«Сақланиш» ҳақида


Аёлларимиз сўрайдиган савол ва фатволарнинг кўпчилиги «сақланиш» ҳақида десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадислари наслни чеклаш ва унинг қирилишининг олдини олиб келмоқда. Маъқал ибн Ясардан ривоят қилинган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», – дедилар.

Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш борасидаги муаммо айни вақтда энг ривожланган мамлакатларда кенг тус олмоқда. Улар бор имкониятларини ишга солиб, ҳаракат қилсалар ҳам, кўрган чора-тадбирларни самара бермаётир.
Бизда эса эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланиш борасида муаммо бўлмаслиги мумкин, лекин бошқа тарафдан муаммолар келиб чиқмоқда. Баъзи мусулмон ва муслималаримиз кўпайиш кераклигини атрофлича тушунмаяптилар. Улар кўпайиш керак, деганда, орқа-олдига қарамай, ўйламай-нетмай, кетма-кет туғаверишни тушунмоқдалар. Натижада ноқулай ҳолатлар вужудга келяпти: ҳар хил саволлар билан унга югуриб, бунга югуриб, фатво сўраш, оилавий келишмовчиликлар, она соғлиғи ёки бола соғлиғидаги камчиликлар ҳамда бир қатор кўнгилсизликлар пайдо бўлмоқда.
Турмуш қуришдан аввал ҳар бир аёл ва эркак эр-хотинлик муносабатлари, фарзандли бўлиш, ҳомиладорликдан сақланиш ва бошқа  зарур нарсалар ҳақида тушунчага эга бўлиши лозим. Турмуш қурилганидан кейин ҳам ҳар иккиси бу борада ҳам шаръий томондан, ҳам тиббий томондан  етарли маълумотларни билишлари керак. Бўлар иш бўлганидан кейин фатво сўраш учун югуриш мусулмон кишига тўғри келмайди. Ҳолатни чала тушунтириб, фатво берувчини ҳам жавобгар қилиб қўйиш, бошқаларга ҳам нотўғри намуна бўлиш шарт эмас.
Она бўлиб яратилиш, оналик бахтига мушарраф бўлиш биз учун улкан саодатдир. Фарзандимиз дунёга келгач, уни парваришлаш, эмизиш билан бир қаторда олдимизда бир масала пайдо бўлади. Нифос тугаб, яна поклик ҳолатига қайтганимиздан сўнг турмуш ўртоғимиз билан эр-хотинлик муносабатларимиз давом этиши, жинсий ҳаётга қайтишимиз керак бўлади. Табиийки, бунинг натижасида яна ҳомиладор бўлиб қолиш мумкин. Айниқса, янги туққан аёлларда яна ҳомиладор бўлиб қолиш эҳтимоли кучайиши ҳам кўпчиликка маълум. Бу ҳол эса яқинда бўшанган аёлнинг соғлиғига, қолаверса, янги туғилган чақалоқнинг ўсиб-унишига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Нима қилиш керак?
«Бола олдириш – бу қотиллик билан баробар, сақланиш эса наслни чеклашдир. Бу ҳам Исломда тақиқланган», – деб «худонинг берганини» туғавериш керакми ёки наслни давом эттиришни режалаштиришнинг шариат мақсадлари ва ҳукмларига хилоф бўлмаган бирор йўли бормикин?
Келинг, шу мавзуга оид бизга маълум шаръий далилларни ҳам, замонавий инсофли тиббиёт мутахассисларининг хулосаларини ҳам ўртага қўйиб, ҳар биримиз учун фойдали бўлган ечимга келишга ҳаракат қилиб кўрайлик.
Ислом – осонлик дини. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарсани юкламаймиз» деган. Ҳақиқатда ҳам У Зот бандасини тоқатидан ортиқ ишга мажбур қилмайди. Кетма-кет ҳомиладор бўлиш эса аёл киши учун айнан шундай ишлардан биридир.
Ислом шариатида қайси ишга буюрилган ёки қайси ишдан қайтарилган бўлса, шу ҳукм маълум мақсадларга асосланиб жорий қилинган. Ана шу бош мақсадлардан бири жонни ҳимоя қилишдир. Яъни инсоннинг ҳаётига, соғлиғига зарар етказиш мумкин эмас. Бир-икки йилда туғиш эса аёл кишининг соғлиғига жиддий зарар етказиши аниқ. Болани парваришлаш, боқиш машаққати-чи? Бирин-кетин иккита эмас, ҳатто битта болани дунёга келтириш, унга ғамхўрлик қилишдаги қийинчиликларни олайлик.
Энг аввало, янги туққан аёлнинг олдида турган асосий вазифа – болани эмизишдир. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 233-оятида «Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар» деган. Болани тўлиқ икки йил эмизиш дегани икки йил ҳомиладор бўлмаслик керак деганидир, чунки ҳомиладор бўлиб қолган аёл боласини эмиза олмайди. Туғилганининг илк даври бола учун энг муҳимдир. У энг заиф, парваришга энг муҳтож бўлиши билан бирга, яна шундай тезлик билан ўсиб келаётган бўладики, бундай шитоб билан ривожланиш кейинчалик, умрининг охиригача бошқа рўй бермайди. Бола ҳар лаҳза, ҳар дақиқа онасига, унинг сутига, диққат-эътиборига, меҳрига ўта муҳтож бўлади. Бу бола бирор ҳайвоннинг ёки ҳашаротнинг боласи эмаски, туғилганидан бирор соат ёки бир неча кун ўтар-ўтмас, ўзини-ўзи эплаб кетаверса! У инсон боласи-ку! Инсон боласи эса барча жонзотларнинг янги туғилган болалари ичида энг заифи, энг узоқ вақт парваришга муҳтож бўладиганидир. Туғилган гўдак айни пайтда ҳали дунёга келмаган, ҳали пайдо бўлмаган боламиздан-да кўпроқ яшашга ҳақлидир. Биз ҳам бу даврда худди шу боламизга кўпроқ масъулмиз. Агар яна ҳомиладор бўлиб қолмасак, боламизни эмизишни бемалол давом эттиришимиз мумкин. Бу билан биз уни асаб, юрак-қонтомир, ошқозон-ичак касалликлари, турли аллергик касалликлар, қандли диабет, оққон ва бошқа касалликларга учрашининг икки-уч баробар олдини олган бўламиз. Боланинг иммун тизими, яъни касалликларга қарши организмнинг ички курашига она сутининг таъсири ҳақида алоҳида тўхталишга ҳожат йўқ. Мабодо касалланган тақдирда ҳам, она сути билан озиқланаётган гўдакда дард осонроқ кечади, тезроқ тузалади ва асоратлари камроқ бўлади. Бундай боланинг кўзи ҳам, кўнгли ҳам тўқ ўсади. Борига қаноат, ризқ берувчига миннатдорчилик, шукр ҳислари қалбига ўрнаша бошлайди. «Сунъий» йўл билан боқилаётган болаларда эса буларнинг акси бўлади. Уларда сурункали норозилик, ҳамма нарсадан қониқмаслик, аламзадалик хусусиятлари пайдо бўлади.
Болани икки йил тўлиқ эмизиш сиртдан қараганда, анча узоқ муддатга ўхшаб кўринади. Лекин бунинг эвазига бутун умрга татигулик қанчадан-қанча фойдаларга эришилади. Энг муҳим самаралардан бири, эмизиш орқали она-боланинг бир-бирига меҳри, интилиши ортади.
Юқорида баён қилинган барча манфаатлардан маҳрум бўлмаслик, болани бекаму-кўст, баркамол инсон бўлиб вояга етишини таъминлаш учун бола туғилганидан то икки-уч ёшга етгунича, онанинг диққатини чалғитадиган бошқа бир омил бўлмаслиги керак. Бу омил  кутилмаган ҳомиладорликдир.
Бундан ташқари, болани кўкрак сути билан боқишнинг эмизувчи аёлнинг ўзи учун ҳам фойдалари кўп. Нуфузли халқаро нашрлардан бирининг сўнгги сонида берилган маълумотга биноан, фарзандини узоқ вақт эмизган аёлларда:
-    туғруқдан сўнг бачадоннинг табиий ҳолда қисқариши жадаллашиб, тезроқ ўзининг аввалги ҳолига қайтади;
-    баъзи янги туққан аёлларга хос бўлган туғруқдан кейинги депрессия, туққан боласидан нафратланиши ҳисси кам бўлади;
-    умри давомида ҳеч бўлмаса ўн икки ой бола эмизган аёлларда юрак-қон томир хасталиклари, ревматоид, артрит, қандли диабет ва ҳозирги кунда кўп учрайдиган кўкрак бези саратони касалликларига чалиниш эҳтимоли кескин пасаяди.
Энди янги туққан аёлнинг умумий аҳволига ҳам бир назар солиб кўрайлик. Аёл соғлом бўлган тақдирда ҳам, одамдан одамнинг дунёга келиши осонми, ахир?! Оналар ҳар гал фарзандини дунёга келтираётганларида ўлим билан юзма-юз келадилар. Туға олмай, дунёдан кўз юмаётганлари қанча... Алийму Хобийр бўлмиш Зот – Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасиниг 15-оятида жумладан шундай деб марҳамат қилади: «Онаси унга (инсонга) қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди». Аёл танасидаги фойдали моддалар ҳомиладорлик даврида йўлдош орқали, эмизаётганида сут орқали болага ўтиб боради. Натижада онанинг ўзи заифлашиб қолади. Оддий бир мисол: Бир яқинимизнинг келини фарзандли бўлди. Келин соғлом, ҳомиладорлик даври жуда яхши кечган эди. Боласи ҳам сопа-соғ, яхши ўсиб келарди. Бирдан эмизикли келиннинг қўлларидаги тирноқлари мўртлашиб, уваланиб-уваланиб, тўкилиб кета бошлади. Бармоқларида тирноқ қолмади ҳисоб. Мутахассислар буни ҳомиладорлик ва эмизиш даврида она организмидаги витамин ва бошқа керакли моддалар етишмаслигидан деб қайд қилишди. Бир неча ой изчил даволанишлардан сўнггина аёл аввалги ҳолига қайтди.
Агар соғлом, яхши парвариш қилинган, вақтида дам олиб, вақтида текширувлардан ўтиб туққан аёлнинг ҳоли шу бўлса, ҳозирги кундаги камқон, юраги, буйрагида сурункали ҳасталиклар бўлган аёлларнинг ҳоли нима кечади? Агар туғруқ жарроҳлик аралашуви билан кечган бўлса-чи? Албатта, аҳвол бундан-да жиддийлашади. Агар бу ҳол кетма-кет давом этаётган бўлса, баъзи ҳолларда ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ғайбу ошкорни билувчи Аллоҳ таоло шуларнинг ҳаммасини олдиндан билгани учун ҳам онанинг ҳолатини Ўзининг муқаддас Каломида алоҳида зикр қилган.
Шунча машаққатларни бошидан кечирган аёл кейинги фарзандини ўзининг мана шу заиф ҳолати устига эмас, бир муддат соғлигини тиклаб, ўзига келиб олгач, дунёга келтириши мақсадга мувофиқдир. Бу наслни чеклаш эмас, режалаштириш бўлиб, соғлом ақл ҳам буни эътироф этади.
Ушбу масалага шариат қандай қарайди? Агар «Бола кўпайса, боқа олмай, қийналаман, болани тарбиялаш оғир, у билан машғул бўлиб, ўйин-кулгидан қоламан» каби баҳоналар ила фарзанд кўришдан қочилса, бу гуноҳ саналади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтади: «Фақирликдан болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз». Яна бошқа оятда У Зот: «Фақирликдан қўрқиб, болаларингизн ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирурмиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир», – деган.
Жоҳилият даврида араблар фақирлик ва очликдан қўрқиб, фарзандларини тириклай кўмиб юборган бўлсалар, замонавий жоҳилиятда очлик ёки кўп ҳаражатдан қочиб, фарзанд туғмаслик, битта ёки иккитадан оширмаслик одати кенг тарқалмоқда. Аммо биз муҳокама қилаётган масала – ҳаражатдан қочиб, ёки ўйин-кулгидан қолишдан қўрқиб эмас, балки она яна фарзанд кўрадиган бўлгунича соғлиғини тиклаб олиши учун ҳомиладорликни бир муддатга кечиктириб туриш масаласидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эмизикли аёлга яқинлик қилишни ман қилиб қўймоқчи бўлган эканлар. Лекин Форс ва румликларнинг бу ишни қилаверишларини эслаб, ман қилмаганлар. Шундай бўлса ҳам, уламоларимиз туққандан кейин эмизиш давридаги аёлга шафқат қилиб, оддий  ҳолатдан кўра камроқ яқинлик қилиш кераклигини айтганлар.
Сақланиш борасида аёлларга эркакларимиз ҳам ёрдам кўрсатишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кўпинча аёлларнинг «Бўйимда бўлиб қолдимикан», деб жонсарак бўлиб, хавфсираб юришларининг гувоҳи бўламиз. Суриштириб келсангиз, аёл киши ўзи тарафидан сақланишига имкони бўлмай, эридан шу ишнинг амалга ошишини илтимос қилганида, эрнинг кўнмаслиги аниқ бўлади. Аёллар қўлланадиган сақланиш воситаларининг маълум зарарлари бор. Шу сабабли аёл киши ўша воситалардан бирортасини қўллай олмаганида эркак киши унга ёрдам бериб, масъулиятни тенг бўйнига олиб, «азл» қилиши ёки сақланиш воситаларидан фойдаланиши керак.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бу мақсад учун «азл»дан фойдаланишган. «Азл» – бу алоқанинг сўнгида эркакнинг уруғликни ташқарига тўкишидир. Ҳанафий мазҳабида аёлнинг беморлиги ва эмизикли боланинг соғлиғига зарар етиши аниқ бўлганда, аёлнинг изни билан бу иш жоиз, дейилган.
Робитатул оламил Исломия ҳузуридаги Ислом фиқҳи Академияси ҳижрий 1400 йилнинг Робиус соний 26-30 кунидаги 3-мажлисида қуйидаги ҳукмни чиқарган:
«Наслни чеклаш мутлақо мумкин эмас. Агар очликдан хавфсираб ёки шариат эътибор қилмаган сабабларга биноан қилинадиган бўлса, ҳомилани ман қилиш жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло ризқ берувчи Зотдир. Ер юзидаги барча жониворларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир.
Аммо алоҳида зарар аниқ бўлган ҳолатларда, аёл оддий ҳолда туға олмай, униг қорнини ёриб, боласини олишга мажбур бўлинадиган ҳолатларда ҳомиладор бўлишни ортга сурадиган омилларни ишлатишга монелик йўқ.
Шунингдек, бошқа шаръий ва тиббий сабабларга кўра онанинг ҳаёти хавф остида қоладиган бўлса, ишончли мусулмон табиблар қарори ила ҳомилани ман қилувчи воситаларнинг ишлатилиши жоиздир».
Ўзимиздан хулоса қилиб, шуни айтамизки, юқоридаги каби оғир ҳолатларда пайдо бўлиб улгурган ҳомилани мажбур бўлиб олдиргандан кўра, уни маълум муддатга кечиктириб турувчи воситалардан фойдаланган маъқул. Бунда шариатнинг «икки зарардан енгилроғини танлаш» қоидасига амал қилган  бўламиз.
Фақат контрацептив (ҳомилани ман қилувчи) омилларни танлаётганда ҳомиладор бўлиш қобилиятини буткул йўқотиб юборадиган ёки аста-секин сусайтириб, охири бепуштликка олиб борадиган усул ёки воситалардан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас. Бунинг ўрнига «азл»ни қўллаш, спирал ёки безарар таблеткалар ва бошқа воситалардан фойдаланган яхши.
Аллоҳ таоло барчамизни хақ йўлидан адаштирмасин. Ўзи ҳаммамизга тавфиқ берсин.

Мутафаққиҳалар жамоаси


Мавзуга оид мақолалар