Қабристонда ёки ўтганларга атаб тиловат қилиш


Барча мусулмонлар оммаси ўтганларга атаб, жумладан, қабристонда Қуръон тиловат қилишга одатланганлар. Турли мазҳабларнинг уламолари бу ишга ўз фатволарини берганлар. Аммо баъзи кишилар бу ишга ҳам хилоф қилишган. Улар «Дастлабки пайтда бу иш бўлмаган» деган гап билан одамларни ўтганларга атаб Қуръон тиловат қилишдан қайтарадилар. Ҳа, бошқаларни қайтарадилар. Ўзлари бу ишни қилмаслик билан кифояланмайдилар, айнан бошқаларни ҳам қайтарадилар. Уларнинг бу борада аввал айтиб ўтилган гапдан бошқа далиллари йўқ. Аммо «Дастлабки пайтда бу ишнинг оммавий равишда бўлмаганининг ўзи уни қилмасликка далил бўла оладими?» деган гап уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.

Муҳтарам ўқувчиларимизга ўзимизга бу масалада келган кўплаб саволларга берилган жавоблардан бирини намуна тариқасида тақдим этамиз.

 

Савол: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!

Қабристонда Қуръон тиловат қилиш ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Имом Жалолуддин Суютий ўзларининг «Шарҳус-судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобларининг «Дафн пайтида айтиладиган нарсалар боби»да жумладан, қуйидагиларни келтирадилар:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «إِذَا مَاتَ أَحَدُكُمْ فَلَا تَحْبِسُوهُ، وَأَسْرِعُوا بِهِ إِلَى قَبْرِهِ، وَلْيُقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِهِ فَاتِحَةُ الْكِتَابِ، وَعِنْدَ رِجْلَيْهِ بِخَاتِمَةِ الْبَقَرَةِ فِي قَبْرِهِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Агар сизлардан бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида Фотиҳа ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», деганларини эшитдим».

Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْعَلَاءِ بْنِ اللَّجْلَاجِ، عَنْ أَبِيهِ، أَنَّهُ قَالَ لِبَنِيهِ: إِذَا أَدْخَلْتُمُونِي قَبْرِي، فَضَعُونِي فِي اللَّحْدِ، وَقُولُوا: بِاسْمِ اللهِ، وَعَلَى سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، وَسَنُّوا عَلَيَّ التُّرَابَ سِنًّا، وَاقْرَؤُوا عِنْدَ رَأْسِي أَوَّلَ الْبَقَرَةِ وَخَاتِمَتَهَا، فَإِنِّي رَأَيْتُ ابْنُ عُمَرَ يَسْتَحِبُّ ذَلِكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ.

 

Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан ривоят қилинади. У ўғилларига:

«Қачон мени қабримга қўйсангиз, «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам», денглар. Сўнгра устимга тупроқ тортинглар. Кейин бош тарафимда Бақаранинг аввали ва охирини қироат қилинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шуни мустаҳаб санаганини кўрганман», деди».

Байҳақий ривоят қилган.

Яна ўша китобнинг «Маййитга ёки қабрга Қуръон қироат қилиш боби»да имом Жалолуддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Мусулмонлар барча асрларда ҳеч қандай инкорсиз жамланиб, ўликларига қироат қилиб келмоқдалар. Шундай экан, бу нарса ижмоъ бўлади. Буларнинг ҳаммасини Ҳофиз Шамсуддин Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий шу масала бўйича таълиф қилган жузида зикр қилган.

Қабр тепасида қироат қилишга келсак, бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар унинг шариатда борлигига жазм қилганлар.

Заъфароний айтади: «Шофеъий раҳимаҳуллоҳудан қабр олдида қироат қилиш ҳақида сўрадим. «Ҳечқиси йўқ», деди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал аввал буни инкор қилар эди, чунки унга бирор ривоят етмаган эди. Унга ривоят етганда, ўз фикридан қайтган».

Имом Жалолуддин Суютийнинг «Шарҳус-судури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури» номли китобида зикр қилинган, қабр устида қироат қилишга ҳужжат бўлган ривоятнинг имом Аҳмад ибн Ҳанбалга қандай етганини шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳининг «Саласу расоила фий истиҳбоби дуои ва рафъул ядайни фийҳи баъдас-салавотил мактуба» номли китобига ёзган муқаддимасида ўқиймиз:

«Ибн Қайюм «Китобур-руҳ»нинг аввалида зикр қилади: «Халлол айтди:

«Ҳасан ибн Аҳмад Варроқдан, у Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилади:

«Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан бирга жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал унга:

«Эй сен! Қабрнинг ёнида қироат қилиш бидъатдир!» деди.

Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий ҳақида нима дейсан?» деди.

«Ишончли одам» деди.

«Ундан бирор нарса ёзганмисан?» деди.

«Ҳа», деди.

«Мубашшир менга Абдурраҳмон ибн Ало Лажлаждан, у отасидан хабар берди. Ўша одам дафн қилинганидан сўнг бош тарафида Бақаранинг аввали ва охирини ўқишни васият қилган ва «Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан», деди.

Шунда Аҳмад:

«Қайтиб бориб, ҳалиги одамга айт, тиловат қилаверсин», деди».

Имом Аҳмадни Аллоҳ раҳм қилсин. У билан ҳақнинг орасида адоват йўқ эди» (7-8-бетлар).

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: ضَرَبَ بَعْضُ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خِبَاءَهُ عَلَى قَبْرٍ، وَهُوَ لَا يَحْسِبُ أَنَّهُ قَبْرٌ، فَإِذَا فِيهِ إِنْسَانٌ، يَقْرَأُ سُورَةَ    حَتَّى خَتَمَهَا، فَأَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي ضَرَبْتُ خِبَائِي عَلَى قَبْرٍ، وَأَنَا لَا أَحْسِبُ أَنَّهُ قَبْرٌ، فَإِذَا فِيهِ إِنْسَانٌ يَقْرَأُ «سُورَةَ تَبَارَكَ الْمُلْكِ» حَتَّى خَتَمَهَا، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هِيَ الْمَانِعَةُ، هِيَ الْمُنْجِيَةُ، تُنْجِيهِ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи асҳоблари қабр устига капа тикиб олди. У ернинг қабр эканини билмасди. У ерда бир инсон «Табаарокаллазии биядиҳил мулку» сурасини охиригача қироат қилибди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен қабр устига капа тикиб олдим. У ернинг қабр эканини билмасдим. У ерда бир инсон «Таборак мулк» сурасини охиригача қироат қилди», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У («Таборак» сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», дедилар».

Термизий ва Табароний ривоят қилишган.

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин, тирикларнинг қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак?!

Шунинг учун бизда дафндан кейин Таборак сурасини қироат қилиш одат бўлган.

Бошқаларда, масалан, Либияда Ёсин сурасини қироат қилиш одат бўлган.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, руҳ, яъни баёнга, нутқ қилишга ва хитобни фаҳмлашга қодир бўлган жон жасаднинг ўлими билан йўқ бўлиб кетмайди. У мавжуд ҳолда бўлади. Ўлганларнинг руҳлари тўпланади. Азоб ва савоб ҳам руҳга, ҳам баданга бўлади. Руҳ бадандан ажраганидан кейин ҳам унинг неъматланиши ёки азобланиши давом этади.

Маййит ўзининг тирик яқинларининг ҳолини билиб туради. Уларнинг яхши ишларидан хурсанд, ёмон ишларидан хафа бўлади.

Маййит ўзини зиёрат қилганларни билади ва улар маъруф иш қилсалар, фойда олади, мункар иш қилсалар, озорланади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар, аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас, деганлар.

Қабр зиёрати жума, шанба, душанба ва пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлгани афзал.

Зиёратчи Ёсин сурасини қироат қилиши мандубдир. Буни «Ал Баҳрур-роиқ» китобининг соҳиби ва Зайлаъий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، فَقَرَأَ سُورَةَ خُفِّفَ عَنْهُمْ يَوْمَئِذٍ، وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٍ».

 

«Ким қабристонга кирганда Ёсин сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.

Имом Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва Ҳоким Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا عَلَى مَوْتَاكُمْ».

 

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», деганлар.

