Рукуъга бораётганда ва қайтаётганда қўлни кўтариш


Бу масала ҳам кўплаб тортишувларга сабаб бўлгани ҳаммамизга маълум. Авваллари ҳамма ҳанафий мазҳабига амал қилар ва ҳеч ким намозда уни бошлаш пайтидаги такбири таҳримадан бошқа ўринларда икки қўлини кўтармас эди. Ҳамма намозхонлар тинчгина, қўлдан келганича ўз намозларини адо этиб юрар эдилар.

Кейинчалик эса, аввал айтиб ўтганимиздек, фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қилувчилар пайдо бўлди. Улар намозда рукуъга кетишдан олдин ва ундан қайтаётганда икки қўлни кўтармаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф эканлиги ҳақида баҳс юрита бошладилар ва ўз фикрларининг далили сифатида ҳадиси шарифлардан ҳужжатлар келтиришга киришдилар. Улар ўзларини худди бутун Ислом оламининг минг йиллик хатосини топгандек, ҳанафий мазҳабига эргашиб, хатода юрган юз миллионлаб гумроҳларни Қуръон ва Суннат йўлига солаётган қаҳрамондек тутар, бировнинг насиҳатини эшитишни ҳам хоҳламас эдилар. Бунга қўшилмаганларни, қарши чиққанларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айблар эдилар. Аммо мазкур иш Қуръон ва Суннатга тўғри келадими, йўқми, ўйлаб ҳам кўрмас эдилар.
Аслида эса ушбу масалани кўтарганларимиз эски ихтилофни қўзғаб, бир минг уч юз йиллик ярани қайта тирнаб қонатаётган эдилар. Намозда рукуъга кетаётганда ва ундан қайтаётганда қўл кўтариш масаласини ҳижрий бир юз эллигинчи санада туғилган имом Шофеъий ва у зотнинг ҳамасрлари имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим ҳам кўтарган эдилар. Худди бизнинг шоввозларимиз далил қилиб келтираётган ва яна улар билмаган ҳадис ва ривоятларни ана шу буюк мужтаҳидларимиз ўша пайтдаёқ келтирган эдилар. Орадаги фарқ шуки, ўтган салафи солиҳларимиз ҳозиргиларга ўхшаб ўз фикрларига қўшилмаганларни Қуръон ва Суннатга қарши чиқишда айбламаган эдилар, балки ўз мухолифларини ҳам Қуръон ва Суннатга ўзига хос ижтиҳод йўли билан амал қилувчи дин қардошлари сифатида эҳтиром қилишарди. Агар бизда бирозгина илм бўлганида, бундай ихтилофлар келиб чиқмас эди. Минг афсуслар бўлсинким, бизда на илм ва на илмсизлигимизни тан олишимиз учун инсоф бор эди.
Келинг, илмсизлигимизга барҳам бериш ва хато яна такрорланмаслиги умидида ушбу масалани илмий йўл билан яна бир бор кўриб чиқайлик.

«НАМОЗДА РУКУЪГА БОРГАНДА ВА ҚАЙТГАНДА ИККИ ҚЎЛНИ КЎТАРИШ КЕРАК», ДЕГАНЛАРНИНГ ДАЛИЛ ВА МУНОҚАШАЛАРИ

Бу ҳукмга амал қилишга даъват этганлар рўйхатининг бошида тўрт машҳур ва маъруф фиқҳий мазҳабларимиздан иккитаси – шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари туради. Улар ўзларининг бу ҳукмларига бир неча ҳадиси шарифларни далил қилиб келтирадилар:
Биринчи далил: 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ، وَإِذَا كَبَّرَ لِلرُّكُوعِ، وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ الرُّكُوعِ، رَفَعَهُمَا كَذَلِكَ أَيْضًا، وَقَالَ: «سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ، رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ»، وَكَانَ لَا يَفْعَلُ ذَلِكَ فِي السُّجُودِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ 

