Қазо намоз шариат равшанлигида


Намоз ўқимасликнинг турлари ва уларга тегишли шаръий ҳукмлар ҳақидаги рисола

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва У Зотнинг Ҳабибига салавоту саломлар бўлсин! Намознинг ўта даражада муҳимлиги ва фарзлигидан қайси мусулмон бехабар экан? Унинг фазилати, азамати ва улуғлигига ким инкор қилар экан? Уни адо этувчи киши ҳақида эълон қилинган ваъдалар (хушхабарлар) ва уни тарк этувчилар учун келган ваъидларни (қўрқитувчи хабарларни) ким билмас экан? Бу нарсалар деярли ҳар бир мусулмонга ёруғ кундай равшандир.
Лекин шундай бўлсада, баъзи кишилар гоҳо эсдан чиқариб, гоҳо бирор узр билан, яна баъзилар эса бепарволик ва ғафлат сабабидан уни тарк қиладилар.
Савол шуки, фавт бўлган (тарк этилган) бу намозларнинг қазоси лозимми ёки лозим эмасми? Қуйида биз мана шу ҳақда баҳс юритмоқчимиз.
Баъзи нодон, тўғрироғи мазҳабсиз кишилар, "Исломда қазо намоз йўқ, бу муллаларнинг тўқиб чиқарган нарсаси холос" деган гаплари билан оммани, хусусан ҳанафий мазҳабидаги кишиларни паришон қилдилар ва натижада кишиларда бу ҳақда саволлар тўғилди. Оммани хато тушинчалардан сақлаш мақсадида бу мавзуда қалам тебратишга зарурат сездик. Шуни ҳам арз қилмоқчимизки, биз бу баҳсимизда бемазҳабларнинг фикр ва маслакига дахл қилмаймиз, балки жумҳур уламо ва имомларнинг маслакларини ёритиш билан улар келтирган далилларнинг ўзига кифояланамиз, токи бу рисоламиз ҳақни изловчи кишига тўғри йўлни топишида ёрдамчи бўлсин.

Намозни тарк этишнинг тўрт сурати

Намозни тарк этишнинг ҳаммаси бўлиб тўрт кўриниши мавжуд. Улар қуйидагича:
1) Баъзи кишилар намознинг фарз эканлигини билмагани боис уни ўқимайди.
2) Баъзи кишилар намознинг фарз эканлигини билади-ю, лекин эсидан чиқиб қолгани боис уни ўқимайди.
3) Баъзи кишилар намознинг фарз эканлигини ҳам билади, уни ўқиш кераклигини ҳам билади, лекин бирор узр сабабли уни ўқий олмайди.
4) Баъзи кишилар намознинг фарз эканлигини ҳам билади, уни ўқиш кераклигини ҳам билади, шу билан бирга унинг (намоз ўқимасликка) ҳеч қандай узри ҳам бўлмайди, шундай бўлсада қасддан, билиб туриб уни ўқимайди.
Энди бу тўрт кўринишнинг шаръий аҳкомини эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу билан "исломда қазо намоз масаласи йўқ" деган нодонларнинг сўзлари ботил эканлигини билиб оласиз.

