Ҳайвон сўйишнинг одоби ва тасмия


Исломда ҳайвон сўйишнинг одоб ва ҳукмлари Инсон аҳли оиласи учун, ёки фақир ва мискинларга садақа қилиш учун, ва ҳакозо турли сабабларга кўра ҳайвон сўйиб туради. Барча ишларда бўлгани каби бу борада ҳам муқаддас динимизда сўйишга тегишли одоб ва ҳукмлар белгилаб берилган. Мусулмон киши мазкур ҳукмларга амал қилиши ва одобларига риоя этиш лозим бўлади.

Қуйида сўювчи ва сўйиладиган ҳайвонга оид бўлган одоб ва аҳкомларни баён қиламиз.
“Забҳ”нинг таърифи ва ҳукми
"Забҳ"нинг асл маъноси "ёриш"ни англатиб, сўнгра бу сўз бўйин билан бош ўртасидан ҳалқумни кесишга истеъмол қилинган.
Забҳ – ҳайвоннинг ҳалол бўлишига олиб борадиган амал бўлиб, уни бизнинг тилимизда "сўйиш" сўзи ифодалайди.
Араб тилида ҳайвонни сўйишга “забҳ”, сўйиладиган ҳайвонга “забиҳа” дейилади.
Гўшти ейиладиган ҳайвонлар ҳалол бўлиши учун улар шариат кўрсатмаларига мувофиқ сўйилган бўлиши шартдир. Моида сурасининг 3-оятида сўйишнинг шарт экани баён қилинган.

حُرِّمَتْ عَلَيْكُمُ الْمَيْتَةُ وَالدَّمُ وَلَحْمُ الْخِنْزِيرِ وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ وَالْمُنْخَنِقَةُ وَالْمَوْقُوذَةُ وَالْمُتَرَدِّيَةُ وَالنَّطِيحَةُ وَمَا أَكَلَ السَّبُعُ إِلَّا مَا ذَكَّيْتُمْ

Яъни “Сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан бошқанинг номи ила сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузиб ўлдирилган, йиртқич еган ҳайвонлар ҳаром қилинди. Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз ҳалол”.
Ушбу ояти каримада гўшти ейиладиган ҳайвонларни тириклигида сўйиб олиш шарт қилиняпти. чунки сўйиш сабабли нажас қон тоза гўштдан ажраб чиқади. Шунга кўра гўштининг ҳалол ва поклиги собит бўлади. Гўшти ейилмайдиган ҳайвонларнинг гўштини ейиш ҳалол бўлмасада, фақат поклиги собит бўлади. (Яъни, улардан ейишдан бошқа нарсаларга фойдаланса бўлади)
Шариатда ҳайвонни сўювчига ҳам бир қанча шартлар қўйилган. Аввало қассоб мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши шарт. Аҳли китоб бўлганда зиммий бўлса ҳам, ёки куфр диёрида яшайдиган ҳарбий аҳли китоб бўлса ҳам унинг сўйиши ҳалол бўлади. Бунга қуйидаги оят далил бўлади.

وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ

Яъни: “Китоб берилганларнинг таоми сизлар учун ҳалолдир. Сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир.”
Ушбу ояти каримадаги аҳли китобларнинг “таоми”дан мурод уларнинг сўйган ҳайвонларидир. “Китоб берилганлар”дан мурод яҳудий ва насронийлардир. Аҳли китобларнинг барча таоми, жумладан уларнинг чўчқаси ва хамр (ҳаром ичимликлар)и ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Балки, улар шариатимизда гўшти ейилишига рухсат берилган ҳайвонларни тоза ва покиза қилиб сўйсалар бизга ҳам ҳалол бўлади, деб тушунилади.
Аммо мажусий, муртад ва будпарастларнинг сўйган ҳайвонлари ҳаромдир.
Мажусийнинг сўйган ҳайвони ва никоҳ тўғрисида Расулуллоҳ са.в.дан ушбу ҳадис ривоят қилинади.

عن جعفر بن محمد عن أبيه أن عمر بن الخطاب ذكر المجوس فقال ما أدري كيف أصنع في أمرهم فقال عبد الرحمن بن عوف أشهد أني سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: (سنوا بهم سنة أهل الكتاب، غير ناكحي نسائهم ولا آكلي ذبائحهم ) أخرجه البخاري

Имом Бухорий Жаъфар ибн Муҳаммаддан, у отасидан ривоят қилади. Умар ибн Хаттоб “Мажусийларни гапира туриб: Уларнинг ишида (улардан жизя олишда) нима қилишни билмаяпман, дедилар. Шунда Абдураҳмон ибн Авф: Мен Расуллуллоҳ с.а.в.дан мажусийлар тўғрисида: “Уларга (мажусийларга) аҳли китобларнинг йўлларини тутинглар, фақат аёлларини никоҳга олиш ва сўйган ҳайвонларини ейиш бундан мустаснодир." деганларини эшитганлигимга гувоҳлик бераман, деди. Бухорий чиқарган.
Ушбу ҳадисдан мажусийлардан жизя олиш аҳли китоблардан жизя олишга ўхшашлиги, аммо аҳли китобларнинг сўйган ҳайвонлари ҳалол, мажусийларнинг сўйган ҳайвонлари эса ҳаром экани маълум бўляпти.
Баъзи уламолар тавҳидни даьво қилувчи насроний динидаги киши агар Масийҳ алайҳиссаломни илоҳ ёки Аллоҳнинг ўғли деб эътиқод қилса, унинг сўйган ҳайвони ҳалол бўлмайди, деганлар.
Сўйишда Аллоҳ исмини зикр қилиш баёни
Ҳайвонни сўйишда "басмала" айтиш қасддан тарк қилинса, сўйилган ҳайвон ўлимтик ҳукмида бўлиб қолади. "Басмала"ни тарк қилишдаги ҳукмда мусулмон ва аҳли китоб баробардир.
Сўйишга қудрати етган ва ҳайвонни сўйиш билан ҳалол қилинишига ақли етган ёш боланинг, мажнуннинг, мастнинг ва аёл кишининг сўйган ҳайвонлари ҳалол ҳисобланади. Агар ёш боланинг, мажнуннинг ва бошқаларнинг сўйишга ва “басмала” айтишга ақли етмаса ҳалол бўлмайди. Аммо унутган ҳолда "басмала" айтилмасдан сўйилган ҳайвон ҳалолдир.