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаганларида икки қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Рукуъга такбир айтганларида ҳам ва рукуъдан бошларини кўтарганларида ҳам уларни яна худди ўшандай кўтариб: «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана ва лакал-ҳамд», дер эдилар. Буни саждада қилмас эдилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Мазкур саҳиҳ ҳадисдан намозда рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экани очиқ-ойдин кўриниб турибди, дейишади Шофеъий ва Ҳанбалий ҳамда уларнинг тарафдорлари.
Иккинчи далил: 

عَنْ نَافِعٍ: أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا كَانَ إِذَا رَأَى رَجُلًا لَا يَرْفَعُ يَدَيْهِ إِذَا رَكَعَ، وَإِذَا رَفَعَ رَمَاهُ بِالْحَصَى. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي قُرَّةِ الْعَيْنَيْنِ

Нофеъ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлини кўтармаган одамни кўрса, унга тош отар эди».
Имом Бухорий «Қурротул ъайнайн»да ривоят қилган.
Бу ривоят ҳам юқоридаги маънони таъкидлаб келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари амал қилибгина қолмай, ўзгаларнинг ҳам мазкур ҳукмга бўйсунишларига ҳаракат этганлари яққол кўриниб турибди, дейдилар Шофеъий ва Ҳанбалий ҳамда уларнинг тарафдорлари.
Ҳанафий уламолар: «Дарҳақиқат, сизлар келтирган ривоятлар бор ва кучли эканини биз ҳам яхши биламиз, лекин биз ушбу ҳадис ва ривоятларга амал қилишдан олдин бошқа ҳадис ва ривоятларни ҳам чуқурроқ ўрганиб чиқиб, бошқача қарорга келдик. Келинг, аввало Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини муноқаша қилайлик», дейдилар. 

عَنْ مُجَاهِدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّيْتُ خَلْفَ ابْنِ عُمَرَ فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ إِلَّا فِي التَّكْبِيرَةِ الْأُولَى مِنَ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ وَالْبَيْهَقِيُّ 

Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У намоздаги биринчи такбирдан бошқа ўринда икки қўлини ҳеч кўтармас эди».
Таҳовий, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривоят қилишган.
Олдинги икки ривоят ва биз келтирган учинчи ривоятни қўшиб ўргансак, рукуъга борганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтариш ҳукми насх бўлгани аён бўлади. Яъни бу ҳукмга маълум муддат амал қилинган-у, сўнгра амалдан қолган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўл кўтарганларини кўрганлар, ўзлари бу ишга амал қилганлар ва бошқаларни ҳам амал қилишга чорлаганлар. Кейинчалик, бу амал насх бўлганидан кейин, унга амал қилишни тўхтатганлар.
Сиз ҳам, ҳурматли Шофеъий, Ҳанбалий ҳамда ушбу масалада улар билан ҳамфикр бўлганлар ҳам, биз, яъни ҳанафийлар ҳам ўзи қилган ривоятга зид амал қилган саҳобийнинг ривоятини эмас, амалини қабул қилишга иттифоқ қилганмиз. Чунки насх бўлмаса, саҳобийлар ўзлари ривоят қилган ҳукмга хилоф амал қилмайдилар. Хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳар бир каттаю кичик нарсада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аниқ эргашувчи ягона саҳобий бўлганлар. У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оид, эргашиш зарур ҳисобланмаган ишларни ҳам ниҳоятда аниқлик билан қилиб юрганлари маълум ва машҳур. Шундай одам, агар насх собит бўлмаса, ўзлари ривоят қилган ҳадисга хилоф иш тутиб, рукуъга боришда ва ундан қайтишда икки қўлни кўтаришни тарк қилмас эдилар.
Учинчи далил:
Имом Абу Довуд, имом Термизий, имом Насаий ҳамда имом Ибн Можалар ўз «Сунан»ларида, имом Бухорий «Рафуълядайни фиссолати» деган рисолаларида ва имом Таҳовий «Мушкилул Осор»да Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда шундай дейилган: 

عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ الله صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم؛ أَنَّهُ كَانَ إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ الْمَكْتُوبَةِ، كَبَّرَ وَرَفَعَ يَدَيْهِ حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ، وَيَصْنَعُ مِثْلَ ذَلِكَ إِذَا قَضَى قِرَاءَتَهُ، وَأَرَادَ أَنْ يَرْكَعَ، وَيَصْنَعُهُ إِذَا رَفَعَ مِنَ الرُّكُوعِ، وَلَا يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي شَيْءٍ مِنْ صَلَاتِهِ، وَهُوَ قَاعِدٌ، وَإِذَا قَامَ مِنَ السَّجْدَتَيْنِ رَفَعَ يَدَيْهِ كَذَلِكَ، وَكَبَّرَ 

Яъни:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозга турсалар, такбир айтиб, икки қўлларини елкалари баробар кўтарар эдилар. Худди шу ишни қироатларини тамом қилиб, рукуъга боришни ирода қилсалар ҳам, рукуъдан бош кўтарсалар ҳам қилар эдилар. Ул зот намозда ўтирган ҳолларида ҳеч қўлларини кўтармас эдилар. Икки марта сажда қилиб, турмоқчи бўлсалар ҳам, икки қўлларини кўтариб, такбир айтар эдилар».
Шофеъий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу далилларига жавоб қуйидагича:
Ушбу ривоят собит эканини яхши биламиз. Лекин ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг айнан ўзларидан бунинг акси содир бўлгани ҳақида ривоят бор. Ана шу ривоятни ҳам эътиборга олиб туриб, (якуний) ҳукм чиқарилса, жуда ҳам яхши бўлар эди. 

عَنْ عَاصِمِ بْنِ كُلَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ؛ أَنَّ عَلِيًّا رَضِي اللهُ عَنْه،كَانَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ تَكْبِيرَةٍ مِنَ الصَّلَاةِ، ثُمَّ لَا يَرْفَعُ بَعْدُ. رَوَاهُ الطَحَاوِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ 

Осим ибн Кулайб отасидан ривоят қилади:
«Али розияллоҳу анҳу икки қўлини намознинг биринчи такбирида кўтарар эди, холос. Кейин кўтармас эди».
Таҳовий ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишган. 

عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ قَالَ: كَانَ أَصْحَابُ عَبْدِ اللهِ وَأَصْحَابُ عَلِيٍّ، لَا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ إِلَّا فِي افْتِتَاحِ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ أَبُو بَكْرِ ابْنِ أَبِي شَيْبَةَ 

Абу Исҳоқдан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ (Ибн Масъуд) ва Алининг асҳоблари икки қўлларини фақат намознинг бошида кўтарар эдилар, холос».
Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Бу ҳам рукуъга кетишдан олдин ва ундан кейин икки қўлни кўтаришга маълум муддат амал қилингани ва кейин насх бўлганини кўрсатади. Акс ҳолда ҳазрати Алидек улкан саҳобий ўзлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисга хилоф ишни асло қилмаган бўлар эдилар. Шу билан бирга, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ўз шогирдлари бўлмиш кичик саҳобийлар ва тобеъинларни ҳам рукуъга кетганда ва ундан қайтганда икки қўлни кўтармасликка ўргатган эканлар. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмас.
Шофеъий, Ҳанбалий ҳамда уларнинг ҳамфикрлари ўзларининг ижтиҳодларига далил қилиб келтирган ҳадис аслида уларнинг зиддига катта ҳужжатдир. Чунки улар рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўлни кўтариш суннат амал эканини таъкидлашади-ю, аммо саждадан турганда қўлни кўтариш ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, ҳадисда бу учала ҳолат ҳам зикр қилинган. Ўз-ўзидан «Нима учун бир ҳадиснинг маълум бўлагига амал қиласизлар-у, бошқа бўлагига амал қилмайсизлар?» деган ҳақли савол пайдо бўлади.
Сажда қилиб бўлиб, тураётганда ва яна баъзи ҳолатларда икки қўлнинг кўтарилиши ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам зикр қилинган. Мана шунинг ўзи аввал намозда такбираи эҳромдан (такбири таҳримадан) бошқа ўринларда ҳам қўл кўтариш бўлиб, кейинчалик насх қилинганига далолатдир. Бу ҳақиқатни ҳанафийлар тўлиқлигича олганлари, шофеъийлар ва ҳанбалийлар эса бир қисмини қабул қилиб, рукуъга кетиш ва ундан қайтишга тегишли жойини қабул қилмаганлари маълум бўлади.
Ҳанафийлар мухолифларнинг ҳар бир далилига худди шу қабилда раддия қиладилар. Биз намуна учун келтирилган мисоллар билан кифояланиб, энди бу масаланинг қадимда қандай муҳокама қилингани ҳақидаги икки ривоятни ўрганиб чиқайлик: 