Шунингдек, Фотиҳа сураси, Бақара сурасининг аввалидан «муфлиҳун»гача, Оятул-Курсийни, «Аманар-расулу»ни, Мулк сурасини, Такаасур сурасини, «Қул аъуузу би Роббил фалақи» ҳамда «Қул аъуузу би Роббиннаси»ни уч мартадан ва Ихлос сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса, яхши бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Қабр бошида тиловат килишни макруҳ деб билар эдим. Дўстларим менга баъзи китобларни кўрсатиб: «Мана бу ерда айтилишича, қабр бошида тиловат қилса бўлар экан-ку», деб айтишмокда. Яна «Маййит кўмилганда, савол-жавоб пайтида каловланиб қолар экан, шунинг учун ҳар қадамда, ё етти қадамда тиловат қилиш керак», дейишмоқда. Мен уларга диннинг аслини, ҳақиқатини тушунтирмоқчи бўлдим. Исбот, далил келтиролмаганим учун улар гапимни ҳазм қила олишмаяпти.

ЖАВОБ:

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا عَلَى مَوْتَاكُمْ».

 

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсинни қироат қилинг», дедилар».

Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.

Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар.

Баъзилари: «Ҳадисда «ўликларингизга» деганда «ўлим тўшагида ётганлар» назарда тутилган. Шунинг учун муҳтазар кишига Ёсин сурасини ўқиш лозим. Бу сурада қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитнасидан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган», дейдилар.

Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари имом Молик ва имом Шофеъийдир.

Иккинчи тоифа уламолар имом Аҳмад ибн Ҳанбал, ҳанафийлар, баъзи моликий ва шофеъийлар бўлиб, улар: «Қироат ўликлар учунгина қилинади», деганлар ва ўз гапларига мазкур ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга, ўз нуқтаи назарларини қуйидагича шарҳлаганлар:

1. Ҳадисда «ўликларингизга» дейилган, «ўлим тўшагида ётганларингизга» дейилган эмас. «Ўлик» лафзи ҳақиқатда ўлиб бўлган шахсга нисбатан ишлатилади. Бу сўзни ўлим тўшагида ётган кишига нисбатан ишлатиш учун қўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади:

«Муҳиб ат-Тобарий: «Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилиш ҳақдир. Буни Дорақутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди», деб ушбу ҳадисни келтиради:

مَنْ مَرَّ بِالْمَقَابِرِ فَقَرَأَ ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً، ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلْأَمْوَاتِ، أُعْطِيَ مِنَ الْأَجْرِ بِعَدَدِ الْأَمْوَاتِ.

 

«Ким қабристонга кириб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиб, савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».

2. Қироатнинг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек, маййитга ҳам матлубдир.

«Муснадул Фирдавс»да: «Қайси бир банда ўлгандан кейин унинг олдида Ёсин қироат қилинса, албатта Аллоҳ унга енгиллик беради», дейилган.

Имом Аҳмад: «Машойихлар: «Қачон маййит учун Ёсин қироат қилинса, унга енгиллик берилади», дер эканлар», деган.

3. Жаноза намозида Фотиҳа сураси ўқилишига қиёс қилинади.

4. Ҳадисларда қабрларни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унсу улфат топар экан, нима учун Аллоҳнинг каломидан унс олмаслиги керак?!

5. Қуръон қироат қилинган жойга сакина ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Нима учун маййит бор жойга сакина ва раҳмат нозил бўлмаслиги керак экан?!

6. Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки, сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсоннинг Таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб, буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганида, у зот:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هِيَ الْمَانِعَةُ، هِيَ الْمُنْجِيَةُ، تُنْجِيهِ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ».

 

«У (Таборак сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради», деганлар.

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин, нима учун тирикларнинг қабр устида туриб қироат қилишларини ман этиш керак?!

Қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил йўқ. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-ҳужжат бўлиши керак. Ўликка қироат қилишни ман қиладиган далил йўқ.

Ушбу тоифа уламолар: «Бу гаплар Қуръон қироат қилиб, савобини бағишлаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса, бу гапларга ҳам ўрин қолмайди, чунки унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди», дейдилар.

 

ушбу масалага миср

муфтийсининг жавоби

 

«Бу каби ихтилофли масалалар фақат бизда, Ўрта Осиёда ёки МДҲ давлатларида эмас, бошқа ерларда ҳам борлигининг далили сифатида Миср Араб Жумҳурияти бош муфтийси шайх Али Жума ҳазратларининг «Замонавий фатволар» номли китобларидан таржима қилинган матнни келтиришга ижозат бергайсиз.