عن ثوبان رُفِعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأُ وَالنِّسْيَانُ الطبرانى

"Умматимдан хато ва унитиш кўтарилди." Тобароний ривояти.
Басмала айтиш вақти
Басмала айтиш вақти сўйиш вақтидир. Агар басмала айтгандан сўнг бошқа бир амалга киришса, киришган амали сув ичишга ўхшаш ё бирор инсонга жавоб беришга ўхшаш оз бўлса, басмалага халал бермайди ва сўйилган ҳайвон ҳалол бўлади. Агар басмаладан кейинги амали кўпайиб кетса, яьни таҳорат миқдорича чўзилса ҳалол бўлмай қолади. Ётқизилган қўйга басмала айтилса, сўнгра қўй ўрнидан туриб кетиб бир муддатдан сўнгра яна ўша қўйни сўйиш учун ётқизилса, ҳалол бўлиши учун басмалани яна айтиш шарт бўлиб қолади. Ҳайвонни сўйиш олдидан айтилган басмала шу сўйилаётган ҳайвонга хос бўлади. Ов қилишда эса овнинг асбобига хос бўлади. Шунга кўра бир қўй ётқизилиб унга басмала айтилса, сўнгра ўша басмала билан бошқа қўй сўйилса ҳалол бўлмайди. Аммо басмала айтиб нишонга олган ов асбоби билан нишонидан бошқа овни овласа ҳам ҳайвон ҳалол бўлади. Агар қассоб бир қўйни ётқизиб басмала айтса сўнгра қўлидаги пичоқни қўйиб бошқа пичоқ билан сўйса ҳалол бўлади. Чунки баён қилинганидек басмала сўйиш асбобига эмас балки, сўйиладиган ҳайвонга айтилади.
Басмала лафзи
Қассоб "Басмала"ни "Бисмиллаҳ, Аллоҳу акбар" деб айтади. Агар Аллоҳ исмига бошқа исмни атф қилиб айтса, сўйилган ҳайвон ҳаром бўлиб қолади. Масалан: “Бисмиллаҳи ва Муҳаммадир Расулуллоҳ” деса, яьни Муҳаммад исмининг эьробини жар қилиб айтса, сўйилган ҳайвон ҳалол бўлмайди.
Агар Аллоҳ исмига бошқа исмни атф қилмасдан, орқасидан келтирса макруҳ бўлади. Масалан: Қассоб “Бисмиллаҳи ва Муҳаммадан Расулуллоҳ” деса яни Муҳаммад калимаси эьробини насб қилиб ёки “Муҳаммаддур Расулуллоҳ” деб раф қилиб, ёки “Бисмиллаҳи Аллоҳумма тақоббал минний” деса ҳалол бўлади, лекин сўйишда Аллоҳ исмининг орқасидан бошқа исмни келтиргани учун макруҳ бўлади. "Басмала" айтишдан ва ҳайвонни ётқизишдан олдин айтилган дуолар "Басмала"га халал бермайди.
Сўйишда кесиладиган томирлар
Ихтиёрий ҳолатда ҳайвон кўкраги ва ҳалқумининг орасидан сўйилади. Зарурий ҳолатларда имкон етган жойни жароҳатлаш билан сўйиш ҳосил бўлади. Ихтиёрий ҳолатдаги сўйишда кесилиши лозим бўлган томирлар тўрттадир:
Ҳалқум яъни нафас юрадиган кекирдак, қизил ўнгач ва иккита қон томир. Ушбу тўрт томирдан қайси учтасини бўлсада, ҳайвоннинг тириклигида кесилса, ҳалол бўлади. Бу Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашларидир. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ эса, ҳалқум, қизил ўнгач ва иккита қон томирнинг бирини кесилишини шарт қилганлар. Чунки қон томирни кесишдан мақсад қонни оқизиш ҳисобланади. Қон оқизиш эса, икки қон томирнинг бирини кесиш билан ҳосил бўлади. Иккаласидан қайси бири кесилса ҳам дуруст бўлаверади. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ эса ушбу кесилиши лозим бўлган тўрт томирдан ҳар бирининг кўпроғи кесилса, ҳалол бўлади деганлар. Агар кўпроғи кесилмаса ҳалол бўлмайди дейдилар.
Сўйиш асбоблари
Сўйиш асбоби ўткир тиғ бўлиши мустаҳаб саналади. Лекин ҳалол бўлиши учун темир бўлсин, тош бўлсин қон оқизадиган ҳар бир ўткир нарса билан сўйиш жоиз бўлади. Аммо жойида турган тиш, тирноқ ва шохлар билан сўйилган ҳайвон ҳалол бўлмайди. Чунки бунда ҳайвон бўғиб ўлдирилган ҳукмида бўлиб қолади. Аммо тиш, тирноқ ва шохлар жойидан қўпориб олинган бўлса, бу асбоблар билан сўйилган ҳайвон макруҳлик билан ҳалол бўлади. Сўювчи сўядиган ҳайвонни ётқизишдан олдин пичоқларини ўткирлаб олиши мустаҳаб бўлади. Аммо ётқизгандан кейин ўткирлаш макруҳ бўлади.
Сўйиладиган ҳайвонда бўлиши лозим бўлган шартлар
1. Ҳайвоннинг сўйиш вақтида тирик бўлиши.
2. Ҳайвоннинг жони сўйишнинг ўзи билан узилиши. (яъни, йиқилиш, сувга тушиб ўлиш каби бошқа сабаблар билан ўлмаган бўлиши керак.)
3. Сўйиладиган ҳайвон ҳарамнинг ови бўлмаслиги.
Сўйиш вақтида ҳайвоннинг тирик бўлиши имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ наздида сўйишдан олдин оз муддат бўлса ҳам ҳайвонда тириклик аломатининг борлиги ва агарчи ҳайвон касал бўлиб унинг тириклигидан фақатгина сўйиш муддати қолган бўлсада, ҳалол бўлишига кифоя қилади. Шундай ҳолатда сўйган кишининг ҳайвони ҳалол саналади.
Бунга ушбу оят далил бўлади:
Яъни, "Магар (ўлмай туриб) сўйиб олсангиз (ҳалол)" Моида-3
Сўйишдан олдин унинг тириклиги аниқланган бўлса, сўйгандан кейин унинг қимирлаши ёки ундан қон чиқиши шарт эмас.
Агар ҳайвон касал ёки бўғилган ёҳуд бошқа бир ҳайвон сузганлиги ё шунга ўхшаш сабабга кўра унинг тириклиги номаълум бўлиб сўйилса, натижада у ҳаракатланса, яъни, қимирласа, ёки ундан (одатдагидек) қон чиқса, бу унинг сўйишдан олдин тирик бўлганига далолат қилади ва у ҳалол бўлади.
Бу ўриндаги унинг ҳаракатланишидан мурод, сўйилгандан сўнг унинг оғзини ёпиши, кўзини юмиши, оёғини йиғиштириб олиши, баданидаги тукларнинг тикка туришидир.
Аммо сўйилгандан сўнг оғизнинг очилиши, кўзининг очилиши, оёқларининг чўзилиши, тукларининг ётиши сўйишдан олдин унинг тирик эканига далолат қилмайди ва у ҳалол бўлмайди.
Чунки ҳайвон ўлиши билан унинг бўғим ва пайлари бўшашади. Шунинг учун оғзи ва кўзининг очилиши, оёғининг чўзилиши, тукларининг ётиши унинг аввал ўлганидан аломатдир. Буларниннг акси эса тирик ҳайвонга хос бўлган ҳаракатлар бўлиб, унинг тириклигига далолат қилади.
Бу ўриндаги қон чиқишдан мурод, одатда тирик ҳайвонни сўйган пайтдаги каби қон чиқишдир.
Хулоса шуки, сўйилган ҳайвоннинг гарчи сўйишдан олдин унинг тириклиги маълум бўлмаса-да, лекин у сўйилгандан сўнг (қон чиқса ҳам, чиқмаса ҳам лекин) тирикликка далолат қиладиган даражада қимирласа, ёки қимирламаса-ю, аммо одатдагидек қон чиқса унинг истеъмоли ҳалол бўлади.
