Ижмоъ қилинган фиқҳий масалалар рўйхати


Ислом фиқҳида ижмоъ маҳоратли ҳар бир фақиҳ, мусулмон ҳар бир олим билиши зарур бўлган муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Зотан, ижмоъга қарши чиқиш, уни инкор қилиш, унга хилоф равишда фатво бериш ҳатто куфрга сабаб бўлиши мумкин. Мусулмон уммати ижмоъ қилган масалалар ақидавий ёки фиқҳий турларга бўлинади. Уламолар тарихда ижмоъ қилинган фиқҳий масалалар рўйхатини тузиб, алоҳида асарлар ҳам битганлар.

Ибн ал-Мунзир кунияси билан танилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳим ибн ал-Мунзир ан-Нисобурий (р.ҳ.) ҳам ижмоъ масалаларини бир китобга жамлашга ҳаракат қилган олимлардан биридир.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Иброҳийм ибн ал-Мунзир ан-Нисобурий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 242, мелодий 856 йил Нишопурда дунёга келади. Ибн ал-Мунзир раҳимаҳуллоҳ 318- ҳижрий, 930-мелодий сана 76 ёшида вафот топган. Олимнинг униб-ўсиши, илм таҳсил қилиши она ватанида бўлган. Кейинчалик Макка шаҳрига кўчади, умрининг охирига қадар уни маскан қилади ва «Макка фақиҳи», «Ҳарам шайхи» деган фахрли унвонлар билан танилади. Унинг ижмоъ, хилоф ва мазҳаблар баёнида бир қанча фойдалиасарлари бор. Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.) қаламига мансуб асарларнинг умумий сонийигирмадан ошиб кетади. Уламолар унинг китобларидан доимо истифода қилиб келганлар. Айниқса, мазҳабларни нақл қилишда унинг китобларига доимо эҳтиёж бўлган. Шунингдек, Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.) ҳадиснинг саҳиҳ ва заифини ажратиш борасида ҳам ўта маҳоратли эди.
Имом Нававий (р.ҳ.): "Мен мазҳабларга доир масалаларни нақл қилишда кўпинча Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.)нинг «Китоб ал-Ишроф», «ал-Ижмоъ» асарларидан фойдаланаман", деган эди. Таниқли ҳанафий олими Ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) ҳам Ибнал-Мунзир (р.ҳ.)ни ишончли ва эътиборли олимлар қаторида санаб ўтган.
Биз мусулмонларнинг фақиҳлари ижмоъ қилган фиқҳий масалалар рўйхатини келтирар эканмиз, Ибн ал-Мунзир (р.ҳ.)нинг "ал-Ижмоъ" асаридан фойдаланган ҳолда, ундаги масалаларни асос қилиб олдик. "ал-Ижмоъ"даги фиқҳий масалаларнинг манбаларини текшириб кўрдик, таҳқиқ қилган ҳолда баъзи ўзгаришлар ва қўшимчалар асосида зикр қилишга ҳаракат қилдик. Унда айрим масалалар такрор зикр қилинган, айримлари эса изоҳларга муҳтож эди. Ижмоъ масалаларидан айримлари эса ушбу китобдан ўрин олмаган экан. Шунинг учун ҳам "ал-Ижмоъ"да келтирилган фиқҳий масалаларни бошқа фиқҳий манбалар, матн китоблари, ислом фиқҳига доир шарҳ ва ҳошиялардаги қайд ва маълумотлар билан солиштириб, бир-бир назардан ўтказишга ҳаракат қилдик, мутахассис олимлар билан маслаҳат ва муҳокама қилиб кўриб чиқдик.
Демак, ижмоъ билан собит бўлган, мусулмон уламолари, фақиҳ ва мужтаҳид олимлар ижмоъ қилиб келган фиқҳий масалалар қуйидагилардир:
ТАҲОРАТ, ПОКЛИК ВА СУВЛАР ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ
1.    Таҳоратда тўрт фарз борлигига – қўлни ювиш, юзни ювиш, бошга масҳ тортиш ва оёқни ювишнинг фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Таҳоратга ният қилиш, тартиб билан ювиш, пайдар-пай ювишнинг фарзлиги борасида эса аҳли илмлар ихтилоф қилганлар.