عَنِ الْمُغِيرَةَ، قَالَ: قُلْتُ لِإِبْرَاهِيمَ: حَدِيثُ وَائِلٍ أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَرْفَعُ يَدَيْهِ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ، وَإِذَا رَكَعَ، وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ الرُّكُوعِ. فَقَالَ: إِنْ كَانَ وَائِلٌ رَآهُ مَرَّةً، فَقَدْ رَآهُ عَبْدُ اللهِ خَمْسِينَ مَرَّةً لَا يَفْعَلُ ذَلِكَ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Иброҳимга: «Воилнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз бошласалар, рукуъ қилсалар ва рукуъдан бошларини кўтарсалар, икки қўлларини кўтарганларини кўрдим», деган ҳадисига нима дейсиз?» дедим». У киши: «Агар Воил у зотнинг ундай қилганларини бир марта кўрган бўлса, Абдуллоҳ ундай қилмаганларини эллик марта кўрган», деди».
Таҳовий ривоят қилган.
Кўриниб турибдики, «Рукуъга кетаётиб ва ундан қайтаётиб, икки қўл кўтарилади», деганлар Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини далил қилганлар. Буюк тобеъинлардан Иброҳим Нахаъий розияллоҳу анҳуга бу гап айтилганда, у киши раддия сифатида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳадисларини мисол келтирганлар ва қайси бир ҳадис қабул қилишга лойиқроқ эканини тасдиқлаш мақсадида уларнинг ровийларининг ҳолларини зикр қилиб ўтганлар. Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу иймонга келганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида фақатгина бир ҳафта туриб, намоз ўқишни ўрганганлари ва қайтиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қайтиб кўрмаганлари машҳур. Бунинг устига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига таълим учун алоҳида муомала қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтармаганлари ҳақидаги ривоятнинг соҳиби Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу эса энг биринчи иймонга келган саҳобалардан бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у зотнинг умрларининг охиригача ажралмаган улкан саҳобийлардан биридирлар. Албатта, у киши Воил розияллоҳу анҳуга қараганда кўп нарсани билишлари турган гап.
Иккинчи мисол:
Имом Ҳорисий ўзларининг «Муснад» номли китобларида Суфён ибн Уяйна розияллоҳу анҳудан имом Абу Ҳанифа билан имом Авзоъий ораларида бўлиб ўтган қуйидаги мунозарани келтирадилар:
«Абу Ҳанифа билан Авзоъий Маккадаги буғдой растасида кўришиб қолишди. Шунда Авзоъий Абу Ҳанифага:
– Сизларга нима бўлди, намозда рукуъга борганда ва ундан бош кўтарганда қўлларингизни кўтармайсизлар? – деди. Абу Ҳанифа эса:
– Чунки бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирорта саҳиҳ нарса бўлмади, – деди.
– Қандай қилиб саҳиҳ нарса бўлмасин? Ахир менга Зуҳрий Солимдан, у отасидан, у эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилишича, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлаш чоғларида, рукуъга кетишда ва ундан қайтишда икки қўлларини кўтарар эканлар! – деди Авзоъий. Шунда Абу Ҳанифа:
– Бизга Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ва Асваддан, улар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни бошлашдан бошқада икки қўлларини кўтармас эканлар, – деди.
– Мен сенга Зуҳрийдан, Солимдан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилсам, сен менга «Ҳаммод Иброҳимдан ҳадис айтди», дейсан-а?! – деди Авзоъий. Абу Ҳанифа унинг бу гапига:
– Ҳаммод Зуҳрийдан кўра фақиҳроқ эди. Иброҳим эса Солимдан кўра фақиҳроқ эди. Агар Ибн Умар саҳобийлик фазлига эга бўлса ҳам, фиқҳда Алқама ундан кам эмас. Асваднинг фазли жуда ҳам кўп. Абдуллоҳ ибн Масъуднинг фиқҳда ва қироатда фазли кўп. Унинг саҳобийлик ҳаққи бор. Кичиклигидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлган. У Абдуллоҳ ибн Умардан афзал», – деб жавоб берди. Шунда Авзоъий жим қолди».
Демак, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ҳам, у кишининг издошлари ҳам шаръий ҳукмларни ҳаводан эмас, Қуръон ва Суннатдан олган эканлар. Бошқалардан кўра чуқурроқ илмий изланишда бўлган эканлар. У киши ҳатто бошқа мазҳаб мужтаҳидлари мулоҳаза қилмаган нозик томонларни ҳам мулоҳаза қилган эканлар. 

ҲАНАФИЙЛАРНИНГ ДАЛИЛЛАРИ 

Ҳанафий мазҳаби уламолари мазкур масала бўйича мухолиф томонларнинг далилларини муҳокама қилиб, уларга раддия берибгина қолмай, ўз ҳукмларини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар ҳам келтирганлар. Қуйида эътиборингизга улар келтирган далиллардан қисман ҳавола қиламиз:
Биринчи далил: 

عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ الله صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: «مَا لِي أَرَاكُمْ رَافِعِي أَيْدِيكُمْ، كَأَنَّهَا أَذْنَابُ خَيْلٍ شُمْسٍ، اسْكُنُوا فِي الصَّلَاةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга чиқиб: «Нима учун мен сизларнинг қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокинлик билан туринглар!» дедилар».
Имом Муслим ривоят қилган.
Маълумки, намоз янги фарз бўлган пайтда ҳозирги каби тўлиқ бўлмаган. Баъзи ҳолатларда ҳар хил майда овоз чиқариш ёки ҳаракатлар ҳам бўлиб турган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ишларни қилган одамларга аста-секин тарбия бериб, хатоларини тузатиб борганлар. Бу маънода ҳадис китобларимизда бир қанча ривоятлар келган. Ушбу биз таҳлил қилаётган масала – рукуъга кетишда ва ундан қайтишда қўлни кўтариш масаласи ҳам аввалда бор бўлиб, кейин мансух қилинганлигини мана шу ҳадисдан билиб олсак бўлади. Бу ҳукмнинг мансух бўлгани ва амалдан қолганидан бехабар баъзи саҳобийларнинг рукуъга борганда ва ундан қайтганда худди аввалгидек, қўлларини кўтариб намоз ўқиётганларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан кўриб турганлар. Кейин ташқарига чиқиб, уларга мазкур ҳадисда келтирилган гапларни айтганлар.
Иккинчи далил:

عَنْ عَلْقَمَةَ قَالَ: قَالَ عَبْدُ اللهِ بْنُ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَلَا أُصَلِّي بِكُمْ صَلَاةَ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَصَلَّى، فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ إِلَّا فِي أَوَّلِ مَرَّةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ 

Алқамадан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?» деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади».
Имом Термизий ривоят қилган.
Ўз-ўзидан маълумки, кишиларни огоҳлантириб қўйиб қилинган бунга ўхшаш ишлар ўта аниқлик билан адо этилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ким эканликлари хам барчамизга маълум. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у зотнинг набийлик даврларида ҳар доим бирга юрган улкан илм соҳиби ва кўплаб ҳадисларни ривоят қилган саҳобийдир.
Худди шу маънодаги ҳадисни имом Насаий ҳам ривоят қилганлар.
Учинчи далил:

عَنِ الْأَسْوَدِ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: رَأَيْتُ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِي اللهُ عَنْه، يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي أَوَّلِ تَكْبِيرَةٍ، ثُمَّ لَا يَعُودُ. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ 

Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаганини кўрдим».
Имом Таҳовий ривоят қилган.
Тўртинчи далил:

عَنِ الْأَسْوَدِ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ عُمَرَ، فَلَمْ يَرْفَعْ يَدَيْهِ فِي شَيْءٍ مِنْ صَلَاتِهِ إِلَّا حِينَ افْتَتَحَ الصَّلَاةَ، قَالَ عَبْدُ الْمَلِكِ: وَرَأَيْتُ الشَّعْبِيَّ، وَإِبْرَاهِيمَ، وَأَبَا إِسْحَاقَ لَا يَرْفَعُونَ أَيْدِيَهُمْ إِلَّا حِينَ يَفْتَتِحُونَ الصَّلَاةَ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَةَ 

Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар билан намоз ўқидим. У намозда бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Абдулмалик: «Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқнинг ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим», деди».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Бешинчи далил:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: صَلَّيْتُ خَلْفَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، وَأَبِي بَكْرٍ، وَعُمَرَ، فَلَمْ يَرْفَعُوا أَيْدِيَهُمْ إِلَّا عِنْدَ افْتِتَاحِ الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарнинг орқаларида намоз ўқидим. Улар намозни бошлашдаги қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармадилар».
Имом Байҳақий ривоят қилган.
Олтинчи далил: 

عَنْ أَبِي بَكْرِ بْنِ عَيَّاشٍ قَالَ: مَا رَأَيْتُ فَقِيهًا قَطُّ يَفْعَلُهُ، يَرْفَعُ يَدَيْهِ فِي غَيْرِ التَّكْبِيرَةِ الْأُولَى. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ 

Абу Бакр ибн Айёшдан ривоят қилинади:
«Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим».
Имом Таҳовий ривоят қилган.
Еттинчи далил:
Намоз ҳамманинг кўз ўнгида, ҳар куни беш марта адо этиладиган, эътиборли ва улкан ибодат. Айниқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир намозларини йиллар давомида кўпчилик ниҳоятда диққат билан кузатиб, ўрганиб келган. Ана шундай нарсага тегишли, «Рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариладими, йўқми?» деган масалада ҳар хил гап айтилишининг ўзи бу иш ҳақида шубҳа туғдиради. Бу эса ҳанафийларнинг иши тўғри эканини кўрсатади.
Саккизинчи далил:
Ҳанафийлар рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш ҳақида келган ривоятларнинг кўплигини, саҳиҳлигини, баъзи гапларга қараганда, саҳобаи киромларнинг элликталаридан ривоят қилинганлигини яхши биладилар. Аммо, шундай бўлса ҳам, насх ворид бўлиши мумкинлигини таъкидлайдилар. Чунки насх ривоятнинг кучли ва кучсизлигига ёки кўп ва озлигига қараб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Ҳадис ҳар қанча кучли бўлса ҳам, оятнинг кучига ета олмайди. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг ҳам баъзи оятлари мансух бўлгани маълум ва машҳур.
Тўққизинчи далил:
Ушбу муноқаша қилинаётган масалада бир ақлий далил келтириш учун ҳанафий мазҳаби уламолари насх ҳақидаги даъволаридан вақтинча воз кечадилар. Айтайлик, насх ворид бўлмади, дейдилар улар. Ундай пайтда умумий қоидага биноан, бир ҳукм ҳақидаги ҳадислар қарама-қарши бўлиб қолса, саҳобалар нимага амал қилган бўлсалар, ўша олинади. Агар саҳобаларнинг амаллари ҳам қарама-қарши бўлиб қолса, қиёсга қайтилади. Ушбу масалада ҳам қиёсга қайтиладиган бўлса, аслида намозда сукунат, ортиқча ҳаракат қилмаслик таъкидланади. Намознинг ичида қўл кўтариш ортиқча ҳаракатдир. Такбири таҳримадаги қўл кўтариш намоз ичидаги эмас, унинг бошланишидаги кўтаришдир.
Шу ерга келганда, муҳтарам ўқувчидан далиллар келтиришга якун ясаш учун изн сўраймиз. Агар қолган далилларни ҳам келтирадиган бўлсак, гап чўзилиб кетади. Ўзи шундоқ ҳам чўзилиб кетган гапни яна ҳам чўзиб юрмай, хулосага ўтиб қўя қолганимиз маъқулдир. 

ХУЛОСА 

Кўриб турибмизки, барча фиқҳий масалаларда, жумладан, «омин» масаласи, рукуъга борганда ва ундан қайтганда қўл кўтариш каби баҳсларда мухолифларнинг «Ҳанафий мазҳабидагилар ҳадисга амал қилмайдилар», деган иддаолари мутлақо ёлғон ва ботил даъводир. Аксинча, ҳанафийларнинг ҳадисларни бошқалардан кўра чуқурроқ ва аниқроқ таҳлил қилиб, энг тўғрисига амал қилишларини ўзимиз илмий равишда ўрганиб чиқдик. Шу билан бирга, ҳанафийлар бошқа мазҳаб атбоъларига ўхшаб, ўзга мазҳабдагиларнинг фикрларини ҳам ҳурмат қилиб келганлар.
Ҳозирги давримизда ҳам шофеъийлар ва ҳанбалийлар қўл кўтариб, ҳанафийлар ва моликийлар қўл кўтармай, тинчгина намозларини ўқиб келишар эди. Ичимиздан бир неча оятни чала ёдлаб олган ва уч-тўрт ҳадиснинг таржимасини ўрганиб олганларимиз чиқиб, мазҳаббоши мужтаҳидларимизга тош ота бошлашди. Мусулмонлар оммаси ўз ибодатларини адо қилишда Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда айбланди. Динга эндигина қайтаётган халқ оммаси ўртасига уламолар ичида қолиши лозим бўлган масалалар олиб чиқилиб, турли ихтилофларга йўл очилди. Оқибатда мусулмонлар бошига кўпгина кулфатлар етди.
Азиз дин қардошлар! Ўтган саҳифаларда ҳозирда ихтилофларга сабаб бўлаётган масалалардан иккитасини кўриб чиқдик. Аслида бундай масалалар анчагина кўпайиб, янгилари ҳам пайдо бўлиб бормоқда. Бу ҳолат яна ҳам авж олиб бориши эҳтимолдан холи эмас, чунки «Мазҳаб ихтилофга сабаб бўлади, шунинг учун уни қўйиб, Қуръон ва Суннатга амал қиламиз» деган даъво билан чиқаётганлар аслида ҳанафий мазҳабини рад этиб, бошқа мазҳабга эргашмоқдалар. Улар баъзи масалалар хусусида «Фақат ўша мазҳабда айтилгани ҳақ, ундан бошқаси ботил», деб ўйламоқдалар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар оммасини бидъатга берилганликда, Қуръон ва Суннатга амал қилмасликда ва бошқа нарсаларда айбламоқдалар. Бу фикримизнинг тасдиғи учун биргина мисол келтирайлик.

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 48390 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10218 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35556 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7994 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12616 fiqh.uz