Бу бизнинг ҳанафий мазҳабимизда фатво учун ихтиёр қилинган қавлдир.
Ҳайвоннинг жони сўйишнинг ўзи билан узилиши масаласи “Бадоиъ…” соҳиби Алоуддин Касоний раҳматуллоҳи алайҳнинг қавлидир. У киши қуйидагича айтади: Ибн Самоъа ўзининг “Наводир” асарида имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилади: Агар бир киши қўйни иккига бўлса, қўйнинг боши ҳаракатланиб турган пайтда бошқаси уни (одатдагидек) қон томирларидан сўйса, ёки бир киши қўйнинг қорнини ёриб ичидаги нарсаларни чиқарса, бошқаси эса томирларидан сўйса, буларни ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки аввалги иш қотилллик яъни, ҳайвонни сўйиш эмас, балки ўлдиришдир.
Имом Қудурий раҳматуллоҳи алайҳ бу масаланинг иккита кўриниши борлигини зикр қилган:
1. Агар қўй думбага яқин жойидан (яъни, юракдан паст жойдан) иккига бўлинса, унинг истеъмоли ҳаром бўлади. (Чунки кесилиши лозим бўлган томирлар кесилмай қолади.)
2. Агар қўй бошига яқин жойидан иккига бўлинса, ҳалол бўлади.
Чунки кесилиши шарт қилинган томирлар юракдан димоғгача туташ бўлгани учун улар бундай иккига бўлишда кесилган бўлади. ( албатта “басмала” билан.)
Сўйишнинг суннат ва одоблари.
1. Сўйишда ниятни тўғри қилсин. Яъни, сўяётган ҳайвони қурбонлик бўлсин, ёки назр бўлсин, ёхуд аҳлига таом улашиш мақсадида бўлсин, Аллоҳдан савоб умид қилиб сўйсин. Шунингдек сўйиш одобига риоя қилишда ҳам Аллоҳ таолодан савоб умидида бўлсин.
2. Сут бериб турган ҳайвонни сўймасин. Яъни, сути ичилиб фойдаланиб турилган ҳайвонни сўймасин. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сут берадиганини сўймагин”, деганлар. Бу одоб бизга исломнинг мусулмон киши фойдаланиши мумкин бўлган нарсадан маҳрум бўлмасликка ҳарис эканини кўрсатади.
3. Бир ҳайвоннинг олдида бошқасини сўймаслик. Товуқ бўлсин, ёки ўрдак, ёхуд бирор ҳайвонни бошқа шерикларига кўрсатиб сўймаслик керак. Чунки бу нарса уни қўрқитиб қўяди, ўлимнинг оғриқларини унга зиёда қилади. Хусусан боласини онасининг олдида, онасини эса боласининг олдида сўймаслик лозим. Бу нарсалар раҳимсизликнинг белгиларидандир.
4. Пичоқ ёки қилич каби тиғи ўткир асбоб билан сўйиш лозим. Ўтмаси билан сўймаслик керак. Булар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзига хилоф бўлади:
“Забиҳасини (яъни, сўядиган ҳайвонни) оромлантирсин” Муслим ривояти.
Чунки пичоқнинг тиғи қанчалик ўткир бўлса, ҳайвонга шунчалик раҳим қилинган бўлади.
5. Сўйиш амалини тезлик билан бажарсин. Бунда ҳам ҳайвонда ором олиш бўлади.
6. Сўювчи ва сўйиладиган ҳайвоннинг бўғизланиши қибла тарафга қараган бўлсин. Чунки қибла Аллоҳ таолога тоат учун рағбат қилиб юзланадиган тарафдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу қибладан ўзга тарафга қараб сўйилган гўштдан ейишни хуш кўрмасди.
7. Пичоқни сўйилувчи ҳайвонни ётқизмасдан олдин ўткирлаб олиш. Ҳайвонни сўйишга ётқизгандан сўнг пичоқни ўткирлаш макруҳдир.
Имом Ҳоким раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: “Бир киши қўйни сўйишга ётқизди. Ва у пичоқни ўткирлаб турарди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Уни ўлимлар билан ўлдиришни истадингми, пичоғингни уни ётқизишдан олдин ўткирламайсанми?”, дедилар.
8. Ҳайвонни чап тарафи билан мулойим, шафқат ила ётқизишлик. Уни қаттиқ йиқитмаслик, сўйиладиган жойга судраб олиб бормаслик.
9. Ҳайвонни сўйиладиган жойга оҳиста, мулойимлик билан ҳайдаб бориш.
10. Сўйишдан олдин ҳайвонга сув бериш.
11. Агар ҳайвон қурбонлик каби бирор қурбат учун сўйилаётган бўлса, тасмия айтишдан олдин уч марта такбир айтиб, сўнгра “Аллоҳумма ҳаза минка ва илайка, фа тақоббалҳу минний”. Яъни, “Аллоҳим бу Сендан, ва Сенгадир. Буни мендан қабул қилгин”, десин ва "Басмала" айтсин.
12. Сўювчи сўйишни ўнг қўли билан бажарсин.
13. Сўйишда ҳаддан ошиб кетмасин. Яъни, ҳайвон ҳаракатдан тўхтаб тинчланмагунича орқа миясигача ёки бошини узиб юборгудек кесмасин, ёхуд бўйнини синдириб юбормасин, терисини шилишга ҳам киришмасин. Чунки булар ҳайвонга оғриқни зиёда қилади.
14. Кундузи сўйиш. Сўйиш одобларида камчиликларга йўл қўйиш мумкинлиги сабабидан тунда сўйиш Ҳанафий мазҳабимизга кўра макруҳи танзиҳий ҳисобланади.
Сўйишликда макруҳ бўлган ишлар.
1. Қибладан бошқа тарафга юзлантириб сўйиш. Чунки бундай сўйиш суннатга хилоф бўлади.
2. Қўйни боғламасдан, ётқизмасдан сўйиш. Туяни эса ётқизиб сўйиш. Чунки бундай сўйиш суннатга хилоф бўлиб қолади.
3. Сўйишда ҳайвонга азоб бериш. Бошини бутунлай узиб юбориш, бўйнини синдириш каби.
4. Ҳайвонни сўйиладиган жойга судраб олиб бориш.
5. Ҳайвонни боғлаб қўйиб ёнида пичоқни ўткирлаш.
6. Сўйишни бошқа ҳайвонларга кўрсатиб амалга ошириш.
7. Ҳайвон ҳаракатдан тўлиқ тўхтаб, тинчланмасдан орқа миясигача ёки бошини узиб юборгудек кесиб юбориш, бўйнини синдириш, терисини шилишга киришиш.
8. Одатда сўйиш асбоби ҳисобланмайдиган тиш, тирноқ ва суяк кабилар билан сўйиш. Аммо ушбу нарсалар танадан ажраган бўлиши шарт. Агар ажрамаган бўлса мазкур нарсалар билан сўйилган ҳайвон гўшти ҳалол бўлмайди.
Сўювчининг хизмат ҳаққи
Сўювчи ҳайвонни сўйиб бергани учун ҳайвон эгасидан ҳақ олиши жоиздир. Фақат унинг оладиган хизмат ҳақи ҳайвоннинг бирор бўлаги бўлмаслиги керак. Масалан сўйиб берганим ҳақига гўштидан бир кг ёки калла-почасини ёҳуд терисини оламан дейиши мумкин эмас.
Хизмат ҳақини ушбу тарзда олишнинг фосид бўлиш сабаби қуйидаги ҳадисга биноандир:
Абу Яъло Мавсилий ўзларининг “муснад”ларида Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвон уруғига ижара ҳақи олишдан (яъни, эркак ҳайвонни урчитишга бериб ҳақ олишдан) ва тегирмончининг қафийзидан (яъни, теригмончи янчиб берган буғдойининг унидан маълум миқдорини иш ҳақи сифатида олиб қолишидан) қайтардилар.

