Қасамнинг каффорати


وَكَفَّارَتُهُ: عِتْقُ رَقَبَةٍ، أَوْ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ - كَمَا هِيَ فِي الظِّهَارِ - أَوْ كِسْوَتُهُمْ، لِكُلٍّ ثَوْبٌ يَسْتُرُ عَامَّةَ بَدَنِهِ، فَلَمْ تَجُزِ السَّرَاوِيلُ، فَإِنْ عَجَزَ عَنْهَا وَقْتَ الْأَدَاءِ، صَامَ ثَلَاثَةَ أَيَّامٍ وِلَاءً، وَلَمْ تَجُزْ بِلَا حِنْثٍ

وَمَنْ حَلَفَ عَلَى مَعْصِيَةٍ، كَعَدَمِ الْكَلَامِ مَعَ أَبَوَيْهِ، حَنِثَ وَكَفَّرَ. وَلَا كَفَّارَةَ فِي حَلِفِ كَافِرٍ وَإِنْ حَنِثَ مُسْلِمًا

وَمَنْ حَرَّمَ مِلْكَهُ لَا يَحْرُمُ عَلَيْهِ، وَإِنِ اسْتَبَاحَهُ كَفَّرَ. وَمَنْ نَذَرَ نَذْرًا مُطْلَقًا، أَوْ مُعَلَّقًا بِشَرْطٍ يُرِيدُهُ كـ: إِنْ قَدِمَ غَائِبِي، فَوُجِدَ وَفَى، وَبِمَا لَمْ يُرِدْهُ كـ: إِنْ زَنَيْتُ، وَفَى أَوْ كَفَّرَ، وَهُوَ الصَّحِيحُ

Унинг каффорати худди зиҳордаги каби қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш, ёхуд уларнинг ҳар бирига бутун баданини тўсадиган кийим беришдир. Шалворнинг ўзи кифоя қилмайди. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади. Қасамхўр бўлмай туриб, каффорат адо қилиш жоиз эмас.

Ким ота-онасига гапирмаслик каби маъсиятга қасам ичса қасамхўр бўлади ва каффорат адо этади.

Кофирнинг қасамида каффорат йўқ. Агар мусулмон ҳолида қасамхўр бўлса ҳам. Ким ўз мулкини ҳаром қилса, у унга ҳаром бўлмайди. Агар унинг мубоҳлигини ўзига раво кўрса, каффорат адо этади.

Ким мутлақ ёки ўзи ирода қилган шартга боғлаб, «Агар ғойиб кишим келса...» деганга ўхшаб назр қилса ва ўша нарса вужудга келса, вафо қилади. Агар ўзи ирода қилмаган нарсага боғлаб, «Агар зино қилсам...» деганга ўхшаб назр қилса, вафо қилади ёки каффорат беради. Ана ўша тўғридир. 

Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳ қилишга ўтайлик.

Унинг каффорати худди зиҳордаги каби қул озод қилиш ёки ўнта мискинни тўйдириш, ёхуд уларнинг ҳар бирига бутун баданини тўсадиган кийим беришдир. Шалворнинг ўзи кифоя қилмайди. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича.

Аллоҳ таоло Моида сурасида: 

 لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِن يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَن لَّمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلاَثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُواْ أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ۝ 

«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутадир. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом ёки кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб Ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз», деган (89-оят).

Қасамхўр бўлмай туриб, каффорат адо қилиш жоиз эмас.

Чунки каффоратдан мақсад жиноятни беркитишдир. Йўқ жиноятни беркитиб бўлмайди. 

وَلِمُسْلِمٍ: أَعْتَمَ رَجُلٌ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، ثُمَّ رَجَعَ إِلَى أَهْلِهِ، فَوَجَدَ الصِّبْيَةَ قَدْ نَامُوا، فَأَتَاهُ أَهْلُهُ بِطَعَامِهِ، فَحَلَفَ لَا يَأْكُلُ مِنْ أَجْلِ صِبْيَتِهِ، ثُمَّ بَدَا لَهُ، فَأَكَلَ، فَأَتَى رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ حَلَفَ عَلَى يَمِينٍ، فَرَأَى غَيْرَهَا خَيْرًا مِنْهَا، فَلْيَأْتِهَا، وَلْيُكَفِّرْ عَنْ يَمِينِهِ 

Муслимнинг ривоятида: 

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида қоронғи зулматгача ўтирди. Сўнг аҳлига қайтиб борса, кичик болалари ухлаб қолишган экан. Аҳли унга таом келтирди. У бўлса, кичик болалари туфайли таом емасликка қасам ичди. Кейин эса фикри ўзгариб, таомни еди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бўлиб ўтган нарсани зикр қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир нарса учун қасам ичса-ю, сўнгра ундан яхшироғини кўриб қолса, ўшани қилсин ва қасамига каффорат берсин», дедилар», дейилган.

Араб тилида «каффорат» сўзи бир нарсани яхшилаб, мутлақо кўринмайдиган қилиб тўсиб, беркитишга ишлатилади. 

Шариатда эса содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ёки бадан ибодатига «каффорат» дейилади.

Ичган қасамини бузишга мажбур бўлган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагича:

1. Бир қул озод қилиш.

