Зоҳирийлик мазҳаби (Янги зоҳирийлар)


“Зоҳирийлик” арабча зоҳир сўзидан олинган бўлиб бизнинг тилимизда “юзакилик” маъносини ифода этади. Яъни, бир нарсанинг жавҳарига, моҳиятига ва асл маъносига эътибор бермай, сиртига юзаки қараш деганидир.

Ушбу ҳолат саҳобаларда ҳам бўлиб ўтган. Гапимизнинг далил учун, оят ва ҳадисни юзаки тушунишга биттадан, иккита мисол келтирамиз.
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча...» ояти нозил бўлганда:
«Ё Аллоҳнинг Расули, мен ёстиғим остига икки арқонни; бир оқ арқонни, бир қора арқон¬ни қўйганман, кечадан кундузни билиш учун,
Бошқа ривоятда:
«Кечасида назар солсам, ажратиб бўлмайди-ку!» дедим».
У зот алайҳиссолату вассалом:
«Ёстиғинг кенг экан. У кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Бу ривоятда рўза ибодати янги жорий қилина бошлаганда бўлиб ўтган латиф ҳодисани келтириш орқали оғизни қачон бекитиш кераклиги ҳукми баён қилинмоқда. Маълумки, Аллоҳ таоло қачон оғизни бекитиш ҳукмини маълум қилиш учун:
«Токи фажрда сизга оқ ип қора ипдан ажрагунча енглар, ичинглар» деган оятни нозил қилган.
Ушбу оят нозил бўлганида баъзи кишилар, жумладан, Адий ибн ҳотим розияллоҳу анҳу ҳам зикр қилинган «ип»дан мурод мажозий «ип» эканлигини англаб етмаганлар. Шунинг учун ҳам, саҳарлик вақтида битта оқ рангли, битта қора рангли арқонни олиб, уларнинг ранги қоронғида кўзларига ажраб кўрингунча саҳарлик қилишга ўтганлар. Лекин у киши ўзининг бу ишларида камчилик сезиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилганлар ва у зот оятда зикр қилинган ипдан мурод арқон эмас, кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлиги эканини тушунтириб берганлар.
Демак, рўза тутмоқчи бўлган одам саҳарликни тонг отгунча қилиши мумкин экан. Тонг отгандан сўнг эса, мазкур саҳарликни тўхтатмоғи вожиб бўлади. Акс ҳолда рўзаси рўза бўлмайди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларнинг менга тезроқ етиб оладиганингиз қўли узунингиз», дедилар. Улар қайсиларининг қўли узунлигини ўлчаб кўришар эдилар. Ичимизда энг қўли узунимиз Зайнаб эди. Чунки у ўз қўли билан иш қилиб, садақа қилар эди».
Муслим ва Бухорий ривоят қилишган.
Бошқа бир санад билан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, қачон бирортамизнинг уйимизда тўпланиб қолсак, қўлимизни деворга чўзиб, кимнинг қўли узун экан, деб ўлчаб кўрар эдик. Зайнаб бинти Жаҳш вафот этгунча шундоқ қилдик.
У вафот қилгандан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлнинг узунлигидан садақани ирода қилганларини билиб олдик. Зайнаб икки қўли моҳир аёл эди. У тери ошлар, тикар ва Аллоҳнинг йўлида садақа қилар эди».
Зоҳирийликнинг ушбу луғавий маъноси эътиборидан Қуръон ва Суннатни англашда ва улардан шарҳий ҳукмларни чиқаришда оят ва ҳадисларнинг чуқур маъносига, сирларига назар солмай, дийнимизнинг мақсадлари ва ҳикматларига қарамай юзаки маъносига қараб ҳукм чиқаришни ўзига раво кўрган кишиларни зоҳирийлар дейилади. Бу борада улар тутган йўлни, зоҳирийлик мазҳаби дейилади.
Зоҳирий мазҳабининг ўзига хос белгилари бўлиб, улар жузъий матнларга асосий эътиборни қаратадилар ва ҳарфма ҳарф фаҳмлашга эътибор берадилар. Шариатда кўзланган мақсадлар билан ишлари йўқ. Зоҳирийлар шарҳий ҳукмларнинг сабаби, ҳикмати ва мақсадига алоҳида эътибор бермайдилар. Зоҳирийларнинг энг бош аломатларидан бири қиёсни инкор қилишдир. Уларнинг бундан бошқа ўзига хосликлари ҳам мавжуд. Аммо бизнинг мақсадимиз уларнинг тафсилотини ўрганиш эмаслиги учун гапни чўзмаймиз.