( الْفَصْلُ الثَّالِثُ فِي قَفِيزِ الطَّحَّانِ وَمَا هُوَ فِي مَعْنَاهُ ) صُورَةُ قَفِيزِ الطَّحَّانِ أَنْ يَسْتَأْجِرَ الرَّجُلُ مِنْ آخَرَ ثَوْرًا لِيَطْحَنَ بِهِ الْحِنْطَةَ عَلَى أَنْ يَكُونَ لِصَاحِبِهَا قَفِيزٌ مِنْ دَقِيقِهَا أَوْ يَسْتَأْجِرَ إنْسَانًا لِيَطْحَنَ لَهُ الْحِنْطَةَ بِنِصْفِ دَقِيقِهَا أَوْ ثُلُثِهِ أَوْ مَا أَشْبَهَ ذَلِكَ فَذَلِكَ فَاسِدٌ وَالْحِيلَةُ فِي ذَلِكَ لِمَنْ أَرَادَ الْجَوَازَ أَنْ يَشْتَرِطَ صَاحِبُ الْحِنْطَةِ قَفِيزًا مِنْ الدَّقِيقِ الْجَيِّدِ وَلَمْ يَقُلْ مِنْ هَذِهِ الْحِنْطَةِ أَوْ يَشْتَرِطَ رُبْعَ هَذِهِ الْحِنْطَةِ مِنْ الدَّقِيقِ الْجَيِّدِ لِأَنَّ الدَّقِيقَ إذَا لَمْ يَكُنْ مُضَافًا إلَى حِنْطَةٍ بِعَيْنِهَا يَجِبُ فِي الذِّمَّةِ وَالْأَجْرُ كَمَا يَجُوزُ أَنْ يَكُونَ مُشَارًا إلَيْهِ يَجُوزُ أَنْ يَكُون دَيْنًا فِي الذِّمَّةِ ثُمَّ إذَا جَازَ يَجُوزُ أَنْ يُعْطِيَهُ رُبْعَ دَقِيقِ هَذِهِ الْحِنْطَةِ إنْ شَاءَ . كَذَا فِي الْمُحِيطِ .
وَلَوْ اسْتَأْجَرَ أَنْ يَطْحَنَ طَعَامَهُ بِقُرْصٍ مِنْهُ أَوْ بِدِرْهَمٍ وَقَفِيزٍ مِنْهُ أَوْ يَذْبَحَ شَاتَه بِدِرْهَمٍ وَرِطْلٍ مِنْ لَحْمِهَا فَهُوَ فَاسِدٌ كَذَا فِي الْغِيَاثِيَّةِ . وَلَوْ دَفَعَ سِمْسِمًا إلَى دَهَّانٍ لِيَعْصِرَهُ عَلَى أَنْ يَكُونَ بَعْضُ الدُّهْنِ لَهُ أَوْ شَاةً لِيَذْبَحَهَا عَلَى أَنْ يَكُونَ بَعْضُ اللَّحْمِ لَهُ لَا يَجُوزُ . كَذَا فِي خِزَانَةِ الْمُفْتِينَ 