Биринчи суратнинг шаръий ҳукми

Биринчи кўринишдаги киши намознинг фарзлигини билмагани боис уни ўқимади. Бундай кишига адо этилмаган намозларнинг (унинг фарзлигидан хабардор бўлганидан сўнг) қазосини ўқиш лозим бўладими ёки йўқми? Аллома Ибн Таймийя бу кишининг ҳукми ҳақида уч хил фикр борлигини зикр қилади. Уларнинг тафсилоти қуйидагича:
а) Бундай киши адо этилмаган намозларнинг мутлақо (ҳеч қандай тафсилотсиз) қазосини ўқиши лозим. Бу фикр Имом Шофеъийга тегишлидир. Имом Аҳмаднинг бир қавллари ҳам шундай.
б) Мазкур кишига қолдирилган намозларни адо қилиш лозим эмас. Бу Имом Аҳмаднинг иккинчи қавлларидир.
в) Намозни тарк этишнинг мазкур кўриниши, яъни уни фарз эканини билмаслик сабабидан ўқимаслик, дорул ҳарбда (куфр диёрида) содир этилган бўлса, унинг қазоси лозим эмас. Аксинча, Ислом диёрида бўлса, қазоси лозимдир. Бу фикр Абу Ҳанифага тегишлидир. 
Бунинг мазмуни шуки, агар бирор киши куфр диёрида Исломни қабул қилса ва у ерда тўғилиб ўсгани боис, Исломда буюрилган фарзлардан (шу жумладан намоздан) хабари бўлмаса ва намозни ҳам шу сабабли адо этмаган бўлса, фарзлардан хабар топганидан сўнг аввалги адо этилмаган намозларнинг қазосини ўқимайди. Чунончи, Аллома Ибн Нужаймнинг иборалари бу борада жуда равшандир: "Куфр диёрида мусулмон бўлиб, намознинг фарзлигини билмагани сабабли бир муддатгача уни адо қилмаган мусулмонга қазо лозим эмас". 
“Бадоеус саноеъ”нинг муаллифи шундай ёзадилар: "Ҳаттоки, дорул ҳарбнинг кофири дорул ҳарбдаёқ мусулмон бўлса ва бир йилгача ўша ерда турса ва намознинг фарзлигини билмагани боис уни адо қилмаса, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ҳамда Имом Муҳаммадларнинг наздида унга мазкур намозларнинг қазоси вожиб бўлмайди. Имом Зуфар унга қазо лозим дейдилар"
Бу тафсилотлардан шу нарса маълум бўлдики, намозни тарк этишнинг биринчи кўриниши, яъни уни фарз эканлигини билмагани боис ўқимаган кишига ҳам баъзи имомлар наздида қазо лозим экан. Фақат Имом Аҳмаддан келтирилган бир қавлга кўра юқоридаги зикр қилинган кишига қазо вожиб эмас. Имом Шофеъий наздларида мутлақо, яъни дорул ҳарбда ёки дорул исломда бўлишидан қатъий назар қазо вожиб. Имом Абу Ҳанифа наздларида эса мазкур ҳолат дорул исломда бўлса, қазо вожибдир.
Шу ўринда мулоҳаза қилиб кўрадиган икки нарса бор: "қазо вожиб" деб айтган мазкур имомлар ҳақида, "улар бу гапни ўзлари томонидан ўйлаб чиқарганлар" дейиш мумкинми? Аниқки, бирор инсофли ва ақлли киши у зотлар ҳақида бу беодобона гапни айтмайди.
Яна бир гап шуки, йўқорида келтирилган кўриниш фаразий холос. Чунки, одамлар умуман олганимизда намознинг фарзлигидан воқифдирлар. Шунинг учун бу кўриниш ҳақида баҳс қилиб ўтирмаймиз.

Иккинчи кўринишнинг шаръий ҳукми

Иккинчи кўриниш айтиб ўтканимиздек, намознинг фарз эканлиги билатуриб, эсдан чиқиб қолгани сабабли ўқимаслик. Бундай ҳолатга тушган киши тарк этган намозининг қазосини ўқиши лозимлигига барча уламо ва имомлар иттифоқ қилганлар. Чунончи Аллома Ибн Рушд Моликий "Бидоятул мужтаҳид" номли машҳур китобларида айтадилар:
"Эсдан чиқарган ҳамда ухлаб қолган кишига намознинг қазоси вожиб эканлигига мусулмонлар иттифоқ қилганлар".
Аллома Қуртубий ҳам: "Бу жумҳур уламонинг мазҳабидир" деб айтганлар.
Бунинг далили Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламдан ривоят қилган ушбу ҳадисларидир:

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ نَسِيَ صَلَاةً فَلْيُصَلِّ إِذَا ذَكَرَهَا، لَا كَفَّارَةَ لَهَا إِلَّا ذَلِكَ أَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا رَقَدَ أَحَدُكُمْ عَنِ الصَّلَاةِ أَوْ غَفَلَ عَنْهَا فَلْيُصَلِّهَا إِذَا ذَكَرَهَا فَإِنَّ اللهَ يَقُولُ - وَأَقِمِ الصَّلَاةَ لِذِكْرِي

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир. «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар. 
Муслимнинг ривоятида: 
«Бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаганда ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деди», дейилган.
Ушбу ҳадисдан, эсидан чиқиб қолгани туфайли намозни адо этмаган киши, ёдига тушганидан сўнг уни ўқиши лозим ва зарурийлиги очиқ ойдин кўриниб турибди. 

 Уйқу сабабли намоз тарк бўлишининг ҳукми 

Уйқу сабабли намоз ўқий олмаган кишининг ҳукми ҳам, эсидан чиқиб ўқимаган кишининг ҳукми кабидир. Яъни унга ҳам намознинг қазоси лозимдир. Чунончи юқорида зикр этилган ҳадиснинг баъзи ривоятларида ушбу лафзлар бор:
"Намозни унутган ёки ухлаб қолиб тарк этган киши учун каффорат уни эслагандан сўнг адо этишдир”.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رضي الله عنه قَالَ: ذَكَرُوا لِلنَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم نَوْمَهُمْ عَنِ الصَّلَاةِ فَقَالَ: إِنَّهُ لَيْسَ فِي النَّوْمِ تَفْرِيطٌ إِنَّمَا التَّفْرِيطُ فيِ الْيَقْظَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга намоздан ухлаб қолишларини зикр қилдилар. Бас, у зот: 
«Албатта, уйқуда (қасддан) нуқсонга йўл қўйиш йўқ. (Қасддан) нуқсонга йўл қўйиш фақат уйғоқликда бўлур», дедилар»
Термизий, Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилганлар.
Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича: "Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам ҳузурларида ухлаб қолгани туфайли намозни ўқиёлмаган бир саҳобий зикр қилинди, шунда У Зот: "Ухлаш (туфайли намозни тарк этиш)да бирор қусур (нуқсон) йўқ. Қусур уйғоқлик ҳолатидадир. Шунинг учун сизнинг бирортангиз намозни унутса ёки ухлаб қолиб тарк этса, уни эслаган захоти ўқисин".
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: Баъзи кишилар тонг вақтида ухлаб қолиб қуёш чиққунича ҳам уйғонмадилар, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам уларга:
"Сизлар ўлик эдиларингиз. Бас Аллоҳ руҳларингизни сизларга қайтарди. Шунинг учун кимда ким намоздан ухлаб қолган ёки намозни эсдан чиқарган бўлса, уни эслаганида ва уйғонганида ўқиб олсин".
Бундан ташқари бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламнинг ўзлари ҳамда саҳобаи киромларнинг ҳамалларидан ҳам собит бўлган.  

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم كَانَ فِي مَسِيرٍ لَهُ فَنَامُوا عَنْ صَلَاةِ الْفَجْرِ فَاسْتَيْقَظُوا بِحَرِّ الشَّمْسِ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: تَنَحَّوْا عَنْ هَذَا الْمَكَانِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَذَّنَ ثُمَّ تَوَضَّئُوا وَصَلَّوْا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَقَامَ الصَّلَاةَ فَصَلَّى بِهِمْ صَلَاةَ الصُّبْحِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида (ҳамма) Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар. 
У зот алайҳиссалоту вассалом: «Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.
Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдод)ни (суннатини) ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».
Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилганлар.
Фойда. Намознинг қазо бўлиш воқеаси бир маротаба бўлгани ёки бир неча бор такрорлангани ҳақида муҳаддислар орасида баҳс мавжуд. Кўпроқ олимлар бундай воқеа бир неча маротаба такрорланганига мойил бўлганлар. Ҳадисларнинг зоҳири ҳам шунга ишора қилади.
Имом Нававий Саҳиҳи Муслимнинг шарҳида: "Ухлаб қолиш ҳодисаси бир марта ёки икки марта бўлганлинги ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. Ҳадисларнинг зоҳирига қараганда икки маротаба бўлган" деб ёзганлар. Имом Айний ва Ибн Ҳажар Асқалонийларнинг фикрлари ҳам шундай. Баъзилар, мисол учун Аллома Асилий бу бир қисса эканлигини ихтиёр қилган бўлсалар-да, лекин айтиб ўтканимиздек кўпчилик олимлар айтган гап зоҳирроқдир. Валлоҳу аълам.

