6-дарс. 6-қоида.


المشقة تجلب التيسير
Машаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади.

Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни хоҳламаслигини, балки енгиллик ва осонликни хоҳлашлигини баён қилган:

“Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди”.
Лекин шу билан бирга енгилликни талаб қилиш шариатдаги далилларга қарама-қарши бўлмаслги керак. Яъни бу қоидадаги енгиллатиш керак бўлган машаққат шариат таклифларидан ташқаридаги машаққат ҳисобланади. Аммо бу қоида орқали шариат таклифлари ичидаги машаққатларни енгиллатиш тушунилмайди.
(Чунки шаръий таклифлардаги машаққатлар, аслида, юқорида айтганимиздек машаққат деб эътибор қилинмайди. Балки улар орқали унданда оғирроқ машаққатларнинг олдини олиш кўзда тутилади).
Мисол учун босқинчиларга қарши уришдаги машаққат.
(Босқинчиларга қарши уриш мобайнида тортиладиган машаққатлар мустамлакачилик ва хорлик машаққатларидан енгилроқ ҳисобланади).
Ҳад ва жазоларнинг оғриқлари, жиноятчиларга жазо бериш каби ишларда ҳатто бир оз енгилликни ҳам талаб қилинмайди.
(Агар буларда енгиллик талаб қилинса, жиноятчилар кўпайиб натижада жамият танг аҳволга тушиб қолади).
Бу қоидани татбиқини шариат рухсат берган ўринларда кўришиимиз мумкин.
Мисол учун сафардаги машаққатни енгиллатиш.
(Мусофир киши намозларини қаср ўқишлиги. Ёинки, рўза тутишлик, жума ўқишлик, қурбонлик қилишлик мажбуриятларидан озод бўлиши ва бошқалар).
Касаллик юзасидан машаққатни енгиллатиш.
(Намозни тик туриб ўқий олмаса ўтириб ўқишга, ўтириб ўқий олмаса, ёнбошлаб ўқишга рухсат бериш. Беморлиги туфайли рўза тутмаса мумкинлиги ва ҳакозо).
Мажбурлангандаги машаққатни кетказишга мисол.
(Кишининг жонига ёки бир аъзосини кесиб ташлашга таҳдид бўлса ўша машаққатдан чиқиб кетишлик учун ҳийла ишлатишлик мумкинлиги).
Ва яна шунингдек эсидан чиқарганлар, билмайдиганлар, гўдаклик ва жиннилик каби нуқсони борлардан ҳам машаққат енгиллатилади.
Камбағаллик юзасидан қийналганлар учун ҳам танглик осонлаштирилади.
(Мисол учун аёлнинг нафақасини адо қилолмай қолган эрнинг машаққати кенгликка чиққунга қадар енгиллатилади).
Оммалашиб кетган ишларда ҳам енгиллик талаб қилинади.
(Бунга бугунги кунда эмулигаторларни мисол келтириш мумкин. Деярли ҳамма егуликларда улар ишлатилади. Шунинг учун фатво юзасидан ҳамаср уламоларимиз уларга рухсат беришади).

7-ҚОИДА
.إذا ضاق الأمر اتسع
АГАР ИШ ТОРАЙСА КЕНГАЙТИРИЛАДИ.
(АГАР КЕНГАЙИБ КЕТСА ТОРАЙТИРИЛАДИ).

Яъни зарурат ва машаққат юзасидан бирор ишни кенгайтиришлик лозим бўлиб қолса, ўша зарурат ва машаққат кўтарилгунга қадар енгиллатилади. Зарурат ва машаққат кетгач иш яна ўз ўринига қайтарилади. Бу қоидадан “Зарурат ўз ўлчови билан ўлчанади”, “Зарурат ман қилинган нарсаларни мубоҳ қилади”, деган қоидалар ҳам келиб чиқади. Демак бу қоидадаги енгиллатишлик вақтинча бўлади. Мисол учун бир камбағал киши қарз бўлиб қолса ва қарзини бир йўла адо қилишлик имконияти бўлмаса у учун ишни енгиллатиб қарз муддатини чўзилади ёки топган миқдорини олиб қолганини кейин беришликка рухсат этилади.

8-ҚОИДА
لا ضرر و لا ضرار
(ИСЛОМДА) ЗАРАР БЕРИШ ВА ЗАРАРГА ЗАРАР БИЛАН ЖАВОБ ҚАЙТАРИШЛИК ЙЎҚ.

