Сурат бор хона


Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Ислом зоҳир бўлган пайтда инсоният жаҳолат ботқоғига ботган ҳолда эди. Инсон ҳаётининг деярли барча соҳалари издан чиққан эди. Инсон ҳаётининг барча жабҳалари йўлдан чиқишига эса эътиқод ва ибодат бузуқлиги сабаб бўлган эди.

Эътиқод бузуқлиги ҳар ким турли сохта худоларга эътиқод қилишида ўз аксини топган эди. Ҳар бир халқ, ҳар бир қабила, ҳаттоки ҳар бир маҳалла ёки оила ҳам ўзи учун сохта худо ихтиро қилиб олган эди.
Ибодат бузуқлиги ҳам ана ўша эътиқод бузуқлигидан келиб чиққан эди. Ҳар ким ўзига ўзи сохта худо танлаб олганидан кейин ўзича ўша худосининг суратини солиб, унга ўзича ибодат қилишга ўтган эди.
Бу ерда «сурат солиш» бирикмасини қадимги мусулмон уламо аҳли ишлатган маънода ишлатмоқдамиз. Улар сурат деганда қўл билан чизилган суратни ва қўл билан ишланган ҳайкални кўзда тутганлар. Уларни бир-биридан ажратиш мақсадида, қўл билан чизилган суратни «сояси йўқ сурат», ҳайкални «сояси бор сурат», деб атаганлар.
Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилган пайтда инсоният ўша икки турли суратга ибодат қилар эди. Одамлар ушбу номаъқул ишга, яъни суратларга ибодат қилишга қандай қилиб мубтало бўлганини англаш учун Қуръони Каримда зикр қилинган бир тарихни, яъни одамлар баъзи бутларга қандай қилиб ибодат қила бошлаганларининг тарихини ўрганишимизнинг ўзи кифоя қилса керак.
Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касбу кор ўргандилар. Улар Одам Атога келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилишар эди. Одам авлодини хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақиришга, буту санамларга ибодат қилдиришга урина бошлади.
Одам Атонинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Атрофидагилар уларни яхши кўрар, ҳурмат қилишарди. Вақт-соати етиб, ўша яхши одамлар вафот этиб кетгач, шайтон қолган кишилар орасида васаваса қилиб: «Агар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсаларингиз ва уларни эслаб туришни хоҳласаларингиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч назар солиб турасизлар», деди.
Одамларга бу гап ёқиб тушди. Аввал бошда суратга қараб уларни эслаб туришди, сўнгра суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишар эди. Лекин солиҳ кишиларнинг баракаси, деб ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, иззат-икроми ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Кейинги авлодлар ўз оталари ҳайкалларини улуғлаётганини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганларини кўриб вояга етди. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундай қилиб, ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни худо даражасига кўтариб, уларга эътиқод билан ибодат қила бошладилар.
Ҳатто Аллоҳ таолонинг пайғамбарлари келиб, уларни суратларга эмас, ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирсалар ҳам, ҳақни қабул қилмай, сохта худоларига ибодатда маҳкам туришларини эълон қиладиган бўлдилар.
Бу ҳақиқатни «Нуҳ» сурасидаги қуйидаги ояти каримадан ҳам билиб олса бўлади:

وَقَالُوا لَا تَذَرُنَّ آلِهَتَكُمْ وَلَا تَذَرُنَّ وَدًّا وَلَا سُوَاعًا وَلَا يَغُوثَ وَيَعُوقَ وَنَسْرًا