Савол: Дафн давомида ёки ундан кейин қабр олдида Қуръон ўқишнинг ҳукми нима? Маййитга Қуръон талқин қилинишининг ҳукми нима? Баъзи бир кишилар: «Бундай иш бидъат бўлиб, на Қуръон, на ҳадис ва на эргашиш лозим бўлган хабарда келмаган, Қуръон қабрлар олдида тиловат қилиш учун нозил қилинмаган», дейишади. Бу ҳақда шариатнинг ҳукми нима?

Жавоб: Қуръон тиловати шариат буйруғида умумлаштирилган ҳолда айтилган. Умумий буйруқ эса жамики макон, замон, шахс ва ҳолатларни ўз ичига олади. Ушбу умумийликни фақат далил билан чеклаш мумкин, холос. Агар далил келтирмасдан чекланса, бидъат ишни қилган бўлиб, Аллоҳ ва Расули кенг қилиб қўйган ишни торайтириш бўлади.

Шунга биноан, қабр олдида, дафндан олдин ёки кейин Қуръон тиловат қилиш шаръий амал бўлиб, насс(матн)ларнинг умумийлиги ҳам шунга далолат қилмоқда. Бунга яна қўшимча равишда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва салаф солиҳлардан ворид бўлган кўплаб асарлар бордир.

Имом Абу Бакр Халлол Ҳанбалийнинг (ҳижрий 311 йилда вафот этган) «Жомеъ» китобининг «Қабрлар олдидаги қироат» номли жузида, Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг китобидаги ушбу масалага оид жузда, имом Қуртубий Моликийнинг (ҳижрий 671 йилда вафот этган) «Охират иши ва ўликлар ҳолати хусусида эслатма» номли китобида, Ҳофиз Суютий Шофеъийнинг (ҳижрий 911 йилда вафот этган) «Ўликлар ва қабр ҳолатини шарҳлашда қалб очқичи» номли китобида, Ҳофиз Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Ғиморийнинг (ҳижрий 1413 йилда вафот этган) «Қуръон савоби етишида баённинг очиқ-ойдин бўлиши» китобида ва бундан бошқа бир қанча китобларда бу масала хусусида сўз айтилган.

Бу хусусда очиқ-ойдин келган саҳиҳ ҳадислар ҳам кўп. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ الْعَلْاَءِ بْنِ اللَّجْلَاجِ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: قَالَ لِي أَبِي: يَا بُنَيَّ، إِذَا أَنَا مُتُّ، فَأَلْحِدْنِي، فَإِذَا وَضَعْتَنِي فِي لَحْدِي، فَقُلْ: بِسْمِ اللهِ، وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللهِ، ثُمَّ سِنَّ عَلَيَّ الثَّرَى سِنًّا، ثُمَّ اقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِي بِفَاتِحَةِ الْبَقَرَةِ وَخَاتِمَتِهَا، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ ذَلِكَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

 

Абдурраҳмон ибн Ало ибн Лажлаждан, у отасидан ривоят қилинади:

«Отам менга: «Эй ўғилчам! Агар вафот этсам, мени лаҳадга қўйгин. Лаҳадимга қўйиб бўлгач: «Бисмиллаҳи ва ъала миллати Расулиллаҳ», деб устимга тупроқ тортгин. Кейин бош томонимда Бақара сурасининг аввали ва охирини ўқигин, чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай деяётганларини эшитганман», деди».

Табароний ривоят қилган.

Худди мана шу ҳадисни Ибн Умар мавқуф ҳолатда ривоят қилган. Шунингдек, Халлол ҳам «Қабрлардаги қироат» жузида, Байҳақий «Сунанул Кубро»да ва бу икковларидан бошқалар ҳам ривоят қилишган. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар бу ҳадисни ҳасан, дейишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا مَاتَ أَحَدُكُمْ، فَلَا تَحْبِسُوهُ، وَأَسْرِعُوا بِهِ إِلَى قَبْرِهِ، وَلْيُقْرَأْ عِنْدَ رَأْسِهِ فَاتِحَةُ الْكِتَابِ، وَعِنْدَ رِجْلَيْهِ بِخَاتِمَةِ الْبَقَرَةِ فِي قَبْرِهِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирор киши вафот этса, уни ушлаб турманглар. Қабрига тез олиб боринглар. Бош томонида «Китобнинг очувчиси»ни (Фотиҳа) ўқилсин. Қабрнинг оёқ томонида Бақара сурасининг охири ўқилсин», дедилар».

