8‑дарс. 20-қоида


الاضطرار لا يبطل حق الغير
Мажбурлик бошқанинг ҳаққини ботил қилмайди

Очликдан ўлиб қолиши мумкин бўлган киши бировнинг таомини сўрамай олиб ейишлиги мумкин. Шу билан у маломат қилинмасада, лекин таомни тўлашлиги лозим бўлади.

Яна шунингдек деҳқоннинг ижарага олган ерида экини пишмасдан ижара муддати тугаб қолса, ер эгаси муддат тугади, ерни бўшатгин, дея олмайди. Деҳқоннинг мажбурият юзасидан ижара муддати экин пишгунга қадар узайтирилади, шу билан бирга узайтирилган муддат эвазига деҳқон ижара ҳаққи тўлайди.

21-ҚОИДА.
ما حرم اخذه حرم إعطؤه
ОЛИШ ҲАРОМ БЎЛГАН НАРСАНИ БЕРИШ ҲАМ ҲАРОМДИР.

Судҳўрдан фоизга пул олиш ҳаром бўлганидек, судхўрлик қилиб фоизга пул бериш ҳам ҳаромдир. Порахўрлик ҳам шу кабидир. Лекин истисно тариқасида қарздор киши мажбур бўлиб қолса судхўрликдан қарзини тўлаши мумкин. Бу пайтда олган қарзи устига фоиз бериш жоиз бўлсада, уни олувчига бу иш ҳаромлигича қолаверади.
(Шу сўзда бироз мулоҳаза бор. Аслида бу истисно порага нисбатан жорий қилинган. Киши ўзининг ҳаққини бошқалар олиб кетмаслиги учун пора бериши жоиз бўлади. Лекин бировларнинг ҳаққини қўлга киритиш учун эмас, албатта. Шунда ҳам берувчига рухсат холос, аммо олувчига пора олиш ҳаромдир).
Етимнинг молига васийлик қилаётган киши ўша молдан ўзи учун ҳам, бировлар учун ҳам ишлатиши жоиз эмас. Аммо бир золим томонидан етимнинг молини тортиб олиниш ҳавфи туғилса, молни сақлаб қолиш учун етимнинг маблағидан ишлатиш дуруст бўлади.

22-ҚОИДА.
ما حرم فعله حرم طلبه
ҚИЛИШЛИК ҲАРОМ БЎЛГАН ИШНИ ТАЛАБ ҚИЛИШ ҲАМ ҲАРОМДИР.

Ҳаром ишга жим туришлик ҳаром, макруҳга сукут сақлаш макруҳдир. Энди ҳаром ёки макруҳни талаб қилишлик албатта оғирроқ бўлади. Бировни алдаш, молини ўғирлаш, тортиб олиш, мулкига талофат етказиш ҳаром бўлганидек, бу каби ишларни бошқага буюриб қилдириш ҳам ҳаромдир.

23-ҚОИДА.
لا ينكر تغير الأحكام بتغير الأزمان
ДАВР ЎЗГАРИШИ БИЛАН ҲУКМЛАР (ЯЪНИ ФАТВОЛАР) ЎЗГАРИШИ ИНКОР ҚИЛИНМАЙДИ.

