Маърузалар

Насафий

Насафий, Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад (1069-1142) - тарихчи, фақих, тилшунос, муҳаддис, муфассир олим.

Унинг мусулмон қонуншунослигага доир "Манзуматун Насафия фил-хилофиют" ("Келишмовчиликлар борасида Насафийнинг назмий асари"), "Ақойид ун-Насафия" ("Ислом ақидалари Насафий тазминида"), шариат қонунлари ва Қуръони карим шарҳига доир "Ал-йавоқит фил-мавоқит" ("Қулай вақтлар хусусида ёқутлар"), 3 китобдан иборат (100 босма табоқ ҳажмида) "Тайсир фит-тафсир" ("Тафсир этишдаги қулайликлар"), шунингдек, тасаввуфга доир "Рисомайи Нажмия" китоби бизгача етиб келган бўлиб, улар етарли тадқиқ этилмаган. Мусулмон оламида Абу Ҳафс Насафий асарларига қизиклш қадимдан катта бўлган. Унинг "Манзуматун-Насафия" асарига замондоши Аловуддин Абулмужоҳид Муҳаммад Самарқандий (вафоти 1157 й.) "Хасрул масойил ва касруд-далойил" ("Масалаларнинг чеклангани ва далиллар касри") деб, номланган тафсир битган. Соҳибқирон Амир Темур даври олимларидан Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (вафоти 1390) Н. асарларига "Шарҳи ақойид ун-Насафия" номли тафсир ёзган. Насафийнинг "Ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд" ["Самарқанд уламолари хотирасига доир қанд(дек ширин китоб)"] номли асари, асосан, самарқандлик машҳур кишилар ҳаёти ва фаолияти ҳамда улар ривоят қилган ҳадисларга бағишланган бўлиб, унда Мовароуннаҳр тарихи, геогр., топонимикаси ҳамда Ислом тарихига доир муҳим маълумотлар мавжуд. Асарга киритилган машҳур шахслар таржимаи ҳоли араб алифбоси тартибида жойлаштирилган бўлиб, унинг бизгача тўлиқ етиб келмаган қўлёзма нусхасининг "хо"дан "коф" ҳарфларигача бўлган қисмигина сакланиб қолган. Шундай бўлса-да, бу асар мустақил юртимиз ўтмишига доир бўлак манбаларда учрамайдиган маълумотларга эга эканлиги боисидан ниҳоятда муҳимдир. Ўзбекистон Миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти Н.нинг ушбу асарини "Самарқандия" номи остида чоп этган (2001).