32-дарс. Тушир ва тезлат.


Тезроқ бериш эвазига нархни тушириш.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Надир яҳудийларини чиқаришга буюрганларида, улардан баъзи инсонлар келиб:
“Эй Аллоҳнинг Набийси! Бизни чиқаришга буюрдингиз, ваҳоланки бизнинг инсонларда ҳали вақти етмаган қарзларимиз бор”, дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Туширинглар ва тезлатиб олинглар!”, дедилар.
Араб тилидаги الوضع ва ёки الوضيعة тушириш, нархни пастлатиш маъноларини билдиради. Нархни тушириш эвазига қарз муддатини олдинроққа суриш уламолар ўртасида ихтилофли масаладир. Бунга рухсат берганлар озчилик фуқаҳолар бўлиб, вақтни чўзиш эвазига (яъни насия қилиш эвазига) нархни зиёда қилишга ижозат берган фуқаҳолар кўпчиликни ташкил қилади. Яъни бунга жумҳурни рухсати бор.
Ҳанафий уламоларимизнинг мутааххирларидан бўлган Муҳаммад Амин ибн Обидин шундай дейди: “Агар бир нарсани ўнга нақд олиб, йигирмага ўн ой муддат эвазига насия сотса қолган беш ой ичида ҳамма пулни тўласа ёки шу беш ой муддатда вафот топса, нарсага қўйилган ўн фойданинг бешини олади, қолган бешини қайтариб беради ”.
Тезлатиш эвазига тушириш, қарзни тезлатиб, миқдорни камайтириш бобидандир. Бу икки тарафга хос бўлган ўзаро муомаладир. Агар бу масалага учинчи тараф, масалан банк, аралашса жоиз эмас. Чунки бу пайтда муомала қоғоз пулларни пастлатиш бобига айланиб қолади. Яъни банк ўртада туриб олиб, биридан юз олиш ва иккинчисига бир юз ўн беришни йўлга қўяди. Бу эса ҳаром қилинган насия рибосидир.
Нақд учун замоннинг қиймати ва даврий афзаллик.
Насиа рибосининг таърифидан билдикки, нақд билан насиянинг исмий қиймати тенг бўлса нақд насиядан кўра яхшироқ, яъни фойдаси кўпроқ ҳисобланади. Инсоннинг табиати ҳам нақдни насиядан афзал билади.
Аллоҳ таоло Қиёмат сурасида шундай дейди:
20. “Йўқ! Балки сизлар шошар дунёни яхши кўрасизлар”.
21. “Ва охиратни тарк этасизлар”.
Баъзи инсонлар шу табиат билан: “Дунё нақд, охират эса насия, нақд насиядан яхшироқдир”, дейишади. Аслида бу назарияни юқоридаги нақднинг насиядан афзаллиги тушунчасига солиб кўрилса, уларнинг хато қилаётгани очиқ ойдин бўлади. Агар дунё билан охиратнинг исмий қиймати баробар бўлганида эди бу гап тўғри бўларди. Лекин Аллоҳ таоло нақд кўринган дунёдан охиратни инсонларга афзал эканини зикр қилди. Нав жиҳатидан ҳам ва замондаги давомийлик жиҳатидан ҳам охират дунёдан устундир. Аллоҳ таоло Аъла сурасида шундай деган:
16. “Лекин, сизлар дунё ҳаётини устун қўясизлар”.
17. “Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир”.
Яна Инсон сурасида:
27. “Албатта, анавилар (шошган дунё)ни яхши кўрарлар ва оғир кунни ортларида қолдирарлар”,-деб марҳамат этган.
Имом Шофеъий шундай дейдилар:
“Тезда тайёр бўлган таомнинг қиймати кеч пишадиган таом қийматидан кўра ортиқроқдир... Яқиндаги 100 соъ узоқдаги 100 соъдан қимматроқдир ”.
31 ДАРС
НИМА УЧУН НАСИЯ САВДОДА ВАҚТ ЭВАЗИГА НАРХНИ ОШИРИШ ЖОИЗ?
Вақтни кечиктириш эвазига нархни ошириш:
Ислом иқтисодининг рибо тўғрисида тутган йўли ниҳоятда дақиқдир.
Қарз беришда замон эвазига шарт қилинган зиёдалик ҳаром бўлиб, уни "насиа рибоси" дейилади.
Савдода эса замон эвазига нархнинг зиёда бўлишини шарт қўйиш ҳаром қилинган насиа рибоси ҳисобланмайди. Баъзи капиталист иқтисодчилари Исломнинг бу назариясини ўзларича танқид қиладилар ва: "Бу икки зиёдалик бир ҳукм остига дохил бўлиши керак. Ё иккиси ҳам ҳаром бўлсин ва ёки иккиси ҳам мубоҳ бўлсин. Бирини мубоҳ, иккинчисини ҳаром дейиш чалкашликдир”, дейишади. Уларнинг бу эътирозига Ислом иқтисодининг жавоби қуйидагича:
Бу икки хил ҳукм нақлий ва ақлий бўлган икки ҳужжатга асослангандир. Нақлий далилга келсак, у олти рибавий тур тўғрисида келган ҳадисдир. Ушбу ҳадис ифодасига кўра:
1-Тилло билан тиллонинг савдосида насия ҳам, зиёдалик ҳам ман қилинади.
2-Тилло билан кумушнинг савдосида насия ман қилинса-да, бирининг зиёда бўлиши дуруст бўлади.
3-Тилло билан буғдой (арпа, туз, хурмо) кабиларнинг савдосида насия ҳам, зиёдалик ҳам жоиз бўлади.
