Икки ийд намози ва ташриқ такбирлари фасли


 

نُدِبَ يَوْمَ الْفِطْرِ أَنْ يَأْكُلَ، وَيَسْتَاكَ، وَيَغْتَسِلَ، وَيَتَطَيَّبَ، وَيَلْبِسَ أَحْسَنَ ثِيَابِهِ، وَيُؤَدِّي فِطْرَتَهُ، ثُمَّ يَخْرُجُ إِلَى الْمُصَلَّى وَلَا يَتْنَفَّلُ قَبْلَ صَلَاتِهِ فِي الْمُصَلَّى وَشُرِطَ لَهَا شُرُوطُ الْجُمُعَةِ وُجُوبًا وَأَدَاءً إِلَّا الْخُطْبَةَ 

وَوَقْتُهَا مِنِ ارْتِفَاعِ الشَّمْسِ إِلَى زَوَالِهَا، وَيُكَبِّرُ ثَلَاثًا رَافِعًا يَدَيْهِ بَعْدَ الثَّنَاءِ، وَيُكَبِّرُ فِي الرَّكْعَةِ الثَّانِيَةِ بَعْدَ الْقِرَاءَةِ  وَيُصَلِّي غَدًا بِعُذْرٍوَإِذَا صَلَّى الْإِمَامُ لَا يَقْضِيهَا أَحَدٌ  وَالْأَضْحَى كَالْفِطْرِ، لَكِنْ نُدِبَ الْإِمْسَاكُ إِلَى أَنْ يُصَلِّيَ 

وَيُكَبِّرُ جَهْرًا فِي الطَّرِيقِ، وَيُصَلَّى ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ بِعُذْرٍ وَغَيْرِهِ وَيُعَلِّمُ فِي خُطْبَتِهِ تَكْبِيرَ التَّشْرِيقِ وَالْأُضْحِيَةِ وَثَمَّ أَحْكَامَ الْفِطْرَةِ، لَا اجْتِمَاعَ يَوْمَ عَرَفَةَ تَشَبُّهًا بِالوَاقِفِينَ، وَيَجِبُ قَوْلُهُ  اللهُ أَكْبَرُ، اللهُ أَكْبَرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَاللهُ أَكْبَرُ، اللهُ أَكْبَرُ، وَلِلَّهِ الْحَمْدُ مِنْ فَجْرِ يَوْمِ عَرَفَةَ عَقِيبَ كُلِّ فَرْضٍ أُدِّيَ بِجَمَاعَةٍ مُسْتَحَبَّةٍ عَلَى الْمُقِيمِ بِالْمِصْرِ، وَمُقْتَدِيَةٍ بِرَجُلٍ، وَعَلَى مُسَافِرٍ مُقْتَدٍ بِمُقِيمٍ إِلَى عَصْرِ الْعِيدِ وَقَالَا إِلَى عَصْرِ آخِرِ أَيَّامِ التَّشْرِيقِ، وَبِهِ يُعْمَلُ  وَلَا يَدَعُهُ الْمُؤْتَمُّ وَلَوْ تَرَكَهُ إِمَامُهُ 

Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. 

Сўнгра намозгоҳга чиқади. Намозгоҳда ийд намозидан олдин нафл ўқимайди. 

Ийд намозининг вожиблик ва адо этиш шартлари худди жуманинг шартлари кабидир. Фақат хутба бундан мустасно.

Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволгача.

Санодан кейин қўлини кўтариб, уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. Узр бўлса, эртасига ўқийди. Уни имом ўқиганидан кейин ҳеч ким қазосини ўқимайди.

Қурбонлик худди Фитр кабидир. Лекин намозни ўқигунича таом ва шаробдан ўзини тийиши мандубдир.

Йўлда овоз чиқариб такбир айтади. Узрли ёки узрсиз уч кунгача ўқиса бўлади.

Хутбасида такбири ташриқ ва қурбонлик ҳақида таълим беради. Ийди фитрда эса садақаи фитр ҳақида таълим беради.

Арафа куни Арафотда тўпланганларга ўхшаб тўпланиш йўқ.