Табароний ва Байҳақий ривоят қилишган.

Имом Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да «Китобнинг очувчиси» деган жумланинг ўрнига «Бақаранинг бошланиши» деб айтилган ривоятни келтирганлар. Бу масалада бошқа ҳадислар ҳам бор, лекин бироз кучсиздир.

مَنْ مَرَّ بِالْمَقَابِرِ فَقَرَأَ ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ إِحْدَى عَشْرَةَ مَرَّةً، ثُمَّ وَهَبَ أَجْرَهُ لِلْأَمْوَاتِ، أُعْطِيَ مِنَ الْأَجْرِ بِعَدَدِ الْأَمْوَاتِ.

 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким қабрлар олдидан ўтаётиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн бир марта ўқиса, сўнгра унинг савобини ўликларга бағишласа, унга ўликлар ададича савоб берилади».

Ушбу ривоятни Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобида, Самарқандий «Қул ҳуваллоҳу аҳаднинг фазилати» китобида ривоят қилишган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، ثُمَّ قَرَأَ فَاتِحَةَ الْكِتَابِ، وَ  وَ ، ثُمَّ قَالَ: اللَّهُمَّ إِنِّي قَدْ جَعَلْتُ ثَوَابَ مَا قَرَأْتُ مِنْ كَلَامِكَ لِأَهْلِ الْمَقَابِرِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ، كَانُوا شُفَعَاءَ لَهُ إِلَى اللهِ تَعَالَى». خَرَّجَهُ أَبُو الْقَاسِمِ الزَّنْجَانِيُّ فِي فَوَائِدِهِ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабристонга кирса, сўнгра Фотиҳа, «Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва «Ал ҳаакумут такаасуру» сураларини ўқиса, кейин: «Аллоҳим! Ушбу каломингдан ўқиган нарсаларнинг савобини қабристондаги мўмин ва мўминаларга атадим», деса, Аллоҳга у хусусида шафоатчи бўлишади», дедилар».

Абул Қосим Занжоний «Фавоид» номли китобида ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«مَنْ دَخَلَ الْمَقَابِرَ، فَقَرَأَ سُورَةَ ، خُفِّفَ عَنْهُمْ يَوْمَئِذٍ، وَكَانَ لَهُ بِعَدَدِ مَنْ فِيهَا حَسَنَاتٍ».

«Ким қабристонга кириб, Ёсин сурасини ўқиса, у ердагиларнинг азоби енгиллатилади ва унга у ердагилар ададича ҳасанот ёзилади».

Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдулвоҳид Мақдисий Ҳанбалийнинг бу масаладаги қисмда таълиф этган нарсалари қуйидагичадир: «Ушбу мавзудаги ҳадислар заиф бўлса ҳам, уларнинг мажмуаси асли борлигини билдиради. Барча ўлка ва асрдаги мусулмонлар ҳеч қандай инкорсиз ижмоъ қилган ҳолларида ўликларига Қуръон ўқийдилар».

2. Суннатда Ёсин сурасини ўликларга қироат қилиш хусусида қуйидагилар айтилган.

عَنْ مَعْقِلِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَءُوا عَلَى مَوْتَاكُمْ».

Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», дедилар».

Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган.

Қуртубий бу ҳадисни шарҳлаб: «Ушбу қироат маййит ўлган вақтда ёки қабри ҳузурида бўлиши мумкин», деган.

Ибн Ҳажар Ҳайтамий «Фатво» номли китобида: «Ёсин қироати юқоридаги икки ўринда ҳам мандуб», деган.

3. Шунингдек, шариат ҳам жанозада Фотиҳа сурасини ўқишни айтган. Чунки бунда маййитга хос манфаат бор бўлиб, раҳмат ва мағфират ҳам мужассамдир. Аммо ундан бошқа сураларда ундай эмас.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أُمُّ الْقُرْآنِ عِوَضٌ عَنْ غَيْرِهَا، وَلَيْسَ غَيْرُهَا عِوَضًا عَنْهَا». رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَصَحَّحَهُ الْحَاكِمُ.

 

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уммул Қуръон» сураси бошқа сураларнинг ўрнини босувчидир. Лекин бошқа суралар унинг ўрнини боса олмайди», дедилар».