Зоҳирий мазҳабининг асосчиси сифатида икки юз етмишинчи ҳижрий санада вафот этган Довуд Зоҳирий танилган. Ибн Ҳазм эса, зоҳирийларнинг энг катта олимларидан бири экани ила машҳур бўлган. У киши тўртинчи ҳижрий асрда яшаган. Бу икки шахс ақл ва илм жиҳатидан кўзга кўринган билмли одамлар бўлиб, бир қанча асарлар ёзганлар. Кишилар орасида номлари машҳур бўлган. Аммо Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқариш йўллари зоҳирий бўлгани учун аҳли илмларни ҳайратга соладиган бир қанча ғаройиб ҳукмлар, гаплар ва шарҳлар қолдирганлар. Тушунарли бўлиши учун, Довуд Зоҳирийнинг ғаройиб ижтиҳодларидан намуна келтирамиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар».
Бошқа ривоятда: «Тоҳарат қилади».
Бухорий ривоят қилган.
Ушбу ҳадис шарифга биноан уламоларнинг ҳаммаси оқмай турган сувга нажас тушса, ўша сув нажасга айланиши ҳақида ижмоъ қилганлар. Аммо Довуд Зоҳирий худди шу ҳадиси шарифни далил қилиб ҳаммага хилоф ўлароқ ақл ҳам, нақл ҳам кўтармайдиган ғаройиб гапларни айтган. Унинг бу ҳақдаги гапларига қарши уламолар қаттиқ гапларни айтганлар.
Имом Нававий ўзининг “Ал-мажмуҳ” номли китобида қуйидагиларни ёзади:
“Соҳибларимиз Довуд ибн Али Зоҳирий Асфиҳоний роҳимаҳуллоҳудан ажийб мазҳабни нақл қилганлар. Улар, Довуд ёлғиз ўзи қуйидагиларни айтган:
“Бир киши оқмас сувга сийса, унинг ўша сувдан тоҳарат қилиш қилиш жоиз эмас. Чунки, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда тоҳарат қилади», деганлар. Бу ҳадис саҳиҳдир. Ундан (сийгандан) бошқаси (тоҳарат қилса) жоиз. Чунки, у (сув) унинг ҳақида нажас эмас. Ва агар бир идишга сийиб, уни сувга қуйса, ёки қирғоққа сийсаю, у оқиб сувга тушса, ундан у тоҳарат қилса бўлади. Чунки, у сувга эмас, бошқа ёққа сийди. Шунингдек, сувга қазои ҳожат қилса, ўша сувда тоҳарат қилса бўлади. Чунки, у сиймади, қазои ҳожат қилди”. Бу жуда ҳам ғариб ва ғоятда бузуқ гапдир.
“Итҳофул киром бии шарҳи Умдатил аҳком” китобининг соҳиби юқоридаги масалада, мазкур ҳадисини шарифни шарҳлаб, ундан чиқадиган ҳукмларни келтириб бўлганидан кейин қуйидагиларни айтади:
“Шу ерда зоҳирийлар хато қилишган;
Аввало улар У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин, деган қавлларида, агар бир идишга сийиб, уни сувга қуйса, уни қайтариш ўз ичига олмайди, дейишган.
Агар сувга яқинга сийса ва у оқиб сувга тушса, уни қайтариш ўз ичига олмайди, дейишган.
Шунингдек, ўша сувни ишлатишни ирода қилмаган инсонни ҳам, қайтариш ўз ичига олмайди, дейишган.
Бас, бу билан зоҳирийлар масҳара бўлдилар. Қолаверса, уламолар уларга раддиялар қилдилар ва баъзилари уларни қаттиқ сўкдилар. Мен эса, бу масалани толиби илмларга ибрат бўлсин дея киритдим”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга сиймасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар». Бошқа ривоятда: «Тоҳарат қилади» деган ҳадисларидан қуйидаги натижалар чиқади:
- Фуқаҳолар жумҳури бундан оқмай турган сувга нажас тушса, сув ҳам нажасга айланади, деган ҳукмни чиқарганлар. Уларнинг сийдикка бошқа барча нажас нарсаларни қиёс қилганлар. Агар ҳадисда фақат сийдик зикр қилинган бўлса ҳам, шариатнинг кишиларга манфаатни раво кўриш мақсадини ишга солиб, уларга зарар келтириши мумкин бўлган барча нажасларни ҳам унга қўшганлар. Ҳадиси шарифнинг мақсади, ҳикмати ва ҳукмнинг иллатини ҳисобга олганлар.