Арафа кунининг бомдодидан бошлаб ийднинг асригача мустаҳаб бўлган жамоат ила адо этилган ҳар фарзнинг ортидан мисрда муқим бўлган киши, эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд»ни айтиш вожибдир.

Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад «Ташриқ кунларининг охирги асригача» деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди.

«Ийд» сўзи «қайтиш» маъносини билдиради. Байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими, икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси мўмин-мусулмонларга қайта-қайта келади.

 Ҳанафий мазҳабида ийд намозлари «вожиб», дейилган.

Бу намоз ҳанбалий мазҳабида фарзи кифоя, моликий ва шофеъий мазҳабларида суннат дейилади.

«Ийди Фитр» Рамазон рўзасининг тамом бўлгани муносабати ила хурсандчилик ва шукрни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.

«Ийди Қурбон» эса ҳаж ибодатларининг тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида:

 إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ۝  فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ۝

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган (1-2-оятлар). 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ  قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا، فَقَالَ مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ؟  قَالُوا كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِي الْجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الْأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар икки кунда ўйнар эдилар.

«Бу иккиси қандай кун?» деб сўрадилар.

«Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши – Қурбонлик куни ва Фитр кунини берди», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнни шарҳлашга ўтайлик.

Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўй суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва садақаи фитрини бериш мандубдир. 

Юқоридаги жумлада Фитр намозига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда. 

Улар қуйидагилардан иборат:

1. Таом ейиш. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ  كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ وَيَأْكُلُهُنَّ وِتْرًا رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ  وَفِي رِوَايَةٍ كَانَ لَا يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ، وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ الْأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда: 

«Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Қурбонлик куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.

2. Мисвок.

 Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, Ийди Фитрдан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир.

3. Fусл қилиш.

عَنِ الْفَاكِهِ بْنِ سَعْدٍ  أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ النَّحْرِ وَيَوْمَ عَرَفَةَ.  رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ 

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, Қурбонлик ва Арафа кунлари ғусл қилар эдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

4. Хушбўй суртиш. 

Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни хушбўй суртилади.

5. Энг яхши кийимларини кийиш. 

رَوَى ابْنُ مَاجَهْ مِنْ حَدِيثِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ كَانَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَلْبِسُ فِي الْعِيدَيْنِ بُرْدَةً حِبَرَةً 

Имом Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».

«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур.

6. Садақаи фитрини бериш. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ زَكَاةَ الْفِطْرِ طُهْرَةً لِلصَّائِمِ مِنَ اللَّغْوِ وَالرَّفَثِ، وَطُعْمَةً لِلْمَسَاكِينِ، مَنْ أَدَّاهَا قَبْلَ الصَّلَاةِ فَهِيَ زَكَاةٌ مَقْبُولَةٌ، وَمَنْ أَدَّاهَا بَعْدَ الصَّلَاةِ فَهِيَ صَدَقَةٌ مِنَ الصَّدَقَاتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлади. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бири бўлади». 

Абу Довуд, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Садақаи фитрни ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.

Ийд намозига чиқишдан олдин қилинадиган амалларнинг «Мухтасар»да зикр қилинмаганлари ҳам бор. Масалан:

7. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш.

Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, Қуръон тиловати, такбир, тасбеҳ, истиғфор билан ўтказилади.

عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ أَحْيَا لَيْلَةَ الْفِطْرِ وَلَيْلَةَ الْأَضْحَى لَمْ يَمُتْ قَلْبُهُ يَوْمَ تَمُوتُ الْقُلُوبُ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Фитр кечасини ва Қурбонлик кечасини (савоб умидида) бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар».

Имом Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилган.

Икки ийд кечасида қилинган дуолар мустажобдир. Шунинг учун эртага ийд, деган кечада кўп дуо қилиш ҳаракатида бўлиш лозим.

8. Муқтадий кишилар ийд намозига виқор билан, такбир айтган ҳолларида эртароқ, пиёда борадилар. Намозга қанчалик кўп интизор бўлинса, савоби шунчалик кўп бўлади.

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ مِنْ السُّنَّةِ أَنْ تَخْرُجَ إِلَى الْعِيدِ مَاشِيًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ  

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ийдга пиёда чиқиш суннатдир». 