Дорақутний ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳ деган.

Шунинг учун имом Бухорий ҳам «Саҳиҳ» китобларида «Фотиҳани ўликка ўқиш боби» деб алоҳида боб очганлар. Демак, у жаноза намози ёки унинг ташқарисида бўлишдан умумийроқдир.

Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқишга далолат қилувчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Бундан ташқари, Фотиҳа сурасини дафн пайтида ёки ундан кейин ўқишга далолат қилувчи ҳадислар ҳам мавжуд.

عَنْ أُمِّ عَفِيفِ النَّهْدِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: بَايَعْنَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ بَايَعَ النِّسَاءُ، فَأَخَذَ عَلَيْهِنَّ أَنْ لَا تُحَدِّثْنَ الرَّجُلَ إِلَّا مَحْرَمًا، وَأَمَرَنَا أَنْ نَقْرَأَ عَلَى مَيِّتِنَا بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ. أَخْرَجَهُ الطَّبَرَانِيُّ.

 

Умму Афиф Наҳдийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аёллар байъат қилганида, биз ҳам байъат қилдик. Ўша байъатда фақат маҳрам эркаклар билан гаплашишга ва ўликларимизга Фотиҳа сурасини ўқишга буюрдилар».

Табароний ривоят қилган.

عَنْ أُمِّ شَرِيكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ نَقْرَأَ عَلَى الْجِنَازَةِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ. أَخْرَجَهُ ابْنُ مَاجَهْ.

 

Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликка Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюрдилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

4. Уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилишга Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтиришади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَرَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى قَبْرَيْنِ، فَقَالَ: «إِنَّهُمَا لَيُعَذَّبَانِ، وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ، أَمَّا هَذَا فَكَانَ لَا يَسْتَتِرُ مِنْ بَوْلِهِ، وَأَمَّا هَذَا فَكَانَ يَمْشِي بِالنَّمِيمَةِ»، ثُمَّ دَعَا بِعَسِيبٍ رَطْبٍ، فَشَقَّهُ بِاثْنَيْنِ، فَغَرَسَ عَلَى هَذَا وَاحِدًا، وَعَلَى هَذَا وَاحِدًا، ثُمَّ قَالَ: «لَعَلَّهُ يُخَفَّفُ عَنْهُمَا مَا لَمْ يَيْبَسَا». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтаётиб: «Мана шу иккови азобланмоқда. Катта нарса учун азобланаётгани йўқ. Улардан бири пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳўл хурмо новдасини опкелтирдилар-да, иккига бўлиб, бунисига бирини, унисига бирини суқиб қўйдилар. Сўнгра: «Шояд, булар қуригунча икковидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Хаттобий: «Бу қабрлар олдида Қуръон тиловат қилиш маҳбуб эканига далилдир. Чунки дарахт(шохи)нинг тасбеҳидан маййит наф олганидан кейин, Қуръон тиловатидан ундан ҳам кўп фойда ва барака умид қилинади», дейди.

Имом Қуртубий айтади: «Баъзи уламолар қабр олдида Қуръон қироат қилинишига икки новда ҳадисини далил қилишади ва қабрларга дарахт экиш ҳамда Қуръон тиловатининг фойдали эканини таъкидлашади. Дарахтлар азобни енгиллатганидан кейин, қандай қилиб мўмин кишининг Қуръон тиловат қилиши фойда бермасин! Шунинг учун уламолар «Қабр зиёрати мустаҳаб, тиловат зиёратчидан маййитга туҳфадир», дейишган».

Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида: «Уламолар қабр олдида Қуръон тиловат қилишни мана шу ҳадисга асосан мустаҳаб дейишган. Шохнинг тасбеҳи билан азоб енгил бўлгач, Қуръон тиловати билан азобнинг енгиллашиши янада аълороқдир», деган.

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта қабр устида жаноза намози ўқиганлар. Ушбу хабар икки «Саҳиҳ» ва бошқа китобларда келган. Намоз эса Қуръон тиловати, салавот, зикр ва дуоларни ўз ичига олади. Демак, буларнинг барчаси жоиз бўлган ўринда баъзиси жоиз бўлиши табиийдир.