- Зоҳирийлар эса, ҳадиси шарифнинг зоҳирига, сўзларнинг ўзигагина назар солганлар. Уларнинг зоҳирийлиги – юзакилиги хатога етаклаган. Сийдик ва унга бевосита сийишнигина ўйлаганлар. Оқибатда бир неча хатога йўл қўйганлар:
1. Идишга сийиб, сийдикни оқмай турган сувга қуйса, ўша сувдан сийдик эгаси ҳам, бошқалар ҳам фойдаланиши мумкинлиги. Чунки, ҳадисда “сувга сийса” дейилган, “сийдикни идишдан сувга қуйилса” дейилмаган.
2. Сувга яқин ерга сийса, сийдик оқиб сувга тушса, ўша сувдан сийдик эгаси ҳам, бошқалар ҳам фойдаланиши мумкинлиги. Чунки, ҳадисда “сийдик ердан сувга оқиб тушса” дейилмаган.
3. Биров оқмай турган сувга сийса, ундан бошқа одам ўша сувдан фойдаланиши мумкинлиги. Чунки, ҳадисда “ким оқмай турган сувга сийса, ундан тоҳарат қилмасин” дейилган, сиймаган одам ҳам, дейилмаган.
4. Сувга сийилган сийдикдан бошқа барча нажаслар сувдан фойдаланишни манҳ қилмаслиги. Чунки, ҳадисда сийдикдан бошқа нажаслар айтилмаган.
5. Сувга қазои ҳожат қилинса, ундан тоҳарат қилиш ва бошқа манфаатлар учун фойдаланилса жоизлиги. Чунки, ҳадисда қазои ҳожат ҳақида сўз келмаган.
Энди, яна бошқа бир ҳадисни олиб кўрайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, изни қандоқ бўлур?» дейишди.
«Сукут сақламоғи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда:
«Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралур. Унинг изни сукутидир», дейилган.
Бу ҳадиси шарифдан уламолар жумҳури жумладан қуйидаги ҳукмларни чиқарганлар:
Агар эрга тегиши ҳақида сўз кетаётган кимса эрдан ажраган жувон бўлса, у ўз розилигини очиқ-ойдин айтиши шарт. Чунки у оила кўрган, эркак киши билан муносабатда бўлган, никоҳ масалаларида тажрибага эга, бундоқ гапларни гаплашиб юрган. Энди очиқ маслаҳатлашишдан уялмайди.
Маслаҳат қиз боланинг турмушга чиқиши ҳақида бўлаётган бўлса, бир оз бошқача йўл тутилади. Агар у очиқ жавоб берса, ўзининг иши. Унинг ўша жавобига қараб иш қилинади. Аммо индамаса, сукут розилик аломати бўлади.
Муслима қизлар одоб-ахлоқ, ҳаё, эҳтиром дои-расида тарбия топганлари туфайли ўз отаси, яқинлари билан ўз никоҳи тўғрисида уялиб индамаган бўлади. Шунинг учун қиз боланинг уялиб индамагани розилиги ҳисобланади.
Лекин индамаслигига норозилик аломатлари қўшилса, бундай сукутни розилик, деб бўлмайди.
Зоҳирийларнинг энг кўзга кўринган номоёндаси Ибн Ҳазм Зоҳирий эса, ҳаммага хилоф қилиб, агар қиз бола розилигини англатувчи гап айтса, никоҳ дуруст бўлмайди, дейди. У киши ўзининг “ал-Муҳалло” китобининг “Аёлнинг никоҳдаги изни масаласи” сарлавҳаси остида қуйидагиларни ёзади:
“Масала: Ҳар бир жувоннинг никоҳдаги изни фақатгина розилигини билдирадиган каломи билан бўлади. Қиз боланинг изни эса, фақатгина сукут сақлаши билан бўлади. Агар сукут сақласа, батаҳқиқ изн берган бўлади ва унга никоҳ лозим бўлади. Агар розилик ёки монеҳлик ёхуд бошқа гапни гапирса, бу билан унинг ақди никоҳи боғланмайди. Бунинг далили олдин айтиб ўтганимиз бикр ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Унинг изни сукут сақлашидир” деган қавлларидир. Ва яна Муслим ривоят қилган “...Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас», дедилар. «Ё Аллоҳнинг Расули, изни қандоқ бўлур?» дейишди. «Сукут сақламоғи», дедилар».
