Иқтидо қилувчи қироат қиладими?


Имом жумаъда, икки ҳайит намозида, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракаатида ҳамда қазо қилиб ўқиганида қироатни овоз чиқариб жаҳрий ўқигай. Бошқа намозларда қироатни овоз чиқармай махфий ўқир.

Имом кишининг мазкур намозларда кироатни овоз чиқариб ўқимоғи вожиб. Қасддан овоз чиқармай ўқиса гуноҳкор бўлур. Янглишиб яширин ўқиса саждаи саҳв қилур.
Қироатни овоз чиқариб ўқиладиган намозни ёлғиз ўқувчи киши хоҳласа овоз чиқариб ўқийди. Хоҳласа овоз чиқармайди, ихтиёр ўзида. Аммо вақтидан кейин адо қилиб ўқиса яширин ўқиш вожиб. Ёлғиз ўқувчи киши нафлда ҳам ихтиёрлидир хоҳласа жахрий хоҳласа махфий.
Жахрий ўқишнинг энг кам даражаси ўзидан бошқа ақалли бир киши эшитарлик ўқишдир. Махфий ўқишнинг энг кам даражаси ўзига эшитарли ўқимокдир.Сафарда, шошилинч вақтида қироатнинг суннати “Сураи Фотиҳани” ва қиска суралардан бирортасини ўқишдир.
Икки ракаатли намозларда қайси намозни ўқиётганини ният қилади ва такбир айтиб қўлни боғлаб, сано дуосини ўқийди. Сўнг аузу, бисмиллони ўқийди, сўнг фотиҳа сурасини ўқиб зам сура қўшади, сўнг рукуъ, сажда қилади” ва яна такбир айтиб ўрнидан туради.
Сўнг бисмиллони айтиб Фотиҳа сурасини қироат қилади ва зам сура қўшади сўнгра, рукуъ ва сажда қилади. Аттаҳийятни ўқийди. Аллоҳумма солли аъла кейин аллоҳума борик аълани ўқийди.Икки ракаатли намоз манашу тарзда тугатилади.
Аввало намоз ўқиётган кишининг қалби фақат Аллоҳга боғланган ҳолда ибодат қилиши керак. Чунки Аллоҳ қуръонда намозларини тўлиқ-мукаммал адо этганлар учун Фирдавс жаннат ҳозирлангалигини ваъда қилган.

Аллоҳ таоло айтади:
“Қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз! Шояд (Аллоҳ тарафидан) раҳматга сазовор бўлсангиз” (Аъроф, 204).
Аллоҳ таоло Қуръони карим инсонларга ҳидоят ва раҳмат эканини эслатгач, бандалар ундан фойда олишлари ва ҳидоятга юришлари учун, қолаверса, Қуръонга ҳурмат юзасидан мўминларни унинг тиловатига қулоқ солишга амр қилмоқда.
Муовия ибн Қурра ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бўлган баъзи устозларимдан сўрадим (менимча, у Абдуллоҳ ибн Муғаффал эди): “Қуръонни эшитган ҳар бир кишига унга қулоқ тутиш ва жим туриш вожиб бўладими?” Шунда у: “Албатта, “қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!” ояти имом ортидан қироат қилиш ҳақида нозил бўлган. Агар имом қироат қилса, унга қулоқ сол ва жим тур”, деди” (Ибн Абу Шайба, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ “Тафсир”да ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиганларида бир гуруҳ одамлар у зотнинг орқаларида туриб қироат қилди. Шунда “қачонки Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз!” ояти нозил бўлди” (Ибн Мардавайҳ ривояти).
Имом ортидан қироат қилиш ёки қироат қилмаслик борасида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Аввал бу хусусда ворид бўлган баъзи ривоятларни келтириб, сўнгра уламолар фикрини ҳавола қиламиз.
