Музораба ширкати


•         Музорабанинг таърифи, унинг шариатда борлиги ва татбиқ этиш кайфияти;

•         Музорабанинг икки турга бўлиниши;
•         Музорабанинг шартлари;
•         Музорабанинг ҳукмлари ва сифати;
•         Ислом банкларида музорабанинг фойдали ишлаб чиқариш воситаси бўлаётгани;
•         Ижтимоий ишлаб чиқариш учун шерикчилик музорабаси.

Музорабанинг таърифи, унинг шариатда борлиги ва татбиқ этиш кайфияти

Музораба сармоя эгаси билан музораба ишини юритувчи (бундан кейин ишчи дейилади) тажрибали ишчи орасидаги тижорат шартномаси бўлиб, ҳар келишув ниҳоясидаги фойда улар ўртасида келишилган нисбатга кўра тақсим қилинади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасига юкланади. Музораба амалини юритувчи эса бу жараёнда иш ёки жидди-жаҳдига куяди. Яъни ушбу шартномада сармоя эгаси бир тараф, ишни идора қилиш ва сармояни тасарруф қилиш иккинчи тарафдан содир бўлади.

Музораба шартномаси билан икки тарафнинг, сармоя эгаси ва ишчининг манфаатлари юзага чиқади. Биринчи тарафнинг сармояси бўлсада, лекин у билан тижорат қилишда вақти ёки тажрибаси бўлмайди. Иккинчи тарафнинг эса тижорий ишларда билими бўлади-ю, лекин ушбу билимни амалда қўллаш учун баъзан маблағи бўлмайди.

Музорабанинг шариатда жоизлигига тижоратни мубоҳ қилган қуръоний оятларнинг умумий ёки  мутлақ маънолари далолат қилади. Аллоҳ таоло “Муззаммил” сурасининг 20-оятида марҳамат қилади:
“...ва бошқалари ер юзида юриб, Аллоҳнинг фазлини ахтаришини...”
Бақара сурасининг 198-оятида шундай дейди:
“Сизга ўз Роббингиздан фазл исташингизда гуноҳ йўқдир”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик даврларида Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳонинг моллари билан Шом шаҳрига бориб музораба қилганларини рисолат келгандан кейин иқрор қилдилар.

Саҳобалар музораба билан шуғулланишар, улардан бирортаси бу ишга қарши чиқмас эди. Турли асрларда музорабанинг жоизлигига бутун уммат ижмоъ қилиб келди.

Музорабани амалга ошириш ёки татбиқ қилиш осондир. Банк ёки ундан бошқа тараф сармоя эгаси сифатида молни тақдим қилади. Иккинчи тараф эса фойдадан келишилган муайян ҳисса муқобилига ушбу молни самарадор қилиш майдонида ишлайди.

Музораба муддати ниҳоясида, бирор шартнома бажариб бўлингач ёҳуд тижорий режа охирига етгач ёки даврий босқичлардан ҳар бир босқич амалга ошгач ва ёки тижорий босқичлардан аксари босиб ўтилгач, нақд пул қўлга тушса, сарф ҳаражатлар қопланиб, қолган соф фойда келишувга кўра тақсимланади. Шунга кўра шериклик музорабада талофат ва ғасб қилинган маблағлардагидек, нақд пул эмас, балки тақдирий қиймат ҳам фойдага қолиши мумкин. Бунда уларнинг мислини тақсимлаш имконсиз бўлганидан, қийматларини чиқариб тақсим қилинади.

Қачон зиён бўлса ушбу зиён сармоя эгаси сифатида банк ёки унинг ўрнидаги бошқа сармоядорнинг зиммасида бўлади. Банк фойдаларни тақсимлашдан олдин сармояни қайтариб олади. Бу: “Фойда сармояни сақлаш учундир” қоидаси асосида бўлади. Қачон тижорий амалиёт тугашидан олдин фойда тақсимланса, бу ҳисобга кўра ва сармоя бутун қолиши юзасидан бўлади.

Музорабанинг икки турга бўлиниши
Музораба мутлақ ёки қайдланган бўлади.
Мутлақ музораба бирор қайдларсиз тамомига етади. Бунда банк молни музорабага бериб, иш, макон, замон, амалнинг сифати ва ишчининг ким билан муомала қилишини белгиламайди.

Қайдланган музорабада эса айрим қайдлар келтириб ўтилади. Бунда банк молни бошқа шахсга берар экан муайян товарда ёки муайян шаҳар ёки бозорда, маълум вақт орасида  ишлашини белгилаб қўяди. Ёки фақат маълум шахс билан муомала қилишни қайд этади. Шунга кўра сармоядор ишчига бозорнинг урфида муайян фойда келтирадиган савдо молидагина тижорат қилишни шарт этиб қўйиши ҳам жоиздир.

Музорабанинг шартлари
Музорабанинг тўғри бўлиши учун унда бир неча шартлар топилиши лозимдир.

1-      Сармоя тижорий товарлар ёки савдо моллари бўлмай, балки нақд пул бўлиши шартдир. Шофеъийлардан бошқа фуқаҳоларнинг жумҳури музорабани савдо моллари билан қўшиб қилишни ҳам жоиз дейишган. Бунда музораба шартномасини тузиш пайтида ўша савдо молларининг қиймати чиқарилиб, шу қиймат музорабанинг сармояси деб эътибор қилинади;

2-      Шартнома пайтида сармоянинг миқдори токи фойда эгаларига тақсимлангунга қадар маълум бўлишлиги шартдир. Агар сармоя номаълум бўлса, сармоядан ортган фойдани аниқлаб бўлмай қолади.

3-      Сармоя зиммадаги муомала ва ишчининг қўлига олиш имкони йўқ ғоиб маблағ бўлмай, балки муайян қўлдаги маблағ бўлишлиги шарт. Ишчи зиммасидаги қарздан уни эгасига топширмагунча қутила олмайди. Ишчи амалда қарзни ҳақдорнинг рухсати билан қарздордан олса, уни музорабанинг сармояси қилишлиги жоиздир. Худди шунингдек омонатни ҳам қўлига олгач, музорабанинг сармоясига айлантириши мумкин.

4-      Жумҳур фуқаҳоларнинг қарашларига кўра, сармояни ишчининг қўлига тижорат тақозосига кўра ишлата оладиган тарзда топширишлиги шартдир. Ҳанбалийлар, сармоянинг эгасида туриши ва эҳтиёжга қараб уни ишчига бўлак-бўлак бериши жоиз, чунки музораба шартномаси молни топшириш эмас, балки уни мутлақ тасарруф қилишни тақозо этади, дейишади.

5-      Икки тараф шартномада фойданинг оз ёки кўп бўлишидан қатъий назар ярим ёки учдан бир каби маълум нисбатда тақсимлашга келишиб олишлари шартдир. Бу фойдадаги шерикчиликнинг асосида бўлади. Аммо зиён ёлғиз сармоя эгасининг зиммасида бўлиб, ишчига эса ундан бирор нарса юклатилмайди. Чунки зиён сармоянинг нуқсонга учрашидир. Сармоянинг эгаси эса сармоядордир. Шунга кўра сармоядор ишчига сармоя билан қўшиб маълум маблағни ёки молдан муайян фоизни бериш шартини қўйиши жоиз эмасдир. Лекин ишчи сармоя эгасига сармоянинг ўзидан фойдалар ҳисобига кўра маълум нисбатда бериб туриши жоиз бўлади.

6-      Фойда миқдорининг маълум бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартнома шунинг устига қурилади. Фойданинг номаълумлиги шартномани фосид қилади. Шу билан бирга ҳар икки тарафнинг насибаси келишилган ҳолда бўлакларга бўлинадиган бўлиши ҳам шартдир. Чунки шартноманиг тақозоси фойдадаги шерикликдир. Икки тарафнинг бирини қўйиб, иккинчисига аниқ ёки муайян миқдорни белгилаб қўйиш жоиз эмас. Чунки бунда фойдадаги шерикчилик асоси йўққа чиқади. Лекин сармоядор ишчи билан муайян нисбатдаги фойдадан зиёда бўлса, ушбу зиёда ишчининг ўзига бўлишини келишиши мумкин. Мисол учун юздан ўн фоиз фойда белгиланган бўлиб, ишчи юздан ўн беш фоиз фойда кўрса, ортган ушбу беш фоизни ишчига беришни келишишлари жоиздир. (Чунки бунда ишчини ўз ишига рағбатини орттириш кўпроқ фойда олишга ундаш бор). Шунга кўра музораба шартномасида ислом банки ва тадбиркорнинг ҳиссаси, ортган ҳиссанинг баёни ва музораба жараёнидаги фойда миқдорини билиб бориш кабилар ҳам белгилаб қўйилиши керак.

Музорабанинг ҳукмлари ва сифати

Тўғри музорабанинг бир неча шаръий ҳукмлари бордир:

1-      Шериклик музораба жоиздир. Бунда ишчи ўзининг хос молларини музораба молларига қўшиб юборади. Натижада у сармояда ҳам шерикка айланади. Шундан кейин сармояни тасарруф қилади ва фойда ҳар бир шерикнинг сармояси нисбатида тақсим қилинади.

2-      Ишчининг бир нечта бўлишлиги ҳам жоиздир. Бунда сармоядор музораба қилиш учун бир шартноманинг  ўзида икки ёки ундан кўп кишига ўз молини беради. Ишчиларнинг тажрибаси ва амалига қараб фойда миқдорлари тенг ёки ҳар хил бўлишлиги мумкин.

3-      Сармоядорнинг музорабадан кўзланган мақсад юзага чиқиб, фойда ҳосил бўлишида музораба амалиётини қийинлаштирмай, айрим фойдали қайдларни белгилаб қўйишининг зарари йўқ. Шундай чоғда ишчи қўйилган шарт ёки қайдларга амал қилмаса, у ғасб қилувчи бўлиб, (зиёнга учраса) сармояга зомин бўлади.

4-      Ишчи тижорат урфига кўра ижара ёллаши ёки ўзига қийин бўлган ҳар бир ишда ҳодим ёллаши ҳам жоиздир. Яна музораба молини бошқа кишининг ҳузурида омонатга қўйишлиги ҳам мумкин. Чунки омонатга қўйиш тижорат заруратларидандир. Шу билан бирга олди-сотди ишларида вакил тайин қилиши, музораба молини ўзи билан сафарга олиб чиқиши ҳам ишчининг ҳуқуқларидан ҳисобланади. (Албатта булар юқорида кўриб ўтганимиздек, сармоядор қўйган қайдларга қарши чиқмаслиги лозим).

5-      Ишчининг қўлидаги музораба моли омонат ҳисобланади. Ушбу мол талофатга учраганда ишчи уни тўлаб бермайди. Фақат унинг айби билан, ҳаддидан ошиш ёки бепарволиги сабабли талофатга учраса тўлайди. Сармоядор шундай ҳолатларда сармояни тиклаш учун ишчидан (сармоя миқдорида) гаров талаб қилиши жоиздир. Ёки ишчининг бепарволиги сабабидан сармояга зарар етишини тўлдирадиган кафил талаб қилиши ҳам мумкин. Лекин сармоядор ишчининг зиммасига сармоя ёки фойданинг (табиий) талофатида зоминликни юклаши жоиз бўлмайди. Чунки ишчи сармояга нисбатан омонатдор шахс холос. Омонатдорга зоминликни юклаш ботилдир. Шарт ботил бўлсада музораба шартномаси тўғри бўлаверади[1]. Зеро бундай ҳолатда ишчининг шерикликдаги сармояга зомин бўлиши, рибо зиёдасини тўлаб беришга ўхшаш муомалага айланиб қолади.

6-      Ишчи музорабанинг фойдасига мувофиқ тарзда иш юритиши керак. Музораба молидан бирор нарсани қарз ёки эҳсон қилишга ҳаққи йўқ. Ёки сармоядан кўп миқдордаги нарсани сотиб олиши, музораба молига бошқани шерик қилиши ҳам тўғри бўлмайди. Лекин сармоядор русат берса ёки ишни ўз фикрича юритишни унга топширган бўлса шу ишларни қилишлиги жоиздир. Ишчининг молни насияга сотиши ва кишиларга молнинг урфий нархидан ошириб сотиши жоизми, деган масалада икки хил фикр бор. Бу фикрнинг кучлироғи урфга қараб қайдлашликдир. Сармоядорда ишчининг зиммасига фақат нақдга сотишни шарт қилиб қўйишлик ҳаққи бор. Шунда ишчи насияга сотса ва (зиён кўрса ёки пулни ундира олмаса) ўзи тўлайди.

7-      Ишчида музораба молидан ибзоъ қилиш ҳуқуқи бор. Ибзоъ кишига фалон шаҳардан товар сотиб олиши учун мол беришдир. Шунда у киши иши учун эваз олмайди. Мана шу ҳолдаги фойданинг барчаси сармоя эгасига бўлади. Музораба ишини юритувчига бу фойдадан ҳисса тегмайди. Чунки мол омонат бўлиб, ушбу омонатнинг барча ҳосиласи унинг эгасига тегишлидир. Улар тижорий ҳисоботлар орасига кирмайди. Яъни ибзоъ иш билан мол орасидаги шериклик бўлиб, ишчи ўз ишини кўнгилли тарзда қилади, фойданинг барчаси мол эгасига бўлади.

8-      Ишчи фойдадаги ўз ҳиссасини фақат сармоядорнинг рухсати билангина олиши мумкин. Сармоя тўлдирилмагунча фойдадан ололмайди. Чунки “Фойда сармояни сақлаш учундир”. Қачон зиён бўлса сармоя дастлаб фойдадан тўлдирилади. Ҳудди шунингдек музораба амалиёти ниҳоясига етмай фойда тақсим қилинган бўлса-ю, сўнгра сармояга зиён етса, ўша тақсим қилинган фойдадан сармоя ўрнига келтирилади.

9-      Ишчи мол нақд пулга айланмай ва сармоядор сармояни қўлига олмагунча фойда олишга ҳақли бўлмайди. Лекин назарий жиҳатдан ислом банклари билан шерикчилик алоқалари маълум вақт ва давомийлиги, ижтимоий тижорат ва тадбиркорларнинг (маблағни) чиқариб олишлари сабабли нақд бўлмаган маблағларнинг қийматини чамалаб бориш тўғридир. Ислом фиқҳи академияси 4-мажлис, 5-қарор 6-моддасида шундай қарор қилди: “Тақсимлаш маҳали  шаръий маънодаги фойдадир. Фойда самара ёки натижа эмас, балки сармоядан зиёда бўлган нарсадир. Фойданинг миқдори молнинг нақд пулга айланиши ёки молнинг нақд пулга айлангандаги қонуний қиймати билан билинади. Мол нақд пулга айланганда ёки унинг қиймати чиқарилганда сармоядан ошгани фойдадир. Ушбу фойда акциядор билан музораба ишининг юритувчиси орасида шартнома шартларига мувофиқ тарзда тақсим қилинади”. 7-моддада шундай дейилади: “Фойда зоҳир бўлганда унга нақд пул билан ёки қиймат билан эга бўлади. Бу ҳам фақат тақсим билан ва самара ёки натижани келтирган қонуний нисбат билан амалга ошади. Чунки самарани тақсимлаш жоиздир. Мол нақд бўлишидан олдин икки тараф тақсимлаб олган нарса умумий ҳисобнинг остига киради. (Яъни ҳудди аванс сифатида олгандек ҳисоб қилинади)”.

10-  Музорабадаги сармояни учинчи тараф (яъни музораба шартномасини тузувчилардан бошқа тараф) кўнгилли тарзда тўлаб бермоқчи бўлса унга тўсқинлик қилинмайди. Яъни бу ўша учинчи тарафнинг совғаси ҳисобланади. Хайрия ишларида ноаниқликлар  кечирилади. Бу ўринда йўқотилган воқеъликдаги фойдани эмас, балки  фақат сармоянинг аслига етган нуқсонни тўлдириш кўзда тутилмоқда. (Йўқотилган касб ёки зое қилинган фурсат воқеъликдаги фойда эди. Яъни сармоядорнинг сармоясини тўлашни зиммасига олган тараф ишчининг ҳам зое бўлган фурсатини тўлаб берсин, дейилмайди. Хайрия ишларида шу каби ноаниқликлар яъни фақат бир тарафга манфаат етказиш кабилар қабул қилинаверади). Хайрия қилмоқчи бўлган тараф сармояни тўлдириш билан чегараланади. Ишчининг сармоядорга сармояни тўлаб бериши тўғри бўлмайди. Зеро бу музораба шартномасининг тақозосига зиддир.

Ислом фиқҳи академиясининг қарори 4-5-рақамдаги 9-бандда қуйидаги матн келади:

“Шу ўринда музораба шартномасини тузувчи икки тарафдан молиявий зимма ва шахсиятида мутлақ мустақил учинчи тарафнинг шартнома матнида ёки қарз олди-берди муомаласи ҳужжатида кўнгилли равишда зарарни тўлаб бериш ваъдасининг ёзилиши шаръий жиҳатдан нотўғри дейилмайди. Учинчи тарафнинг ҳеч қандай эвазсиз муайян режадаги зарарни қоплаши музораба шартномасига аралашган эмас, балки мустақил тарздаги лозим шартномадан ҳисобланади.

Яна шунингдек музораба ишини юритувчи ишчи музораба шартномаси тузиб бўлингач ва у сармояни тасарруф қилишни бошлагач, кўнгилли равишда сармояни тўлаб беришни зиммасига олишлиги жоиз бўлади, деб айрим моликий фуқаҳолар айтишади. Ибн Зоб, Ибн Башир ва унинг шогирди Ибн Итоб шулар жумласидандир. Яъни музораба шартномаси зоминлик шартидан холийдир. Лекин бу шарт шартнома тузилгандан кейин юзага чиқади. Гарчи шартнома ва тўлаб бериш шарти умумий кўринишда бўлса ҳам, ишчи зоминликни алоҳида зиммасига олишидан қайтарилмайди. Аммо банк омонат эгалари билан бирга шартнома тузар экан, унга ўз ишлаб чиқариши зоминлигини ёки фойдадан маълум миқдорни тўлаб бериш шартини қўйиши жоиз бўлмайди. Чунки музораъада бундай шартнинг жоиз эмаслиги суннатда собит бўлгандир. Ушбу зоминлик ишлаб чиқаришда ноқонуний деб тақдим қилинади[2].

11-  Барака банкининг илмий фатволарида ворид бўлишича, музораба шартномасининг бошида сармоядорнинг музорабадаги ҳиссасини муайян нисбат билан белгилаб қўйишлик жоиз бўлади. Ва ушбу нисбат фойда сармоядан муайян нисбатга етганда ўзгаради. Бу ҳисоб китоблар ҳукмий нақд пулга айлантирилганда маълум бўлади. Б-бандда айтилишича, сармоядор ишчини музораба сармоясида муайян нисбатдаги фойдадан камига ишламаслигини қайдлаб қўйишлиги мумкин.

12-  Ишчи музораба иши юзасидан сафарда бўлса емоқ-ичмоқ ва кийим ҳаражатларини фойдадан олади. Агар фойда бўлмаса сармоядан ҳам олади. Аммо муқимдалик чоғида эса ушбу ҳаражатларни ўз молидан қилади. Фақат музораба амалиёти ишчининг кунлик ҳаражатларини топишдан машғул қилиб қўйса, уларни музораба молидан ишлатади. Шунга кўра ҳар бир музораба амалиёти унинг фойда келтиришга хос бўлган ҳаражатларини кўтаради. Аммо идорий ҳаражатлар ёлғиз банкнинг зиммасида бўлади. Ишчининг зиммасида бўлмаган ҳисоб-китоб ишлари амал ҳаражатларини ҳам банкка юклатилади. Банк ёки ишчи музораба сармоясидан маълум маблағни ойлик сифатида ажратиб қўйиши мумкин. Бу музораба ҳимоясига юклатилган сарф-ҳаражатлар эътиборидан бўлади. Яъни бу фойда тақсимланишдан олдин ва сармоя қайтарилгандан кейин фойдадан чиқариб ташланади[3]. 

13-  Моликий ва Ҳанбалийларнинг қарашларига кўра қарз учун, музораба учун, тараққиёт учун, ишсизларга иш ташкил қилиш учун ва садақа учун сармоядор ҳиссасидаги фойдадан нақд пулларни вақф қилиб қўйишлик жоиздир. Ибн Таймия ҳам шу фикрни қўллаган[4].

14-  Музораба шартномаси бошқа шериклик шартномалари каби жоиз ақдлардандир. Амалга киришишдан олдин ҳам ёки кейин ҳам уни охирига етказиш мажбурий бўлмайди. Икки тараф ҳам хоҳлаган пайтида шартномани бузишлари мумкин. Лекин бунда бузаётган тараф шеригини огоҳлантириши шарт. Агар огоҳлантирмаса у зарар кўриб қолиши мумкин. Аммо моликийларнинг айтишича, музораба ишига киришилгандан кейин бу шартномани ниҳоялаш икки томонга ҳам мажбурий бўлади. Уни бузиш учун икки тараф келишишлиги шарт. Зарурат юзасидан ушбу фикрни олса яхши бўлади. Бунда ишчи музораба ишини бошлагандан кейин музораба шартномасини бузиб бўлмайди.    


[1] Ислом фиқҳ академиясининг 4-модда, 5-қарори, 4-бандида шундай дейилади: “Музораба ишини юритувчининг сармояни ёки маълум фойдани ёҳуд сармояга тегишли ҳолатларга зоминлиги шартнома матнида очиқ-ойдин ёки зимдан кўрсатилган бўлса ҳам, ушбу зоминлик шарти ботил бўлади. Ишчи ўзининг музораба фойдасига ҳақли бўлаверади”.
[2] “Банк татбиқотларига шаръий жавоблар” доктор Абдуссаттор Абу Ғудда 102-164 саҳифа.
[3] Абу Ғудда. Юқоридаги манба 93-саҳифа.
[4] “Мажмуъул фатово” 31/234.



Муаллиф: Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий.
Китоб номи: “Замонавий молиявий муомалалар”.438-445 саҳифалар.
Нашриёт: “Дорул фикр” Дамашқ. 2002 йил
Таржимон: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Котиб: Аброр Мухтор Алий

Савол: Музорабага пул олган киши олган маблағларини бошқа бировга музорабага бериши жоизми?
Жавоб: Агар сармоя эгаси музорибга ўзингиз билган тарзда иш юритавер деб айтган бўлса, яъни фалон шаҳарда фалон нарсаларнинг савдоси билан нақд ёки насияга фалончилар билан деган шартларни қўймаса, музориб дастмояни бошқа бировга музорабага ёки шерикчиликка бериши мумкин.

وَيَمْلِكُ الْمُضَارِبُ فِي الْمُطْلَقَةِ الَّتِي لَمْ تُقَيَّدْ بِمَكَانٍ أَوْ زَمَانٍ أَوْ نَوْعٍ الْبَيْعَ... بِنَقْدٍ وَنَسِيئَةٍ مُتَعَارَفَةٍ، وَالشِّرَاءَ وَالتَّوْكِيلَ بِهِمَا، وَالسَّفَرَ بَرًّا وَبَحْرًا.

“Макон, замон, олди-соттининг тури, нақд ва насия тайин қилинмаса музориб одатдаги нақд ва насияга савдо қилишга, сотиб олишга ва вакил қилишга, қуруқлик ва денгизда сафар қилиш ҳуқуқига эга бўлади” (Раддул муҳтор).

Музориб дастмояни ўз иҳтиёжларига ишлатиб юбориб, дастмоя эгасига фойда бериб туриши
Савол: Бир киши тижорат мақсадида бировдан маблағ олса, лекин уни тижоратга тикмай ўз иҳтиёжларига сарф қилиб юборса ва келишилинган муддатда фойда тариқасида маълум маблағ бериб турса, дастмоя эгаси бундан беҳабар фойдани олиб юрса, унинг олган маблағи ҳалол бўладими?
Жавоб: Бу суратда ҳукм шуки, музорабага пул олган киши уни тижоратга тикмасидан аввал қўлда турган сармоя омонат саналади. Уни бошқа жойга сарфлаб юборса, бунинг икки сурати бўлади:
1. Музорабачи сармояни ўзининг иҳтиёжларига сарфласа ва ундан ҳеч қандай фойда топмай, дастмоя эгасини оғзини ёпиш учун маълум бир суммани фойда деб бериб турса, бунинг ҳукми музориб хиёнат қилганлиги туфайли гуноҳкор бўлади ва сармояни тўлаб беради. Гуноҳидан тавба қилиб мол эгасига барча сармояни қайтариши лозим бўлади. Маблағ эгаси агар унинг хиёнатини билса, фойда тарзда берган нарсасини олиши жоиз бўлмайди ва олган нарсасини музорибга қайтариб бериши лозим бўлади. Билмаган суратда эса, узурли саналади. Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ тижоратга маблағ олиб, уни ўз эҳтиёжларига сарф қилса деган мазмундаги савол жавобида, мол эгаси музорабага пул олган кишининг хиёнатидан бехабар фойда тарзда олиб турган нарсаси ҳалол бўлади. Лекин, хабардор бўлгандан кейин олиши жоиз эмас. Пулни айлантиришга олган кишига ўша маюлағдан топган фойдаси ҳалол бўлмайди.
Тижоратга маблағ олган киши бу суратда музорабаси эмас, балки қарздор ҳисобланади (Имдодул фатаво);
2. Музорабага деб маблағ олган киши хиёнат қилиб молни ўз эҳтиёжига сарфламай маблағ эгаси тайин қилган нарсадан бошқа нарсага пул тикиб фойда кўрса, унинг ҳукми шуки, топган фойдасининг барчаси фосид фойдалар қаторига кириб, ҳаром саналади. Музорибга сармоя билан биргаликда ундан топган фойдасини барчасини қўшиб, сармоя эгасига қайтариши вожиб бўлади. Мол эгасига сармояси ва ундан топилинган фойдани олиш ҳамда истеъмол қилиш жоиз ва ҳалолдир.

إذَا كَانَ الْأَصِيلُ فَقِيرًا طَابَ لَهُ وَإِنْ كَانَ غَنِيًّا فَفِيهِ رِوَايَتَانِ وَالْأَشْبَهُ كَمَا قَالَ فَخْرُ الْإِسْلَامِ فِي شَرْحِ الْجَامِعِ الصَّغِيرِ أَنَّهُ يَطِيبُ لَهُ؛ لِأَنَّهُ إنَّمَا رَدَّهُ عَلَيْهِ؛ لِأَنَّهُ حَقُّهُ .

“Агар сармоядор фақир бўлса, музориб сармояда хиёнат қилиб топган фойдасини олиш унга ҳалол бўлади. Агар сармоядор бой бўлса, бу ҳақда икки хил ривоят бор. Фахрул ислом “Жомиус сағир”нинг шарҳида айтган қавлига кўра олишлиги унга ҳалол бўлади. Чунки, у унинг ҳаққидир” (Баҳрур роиқ).

Савол: Музорабада дастмоя эгасини ҳам музорабачи билан ишлаши шарт қилиниши жоизми?
Жавоб: Бу музорабани фосид қилади. Лекин, сармоя эгас ўз ихтиёри билан баъзи ишларига ёрдам беришида зарар йўқ.

Музорабадаги шарт сабабли фойдани муайян миқдори ёки икки шерикни фойдада шерик бўлиши бекор бўлса, музораба битми фосид бўлади. Масалан, музорабада шерикларни улуши тайин қилинмаса ёки ҳар ойда минг сенга деб муайян бир фойда бир шерикка тайин қилиниши каби. Агар музораба қоидаларига хилоф равиштаси шарт қўйилса, масалан сармоядор иш юритувчига фойданинг учдан бири ва қўшимча минг сенга деб шарт қўйса музораба битми жоиз бўлади ва фойданинг учдан бири унга тегиб қўшимча шарт қилинган минг бекор бўлади.

Савол: Музорабани маълум бир вақтгача тайин қилиб қийиш мумкинми?
Жавоб: Маълум бир вақтгача музораба қилишни келишиб олиш жоиздир.

وَكَذَلِكَ إذَا وَقَّتَ لِلْمُضَارَبَةِ مُدَّةً مَعْلُومَةً بِعَيْنِهَا جَازَ وَبَطَلَ الْعَقْدُ بِمُضِيِّهَا؛ لِأَنَّهَا تَوْكِيلٌ فَتَوَقَّتَ بِمَا وَقَّتَهُ

“Агар музорабани маълум бир муддатгача бўлиши тайин қилинса жоиз бўлади ва ўша муддат тугаши билан битм бекор бўлади. Чунки, у вакил қилиш ҳисобланиб, белгиланган вақтгача амалда бўлади” (Жавҳаратун наййира).
Бундан келиб чиқадики, муддат етиб келгач музораба битми бекор бўлиб, янги нарсалар сотиб олиш ҳуқуқи бекор бўлади ҳамда қуйидаги ишлардан бирини бажариши мумкин бўлади:
1. Сотиб олинган нарсаларни сотиб, нақд пул шаклига келтириш учун музорибга қўшимча вақт берилади;
2. Мавжуд таварларни сармоядор ва музориблардан бири сотиб олишлари мумкин ва фойдани келишувдаги нисбатга кўра тақсим қилиб олинади:
3. Сармоядорлар бир несча киши бўлсалар, улардан бири сотиб олиб, келишилинган фойдани тақсим қилишлари мумкин.
Муддат тайин қилинмаган ҳолатда музорибни ишдан бўшатиш
Савол: Музорабани маълум бир муддат билан белгиланмаган суратда сармоя эгаси музорибни ишдан бўшатиши жоизми?
Жавоб: Музораба битмини бекор қилиш учун сармоя эгаси музорибни ишдан бўшатса бўлади. Лекин, юқорида қайд қилинганидек, зарар келтирадиган шаклда бўлмаслиги лозим. Агар музорабага маълум бир муддат белгиланган бўлса, белгиланган муддат тугамагунича музорибни ишдан бўшатиш жоиз эмас. Лекин, музориб, сармояни зоя қилишлиги ва исроф қилишлиги хавфи бўлса, муддатдан аввал ҳам уни бекор қилиш ҳам мумкин.
Музориб ёки сармоя эгасидан бири вафот топса, музораба битми бекор бўлади. Агар музориб вафот топса ва дастмоя тавар шаклида бўлса, музорибнинг васийси ёки сармоя эгаси уни сотиб нақд пулга айлантиради. Фойда кўрилинган суратда фойдани келишувга биноан тақсим қилинади.
Агар дастмоя эгаси вафот топса, музораба битми бекор бўлади. Агар дастмоя тавар шаклида бўлса, музориб уни сотиб нақдга айлантириши мумкин.

وَتَبْطُلُ الْمُضَارَبَةُ بِمَوْتِ أَحَدِهِمَالِكَوْنِهَا وَكَالَةً وَكَذَا بِقَتْلِهِ، وَحَجْرٍ يَطْرَأُ عَلَى أَحَدِهِمَا وَبِجُنُونِ أَحَدِهِمَا مُطْبَقًا قُهُسْتَانِيٌّ .

“Музораба битми музориб ёки сармоя эгасидан бирининг вафот топиши билан бекор бўлади. Чунки, бу келишув ваколат эди. Шунингдек, улардан бирини кимлардир томонидан ўлдирилиши ва кимлардир тарафидан фаолият юритишига тўсқинлик қилиниши ва иккисидан бирининг мажнун бўлиб қолиши билан ҳам бекор бўлади” (Раддул муҳтор). Музораба битми бекор қилингани билан музориб кўрилган фойдадаги ҳиссаси маҳрум қилинмайди.

Музорабадаги муҳим масалалардан бири музориб сармояда қандай тасарруф юритишга ҳақли? Бу борада тафсир шуки, музораба икки қисмга бўлинади:
1. Мутлоқ музораба;
2. Қайдланган музораба.
Мутлоқ музорабадан мурод музорибга бирор бир хос иш ёки унинг кайфияти, иш юритиш жойи, иш юритиш вақти, кимлар билан иш юритиши чегараланмай сармоя унга ҳавола қилинади.
Қайдланган музораба юқоридаги мутлоқ музорабанинг акси бўлиб, унда хос иш юритиш, маълум жой, вақт ва бошқаларда қайдлар белгилаб қўйилади.

1. Томонлардан бири битмни бекор қилса ёки сармоя эгаси музорабачини иш юритишдан тўхтатиб қўйса;
2. Томонлардан бири вафот топса;
3. Томонлардан бирортаси мажнун бўлиб қолса;
4. Ҳали иш юритишни бошлашдан илгари сармоя талофатга учраса;
5. Сармоя эгаси асли мусулмон бўлиб, кейин (наузан биллаҳ) диндан қайтса. Аслида бошқа дин вакил бўла туриб битм тузилган бўлса, зарари йўқ, жоиздир.

Музораба фосид бўлса, музориб сармояда иш юритишга ҳаққи йўқ. Кўрилган фойдада ҳам ҳаққи йўқ. Хоҳ фойда кўрилсин ёки зарар кўрилсин. Музорибга ижара ҳаққи берилади, яъни бир киши бошқа бир кишини қўл остида бўла туриб шу каби ишларни юритса қанча ҳақ олса, унга ҳам шунча ҳақ берилади.

Музорабага қандай ҳукмлар тартиб топади? Бу борада ҳоким Шаҳид ўзларининг “Кофий” деган китобларида жуда ҳам тўлиқ тарзда баён қилиб ўтганлар:
1. Музориб, биринчи босқичда сармояни қўлга олиб, унда иш юритишдан илгари сармояга омонатдор ҳисобланади ва дастмоя ҳаққида омонатдаги ҳукмлар жорий бўлади. Масалан, музориб, томонидан хиёнат ва бепарволик сабабисиз молга талофат етса, уни тўламаслик каби;
2. Музориб сармояда иш юритишни бошлаганда сармоя эгаси тарафидан вакил ҳисобланади;
3. Иш юритигандан кейин фойда кўрилса музориб сармоя эгасига фойдада шерик бўлади. Агар қайсидир сабаб билан музораба битми фосид бўлса, музориб унда хизматчига айланади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам хизмат ҳаққига эгадор бўлади;
4. Агар музориб сармоя эгасини кўрсатмаларига хилоф тарзда иш юритса, музориб сармояни ғасб қилиувчи ва талон-тарож қилувчи ҳисобланади. Бундай ҳолатда молга талофат етса тўлаб беради. Агар фойда кўрса фойданинг барчаси молэгасиники бўлади;
5. Агар музорабада зарар кўрилса, зарар доимо сармоя эгаси тарафидан бўлади. Шу ерда бир нарсага эътибор бериш лозим. Агар икки кишининг ўртасида узулуксиз масалан, икки йилдан музораба давом этиб келаётган бўлса, биринчи йил фойда кўрилиб фойда тақсим қилиб олинган бўлса, иккинчи йили зарар кўрилса, биринчи йил бўлишиб олинган фойдалар ортга қайтарилади ва у билан зарар қопланилади. Агар зарарни қоплашга фойда етмаса, зарар сармоядан қопланилади;

Савол: Музорабачи бир неча кишилардан маблағ олади ва ҳар бирига фойданинг нисбатини турлича белгилайди. Шу тўғрими?
Жавоб: Музорабачи сармоя эгаларига турли нисбатда фойда бериб туришни келишган бўлса жоиз. Лекин келишув фойзларга кўра, яъни фойданинг учдан бири, иккидан бири каби бўлиши лозим.
Агар ҳар ойда муайян бир миқдорни тайин қилинса, ҳар ойда фойда кўрсанг ҳам, кўрмасанг ҳам эллик мингдан бериб турасан дейилиши каби.У судхўрлик саналади.

وَكَوْنُ الرِّبْحِ بَيْنَهُمَا شَائِعًافَلَوْ عَيَّنَ قَدْرًا فَسَدَتْ وَكَوْنُ نَصِيبِ كُلٍّ مِنْهُمَا مَعْلُومًا عِنْدَ الْعَقْدِ .

“Фойда иккиси ўртасида нисбатга кўра белгиланиши шарт. Агар муайян миқдор тайин қилиб қўйилса, фосид бўлади. Битм вақтида томонларнинг улуши маълум бўлишилозим” (Раддул муҳтор).
Музорабага маблағ берувчилар барчаси ўзаро инон ширкатининг шериклари саналадилар ва уларга инон ширкатининг ҳукмлари жорий бўлади.
Савол: Музораба ёки ширкат қилмоқчи бўлган томонлар ўртага пул қўйганларидан кейин, ҳар ойда икки миллионга икки юз атрофида фойда тушади, деб фойдани маълум бир нисбатда, яъни фойданинг учдан бири, учдан иккиси сенга, деб аниқлаштирмай битм тузишса ва ҳар ойда, икки юзга яқин маблағ дастмоя эгасига бериб турилса жоиз бўладими?
Жавоб: Музораба ёки ширкат битми тузилаётганда икки томоннинг фойдадан ҳиссалари тайин қилиниши шарт. Акс ҳолда музораба фосид бўлади.

وَكَوْنُ نَصِيبِ كُلٍّ مِنْهُمَا مَعْلُومًا عِنْدَ الْعَقْدِ .

“Битм вақтида томонларнинг улуши маълум бўлишилозим” (Раддул муҳтор).
Музораба фосид бўлган суратда, топилган фойданинг барчаси дастмоя эгасиники бўлиб, музориб (иш юритувчи)га иш ҳақи берилади.

Савол: Музориб дастмоя эгасининг кўрсатмасига хилоф иш тутса нима бўлади?
Жавоб: Музориб маблағ тикувчи томонидан иш юритишга вакил саналади. Шунинг учун маблағ эгаси билан келишилинган шартларга кўра ва айтилган томонга маблағ тикиши зарур бўлади. Агар музориб келишилинган шартлар равишда иш тутмаса, музораба фосид бўлади.
Фосид музорабанинг ҳукм шуки, фойда нуқсоннинг барчаси мол эгасига бўлади. Музорибга фойда кўрилинган суратда иш ҳақи берилади, яъни бир киши бирортасини қўл остида туриб, музориб каби иш юритганда қанча ҳақ оладиган бўлса, ўшанча миқдорда ҳақ олади. Агар иш ҳақи келишилинган фойдадан ортиб кетса, келишилинган фойдадан ортиғини ола олмайди. Агар умуман фойда кўрилмаса, иш ҳақи берилади.

Савол: Музориб таварларни ўзини ўғли, ота-оналарига сотиши ёки улардан сотиб олиши мумкинми?
Жавоб: Музориб сармоя эгаси тарафидан вакил саналади. Вакилнинг ҳукми шуки, у ўзи билан ўзи, яъни музораба молини ўзига сотиб олиши, ота-оналари ва фарзандлари билан қўшилиб савдо қилиши жоиз бўлмайди. Чунки, булар билан савдо қилинганда музораба молини кўпайтириш ва ундан фойда кўриш кўзланмайди.

لَا يَعْقِدُ وَكِيلٌ الْبَيْعَ وَالشِّرَاءَ وَالْإِجَارَةَ وَالصَّرْفَ وَالسَّلَمَ وَنَحْوَهَا .مَعَ مَنْ تُرَدُّ شَهَادَتُهُ لَهُ ) لِلتُّهْمَةِ وَجَوَّزَاهُ بِمِثْلِ الْقِيمَةِإلَّا مِنْ عَبْدِهِ وَمُكَاتَبِهِ إلَّا إذَا أَطْلَقَ لَهُ الْمُوَكِّلُ ) كَبِعْ مِمَّنْ شِئْتَفَيَجُوزُ بَيْعُهُ لَهُمْ بِمِثْلِ الْقِيمَةِ ) اتِّفَاقًا

“Вакил унинг фойдасига гувоҳлиги ўтмайдиган кишиларга олти-сотди, ижара, саррофлик ва салам байлари ҳамда шунга ўхшашларини қилишлари туҳматни эҳтимоли бўлгани учун жоиз бўлмайди. Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадлар нахздида бошқалар билан қиладиган нархга кўра юқоридаги ишларни қилиши жоиз бўлади. Лекин сармоя эгаси хоҳлаганинг билан савдо қилавер деса, уларга ҳам сотиши мумкин. Лекин, бозордаги қиймат эвазига кўра бўлиши шартдир” (Раддул муҳтор).

Савол: Музорабада музорибнинг иш юритиш давомидаги еб ичиш ҳаражатлари ким томонидан қопланади?
Жавоб: Музориб узоқ жойга сафар қилса, савдогарларнинг одатига биноан йўл кира, еб ичиш ҳаражатларини музораба сармоясидан олса бўлади. Лекин, ўз юртида иш юритаётган вақтида еб-ичиш, уйга бориб келиш ҳаражатларини барчаси ўз ёнидан бўлади. Ҳудди, касал бўлганда дори-дармон, сурма ва соч-соқолини бўяшга ишлатилган нарсаларнинг ҳаражатлари ўз ёнидан бўлгани каби.

وَإِذَا سَافَرَوَلَوْ يَوْمًافَطَعَامُهُ وَشَرَابُهُ وَكِسْوَتُهُ وَرَكُوبُهُبِفَتْحِ الرَّاءِ مَا يُرْكَبُ وَلَوْ بِكِرَاءٍوَكُلُّ مَا يَحْتَاجُهُ عَادَةًأَيْ فِي عَادَةِ التُّجَّارِ بِالْمَعْرُوفِفِي مَالِهَالَوْ صَحِيحَةً

“Гарчи бир кунга сафар қилсада, унинг еб ичиши, кийими, улови, кира ҳаққи ва савдогарлар одатда муҳтож бўладиган чиқимларнинг барчаси музорабанинг молидан бўлади. Агар музораба тўғри тарзда тузилган бўлса” (Раддул муҳтор).

وَإِنْ عَمِلَ فِي الْمِصْرِسَوَاءٌ وُلِدَ فِيهِ أَوْ اتَّخَذَهُ دَارًافَنَفَقَتُهُ فِي مَالِهِكَدَوَائِهِ عَلَى الظَّاهِرِ.

“Музориб, ўзининг шаҳрида хоҳ у ўша жойда туғилган бўлсин ёки кейнчалик ватан тутган бўлсин иш юритса, чиқимлари, Зоҳир ривоятда ўзининг ёнидан бўлади. Касал бўлганидаги дори-дармонлари ўзининг ёнидан бўлгани каби” (Раддул муҳтор).
Агар сармоя эгаси бъзи бир ҳаражатларни сармоядан ишлатиб туришга рухсат берса, бу унинг эҳсони ҳисобланади.


Савол: Музориб иш юритишда хатога йўл қўйса, зарар ким томонидан қопланилади? Музорибми ёки дастмоя берган кишими?
Жавоб: Музориб мутлоқ музорабада бўлса ҳам, яъни бирор жой ёки шунга ўхшаш енарсалар билан қайдланмаган музорабада бўлса ҳам иш юритиш мобайнида ўта қимматга сотиб олса ёки ўта арзонга сотса, фойда-зарар музорибнинг зиммасига бўлади. Зарар кўрилган суратда сармояни тўлаши лозим бўлади.

وَلَوْ اشْتَرَى بِمَا لَا يَتَغَابَنُ النَّاسُ فِي مِثْلِهِ يَكُونُمُخَالِفًا، وَإِنْ قِيلَ لَهُ اعْمَلْ بِرَأْيِكَ.

“Гарчи музорибга ўзинг билганингча иш юритавер деб ҳуқуқ берилган бўлсада, одатда одамлар у маблағ эвазига сотиб олинмайдиган бирор нарсани сотиб олса, музориб келишувга хилоф иш тутган бўлади (ва зиён унинг зиммасига бўлади).”

Музорибнинг музораба битмида иккита ҳаққи бор:
1. Кўрилганда фойдадан ўз улишига эга бўлиши. Лекин бу фойда дастмоянинг эгаси сармояни қайтариб олиб фойда тақсим қилингандан кейингина бўлади. Мабода фойда тақсим қилингандан кейин музораба тугатилмай давом эттирилса ёки бекор қилиниб қайтадан тузилмаса ва зиён кўрилса, кўрилган фойда ортга қайтарилинади. Агар сармояни қайтадан олиб музораба битми тугатилса ёки қайтариб олмай янгитдан битм тузилса ва кейин зиён кўрилса, аввалги кўрилган фойдалар қайтарилмайди. Балки, сармояни ўзидан қопланилади;
2. Музориб иш юритьиш мабойнида сафар қилишга тўғри келса, сафар ҳаражатлари сармоядан олинаверади. Лекин, ўз юртида иш олиб бораётганда музорибнинг нафақаси ўз томонидан бўлади. Музораба молидан бўлмайди;

Фойда-зиён тенг шерик деб музораба қилиш
Савол: Бир киши бошқасига: “Маблағ мендан, тижорат қилиш сендан, фойда зарар тенг шерик” деса шу муомала жоизми?
Жавоб: Бундай муомала музораба дейилади. Яъни бир кишидан маблағ, бошқа киши томонидан меҳнат. Музорабада зарарга шерик бўлишни шарт қилиш ботилдир. Лекин бу шартга эътибор йўқ. Музораба фосид бўлмайди балки шарт ботил бўлади. Мабодо музорабада зиён кўрилса, барча зиён роббул мол яъни маблағ эгасига бўлади , музориб эса меҳнатига куяди.

وَمَا لَا فَلَا مِثْلَ أَنْ يَشْتَرِطَ أَنْ تَكُونَ الْوَضِيعَةُ عَلَى الْمُضَارِبِ أَوْ عَلَيْهَا فَهِيَ صَحِيحَةٌ وَهُوَ بَاطِلٌ

“Зиённи музориб зиммасида бўлиши ёки иккиси ҳам зиёнда шериклигини шарт қилинса, музораба саҳиҳ ва шарт ботилдир. Агар фойда кўрилмасдан зиён кўрилса, зарар  роббул молга бўлади. Музориб меҳнатига куяди ҳолос”. (Баҳрур роиқ).
Фойда тақсим қилингандан кейин зиён кўриш
Савол: Музорабада фойда кўрилиб кейин зарар кўрилса, қандай бўлади?.
Жавоб:

وما هلك من مال المضاربة يصرف إلى الربح لأنه تبع فإن زاد الهالك على الربح لم يضمن ولو فاسدة من عمله لأنه أمين وإن قسم الربح وبقيت المضاربة ثم هلك المال أو بعضه ترادا الربح ليأخذ المالك رأس المال وما فضل بينهما وإن نقص لم يضمن لما مر  ثم ذكر مفهوم قوله وبقيت المضاربة فقال وإن قسم الربح وفسخت المضاربة والمال في يد المضارب ثم عقداها فهلك المال لم يترادا وبقيت المضاربة لأنه عقد جديد وهي الحيلة النافعة للمضارب

“Музорабада фойда топилгандан кейин  зарар кўрилса, фойдани бўлишганларидан кейин музораба тўхтовсиз давом этаётган бўлса, зарарни қоплаш учун аввал икковлари фойдани ўрнига қайтаришади ва фойдадан сарф қилинади. Агар фойда зарарни қопламаса, росул мол (ўртага тикилган маблағдан) зарарни қопланади. Музориб тўламайди. Чунки у омонатдор шахс ҳисобланади. Агар зарарни қоплагандан кейин фойда ошиб қолса, бўлишиб олишади. Музораба давом этаётган бўлса деган сўзидан: “Фойда бўлиниб, музораба бекор қилинмаган бўлса” деган маъно тушинилади. Агар фойда бўлиниб музораба бекор қилинса, лекин росул мол музорибнинг қўлида турган бўлиб қайтадан музораба ақдини тузишса ва мол ҳалок бўлса, фойдани қайтаришмайди, балки зарар росул молдан қапланади. Бу иккинчи сурат музориб учун фойдали. Биринчи сурат “Фойдани бўлишиб музорабани бекор қилмасдан давом эттириш” роббул мол учун фойдалидир”. (Роддул мухтор).
Фойдани икки томондан бирини тайин қилиши
Савол: Музорабада икки тараф: роббул мол(пул бериб турувчи) ва музориб(пулни айлантирувчи, тижорат қилувчи) га маълум бир фойдани: Масалан: ҳар бир ишдан ёки ҳар ойда ўн минг"ни таъйин қилса бўладими?
Жавоб:

قال في التنوير:كون الربح بينهما شائعا

“Фойда иккисининг ўртасида фоизлар билан белгиланган бўлмоғи (шарт)дир” (Роддул мухтор).
Иккисидан бири учун фойдадан  муайян бир миқдорни таъйин қилиш музорабани фосид қилади. Чунки музорабада фойда келишувга асосан фоизлар билан яъни: юздан эллик фоизи сенга қолгани менга ёки ўттиз фози сенга етмиш фоизи менга деб белгиланиши шарт. Бу яъни фойда қанча бўлса ҳам ҳар ишдан сен учун ўн минг берилади дега


7 йил аввал 5381 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музорабадаги чигал масала
Савол: Музориб сармоя эгасининг ижозатисиз қарз олди-берди ишларини қилиши мумкинми? Жавоб: Битм тузиш вақтида билганингча иш тутавер деб айтган бўлса ҳам музориб сармоя эгасининг ошкора қарз давоми...
7 йил аввал 5743 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Битм тугашидан олдин фойдани тақсим қилиш
 Савол: Музораба битми тугатилмасдан аввал фойдани тақсим қилиш жоизми?Жавоб: Музораба битми бекор қилинишидан аввад фойдани тақсим қилиш аслида жоиз эмас. Лекин тақсим қилиб олган бўлсалар бу қарз каби бўлиб давоми...
1 ўн йил аввал 3878 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музораба тугатилгандан кейин қарзларни йиғиштириб олиш
Савол: Музораба битми тугатилгандан кейин музорибнинг олди-берди қарзлари бўлса, уларни йиғиштириб олиш кимларнинг зиммасига юклатилади? Жавоб: Музораба битми тугатилгач, музорибдан бировларнинг қарзлари давоми...
7 йил аввал 3564 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Музораба
Музораба сўзи “зарбун” ўзагидан олинган бўлиб, асл маъноси урмоқни билдиради. Араб тилида зарбун сўзига баъз ҳарфларни қўшиш орқали маънода ўзгариш юз беради. Масалан, музораба дейиш билан ҳисса қўшиш, сафар давоми...