2.    Таҳоратда ҳар бир аъзони ювиш ўнгдан бошланиши, соқолга хилол қилиш, бармоқлар орасини хилол қилиш, мисвок ишлатиш каби амаллар суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
3.    Таҳорат қилишнинг имкони бор бўла туриб, таҳоратсиз адо қилинган намоз жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
4.    Муайян намоз учун таҳорат қилган киши, айни таҳорати билан, таҳорати сингунича ҳохлаганча намоз ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
5.    Орқа пешобдан ахлат чиқишлиги, эр ва аёлнинг сийдиги, маний чиқишлиги, ел келишлиги ва беҳуш бўлиб ақлдан ажрашлик – буларнинг бари таҳоратни синдирувчи ҳадаслардир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
6.    Истиҳоза қони таҳоратни синдиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
7.    Муломаса, яъни яланғоч ҳолда эр-хотиннинг бир-бирига суйкалишлари таҳоратни синдиради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
8.    Намоздан ташқаридаги кулги таҳоратни синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
9.    Намоздан ташқаридаги тиловат саждасини адо қилиш жараёнидаги кулги саждани ҳам, бузмайди, таҳоратни ҳам синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
10.    Инсон бир аёлга уйланса, аёлини кўпчилик олдида ушласа ёки ўпса, лекин у билан «хилвати саҳиҳа»да ёлғиз қолишидан олдин талоқ қилса, аёлига никоҳ жараёнида белгиланган маҳрнинг ярмини бериш вожиб бўлади. Агар маҳр белгиланмаган бўлса, мутъа – бош-оёқ сарпо бериш вожиб бўлади. Бу ҳолатларда аёлга идда сақлаш лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
11.    Биров ўз онасини, опа-синглисини ёки қизларини меҳр-шафқат юзасидан, масалан, сафардан келганда ўпса ёки бирор ҳаракат жараёнида баданининг бир аъзоси унинг бирорта аъзосига тегса, таҳорат синмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
12.    Аёл кўкрагидан келган сут, оғиздан чиққан тупук, кўздан оққан ёш, бурун суви, оғиздан келган балғам, бурундан чиққан нафас, бадандан оққан тер ва ярадан тушган қурт – буларнинг биронтаси таҳоратни синдирмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
13.    Инсон баданидан чиққан, таҳоратни синдирувчи ҳар бир нарса нажасдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Манийдан ташқари. Чунки, маний Имом Шофеъий (р.ҳ.)нинг фатвосига кўра нажас эмас.
14.    Таҳоратсиз одам мусҳафи шарифни, шунингдек, тафсир ва фиқҳ китобларини ушлаши макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
15.    Ҳайз ва нифос кўрган аёл то поклангунча Қуръони каримдан тўлиқ оятларни қироат ва тиловат қила олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, жунуб одам ҳам Қуръон оятларини тўлиқ қироат қила олмайди. Имом Молик (р.ҳ.) бир ривоятда зарурат вақтида ҳайз кўрган аёл муаллима бўлса, қироат қилиши мумкин, деган.
16.    Покланиш учун ҳар қандай сув кифоя қилади, сув билан таҳорат қилиш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Денгиз сувини покланиш учун ишлатиш мумкин эканлиги ёки мумкин эмаслиги борасида аҳли илмлар ихтилоф қилганлар.
17.    Гулнинг суви, дарахтнинг суви ва сабзавотлардан сиқиб олинган сув билан таҳорат қилинмайди. Таҳорат фақатгина мутлақ «сув» атамасини қўллаш мумкин бўлган суюқлик билангина олинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
18.    Гулнинг суви, дарахтнинг суви ва сабзавотлардан сиқиб олинган сув каби ичимликлар билан ғусл олишлик ва таҳорат олишлик жоиз эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
19.    Туриб қолган кўлмак сувга нажосат тушмаган бўлса, у билан таҳорат олиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ибн Сирин (р.ҳ.) ёлғиз ўзи, жоиз эмас, деган.
20.    Озми кўпми сувга нажосат тушса-ю, унинг таъми ё ранги ёки ҳиди ўзгарса, у шу ҳолида нажосатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
21.    Кўп сувга – анҳор ё кўл кабиларга нажосат тушса-ю, унинг таъми, ранги ва ҳиди ўзгармаса у покдир; у билан покланса бўлади, деб аҳли илмларижмоъ қилганлар.
22.    Агар ҳайвон қудуққа тушиб ўлса-ю, сасиб титилиб кетишгача етиб бормасдан аниқланса, сичқон ва у каби жуссали жониворларда қудуқни поклаш учун 20 дан 30 челаккача сув олиб ташланади, товуқ ва у кабиларда 40 дан 50 гача, одамга ўхшаш жуссалиларда эса сувнинг ҳаммаси олиб ташланади. Ушбу тартиб саҳобалар ижмоъси билан собит бўлганлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
23.    Оғиздан чиққан балғам нажас эмас. Аммо, таом аралаш балғамнинг нажас эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
24.    Гўшти ейиладиган ҳайвонларнинг қолдиғи покдир. Уни ичиш ва у билан покланиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
25.    Таҳоратда сувни кўп қуйиб ишлатиш, ғуслда бир соъ сув ишлатиш лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
26.    Таҳоратда чап аъзодан бошлаб ювган кишига қайта таҳорат олиш лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
27.    Таҳоратда аъзоларни бир мартадан ювган киши агар аъзоларини мукаммал ювса, бир мартаси ҳам таҳоратга кифоя қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
28.    Оёқда маҳсиси йўқ кишига таҳоратда қадамларни тўпиқларигача ювиш фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
29.    Мукаммал таҳорат олиб, сўнгра маҳси кийган киши кейинги таҳорат олишида маҳсиларига масҳ қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
30.    Таҳорат олувчи киши бир оёғини ювгач, бир маҳсисини кийса, сўнгра кейинги оёқни ювиб иккинчи маҳсисини кийса, у киши таҳоратлидир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
31.    Маҳсига масҳ тортиш муддати муқим одамга бир кеча-кундуз, мусофир одамга эса уч кеча-кундуз эканига, ана шу муддат ўтганидан сўнг маҳсини ечиб, оёқларни ювиш лозим эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
32.    Мусофирнинг суви бор-у аммо чанқоқ хавфи бор бўлса, сувни асраб таяммум қилиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
33.    Тупроқ билан таяммум қилиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
34.    Таяммумда дилдан ният қилиш фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.Фақат Имом Зуфар (р.ҳ.) бунга хилоф фикр айтган.
