Ҳанафий мазҳабида имом орқасида қироат қилиш ҳақида


Одамлар орасида, жамоат намозларида баъзи бировларнинг имомнинг орқасида туриб сураи фотиҳа ўқиётганини кўрамиз. Имомга иқтидо қилган одам қироат қиладими? Намозда сураи фотиҳани ўқиш барча учун фарзми?

Бу хилдаги саволларга жавоб бериш учун Имоми Аъзам мазҳабининг энг машҳур асари ҳисобланмиш «Ҳидоя»га мурожаат қилсак:

لا يقرأ المؤتم سواء كان الصلوة جهرية او سرية خلف الامام خلافا للشافعى فى الفاتحة له ان القراءة ركن من الأركان فمشتركان فيه ولنا قوله عليه السلام: (أخرجه ابن ماجه) "من كان له امام فقراءة الامام له قراءة" وعليه اجماع الصحابة رضى الله عنهم وهو ركن مشترك بينهما لكن حظ المقتدى الانصات والاستماع قال عليه السلام: (رواه مسلم) "واذا قرأ فأنصتوا" ويكره المراد كراهة التحريم عندهما اى أبى حنيفة وأبى يوسف رحمهما الله لما فيه من الوعيد ويستمع وينصت وان قرأ الامام آية الترغيب والترهيب لان الاستماع والانصات فرض بالنصّ والفراءة وسوال الجنة والتعوّذ من النار كلّ ذلك مخلّ به

«Мўътам – имомга иқтидо қилувчи имом орқасида (хоҳ жаҳрий намозда, хоҳи махфий намозда) қироат қилмайди. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ бунда яъни фотиҳа ўқиш борасида хилоф қилдилар. Чунки, ул зот наздида қироат (намоздаги) рукнлардан бир рукндир, бас, қироатда (имом ва муқтадий) шерик бўладилар. Биз учун далил Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг (Ибн Можа тахриж қилган) сўзларидир: «Кимнинг имоми бўлса, бас, имомнинг қироати унинг ҳам қироатидир». Мана шунга саҳобаи киромлар ризвонуллоҳи алайҳим ажмаъийн ижмоъ қилишган. (Тўғри,) Қироат имом билан муқтадий орасида муштаракдир, лекин муқтадийнинг насибаси жим туриш ва эшитишдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар (уни Имом Муслим ривоят қилган): «Қачон қироат қилинса, бас, жим туринг!» Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳлар наздида (имомга иқтидо қилган кимсанинг) қироат қилиши макруҳ бўлади (бундан мурод макруҳи таҳримийдир). Чунки бу борада ваид бор. Демак, гарчи имом тарғиб ва тарҳиб оятларини ўқиса ҳам, эшитиб, жим туради. Чунки эшитиш ва жим туриш насс билан фарз бўлгандир. Қироат қилиш, жаннатни сўраш, дўзахдан паноҳ тилашга ўхшаш барча амаллар тинглашга халал бергувчидир» (Бурҳониддин Марғилоний: «Ҳидоя», 1-жилд, Китоб ус-солат, Боб сифат ас-солат. -Ҳиндистон: Юсуфий матбааси, 1314 ҳ. йил. 108-109 бетлар).
Кўриб турганингиздек, «Ҳидоя» соҳиблари Бурҳониддин ал-Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари имомга эргашган кимса жаҳрий ва сиррий намозларнинг ҳаммасида қироат қилмасдан, жим туришини саҳобалар ижмоъси деб зикр қилдилар. Ул зот бу ерда саҳобаи киромларнинг аксарини эътибор қилдилар, албатта. Зеро, 80 дан ортиқроқ саҳобадан иқтидо қилувчининг қироатини манъ қилганлари ривоят қилинган. Чунончи, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эканлар:

من قرأ خلف الامام فقد أخطأ السنّة

«Кимки имом орқасида қироат қилса, батаҳқиқ, суннатни хато бажарибди!»
Улуғ саҳобийлардан бири, уларнинг энг фақиҳларидан ҳисобланадиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу эса янада қаттиқроқ ҳукм қиладилар:

من قرأ خلف الامام ألقى على فيه ترابا

«Кимки имом орқасида қироат қилса, оғзига тупроқ ташлансин!»
Жаннат башорати берилган икки буюк саҳобий Саъд ибн Ваққос ва Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳумо:

من قرأ خلف الامام فلا صلوة له

«Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, унинг намози йўқ», деб имом орқасида қироат қилиш оқибатидан огоҳлантирган эдилар.
Асҳоби киромлардан нақл қилинган ушбу қавллар “Ҳидояи шариф”нинг қарийб барча шарҳ ва ҳошияларида келтирилган.
Шу ерда Мавлоно Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ ва ал-Ҳаддод раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратлари гарчи “Сураи фотиҳа”ни ўқиш ҳақида насс (саҳиҳ ҳадисдан далил) бўлса ҳам у қироати ҳаром қилинган нассга қарши бўла олмайди, деганлар. Икки далил муораза қилган пайтда, усули фиқҳ қоидасига биноан муҳаррамга амал қилинади, яъни ҳаромдан қочиб имом орқасида қироат қилинмайди. Зеро, Аллоҳ наҳий қилган зарра миқдори ҳаромдан қочиш инсу жинлар ибодатидан яхшироқдир. Ҳаром ва макруҳдан қочиш вожиб амални бажаришдан афзалдир. Зеро, Аллоҳ таолонинг ўзи:

واذا قرأ القرآن فاستمعوا له وانصتوا لعلكم ترحمون

«Қачон Қуръон қироат қилинса, бас, уни эшитинг ва жим туринг. Шояд, сизлар раҳм қилинсангизлар!», деган. 
«Ҳидоя» соҳиби айтган ваид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бор. Уни «Ҳидоя»нинг барча шориҳлари келтирганлар:

من قرأ خلف الامام ففى فيه جمرة

«Кимки имом орқасида қироат қилса, бас, оғзида чўғ тўлсин!»
Мовароуннаҳр халқлари орасида маълуму машҳур асарлардан яна бири «Шарҳи Виқоя»да имом орқасида қироат қилмаслик ҳақидаги учта ҳадис келтирилган (Убайдуллоҳ ибн Тож уш-шариъа: «Шарҳи Виқоя», Лакнау: «Асаҳҳ ул-матобеъ», 1304 ҳ., 174-бет).
Улардан биринчисини Ибн Можа, Абу Довуд, ал-Баззор, ан-Насоий, ат-Таҳовий, Имом Аҳмад, Ибн Хузаймалар ривоят қилишган. Имом Муслим ушбу ҳадиснинг саҳиҳлигига ишорат қилганлар:

اذا كبر الامام فكبّروا واذا قرأ فانصتوا

«Қачон имом такбир айтса, бас, такбир айтинг ва қачон қироат қилса, бас, жим туринг!»
Ушбу ҳадиси шариф имом қироат қилганда, муқтадий жим туришига далил бўла олади. Шунинг учун ҳам Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ фақат жаҳрий намозларда муқтадий сукут қилади, махфий намозларда эса ўзи ҳам ичидан қироат қилади, дейди. Лекин «Шарҳи Виқоя»да келтирилган қуйидаги ҳадиси шариф махфий намозларда ҳам иқтидо қилувчи сукут сақлаши лозимлигига очиқ-ойдин далолат қилади:

من كان له امام فقراءة الامام قراءة له

«Кимнингки имоми бўлса, имомнинг қироати унинг учун (ҳукмий) қироатдир».
Ушбу ҳадисни Ибн Ҳиббон Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан, Имом Дорақутний Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Ибн Адий «Комил» асарида Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан, Имом Дорақутний яна Ибн Умар розияллоҳу анҳудан, Ибн Можа, Имом Муҳаммад ва Байҳақийлар Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Муҳаққиқ аллома Абдулҳай Лакнавий ушбу ривоятлар ичида ҳасан ва саҳиҳлари борлигини айтади. Ушбу ҳадисни қувватлайдиган саҳобаи киромларнинг сўзлари ҳам бор. Имом Муҳаммад ва Таҳовий ҳазратлари Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг сўзларини келтирадилар:

أنصت للقراءة وسيكفيك ذاك الامام

«Қироат учун жим тур. Сенга мана бу имом кифоя қилади».
Яна бир улуғ саҳобий, асҳоб ичида ўзининг фақиҳлиги билан танилган зот Ибн Умар разийаллоҳу анҳу мана бундай деган эканлар: 

من صلى خلف الامام كفته قراءته

«Имом орқасида намоз ўқиган кимсага унинг қироати кифоя қилади».
«Шарҳи Виқоя»да келтирилган учинчи ҳадиси шариф ушбудир:

ما لى أنازع فى القرآن

«Қуръон борасида мен тортишмайман!».
Ушбу ҳадисни Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам орқаларида қироат қилиб турган саҳобийга қарата айтганлар. Мазкур ҳадисни Имом Молик «ал-Муватто» асарида Абу Ҳурайра (р.а.)дан, шунингдек, муҳаддислардан Имом Абу Довуд, Термизий, ан-Насоий, ат-Таҳовий, аш-Шофиъий ва Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъийнлар ривоят қилган бўлиб, ҳадиси шариф имом қироат қилаётган пайтда унга аралашиб, шивирлаб, уни (баъзан) чалғитиб қироат қилиб туришга бўлган наҳий экан.
Демак, биз келтирган ривоятларга асосланиб, мазҳабимиз уламолари имом орқасида қироат қилишни мутлақо (ошкоро ўқиладиган намозларда ҳам, махфий ўқиладиган намозларда ҳам) манъ қилишган, уни макруҳи таҳримий деб ҳукм этишган. Лекин ўша ривоятларни нақл қилган Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳуга ўхшаган баъзи саҳобалар сиррий намозларда муқтадий ҳам “Сураи фотиҳа”ни ўқишлигига фатво берганлар. Унинг фатвосини Имом Молик, Муслим, Термизий, ан-Насоий, Ибн Можа, Абу Довуд сингари муҳаддислар ўз асарларида келтириб ўтганлар. Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳунинг ушбу тавсиясига биноан, юқорида айтганимиздек, Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ фақат сиррий намозларда иқтидо қилувчи ҳам “Сураи фотиҳа”ни ўқиб туради, жаҳрий намозларда жим туради, деганлар. Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ ҳазратларининг мазҳабларида эса:

لا صلوة لمن لم يقرأ بها

«Фотиҳа сурасини ўқимаган кимсанинг намози йўқ» ҳадиси шарифининг зоҳирий мазмунига биноан (бу ҳадисни Термизий, Насоий, Абу Довуд ва Табаронийлар ривоят қилганлар) барча ҳолатларда иқтидо қилувчи қироат қилади, деб ҳукм қилинади. Аммо жаҳрий намозларда имом қироати орасида сукут қилганда, иқтидо қилувчи оятларни бўлиб-бўлиб, қироат қилиб олади, дейилади у мазҳабда. Баъзан эса, “Сураи фотиҳа”дан сўнг имом иқтидо қилувчилар қироат қилиб олишлари учун бир оз сукут сақлаб туради ҳам дейилади. Ушбу амални Шофиъий мазҳабидагилар мустаҳаб санашади.
Имом иқтидо қилганлар қироат қилиб олсин, деб жим турса, сукут сақласа, имомлиги қаерда қолади?! Имом ўз қавмларига тобеъ бўлиб қолган бўлмайдими?! Кейин, имомнинг “Сураи фотиҳа”дан сўнг сукут сақлаб туриши салафи солиҳийнлардан нақл қилинган эмас, унга ҳадислардан далил ҳам топилмайди. Валлоҳу аълам бис-савоб.


Ҳамидуллоҳ Беруний


7 йил аввал 6054 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46456 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10138 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35271 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12502 fiqh.uz