«Ва улар: «Илоҳларингизни зинҳор тарк қилманглар ва Ваддни ҳам, Суваъни ҳам, Яғусни ҳам, Яъуқни ҳам ва Насрни ҳам зинҳор тарк қилманг», дедилар» (23-оят).
Ривоятларда келишича, Вадд, Суваъ, Яғус, Яъуқ ва Насрлар аҳли солиҳ, тақводор кишилар бўлганлар. Кишилар уларни ниҳоятда яхши кўрганлар ва ҳурмат қилганлар. Вақти-соати етиб улар вафот этганларидан сўнг, кишилар шайтон васвасасига учиб, уларнинг суратларини чизганлар, сўнгра ҳайкалларини ясаганлар. Уларни зиёрат қилганлар. Аста-секин дардларини уларга айтадиган бўлишган. Оқибатда, вақт ўтиши билан уларни худо деб эътиқод қилганлар ва уларга ибодат қила бошлаганлар.
Каттаю кичик динларнинг деярли барчасида суратга ибодат қилинар эди. Бу турдаги ибодатлар масиҳийларда Исо алайҳиссаломнинг турли суратларидан тортиб, Ҳиндистондаги баъзи тоифаларда эркак ва аёлнинг жинсий олати суратига ибодат қилишгача ўз ичига олган эди.
Фикримизнинг тасдиғи сифатида ҳозирги кунимизда Исломдан бошқа барча динларда нимага ибодат қилинаётганига бир назар солишни таклиф қиламиз.
Ислом зоҳир бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни унга даъват қилишни бошлаган пайтларда дунёнинг барча томонида суратга ибодат қилиш авж олган эди. Айниқса, бу иш Арабистон ярим оролида кучайган эди. Одамлар хоҳлаган нарсаларидан, хоҳлаган вақтларида, хоҳлаган шаклда «худо» ясаб, унга ибодат қилишлари ҳеч гап эмас эди. Биров туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўша лойдан жажжигина «худо» ясаб олиб, унга ихлос билан сиғинса, бошқаси яна бошқа нарсадан ўзига «маъбуд» ясаб олар эди. Худоларни ясовчилар бозорда уларни қимматроқ пуллашга тиришсалар, худо сотиб олмоқчи бўлган харидорлар уларни иложи борича арзонга сотиб олиш чорасини ахтарар эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мушриклик пайтларида сафарда кетаётсалар, ибодатга эҳтиёжлари тушибди. «Худо»лари эсларидан чиқиб, уйда қолган экан. Нима қилиш керак? Атрофга қараб, худоликка ярайдиган бирор нарса топа олмабдилар. Яйдоқ чўлда нима ҳам бўлсин? Юкларини титган эдилар, кўзлари йўл учун олинган хурмо меваларига тушди. Уларни олиб, бир-бирига ёпиштириб, худо суратини ясадилар ва чин ихлос ила унга ибодат қилдилар. Кейин қорин очлиги ҳам ёдга тушиб қолди. Бир йўла қориннинг қайғусидан ҳам холи бўлиб, кейин йўлни давом эттириш мақсадида хурмодан яхшилаб тановул қилдилар. Қорин тўйиб, қайғу кетгандан сўнг қарасалар, ҳозиргина чин ихлос ила ибодатини қилган худоларини еб қўйибдилар. Ана ўшанда ўзларининг аҳмоқликларидан кулавериб, қоринларини ушлаб ётиб қолдилар.
Араблар турли суратларга сиғинишга ўта берилганларидан Каъбаи Муаззаманинг ичига уч юз олтмишта сурат-худо ўрнатишгача бориб етган эдилар.
Ана шундай бир пайтда Аллоҳ таоло бутун инсониятни турли суратларга ибодат қилишдан ягона Ўзига ибодат қилишга чақириш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ислом динини юборди. У зотга ақида масаласига алоҳида эътибор беришни таъкидлади. Бутун дунёни турли суратларни қўйиб, ягона Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақириш масъулияти юкланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирма уч йиллик рисолатларининг ўн уч йили тавҳид ишига ажратилганлиги ҳам бежиз эмас.
Албатта, бу ишнинг бошида суратларга ва суратчиларга қарши кураш туриши инкор этиб бўлмайдиган улкан ҳақиқат эди.
Ҳозир ўрганадиган ҳадиси шарифларимиз ана ўша пайтда кўпхудочиликка қарши олиб борилган тарғибот ишларининг бир кўринишидир. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ صَوَّرَ صُورَةً فِي الدُّنْيَا كُلِّفَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَنْ يَنْفُخَ فِيهَا الرُّوحَ وَلَيْسَ بِنَافِخٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бу дунёда бир сурат солса, қиёмат куни ундан ўшанга жон киритиш талаб қилинади. Ҳолбуки у жон киритувчи эмас», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. 

