20-дарс. IV-боб


ЗАКОТ, СОЛИҚЛАР ВА МОЛИЯВИЙ ТАЪЗИРЛАР.
1-ФАСЛ.

ЗАКОТ.
  Таърифи:
Закот – луғатда ўсиш, дуруст бўлиш ва поклик маъноларни билдириб, истелоҳда эса бойлар молларидага фақирлар ва бошқа шаръий сарф ҳаражатларнинг дуруст бўлиши учун (ишлатиладиган) ҳақдир.

Закот деб номланишининг сабаби, унда кишиларнинг зиммаларидаги ҳуқуқларидан покланишлари ва яна нафснинг ҳам бахиллик, қизғанчиқлик каби иллатлардан тозаланишлиги маъноси борлигидандир. Закотда самара, ислоҳ ва ўсишлик маънолари ҳам бор. Яъни киши закотни берса уни ўрнини Аллоҳ таоло самара, ислоҳ ва ўсиш кабилар билан тўлдиради.
(Закот бойлар молидаги камбағалларнинг ҳақи ҳисобланади. Агар бой ушбу ҳақни ўз эгасига топширса ўзининг мулкини поклаб олган, агар бермаса бировни ҳақини ўз мулкига қўшиб олган бўлади. Закоти берилган мол поклангач самараси, ислоҳи ва ўсишлик қобилияти ортади. Шу билан бирга закот бергувчининг қалбидаги бахиллик, қизғанчиқлик каби иллатлар ҳам покланади).
  Ҳукми:
Закот фарзлар жумласидан бўлиб, Исломнинг беш рукнидан бири ҳисобланади. У молиявий ибодатдир. Қуръони Каримда қаерда намоз ўқишга буйруқ бўлса ўша ерда закот беришга ҳам амр қилинган.
Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розиаллоҳу анҳуни Яманга волий қилиб жўнатаётганларида шундай деган эдилар:
“Уларга Аллоҳ таоло молларидан закот беришни фарз этганлигини билдиргин. У бойларидан олиниб, камбағалларига берилади”.
(Имом Бухорий ривояти. 2-жилд, 130-саҳифа).
Закот – мусулмон, балоғатга етган, оқил кишига фарз бўлади. Жумҳур уламолар ижтиҳодига кўра ёш бола ва мажнуннинг ҳам молида закот вожиб бўлмайди. Лекин баъзи мужтаҳидлар, хусусан Абу Ҳанифанинг соҳибларидан Муҳаммад Ҳасан Шайбонийнинг ижтиҳодларида самара бериб турган умумий мулклардан ҳам закот берилади.
Закот бериш шартлари:
Закот бериш учун шахсга тааллуқли шартларни юқорида эслаб ўтдик. (Мусулмон, балоғатга етган ва оқил бўлиши). Яна закот беришда молга тегишли бўлган шартлар ҳам мавжуд.
1-Мол муайян шахсга тегишли бўлиши керак. Шунга кўра агар вақф аниқ бир кишига таъйин қилинмаган бўлса шу вақфдан закот берилмайди. Мисол учун фақирларга вақф қилинди, деса унинг эгаси аниқ бир киши бўлмагани учун, бу мулкдан закот чиқариб бўлмайди. Лекин вақф Аҳмадга тегишли бўлса, Аҳмаддан закот олиш мумкин.
2-Мол тўла мулк бўлиб, уни қўлда ушлаган ҳолда бўлишлиги керак. Шу сабабли яширин молдан закот чиқарилмайди. Яширин мол деб – эгаси ундан фойдалана олмай турган молга айтилади. Йўқолган туя, мусодара қилинган ёки тортиб олинган мол, инкор этиб турилган қарз кабилардан закот чиқарилмайди.
3-Мол ўсувчи бўлишлиги ҳам шартдир. Закот асл молнинг ўзидан эмас, балки молнинг ўсишидан чиқарилади,. Закот яъни ўсиш деб номланишининг сабаби ҳам шудир. Чунки у деҳқончилик ва боғдорчилик каби ҳақиқатда ўсаётган моллардан ёки нақд пуллар, тижорат моллари каби, тақдирий ўсувчи моллардан берилади. (Нақд пуллар ва тижорат моллари тақдирий ўсувчи моллар жумласига киради. Яъни уларда ўсишлик қобилияти бўлиб, агар уни эгаси ўстирмай уйда сақласа ҳам закот вожиб бўлаверади. Чунки бу ўринда молни ишлатмагани учун эгаси айбдор ҳисобланади).