Ушбу қоида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан биридир.
(Буни Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмадлар ривоят қилишган).
Шу қоидага кўра мўъмин киши ўз биродарига зарар бермаслиги, мабодо ундан зарар кўриб қолса ҳам зарар билан жавоб қайтармаслиги вожиб бўлади. Дирор (ضرار ) калимаси интиқом ва ўч олиш учун қилинадиган зарар маъносида бўлиб, ушбу ўринда келишлигига асос бор. Фақат таъкид учунгина келмаган. Ушбу маънода учта қоида бор:
1. Ушбу “(Исломда) зарар  бериш ва зарарга зарар билан жавоб қайтаришлик йўқ”, қоидаси бўлиб, унда зарарни ҳосил қилишликдан қайтариш бор.
2. الضرر يزال – зарар кетказилади қоидаси. Мабодо бирор ўринда (инсоннинг шахсида, оиласида ёки жамиятда) зарар пайдо бўлса уни йўқотишлик мусулмонлар учун вожиб бўлади.
3. يدفع بقدر الإمكان الضرار – зарар имкон қадар йўқотилади қоидаси. Ҳосил бўлган зарарни мутлақ йўқотиш имконсиз бўлса, имконият даражасида кетказишлик вожиб бўлади.
لا ضرر و لا ضرار қоидасини татбиқ қилиниб, савдода молни кўришлик ихтиёри берилади. Бу билан сотиб олувчидан зарар даф қилинади. Яъни ушбу қоидага биноан сотилган нарсани  олувчи кишида кўришлик ихтиёри бўлади. Уни кўрган харидор ўзи хоҳлаганчалик нарса бўлмаса савдони бузишга ҳаққи бор. Яна хиёри шарт шу қоида асосида жорий бўлган. Бунда олувчи учун эҳтиёт чораларини кўриш ва алданиб қолишдан сақланишлик имконияти бор.
(Яъни шундай нарсалар бўладики, уларни сифатлаш ёки кўриш билан қандайлигини аниқлаб бўлмайди. Мисол учун харидор сигирни уч кунгача соғиб кўрай, деган шартни қўйишга ҳаққи бор. Шу орада у сигирни соғиб кўради ва сотувчи айтгани каби ўн литр сут берса олади, ундан кам берса қайтаришлик ҳаққи бўлади).
Деҳқончиликда ҳам бу қоида қўл келади. Мисол учун бир киши ерини фойдаланиб туришлик учун ёки ижарага берди. Мабодо айтилган муддатда деҳқоннинг ҳосили пишмай қолса, ер эгаси ерини талаб қилишлиги жоиз бўлмайди. Балки деҳқон экинни йиғиштириб олгунга қадар ерни унга топширади. Чўзилган муддат эвазига ўша давр ҳисоби бўйича ерининг ҳаққини олади.
Яна шу жумладан қўшнига зарар бермаслик учун уйни сотиб олишлик имтиёзи аввало қўшнига берилган. Яъни сотиладиган уйни олишда аввал қўшни ҳақли бўлади. Мабодо у олмаса кейин бошқага сотишлик мумкин. Эси паст кишининг молу-давлати унинг оиласи ва меросхўрлари зарар кўрмасликлари учун қози томонидан хажр қилинади, яъни музлатилади. Қарз берувчилардан зарарни йўқотишлик учун муфлиснинг нарсалари музлатилади.
(Муфлис деб банкротга яъни касодга учраган кишини айтилади).
Яна ушбу қоиданинг татбиқини мол тақсимлашда ҳам кўришимиз мумкин. Мисол учун бир қимматбаҳо лаълни икки шерик бўлишмоқчи бўлса уни майдалаб бўлишишга рухсат этилмайди. Чунки бунда лаълнинг қадр-қиймати ва манфаати йўқолиб мол зое бўлади. Ваҳоланки шариатда молни зое қилишдан қайтарилган.
(Демак бунда икки томон ҳам зарар кўрмаслиги учун лаълни сотиб уни пулини тақсимланади).

9-ҚОИДА
الضرر يزال
ЗАРАР КЕТКАЗИЛАДИ.

