Маърузалар

Абу Хафс Кабир Бухорий

Абу Хафс Кабир Бухорий (767 - Бухоро - 832) - ислом оламининг буюк фиқҳшунос олими. Имом Бухорийнинг замондоши. Бухородан Бағдодга бориб, имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (804 й. в.э.)га шогирд тушган.

Абу Хафс Кабир ислом қонуншунослиги асосларини яратган йирик олим бўлган. Наршахийнинг ёзишича, унинг шарофати билан Бухоро "Қуббат ул-ислом" - "Ислом динининг гумбази" унвонини олган. Абу Ҳафснинг ўзига "Кабир Бухорий" - "Бухорийларнинг каттаси" ва "Ҳожатбарор имом" деган унвонлар берилган, ўғли Абу Абдуллоҳ (Абу Ҳафс Сагир Бухорий; 877 й. в.э.) ҳам отаси сингари фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Абу Хафс Кабир фиқҳнинг турли масалалари ёритилган "Ал-Аҳвоъ вал-ихтилоф" ("Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар"), "Ар-радду алал-Лафзийя" ("Юзаки қаровчиларга раддия") ва бошқ асарлар ёзган. Абу Хафс Кабир Бухородаги Дарвозаи нав қаршисидаги тепаликда дафн этилган. Бухороликлар у жойни муқаддас санаб, "Ҳақраҳ" ("Ҳақ йўл") ва Хожа Имом Абу Ҳафс деб атаганлар. Мустабид совет тузуми даврида унинг қабри ва атрофидаги меъморий ёдгорликлар бузиб ташланган.