"Тегирмончининг қафизи"нинг сурати: бир киши бошқа бир кишидан буғдойни янчиш учун хўкизини унинг боғдойидан чиққан унидан хўкиз эгасига бир қафиз ун бериш шарти билан ижарага олиши ёки бир инсонни янчган буғдой унининг ярми, ёки учдан бирини хизмат ҳақи қилиб беришдир. Бу ва бунга ўхшаш ақдлар фосиддир. Бу нарса жоиз бўлиши учун буғдой эгаси бу буғдойдан демасдан, мутлоқ яхши буғдойдан бир қафиз беришни шарт қилиши ёки яхши ундан бу буғдойнинг тўртдан бири миқдорича беришни шарт қилиб келишишидир. Чунки, иш ҳақи учун келишилган ун айни буғдойга (яъни, айнан шу буғдойга) нисбат берилмаса, хизмат ҳаққи зиммага қарз бўлиб собит бўлади. Хизмат ҳаққи мислий бўлмаган нарсаларда унга ишора қилиб кўрсатиш билан ва мислий бўлган (яъни, тарозу ёки маълум идишда ўлчанадиган нарсалар) нарсаларда зиммада қарз бўлиб собит бўлади. Сўнг ( яъни, ақд дуруст бўлиб, хизмат ҳаққи зиммада собит бўлгандан сўнг) ҳоҳласа ана шу буғдой унининг тўртдан бирини берса жоиз бўлади. (Муҳит китоби мана шундай зикр қилинган.)
Агар таомни яъни, буғдойни ўша буғдойдан бир қурс (ўлчов бирлиги) ёки бир дирҳам ҳамда ўша буғдойдан бир қафиз баробарича хизмат ҳақи беришга ёки қассобнинг қўй сўйиши учун бир дирҳам ҳамда ўша қўйнинг гўштидан бир ратл (ўлчов бирлиги) баробарича хизмат ҳақи олишга келишиши фосиддир. (Ғиёсийя китобидан.)
Агар кунжутни тегирмончига янчиб берганига унинг ёғидан баъзисини хизмат ҳақи қилиб бериш шарти билан ёки қўйни қассобга унинг гўштининг баъзисини хизмат ҳақи қилиб бериш шарти билан сўйишга берса, ақд жоиз бўлмайди. (Хизонатул муттақийн китобидан.)
Гўштни маълум нарҳда сотиб олгани учун қассобнинг калла-поча ва териларни текинга олиб кетиши ҳалол бўлмайди. Чунки калла-почани эвазсиз олган бўлади. Бу ақд билан гўштнинг савдосига фосид шарт аралашган бўлиб, гўштнинг савдоси ҳам фосид бўлади. Ақд тўғри бўлиши учун гўштни ҳам, калла-почани ҳам қийматидан қатъий назар савдолашиб олиш лозим бўлади.
Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар
Озиқ тишлари ёки тирноқлари билан ов қиладиган ҳайвонлар гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар ҳисобланади. Чунки ҳадиси шарифда “ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир озиқ тишли йиртқич ҳайвонни ейишдан қайтардилар.” дейилган. Мазкур озиқ тишли йиртқич ҳайвонларни уламоларимиз одатда тиши ёки тирноғи билан ов қилиб яшайдиган шер, йўлбарс, бургут ва калхат каби ҳайвонлардир деганлар.
Шунингдек, “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” (Аъроф 157) маъносидаги оятга биноан қурт-қумурсқа, сичқон, илон, чаён, суварак, ари, қурбақа, типратикон, бурга, пашша, тошбақа каби нопок ҳайвонларни ейиш ҳаром ҳисобланади. Сиртлон ва тулкилар ҳам ейилмайди.
Гўшти ейилмайдиган ҳайвонлар (чўчқа ва одамдан ташқари) шаръий сўйиш қоидаларига риоя қилиб сўйилган бўлса, уларнинг терилари, жунлари, ёғларидан фойдаланиш мумкин. Масалан ит шариатга мувофиқ ҳолатда сўйилса, унинг гўшти ё ёғини ейиш ҳалол бўлмаса-да, терисидан ошлаб ё ошламасдан маҳси қилиб кийиш, ёғидан баданга суртиб фойдаланиш мумкин.
Қуруқлик тошбақаси ҳам, денгиз тошбақаси ҳам ейилмайди.
Шер, қирғий, тулки, калхат, айиқ, бўри, сувсар, олмахон, қарчиғай, сиртлон, қурбақа, бургут, гўнгқарға, фил, йўлбарс, бўрсиқ, маймун, типратикон, қоплон, мушук, жайралар каби озиқ тишлари ва тирноқлари билан ов қиладиган ёки нопок нарсалар таҳтига кирадиган барча ҳайвонларнинг гўштлари ейилмайди.
Ўлакса ейдиган олақарға ейилмайди. Чунки у ҳам оятда баён қилинган нопок нарсалардан ҳисобланади.
Қарға уч турли бўлади:
1. Фақат дон ейдиган ўлакса емайдиган қарға. Бундай қарғани ейиш макруҳ эмас.
2. Ўлакса ейдиган қарға. Бундай қарғани ейиш мумкин эмас.
3. Гоҳида дон, гоҳида ўлакса ейдиган қарға. Бундай қарғани ейиш имом Абу Юсуф наздларида макруҳ.
Зобб гўшти ейилмайди. Уни ейиш жоизлиги тўғрисидаги ривоятлар исломнинг аввалига “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” маъносидаги оят нозил бўлишидан олдинги вақтларга ҳамл қилинган.
Сув ҳайвонларидан балиқдан бошқасини ейиш мумкин эмас. Балиқ бирор офат билан ўлган бўлса ҳам ейилаверади. Аммо “Тофий” яъни, ўзи ўлиб сув юзасида қорни юқорига қараб қолган балиқлар ейилмайди.
Нажосат еб қўйган сигир ё туяларни қанча муддатдан сўнг сўйиш мумкинлигида ихтилоф қилинган. Бундай ҳайвонни ундан нажосат ҳиди кетгунича ушлаб туриб кейин сўйиш лозим деган қараш бу ихтилофлардаги энг қувватли қараш ҳисобланади.
Гўшти ейиладиган ҳайвонлар
Гўшти ейиладиган ҳайвонлар деганда шариъат ман қилмаган, “Уларга нопок нарсаларни ҳаром қиладиган” маъносидаги оятнинг таҳтига кирмайдиган қўй, эчки, қора мол, туя, зебра каби барча ҳайвонлар тушунилади.
От гўштини ейиш жоиздир.
Қуён гўштини ейиш жоиз ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пиширилган қуён гўшти ҳадя қилинганда ундан еганлар ва асҳобларини ҳам ейишга буюрганлар. Зеро қуён йиртқич ҳам, ўлакса ейдиган ҳайвон ҳам эмасдир.
Қуён гўштини ейишни саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар, тобеинлардан Икрима, фуқаҳолардан Муҳаммад ибн Абу Лайлоларгина макруҳ санашган.
Сув ҳайвонларидан фақатгина балиқ ҳалол ҳисобланади.
Бисмиллоҳ нинг ҳукмлари
"Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш борасида бир қанча ҳукмлар келган:
1) Ҳайвонни сўйишдан олдин "бисмиллоҳ" айтиш фарздир. Агар қасддан "бисмиллоҳ" айтилмаса, сўйилган ҳайвон гўшти ҳаром ҳисобланади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Кифоя"да бу борада Аллоҳ таолонинг учта оятини далил сифатида зикр қилиб келтирган (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 3-жуз. – Тошкент, Шарқ, 2008. – Б. 371):

وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُم مِّن شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ فَإِذَا وَجَبَتْ جُنُوبُهَا فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْقَانِعَ وَالْمُعْتَرَّ كَذَلِكَ سَخَّرْنَاهَا لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ {36}

"... Туяларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг..." (Ҳаж, 36).

فَكُلُواْ مِمَّا ذُكِرَ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ إِن كُنتُمْ بِآيَاتِهِ مُؤْمِنِينَ {118}

"Агар Унинг оятларига имон келтиргувчилардан бўлсангиз, Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!" (Анъом, 118).

وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَآئِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ {121}

"Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишини васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар" (Анъом, 121).
2) Ов пайтида овга ўқ отишдан ёки ов томонга итни қўйиб юборишдан аввал "бисмиллоҳ" айтиш фарздир. Бунга қуйидаги ояти карималар далолат қилади:

يَسْأَلُونَكَ مَاذَا أُحِلَّ لَهُمْ قُلْ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَمَا عَلَّمْتُم مِّنَ الْجَوَارِحِ مُكَلِّبِينَ تُعَلِّمُونَهُنَّ مِمَّا عَلَّمَكُمُ اللّهُ فَكُلُواْ مِمَّا أَمْسَكْنَ عَلَيْكُمْ وَاذْكُرُواْ اسْمَ اللّهِ عَلَيْهِ وَاتَّقُواْ اللّهَ إِنَّ اللّهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ {4}

"Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: "Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингизга сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар! Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир", деб айт!" (Моида 4).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганлар:

إذا رميت سهمك فاذكر اسم الله فإن وجدته قد قتل فكل

"Қачонки ўқ отсанг, Аллоҳнинг исмини зикр қилгин! Агар уни ўлдирилган ҳолда топсанг, уни еявер..." (Муслим, 3/1929 ва бошқалар).

إذا أرسلت كلبك وذكرت اسم الله عليه فأمسك عليك فكل

"Қачон итингни овга юборсанг ва унга Аллоҳнинг исмини зикр қилган бўлсанг, у сенга тутиб келтирса, уни еявер!" (Термизий, 4/1464 ва бошқалар).
Айрим фиқҳий манбаларда сўйиш раҳмдиллик пайти бўлмагани боис, сўйиш вақтида "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш ўрнига "Бисмиллоҳ, Аллоҳу акбар!" ёки "Бисмиллоҳ валлоҳу акбар!" дейиш керак, дейилган (Шамсиддин Муҳаммад Кўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 3-жуз. – Қозон, 1902. – Б. 346). Лекин, "Жавҳарат ан-наййира"да сўйиш ҳолатида ҳам "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтишни яхшироқ, дейилган. Чунки, у Қуръони каримда келтирилган табаррук калимадир.
3) Намознинг ҳар ракъатида сураи фотиҳадан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш энг саҳиҳ ривоятга кўра суннати муаккададир. Абу Ҳурайра (р.а.) намоз ўқиб берган. Унда фотиҳа сурасидан аввал "бисмиллоҳ"ни айтган. Намоздан кейин "Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозига энг ўхшаш намозни ўқувчи менман!" деган (Ҳоким, 1/849; Ибн Ҳиббон, 5/1797; Ибн Хузайма, 1/499; Таҳовий, 1/1185. Ҳоким мазкур ҳадисни "Шайхайн шартига кўра саҳиҳдир" деган).
Имом Термизий ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозни "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим" билан бошлаганликларини зикр қилган (Термизий, 2/245).
Фотиҳа сураси билан замсуранинг орасида "бисмиллоҳ" айтилмайди. Чунки, аслида "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим" сураларнинг орасини ажратиш учун қўйилган. Лекин, бошқа мазҳабларда фотиҳадан сўнг замсурани бошлашдан аввал ҳам "бисмиллоҳ" айтилади. Шунинг учун Абдулҳай Лакнавий таровеҳ намозларида Қуръонни тўлиқ ўқилганда қори бир марта бўлса ҳам "бисмиллоҳ"ни айтгани яхшироқ, деган (Абдулҳай Лакнавий. Аҳком ал-қантара фий аҳком ал-басмала // Мажмуату расоил ал-Лакнавий. 1-жилд. – Покистон: Идорат ал-қуръон, 1419. – Б. 71-72).
4) Қуръони каримни қироатига киришишдан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш суннат амал ҳисобланади. Бунга Қуръони каримнинг илк нозил бўлган ояти далолат қилади.

اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ {1}

"Сени яратган роббинг исми ила ўқи!" (Иқро, 1).
5) Таҳорат қилишдан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш суннати муаккададир. Бунга далолат қилувчи бир қанча ҳадислар мавжуд бўлиб, улардан бири:

لا صلاة لمن لا وضوء له و لا وضوء لمن لم يذكر اسم الله عليه

"Таҳорати йўқнинг намози намоз бўлмайди. "Бисмиллоҳ"ни зикр қилмаган одамнинг таҳорати таҳорат ҳисобланмайди (Абу Довуд, 1/101; Ибн Можжа, 1/198-401; Ҳоким, 1/518-519; Табароний, 5/5459; Байҳақий, 1/183; Дорақутний, 1/263; Аҳмад, 2/9408). 
6) Таом ейишдан ва ичимлик ичишдан олдин ҳам "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш суннати муаккададир. Бунга ҳам бир қанча ҳадислар мавжуд бўлса-да, улардан бирини зикр қиламиз:

يا غلام سم الله وكل بيمينك وكل مما يليك

"Эй, бола! Аллоҳнинг исмини айт ва ўнг қўлинг билан, ўз олдингдан олиб егин!" (Бухорий, 4/5061).
7) Аёлига жинсий яқинлик қилишдан аввал ҳам "Бисмиллоҳ"ни ва махсус дуони айтиш суннати муаккададир. Бунга Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг қуйидаги ҳадислари далолат қилади:

لو أن أحدكم إذا أتى أهله قل بسم الله اللهم جنبنا الشيطان وجنب الشيطان ما رزقتنا فقضي بينهما ولد لم يضره

"Агар сизлардан бирингиз аҳлига яқинлик қилмоқчи бўлса, "Бисмиллоҳ" айтсин, сўнг "Аллоҳумма жаннибна-ш-шайтона ва жанниби-ш-шайтона ма розақтана" десин, бас бу қўшилиш сабабли эр-хотин орасида фарзанд  вужудга келса, шайтон унга зарар қила олмайди" (Бухорий, 1/141; ).
8) Маййитни лаҳадга ва қабрга қўяётганда, "бисмиллоҳ" айтиб қўйиш суннат ҳисобланади. Бу ҳолатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Бисмиллоҳ, ва ъала миллати Расулиллоҳ" дейишни ўргатганлар (Термизий, 3/1046; Ҳоким, 1/1353, 1355; 2/3433; Ибн Можжа, 1/1550; Ибн Ҳиббон, 7/3109). Имом Бухорий ривоят қилишича, Ҳазрати Али (к.в.) маййитларни қабрга қўётганда, шундай дер эканлар ва шундай дейишни ўргатар эканлар (Бухорий, "Тарихи кабир", 3/914; Насоий, 6/10605).
9) Ҳожатхонага киришдан аввал "Бисмиллоҳ"ни айтиш ва махсус дуони ўқиш мустаҳабдир:

فإذا دخلها أحدكم فليقل بسم الله اللهم إني أعوذ بك من الخبث والخبائث

"Сизлардан биронтангиз ҳожатхонага кирмоқчи бўлса, "Бисмиллоҳ. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ал-хубси ва-л-хабоис" десин!" (Табароний, "Мўъжам ал-авсат", 3/2803; Ибн Абу Шайба, 6/29902).
10) Китобат қилганда, ёзишдан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш мустаҳабдир. Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, машҳур саҳоба Ибн Умар (р.а.) Муовия (р.а.)га мактуб ёзаётганида, "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим. Бу Муовияга..." деб ёзган эканлар.  

كتب رجل بين يدي بن عمر بسم الله الرحمن الرحيم لفلان فنهاه بن عمر وقال قل بسم الله هو له

Бир кимса Ибн Умар (р.а.) олдиларида мактубни "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим. Бу хат Фалончи учун" деб ёзганида,  Ибн Умар (р.а.) ундан қайтарган экан ва унга: "Бисмиллоҳ" дегин ва бу хат унинг учундир" деб ёзгин" деганлар (Бухорий, "ал-Адаб ал-муфрад", 1/1126).
11) Уловга минаётганда, унга чиқаётганда ҳам "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш мустаҳаб бўлади:

"كنت رديف النبي (صلى الله عليه وسلم) فعثرت دابته فقلت: تعس الشيطان، فقال: لا تقل تعس الشيطان، فإنك إذا قلت ذلك تعاظم حتى يكون مثل البيت ويقول: بقوتي، ولكن قل: بسم الله، فإنك إذا قلت ذلك تصاغر حتى يكون مثل الذباب"

Пайғамбар (с.а.в.) орқаларига мингашиб кетаётган эдим, тўсатдан улов қоқилиб ҳуркиб кетди. Шунда мен: "Шайтон бахтсизлик келтирди" дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Сен "шайтон бахтсизлик келтирди" деб айтмагин, ундай десанг шайтон уй сингари каттайиб кетади ва "менинг қувватим билан улов ҳуркиб кетди" дейди. Ундан кўра "Бисмиллоҳ" дегин! Агар сен шундай десанг, шайтон пашша сингари кичрайиб қолади" деб марҳамат қилдилар (Абу Довуд, 2/4982; Ҳоким, 4/7793; Табароний, 1/516; Таҳовий, "Мушкил ал-асор", 1/321-322; Нававий, 1/930).
12) Баданнинг оғриб турган жойига ўнг қўлни қўйиб, "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиб, махсус дуони етти мартагача айтиш мустаҳаб амалдир: 

إذا اشتكيت فضع يدك حيث تشتكي ثم قل : بسم الله أعوذ بعزة الله و قدرته من شر ما أجد من وجعي هذا ثم ارفع يدك ثم أعدد ذلك وترا

(Термизий, 4/3658; Ҳоким, 4/7515 ва уни саҳиҳ деган; Табароний, 9/8341; Ибн Ҳумайд, 1/382; Ибн Абу Шайба, 7/24049).
13) Қуръони каримни ёдлаб, унутиб қўювчи бўлса, оятларни унутса, "бисмиллоҳ" айтиб, махсус дуони ўқиш мустаҳабдир:

