сутдан эмган болаларнинг шаклланиш масдарлари бир бўлганлиги учун улар шаръий ҳукм бўйича эмикдош ака-ука, опа-сингил, ота-бола, она-қиз бўладилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в) бундай эмикдошлар орасидаги никоҳ масаласини баён қилган ҳадисларида:
"Насаб бўйича ҳаром бўлган нарса, разоъ-эмиш бўйича ҳаром бўлади", деганлар.
Бу ҳадиси шарифга биноан насаб бўйича бир-бирига никоҳи ҳаром бўлган ҳар-бир никоҳ орасидаги никоҳ эмикдошлик орқали ҳам ҳаром бўлади. Бир аёлни сутини эмган йигит билан қиз уйлансалар ака-сингил эру-хотин бўлган бўлади. Бошқаларини ҳам шунга қиёс қилавериш мумкин.
Коммунистча туғруқхоналарда ким, нима, ҳалолми, ҳаромми деган гап йўқ эди. Янги туғилган гўдакларни оналаридан тортиб олиб қўйилиб, соғилган сутларни аралаш-қуралаш кимга тўғри келса шишадан эмизилаверарди.
Бу ҳақда билиш лозим бўлган шаръий ҳукмлар ва наслий ҳадларнинг мухтасари қуйидагилардан иборат.
Бекорга болаларни бегона аёлларни эмишлари ёки сутларини ичишларига йўлқўйилмаслик керак.
Эмизикли бола етим қолганда ёки онасининг сути йўқ бўлгандагина бошқа аёлларнинг эмдиришлари мумкин.
Бола бошқа аёлни эмиши лозим бўлса, бу ишга покиза, адолатли, муслима аёллардан гувоҳ қилиш керак.
Эмизиш сутли аёллардан собит бўлади. Сути йўқ аёлнинг кўкрагини оғзига олиш билан эмизиш собит бўлмайди.
Эмган бола икки ёш ёки ундан кичик бўлиши керак.
Аллоҳ таъоло Қуръони каримда "Эмизишни батамом қилмоқчи бўлганлар учун оналар болаларини тўлиқ икки йил эмизадилар", деган (Бақара сураси 233-оят).
Ушбу ояти каримадан уламоларимиз эмизиш собит бўлиши учун бола икки ёш ёки ундан кичик бўлиши керак, деган ҳукмни олганлар.
Эмиш орқали бир аёлга бола бўлган фарзанд, ўша аёлнинг эрига ҳам эмиш орқали фарзанд, болаларига эса ака-ука ёки опа-сингил бўлади. Шу билан бирга ўша боланинг туғишган ака-ука ва опа-сингиллари билан, эмишган ака-ука, опа- сингиллари орасида ҳеч қандай алоқа пайдо бўлмайди. Шаръий ҳукмлар фақат эмикдош бўлган болага нисбатан собит бўлади холос.
Албатта бу ҳукмларни мусулмон бўлган кишилар ҳеч қандай гап-сўзсиз қабул қилиб уларга тўлиқ амал қиладилар.
Исломда оила масаласига катта аҳамият берилишини, унга муқаддас робита, деб қаралишини яхши биламиз. Никоҳ иши умр савдоси. У қанчалик поклик, ҳалоллик ва тўғрилик ила ўрнатилса, шунчалик бахт келтиради.
Аллоҳ таъоло кўпгина ҳикматларга биноан маълум бир насаб, қудачилик ва эмизиклик қариндошлари орасидаги никоҳни ҳаром қилган.
Эмикдошлик қариндошлар орасида никоҳни ҳаром қилиш ҳам беҳикмат эмас. Фақат инсонлар фойдаси учундир. Зотан шаръий ҳукмларнинг ҳаммаси инсонлар фойдаси учун, уларнинг бахт саодати учундир.
Маълумки, ҳар бир аёл ўзи эмизаётган болага нафақат сутини, балки меҳр-муҳаббатини, ҳис-туйғуларини ҳам қўшиб беради. Ана шундай меҳр-муҳаббат, ҳис-туйғулар бирлиги бор кишилар жинсий томондан бир бўлишлари соф инсоний табиатга тўғри келмайди.
Иккинчидан, аввал ҳам айтилгандек сут боланинг суяги, қони ва вужудининг шаклланишига сабаб бўлади. Бир сутдан шаклланган вужудларнинг жинсий алоқада бўлишлари эса кўпгина касалликларга сабаб бўлади. Улардан пайдо бўлган болалар ҳам касалманд, майиб бўлиб туғиладилар. Бу ҳақиқатни ҳозирги замон тиб илми ҳам тасдиқлади. Мана шу ва яна биз билмаган бошқа ҳикматларга кўра Аллоҳ таоло эмикдош қариндошлар орасидаги никоҳни ҳаром қилган.
Шунинг учун бу масалага алоҳида эътибор билан қараш керак. Бунинг учун эса, исломни ўрганиш, унга амал қилиш керак.


7 йил аввал 11256 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Икки ёшдан кейин болани эмиши
Савол: Бола икки ёшдан кейин онасини эмиши мумкинми?Жавоб: ولم يبح الإرضاع بعد مدته  لأنه جزء آدمي والانتفاع به لغير ضرورة حرام على الصحيح  شرح давоми...
7 йил аввал 10999 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Асранди бола
Бошқа ота-она қарамоғига олиб, тарбия қилинган бола Ислом фиқҳида “асранди бола” дейилади. Етимни, ёки қийинчиликда қолган оиланинг боласини олиб, шариат ҳукмига мувофиқ боқиш, тарбиялаш жуда ҳам савоб иш. Лекин давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бола тарбияси
Болани тарбиялаш ҳуқуқи она учундир, лекин мажбур қилинмасдан, яъни агар она тарбиялашни хоҳламаса мажбур қилинмайди, талоқ қилинган бўлса ҳам, талоқ қилинмаган бўлса ҳам.Кейин болани тарбиялаш ҳуқуқи онанинг давоми...
7 йил аввал 8180 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бола асраб олиш
Болани қарамоғига олиш Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам бўлган. У зот Зайд ибн Хорисани ўзларига ўғил қилиб олганлар. Аввалида Зайд ибн Хорисани Зайд ибн Муҳаммад дейишар эди. Аллоҳ таоло давоми...
7 йил аввал 36924 fiqh.uz