Сотилган молни гаров сифатида ушлаб туриши


Ҳозирги кунда одамлар орасида турли муомалалар ривожланиб кетган. Шундай муомалалардан бири насия савдода сотувчи сотилган молни харидор нархини тўлиқ ёки қисман тўлагунича ушлаб туришидир. Бу жоизми?

Насия савдода сотувчи сотилган молни гаров сифатида икки хил услубда ушлаб туриши жоиз бўлади:

1. Пулини олиш учун сотилган молни бермай туриш;
2. Сотилган молни ўзини гаров сифатида ушлаб туриш.
Икки суврат орасидаги фарқ шуки, аввалги ҳолатда сотувчи сотилган молни пулини олиш учун молин ўзида ушлаб туради ва бундай вазиятда мол қийматига эмас, балки келишилган баҳо эвазига кафолатланган бўлади, яъни пулини олиш учун ушлаб турилган сотилган мол ҳалок бўлса, савдо фасх бўлади (бузилади) ва харидор сотилган молни бозордаги қийматига зомин бўлмайди. Масалан, бир киши бозордан юз эллик мингга уяли телефон сотиб олди ва пулини тўлайман деб ҳамёнини қараса, пули машинада қолиб кетган экан. Харидор машинадан пулини олиб келишга чиқиб кетаётганда сотувчи телефонни ўзида олиб қолади ва харидор машинадан пулини олиб келиб, телефонни нархини тўлагач сотувчи уни харидорга беради. Лекин, харидор машинадан пулини олиб келгунича танланган телефонга талофат етса, харидор уни бозордаги қийматига зомин бўлмайди. Балки, телефон сотувчининг мулкида ҳалок бўлган ҳисобланади.
Иккинчи сувратда, яъни сотилган молни гаров сифатида сотувчи ҳузурига қўйилганда, сотувчининг таъсирисиз ҳалок бўлса, савдо фасх бўлмайди (бузилмайди). Балки, харидор сотилган молнинг қийматини тўлайди. Чунки, гаровга қўйиладиган нарса, гаровга қўювчининг мулкида бўлиши талаб этилади. Агар гаровга қўйилган нарса, сотувчининг таъсири билан ҳалок бўлса, сотувчи гаровнинг баҳосига эмас, балки бозордаги қийматига зомин бўлади. Масалан, бир киши насияга машина сотиб олиб, қабз қилса яъни машинани ўзининг номига ўтказса ва сотувчига машинани ўзини гаровга қўйса ҳамда қарзини адо қилгунича сотувчининг таъсирисиз машина ҳалок бўлса, машина харидор мулкида ҳалок бўлган ҳисобланади ва сотувчига машина баҳосини ҳам тўлайди. Агар сотувчининг таъсири билан машина ҳалок бўлса, сотувчи машинанинг бозордаги қийматини тўлайди. Гарчи, бозордаги нархидан арзонроққа сотган бўлса ҳам.
Тақсийт савдосида пулини олиш учун сотилган молни ушлаб туриш жоиз эмас. Чунки, тақсийт савдоси насия савдо ҳисобланади. Сотувчи сотилган молнинг нархини тўлиқ қилиб олгунича молни ўзида ушлаб туриши фақат нақд савдоларда бўлади. Насия савдоларида эса, сотувчида бундай ҳуқуқ бўлмайди. Бу ҳақда “Фатавои ҳиндия”да шундай дейилган:

لِلْبَائِعِ حَقُّ حَبْسِ الْمَبِيعِ لِاسْتِيفَاءِ الثَّمَنِ إذَا كَانَ حَالًّا كَذَا فِي الْمُحِيطِ وَإِنْ كَانَ مُؤَجَّلًا فَلَيْسَ لِلْبَائِعِ أَنْ يَحْبِسَ الْمَبِيعَ قَبْلَ حُلُولِ الْأَجَلِ وَلَا بَعْدَهُ كَذَا فِي الْمَبْسُوطِ وَلَوْ كَانَ بَعْضُ الثَّمَنِ حَالًّا وَبَعْضُهُ مُؤَجَّلًا فَلَهُ حَبْسُهُ حَتَّى يَسْتَوْفِيَ الْحَالَّ وَلَوْ بَقِيَ مِنْ الثَّمَنِ شَيْءٌ قَلِيلٌ كَانَ لَهُ حَبْسُ جَمِيعِ الْمَبِيعِ كَذَا فِي الذَّخِيرَةِ.