Муҳаммад ибн Ҳазм Зоҳирий ўзининг сукут сақламай, никоҳга розилигини ёки бошқа бирор гапнинг айтган қизболанинг никоҳи дуруст бўлмайди деган ажабтовур ҳукмини ёзибгина қолмасдан, унга хилоф гапни айтган уламолар жумҳурини фаҳмсизликда ва Набий алайҳиссаломга, саҳобаи киромларга хилоф қилишда айблаб бир қанча гапларни ҳам ёзган.
Учинчи мисол:
Жумъа куни ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва мисвок қилиш ҳақидаги масала.
Бу маслада ҳам зоҳирий мазҳаби билан қолган барча мусулмон фиқҳий мазҳаблари орасида ихтилоф бўлган. Бу ихтилоф ҳам, шаръий матнни тушуниш услибидаги фарқдан келиб чиққан. Мазкур шаръий матн қуйидаги ҳадиси шарифдан иборат.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Гувоҳлик бераманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жума куни ғусл қилиш, мисвок қилиш ва хушбўй суртиш ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар».
Ушбу ривоятни далил қилиб Ибн Ҳазм эса, бу ҳақида ўзининг машҳур “Муҳалло” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Жумъа куни ғусл қилиш ҳар бир балоғатга етган эркак ва аёл учун фарздир. Шунингдек, хушбўй суртиш ва мисвок қилиш ҳам”.
Бу маьнодаги ҳадислар кўп. Уларда мазкур амалларни бажариш фарз даражасида эмаслиги кўриниб туради. Шунинг учун ҳам баьзи мазҳабларда Жума кунги ғусл суннати муаккада дейилган. Ҳанафий мазъабида эса Жумъа кунги ғусл суннат дейилган.
Тўртинчи мисол.
Бомдоднинг икки ракъат суннатидан кейин ўнг тарафга ёнбошлаш ҳақидаги масала.
Бу маслада ҳам зоҳирий мазҳаби билан қолган барча мусулмон фиқҳий мазҳаблари орасида ихтилоф бўлган. Бу ихтилоф ҳам, шаръий матнни тушуниш услибидаги фарқдан келиб чиққан. Мазкур шаръий матн қуйидаги ҳадиси шарифдан иборат.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан риивоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Қачон бирингиз субҳдан олдин икки ракъат намоз ўқиса, ўнг тарафига ёнбошласин».
Абу Довуд ривоят қилган.
Зоҳирийлардан бошқа мазҳабларнинг фақиҳлари бу амал ҳақидаги барча далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб унинг ҳукми мустаҳаб деб айтганлар.
Ибн Ҳазм эса, бу ҳақида ўзининг машҳур “Муҳалло” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Ким Бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқиганидан кейин унинг учун Бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқиб бўлиб берган саломи билан Бомдоднинг фарзига такбир айтиши орасида ёнбошлаб олмасдан Бомдоднинг фарзини ўқиши жоиз эмас. Бизнинг наздимизда бунда ёнбошлашни қасддан тарк қилганми ёки унутибми, намозни вақтида ўқиганми ёки унутгандан кейин қазо қилибми ёхуд ухлаш ниятидами барибир. Агар Бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқимаган бўлса, ёнбошлаши лозим бўлмайди. Агар хавф ёки беморлик ёхуд бошқа сабаб туфайли ўнг тарафга ёнбошлай олмаса, тоқати етгунча ишора қилади.
Ибн Ҳазм ўзининг бу гапига юқоридаги ҳадисни далил қилиб келтиради. Ўзининг гапни қувватлаб, ўзгаларни танқид қилади ва яна қуйидагиларни ёзади:
“Кимдан унутиш ёки уйқу туфайли Бомдод намози ўтиб кетган бўлса, бас, биз унга ихтиёр қиламизки, қачон уни эсласа, ҳаттоки қуёш чиққанидан кейин бўлса ҳам, кўп ёки оз ўтган бўлса ҳам, аввал Бомдоднинг икки ракъат суннатини ўқисин, кейин ёнбошласин ва ундан кейингина Бомдоднинг фарзини ўқисин”.
Бешинчи мисол.
Эҳромдаги кишининг соч-соқолини олиши, тиронғини қисқартиши, хушбўй ҳидлаши каби ишларни қилиши ҳақидаги масала.