Биринчи ҳолатда, яъни тилло билан тиллонинг савдосида насияга ҳамда зиёдаликка ижозат берилса, қарздаги рибога ҳам ижозат бериш лозим бўлиб қолар эди. Ислом иқтисодида қарздаги рибонинг жоиз эмаслиги барчага маълум.
Иккинчи ҳолатда, яъни тилло билан кумушнинг савдосида икки савдо моли турли хил бўлганлиги сабабли бирини зиёда қилиш жоиз бўлади. Лекин улардан бирини насия жоиз бўлмайди. Чунки агар улардан бирини наия қилинса, вақт ўтиши билан тилло ва кумушнинг нархи ўзгариб, қарз рибосига йўл очилиш эҳтимоли юзага чиқади. Тиллони қарзга берса ва олишда кумуш талаб қилса рибо бўлади. Мана шунинг олдини олиш учун тилло билан кумуш савдосида насияга ижозат берилмайди.
Учинчи ҳолатда, яъни тилло билан буғдой (арпа, туз, хурмо) кабиларнинг савдосида савдо молларининг турлари ҳар хил бўлганлиги сабабли бирини зиёда қилиш ҳам ёки бирини кечиктириш эвазига нархни ошириш ҳам жоиз бўлади.
Биринчи суратда зиёдалик адолат юзасидан ман қилинган бўлса, учунчи суратда эса савдо молининг бирини насияга берганлиги эвазига нархни ошириш имкони мавжуд бўлади. Шу сабабли нархни бўлиб тўлаш савдосига – البيع بالتقسيط – Ислом иқтисодида рухсат этилгандир.
Бунда буғдойни нақд олиб, тиллони (яъни нархини) бўлиб тўланади.
Бу келтирилган матнларнинг асоси ривоят қилинган нақлий далиллардир. Исломнинг нақлий далиллари ақлдан устун туради. Лекин бу нақлий далилларни ақл ҳам тасдиқлайди.
Исломда қарз асл ҳисобланади. Шунингдек савдо ҳам асл бўлиб, лекин савдо қарздан тубдан фарқ қилади. Қарз яхшилик асосида, савоб умидида берилади.
Ислом иқтисодида вақтнинг қиймати мавжудлиги эътироф қилинади. Бу қиймат қарзда савоб жиҳатидан, савдода фойда жиҳатидан кўринади. Савдодаги фойда тижорий олди-сотдининг харакатига тобеъдир. Аммо қарздаги зиёдалик (яъни рибо) савдога тегишли бўлмаган мустақил зиёдаликдир. Гоҳида бир нарса ёлғиз ўзи жоиз бўлмасада, бошқа нарсага эргашиб жоиз бўлади. Бу машҳур қоидалардандир. Қарз яхшилик, эҳсон, хайр-саҳоватга хосланган, савдо эса тижоратга хослангандир. Шу сабабли савдодан тижорат қилиш ва савдо эвазига фойда топишнинг зарари йўқ. Лекин қарзларни тижоратга қўйиб фойдаланиш инсофсизлик, виждонни сотиб пул топиш каби жирканч ишлардандир. Бу ақлнинг мантиқий тушунчасида покиза ишлар жумласидан саналмайди.
(Шариатимизда насия савдоси тўғрисида бир неча очиқ далиллар собит бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
“Эй иймон келтирганлар! Агар маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг ”, деб марҳамат қилган.
Саҳиҳ ҳадисларда ҳам насия савдо тўғрисида бир неча ҳодисалар ривоят қилинган.
Оиша онамиз розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида совутлари ўттиз соъ арпага бир яҳудий қўлида гаровда эди ”.
Оиша онамиз розиаллоҳу анҳодан, у киши айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийдан насияга таом сотиб олдилар ва совутларини гаровга қўйдилар ”.
У яҳудийнинг номи Абул Шаҳм бўлиб, Бани Зафар қабиласидан эди.
Яна бу борада уламоларимиздан Имом Бағовий, Шавконий, Абу Ийсо Термизий, Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳим кабиларнинг фатволари ҳам ўз ўрнида келтирилган.


9 йил аввал 4417 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тижоратда фойданинг шаръий меъёри
Савол: Шариатда сотаётган нарсасидан қанча фойда кўриш тайин қилинган? Жавоб: Шариатда сотувчи сотиладиган молни шунчага сотсин ёки сотмасин деб тайин қилмаган. Лекин, одамларга зулм етадиган давоми...
9 йил аввал 46924 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Даллолликнинг ҳукми
Фиқҳ китобларимизда «самсара» (даллоллик), «симсор» (даллол) лафзлари истеъмол қилинади. Даллол деб кимнингдир сотишига, кимнингдир сотиб олишига ёрдам берувчи, сотувчи ва олувчининг ўртасини боғловчи давоми...
9 йил аввал 26491 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Истисноъ савдоси
Фиқҳ китобларимизда кўпинча “Истисноъ” лафзи учраб туради. Жамиятимизда истисноъ воситасидан фойдаланмайдиган киши бўлмаса керак. Кунлик ҳаётимизда барчани тижоратнинг истисноъ турига иҳтиёжи бор. Шунинг давоми...
9 йил аввал 6062 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фаҳш ва бузғунчилик ғояларини тарқалишига сабаб бўлгувчи омиллар савдоси
Турмушда баъзи нарсаларни фақат яхшиликка истеъмол қилинади. Баъзи бир нарсаларни эса  жоиз томонга ҳам ножоиз томонга ҳам истеъмол қилиш мумкин. Жоизга ҳам, ножоизга ҳам истеъмол қилинадиган нарсалар давоми...
9 йил аввал 9524 fiqh.uz