Никоҳ тўйи


Никоҳни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй қилиш шариатда тавсия қилинган амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оналаримизга уйланганларида, ўша вақтнинг шароитидан келиб чиқиб, ўзлари оддий ва содда тўйлар қилганликлари маълум ва машҳур.

 عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَقَامَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بَيْنَ خَيْبَرَ وَالْمَدِينَةِ ثَلَاثًا يُبْنَى عَلَيْهِ بِصَفِيَّةَ بِنْتِ حُيَيٍّ، فَدَعَوْتُ الْمُسْلِمِينَ إِلَى وَلِيمَةٍ، فَمَا كَانَ فِيهَا مِنْ خُبْزٍ وَلَا لَحْمٍ، أَمَرَ بِالْأَنْطَاعِ فَأُلْقِيَ فِيهَا مِنَ التَّمْرِ وَالْأَقِطِ وَالسَّمْنِ، فَكَانَتْ وَلِيمَتَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинту Ҳуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан Мадинага қайтаётиб, София онамизга уйланишлари муносабати билан кишиларга валийма берганлар. Бу зиёфат, ривоятда зикр қилинганидек, содда ва оддий бўлган. Нон ва гўшт умуман бўлмаган. Ўша давр камбағалларининг кундалик таомлари – хурмо, қурт ва сариёғ теридан қилинган дастурхон устига ташлаб қўйилган, валиймага келган кишилар ана шулардан тановул қилганлар.

وَعَنْهُ قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم أَوْلَمَ عَلَى أَحَدٍ مِنْ نِسَائِهِ مَا أَوْلَمَ عَلَى زَيْنَبَ، أَوْلَمَ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилганларини кўрмаганман. Унга бир қўй ила валийма қилдилар».
Учовлари ривоят қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақтларида, имкони бўлиб қолиб, бир қўй сўйиб тўй қилган эканлар. Бу тўй у зотнинг энг катта тўйлари ҳисобланганлиги ривоятда қайд қилинмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигаргўшалари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан тўйлари қуйидагича бўлган эди.
Тўй кечаси бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам куёв бўлмиш Али ибн Абу Толибга:
«Эй Али, келинга бир тўй ҳам қилмоқ керак», – дедилар.
Шунда Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу:
«Менда бир қўчқор бор!» – деди.
Ансорийлардан бир гуруҳи бир неча соъ жўхори жамлаб келишди. Ана ўша нарсалардан тўй зиёфати уюштирилди.
Зиёфатдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толибга:
«Менга учрамагунча бир нарса қилмай тур», – дедилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳо турган жойга бордилар-да у кишига:
«Менга сув келтир», – дедилар.
Келинликка тайёрланиб олган Фотима розияллоҳу анҳо бир идишда сув келтирдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у сувдан Фотима розияллоҳу анҳонинг кўксиларига ва бошларига сепдилар-да:
«Аллоҳим, мен Сендан бунга ва бунинг зурриётларига қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», – дедилар.
Сўнгра у зот яна сув келтиришни талаб қилдилар. Бу сафар Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бориб, ҳалиги идишда сув келтирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам худди Фотима розияллоҳу анҳога қилган ишларни ва дуоларни қилдилар ва:
«Аллоҳим, икковларига барака бергин, икковларининг устиларидан барака нозил қилгин ва икковларининг зурриётларини баракали қилгин», – дедилар.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки муаввизатайнни тиловат қилдилар ва:
«Ўз аҳлинг олдига Аллоҳнинг исми ва баракаси ила киравер», – дедилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қариндошлари бу ҳодисани катта хурсандчилик ва маросим билан нишонладилар. Ҳатто куёвнинг амакиси Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу иккита жонлиқ сўйиб, мадиналикларга зиёфат ҳам берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга тўй қилиш тавсиялари ҳақидаги энг машҳур ривоят «Абдурроҳман ибн Авфнинг ҳадиси» номи ила машҳур. Унда қуйидагилар айтилади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَأَى عَلَى عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ عَوْفٍ أَثَرَ صُفْرَةٍ، فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالَ: يَا رَسُولَ الله، إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً عَلَى وَزْنِ نَوَاةٍ مِنْ ذَهَبٍ، قَالَ: بَارَكَ اللهُ لَكَ، أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқ (ранг) асарини кўриб:
«Бу нима?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло (маҳр бериб) уйландим», деди у.
«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда куёвлик белгиси бўлган сариқ ранг аломатини кўриб, нима учун ясанганларини сўрадилар. У киши бир аёлга уйланганлари, маҳрга бир данак вазнида тилла берганларини хабар қилдилар. Бу миқдордаги тилла чорак динор, яъни беш дирҳам кумуш пулга тенг келар эди. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу тўй қилмай, уйланганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қил», – дедилар.
Ушбу зикр қилинган ва бошқа зикр қилинмаган далиллар эътиборидан, уламолар жумҳури: «Никоҳ тўйи қилиш мустаҳабдир», деганлар. Шофеъий мазҳабидаги баъзи уламолар бу ишни «вожиб», деганлар.
Никоҳ тўйининг шариатга киритилишининг бир неча ҳикматлари бор:
1. Никоҳ тўйи одамлар орасида никоҳни эълон қилишдир.
Одатда совчилик ва қудачиликдан кўпчилик хабардор бўлмайди. Ақди никоҳ маросимида эса бир неча кишиларгина иштирок этадилар. Одамлар келин-куёвни бирга кўрганларида ҳар хил фикрга бормасликлари, «булар нимага бирга юрибди экан?» демасликлари учун никоҳ тўй орқали эълон қилинади.
2. Никоҳ тўйи қилишда келин-куёв ва уларнинг яқинлари қалбига қувонч бағишлаш бордир.
3. Никоҳ тўйи туфайли кишилар орасидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг орасидаги биродарлик мустаҳкамланади, меҳр ва мурувват зиёда бўлади.
4. Никоҳ тўйи орқали мусулмонлар орасидаги ижтимоий тенглик йўлга қўйилади. Тўйга камбағалларни таклиф қилишга алоҳида эътибор берилади.