Имом Термизий ривоят қилган. 

Имом ийдга намозга етиб борадиган бўлиб чиқиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар. 

9. Аҳли аёлга кенгчилик ва серобчиликка шароит яратиш. Нафл садақаларни имконига қараб, одатдагидан кўпроқ қилиш.

10. Кўринган ҳар бир мусулмонга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш. Яқин кишиларни, ёру дўст ва аҳбобларни зиёрат қилиш.

Сўнгра намозгоҳга чиқади. 

عَنْ أَبِي عُمَيْرِ بْنِ أَنَسٍ، عَنْ عُمُومَةٍ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَكْبًا جَاءُوا إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْهَدُونَ أَنَّهُمْ رَأَوُا الْهِلَالَ بِالْأَمْسِ، فَأَمَرَهُمْ أَنْ يُفْطِرُوا، وَإِذَا أَصْبَحُوا أَنْ يَغْدُوا إِلَى مُصَلَاهُمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ  

Абу Умайр ибн Анасдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш амакиси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ отлиқ кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, кеча ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бас, у зот одамларга оғизларини очишни ва эрталаб намозгоҳга боришни амр қилдилар».

Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва рошид халифалар ийд намозларини намозгоҳда ўқиганлари ҳақида ривоятлар кўп. Оддий масжидда ўқиса ҳам бўлаверади.

Намозгоҳда ийд намозидан олдин нафл ўқимайди. 

Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ يَوْمَ الْفِطْرِ فَصَلَّى رَكْعَتَيْنِ لَمْ يُصَلِّ قَبْلَهَا وَلَا بَعْدَهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни чиқиб, икки ракъат (ийд) намоз ўқидилар. Улардан олдин ҳам, кейин ҳам намоз ўқимадилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ийд намозининг вожиблик ва адо этиш шартлари худди жуманинг шартлари кабидир. Фақат хутба бундан мустасно. 

Хутба жуманинг адо қилиниши учун шартдир. Икки ийдда бу шарт йўқ. Шунинг учун ҳам ийднинг хутбаси намоздан кейин бўлади. 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ   وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا يُصَلُّونَ الْعِيدَيْنِ قَبْلَ الْخُطْبَةِ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо икки ийд намозини хутбадан олдин ўқир эдилар».

Ийд намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволгача. 

Ийд намозини қуёш бир ёки икки найза бўйи кўтарилгандан кейин ўқиса бўлади. Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқиш ман қилинган.

عَنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُسْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ  كُنَّا فَرَغْنَا فِي هَذِهِ السَّاعَةِ وَذَلِكَ حِينَ التَّسْبِيحِ.  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَلَفْظُهُ  خَرَجَ عَبْدُ اللهِ بْنُ بُسْرٍ صَاحِبُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَعَ النَّاسِ فِي يَوْمِ عِيدِ، فَأَنْكَرَ إِبْطَاءَ الْإِمَامِ فَقَالَ إِنَّا كُنَّا فَرَغْنَا سَاعَتَنَا هَذِهِ وَذَلِكَ حِينَ التَّسْبِيحِ 

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Биз бу вақтда фориғ бўлган бўлар эдик», деди. Бу тасбеҳ вақтида эди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида: 

«Абдуллоҳ ибн Буср – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари – одамлар билан ийд куни чиқди ва имомнинг кеч қолганини инкор қилиб:

«Бу соатда биз (намоздан) фориғ бўлган бўлар эдик», деди. Ўшанда тасбеҳ вақти эди», дейилган.

Уламолар, ушбу ривоятдаги «тасбеҳ вақти»дан мурод чошгоҳ намози вақти, деганлар. Бундан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ийд намози чошгоҳдан олдин ўқиб бўлингани келиб чиқади.