Муҳаммад ибн Ҳазм бу ҳақида ўзининг машҳур “Муҳалло” номли китобида қуйидагиларни ёзади: “Эҳромдаги кишига қуйидагилар жоиздир: ҳаммомга кириш, уқалатиш, бошини тийн ва хутомий билан ювиш, сурма қўйиш, мисвок қилиш, ойнага қараш, райҳон ҳидлаш, кийимини ювиш, тирноқларини ва мўйлабини қисқартиш, қўлтиқ остидаги юнгни юлиш, қовуғини қириш. Ушбу нарсаларнинг бирортасида ҳеч қандай танглик йўқ. Уларни қилган одамга ҳеч нарса лозим бўлмайди. Чунки, биз зикр қилган нарсаларнинг бирортасини манъ қилиш ҳақида Қуръон ҳам, Суннат ҳам келмаган. Улардан бирортасида ижмоъни даъво қилувчи умматнинг барчасига ёлғончидир ва илми йўқ нарсани гапирувчидир. Ким бу нарсада жарийма лозим бўлади деса, дийнда Аллоҳ изн бермаган нарсани шариат деб вожиб қилган бўлади”.
Қолган барча мазҳабларнинг уламолари эса, эҳромдаги кишига манъ қилинган амаллар борлигини таъкидлайдилар ва барчалари ўзларининг ҳаж ва умрага оид китобларида “Маҳзуротул эҳром” – эҳром манъ қиладиган нарсалар – деган бобда уларни ҳужжатлари билан баён қилиб ўтадилар. Биз бу масалада ҳанафий мазҳабида келган маълумотларни эътиборингизга тақдим қиламиз.
ЭҲРОМ МAНЪ ҚИЛАДИГАН НАРСАЛАР
Бу ила эҳромга кирган бўлади ва у шaҳвoний иш, фиcқ вa жaнжaл ҳамда қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдиришдан, уларни овчига ишора ила кўрсатишдан ва йўллаб қўйишдан, хушбўй нарса истеъмол қилишдан, тирноқ олишдан, юз ва бошни тўсишдан, боши ва соқолини хитомий ила ювишдан, соқолни қисқартишдан, соч олдиришдан, тикилган нарса, салла ва хушбўй нарса ила бўялган кийим кийишдан сақланиши шарт. Аммо мазкур хушбўй нарсани ювиб ташлаб изор ёки ридо қилса бўлади.
Худди намозни ният қилиб такбири таҳрима айтган кишига намоздан бошқа нарса ҳаром бўлгани каби эҳром боғлаб ҳаж ёки умрани ният қилган одам учун маьлум нарсаларни қилиш ҳаром бўлиб қолади. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Шaҳвoний иш.
Aёлигa яқинлик қилиш вa шy ишгa oлиб бopyвчи aмaллapни қилиш. Яъни, ўпиш, қyчoқлaш, шyнгa тaaллyқли гaплapни гaпиpиш.
2. Фиcқ.
Aллoҳнинг тoaтидaн чиқиш, гyнoҳ ишлapни қилиш.
3. Жaнжaл.
Шеpиклap, xoдимлap вa бoшқaлap билaн тaлaшиб-тopтишиш, жaнжaллaшиш вa шyнгa oид ишлap.
Ушбy ишлap Қуpъoни Kapимнинг «Кимки ўшa oйлapдa ҳажни ўзигa фapз қилсa, ҳaждa шaҳвoний иш, фиcқ вa жaнжaл йўқдиp», дeгaн oятигa бинoaн мaн этилгaндиp.
4. Қуруқлик ов ҳайвонларини ўлдириш, уларни овчига ишора ила кўрсатиш ва йўллаб қўйиш.
Аллоҳ таоло:«Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди. Модомики эҳромда экансиз, сизга қуруқлик ови ҳаром қилинди. Ҳузурида тўпланадиганингиз Аллоҳга тақво қилинг», деган (Моида: 96).
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Улар юришлардан бирида эдилар. Баъзилари эҳром боғлаган. Баъзилари эҳром боғламаган эдилар. Бир ёввойи эшакни кўрдим. Отимни миниб найзамни қўлимга олдим. Улардан ёрдам сўраган эдим. Ёрдам беришдан бош тортдилар. Улардан бирининг қамчисини суғуриб олдимда эшакнинг устига бостириб бордим. Бас, уни овладим. Улар ундан едилар ва қилганларидан қўрқдилар. Бориб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўралди. Шунда у зот:
«Сизлардан бирингиз унга ҳамла қилишни амр қилдими, ёки ишора қилдими?» дедилар.
«Йўқ», дейишди.
«Унда қолган гўштни ҳам тановул қилаверинглар», дедилар».
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган.
5. Хушбўй нарса истеъмол қилиш.
