Мовароуннаҳр фиқҳ илми тарихида X —XIII асрлар буюк фақиҳлару мужтаҳид алломалар даври деб эътироф этилади. Бу даврда ҳанафий мазҳабида ёзилган имом ас-Сарахсийнинг " ал-Мабсут", имом Бурҳонуддин Маҳмуднинг “ал-Муҳит ал-Бурҳоний", Бурҳонуддин ал-Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя , имом Заҳируддин ал-Марғинонийнинг " ал-Фатово аз-заҳирия" каби йирик асарлари ҳозирга қадар ислом ҳуқуқшунослиги ва ҳанафийлик мазҳаби ривожида мўътабар манбалар сифатида қадрланиб келмоқда.
Мовароуннаҳр диёрида
Қорахонийлар ва Салжуқийлар ҳукмронлик қилган даврнинг ўзидаёқ биргина фиқҳ илми соҳасида уч мингдан зиёд каттаю кичик асарлар ёзилган. Уларнинг аксарияти баъзи бир тарихий сабабларга кўра, гарчи диёримизда шуҳрат қозонмаган бўлса-да, лекин бутун бошлиқ империяга эга бўлган турк султонлари пойтахтида ва улар ҳукмронлик қилган ўлкаларда маълум ва машҳур бўлган. Ҳозирги вақтда исломшунос тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келаётган ва тадқиқ этилиши лозим бўлган машҳур асарлардан бири "Фатовойи Қозихон" асари бўлиб, у Султон Қонуний даврида бош шариат манбаси бўлиб хизмат қилган. "Фатовойи Қозихон" асарининг биз учун муҳим жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади:
"Фатовойи Қозихон" асари Қорахонийлар давлатининг марказий шаҳарларидан бири ҳисобланган Бухорода таълиф этилган;
Фахруддин Ўзгандий ушбу асари орқали Ироқ ва Мовароуннаҳр фақиҳлари чиқарган фатволарни қиёсий ўрганган;
кўп ҳолатларда раъйга таяниб, маҳаллий фатволарга ҳам ўрин ажратган;
мавзуларни ёритиш услуби жиҳатидан олдинги фиқҳий асарларга қараганда равон ёзилган;
ўрта аср Мовароуннаҳр марказий шаҳарларига дойр муҳим тарихий воқеалардан лавҳалар акс этган;
XVII асрга келиб ҳанафийлик мазҳабидаги машҳур асарга айланган.
Ҳанафий мазҳабига оид бўлган табақот асрларидан Фахруддин Қозихон ал-Ўзгандийнинг ҳаёти ва фаолиятига тегишли қуйидаги маълумотлар аниқланди.
Фақиҳнинг тўлиқ исми — Абулмаҳосин Фахруддин Қозихон ал-Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Абдулазиз ал-Ўзгандий. У Фарғона водийсининг марказий шаҳарларидан бўлган Ўзгандда таваллуд топган. Фақиҳ Қозихон тахаллуси билан машҳур бўлган. Унинг туғилган йили ҳали аниқланмаган, вафоти эса 592/1196 йилларга тўғри келади.
Йирик фақиҳ ва Қозихоннинг шогирдларидан бири ҳисобланган ал-Ҳасирий Қозихонни "Фахру-л-милла", "Рукну-л-ислом", Мугртийу-ш-Шарқ", " Бақиййату-с-салаф" номлари билан зикр қилган.
Қозихон фиқҳ илмида эришган билимни кейинги давр олимлари юқори баҳолаб унга мужтаҳидлик даражасини берганлар. Қурашийнинг фикрича, фақиҳнинг Зоҳир ар-ривояда келган китобларга қарашлари даврининг бошқа фақиҳларидан устун саналган. Унинг тасҳиҳи бошқаларникидан устун ҳисобланган.
Йирик тарихчи олим Ибн Қутлубғо фақиҳни пешқадам қози ва ўз даврининг етук олимларидан бири сифатида зикр этади. У ўзининг асарида Фахруддин Қозихонни ҳанафий мазҳабидаги фикрлари саҳиҳ деб ҳисобланган фақиҳлар қаторига қўшади. Камолпошшозода ўзининг мужтаҳидлар таснифи ҳақида фикр билдирар экан, уни фатво беришда мужтаҳид фақиҳлар гуруҳига қўшган.