35.    Таяммумда юз учун бир зарб, икки қўл учун бир зарб урмоқ фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
36.    Намоз вақти киришидан илгари таҳорат олган кишининг таҳорати комилдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
37.    Таяммум билан намоз ўқиган киши намоз вақти чиқққанидан кейин сув топса, намозини қайтариб ўқимайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
38.    Таяммум қилган киши намоз ўқишидан олдин сувга эга бўлса, унинг таяммуми синади ва янги таҳорат олиб намоз ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
39.    Сув билан таҳорат олган киши таямум қилганларга имом бўла олади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
40.    Намоз вақтининг аввалида, сув қидириб топа олмай таяммум қилган киши кейинроқ сувга етиб борса, унинг таяммуми синади ва таҳорат лозим бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
41.    Тушида жинсий алоқа қилинса ёки тушида эҳтилом бўлиб бўшанса, уйғонганида кийимида намлик кўрмаса, унга ғусл вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
42.    Балоғатга етган ва ақли-ҳуши жойида бўлган кишидан шаҳват билан отилиб чиққан маний, сабабидан қатъий назар ғуслни вожиб қилади, дебаҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
43.    Жумъа ва икки ҳайит учун ғусл қилиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
44.    Бавл (сийдик)нинг нажосат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
45.    Жунуб кишининг, шунингдек, ҳайз кўрган аёлнинг баданидан оққан тер покдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
46.    Аёл киши ҳайзидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
47.    Нифосли аёл ҳам нифосидан пок бўлганидан сўнг ғусл қилиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
48.    Қўй, туя ва сигирнинг бирорта аъзоси кесиб олинса-ю, жонивор тирик қолса, кесиб олинган аъзо нажосатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
49.    Тирик жониворларнинг ёли, жуни ва юнгларидан фойдаланиш жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
50.    Сув билан истинжо қилиш саҳобалар ижмоъси билан суннат, дея аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
51.    Чўчқа (тўнғиз)дан бошқа "бисмиллоҳ" айтиб сўйилган ҳайвонларнинг териси ошлашлик билан покиза бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Молик (р.ҳ.) ҳаром ўлган ҳайвон териси пок бўлмайди, деган. Имом аш-Шофеъий (р.ҳ.) ва Имом Муҳаммад (р.ҳ.) ит ва фил териси ҳам пок бўлмайди, деганлар.
НАМОЗГА ТААЛЛУҚЛИ БЎЛИМ
1.    Беш вақт намоз – бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон ҳамда жумъа намози балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида ҳар бир мусулмонга фарзи айндир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
2.    Фарз намозларни адо қилишда тартибга амал қилиш уламолар ижмоъси билан фарздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
3.    Намозга қалбдан ният қилиш фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Тил билан ният қилиш жоиз бўлиб, мажбурий эмас.
4.    Намоз учун таҳорат, пок жой, қибла ва сатри аврат, намозда эса такбири таҳрима, қиём, қироат, рукуъ, сажда кабилар фарз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
5.    Пешин намозининг тўрт ракъат экани, қироъати махфийлиги, икки қаъдаси борлиги ва ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд учун қаъда қилинишига, ижмоъ қилдилар. Шунингдек, аср намозининг ҳам тўрт ракъат экани, махфий қироат қилиниши, икки қаъдаси борлигига; шом намозининг ҳам уч ракъат эканига, аввалги икки ракъатида жаҳрий (ошкора) қироат ва кейинги бир ракъатида махфий қироат қилинишига, аввалги икки ракъатдан сўнг ташаҳҳуд учун бир қаъда ва охирида яна бир қаъдаси бор эканига; хуфтон намозининг ҳам тўрт ракъатлигига, аввалги икки ракъатида жаҳрий (ошкора), кейинги икки ракъатда эса махфий қироат қилинишига, иккиқаъдаси борлигига ва ҳар иккинчи ракъатдан сўнг қаъда қилинишига; бомдод намозининг ҳам икки ракъат эканига ва ҳар икки ракъатида жаҳрий (ошкора) қироат қилинишига, охирида бир бор қаъда қилинишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
6.    Пешин намози вақтининг аввали, қуёш заволидан, яъни қуёш тиккадан оғган вақтдан бошланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Пешин намозининг охирги вақти ихтилофлидир.