Убода ибн Сомит розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз бомдод намозида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орқаларида тур(иб намоз ўқиёт)ган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироат қилишда қийналдилар. Намоздан фориғ бўлгач: “Эҳтимол, сизлар имомларингиз ортида туриб қироат қилаётганга ўхшайсиз?” дедилар. Биз: “Ҳа, эй Расулуллоҳ, овоз чиқариб (қироат қиляпмиз)”, дедик. Шунда у зот: “Фотиҳатул Китобдан бошқасини ўқиманглар. Чунки уни ўқимаган киши учун намоз йўқдир”, дедилар” (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).
Ал-Хаттобий айтади: “Ушбу ҳадис, хоҳ қироати махфий ёки жаҳрий бўлсин, имом ортидан Фотиҳа сурасини ўқиш вожиблигига далолат қилади”, деган. Шофеъий, Исҳоқ, Авзоъий, Лайс ибн Саъд, Абу Савр, Урва ибн Зубайр, Ҳасан Басрий, Саид ибн Жубайр ва Макҳуллар ҳам шундай фикрни илгари суришган.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан намоз ўқиб бўлгач, жамоатга юзланиб, “Имом қироат қилаётганида сизлар ҳам қироат қилдингизми?” дедилар. Улар жим туришди. У зот буни уч марта такрорладилар. Шунда бир киши (ёки кўпчилик): “Ҳа, биз шундай қиламиз”, деди. У зот: “Бундай қилманглар. Фақат Фотиҳа сурасини ичида ўқисин”, дедилар (Ибн Ҳиббон, Дароқутний, Аҳмад, Табароний “Авсат”да ва Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қилган намоздан фориғ бўлиб: “Ҳозир сизлардан биронтаси мен билан бирга қироат қилдими?” деб сўрадилар. Шунда бир киши: “Ҳа, мен (қироат қилдим), эй Расулуллоҳ”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Айтдим-а, нима сабабдан Қуърон (қироати)да жазб қиляпман, деб”, дедилар. Бас, одамлар буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитгач, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб қироат қиладиган намозларда у зот билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар” (Сунан соҳиблари, Аҳмад, Молик, Табароний, Дароқутний ва Ибн Ҳиббон ривояти. Абу Исо: “Бу ҳадис ҳасандир”, деган).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳуга: “Биз имом орқасида бўламиз. (Шунда ҳам Фотиҳани ўқиймиз-ми)?” дейилди. Шунда у: “У (сура)ни ичингда ўқи”, деди (Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Молик, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Дароқутний ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким имом билан фарз намозини ўқиса, у жим турганида (яъни, овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларнинг учинчи ва тўртинчи ракъатларида) Фотиҳа сурасини ўқисин” (Ҳоким “Мустадрок”да ва Дароқутний “Сунан”да ривоят қилган).
Убайдуллоҳ ибн Абу Рофеъ отасидан ривоят қилишича, Али розийаллоҳу анҳу жамоат намозида пешин ва асрнинг аввалги икки ракъатида Фотиҳа ва зам сура, охирги икки ракъатида эса Фотиҳа сурасини ўқишга буюрар ёки яхши кўрар эди (Дароқутний “Сунан”да ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ).
Бу масалада уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи саҳобалар имом ортидан қироат қилишни вожиб, дейишса, бошқалар қироат қилмас эдилар (Саҳобалар ичида Абу Ҳурайра, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Саид Худрий, Ибн Аббос, Али, Имрон ибн Ҳусойн ва бошқалар имом иқтидо қилувчи қироат қилишини айтишган. Зайд ибн Собит ва Ибн Умарлар ўқилмайди, дейишган). Шу сабаб бу борада фуқаҳолар уч хил фикрдалар:
– Макҳул, Авзоъий, Шофеъий каби уламолар жаҳрий қироат қилинадиган намозда ҳам, махфийда ҳам имомга иқтидо қилувчи қироат қилади, дейишган;
– Зуҳрий, Молик, Ибн Муборак, Аҳмад имом ичида қироат қилганида муқтадий ўқийди. Жаҳрий намозларда жим туради, дейишган;
– Суфён Саврий, Абу Ҳанифа ва аҳли раъй кишилар имомга иқтидо қилувчи умуман қироат қилмаслиги лозимлигини таъкидлашган.