Шунингдек, мой суртиш, ҳинно қўйиш, райҳон ва меваларни ҳидлаш ҳам ман қилинган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ҳожи қандоқ одам?» деди.
«Сочи тўзиган, хушбўй ишлатмаган», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилган.
6. Тирноқ олиш.
Аллоҳ таоло: «Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...», деган.
Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади.
«...Ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.
7. Юз ва бошни тўсиш.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Отлиқлар бизнинг олдимиздан ўтарди. Биз эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эҳромдаги ҳолда эдик. Қачон улар тўғримизга келганларида биримиз жилбобини бошидан юзига тушириб оларди. Улар биздан ўтиб кетганларида уни очардик».
Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эди. Бас, уни туяси йиқитди. У эҳромдаги ҳолида ўлиб қолди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни сув ва сидр ила ювинглар. Икки (эҳром) кийими ила кафанланглар. Унга хушбўй суртманглар. Унинг бошини ўраманглар. Чунки у қиёмат куни лаббайка айтган ҳолида тирилтирилади», дедилар.
Икки шайх ривоят қилган.
8. Боши ва соқолини хитомий ила ювиш.
Хитомий наботот бўлиб уни бош ва соқол ювишда ишлатилган. У билан соч ёки соқол ювилса, улардаги жонзотларни ўлдирган. Шунинг учун, эҳромдаги одам хитомий ила бошини ювиши ман қилинган. Агар совун ва шунга ўхшаш жонзотларни ўлдирмайдиган нарсалар билан эҳромдаги одам бошини ёки соқолини ювса жоиз.
9. Соқолни қисқартиш ва соч олдириш.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг. Агар ушланиб қолсангиз, муяссар бўлганича қурбонлик қилинг. Қурбонлик ўз жойига емагунча, сочингизни олдирманг», деган (Бақара: 196).
Соқолни қисқартиш ёки сочни қисқартиш ҳам шу ҳукмга киради.
10. Tикилган нарса, салла ва хушбўй нарса ила бўялган кийим кийиш.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг расули! Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди?» деди.
«Кўйлаклар, саллалар, шалворлар, кулоҳлар, махсиларни киймайди. Илло биров кийгани кавуш топмаса, махсилар кийиб, ошиғидан пастидан кесиб олсин. Заъфарон ва варас теккан кийимларни кийманглар», дедилар.
Бешовлари ривоят қилган.
Умуман олганда эркак киши эҳромга кирганда тикилган нарсани кийиши мутлақо мумкин эмас.
Заъфарон сариқ рангли ўсимлик бўлиб уни кўпроқ хушбўй нарса сифатида кийимларга суртилган. Варас ҳам Яманда ўсадиган сарғиш қизил ўсимлик бўлиб хушбўй нарса сифатида ишлатилган. Ҳаж ва умра қилувчи шахс эҳром кийимига бу икки нарсани суртиши мумкин эмас.
Эҳромдаги эр кишининг оёқларининг уст қисми очиқ бўлиши лозим. Шунинг учун, ковуши йўқ одам махси кийишга мажбур бўлса унинг ошиғидан устини кесиб ташлаши тайинланмоқда.
Зоҳирийларнинг ушбу мисолларда келтирилганга ўхшаш ғаройиб гаплари ва ҳукмлари жуда кўпайиб кетганидан кейин уламолар ва барча мусулмонлар орасида уларнинг ҳақида турли фикрлар тарқалган. Кейин бундай гап-сўзларга барҳам бериш ниятида зоҳирийлар ҳақида хулоса чиқариб кўпчиликка етказиш зарурати туғилган. Қуйида ўша хулосалардан баъзиларини келтирамиз:
Имом Заҳабий зоҳирийларга уламоларнинг муносабати ҳақида қуйидагиларни ёзади:
“Довуд ва унга эргашганларнинг гапини ҳисобга олиш ҳақида уламоларнинг икки хил қавли бор:
1. Уларнинг хилофини эътиборга оладиганларнинг қавли;
“Уларнинг хилофини эътиборга олишимиз, уларнинг хилофлари ҳужжат бўлгани учун эмас, ҳикоя қилиш учундир. Хилофларининг баъзиси дуруст, баъзиси кучли ва баъзиси арзимасдир. Уларнинг ўзларига хос хилофлари зонний ижмоъга хилоф қилиш туридандир”.