7.    Шом намози қуёш батамом ботгач вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шом намозининг охирги вақти ихтилофлидир.
8.    Шафақ йўқолгач хуфтон намозининг аввалги вақти киради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат шозз (озгина) мухолифлар бор.
9.    Тонг отиши билан бомдод намози вақти киради, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
10.    Тонг отгач, қуёш чиқишидан илгари бомдод ўқиган киши ўз вақтида ўқиди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
11.    Шом намозини аввалги вақтида ўқиб олиш, охирги вақтига суриб ўқишдан афзал эканига, шунингдек, пешин намозини баланд ҳароратли кунлардан ташқари кунларда, аввалги вақтида ўқиб олиш афзал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
12.    Шом намозини таъжийли, яъни тезроқ ўқиб олиш афзал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
13.    Фақат ҳаж айёмида арафа кунида Арафот майдонида пешин ва аср намозларини, Муздалифада эса шом ва хуфтонни жамлаб ўқилишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
14.    Беш вақт фарз намозлари ва жумъа фарзи учун азон айтиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
15.    Азон жараёнида қиблага юзланиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
16.    Муаззин тик туриб азон айтиши суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
17.    Намозларга вақти кирганидан сўнг азон айтиш суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат бомдод бундан мустасно.
18.    Аёлларнинг азон айтиши макруҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
19.    Жунуб ва эҳтилом бўлган кимсанинг азон ва иқомат айтиши макруҳ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
20.    Намоз фақат ният билан дуруст бўлишига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
21.    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлашларида қўлларини кўтарар эдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
22.    Кимки намоз ўқиш учун такбири таҳрима айтса, у киши намозга кирган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
23.    Бир салом билан намозни тугатган кишининг намози жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
24.    Қўйлар қўрасида намоз ўқиш жоиз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Имом Шофеъий (р.ҳ.) кийимга қўй сийдиги сачрамаслик кераклиги шартини қўйган.
25.    Ҳайз кўрган аёлдан намознинг фарзи соқит бўлади, у намознинг адосини ўқимайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
26.    Аёл киши ҳайзли ҳолида қолдирган намозларини кейинчалик қазо қилиб ўқиши вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
27.    Аёл киши ҳайзли ҳолида қолдирган рўзаларини кейин қазо қилиб тутиб бериши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
28.    Намозда қасддан гапирган намозхоннинг намози фосид бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, намоз ишларидан бирортасини ислоҳ қилиш нияти билан зикрлардан бирортасини айтиш билан намоз бузилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
29.    Намозхонга ейиш ва ичиш ман қилинган, асло мумкин эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
30.    Намозида қасддан бирор нарса еган ё ичган намозхонга қайта намоз ўқиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
31.    Намозда табассум қилиш намозни бузмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
32.    Намоз ичидаги кулги намозни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
33.    Намозда қасддан таҳоратни сингдириш намозни бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
34.    Намозхон имомнинг адашганига ишора қилиб, унга билдириб қўйиш мақсадида “Субҳаналлоҳ” ёки “Аллоҳу акбар” деб гапирса намози бузилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
35.    Агар имом намозни таҳоратсиз бошладим, деб гумонга тушса ёки либосида нажосат бор эканини гумон қилса, ё таяммум билан намоз бошлаганини гумон қилса-ю қибладан юз буриб ортга қайрилса, агарчи масжиддан ташқари чиқмаган бўлса ҳам унинг намози фосид бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
36.    Имомга иқтидо қилган намозхонга ўзининг саҳви сабабли саждаи саҳв вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
37.    Имом саҳв саждасини қилса, унга иқтидо қилганлар ҳам саждаи саҳвқиладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
38.    Масжидларда жамоат бщлиб намоз ўқишнинг машруъ ва савобли амал эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
39.    Йўл бўйида бино қилинган масжидларда йўловчиларнинг қайта-қайта азонлар билан такрор-такрор жамоат бўлиб намоз ўқишлари макруҳ эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
40.    Балоғат ёшига етмаганларга жумъа намози вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
41.    Аёлларга жумъа намози вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
42.    Агар аёллар жумъа намозига келсалар ва имомга иқтидо қилиб жумъа ўқисалар, бу улардан пешин ўрнида қабул қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
43.    Ўз юртида муқим бўлган, ҳур, оқил ва болиғ (озод, ақли-ҳуши жойида ва балоғатга етган ) шахсларга жумъа намози вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
44.    Кўзи ожиз кишининг етакловчиси бўлмаса, жумъа намози унга вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
45.    Жумъа намозини икки ракъат, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
46.    Ўз юртида муқим бўлганлар жумъа намозини ўқий олмасдан қолдирсалар, унинг ўрнига тўрт ракат пешин намозини ўқийдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
47.    Саҳобалар ижмоъсига биноан жумъадан олдинги хутба фарз, ийд – ҳайит намозидан кейинги хутба эса суннатдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
48.    Ташриқ кунларида такбир айтишни аҳли илмлар вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
49.    Кўзи ожизнинг имомлиги кўзи соғломнинг имомлиги билан баробардир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Молик (р.ҳ) рухсат бермаган.