Учинчи кўринишнинг ҳукми

Учинчи кўриниш шу эдики, киши намознинг фарзлигини ҳам билади, уни ўқиш керак эканлиги ҳам ёдида бўлади, бироқ қандайдир узр сабабли уни ўқиёлмайди. Бунинг ҳукми ҳам ҳадисларда мавжуд.
Жобир розияллоҳу анҳу айтадиларки, Хандақ ғазоти куни Умар розияллоҳу анҳу келдилар ва Қурайш кофирларини сўка бошладилар ва "мен ҳануз асрни ўқиганим йўқ, ҳаттоки қуёш ботишга яқин келди" дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам "мен ҳам асрни ўқиганим йўқ" деб айтдилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтдиларки, "ўшанда биз Бутҳон томонга бордик. У Зот соллаллоҳ алайҳи васаллам ҳам, биз ҳам таҳорат олдик. Қуёш ботганидан сўнг аввал асрни, ортидан эса шомни ўқидилар".

عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم يَوْمَ الْأَحْزَابِ شَغَلُونَا عَنِ الصَّلَاةِ الْوُسْطَى صَلَاةِ الْعَصْرِ، مَلَأَ اللهُ بُيُوتَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَارًا، ثُمَّ صَلَّاهَا بَيْنَ الْعِشَاءَيْنِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: «Бизни ўрта намоз – Аср намозидан машғул қилдилар! Аллоҳ уларнинг уйларинию қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни Шом билан Хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар». 
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Хандақ ғазоти куни биз (қурайш кофирлари сабаб бўлиб) намоздан тўсилдик. Кечанинг жуда кўп қисми ўтганидан сўнг Аллоҳ томонидан бизга ёрдам, ғалаба келди. Бас, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳ алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуни чақирдилар ва у киши пешин намозига иқомат айтдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам уни ўз вақтида ўқийдиган намозларидек жуда гўзал ва мукаммал тарзда адо қилдилар. Кейин Билол розияллоҳу анҳуга яна буюрдилар у киши аср намозига иқомат айтдилар. Асрни ҳам ўз вақтида ўқийдиган намозларидек жуда гўзал ва мукаммал тарзда адо қилдилар. Кейин Билол розияллоҳу анҳуга яна буюрдилар у киши шом намозига иқомат айтдилар. Шомни ҳам ўз вақтида ўқийдиган намозларидек жуда гўзал ва мукаммал тарзда адо қилдилар.
Аллома Шавконий айтадиларки: "Бу ҳадисни Аҳмад ва Насоий ривоят қилганлар. Унинг санадидаги ровийлар Саҳиҳи Бухорийнинг ровийларидир. Ибн Саййидиннос "Буни Таҳовий ривоят қилган ва у кишининг санади саҳиҳдир" дейди. Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббонлар уни ўзларининг "Саҳиҳ"ларида ривоят қилганлар. Ибн Сакан ҳам уни саҳиҳ деганлар.
Абдуллоҳ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламни Хандақ куни тўрт намоздан тўсдилар, ҳаттоки кечанинг Аллоҳ хоҳлаган ҳиссаси ўтди. Кейин У Зот соллаллоҳ алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуни буюрдилар у киши азон ва иқомат айтдилар. Аввал пешин намозини ўқишди. Кейин Билол розияллоҳу анҳу иқомат айтдилар, аср намозини ўқишди. Кейин Билол розияллоҳу анҳу иқомат айтдилар, шом намозини ўқишди. Кейин Билол розияллоҳу анҳу иқомат айтдилар, хуфтон намозини ҳам адо этишди. 