وَكَانَ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُدْعَى لَهَا الْأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الْفُقَرَاءُ. وَمَنْ تَرَكَ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», – дер эдилар.
Учовлари ривоят қилганлар.
Исломда валиймалардан, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад, ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам муҳтож камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб: «Менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам ундай валийманинг таомини «энг ёмон таом» дейилмоқда. Демак, валийма қилувчи киши кимларни чақиришни ҳам билиши керак. Зиёфат дастурхонига камбағал, бева-бечораларни кўпроқ даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушган бўлади.
5. Никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чорлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмонлар жамоасининг янги оила ва келин-куёв ҳаққига дуоларидан умидворликдир.

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Сунъий ҳомила пайдо қилиш
Бутун борлиқни ва ундаги мавжудотларни яратган холиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва Таоло уларнинг борлиқдаги мавжудлигини турли сабабларга боғлаб қўйган. Ушбу сабаблар низомининг ҳар бири Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Юртимиздаги тўёналарнинг турлари ва ҳукмлари
Ҳозирги кунда жамиятимизда турли хил расм-русмлар қаердадир кенг, қаердадир тор доираларда тарқалди. Улардан бири тўёнадир. Бу ҳам хозирга кунда расмиятчиликка айланган.Тўёна аслида шариъатимизда берилган ҳадя давоми...
7 йил аввал 6289 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тобеъ бўлишликнинг ва бидъатдан сақланишнинг вожиблиги
Оламларнинг Робби бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Унинг расули Муҳаммад пайғамбарга, у зотнинг оли асҳобларининг барчаларига салоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:Мусулмон  одамнинг Қуръон ва саҳиҳ Суннатда келган давоми...
7 йил аввал 7363 Алоуддин Хофий
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби
Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлариБилгилки, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўнг давлатни ҳидоятга эргашган давоми...
7 йил аввал 7179 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Шайх Рамазон ал-Бутий ва бемазҳаблар ўртасидаги баҳс
Бу ерда бошқа ҳеч бир ақл-идрокли одамда учрамайдиган мутаассиблик (фанатизм) аломатларини учратасиз! Улар (бемазҳаблар) бизни мутаассибликда гумон қиладилар, чунки биз минг бир далилга асосланган ҳақиқатдан давоми...
7 йил аввал 17414 fiqh.uz