50.    Шаръий сафар масофасини кўзлаб сафарга чиққан мусофирлар пешин, аср ва хуфтонни қаср қилиб икки ракъатдан ўқийдилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
51.    Шом ва бомдод намози ҳеч қачон қаср қилинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
52.    Мусофирлар мусофирликлари давомида тўрт ракъатлик намозларини қаср қиладилар деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат мусофирлик муддатини аниқлашда ихтилоф бор.
53.    Сафарга чиққан кимса ўз қишлоғининг уйлари кўринмай қолган жойдан бошлаб тўрт ракъатлик намозларини қаср қилишни бошлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
54.    Муқим киши мусофир шахсга иқтидо қилса, имом бўлган мусофир икки ракъатдан сўнг салом беради, муқим эса намозини тўлиқ қилиб тамомлайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
55.    Намозда қиём қилишга қодир бўлмаган кимсага ўтириб намоз ўқиш фарз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
56.    Рукуъ ва саждага қодир бўлган намозхон рукуъ ва саждани тўлиқ қилмаса, намози жоиз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
57.    Узрли кимса сажда қилишда ерга фақат бурнини қўйса, саждаси жоиз бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
58.    Ҳайз кўрган аёлга намоз фарз бўлмайди, унинг қазоси ҳам фарз бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
59.    Намозни адосидан ожиз бўлгудек даражада оғир (фалаж, оёқ-қўлини ҳам қимирлата олмайдиган шол) бемор олти ва ундан юқори намозларни қолдириб сўнгра тузалиб кетса, қолдирган намозларнинг қазосини ўқимайди, агар олти вақтдан озроқ намозни қолдириб сўнгра тузалса қолдирилган намозлар қазосини ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
60.    Имомга иқтидо қилган одам намозда тиловат саждасини вожиб қилувчи оятни эшитса, унга сажда қилиш вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
61.    Аёл кишига ҳайз кўрганидан бошлаб шариат фарзлари юкланади, яъни балоғатга етган мукаллафа бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
62.    Сафарда юрган мусофир, муқимлик чоғида қолдирган намозини тўлиқ ҳолда қазо қилиб ўқийди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) қаср қилган ҳолда қазо қилиб ўқийди деган.
63.    Маст ҳолда ўқилган намозни қайта ўқиш вожиб бўлади, деб аҳли илмларижмоъ қилганлар.
64.    Душмандан қочиб хавфда юрган киши уловининг устида намоз ўқийверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
65.    Олди ва орқа авратларни намозда яшириш эркакларга вожиб бўлган амаллардандир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
66.    Балоғат ёшидаги ҳур аёл, модомики намозда экан, унинг боши ўралганҳолда бўлиши лозим, агар бошяланг намоз ўқиган бўлса, уни қайта ўқиши вожиб, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
67.    Ҳур аёлга юзи очиқ ҳолда намоз ўқиши жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, ҳаж мавсумида эҳром ҳолида ҳам шундайин юришлари жоиз, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
68.    Чўри аёл намозда бошини ўраб олиши лозим эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) чўрига бошни ўраш лозим, деган.
69.    Хуфтон намозидан кейин то тонгга қадар витр намозининг вақтидир, дебаҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
70.    Витр намозида уч ракатининг ҳаммасида қироат қилинади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
71.    Рамазон ойида таровеҳ намози суннат эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Унинг йигирма ракъат ўқилишига ҳам аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
72.    Фарз намозлар ёнида таъкидланган суннат намозлари борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат уларнинг сони ва қай ҳолатда ўқилиши борасида ихтилоф бор.
73.    Уч вақтда – қуёш чиқаётган, тиккага келган ва қуёш ботаётган вақтларда намоз ўқиш мамнуъ эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
74.    Қиблага юзлана олмайдиган одам, юзланиш имконияти бор тарафга қараб намоз ўқиши кераклиги борасида аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
75.    Икки ҳайит намозида ортиқча такбирлар борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат уларнинг сони борасида ихтилофлар бор.
76.    Фарз намозларни қолдирган одамга қазосини ўқиш фарз, бомдод суннатини қолдирган одамга эса суннатни қазо қилиш суннат, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
77.    Сажда оятлари ўн тўртта эканига: “Аъроф”нинг охирида, “Раъд”, “Наҳл”, “Бани Исроил”, “Марям” сураларида, “Ҳаж” сурасининг эса икки сажда оятидан аввалгисида, “Фурқон”, “Намл”, “Алиф-лом-мим, сажда”, “Сод”, “Ҳа-мим-сажда”, “Нажм”, “Иза-с-самааун шаққот” ва “Иқроъ” сураларида сажда оятлари борлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шулардан охирги учтасида, яъни, “Нажм”, “Иза-с-самааун шаққот” ва “Иқроъ” сураларидаги оятларда Имом Молик (р.ҳ.) сажда вожиб эмас, деган. Имом Шофеъий (р.ҳ.) эса, “Сод” сурасидаги оятда тиловат саждаси эмас, балки, шукр саждаси қилинади, деган. Қолганларининг барида фуқаҳолар ижмоъан тиловат саждаси қилинади, деганлар.