“Нақд савдода сотувчи пулини тўлиқ олмагунича сотилган молни ўзида ушлаб туриш мумкин. “Муҳийт”да шундай дейилган. Насия савдода эса, вақти келишидан олдин ҳам кейин ҳам сотувчи сотилган молни ушлаб туришга ҳаққи йўқ. “Мабсут“да шундай дейилган. Бир қисми нақд, бир қисми насия савдоларда эса, сотувчи нақдини ундириб олгунича сотилган молни ўзида тутиб туриши мумкин. Агар нақд савдода пулдан озгинаси тўланмаган бўлса ҳам, сотувчи сотилган молни ҳаммасини ўзида тутиб туриши мумкин. “Захира”да шундай дейилган” (Фатавои ҳиндия).

СОТИЛГАН НАРСАНИ ЎЗИНИ ГАРОВГА ҚЎЙИШ

Тақсийт савдосида сотувчи сотилган молни айни ўзини гаров сифатида олиб қолиши икки хил бўлиши мумкин:
1. Харидор сотилган молни қўлга олмай туриб, сотувчи ҳузурига гаровга қўйиши. Бу сурат жоиз эмас. Чунки, сотилган молни пулини олиш учун молни ушлаб туриш нақд савдоларда бўлади, насия савдоларда эса, сотувчи сотилган молни пулини олгунча уни ушлаб туриши жоиз эмас. Бу ҳақда юқорида сўз юритилди. Тақсийт савдоси ҳам насия савдонинг бир тури ҳисобланади;
2. Харидор сотилган молни қабз(қўлга олиб) қилиб олгандан кейин, молни айни ўзини гаров сифатида сотувчига бериши. Мазкур суврат аксарият фақиҳлар наздида жоиздир. Чунки, бунда сотилган мол харидор мулкига ўтиб, кейин гаров сифатида сотувчига берилмоқда. Биринчи ҳолатда эса, харидор ҳали мулкига ўтмаган нарсани сотувчига гаровга қўяётганлиги сабабли жоиз эмас. Бу ҳақда Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “Жомеус сағийр”да шундай деганлар:

وَمَنْ اشْتَرَى ثَوْبًا بِدَرَاهِمَ فَقَالَ لِلْبَائِعِ أَمْسِكْ هَذَا الثَّوْبَ حَتَّى أُعْطِيَك الثَّمَنَ فَالثَّوْبُ رَهْنٌ.

“Бир киши бир неча дирҳамга кийим сотиб олиб сотувчига: “Бу кийимни то баҳони бергунимча ушлаб тур”, деса, кийим гаров бўлади”.
Бурҳониддин Марғинони ўзларининг “Ҳидоя” асарларида мазкур матнни келтирганлар ва “Кифоя”нинг муаллифи унга қуйидагича шарҳ ёзган:

لِانَّ الثَّوبَ لمَّا اِشتَراه وَقَبَضَهُ كَانَ هُوَ وَسائرِ الاَعيانِ المَملُوكَةِ سَواء فِي صِحَّةِ الرَهنِ.

“Кийимни сотиб олиб, қўлга олгандан кейин, у ва бошқа мулкидаги нарсалар гаров борасида бирдек бўлиб қолади”.
Яъни мулкидаги нарсаларни гаров қилиб қўйиш жоиз бўлгани каби, сотиб олиб, қабз қилган кийимини ҳам гаровга қўйиши мумкин бўлади.
Ҳаскафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам ўзларининг “Дуррул мухтор” асарларида масалани бироз ёритиб, шундай ёзганлар:

وَلَوْ كَانَ ذَلِكَ الشَّيْءُ الَّذِي قَالَ لَهُ الْمُشْتَرِي أَمْسِكْهُ هُوَ الْمَبِيعُ الَّذِي اشْتَرَاهُ بِعَيْنِهِ لَوْ بَعْدَ قَبْضِهِ لِأَنَّهُ حِينَئِذٍ يَصْلُحُ أَنْ يَكُونَ رَهْنًا بِثَمَنِهِ وَلَوْ قَبْلَهُ لَا يَكُونُ رَهْنًا لِأَنَّهُ مَحْبُوسٌ بِالثَّمَنِ كَمَا مَرَّ.