Яъни кишиларнинг урф-одати ўзгариши билан фатволар ҳам ўзгаради.
(Аслида шариат ҳукмларининг мақсади ўзгармайди. Балки шароитлар ўзгариши билан баъзи қадрли нарсаларнинг қиймати ошиб қолади. Шу эътибордан шаръий муносабат ўзгаради. Кийим сотиб олган одам уни қорага бўяса, кейин кийимни эгасига қайтарса, уни бўяганлиги учун ҳақ оладими ёки бўяб кийимни нуқсонли қилган ҳқсобланадими?, деган саволга фуқаҳоларимиз икки даврда икки хил жавоб айтишган. Яъни баъзилар кўйлакни қорага бўяш нуқсон ҳисобланади, шунинг учун кийимни қайтаришга ҳаққи йўқ дейишган бўлса, бошқалари қорага бўяш кўйлакни қадрини оширади, шунинг учун бўяганлик ҳаққини олиши керак деб жавоб беришган. Қорага бўяш нуқсон деган даврда қора рангнинг қадри бўлмаган, балки бу ранг ўша даврда айб ҳисобланган. Қорага бўяш кўйлакнинг қадрини оширади деган фуқаҳоларимизнинг даврида эса қора ранг фазилат ҳисобланган. Демак бу мисолда шариатнинг асл мақсади ўзгармай, балки унинг муносабати ва масаланинг ечимида шароит ва одатларга қараб тўғри ёндашуви ўзгармоқда).
Одамлар уйларини бир хил услубда қурилган даврда фуқаҳоларимиз уй оладиган киши учун ўша уйлардан бирини кўришликнинг ўзи  кифоя бўлади. Яъни шаҳардаги хоҳлаган бир уйни кўриб, олдим деса, кейин ўзи олган уйни кўргач савдони бузишга ихтиёри қолмайди дейишган. Чунки ҳамма уйлар бир хилда қурилган. Давр ўтиши билан одамлар ўз услубларида уйларини қура бошлашди. Энди уй олувчи одам ўзи олаётган уйни бориб кўрмагунча савдони бузиш ихтиёрида бўлади. Ёқса олади, ёқмаса савдони бузади. Гувоҳлик талаб қилинганда уни адолатли бўлиши шарт ҳисобланади. Давр ўтиши билан жамиятда адолатли шахснинг топилиши қийинлашса, нисбатан яхшироқ ёки гуноҳи камроғини гувоҳ қилинади. Шунингдек қози бўладиган одамда ҳам адолат сифати топилиши керак. Жамиятда бу каби инсонлар топилмай қолса, нисбатан яхшироғини ёки зарари камроғини қозиликка таъйин қилинади. Адолатли шахс топилмаяпти деб қози таъйин қилинмаса, жамиятдаги манфаатлар зое бўлиб, ҳуқуқ ва ҳукмлар оёқ-ости бўлади. Етимнинг молида ёки вақф молларида васийлик қиладиган кишининг айбисиз талофат содир бўлса васий уни тўлаб бермайди. Фуқаҳолар одамлардаги омонатдорлик сифатини йўқолишини кўришгач васийнинг айбисиз молга талофат етса ҳам унинг тўлашлигига фатво беришди.

24-ҚОИДА.
المعروف عرفاً كالمشروط شرطاً
УРФДА ТАНИЛИБ ҚОЛГАН НАРСА ХУДДИ ҚЎЙИЛГАН ШАРТ КАБИДЕК.

Бир шаҳар аҳолиси орасида кўп такрорланиб, каттаю кичикка маълум бўлиб қолган иш савдо муомаласида худди қўйилган шарт каби ҳисобланади. Албатта ушбу урф шариатга хилоф бўлмаслиги керак. Чунки урфлар ичида шариатга умуман зидлари ҳам бор. Киши машинани савдо қилиб сотиб олса, шу савдога унинг эҳтиёт ғилдираги, калитлари ва баъзи эҳтиёт қисмлари шарт қўйилмаса ҳам киради. Агар янги машинанинг эҳтиёт ғилдираги бўлмаса олган уни сўрашга ҳаққи бор. Сотган эса эҳтиёт ғилдирагини савдода сўрамагансан дейишга ҳаққи йўқ. Чунки урф ва одатда олинган машинанинг ичидан ушбу кабилар шарт қилинмасада чиқишлиги керак.
Бир киши бошқа бир кишини гўшт, нон ёки кийим олишга вакил қилса, лекин қанақа бўлишини сифатламаса, вакил ўша юртнинг урфидаги кийиладиган кийимни ёки ейиладиган гўшт ва нонни олса вакилликни тўғри бажарган ҳисобланади.
Эрнинг аёлига нафақа бериши ҳам ўзаро урфдаги миқдор билан белгиланади. Ўша юртдаги аёлнинг тенгдошларига қанча нафақа таъйин қилинса унга ҳам ўшани берилади.
Юк машинасини олган киши ҳам машинага одатдагида ортиқ юк юклаши жоиз эмас.
(Агар ортиқ юк юклаганлиги учун машина бузилса уни тўлайди).
Бир кийимни тикиш ёки бўяш учун чеварга берилиб лекин хизмат ҳаққи таъйин қилинмаса, чевар ёки бўёқчи ойликка ишлайдиган кишилар бўлса ўша кийимни тикишлик ёки бўяшлик бозорда қанча нарх турса, ўшани тўланади.
Бозордаги савдогарларнинг кўпчилиги бир қоравулни ижарага олишса, қолган озчилик савдогарлар рози бўлмасалар ҳам қоравулнинг ойлигини ҳаммадан олинади. Чунки урфда бу каби ишлар кўпчиликнинг маслаҳати билан амалга оширилади.

25-ҚОИДА.
التصرف على الرعية منوط بالمصلحة
ХАЛҚНИНГ УСТИДАН ҚИЛИНАДИГАН ТАСАРРУФ МАНФААТГА БИНО ҚИЛИНГАН БЎЛИШИ КЕРАК.

Роъий деб халқнинг ишларидан бирор ишга бош бўлиб, уларнинг риоясини қилиб турадиган одамга айтилади. Буларга давлат бошлиғидан тортиб, вазирлар, идора бошлиқлари ва бошқалар киради. Ҳар бир бошлиқ ўз қўл остидагилар учун холис бўлишликка масъулдир. У ҳар қайси инсонни бир хил кўрмоғи лозим. Бирини иккинчисидан устун қўйишга ҳаққи йўқ. Агар бирор кишини бошқалардан ортиқроқ кўриши лозим бўлса, унинг жамиятга манфаати кўпроқ тегаётганлиги сабабидан жоиз бўлиши мумкин. Лекин ҳаргиз ўз нафси ҳавоси туфайли уни ортиқ кўрмаслиги керак. Давлат бошлиғи ҳар бир вилоятга ўша ернинг мафаатини яхшироқ биладиган одамни вазифадорликка таъйин қилиши вожиб бўлади. Вақф нозири (яъни мутаваллиси) вақфдаги кўчмас мулкни ошкора алдов билан ижарага беришлиги жоиз эмас.
(Яъни ўзига яқинларга арзонга бериб, бошқаларга ҳаддан зиёд қиммат нарх айтишлиги дуруст бўлмайди).
Яна шунингдек етимнинг молига бир харидор минг бераман деса, бошқаси бир минг бир юз бераман деса васий биринчи харидорнинг ўзига яқинлиги сабабли унга молни сотиши дуруст бўлмайди.
(Балки бундай ҳолда етимнинг манфаатини кўзлаши керак бўлади).

26-ҚОИДА.
الولاية الخاصة أقوى من الولاية العامة
ХУСУСИЙ ВОЛИЙЛИК УМУМИЙ ВОЛИЙЛИКДАН ҚУВВАТЛИДИР.

Вақф ишида мутавалли мавжуд бўлса  қози вақф тасарруфига эгалик қила олмайди. Шунингдек, гўдакнинг молини тасарруфида ота ёки бобо васий бор бўлса, қози унинг молини ҳам тасарруф қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.
(Қози вақф ишлари учун мутаваллий таъйин қилиш, етимнинг молига васий таъйинлаш ҳуқуқига эга бўлиб, уларни таъйин қилингач улар ўз ваколатларини ўзлари тасарруф этишади. Қози уларни таъйинлаганлик ҳуқуқига эга бўлса ҳам, лекин тасарруфларига эгалик қила олмайди. Яъни бу мисолда умумий волийлик қози бўлса, хусусий волийлик васий ёки мутавалли ҳисобланади. Демак хусусий волийлик умумийсидан кўра кучлироқ бўляпти).

Ушбу қоидада ҳам истисно бўлиб, вақф ишлари орқага сурилса, қози уни ўрнига келтириш учун вақфни қарзга бериш, уни алмаштириш (яъни вақфнинг шартларини алмаштириш) ва узоқ муддатга ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ишларни вақф нозири қила олмайди.


1 ўн йил аввал 5272 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
2-дарс. Мақсадлар йўналтирилган асосий беш жиҳат
(Шариатнинг асосий мақсадлари қуйидаги беш нарсага манфаатни жалб қилиш ва зарарни даф этишни назарда тутади).1. Дин.2. Жон.3. Ақл. 4. Насл.5. Мол. Имом Ғаззолий ўзларининг «Ал-Мустасфо» номли давоми...
1 ўн йил аввал 6096 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
3-дарс. Манфаатларда ўзаро ёрдам
МУТАХАСИСЛИК ВА АМАЛ ТАҚСИМОТИ. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло халойиқни яратиб, уларни бир бирларига эҳтиёжи тушадиган қилиб қўйди. Ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларнинг манфаати учун харакат давоми...
1 ўн йил аввал 5995 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
4-дарс. Охират ва дунё манфаатлари
Охират маслаҳатларини фақатгина нақл орқали билинади. Бу ўринда ақлга суяниб бўлмайди.(Яъни охиратда бўлиши мумкин бўлган фойда ёки зарарни фақатгина оят ва ҳадис орқали билишимиз мумкин. Буларни ақл билан давоми...
1 ўн йил аввал 6336 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
5-дарс. 2-фасл. Қоидалар
- Таърифи:Барча жузъиётларга татбиқ қилиш мумкин бўлган ёки аксарига татбиқ қилса бўладиган умумий ҳукмга қоида дейилади. Ҳозирги асримиз мубоҳисларидан баъзилари қоидага шундай таъриф беришади. “У давоми...
1 ўн йил аввал 5134 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
6-дарс. 6-қоида.
المشقة تجلب التيسيرМашаққат енгилликни жалб қилади. Яъни машаққат бор жойда енгиллик жалб қилинади. Чунки Қуръони Карим оятларида Аллоҳ таоло бандалари учун қийинчиликни давоми...
1 ўн йил аввал 5711 fiqh.uz