وَقَالَ أَبُو زُرْعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: دَخَلْتُ مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ فِي دَارِ مَرْوَانَ فَرَأَى فِيهَا تَصَاوِيرَ، فَقَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ ذَهَبَ يَخْلُقُ خَلْقًا كَخَلْقِي، فَلْيَخْلُقُوا ذَرَّةً أَوْ لِيَخْلُقُوا حَبَّةً أَوْ لِيَخْلُقُوا شَعِيرَةً. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Абу Зуръа розияллоҳу анҳу айтади:
«Абу Ҳурайра билан Марвоннинг ҳовлисига кирдим. Бас, у ўша ерда суратларни кўрди ва:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳ азза ва жалла «Мен яратган нарсага ўхшаш нарса яратишга урингандан ҳам золимроқ кимса борми?! Қани, бир заррани яратиб кўрсинлар-чи! Қани, бир дона буғдойни яратиб кўрсинлар-чи! Қани, бир дона арпани яратиб кўрсинлар-чи!», дейди», деганларини эшитганман», деди.
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдан сурат солувчиларнинг иши нақадар ёмон олиниши кўриниб турибди. Уларнинг иши Аллоҳнинг яратувчилик сифатига шериклик қилишга уриниш деб баҳоланмоқда. Бу маъно айниқса ўша пайтларда ўта бўрттирилган. Чунки у вақтларда сурат солиш фақат сохта худолар суратини солишдан иборат бўлган. 

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَقَدْ سَتَرْتُ سَهْوَةً لِي بِقِرَامٍ فِيهِ تَمَاثِيلُ، فَلَمَّا رَآهُ هَتَكَهُ وَتَلَوَّنَ وَجْهُهُ، وَقَالَ: يَا عَائِشَةُ، أَشَدُّ النَّاسِ عَذَابًا عِنْدَ اللهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ الَّذِينَ يُضَاهُونَ بِخَلْقِ اللهِ، قَالَتْ عَائِشَةُ: فَقَطَعْنَاهُ فَجَعَلْنَا مِنْهُ وِسَادَةً أَوْ وِسَادَتَيْنِ 

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Токчамга юпқа парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан йиртиб ташладилар ва ранглари ўзгариб:
«Эй Оиша! Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида энг ашаддий азобга учрайдиганлар Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни кесиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».
Шарҳ: Мазкур пардадаги суратлар жонли нарсаларнинг сувратлари эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг сурати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша сурат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.
Аммо кесилган, йиртилган ҳолда, болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса, жоиз. Суратни чизиш эса мутлақо мумкин эмас. 

وَعَنْهاَ قَالَتْ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم مِنْ سَفَرٍ وَقَدْ سَتَرْتُ عَلَى بَابِي دُرْنُوكًا فِيهِ الْخَيْلُ ذَوَاتُ الْأَجْنِحَةِ، فَأَمَرَنِي فَنَزَعْتُهُ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ 

Яна ўша киши айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан келдилар. Эшигимга гилам парда тўсиб қўйган эдим. Унда қанотли отларнинг сурати бор эди. Бас, у зот менга амр қилдилар. Мени уни юлиб олдим».
Иккисини икки шайх ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоят ҳам олдингисини тасдиқлаш учун келтирилмоқда. 

وَجَاءَ رَجُلٌ إِلَى ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ فَقَالَ: إِنِّي أُصَوِّرُ هَذِهِ الصُّوَرَ فَأَفْتِنِي فِيهَا، فَقَالَ: لَهُ ادْنُ مِنِّي، فَدَنَا مِنْهُ، ثُمَّ أَعَادَهَا، فَدَنَا مِنْهُ، فَوَضَعَ يَدَهُ عَلَى رَأْسِهِ، فَقَالَ: أُنَبِّئُكَ بِمَا سَمِعْتُ، سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: كُلُّ مُصَوِّرٍ فِي النَّارِ، يَجْعَلُ لَهُ بِكُلِّ صُورَةٍ صَوَّرَهَا نَفْسٌ فَتُعَذِّبُهُ فِي جَهَنَّمَ، وَقَالَ: إِنْ كُنْتَ لَا بُدَّ فَاعِلًا، فَاصْنَعِ الشَّجَرَ وَمَا لَا نَفْسَ لَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Бир одам Ибн Аббоснинг ҳузурига келиб:
«Мен мана бу суратларни соламан, менга булар ҳақида фатво бер», деди. Бас, у киши ҳалиги одамга:
«Менга яқинроқ кел», деди. У яқин келди. Сўнгра яна такрорлади. У яна ҳам яқинроқ келди. Шунда унинг бошига қўлини қўйиб туриб:
«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзим эшитган нарсанинг хабарини бераман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир суратчи дўзахдадир. Унинг учун ўзи солган ҳар бир сурат ўрнига бир жон қилинур. (Ўша жон) уни жаҳаннамда азоблар», деганларини эшитганман. Агар бу ишни албатта қилишинг керак бўлса, дарахтни ва жонсиз нарсаларни қил», деди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдан Исломда фақат жонли нарсаларнинг суратини солиш ман қилинганини, жонсиз нарсаларнинг суратини солиш жоизлигини англаб оламиз. Айни пайтда суврат солиш деганда ҳам расм, ҳам ҳайкал кўзда тутилишини яна бир бор эслаб қўямиз.
Демак, Исломда суврат солишга мутлақо қаршилик йўқ экан. Жонли нарсаларнинг суратини солишгина ҳаром қилинган экан. Чунки суратлар туфайли бузилиш айнан жонли нарсаларнинг суратига боғлиқдир. Сурати солинган ҳар қандай сохта худолар жонли нарсаларнинг сурати ёки ҳайкалидир.
Исломда жонсиз нарсаларнинг суратини солиш ман қилинмаган. Табиат манзаралари, турли дарахтлар, гуллар ва бошқа жонсиз нарсаларнинг суратини солишга қаршилик йўқ. 