Шу сабабли киши ҳожати аслияси учун асраб қўйган уй асбоб-анжомларига ўхшаш, молларидан закот бермайди.
(Чунки буларда аслий ҳам, тақдирий ҳам ўсишлик йўқ).
Яна шунингдек ишлаб чиқариш учун керак бўладиган асбоб-анжомлар, кўчмас мулклар, техника ускуналари кабилардан ҳам закот берилмайди. Чунки булар ишлаб чиқариш воситалари ҳисобланади. Ўз эҳтиёжи учун сақлаб қўйилган мулкларга уйда боқиладиган ҳайвонлар ҳам киради. (Яйловда ўтлайдиган эмас).
Шунингдек ишчи ҳайвонлар ҳам шулар жумласига киради.
(Демак ўз эҳтиёжи учун уйда боқиладиган ва ишчи ҳайвонлардан закот берилмас экан. Баъзи жоҳиллар шу қоидани асос қилиб, закот бериш фурсати яқинлашганда бор пулларига ҳайвон сотиб олишади ва ҳайвонлар уйда боқилса закот берилмайди деган баҳонани қилишади. Лекин олган ҳайвонларини қайта сотиш нияти билан олганлари учун улар тижорат молларига айланади ва умумий нархининг қирқдан бирини закот қилиб беришлари фарз бўлади).
4-Мол ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши ҳам шарт. Киши ўзи ва аҳли аёли учун сарфлайдиган ҳаражатларни закот беришда ҳисобдан чиқариб ташлайди.
5-Молнинг нисобга етганига қамарий ҳисобда бир йил тўлган бўлиши ҳам шарт. Лекин деҳқончилик маҳсулотлари, боғдорчилик маҳсулотлари, маъданлар, дафиналарда бир йил айланиш шарт эмас, балки қачон улар қўлга киритилса ўшанда закоти берилади. Йилнинг ўртасида қилинган фойдани йилнинг бошидаги нисобга қўшилади. (Яъни мол нисобга етгач бир йил давомида қилинган бошқа даромадлар ҳам ўша нисобга қўшилиб закот чиқарилади. Кейин қилинган фойдага бир йил тўлмади-ку, дейилмайди).
6-Мол нисобга етган бўлиши шарт. Нисоб молнинг турига қараб турлича бўлади. Туя бешта бўлганда нисобга етади, сигир ўттизтада, қўй қирқтада, тилланинг нисоби 20 мисқол (85 гр), кумушники 200 дирҳам (595 гр), экин-текин, мева-чеваларнинг нисоби 5 васақ (632 кг) (Ҳанафийларда экин ва меваларда нисоб йўқ, балки чиққанидан берилади). Ҳанафийлар наздида нисоб йилнинг икки тарафидан эътиборга олинади. Агар йил бошида нисобга етса ва йил ўрталарида нисобдан камайса, сўнг яна йил тўлгач нисобга етса шундан закот беради. Орадаги нуқсоннинг эътибори йўқ.
7-Мол нисобга етгач унда бошқага бериш лозим бўлган қарз бўлмаслиги керак. Баъзи фуқаҳолар қарз ботиний молларнинг закотини ман қилади, зоҳирий молларни эмас, дейишади.
(Ботиний мол деб бошқалар кўрмайдиган нақд пул кабиларни айтилса, зоҳирий мол деб ҳамманинг эътибори тушиб турадиган экин-текин, мева-чева кабиларга айтилади).
Хусусан зоҳирий моллардан фуқаҳолар умидвор бўлиб турганлиги учун ундан закот бериш зарурроқдир.

(Ал-Муғний. Ибн Қудома 2-жуз, 545 ва 633 саҳифалар).


1 ўн йил аввал 5806 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6094 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 5991 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6331 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5130 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 5708 fiqh.uz