78.    Ҳаж сурасидаги иккита сажда оятидан биринчисида тиловат саждасини адо қилиш вожиб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Иккинчисида ихтилоф бор.
79.    “Хавф намози” саҳобаларнинг ижмоъси билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин машруъ бўлган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
80.    Каъбанинг ичида нафл намози ўқиш иттифоқан жоиз эканлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фарз намозини ўқиш жоиз эканида эса ихтилоф бор.
81.    Маййитни ювиш – ғусл қилдириш вожиби кифоядир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
82.    Эр вафот қилганида, ўлим иддасини бошлаган аёл эрининг жасадини ювиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Талоқи боинни иддасидаги аёл мустасно. Чунки талоқи боин никоҳни кўтариб юборади.
83.    Балоғатга етмаган гўдакларни, ёш болаларни ўлганида аёл киши ювиши –ғусл қилдириши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
84.    Маййитни ювиш худди жанобатдан ғусл олган каби ювилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
85.    Маййитни ювиб бўлгандан сўнг камида уч қават мато билан кафанлаш фарзи кифоя эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
86.    Ҳарир мато (ипак) билан эркак маййитни кафанланмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
87.    Маййитнинг кафанини ижмор қилиш – хушбўйлантириш мустаҳаб эканигааҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
88.    Маййитнинг кетидан – тобут орқасидан ёки дафндан кейин қабрга шам (олов) олиб бориш макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
89.    Туғилган чақалоқнинг ҳаёти маълум бўлса, яъни тирик туғилгани билинса, унга жаноза намози ўқилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
90.    Агар икки маййит бўлиб, бири қул ва иккинчиси ҳур бўлса, уларга жаноза ўқишликда, ҳурни имомга яқин қўйилади, қул ҳурдан кейин қўйилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
91.    Жаноза намозини ўқувчи аввалги такбирдагина қўлларини кўтаради, дебаҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
92.    Жаноза намозининг фарзи кифоя эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.Шунингдек, жаноза намозининг тўрт такбир билан адо қилинишига ҳам ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу халифалик чоғида ижмоъ қилинган.
93.    Одил ҳукмдорга қарши чиққан боғийларга жаноза ўқилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Имом Шофеъий (р.ҳ.)нинг хилофи бор.
94.    Маййитнинг жанозасини ўқиб беришга маҳалла имомидан кейин унинг яқин қариндошлари ҳақли бўладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
95.    Маййитни дафн қилиш барча мўъминларга вожибдир. Уни тарк қилиш асло мумкин эмас. Баъзи мусулмонлар маййитни дафн киришадиган бўлсалар, бошқаларнинг зиммасидан дафн этиш вожиблиги соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
96.    Зарурат бўлмаган вақтда бир қабрга бир маййит дафн этилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
ЗАКОТ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ
1.    Закот китоб (Қуръон), суннат ва ижмоъ билан фарздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
2.    Закотда ният фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Закот бериш асносида қалбдан ният қилиш лозим.
3.    Туя, сигир ва қўйлардан закот вожиб эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
4.    Адади бештадан кам бўлган туяларда закот вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
5.    Бешта туяда бир қўйни закот қилиш вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
6.    Қирқтадан оз қўйларда закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
7.    Қирқта қўйда токи бир юз йигирматагача бир қўй вожиб бўлади. Бир юз йигирмадан ортса, то икки юзтагача иккита қўй вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
8.    Қари моллар сигир ҳукмидадир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
9.    Нисобда қўй ва эчкилар бирлаштириб ҳисоб қилинади, деб аҳли илмларижмоъ қилганлар.
10.    Нисобда туяни қўй ва сигирга бирлаштирилмайди, шунингдек, сигирни ҳам туя ва қўй билан бирлаштириб, нисоб ҳисоб қилинмайди, деб аҳли илмларижмоъ қилганлар. Яна, бу жониворларнинг ҳар бирида то ўз нисобига етмагунларига қадар, закот соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
11.    Нисоб миқдорича туялар эгаси ўз туяларини олти ой боқиб, сўнгра уларни мол-сигирларга алмашса, йил айланиши кесилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, юқоридаги сувратда мол-сигирларга эга бўлган кундан бошлаб бир йил ўтиши билан ҳайвонлар закоти вожиб бўлади. Туялар билан ўтган олти ой туяларни сотган вақтида бекор бўлган.
12.    Йил айланиб тўлди-ю, закотни адо қилишдан олдин нисобга талофат етиб мол ҳалок бўлса, яъни, агар нисоб эгасида, закотни адо қилишга имкон пайдо бўлишидан олдин мол ҳалок бўлган бўлса, бу ҳолда закот соқит бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
13.    Мевани шохида турган ҳолида қуритиб қоқи қилувчи деҳқон, бирон мевани, масалан узумни шоҳи билан, дарахтидан синдириб олмай туриб, жойида турган ҳолида қоқи қилса-ю, унга бирон офат келиб меваларига талофат етса, бу ҳолда деҳқонга бирон нима вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
14.    Икки юз дирҳамдан беш дирҳам закот берилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
15.    Агар тилло йигирма мисқол вазнича бўлиб, унинг қиймати икки юз дирҳамга тенг бўлса, ундан закот вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.) қирқ динордан озида закот вожиб эмас, деган.
16.    Агар тиллонинг вазни йигирма мисқолдан кам бўлса, шунингдек, унинг қиймати ҳам икки юз дирҳамга етмаса, ундан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
17.    Кумуш ёки тиллода нисобни тўла қилиш мақсадида қиймат эътиборга олинмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, бир кишининг кумушдан ясалган товоғи бор. Товоқнинг вазни юз дирҳам. Аммо, қиймати унинг бўёқ ва безакларининг эътибори билан икки юз дирҳамдан ошади. Шу ҳолатда товоқнинг эгасига кумушдан закот вожиб бўлмайди.
18.    Топиб олинган хазинадан бешдан бирини давлат хазинаси (байт ал-мол)га топшириш топиб олувчига вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
19.    Эгасининг қўлида мол бир йил турмас экан, яъни бир йил бўлмагунча ундан закот бериш вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
20.    Бир йил тўлиқ ўтиши билан мол эгасига закот вожиб бўлади, бир йилдан кейин закот берган кишининг закоти дуруст бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
21.    Мукотаб – хўжаси билан озод бўлиши учун шартнома тузган қул то озод бўлгунига қадар, унинг молидан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Абу Савр (р.ҳ.) мукотабга ҳам закот вожиббўлади, деган.
22.    Фитр садақасининг ҳукми фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
23.    Киши ўзининг номидан, шунингдек, фақир гўдакларининг номидан фитр садақасини адо қилиш имконига эга бўлса, унга фитр садақаси вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
24.    Мусулмон бой кимса ўз қулининг номидан ҳам фитр садақасини адо қилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
25.    Зиммийлар модимики муқим экан, уларнинг молидан закот вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Улар тижорат ниятида чегарадан ўтсалар, уларнинг молларидан бож олинади.
26.    Зиммийга, яъни мусулмонлар юртида яшаётган ғайридинга мусулмон қулининг номидан фитр садақасини бериш вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
27.    Аёл киши эрга тегишидан олдин, ўзи учун щз мол-мулкидан фитр садақасини бериши вожиб, деб ижмоъ қилдилар.
28.    Онасининг қорнидаги ҳомилага фитр садақаси вожиб бўлмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳомила номидан фитр беришлик вожиб эмас, аммо мустаҳаб деган.
29.    Аҳли зиммадан бирортасига закот молидан берилмайди, кофирларга закот садақаси берилмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
30.    Тижорат учун олинган моллардан бир йил ўтиши билан закот вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
31.    Тижорат учун олинган ҳайвонларда ҳайвон закоти эмас, балки, тижорат закоти вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни ҳайвон агар тижорат мақсадида сотиб олинган бўлса, унинг сони қанча бўлишидан қатъи назар қиймати ҳисоб-китоб қилинади.
32.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам даврларида ул зоти шарифнинг ўзларига, ул зотнинг элчиларига, закот ишига мутасадди бўлган ходимларга ва уларга элтиб бериш буюрилган кишиларга закот берилар эди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу масалада кўрсатилганларзакотни еювчилар эмас, балки асл масрифига етказиб берувчилардир.
33.    Закотни ундириш вазифаси Ҳазрати Усмон (р.а.)нинг даврларига қадар айнан султоннинг зиммасида эди. У кишининг замонасига келиб саҳобалар ижмоъ билан закотни ундириш вазифасини султоннинг вакилларига топширдилар. Шу-шу қарзларни ундириш султон вакилларига ўтди, ҳатто энди султоннинг шахсан ўзи фуқародан закот қарзларини униришга ҳаққи йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
34.    Кўмиб қўйилган моллар унутилиб, бир қанча йиллардан кейин топилса, шунингдек, бировга омонат қўйилган мол унутилиб, бир қанча йиллардан кейин ёдга тушса, орада қолган йиллар учун ҳам закот вожиб бўлади, аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
35.    Шахсий ҳовлиси, улови, ходимлари бор киши модомики уларга муҳтож экан, закот олишлиги мумкин. Шунингдек, бойларнинг бу ҳолдаги кишиларга закот бериши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
36.    Ояти каримадаги "Муаллафати қулубиҳим" – қалби исломга мойил бўлган кофирларга закот бериш мумкинлиги ҳақидаги ҳукм ислом кучайганлиги ва мусулмонлар кўпайганлиги сабабли амалдан қолдирилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Айрим шофеъийларгина ундан ўзгача фикр билдирганлар.
37.    Инсон ўз ота-онасига закот бермайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, ота-онасининг нафақа-таминоти фарзандлар зиммасидир.
38.    Эр киши ўз аёлига закот бера олмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Чунки, ҳотиннинг нафақаси эрининг зиммасидадир. Эрнинг бойлиги хотиннинг ҳам бойлигидир.
39.    Масриф аз-закотнинг, яъни закот олиш мумкин бўлганлар мусулмон бўлишлари шарт, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, ушр ва закот садақаси фақат мусулмонлардан иборат масрифга берилади.
РЎЗА ВА ЭТИКОФ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ
1.    Рамазони шариф ойининг аввалида "Шу ой рўза тутаман", деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиздир. Ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам, рўзаси дуруст бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
2.    Рўзада ният фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Рўза тутиш аввалида қалбдан ният қилиш лозим.
3.    Саҳарлик мандуб-мустаҳаб-суннат амалдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Яъни, саҳарликка туриш вожиб эмас. Саҳарликка турмасданрамазон рўзасини тутишга ният қилган кимса гуноҳкор бўлмайди.
4.    Рўзадорга емоқ, ичмоқ ва жимоъ қилмоқни Аллоҳ таоло ҳаром қилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
5.    Рўзанинг саҳиҳ бўлиши учун аёллар нифос ва ҳайз қонидан пок ҳолда бўлишлари шарт, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
6.    Ҳайз кўрган аёллар Рамазон ойида қолдирган рўзаларининг қазосини адо қиладилар, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
7.    Шак кунида рўза тутиш макруҳдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Фақат бундан одатий рўза тутиб юрганлар мустаснодир.
8.    Рўза тутиш учун ҳилолни кўриш вожибдир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Нечта одам кўриши лозимлиги борасида ихтилоф бор.
9.    Рўзадорга қусқи ғолиб бўлиб қусиб – қайт қилиб юборса, унинг рўзасига путур етмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Ҳасан ал-Басрий (р.ҳ.)бир ривоятда ижмоъга мувофиқ фикр билдирган, бошқа ривоятда эса: рўзаси бузилади, деган.
10.    Қасддан қайт қилган кишининг рўзаси ботил бўлганига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
11.    Рўзадорнинг ичидан бир нима чиқиб келса-ю, аммо, оғзидан ташқарига чиқмасдан яна ичига қайтса, қайтган таом оғизни тўлдиргудек бўлмаса, демак, у рўзани бузмайди, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
12.    Оғизни тўлдириб келган қайт – қусқи рўзани бузади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
13.    Рўзадорнинг тишлари орасида қолган таом қолдиқлари, унинг сўлаги билан ичига ютилса, бунинг рўзага зарари йўқ, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
14.    Икки ой кетма-кет каффорат рўзасини тутиши лозим бўлган аёл рўза тутиш жараёнида ҳайз кўрса, пок бўлган кунидан каффоратни давом эттириб кетаверади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
15.    Ёши улуғ қариялар рўза тутишдан ожиз бўлсалар, уларга рўза тутмасликларига рухсат берилади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
16.    Икки байрам – рўза ва қурбон ҳайитлари куни рўза тутишликдан қайтарилган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, ташриқ кунлари ҳам рўза тутилмаслик кераклигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
17.    Эътикоф инсонларга фарз эмас, балки суннатдир. Назр қилиш йўли билан ўзига вожиб қилганларга эътикоф вожиб бўлади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
18.    Масжид ул-ҳаромда, Масжид ун-набавийда ва Масжид ул-ақсода эътикоф ўтириш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Шунингдек, барча масжиди жомеъларда эътикоф ўтириш мумкинлигига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
19.    Эътикоф ўтирувчи кимса эътикоф ўтирган жойидан қазои ҳожати учун чиқиши мумкин, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
20.    Эътикоф ўтирган кимса аҳли аёли билан яқинлик қилишдан ман қилинган, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
21.    Эътикоф ўтирган киши аёлига қасддан яқинлик қилса, у эътикофини бузган ҳисобланади, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
22.    “Фалончи келадиган кунда мен рўза тутаман!” деб қасам ичган киши саҳар вақтидан кейин таомланиб олганидан сўнг айтилган кимса келса, қасам ичувчига куннинг қолган қисмида ўзини таомдан тийиб юриши вожиб эмас, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
ҲАЖ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДАГИ БЎЛИМ
1.    Ҳаж мусулмон, балоғатга етган, соғлом кимсага умрида бир марта фарз эканига аҳли илмлар ижмоъ қилганлар.
2.    Ҳаж турлари учтали


9 йил аввал 7244 Ботирали Алишер Ўғли
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
9 йил аввал 6087 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
9 йил аввал 5981 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
9 йил аввал 6325 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
9 йил аввал 5124 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
9 йил аввал 5700 fiqh.uz