Ийд намозини заволдан кейин ўқиб бўлмаслигига қуйидаги ривоят далилдир:

عَنْ أَبِي عُمَيْرِ بْنِ أَنَسٍ، عَنْ عُمُومَةٍ لَهُ رَضِي اللهُ عَنْهُ مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَكْبًا جَاءُوا إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْهَدُونَ أَنَّهُمْ رَأَوُا الْهِلَالَ بِالْأَمْسِ، فَأَمَرَهُمْ أَنْ يُفْطِرُوا، وَإِذَا أَصْبَحُوا أَنْ يَغْدُوا إِلَى مُصَلَاهُمْ.  رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ  

Абу Умайр ибн Анасдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлмиш амакиси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир гуруҳ отлиқ кишилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, кеча ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бас, у зот одамларга оғизларини очишни ва эрталаб намозгоҳга боришни амр қилдилар».

Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда эса «Заволдан кейин келдилар», дейилган. Шунинг учун «Заволдан кейин гувоҳлик берилса, ийд намози эртаси кунга қолдирилади», дейилган. Ушбу ҳадисга ҳамма мазҳаблар бир хил амал қилишади.

Санодан кейин қўлини кўтариб, уч марта такбир айтади. Иккинчи ракъатда қироатдан кейин такбир айтади. 

Бу икки жумлада одатда одамлар кўп адашадиган ҳукмлар зикр қилинган. Бошқа тарафлари оддий намозларга ўхшаш бўлганидан, ийд намози батафсил васф қилинмаган.

Шу жойда ҳанафий мазҳаби бўйича ийд намози қандай ўқилиши тўла васф қилинса, фойдадан холи бўлмаса керак, деб ўйлаймиз.

Аввал намоз бошланишини, сафларни ростлаш кераклигини эълон қилинади. Кейин ийд намозини ўқиш ният қилинади. Сўнгра эҳром такбири айтилиб, қулоқ қоқилади. Қўл боғлаб, киндик остига қўйилади. Имом ҳам, қавм ҳам «Субҳанакаллоҳумма»ни ўқийдилар. Ке­йин имом билан қавм уч марта такбир айтадилар. Ҳар такбирда қўл қулоқнинг юмшоқ жойигача кўтарилиб, сўнг ёнга туширилади. Бу такбирларни «зиёда такбирлар» деб айтилади. Ҳар такбирдан кейин уч марта тасбеҳ айтгунча муддат турилади. Кейин икки қўл боғланиб, киндик остига қўйилади. Сўнгра имом ичида «аъуузубиллаҳ» ва «бисмиллаҳ»ни айтиб, Фотиҳа сурасини ва зам сурани овоз чиқариб ўқийди. Зам сура Аълаа сураси бўлиши мандубдир. Кейин рукуъ ва сужуд қилиниб, иккинчи ракъатга турилади.

Иккинчи ракъатда ҳам имом овоз чиқариб, Фотиҳа сураси билан зам сура ўқийди. Зам сура Fошия сураси бўлиши мандубдир. Қироатдан кейин имом ва муқтадийлар яна уч марта зиёда такбирларни худди аввалгидек: қўлларини кўтариб, орасида уч марта тасбеҳ айтилгунча муддат туриб, айтадилар. Кейин яна бир такбир айтиб, рукуъга кетилади ва намозни охиригача ўқилади, сўнг салом берилади.

Узр бўлса, эртасига ўқийди. 

Мисол учун, булут туфайли ҳилолни кўриб бўлмади. Кейин бошқалар заволдан кейин ҳилолни кўрганлари ҳақида гувоҳлик бердилар. Бу ҳақдаги ҳадис яқиндагина ўтди.

Уни имом ўқиганидан кейин ҳеч ким қазосини ўқимайди.

Ийд намози қазо қилинмайди.

Қурбонлик худди Фитр кабидир. 

Яъни икки ракъатлигида ҳам, такбирларида ҳам ва бошқа нарсаларида ҳам. 

عَنْ عُمَرَ قَالَ صَلَاةُ الْجُمُعَةِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْفِطْرِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْأَضْحَى رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ السَّفَرِ رَكْعَتَانِ تَمَامٌ غَيْرُ قَصْرٍ عَلَى لِسَانِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ

Умар розияллоҳу анҳу:

«Жума намози икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», деди».

Насоий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Лекин намозни ўқигунича таом ва шаробдан ўзини тийиши мандубдир. 