Фақиҳнинг Муҳаммад Ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг асарларига ёзган шарҳлари, берган фатволари, Абу Ҳанифа ва ҳанафийлик мазҳабининг (Абу Юсуф, Имом Зуфар каби) имомлари ҳамда бошқа ҳанафий уламоларининг қарашларини зикр этиб, уларни таржиҳ қилганлари Фахруддин Қозихоннинг ижтиҳод аҳлидан эканлигини кўрсатади.
Фахруддин Қозихондан бой илмий-маънавий мерос қолган.
— ‘‘Фатовойи Қозихон". Фақиҳни машҳур қилган ушбу асар манбаларда "ал-Фатово ал-хониия" ёки “ал-Хония" номлари билан ҳам келтирилади. “Фатовойи Қозихон" — ҳанафий мазҳабида ёзилган, мўътабар ва кенг тарқалган фатво китобларидан биридир.
Котиб Чалабийнинг фикрича, асарнинг ёзилиши 578 ҳ.й. муҳаррам ойининг ўнинчи 1182 йилнинг 16 май куни бошланган. Кириш қисмидан шу нарса маълум бўладики, ушбу асар айнан фақиҳ томонидан ёзилмаган. Бунга асарнинг баъзи ўринларида "Мусанниф деди", "Жанобимиз дедилар" каби ибораларнинг ишлатилиши далил бўла олади.
Асар кириш қисми билан бошланган ва илк мумтоз фиқҳ китобларининг тизимига қараб тартибланган. Унда кундалик ҳаётда кўп учрайдиган масалалар ёритилган.
Асарда илк ҳанафий имомлар билан мутаҳаддим ва мутааххир фақиҳларнинг фикрларига ҳам жой ажратилган. Абу Ҳанифа билан унинг шогирдлари қарашлари ўртасидаги фарқлар тилга олинган. Бир хил фиқҳий мавзуга оид кўпгина мутааххир фақиҳларнинг қарашларидан фақат машҳур саналган бир- иккита фатволар зикр қилинган. Унда асосан саҳиҳ, далили қувватли, фатвога асос бўла оладиган жиҳатларига эътибор берилган. Асарда ҳукмларнинг далиллари келтирилмаган, бошқа мазҳаб имомларининг, жумладан имом Шофиийнинг қарашлари баъзан, Имом Молик билан бир қанча тобеъин олимларнинг қарашлари эса, камдан-кам зикр қилинган. Ироқ, Бухоро, Балх ва Самарқанд каби шаҳарлардаги кейинги давр фақиҳлари қарашларининг келтириши — асарнинг ўзига хос аҳамиятли жиҳатларидан биридир.
Фахруддин Қозихон яна ўз асарида ўша даврда Мовароуннаҳрда мавжуд бўлган маҳаллий урф-одатларга ҳам тўхталиб ўтган. Бу ҳолатни асарнинг никоҳ, талоқ, итҳ ва ямин бўлимларида кузатиш мумкин. Фақиҳ маҳаллий амалиётлардан далиллар келтирганда, форсча иборалардан фойдаланган.
"Фатовойи Қозихон" асарининг бошқа фиқҳий асарлардан фарқи унда фатволар нақл қилинганда, фатво берган фақиҳнинг номи келтирилган. Фиқҳий китобларнинг номи жуда ҳам кам зикр этилган. Фатво берган маҳаллий фақиҳлардан қуйидагиларни келтириш мумкин: Абу Бакр Муҳаммад Ибн Фазл ал-Бухорий, Абуллайс ас-Самарқандий, Шамсулъаимма ал-Ҳалвоний, Шамсулъаимма ас-Сарахсий, Хохарзода, Ҳассоф, Абуулқосим ас-Саффор, Али Ибн Ҳусайн ас-Сўғдий, Нотифий, Абу Бакр ал-Балхий ва бошқалар.
Фатовойи Қозихон" услубининг гўзаллиги ва мазмун-моҳиятининг асосли бўлиши асарнинг илмий қимматини оширади. Унинг доимо фақиҳлар диққат-эътиборида бўлганлигига яна бир далил ушбу асардан «ал-Фатово ал-ҳиндия»нинт кўпгина ўринларида иқтибослар келтирилганидир.