Яъни зарарни кетказишлик вожибдир. Бир киши бошқа бир кишига маълум муддатга дарахт экишлик ёки бино қуришлик учун ерини берса, ерни олган у жойга бинони қурса ёки дарахт экса, сўнгра муддат тугамасдан олдин ерни берган киши фикридан қайтса, бинони бузиб олиш ва дарахтларни кўчириб олишни ерни олган одамга таклиф қилади. Бунинг эвазига бинони бузиш ёки дарахтларни кўчиришдаги зарарни ер эгаси тўлайди. Агар бузгандаги нарх беш мингга баҳоланиб, бузмагандаги нархи ўн мингга баҳоланса ўртадаги фарқни ер эгаси тўлайди.
Батаҳқиқ шартномалардаги баъзи ихтиёрлар ҳам зарарни йўқотишлик учун шариатда жорий қилинган. Мисол учун айб сабабидан қўйилган ихтиёр. Яъни олган нарсасидан эгаси айтмаган айб чиқса олувчи савдони бузишга ҳақли бўлади.
Шунингдек алдов сабабидан қўйилган ихтиёр. Қўйнинг ичига ҳаво дамлаб сотилса олувчи уни уйига олиб боргач билса ҳам савдони бузишга ҳаққи бор. Яъни қўйни эгасига бериб пулини қайтариб олади. Яна шу қоида асосида қарзини тўламай юрган қарздорнинг мулкини мажбуран сотишлик мумкиндир.

10-ҚОИДА.
الضرورات تبيح المحظورات
ЗАРУРАТЛАР МАЪН ҚИЛИНГАН НАРСАЛАРНИ МУБОҲ ҚИЛАДИ.

Зарурат деб қаттиқ муҳтожликка ёки инсоннинг оғир вазиятга тушиб қолишлигига айтилади. Бундай пайтда у ўзини ҳалокатдан қутқаришлик ёки молини зое бўлишидан сақлашлик ва ёки қутқариб бўлмайдиган азиятни йўқотиш учун ҳаром ишни қилишка мажбур бўлади. Ҳалокат бўлишининг маълумотларни илми яқин ёки зонн билан маълум бўлса улардан қутилиш учун ҳаромни қилишга рухсат берилади.
(Илми яқин билан зонннинг таърифини юқорида айтдик. Демак шак, ваҳм, жаҳл билан ҳаром ишга қўл уришлик мумкин эмас).
Шу қоидага биноан юкининг кўплиги сабабли чўкиб кетиши мумкин бўлган кемадан баъзи юкларни сувга ташлашлик лозим бўлади.
(Молни зое қилиш ҳаром бўлса ҳам шу ўринда заруратдан чиқиш учун мубоҳ бўлади).
Пора беришлик ҳаром лекин ўзидаги зулмни даф қилиш учун мубоҳ ҳисобланади. Бозордаги нарх-наво ҳаддан зиёд ошиб, халқ ночор аҳволга тушиб қолса ҳукумат адолат билан нархни чегаралашлиги дурустдир.
(Аслида бозордаги нарх-навога аралашиш ҳеч кимнинг ҳаққи эмас. Лекин истисно тариқасида халқни оғир қийинчиликдан қутқариш учун ушбу қоида асосида нархни белгилаш мубоҳ бўлади).
Фойдага қарз олиш, эркакларни шойи либос кийишлари, тилла ва кумушдан тиш сифатида фойдаланишлари зарурат юзасидан жоиз бўлади. Ишбошилар агар маҳаллада ёнғин бўлса, бир-бирига ўтиб кетишини олдини олиб баъзи уйларни бузишга буйруқ қилишлари ҳам жоиз бўлади. Баъзи вабо касаллиги билан касалланган одамларни бир жойга тўплаб бошқаларга аралашишларини ман қилишлари ҳам мумкин. Бу билан касалликни тарқаб кетишини олди олинади.

(Бугунги кунда буни карантин деб номланмоқда. Демак юқоридаги ишларнинг барчаси шариат кўрсатмасича ман қилинган. Лекин зарурат юзасидангина уларни амалга ошириш мубоҳ бўлади. Зарурат эса ҳар кимнинг ўзи белгилайдиган ҳолат эмасдир, балки зарурат ҳаётнинг барбод бўлиши ёки бирор аъзога талофат етиши, мулкнинг зое бўлиши тўғрисида илми яқин ёки зонн қувватидаги маълумотга эга бўлишдир).


9 йил аввал 5700 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6088 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5983 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
9 йил аввал 6325 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5125 fiqh.uz