Шунингдек, уламолар қуйидагиларни айтадилар:

«Маййитга қироат савобининг етиб боришини ҳажнинг савоби маййитга етиб боришига қиёс қилиб олганлар. Чунки ҳаж ҳам намоз амалини ўз ичига олади. Ўз-ўзидан, намозда Фотиҳа ва бошқа суралар бор. Демак, буларнинг барчаси етиб борганидан кейин, баъзиси, яъни тиловат етиб бориши табиийдир. Баъзилар тортишса ҳам, мана шу охирги маъно ҳақдир. Лекин аксар уламолар: «Қироат қилувчи киши маййитга қироатининг савоби ададича савоб берилишини сўраса, Аллоҳ Ўз изни билан ўшанча савоб беради. Чунки агар Карим сифатли Зотдан сўралса, У албатта беради. Ва дуо қилинса, ижобат этади», дейилади.

6. Мана шу ҳеч қандай инкорсиз, авлоддан авлодга, салафдан халафга ўтиб келаётган амал бўлиб, эргашилаётган мазҳабларда эътимодли нарсадир. Ҳаттоки Ҳофиз Шамсуддин ибн Абдул Воҳид Мақдисий Ҳанбалий ҳамда Шайх Усмонийлар ҳам китобларида қуйидагича нақл қилишган: «Албатта, истиғфор, дуо, садақа, ҳаж ва қул озод қилишда маййитга манфаат бўлиб, савоби унга етиб туради. Қабр олдида Қуръон тиловат қилиш эса мустаҳаб амалдир».

Ўтган солиҳларнинг ушбу мавзудаги асарлари:

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида имом Шаъбийдан қилган ривоятда: «Ансорийлар маййит ҳузурида Бақара сурасини ўқишар эди», деб айтилган.

Имом Халлол «Қабрлардаги қироат» номли китобларида: «Агар бирор киши ўлса, ансорийлар унинг қабрига навбат билан қатнаб, у ерда Қуръон ўқишар эди», деб айтганлар.

Халлол Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилиб: «Қабрлар олдида Қуръон қироат қилишнинг зарари йўқ», деб айтганлар.

Ҳасан ибн Саббоҳ Заъфаронийдан ривоят қилиб: «Шофеъийдан қабрлар олдида қироат қилиш хусусида сўрадим. Шунда у зот «Зарари йўқ» дедилар», деб айтади.

Али ибн Мусо Ҳаддоддан ривоят қилинади:

«Мен Аҳмад ибн Ҳанбал ва Муҳаммад ибн Қудома Жавҳарий билан жанозада эдим. Маййит дафн этилгач, кўзи ожиз бир киши қабр олдида ўтириб, тиловат қила бошлади. Шунда Аҳмад ибн Ҳанбал:

«Эй фалончи! Қабр олдидаги қироат бидъатдир», деди.

Қабристондан чиққач, Муҳаммад ибн Қудома Аҳмад ибн Ҳанбалга:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Мубашшир Ҳалабий хусусида фикрингиз қандай?» деди. Имом Аҳмад:

«У ишончли, – дедилар. Сўнг: – Сиз у кишидан бирор нарса ёзиб олганмисиз?» деган эдилар, Муҳаммад ибн Қудома қуйидагича жавоб берди:

«Мубашшир Абдурраҳмон ибн Алодан, у эса отасидан ривоят қилади. Отаси васият қилиб: «Агар дафн қилсангиз, маййитнинг бошида Бақара сурасининг боши ва охирини ўқинглар. Чунки мен Ибн Умарнинг шундай васият қилганларини эшитганман», деган экан».

Шунда имом Аҳмад:

«Бориб, ҳалиги одамга айт, тиловат қилаверсин», дедилар».

 

 

Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг

бу хусусда айтган сўзлари

 

«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларининг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».

Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.

Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир. Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган ҳошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.

Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лахмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.

Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Қуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.

Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавоқ ва бошқалар ҳам бор.

Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:

«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.

Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.

Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.

Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.

«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.

Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.

Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.

Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.

Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Ҳимс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».

Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.

Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Осснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Заарийаат сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.

Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: «Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади.