2. Уларнинг хилофини эътиборга олмайдиганларнинг қавли;
“Улар овом жумласидандир ёки фиқҳнинг фуруъида шийҳалар кабидир. Уларнинг гапларига эътибор бермаймиз. Уларга хилоф қилиб ҳам ўтирмаймиз. Китобларига аҳамият бермаймиз. Овомлардан фатво сўраб юрганларни уларга мурожаат қилишига маслаҳат бермаймиз. Икки оёққа масҳ тортиш каби ботиллиги аниқ масалаларни ошкор қилсалар, таъзирини ва одобини берамиз ва оёқларни ювишга мажбур қиламиз”.
Абу Исҳоқ Исфароийний айтади:
“Жумҳурнинг гапига биноан, улар, яъни, қиёсни инкор қилувчилар, ижтиҳод даражасига етмайдилар ва уларни қозликка таъйин қилиш жоиз эмас”.
Абу Мансур Боғдодий, Абу Али ибн Абу Ҳурайра ва бир гуруҳ шофеъийлардан нақл қилади:
“Довуд ва бошқа қиёсни инкор қилувчиларнинг хилофининг эътибори йўқ...”.
Имомул Ҳарамайни Абул Маъолий айтади:
“Аҳли таҳқиқнинг қарори бўйича, албатта, қиёсни инкор қилувчилар умматнинг уламоларидан ҳам, шариатнинг ҳомилларидан ҳам ҳисобланмайдилар...”.
Бунга ўхшаш гапларни кўп келтириш мумкин. Лекин асосий мақсад зоҳирийларнинг айбини ахтариш эмас. Балки, Қуръони Карим, Суннати Набавия ва диний матнларни англашда ва улардан ҳукм чиқаришда нотўғри йўл тутиш, фақат матнларнинг сиртига эътибор беришга маҳкам ёпишиб олиш қандай ноқулай оқибатларга олиб келишини англаб олишдир. Шунинг учун ҳам, зоҳирий мазҳаби мўъмин – мусулмон умматининг эҳътирофини қозона олмади. Бу мазҳаю аҳли сунна ва жамоа ақийдасидаги мусулмонлар оммасининг мўҳтараф тўрт фиқҳий мазҳаб каби эҳъзозига мушарраф бўлмади. Балки бир муддатдан кейин инқирозга учради. Аммо зоҳирий мазҳабининг ўзи йўқ бўлиб кетса ҳам, унинг фикрларидан баъзилари турли сабабларга кўра ҳар замонда бош кўтариб туриши бор.
ЯНГИ ЗОҲИРИЙЛАР
Ҳозирги пайтда ҳам, эски зоҳирийларнинг баъзи фикрлари билан қуролланган тоифалар мавжуд. Биз уларни ушбу сатрларимизда ихтилофчилар, бемазҳаблар деб атамоқдамиз. Баъзи кўзга кўринган уламоларимиз эса уларни “янги зоҳирийлар” деб аташади. Ўша муҳтарам уламоларимизнинг таъкидлашларича “янги зоҳирийлар”да ҳам эски зоҳирийларнинг сиймолари мавжуд. “Янги зоҳирийлар” эскиларидан жузъий матнларга ёпишиб олиб, ҳарфма-ҳарф таҳлилга ўтиш, юзаки маъно бериш, қиёсни инкор қилиш, ҳукмларнинг мақсад ва ҳикматга боғламаслик каби хусусиятларни мерос қилиб олган бўлсалар ҳам, илмда, хусусан, ҳадис ва осорларда кенгликни олмаганлар. Бу эса, ўз навбатида уларнинг дийнни тушунишларига, диний матнлардан шаръий ҳукмларни чиқаришларига, ҳаёт ва одамлар билан бўладиган муомалаларига ўз таъсирини кўрсатган.
Турли гуруҳларга мансуб янги зоҳирийларнинг фаолиятини ўрганган уламоларимиз уларнинг қуйидаги хусусиятларига алоҳида эътибор қаратадилар:
1. Оят ва ҳадисларни фаҳмлашда, ҳамда улардан ҳукм чиқаришда сиртига ёпишиб олиб, ҳарфма-ҳарф таҳлил қилиш ва матнларнинг ортидаги мақсад ва ҳикматларга назар солмаслик.
2. Масалаларни оғир томонини олиш ва қийинлаштиришга мойиллик.
3. Ўз фикрини ягона тўғри фикр ҳисоблаб, ғурурга кетиш.
4. Ўз фикрига мухолиф бўлганларга нисбатан муросасиз бўлиш.
5. Ўзидан бўлмаганларни фосиқ, бидъатчи ва кофирга чиқариш.