عَنِ ابْنِ أَبِي أَوْفَى ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم ، فَشَكَى إِلَيْهِ نِسْيَانَ الْقُرْآنِ ، فَقَالَ : عَلِّمْنِي شَيْئًا يُجْزِئُنِي ، فَقَالَ : قُلْ : بِسْمِ اللهِ ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ ، وَلاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ ، وَاللَّهُ أَكْبَرُ ، وَلاَ حَوْلَ وَلاَ قُوَّةَ إِلاَّ بِاللَّهِ ، قَالَ : فَعَدَّهُنَّ فِي يَدِهِ ، ثُمَّ ضَمَّ أَصَابِعَهُ خَمْسًا ، فَقَالَ : يَا رَسُولَ اللهِ ، هَذَا لِرَبِّي فَمَا لِي ؟ قَالَ : قُلِ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ، وَارْحَمْنِي ، وَعَافِنِي ، وَارْزُقْنِي ، وَاهْدِنِي ، قَالَ : فَعَدَّهُنَّ فِي يَدِهِ خَمْسًا وَضَمَّ أَصَابِعَهُ الأُخْرَى ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم : أَمَّا هَذَا فَقَدْ مَلأَ يَدَيْهِ خَيْرًا

"Пайғамбаримиз алаҳиссалом олдиларига бир кимса келди ва Қуръонни унутиб қўйишидан шикоят қилди: "Менга бир нарсани ўргатинг, у менга кифоя қилсин!" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Бисмиллоҳ" дегин ва "Алҳамдўлиллоҳ, ва Ла илоҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллоҳ" деб ўргатдилар ва қўлларида санаб, беш бармоқларини букиб турдилар. У кимса: "Эй, Расулуллоҳ! Бу менинг роббим учундир, мен учун нимани тавсия қиласиз?" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳумма иғфирлий варҳамний ва ъофиний варзуқний ваҳдиний" дегин дедилар ва бошқа қўлларида беш бармоғини букиб санаб турдилар. "Ана шунда иккала қўлинг ҳам яхшиликка тўлади" деб марҳамат  қилдилар (Баззор, 1/3347).

وابن الضحاك أنه «أصبح هذا الرجل لا يحفظ من القرآن شيئا حتى يقال له: قل بسم الله الرحمن الرحيم، فيقول: معروف معروف، ولا يتكلم

Ибн аз-Заҳҳок айтади: "Бу кимса Қуръондан бирор нарса ёдлай олмасдан тонг оттирди. Ҳатто унга "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"  деб айтгин, деб ўргатилди. "Яхши-яхши", дерди ва бошқа ҳеч нарса дегани йўқ. (Ибн Батта, 5/2349).
Ўша кимса Ибн аз-Заҳҳокнинг гапига кириб, Қуръон ўқиб, ёдламоқчи бўлса, "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиб ёдлашга киришадиган бўлди.
14) Ҳар бир яхши ишни бошлашдан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш мустаҳаб ҳисобланади. Бунга ҳам бир қанча ҳадислар мавжуд. Улардан бири қуйидагича:

كل أمر ذي بال لا يبدأ فيه بذكر الله أقطع

"Ҳар бир қаноти бор (охири кўзланган) иш Аллоҳнинг зикри билан бошланмас экан, у ишни орқаси кесикдир" (Дорақутний, 1/2; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 25/2491; 29/6463).  Яъни, "бисмиллоҳ"сиз бошланган ҳар қандай ишнинг охири баракотли бўлмайди, ундай амал муборак ҳисобланмайди.
● Қуръони карим қироатида, анфол сураси билан тавба сурасини қўшиб ўқиш асносида тавба сурасидан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим"ни айтиш макруҳдир. Чунки, тавба сурасидан аввал "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим" қўйилмаган. Лекин, мазкур суранинг ўзини бошлаб ўқилганда, "Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳим" айтилади. Бу ҳолатда қироат учун айтилган бўлади. Қироатга "бисмиллоҳ" айтиш суннатдир.
Аврат очилганда ва нажосат жойларида "бисмиллоҳ" айтиш макруҳдир. Хомпиёз, саримсоқ пиёзни хом ҳолида ейишда ҳам "бисмиллоҳ" айтиш макруҳдир.
Ҳаром нарсаларни истеъмол қилишда эса, масалан, ароқ ичганда, тўнғиз ва чўчқа гўшти истеъмолида, шунингдек, ҳаром ишларни амалга ошириш чоғида, масалан, ўғирлик ёки зино қилаётганда, пора олаётганда ёки судхўрлик қилаётганда "бисмиллоҳ"ни айтиш ҳаромдир. "Фатовойи Баззозия"да: "Кимки қатъий ҳаром қилинган нарсалар истеъмол қилишда ёки қатъий ҳаром қилинган ишларни амалга оширишда, масалан, ароқ ичаётганда, зино қилаётганда, қатъий ҳаромни истеъмол қилаётганда, шунингдек, нард ўйнаётганда, "бисмиллоҳ"ни айтса, кофир бўлади", дейилган (Ибн ал-Баззоз ал-Кардарий. Фатовойи Баззозия. – Қозон, 1889. 2-жилд. – Б.392).

Мақола муаллифлари: Ҳамидуллоҳ Беруний,
Абдуманнон Абу Айюб

 


7 йил аввал 10665 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
От гўшти ҳаромми
САВОЛ: Мен ҳозирда яшаб-ўқиб турган давлатда турк биродарларимиз билан муносабатларим бор. Улар от гўштини ҳаром деб эътиқод қилишади. Ваҳоланки, мен ўқиган «Ибодати Исломия» китобида: «Отни ейиш мумкин, давоми...
7 йил аввал 3866 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тиш қўйдирган кишилар
Савол: Тиш қўйдирган кишиларнинг ғусл ва таҳорати қандай бўлади?Жавоб: Тишлар икки қисмга бўлинади: тишлар устидан қопланган тишлар ҳамда баъзида солиб, баъзида олиб юриладиган тишлар. давоми...
7 йил аввал 3738 fiqh.uz