 

Ўлганларга атаб Қуръон

тиловат қилишнинг ҳукми

 

Албатта, Қуръон тиловати энг афзал ибодатлардан бўлиб, у билан мусулмон банда Роббига яқин бўлади. Қуръон қироати инсонга манфаатли бўлиб, хоҳ вафотидан кейин бўлсин, хоҳ манзилида ёки уйида бўлсин, хоҳ жанозадан кейин ёки олдин бўлсин ёки қабр олдида бўлсин, бу нарса шаръий ҳукмда жоиз ҳисобланади ва Аллоҳнинг фазли билан маййитнинг қабрида азобдан енгиллашишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бериб, вафот этган кишиларга Қуръон қироат қилишга ундаганлар. Ул зот: «Бирор маййитга Ёсин сураси ўқилса, енгиллик бўлади», деб айтганлар. Албатта, ушбу қироатда тиловат одобларига амал қилиб, ҳарфларни ўз махражидан чиқариш керак.

Ҳанафий мазҳаби уламолари маййитга ҳам, тирикларга ҳам Қуръон қироатининг савоби етиб бориши жоизлигини айтишган. «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда айтилган.

Шунингдек, шофеъий мазҳаби уламолари ҳам агар ўқувчи Аллоҳдан сўраса, қироатнинг савоби маййитга етиб боришини айтишган.

Ибн Абу Зайд «Рисола» китобида Ибн Фарҳундан ривоят қилиб айтишларича, моликий мазҳаби имомлари ҳам маййитга қироатнинг савоби етишини нақл қилишган.

Ҳанбалий мазҳаби фақиҳларидан Ибн Қудома «Муғний» китобида: «Маййит барча қурбат бўлувчи нарсалардан манфаат олганидек, Қуръон қироатидан ҳам манфаат олади. Демак, инсон қандай қурбат қилса ҳам, савобини маййитга бағишласа, Аллоҳнинг изни билан манфаат олади», деган.

Ибн Қудома Маъқал ибн Ясордан қилган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўликларингизга Ёсин сурасини ўқинглар», деганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати маййитга, хоҳ у маййит қабрда бўлсин ёки ундан узоқда бўлсин, жоиздир. Аллоҳнинг изни билан савоби маййитга етиб боради. Хусусан, қори қироатининг савобини маййитга бағишласа».

 

Аммо бунинг ягона шарти бор: қори (қироат қилувчи) холисан лиллаҳ тиловат қилиши ва ҳар қандай тамадан холи бўлиши керак. Ҳақ ёки бошқа бир манфаатлар эвазига хатми Қуръон буюришнинг ва буюртма асосида тиловат қилишнинг на ўликка, на тирикка савоби бор.


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сўйилган ҳайвонни қайноқ сувга солиш
Одатда ҳаммамиз товуқни сўйганимиздан кейин унинг патлари осон юлиниши учун қайнаган сувга солишга ўрганганмиз. Хусусан, товуқ гўшти етиштирувчи фабрикаларда ҳам товуқлар сўйилганидан кейин патлари юлиниши учун давоми...
3 йил аввал 3312 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пломба
САВОЛ: Ҳазрат, «Захоирул ашрафия» номли китобда «тиш таҳоратда ички аъзога, ғуслда эса ташқи аъзога ўтади», деб ёзилган экан. Шу китобда, тишга пломба қўйиш мумкин эмас, деб қаттиқ таъкидланган экан. Илтимос, давоми...
1 йил аввал 2109 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳайз пайтида жинсий яқинлик
САВОЛ: Уйланганман, турмуш ўртоғим сафарга чиқиб, бир неча кундан кейин келди. Қайтиб келган куни тунда яқинликни таклиф қилган эдим, ҳайз кўрганлигини айтиб рад қилди. Мен ҳам бунга рози бўлиб ухлаб қолдим. давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараши
САВОЛ: Халқда эр-хотин яқинликдан сўнг бир-бирига қараб бўлмай, бошқаларни ҳам унга кўзи тушмаслиги керак, шу ҳолда ҳовлига чиқса юзини ёпиб чиқиши даркор, деган гаплар бор. Аслида қандай? ЖАВОБ: жунуб кишига давоми...
1 йил аввал 3913 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сажда оятини эшитиб кетиш
Савол: Автобусда кетаётганда Қуръон ўқиб кетаман. Кўп ҳолларда эса телефон наушниги орқали эшитиб кетаман. Шунда сажда оятлари чиқади. Уни ўқиганда сажда қилишим лозимми? Бир неча марта ўқисам ёки эшитсамчи? Агар давоми...
3 йил аввал 1876 Ҳамидуллоҳ Беруний