عَنْ بُسْرِ بْنِ سَعِيدٍ، عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ، عَنْ أَبِي طَلْحَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ الْمَلَائِكَةَ لَا تَدْخُلُ بَيْتًا فِيهِ الصُّوَرُ، قَالَ بُسْرٌ: ثُمَّ اشْتَكَى زَيْدٌ، فَعُدْنَاهُ فَإِذَا عَلَى بَابِهِ سِتْرٌ فِيهِ صُوَرٌ، فَقُلْتُ لِعُبَيْدِ اللهِ رَبِيبِ مَيْمُونَةَ زَوْجِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: أَلَمْ يُخْبِرْنَا زَيْدٌ عَنِ الصُّوَرِ يَوْمَ الْأَوَّلِ؟ فَقَالَ عُبَيْدُ اللهِ: أَلَمْ تَسْمَعْهُ حِينَ قَالَ إِلَّا رَقْمًا فِي ثَوْبٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Буср ибн Саъид, Зайд ибн Холид ва Абу Толҳа розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, фаришталар суратлар бор уйга кирмаслар», дедилар».
Буср айтади:
«Сўнгра Зайд бемор бўлиб қолди. Биз уни кўргани борсак, эшигида суратлари бор парда турибди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймунанинг ўгай ўғли Убайдуллоҳга:
«Зайд бизга аввалги куни суратлар ҳақида хабар бермаган эдими?» дедим.
«Фақат кийимдаги чизғи бўлса, жоиз», деганини эшитмаган эдингми?» деди у».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Кийимдаги чизғи» – матони тўқилаётганда қўшиб тўқилган безак шакл ва чизиқлардир.
Ана ўшандоқ чизиқларда жонли нарсанинг сурати бўлса ҳам жоиз экан. Ўша вақтнинг матоларида акс эттириладиган ҳайвон расмлари аниқ ва тўлиқ бўлмагани учун, мато жуда ҳам оз бўлганидан исроф бўлмасин деб ва яна шунга ўхшаш биз билмайдиган бошқа сабабларга кўра, бу нарсага изн берилган бўлса керак.
Шу билан бирга, бу нарса ҳаммага ҳам маълум эмас эканлиги ривоятнинг ўзидан ҳам билиниб турибди.
Ушбу ривоят икки кишидан: Буср ибн Саъид ва Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳумолардан нақл қилинмоқда. Улардан бири – Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қолибди. Буср ибн Саъид эса Убайдуллоҳнинг ҳамроҳлигида у кишини кўргани борибдилар. У киши Зайд розияллоҳу анҳунинг эшикларида ҳайвон сурати бор пардани кўриб қолиб, ҳайрон қолдилар. Нима учун Зайд ўзи нақл қилган ривоятга хилоф иш қилади? Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, фаришталар суратлар бор уйга кирмаслар», деган ҳадиси шарифларини у киши билан бирга ривоят қилган эди-ку?! Лекин Буср розияллоҳу анҳунинг ёдларидан нозик бир истисно чиқиб қолган эди. Уни ҳамроҳлари Убайдуллоҳ эслатди.
«Фақат кийимдаги чизғи бўлса, жоиз» деганини эшитмаган эдингми?» деди у».
Зайд розияллоҳу анҳу эшикларига ҳайвон сурати қўшиб тўқилган парда осилишига истисно тариқасида рози бўлганлар.
Бу ҳадис билан ундан олдин келган Оиша онамизнинг ҳадисларидаги фарқ шуки, бу ҳадисдаги сурат матонинг тўқилишига қўшиб тўқилган, аввалги ҳадисда эса мато тайёр бўлгандан кейин солинган. Кейин ишланган сурат аниқроқ ва мужассам бўлиши ҳаммага маълум.
Бироқ бу ҳозирги кундаги тўқимачилик ишхоналарида жонли нарсаларнинг суратларини солиб чиқарилган матолардан бемалол фойдаланса бўлаверар экан, дегани эмас. Олдинги матоларга қўшиб тўқилган суратлар билан ҳозиргиларининг фарқи бор. У пайтдаги суратлар тўлиқ ва аниқ бўлмаган.
Умуман, ҳар ишдаги каби, эҳтиёт йўлини тутиш афзал. 

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: وَاعَدَ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَامُ فِي سَاعَةٍ يَأْتِيهِ فِيهَا، فَجَاءَتْ تِلْكَ السَّاعَةُ وَلَمْ يَأْتِهِ وَفِي يَدِهِ عَصًا فَأَلْقَاهَا وَقَالَ: مَا يُخْلِفُ اللهُ وَعْدَهُ وَلَا رُسُلُهُ، فَإِذَا جِرْوُ كَلْبٍ تَحْتَ سَرِيرِهِ، فَقَالَ: يَا عَائِشَةُ، مَتَى دَخَلَ هَذَا الْكَلْبُ هُنَا؟ فَقَالَتْ: وَاللهِ مَا دَرَيْتُ، فَأَمَرَ بِهِ فَأُخْرِجَ. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: ثُمَّ أَخَذَ مَاءً فَنَضَحَ مَكَانَهُ فَجَاءَ جِبْرِيلُ، فَقَالَ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: وَاعَدْتَنِي فَجَلَسْتُ لَكَ فَلَمْ تَأْتِ، فَقَالَ: مَنَعَنِي الْكَلْبُ الَّذِي كَانَ فِي بَيْتِكَ، إِنَّا لَا نَدْخُلُ بَيْتًا فِيهِ كَلْبٌ وَلَا صُوَرٌ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ 

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум соатда келишни ваъда берди. Ўша соат келса ҳам у келмади. Ул зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб:
«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар. Бундай қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи! Шунда у зот:
«Эй Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у. Бас, у зот амр қилдилар. У чиқарилди».
Бошқа ривоятда:
«Сўнг сув олиб унинг ўрнига сепдилар. Кейин Жаброил келди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар. Шунда у:
«Мени уйингдаги ит ман қилди. Биз ит ва сурат бор уйга кирмаймиз», деди» зиёда қилинди.
Учовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бошқа ривоятлар каби ушбу ривоят орқали ҳам кўп нарсани ўрганиб олмоқдамиз. Умуман, сиз билан биз учун ҳадиси шарифларни ўрганиш фурсати улкан бахт-саодатдир. Биз ўрганаётган нарсалар Аллоҳ таолога, У зотнинг энг афзал бандаси ва пайғамбари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларнинг энг афзал авлоди – саҳобалар авлодига тегишлидир.
Бу ривоятларнинг барчаси ҳикмат, ибрат, ваъз-насиҳат, ҳукми шариат, тариху сийрат ва бошқа кўпгина фойдалар хазинасидир.
Қаранг-а, ўрганаётган ушбу ривоятимизда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фаришта Жаброил алайҳиссалом билан бўлган алоқалари ва унга тегишли нарсалар баён қилинмоқда.
«Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маълум соатда келишни ваъда берди».
Демак, Жаброил алайҳиссалом баъзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига тўғридан-тўғри келсалар ҳам, баъзида олдиндан вақт белгилаб, келишиб олиб, кейин келар эканлар. Албатта, Жаброил алайҳиссаломдек фаришталарнинг етакчиларидан бўлган, Аллоҳ таоло томонидан ваҳийнинг амийни қилиб тайинланган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдек улуғ зотга ваъда бергандан кейин, бу ваъданинг устидан чиқишлари керак эди.
«Ўша соат келса ҳам у келмади».
Ҳа, Жаброил алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга ваъда берган вақт кирса ҳам, келмадилар. Одатдан ташқари бир ҳол. Бундан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташвишга туша бошладилар.
«Ул зотнинг қўлларида асо бор эди, уни ташлаб:
«Аллоҳ ва Унинг расуллари ваъдасига хилоф қилмас», дедилар».
Бу келмасликнинг сабаби ваъдага хилоф қилишдан бошқа нарса бўлиши керак. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юраклари ғалати бўлиб, сабабни ахтара бошладилар.
«Бундай қарасалар, ётар сўрилари остида бир итнинг боласи!».
Ҳа, у зотнинг ердан бир оз кўтарилган ётар сўрилари бор эди. Ўшанинг тагига бир кучукча кириб олибди. Қаердан келиб қолди экан у? Эҳтимол ҳужранинг соҳибаси билар?
«Шунда у зот:
«Эй Оиша! Манави ит бу ерга қачон кирди?» дедилар».
Мен ташқарида юриб бехабар қолибман, сен аксар ҳолда уйда бўласан. Манави сўрининг остига кучукча кириб олганидан хабаринг борми?
«Аллоҳга қасамки, билмадим», деди у».
Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари чиққанини сезиб, ишончли бўлиши учун қасам ичиб гапирдилар. Кучукчанинг сўри остига ҳеч кимга билдирмай кириб олгани маълум бўлди.
«Бас, у зот амр қилдилар. Уни чиқарилди».
Ҳужранинг ичига нопок нарса кириб ётиб олгани яхши бўлмади. Кучукча ҳужрадан чиқарилгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «…сув олиб, унинг ўрнига сепдилар».
Кўнгиллари бўлмай, ўша ерни шу шаклда поклашни ирода қилдилар.
«Кейин Жаброил келди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгиллари ўрнига тушди. Жаброил алайҳиссалом кўринишлари билан
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен билан ваъдалашган эдинг. Сени кутиб ўтирдим, келмадинг?» дедилар». Шунда у:
«Мени уйингдаги ит ман қилди. Биз ит ва сурат бор уйга кирмаймиз», деди».
Ана шунда Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ваъдалашилган вақтда нима учун келмаганлари аён бўлди.
Бинобарин, ким уйи фариштали бўлишини хоҳласа унда сурат ва ит бўлишига йўл қўймасин экан. Биз уйда ит сақлаш масаласини аввалроқ яхшилаб ўрганганмиз. Сурат масаласини эса энди ўрганмоқдамиз. Бу борадаги ривоятлар матнини таҳлил қилиб бўлиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда умумий хулоса чиқаришга ҳам уриниб кўрамиз. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اسْتَأْذَنَ جِبْرِيلُ عَلَيْهِ السَّلَامُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: ادْخُلْ، فَقَالَ: كَيْفَ أَدْخُلُ وَفِي بَيْتِكَ سِتْرٌ فِيهِ تَصَاوِيرُ، فَإِمَّا أَنْ تُقَطَّعَ رُءُوسَهَا أَوْ تَجْعَلَ بِسَاطًا يُوطَأُ، فَإِنَّا مَعْشَرَ الْمَلَائِكَةِ لَا نَدْخُلُ بَيْتًا فِيهِ تَصَاوِيرُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَصَاحِبَاهُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киришга изн сўради.
«Киравер», дедилар у зот.
«Қандай қилиб уйингга кираман? Ахир унда суратлари бор парда турибди-ку! Ё уларнинг бошларини кесиб ташла, ёки оёқ остига солинадиган шолча қилиб ол. Албатта, биз, фаришталар жамоаси, суратлар бор уйга кирмасмиз», деди у».
Насаий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом ҳам изн сўрамасдан кирмасликлари.
2. Фаришталарнинг сурат бор уйга кирмаслиги.
3. Буюм ёки матода жонли нарсанинг сурати бўлса, унинг бош қисми суратини кесиб ташлаб, ишлатиш жоизлиги.
4. Жонли нарсанинг сурати бор нарсалардан оёқости бўладиган жойларда фойдаланса жоизлиги. 

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: إنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم لَمْ يَكُنْ يَتْرُكُ فِي بَيْتِهِ شَيْئًا فِيهِ تَصَالِيبُ إِلَّا نَقَضَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ. وَاللهُ أَعْلَمُ 

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларида суратлари бор бирор нарсани йўқотмай ташлаб қўймас эдилар».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Аллоҳ  билгувчироқдир.
Шарҳ: У зотнинг умматлари ҳам шундай қилмоқлари лозим.
Мана, суратга тегишли баъзи ривоятларни ўрганиб ҳам чиқдик. Ислом душманлари бу масала бўйича динимизни обдон қоралашга ўтганлар, «Ислом санъатга қарши, гўзалликни тасвирлашга ва ҳис қилишга йўл қўймайди» ва ҳоказоларни айтганлар ва айтиб келмоқдалар.
Бироқ, аслини олганда мазкур танқидчилар ноҳақ гапни айтадилар. Ислом ҳеч қачон санъатга қарши бўлмаган, балки гўзалликни ўз ўрнида ҳис қилишни яхшилаб йўлга қўйган. Агар гўзаллик фақатгина сурат солиш ва ҳайкалтарошлик қилишга боғланиб қолган бўлса, марҳамат, жонсиз нарсаларнинг сурат ва ҳайкалларини хоҳлаганича чизиб, ясаб, маза қилаверишсин. Ислом бунга изн берган.
Исломда жонли нарсаларнинг суратига изн йўқлиги эътиқодий бузилиш масаласига боғлиқ эканлигини аввал ҳам айтиб ўтдик. Одамлар ўша суратларни илоҳ қилиб олишлари хавфи борлигини таъкидладик. Бунга тарихдан мисоллар келтирдик.
Исломни бу борада танқид қилаётганларнинг барчаси ҳозир ҳам турли сурат ва ҳайкалларга чўқинаётганлиги бу хавфнинг доимий эканлигига далилдир.
Масаланинг ушбу ривоятлар айтилаётган пайтда воқеликда бўлмаган тарафи ҳам бор. Сурат ва ҳайкаллар орқали гўзалликни ҳис қилиб, ўзининг «маънавий дунёсини» бойитмоқчи бўладиганларнинг яланғоч одамларнинг суратларига ишқибоз эканлиги ҳам ҳаммага маълум. Бундай суратларнинг чизилиш тарихи ва кейинги қиссалари фаҳшу фужурга тўлалиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай «яланғоч санъат»нинг ижодкорлари ҳам, ишқибозлари ҳам асосан мижози суст, жинсий заиф кимсалар эканлиги айни ҳақиқатдир. Улар сурат чизиш ва уни томоша қилиш орқали амалда ўзлари эриша олмаган нарсанинг ўрнини тўлдиришга уринсалар ажаб эмас.
Агар мақсад ҳақиқий гўзалликни ҳис қилиш бўлса, дунёда табиат манзараларидан гўзалроқ нарса борми?
Гўзалликни ҳис қилишда Ислом маданиятидаги савия бошқаларда бўлган эмас. Бўлиши ҳам қийин. Чунки, юқорида таъкидлаганимиздек, уларнинг фалсафаси нотўғри. Мақсадлари бузуқ, дунёқарашлари тор. Улар тарғиб қилаётган нарса ҳавойи нафсларининг талабини қондириш, холос.
Биз жонсиз нарсаларнинг сурати ила гўзалликни ҳис қилишда улар билан ҳамфикрмиз. Аммо жонли нарсаларнинг суратида мутлақо ҳамфикр бўла олмаймиз. Бу борада аввал айтиб ўтилган эътиқод бузилиши ва фисқу фасоддан ташқари бошқа гаплар ҳам бор.
Фараз қилайлик, бир жонли нарсанинг суратини томоша қилган киши ундаги чизиқлар ва бўёқлар орқали маълум бир шаклдан хулоса чиқаради. Яъни, унга таъсир қиладиган нарса шаклдан иборат. Бошқа нарса йўқ.
Исломий маданият бунинг ўрнига қўядиган нарсалардан бири хаттотлик санъатидир. Мусулмонлар бу санъатга қанчалик аҳамият берганлари маълум ва машҳур.
Биринчидан, хат санъатида ҳам шакл бор. Шакл бўлганда ҳам турли-туман шакллар мавжуд. Хатнинг турлари ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Сулс, куфий, руқъа, форсий ва ҳоказолар. Бу хатлардаги гўзалликни уларни ўқишни билмайдиган киши ҳам дарҳол сезади.
Иккинчидан, бизнинг хаттотлик санъатимизда шаклдан ташқари қироат ҳам бор. Хатларимизни кўрган киши уларнинг шаклига маҳлиё бўлиш билан бирга, уларни ўқишга ҳам уриниб кўради. Ўқиш орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини ўқиганлар билади.
Учинчидан, бизнинг хаттотлик санъатимизда шакл ва қироатдан ташқари овоз ҳам бор. Яъни, ўқиганда овоз чиқади. Овоз орқали қанчалик гўзаллик ҳис қилиш мумкинлигини гўзал овоз ишқибозлари яхши биладилар.
Тўртинчидан ва энг муҳими, бизнинг хаттотлик санъатимизда шакл, қироат ва овоздан ташқари маъно ҳам бор. Маъно бўлганда ҳам Қуръони Карим ва ҳадиси шариф маънолари ҳамда буюк мутафаккирларнинг ҳикматли сўзларидан олинган маънолар бор.
Бу ёғи энди ҳар кимнинг ўзига ҳавола.
Воқеликда сурат масаласида мусулмонларнинг ўзлари ҳам бир неча тоифага бўлинадилар.
Биринчи тоифа ғарбга тобеълар тоифасидир. Улар «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида ҳамма суратга ибодат қиладиган бўлиб кетган эди. Шунинг учун уларни бу ишдан қайтариш мақсадида қаттиқ лаҳжадаги ҳадислар айтилган. Вақт ўтиб, одамлар ақийда масалаларини ўзлаштириб олдилар. Энди ҳеч ким суратга топинмайдиган ҳолга келинди. Шунинг учун эндиликда суратга рухсат берилган», дейдилар. Лекин ким, қачон, нима асосда рухсат берганини айта олмайдилар. Бундай нарсаларда фақатгина Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатларигина ўтишини билмайдилар.
Иккинчи тоифа бу масалада келган ҳар бир сўзни сиртидан маҳкам ушлаб, бошқа ҳар қандай қонун-қоидаларни қабул қилишдан мутлақо бош тортадиганлар тоифаси. Булар ҳам биринчи тоифага ўхшаб озчиликни ташкил қиладилар. Улар ҳатто ҳужжат учун аксларини забт қилдиришни (фотосуратга тушишни) ҳам инкор қиладилар.
Учинчи тоифа жумҳур мусулмонлар бўлиб, улар ҳамма нарсани ўз ўрнида баҳолайдилар. Ҳадиси шарифларда келганидек, инсон учун Аллоҳ яратган нарсага ўхшатаман деб жонли нарсаларнинг суратини солиш ва ҳайкалини тарошлаш ҳаромдир.
Аммо фотосурат олиш асбоби ила акс олиш жоиз. Чунки бунда инсон томонидан Аллоҳ таоло яратган нарсага ўхшатишга уриниш йўқ. ундай нарсаларга ибодат қилиш ҳам йўқ. Фото худди ойнага акс тушгандек гап. Фақат бу ерда тасвирнинг акси ойнада забт бўлиб қолмайди, балки фотода забт бўлиб, уни қоғозга чиқариш мумкин бўлади.
Замонамиздаги кўзга кўринган уламолардан бирининг айтишича, фото олиш жиҳози ила чиқариладиган шаклни сурат дейиш луғат жиҳатидан ҳам тўғри келмайди. У сурат эмас, балки аксдир. Шунинг учун ҳам Кўрфаздаги давлатларнинг аҳолиси фоточини «аккос», фотони эса «акс» дейдилар.
Бу масалада хулоса қиладиган бўлсак, қуйидаги натижалар чиқади:
1. Жонли нарсаларнинг суратини қўл билан чизиш, ҳайкалини ясаш ҳаром.
2. Жонли нарсаларнинг тўлиқ шаклдаги сурат ва ҳайкалларини сақлаш ҳаром.
3. Жонли нарсаларнинг тўлиқ тасвирланмаган, тирик қолиши мумкин бўлмайдиган ҳолатдаги суратининг бўлиши жоиз.
4. Жонли нарсаларнинг унча аниқ бўлмаган суратлари мато тўқишда аралаштириб тўқилган бўлса, жоиз.
5. Жонсиз нарсаларнинг суратини солиш жоиз.
6. Болаларнинг ўйинчоқларига, айниқса, қизчаларнинг қўғирчоқларига рухсат бор. 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сунъий ҳомила пайдо қилиш
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар низомининг ҳар бири Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Юртимиздаги тўёналарнинг турлари ва ҳукмлари
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расм-русмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка айланган.Тўёна аслида шариъатимизда берилган ҳадя давоми...
7 йил аввал 6322 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тобеъ бўлишликнинг ва бидъатдан сақланишнинг вожиблиги
Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Унинг расули Муҳаммад пайғамбарга, у зотнинг оли асҳобларининг барчаларига салоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:Мусулмон  одамнинг Қуръон ва саҳиҳ Суннатда келган давоми...
7 йил аввал 7422 Алоуддин Хофий
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлариБилгилки, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўнг давлатни ҳидоятга эргашган давоми...
7 йил аввал 7218 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шайх Рамазон ал-Бутий ва бемазҳаблар ўртасидаги баҳс
Бу ерда бошқа ҳеч бир ақл-идрокли одамда учрамайдиган мутаассиблик (фанатизм) аломатларини учратасиз! Улар (бемазҳаблар) бизни мутаассибликда гумон қиладилар, чунки биз минг бир далилга асосланган ҳақиқатдан давоми...
7 йил аввал 17483 fiqh.uz