Убода ибн Сомит розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким бирон имомнинг ортидан намоз ўқиса, бас, Фотиҳатул Китобни қироат қилсин” (Табароний “Муснадуш-шамиййийн”да ривоят қилган).
Шу сабаб ҳам шофеъий уламолардан баъзилари: “Овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларда имомга эргашувчилар Фотиҳа сурасини ўқиб олишлари учун имом Фотиҳа сурасидан кейин бироз сукут сақлаши мустаҳабдир”, дейишган.
Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилишича, у имом жаҳрий қироат қилмайдиган намозларда имом ортидан қироат қилар эди (Молик “Муваттоъ”да ривоят қилган).
Қуйида ҳанафий уламоларнинг далилларини келтирамиз.
Жобир розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимнинг имоми бўлса, бас, ўша (имом)нинг қироати унинг учун ҳам қироатдир” (Аҳмад, Дароқутний ва Ибн Абу Шайба ривояти. Ҳадиснинг санадида заифлик бор. Бироқ, Албоний ушбу ҳадис санади ҳасан эканини айтган).
Ушбу ҳадиснинг айтилишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқидилар. Ортларида бир киши қўшилиб қироат қилди. Саҳобалардан бири уни имом орқасидан қироат қилишдан қайтарган эди, у: “Мени Аллоҳнинг Пайғамбари ортидан қироат қилишдан қайтарасан-ми?” деди. Улар жанжаллашиб қолиб, охири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига боришган эди, у зот: “Ким имомнинг орқасида (туриб) намоз ўқиса, бас, имомнинг қироати унинг учун ҳам қироатдир”, дедилар (Ибн Адий ривояти).
Мана шу ҳадис ҳанафийларнинг энг кучли далилларидан бири саналади. Унга кўра, жамоат намозларида имомнинг қироати иқтидо қилувчиларга ҳам етарли. Улар ўзлари учун алоҳида қироат қилишлари шарт эмас.
Кўп китобларда ҳанафийларнинг бу ҳужжатлари заиф, ундан далил сифатида фойдаланиш жоиз эмас, деб айтилган. Аммо аллома Албоний бу ҳадис санади ҳасан эканини айтган.
Бу ерда жаҳрий намозларда имом қироати муқтадийларга ҳам кифоя қилади, махфий қироат қилинадиган намозларда намозхонлар қироат қилсинлар, деган гап йўқ. Демак, бу ҳадисни мутлоқ, умумий маънода тушуниш керак.
Абу Нуъайм Ваҳб ибн Кайсон Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деганини эшитган экан: “Кимки бир ракъат намоз ўқиб, унда Уммул Қуръон (Фотиҳа сураси)ни қироат қилмаса, бас, у намоз ўқимабди. Фақат имомнинг орқасида бўлсагина (Фотиҳани қироат қилмайди)” (Термизий ривоят қилган ва: “Бу ҳадис ҳасан-саҳиҳдир”, деган).
Фотиҳа сураси қироатисиз намоз дуруст бўлмайди. Албатта уни ўқиш керак. Лекин жамоат намозларида муқтадийлар Фотиҳа ва зам сурани тиловат қилишлари шарт эмас. Чунки имомнинг қироати уларга кифоя қилади.
Абу Мусо Ашъарий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имом унга эргашишлик учун қўйилгандир. Бас, агар у такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Агар қироат қилса, сизлар жим туринглар!”, дедилар” (Муслим, Насоий, Ибн Можа ва Ибн Абу Шайба ривояти).
Жамоат намозларида иқтидо қилувчилар имомга тўлиқ эргашишлари, у нима қилса, шуни қилишлари керак. Фақатгина қироатни имомнинг ўзига қолдирадилар. Сабаби у қироати энг чиройли ва тажвидли бўлгани учун имомликка ўтади.
Баъзилар ушбу ҳадис жаҳрий қироат қилинадиган намозлар ҳақида айтилган, дейишади. Бу фикрга қуйидаги ҳадис раддия бўлади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Имом хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий ўқисин, унинг қироати сенга кифоя қилади” (Дароқутний “Сунан”да ривоят қилган).