Қасамини бузган кишига каффорат учун белгиланган жазо чораларидан Ислом дини бева-бечораларга, камбағал-мискинларга қанчалик эътибор билан қарагани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шунингдек, бу мукаммал ва оламшумул диннинг қулчиликка қарши бўлгани ва қулларни озод қилишга қаттиқ урингани ҳам кўриниб турибди. Исломда бу ишлар гуноҳларни ювадиган ибодат даражасига кўтарилгани эътиборга сазовордир. 

2. Ўнта мискинни тўйдириш.

Мискинларни тўйдиришдаги мазкур ўлчов каффорат берувчи ўз аҳлига берадиган бир кунлик ўртача таом миқдоридир. Агар каффорат адо этиши лозим бўган шахс ўнта мискинга таом беришни хоҳламаса, учинчи хил каффоратни адо этиши ҳам мумкин.

3. Ўнта мискинга бутун баданини тўсадиган бир сидра кийим бериш.

Кийим ҳам ўша вақтнинг, жойнинг ва қавмнинг ўртача кийими бўлади. 

Оғзига кучи етмайдиган, ўзига эътибор қаратиш ва бир ишни қилиш ёки қилмаслигини таъкидлаш мақсадида Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб, сўнгра ўз қасамига содиқ қола билмаган одам аслида Аллоҳга нисбатан катта беодоблик қилган бўлади. Бу ишнинг жазосига бошқачароқ чора ҳам белгилаш мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло айнан фақир, мискин ва қулларга меҳр кўрсатиб, уларнинг фойдасини кўзловчи чораларни белгилаган.

Қасамини бузадиганларнинг ҳаммаси ҳам ўнта мискинни тўйдириш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилиш имконига эга бўлавермайди. Уларнинг ичларида камбағаллари ҳам бўлиши турган гап. Ана шундай имкони йўқ қасамхўрларга ўзига хос жазо чораси белгиланган:

4. Агар уларни адо этиш пайтида ожиз бўлса, кетма-кет уч кун рўза тутади.

Демак, қасамини бузган одам каффоратни адо қилиш учун ўнта мискинни таомлантириш ёки шунча ададдаги мискинга кийим-бош олиб бериш, ёхуд бир қул озод қилишга молиявий имкони йўқ бўлса, уч кун рўза тутиб, каффоратни адо этиши вожиб бўлади. 

Аввалги уч жазо чорасининг ичидан бирини танлаш ихтиёрийдир, лекин тўртинчи жазо чорасини адо этишга фақатгина мазкур уч чорани адо этишга имкони йўқ кишиларгина муяссар бўладилар.

Шариатимизда қасамини бузган кишилар учун каффорат адо этишни жорий қилишда аввал зикр қилинган фойдалардан ташқари, тарбиявий омил ҳам бор. Қасамини бузган одамга каффорат адо этишни вожиб қилишда уни ўзига келтириш ва ваъз-насиҳат омили бор. Бир марта каффорат адо этишга мажбур бўлган инсон бундан кейин ҳар бир гапини яхшилаб ўйлаб гапирадиган ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўзига бир назар соладиган бўлади. Унинг ҳолини кўрган бошқа кишилар ҳам ибрат олиб, гапларини ўйлаб гапирадиган бўлишади.

Ким ота-онасига гапирмаслик каби маъсиятга қасам ичса, қасамхўр бўлади ва каффорат адо этади.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга тоат қилишга қасам ичган бўлса, тоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишга қасам ичган бўлса, осий бўлмасин», деганлар.

Кофирнинг қасамида каффорат йўқ. Агар мусулмон ҳолида қасамхўр бўлса ҳам. 

Кофир ҳолида қасам ичган бўса-ю, мусулмон бўлгандан кейин ўша қасамини бузса, каффорат тўламайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Дафндаги баъзи макруҳ ишлар
Жаноза ёки дафнни кўпчилик қатнашсин деб кечиктириш ёки жума намозидан кейинга қолдириш. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитни тезроқ элтинг”, деганлар. Лекин дафн ишлари билан банд бўлиб, давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Узоқ муддатли қарзлар
Савол: Закот беришда узоқ муддатли қарзлар ҳам чиқариб юбориладими? Масалан: Беш йилда узиш шарти билан йигирма миллион қарз олиб, уй сотиб олса ва қўлида ўн-ўн беш миллион пули бўлса, у кишига закот вожиб давоми...
7 йил аввал 5775 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни кафолатлаш ва уларнинг турлари
Насия савдосида ҳам савдо тугал бўлади ва харидор зиммасига баҳо қарз бўлади. Шунинг учун сотувчи харидордан қарзни кафолатлашини сўраши ёки муайян вақтда қарзни адо қилишига бирор кафил бўладиган одамни ёки давоми...
7 йил аввал 6990 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни кечиктирганлиги учун молиявий жазо
Баъзи вақтларда харидор тақсит савдосида келишилинган бўлакларни кечиктириши мумкин. Шунинг учун тақсит савдоси орқали нарса сотиб олмоқчи бўлган киши, бор имкониятларини сарҳисоб қилиб, кейин бу савдога қўл уриши давоми...
7 йил аввал 7333 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қарзни нотўғри ишлатиш
Савол: Мен бир дўстимга қарз берган эдим, яқинда маълум бўлиб қолдики, дўстим ўша маблағни нопок ишларга сарфлаётган экан. Унинг гуноҳларига мен ҳам шерик бўлиб қолмадимми? Умуман, қарз бераётганда унинг давоми...
7 йил аввал 6851 fiqh.uz