"Фатовойи Қозихон" асаридан бир неча маротаба нусхалар кўчирилган. Нақшбандий шайхларидан бўлган Шайх Маҳмуд Адҳам кўп такрорланадиган масалаларга оид фатволарни "Фатовойи Қозихон"дан териб, алоҳида китоб
ҳолига келтирган. Шайх Маҳмуд Адҳам бу китобни муайян бир ном билан атамаганлиги боис, у бир нусхасининг муқовасида «Мухтасару Қозихон», бошқасида эса, «Мунтахаб ал-Фатово ал-хония» шаклида қайд қилинган. Шунингдек, «Кашфу-з-зунун» да Қозизода Юсуфнинг "Фатовойи Қозихон"ни мухтасар шаклга келтирганлигига дойр қайд учрайди.
2. «Шарҳ ал-жомиъ ас-сағир». У — Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг « Зоҳиру-р-ривоя» номли ва ҳанафий мазҳабининг илк асосий манбаларини ташкил этган асарлардан ҳисобланган «ал-Жомиъ ас-сағир»нинг муҳим шарҳларидан биридир. Асарда матн ва шарҳ бир-биридан ажратиб бўлмас даражада аралаш шаклда берилган, муаллиф фатводаги каби Абу Ҳанифа ва шогирдлари билан бирга бошқа ҳанафий фақиҳлар, Имом Шофиий ва баъзан эса Имом Молик ҳамда тобеъин мужтаҳидларнинг қарашларини ҳам зикр этиб, кейин ўз қараш ва фикрларини қайд қилган.
3. «Шарҳу-з-зиёдот». Шайбонийнинг «Зоҳиру-р-ривоя» асарлари таркибига кирувчи аз-Зиёдотнутт шарҳидир. Китоб Фахруддин Қозихоннинг шогирдларидан Хасирийнинг ўқувчиси бўлган Сулаймон ибн Абулизз ал-Азроий тарафидан «ал-Мунтахаб ас-Сулаймоний» номи билан мухтасар қилинган. Бу мухтасарга ҳам Муҳаммад ибн Маҳмуд ас-Садидий аз-Завзаний «Малаку-л-ифодот фи шарҳи-з-зиёдот» номи билан машҳур бир шарҳ битган.
Манбаларда Қозихоннинг яна кал-Амолий», «Шарҳ одоби-л-қозий ли-л-Хассоф», «ал-Воқиъот», «ал-Махозир», «Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабийр» номли асарлари ҳам бўлганлиги ҳақидаги қайдлар мавжуд. Аз-Заҳабий «ал-Амолий»ни кўрганлигини айтган. Ушбу китоб имло йўли билан таълиф қилинган ва баъзан «ал-Амолий» номи билан юритилган бўлиши мумкин, лекин юқоридаги асарларнинг мавжудлиги ҳақидаги фикрлар ихтилофли бўлиб, уларни аниқлаш тадқиқотчилар олдида кўндаланг турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Фахруддин Қозихоннинг устозлари ҳақида сўз борганда, аввало, бобосининг амакиваччаси Заҳирудлин Ҳасан ибн Али ал-Марғиноний, Абу Исҳоқ Низомуддин Иброҳим ибн Али ал-Марғиноний каби алломаларни тилга олиш жоиз бўлади. Зотан, Фахруддин Қозихон улардан даре олган. Фақиҳ устозларининг силсиласи қуйидагича: ал-Ҳасан ибн Али ал-Марғиноний, у Абдулазиз ибн Умар ибн Мозадан, у эса Қозихоннинг отаси Маҳмуд ибн Абдулазиз ал-Ўзгандийдан, ҳар иккиси эса, Абу Бакр Муҳаммад ас-Сарахсийдан, у ал-Ҳалвоийдан, у эса Абу Али ан-Насафийдан, у Абу Бакр ибн ал-Фазлдан, у эса Субазмунийдан, Субазмуний эса Абу Абдуллоҳдан, у эса бобосидан, бобоси эса Имом Муҳаммаддан, у эса Имом Абу Ҳанифадан илм олганлар.
Фақиҳнинг шогирдларидан энг машҳурлари, Жамолуддин Абдулҳамид Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Ҳасирий, Шамсулаъимма Кардарий, Муҳаммад ибн Асъад ал-Фарғоний ва Нажмуддин Юсуф каби етук ҳанафий фақиҳларни келтириш мумкин.
Акмал ИКРОМЖОНОВ, Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси