Салам савдоси (давоми)


Мусламун фиҳ(сотиб олинаётган мол)
Улар ўн битта бўлиб,
1-етказиб бериладиган мол буғдой, пахта, мой, цемент каби нарсалардан бўлса унинг жинси маълум бўлсин.
2-цементни, буғдойни ва пахтанинг қайси жой ва қайси заводники эканлиги маълум бўлсин
3-сифати тайин бўлсин. Яъни олий, ўрта ёки паст.

4-литр, кило, метр ёки доналаб сотиладиган нарсалардан бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : "Ким бирор нарсада салам савдосини қилсалар маълум бир литр, маълум бир кило ва муъаййан муддатга қилсин" дедилар.
5-битм нася рибони ўз ичига олаётган битм бўлмасин. Дастмоя литрлаб ёки килолаб ўлчанадиган нарса бўлса, эвазига олинадиган нарса ўша дастмоянинг жинсидан бошқа жинсдаги бўлсин. Агар дастмоя литрли бўлиб, олинадиган нарса ҳам литрли бўлса ёки дастмоя килоли нарса бўлиб, эвазига етказиб бериладиган нарса ҳам килоли бўлса, жинси бошқа бўлсада ёки иккисининг жинси бир жинсдан бўлса ҳам жоиз бўлмайди. Масалан шариъатда буғдой ва арпалар худди литрли нарсалар каби махсус идишда ўлчаб сотиладиган нарса ҳисобланади. Агар буғдойни арпанинг эвазига сотилса яъни "Хозир бир тонна буғдой берамиз, эвазига май ойининг биринчи кунида икки тонна арпа етказиб берасиз" деса ёки "Хозир бир тонна фалон навли буғдой берамиз, эвазига биринчи май ойида фалон навли буғдой ертказиб берасиз" деса, ушбу савдо салам савдосига киради, лекин рибони ўз ичига олганлиги учун дуруст бўлмайди. Масалан, бир деҳқон шоли сотувчини олдига келиб, ҳозир юз кило уруғли шоли берсангиз кузда 200 кило шоли ёки 100 кило гуруч бераман, дейиши мумкин эмас. Чунки, бунда судхўрлик бор. Шунингдек, баъзи жойларда урфга айланиб қолган, бир тўнна уруғли картошка берсангиз икки тўнна картошка бераман дейиши ҳам мумкин эмас:
6. Мусламун фийҳ пахта, темир, гуруч каби тайин қилиш билан тайин топадиган нарса бўлиши. Пуллар каби тайин топмайдиган нарса бўлмасин. Чунки, мусламун фийҳ сотилаётган мол ҳисобланади. Мол доимо тайин қилиш билан тайин топадиган нарса бўлиши керак. Масалан, ҳозир сизга 100 минг бераман, бир ойдан кейин 11000 минг қилиб етказиб берасиз дейиш жоиз эмас. Чунки, бу дайнни дайн баробарига сотиш ҳисобланади ва бундан шариати исломияда қайтарилган. Хуллас, салом савдосида пул тавар бўла олмайди;
7. Мусламун фийҳ (закас қилинаётган нарса) маълум бир муддатдан кейин етказиб бериладиган бўлиши керак. Бу жумҳурнинг наздидадир. Салам савдоси нақд йўл билан қилинмайди. Чунки, салам савдо насия бўлиб, муддат тайин қилинган бўлиши шарт. Зеро, ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: قَدِمَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم الْمَدِينَةَ, وَهُمْ يُسْلِفُونَ فِي الثِّمَارِ : السَّنَةَ وَالسَّنَتَيْنِ وَالثَّلاثَ . فَقَالَ : مَنْ أَسْلَفَ فِي شَيْءٍ فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ , وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ , إلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, улар (Мадина аҳолиси) меваларда салам савдоси билан шуғилланар эдилар: бир, икки, уч йилда етказиб беришга. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бирор нарсада салам савдосини қилса, маълум кайл ва маълум вазнда ҳамда маълум вақтга салам савдосини қилсин”дедилар” (Олти Имом ривоят қилган).
Ҳадси шарифда “маълум бир муддат”га деб, насия бўлишга буюрилган. Буйруқ эса, вожибни тақозо қилади. Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ салам савдода насия жоиз бўлгандан кейин, нақд салам савдоси батариқа аъло жоиз бўлади, деганлар. Чунки, бунда алданиб қолиш йўқ. Ҳадисдаги маълум муддатга деган лафздан насия шарт қилинган эмас. Балки, муддатни аниқ тайин қилинган бўлиши ирода қилинган дейдилар. Ҳанафий, ҳанбалий мазҳаблари наздида салам савдоси бир ой ёки ундан кўп муддат насия бўлиши шартдир. Чунки, бир ой нақднинг энг охирги нуқтаси ва насияни бошланиши ҳисобланади. Моликийлар наздида эса, муддатнинг энг ози ярим ойдир. Чунки, бу муддатда бозорни ўзгариш эҳтимоли бор. Бозор ўзгаришида мусламун фийҳни топилиш эҳтимоли бор. Муддат аниқ тарзда белгиланган бўлиши шарт.


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ.

“Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга дайн олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг” (Бақара 282 оят).
Экин пишганда, ҳайт куни, кузда каби умумий муддатни ифодалайдиган сўзлар бўлмаслиги керак. Чунки, кузда, ёзда деган сўзлар жанжалга сабаб бўлади. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:


عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ : لاَ سَلَفَ إِلَى الْعَطَاءِ وَلاَ إِلَى الْحَصَادِ وَلاَ إِلَى الأُنْدَرِ وَلاَ إِلَى الْعَصِيرِ وَاضْرِبْ لَهُ أَجَلاً.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ойлик чиққунича, йиғин-терин кунигача, мевалар сиқиб шарбати олинадиган кунгача, деб салам савдоси қилинмайди. У (салам) учун маълум бир вақтни тайин қилгин” деди” (Байҳақий ривояти);
8. Сифати, нави тайин қилиниб, етказиб берилиши келишилинган мол битм вақтидан топишириш ватигача бозорларда топилиши шарт. Одамларни қўлидан узулиб қолмаган бўлиши лозим. Дон-дунлар каби. Акс ҳолда ҳанафийлар наздида салам жоиз бўлмай қолади. Бошқа мазҳаб соҳиблари мусламун фийҳ битм тузилинган вақтдан топшириш вақтигача бозорларда топилиши шарт эмас. Муҳими, топширадиган вақтда мавжуд бўлса бўлди. Юқоридаги ҳадсига биноан мусламун фийҳ битм вақтида бозорларда топилиши шарт қилинган эмас;
9. Салам келишувида уч кунгача ўйлаб кўрай деган хиёри шарт бўлмаслиги керак. Чунки, саламда келишув мажлисида молнинг қийматини тўлиқ сотувчига топшириш шарт. Хиёри шарт бунга зид ҳисобланади. Лекин, айби бўлса қайтариб бериш ихтиёри боқий қолади. Чунки, айби бўлганидан кейин харидор таварни эгасига қайтариб бериши керакда;
10. Молни етказиб бериш жойи тайин қилиниши. Масалан, фалон жойга еткаиб бераман каби;
11. Етказиб берилиши шарт қилинаётган мол мислий (килоланадиган, метрланадиган, тортиладиган, донолик) бўлишлиги шарт. Ҳовли, қимматбаҳо тош каби сифати тайин бўлмайдиган тавар бўлмаслиги керак.

Салам шартларини татбиқ қилиш

Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳайвонларда салам савдосини қилиш жоиз эмас. Бунинг асосий сабаби буюртмачи билан етказиб берувчи ўртасида ҳайвон борасида тортишувга сабаб бўлишидир. Чунки, икки яшар буқа билан, бошқа икки яшарли буқа барча жиҳатда бир-биридан фарқ қилади. Етказиб берувчи семиз мол берганман деса, иккинчи томон ориқ мол бергансан дейиши мумкин. Шунингдек гўшт борасида ҳам суваги кўп ёки озлигида ихтилоф қилиниши мумкин. Лекин, Имоми Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқа мазҳаб имомларининг барчалари гўштнинг миқдори, сифати, сувак аралашган ва аралашмаганлиги ва сувак аралашса неча килоси сувак бўлиши тайин қилинган тақдирда салам савдоси жоиз деганлар. Кийим-кечакларда ҳам сифати, размери тайин қилинса, унда ҳам салам савдоси жоиз бўлади.

Салам савдосининг ҳукми

Роббис салам (буюртмачи)га насия тарзда етказиб берилиши керак бўлган нарсанинг мулки собит бўлади. Етказиб берувчи эса, дастмоя(молнинг қиймати)га эга бўлади.

Салам савдоси билан "Байъ" ўртасидаги фарқ

Ҳанафийлар наздида салам билан мутлоқ байъ ўртасида тўртта фарқ бор. Улар қуйидагилар:
1. Аввал айтиб ўтганимиздек, салам савдосида мутлоқ байъга зид ўлароқ молнинг қийматини аввалдан берилиб, маълум муддатдан кейин молни қўлга киритилади. Мол қўлга тегмасдан туриб, берилган қийматни қайтариб олиб, ўрнига бошқасини бериш жоиз бўлмайди. Ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ ابْنِ عُمَرَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: « مَنْ أَسْلَفَ فِي شَيْءٍ فَلا يَأْخُذْ إلا مَا أَسْلَفَ فِيهِ أَوْ رَأْسَ مَالِهِ » . رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيّ .

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким салам савдосини қилса, бюртма берган таварини олсин ёки дастмоясини қайтариб олсин” (Дориқутний ривояти).
Байъ бекор қилинганда берган нарсасини айни ўзини қайтиб олади. Мутлоқ байъда эса, молни қийматини айни ўзини ёки эвазига бошқа нарса олиши ҳам мумкин. Чунки, мутлоқ байъда бадал ўринбосар ўрнига ўтаверади. Шунингдек, салам савдосида буюртма берилган нарсани қўлга олишидан илгари ўрнига бошқасини олиш жоиз бўлмайди ҳамда буюртма берилган нарсани қўлга киритишдан олдин сотиш ҳам жоиз бўлмайди;
2. Буюртмачи берган дастмоясининг баъзисини қайтариб олиб, қолганига мол олиши жоиз. Лекин, бу буюрта олувчининг розилиги билан бўлиши шарт. Салам савдосида бу ишни баъзилар жоиз санамаганлар. Байъда эса, иқола қилиш (байъни сотувчининг розилиги билан бекор қилиш) мутлоқ жоиз;
3. Буюртма қабул қилувчи (мусламун илайҳ) буюртмачининг розилигисиз молни қийматини кечиб юбориши жоиз бўлмайди. Агар кечиб юборса, салам бекор бўлади. Байъда эса, сотувчи ҳаридорнинг розилигисиз пулдан кечиб юбориши мумкин. Лекин, ҳаридор унинг бу холис яхшилигини миннат қилиш эҳтимоли туфайли қабул қилмаса, кечиб юбориши бекор бўлади;
4. Буюртмачи буюртмасида айб топса, хоҳласа қабул қилади, хоҳласа қайтариб юборади. Саламда молни бадалини битм мажлисида   рад қилса, уни рад қилинган мажлисда қабул қилиб олиши шарт. Мутлоқ байъда эса, барча ихтиёр унга собит бўлади. Айбли мол эвазини муайян мажлисда қайтариб олиш шарт эмас.


7 йил аввал 8127 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Салам ёки салаф савдосининг таърифи
Байъ салам ва унинг шартлариСалам савдоси насия молни нақд баҳога сотишлик ёки зиммасига вожиб бўлган нарсани нақд баҳога сотишлик. Яъни молнинг нархи аввалдан берилиб эвазига давоми...
7 йил аввал 10023 fiqh.uz