“Харидор насияга сотиб олиб, қабз қилган молнинг айни ўзини сотувчига “Гаров сифатида ушлаб тур”, деб берса, уни ўз баҳосига гаров бўлиши дуруст бўлади. Агар қабз қилишдан олдин сотувчига молни ушлаб тур деб берса, гаров бўлмайди. Балки, баҳосини тўлагунча ушлаб туриш бўлиб қолади”.
Мазкур матнга Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагича шарҳ берганлар:

قَوْلُهُ لِأَنَّهُ حِينَئِذٍ يُصْلَحُ إلَخْ أَيْ لِتَعَيُّنِ مِلْكِهِ فِيهِ حَتَّى لَوْ هَلَكَ يَهْلِكُ عَلَى الْمُشْتَرِي وَلَا يَنْفَسِخُ الْعَقْدُ قَوْلُهُ لِأَنَّهُ مَحْبُوسٌ بِالثَّمَنِ أَيْ وَضَمَانُهُ يُخَالِفُ ضَمَانَ الرَّهْنِ فَلَا يَكُونُ مَضْمُونًا بِضَمَانَيْنِ مُخْتَلِفَيْنِ لِاسْتِحَالَةِ اجْتِمَاعِهِمَا حَتَّى لَوْ قَالَ أَمْسِكْ الْمَبِيعَ حَتَّى أُعْطِيكَ الثَّمَنَ قَبْلَ الْقَبْضِ فَهَلَكَ انْفَسَخَ الْبَيْعُ زَيْلَعِيٌّ.

“...уни ўз баҳосига гаров бўлиши дуруст бўлади”, дейилди. Чунки, сотилган мол харидорнинг мулкига киради ва ҳатто у ҳалок бўлса, харидорнинг зарарига бўлади ҳамда ақд бузилмайди. “баҳосини тўлаш учун ушлаб турилган бўлади” дейилди. Чунки, пулини тўлаш учун ушлаб туришнинг зоминлиги билан гаров сифатида ушлаб туришнинг зоминлиги бир-биридан фарқланади. Икки турли зоминликни бир жойда жамлаш муҳол бўлгани каби икки турли зоминликни бир нарсада жамлаш ҳам муҳолдир. Агар харидор сотилган молни қабз қилишдан олдин сотувчига “Пулини тўлагунимча ўзингда ушлаб тур” деса-ю, мол сотувчи қўлида ҳалок бўлса, байъ бекор бўлади” (Раддул муҳтор).
Умуман олиб қаралганда, насияга сотиб олинган молни қабз қилгандан кейин айни ўзини сотувчининг ўзига гаровга бериш жоизлиги борасида фақиҳлар орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқлиги юқоридаги даллиллардан равшан бўлди. Лекин, савдо битми вақтида “Сотиб олаётган нарсамни айни ўзини гаровга қўяман”, деб шарт қилмаслик керак. Савдо битми вақтида сотилган молни ўзини гаровга қўйишни шарт қилишлик борасида Қудома раҳматуллоҳи алайҳ ихтилофларни нақл қилганлар. Лекин, уларнинг наздидаги саҳиҳ ва эътимодли қавл гаров шарт қилинса ҳам жоиз бўлишидир. Бу ҳақда ўзларининг “ал-Муғний” китобларида шундай келтирган:

وَإذَا تَبَايَعَا بِشَرطِ أَن يَكُونَ المَبِيعُ رَهناً عَلَى ثَمَنِهِ , لَم يَصِحَّ قَالَه اِبنُ حَامِد وَهُوَ قَولُ الشَّافِعِي لِأَنَّ المَبِيعَ حِينَ شُرِطَ رَهنُهُ لَم يَكُن مِلكاً لَهُ وَسَواءٌ شُرِطَ أَنَّهُ يَقبِضُهُ ثُمَّ يَرهَنُهُ أو شُرِطَ رَهنُهُ قَبلَ قَبضِهِ... وَظَاهِرُ الرِّوَايَةِ صِحَّةُ رَهنِهِ... فَأَمَّا إِن لَم يُشتَرَط ذَلِكَ فِي البَيعِ لَكِن رَهَنَهُ عِندَهُ بَعدَ البَيعِ , فإن كان بعد لزوم البيع فالأولى صحته لأنه يصح رهنه عند غيره فصح عنده كغيره , ولأنه يصح رهنه على غير ثمنه فصح رهنه على ثمنه وإن كان قبل لزوم البيع انبنى على جواز التصرف في المبيع , ففي كل موضع جاز التصرف فيه جاز رهنه وما لا فلا لأنه نوع تصرف فأشبه بيعه.

“Томонлар сотилган молни баҳосига гаров бўлиш шартига кўра савдо қилсалар савдолари дуруст бўлмайди. У ибн Ҳомид раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзлари бўлиб, Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шундай деганлар. Чунки, гаровга қўйиш шарт қилинган пайтда сотилган мол харидорнинг мулкида бўлмайди. Гарчи, харидор келишув вақтида молни қўлга олгандан кейин гаровга қўйиш ёки қўлга олмасдан туриб гаровга қўйишни шарт қилса ҳам... Зоҳири ривоятга мувофиқ сотилган нарсани айни ўзини сотувчига гаровга қўйиш дуруст, лекин келишув вақтида шарт қўймаслик керак... Аммо келишув тугагандан кейин сотилган молни сотувчини ҳузурига гаровга қўйилса, авло қавлга кўра гаров дуруст бўлади. Чунки, харидор сотиб олган нарсасини сотувчидан бошқанинг ҳузурида гаровга қўйиши жоиз бўлар экан, сотувчининг ҳузурида ҳам гаровга қўйиши жоиздир. Шунингдек, сотиб олинган нарсани бошқа нарсанинг нархи муқобилига гаровга қўйиш жоиз бўлгани каби, ўзининг нархи муқобилига ҳам гаровга қўйиш дуруст бўлади. Агар келишув тугал бўлишидан олдин сотилган молни гаровга қўйишга келишиб олинса, гаровни жоизлиги молда тасарруфни жоиз бўлишига тўхтаб туради. Қайси ўринда харидор сотилган молни тасарруф қила олса, ўша ўринда молни гаровга қўйиш мумкин бўлади. Сотилган молни тасарруф қилиш мумкин бўлмаган ўринда эса, молни гаровга қўйиб бўлмайди. Чунки, харидор сотиб олинган нарсани гаровга қўйиши тасарруфнинг бир туридир. Шу жиҳатдан гаров сотилган молни сотишга ўхшаб қолди” (Муғний).


3 йил аввал 3227 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Молни қўлга олмасдан сотиш
Бир киши дўконга кирди ва сотувчидан бир нарса сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчининг ҳузурида эса у нарса йўқ эди. Сотувчи шу пайт бошқа бировнинг дўконида борлигини билиб туриб, ўша нарсани харидорга лафзан сотиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тақсит савдоси ҳақида
Оламлар роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, расули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аҳли, асҳобларига ҳамда қиёмат кунигача уларга гўзал тарзда эргашган кишиларга солавоту саломлар давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Насияга сотиб нақдга қайта сотиб олиш
Бир киши бировга ҳар ойда маълум миқдордан бериб туриш шарти ила бир йил муддатга 10.000га машина сотса, сўнг бир йил тўлмасидан ва пулини тўлиқ тўламасидан аввал 8.000 нақдга ўзи қайтариб сотиб олса бўладими?Бундай давоми...
6 йил аввал 4135 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ масалалар ечими
Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Расулуллоҳга саловот ва саломлар бўлсин!Аммо баъд:Бугунги кунда пулнинг қадри тушишига боғлиқ масалалар, саволлар жуда ҳам кўпайди. Айниқса, бу давоми...