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ وَيَأْكُلُهُنَّ وِتْرًا.  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.  وَفِي رِوَايَةٍ  كَانَ لَا يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ، وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ الْأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ  

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда: 

«Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Қурбонлик куни намозни ўқиб бўлмагунча емас эдилар», дейилган.

Қурбон ийдида ҳеч нарса емасдан намозга чиқилади. Ўша куни биринчи таом учун ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса яхши бўлади.

Йўлда овоз чиқариб такбир айтади. 

Уйдан масжидга етиб боргунча босиб ўтиладиган йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади.

Ийдга бир йўл билан бориб, бошқа йўл билан қайтиш мустаҳабдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ  كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا خَرَجَ يَوْمَ الْعِيدِ فِي طَرِيقٍ رَجَعَ فِي غَيْرِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл билан чиқсалар, бошқаси билан қайтар эдилар».

Термизий, Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Узрли ёки узрсиз уч кунгача ўқиса бўлади. 

Қурбон байрами кунлари уч кундир. Шу кунларда ийд намозини ўқиш мумкин. Аммо ийд намозини кечга қолдириш гуноҳ бўлади.

Хутбасида такбири ташриқ ва қурбонлик ҳақида таълим беради. 

Имом Қурбонлик ийдидаги хутбасида такбири ташриқнинг қачон ва қандай айтилиши ҳамда қурбонликка оид ҳукмлардан намозхонларга таълим беради. 

Ийди фитрда эса садақаи фитр ҳақида таълим беради.

Агар ийд рўза байрами бўлса, хутбада ўша ийдга тегишли масалалар, хусусан, фитр садақаси ҳақида кишиларга таълим берилади.

Арафа куни Арафотда тўпланганларга ўхшаб тўпланиш йўқ. 

Арафотда жамланиш ўша ерга хос ибодатдир. У ибодатни Арафотдан бошқа жойда адо этиб бўлмайди. 

Арафа кунининг бомдодидан бошлаб ийднинг асригача мустаҳаб бўлган жамоат ила адо этилган ҳар фарзнинг ортидан мисрда муқим бўлган киши, эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илааҳа иллаллоҳу! Валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ва лиллааҳил ҳамд»ни айтиш вожибдир. Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад «Ташриқ кунларининг охирги асригача», деганлар ва шунга амал қилинади. 

Яъни ушбу такбир сийғасини бир марта айтиш вожиб. Ортиқча айтиш мустаҳаб ва савоб.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида: 

 وَاذْكُرُواْ اللّهَ فِي أَيَّامٍ مَّعْدُودَاتٍ

«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг», деган (203-оят). 

Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. 

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».

Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди. 

Мазкур такбир бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги керак. 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Назр қилишнинг турлари
Аслида Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш мумкин бўлган ҳар қандай ибодатни ҳам назр қилиш мумкин, бироқ бу ерда фақат жонлиқ сўйишни назр қилиш ҳақидаги ҳукмларни баён қилмоқчимиз.Назр қилиш, хусусан, кутилаётган бир давоми...
3 йил аввал 7230 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг фазилатлари
بسم الله الرحمن الرحيم 1-БОБ Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг фазилати.  وَالْفَجْرِ (1) وَلَيَالٍ давоми...
3 йил аввал 4105 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликнинг тарихи ва ҳақиқати
3-БОБ Қурбонликнинг ҳақиқати. Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: "Саҳобалар сўрашди:  “Ё Росулоллоҳ (сав), қурбонликнинг ҳақиқати давоми...
3 йил аввал 4012 Абдуманнон Жаъфар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонликка оид савол-жавоблар
Савол: Баъзилар фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деган ниятда, арафа куни ёки қурбонлик куни, ийд намозидан олдин жонлиқларни сўядилар. Шу қурбонлик ҳисобланадими? Жавоб: Шаҳарда давоми...
3 йил аввал 4132 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қурбонлик кимларга вожиб?
Савол: Қурбонлик кимларнинг зиммасига вожиб? Жавоб: Қурбонлик зиммага вожиб бўлиши учун 4 нарса топилиши шарт. 1. Мусулмон бўлиши. Чунки қурбонлик қурбат бандани Аллоҳ таолога яқин қилувчи давоми...
3 йил аввал 5208 fiqh.uz