Демак, намоз хоҳ жаҳрий – овоз чиқариб ўқилсин (шом, хуфтон, бомдод), хоҳ махфий – ичда ўқилсин (пешин, аср), имомнинг қироати иқтидо қилувчилар учун етарли бўлади.
Қуйидаги ривоят ҳам бу фиркни қувватлайди. Убайдуллоҳ ибн Миқсам ривоят қилади: “Мен Жобир ибн Абдуллоҳдан: “Пешин ва аср намозларида имом орқасида туриб қироат қиласанми?” деб сўрадим. У: “Йўқ”, деб жавоб берди” (Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).
Али розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Имомнинг орқасида қироат қиламанми ёки жим тураманми?” деб сўради. Шунда у зот: “Йўқ, жим турасан. Зеро, у(нинг қироати) сенга кифоя қилади”, дедилар” (Дароқутний ривояти. Ҳадиснинг санади заиф).
Шаъбий айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имомнинг ортида қироат (қилиш) йўқ”, деганлар" (Дароқутний мурсал тарзда ривоят қилган).
Абдураҳмон ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам имом орқасида қироат қилишдан қайтарганлар” (Абдураззоқ “Мусоннаф”да ривоят қилган).
Мусо ибн Уқба ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Умар, Усмон розийаллоҳу анҳумлар имом орқасидан қироат қилишдан қайтарар эдилар” (Абдураззоқ ривояти).
Зайд ибн Аслам ривоят қилади: “Ибн Умар розийаллоҳу анҳу имом ортидан қироат қилишдан қайтарар эди” (Абдураззоқ ривояти).
Абу Исҳоқ айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуднинг биродарлари имом ортидан қироат қилмас эдилар” (Абдураззоқ ривояти).
Ибн Заквон айтади: “Зайд ибн Собит ва Ибн Умарлар имом ортидан қироат қилмас эдилар” (Абдураззоқ ривояти).
Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳу: “Ким имом билан бирга қироат қилса, бас, унинг учун намоз йўқдир”, деган (Абдураззоқ ривояти).
Нофеъдан ривоят қилинишича, Абдуллоҳ ибн Умардан: “Имом ортидан қироат қилинадими?” деб сўралса, у: “Агар биронтангиз имом ортида намоз ўқиса, бас, (имомнинг) қироати унга кифоя қилади. Агар ёлғиз ўзи ўқиса, бас, қироат қилсин”, дер эди (Молик “Муваттоъ”да ривоят қилган).
Али розийаллоҳу анҳу айтади: “Ким имом орқасида қироат қилса, бас, (соф) фитратдан адашибди” (Ибн Абу Шайба, Абдураззоқ, Дароқутний “Сунан”да ривоят қилган ва: “Ҳадиснинг санади саҳиҳ эмас”, деган).
Бошқа бир ривоятда: “Ким имом орқасидан қироат қилса, суннат (йўли)дан адашибди”, дейилган.
Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу: “Ким имом орқасида қироат қилса, унинг намози бузилади”, деган (“Ал-ъинайа шарҳул-ҳидайа”).
Саксонга яқин саҳобалар имом ортидан қироат қилишдан қатаришган (“Ал-ъинайа шарҳул-ҳидайа”).
Шаъбий айтади: “Мен Бадрда қатнашганларнинг етмиштаси билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди”.
Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан ўнгга яқини имом орқасида туриб қироат қилишдан қаттиқ қайтаришарди. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абдураҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқалар”.

Одилхон қори Юнусхон ўғли тайёрлади

Савол: Имом бошқа мазҳабда намоз ўкиётган бўлса, биз унинг барча ҳаракатларини такрорлашимиз шартми?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бошқа мазҳабдаги имомга иқтидо қилганда унга эргашилади, аммо унинг ҳамма ҳаракатини такрорлаш лозим бўлмайди. Масалан, омийнни жаҳрий ё махфий айтишда, такбирларда қўл кўтариш ё кўтармасликда имомга эргашиш шарт эмас. Валлоҳу аълам.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
5 йил аввал 39033 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
5 йил аввал 8700 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
5 йил аввал 29508 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
5 йил аввал 6513 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
5 йил аввал 10393 fiqh.uz