6. Диний, мазҳабий ва бошқа масалаларда фитна чиқишига бепарво бўлиш.
Бемазҳаб тоифалар юқорида айтиб ўтилган ва яна бошқа, бу ерда айтилмаган, хусусиятлари ила мусулмонлар ичида доимий равишда турли ихтилофлар давом этиб туришига сабаб бўлмоқдалар. Агар ўзлари ўша тушунчалари билан бирга бўлишса, ҳеч ким хафа ҳам бўлмас эди. Аммо, минг афсуски, улар ўз фикрларига бошқалар ҳам юриши лозимлигини даъво қилишлари ва бу борада олиб бораётган ишлари мусулмонлар оммасини фаришон қилмоқда. Бу тоифаларнинг фақат фиқҳий масалалар бўйича мусулмонлар оммасига қарши қилган ихтилофларини оладиган бўлсак ҳам оламга татийдиган натийжалар чиқади. Айнан шу масалада баҳс юритган замонамизнинг кўзга кўринган машҳур олими Шайх Юсуф Қарзовий ҳазратлари ўз китобларидан бирида янги зоҳирийларнинг фиқҳий масалалар бўйича мусулмонлар оммасига қарши қилган ихтилофлари натийжаларидан тўрттасини алоҳида зикр қилганлар. Ўша тўрт масала қуйидагилардан иборат:
1. Қоғоз пулларнинг қиймати йўқ дейишлари.
2. Тижорат молларидан закотни соқит қилиш.
3. Фитр садақасини озиқ-овқат маҳсулотларидан чиқаришга маҳкам туриб олиш.
4. Фото ва теле сувратларни ҳаром дейиш.
Қуйида, бизнинг шароитимизда кўпроқ ташвишга сабаб бўлган ихтилофлар ва уларга қарши берилган тушунтириш ва жавоблардан намуналар келтирамиз. Яхши ният билан, ҳали қўзилмаган ёки унча кўп тарқалмаган ихтилофлар ҳақида сўз очмасликка ҳаракат қилдик. Ўша ихтилофлар бизда қўзилмасин, деган умиддамиз.
Шу билан бирга, биз кўзда тутаётган ихтилофчилардан бошқалар, ўз ичимиздан чиққан ихтилофлардан ҳам баъзиларини эслаб ўтдик. Чунки, асосий гап маълум гуруҳ ёки тоифага эмас, умуман ихтилофга қарши эканимиздадир.
Тажриба собиқ совет иттифоқи ҳудудидаги мусулмонлар ва уларнинг аҳли илмлари, имомлари ва бошқа дийний соҳага боғлиқ кишилари ушбу ихтилофлар бўйича далили ва ҳужжатли маълумотларга эҳтиёжлари тушиб туришини кўрсатгани учун ҳам, уларни бир жойга жамлашни маъқул кўрдик.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳабларнинг келажаги ижтимоий-тарихий таҳлил
Мен дин олими эмасман, бинобарин, Исломдаги мазҳаблар ҳақида аввало, ижтимоий-тарихий таҳлил нуқтаи назаридан гапираман. Агар қаердадир хатога йўл қўйсам, уламолар хатоимни тўғрилаб қўйишади, деган умиддаман. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қаробат аҳли мазҳаби
Қаробат аҳли мазҳаби:Учинчи мазҳаб қаробат аҳли мазҳаби бўлиб, улар завил арҳомларнинг меросида асабалар меросига қиёсан қариндошлик даражасига сўнгра қаробат қувватига эътибор қилишади. Меросхўрлардан давоми...
9 йил аввал 5085 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мазҳаббошилар тавсифи шеър
 Мазҳаббошилар тавсифиАсли динда булар эди комил, Фаръида нез тўрт эди омил.Бирлари Собит ўғлидур Нўъмон,Илму фазлу камоли бепоён.Шуҳрат ила Имоми Аъзамдур,Қанча аъзам дейилса ҳам давоми...
9 йил аввал 5780 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафий мазҳабидаги китоблар мартабалари
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади. Мазкур даражадаги китобларни давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳанафийлик фиқҳининг қисмлари ва ёрдамчи соҳалари
“Фиқҳ” сўзи луғатда “фаҳм қилмоқ”, “фаҳмлаш”, “англамоқ” ва “тушунмоқ” каби маъноларда бўлиб, у оддий “фаҳмлаш” эмас, балки диққат билан чуқур англаб олиш, мукаммал ва муфассал давоми...
9 йил аввал 5875 Ҳамидуллоҳ Беруний