Ҳадисдан олинадиган фойда 

Мазкур ҳадиснинг санадида калом (бироз эътироз) бор. У шуки, бу ҳадиснинг ривоят қилувчиси Абу Убайданинг (Ибн Масъуднинг ўғиллари) ўз оталаридан самоълари (ҳадис эшитганлари) аксар уламолар наздида собит эмас. Шунинг учун улар бу ҳадисни "мунқатеъ" деб айтганлар. Магар ҳақиқат шуки, Абу Убайданинг ўз оталари Ибн Масъуддан самоълари (ҳадис эшитганлари) Имом Табаронийнинг бир ривоятларида очиқ ойдин собитдир. Унда у киши "самиъа" (эшитди) лафзи билан оталаридан эшитганларини баён қилганлар. Аллома Бадруддийн Айний "Абу Убайданинг ўз оталари Ибн Масъуддан самоълари собит эмас деб айтган кишиларнинг сўзлари мардуд(рад қилинган)" деб ёзганлар ва ортидан Имом Табаронийнинг "Муъжами авсат" ва Ҳокимнинг "Мустадрак"ларидан далил келтириб, у кишининг ўз оталаридан ҳадис эшитганларини исботлаганлар. Айний яна шундай дейдилар: "У кишининг оталаридан ҳадис эшитмасликларига бирор важҳ (сабаб) йўқ. Чунки Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу вафот этган пайтларида ўғиллари Абу Убайда етти ёшда эдилар. Етти ёшли бола бошқа бегона одамлардан ҳадис эшитганида ўз отасидан эшитолмасинми?"
Шунинг учун бу ривоят мунқатеъ эмасдир. Яна бу ҳадиснинг мазмуни бошқа саҳобаларнинг кучли ривоятлари билан ҳам собит. Бунга мисол, юқорида Абу Саид Худрийнинг ривоятлари ўтди. 

Бир таъорузнинг дафъи 

Бу ҳадислардаги бир нарса зоҳиран қараганда эътирозга лойиқдир. У шуки, юқорида келтирилан биринчи, иккинчи ва учинчи ҳадисларда Хандақ ғазотида фақат бир намоз, яъни асрнинг қазо бўлгани, тўртинчи ҳадисда учта намознинг қазо бўлгани, бешинчи ҳадисда эса тўрт намознинг қазо бўлгани зикр этилди. Савол шуки, бу ривоятлардан қайсинисига эътимод (суяниш) қилиш  мумкин. Бунинг жавоби шуки, воқеъликда мазкур ҳадислар орасида бирор мунофот ва таоруз (ўзаро бир бирига зидлик ва тескарилик) йўқ. Чунки, улардан тўртинчи ва бешинчи ривоятда жам ва татбиқ Абу Саиднинг ривоятларида келганидек, учта намоз қазо бўлган билан бўлади. Охирги ривоятда, хуфтон намозини одатдаги вақтидан кечиктириб адо этилгани учун зикр қилинган. Аслини олганда эса у ўз вақтида ўқилган эди. Демак хуфтон намозини қазоларга қўшиш мажозан (кўчма маънода) холос. Шунинг учун бунда бирон ишкол (чигаллик) йўқ. Энди иккита ривоят қолди: бирида аср қазо бўлгани, яна бирида эса пешин, аср ва шомнинг қазо бўлгани зикр этилган. Бу ривоятлар орасида баъзилар таржиҳ усулига амал қилиб, Бухорий ва Муслимларнинг ривоятларини, яъни фақат асрнинг қазо бўлгани зикр этилган ҳадисни рожиҳ (қувватли) деб ҳисоблаганлар. Баъзилар эса жам ва татбиқ усулини ихтиёр қилганлар. Бунга кўра айтадилаки, Хандақ уриши бир неча кун давом этган, бинобарин намозларнинг қазо бўлиш воқеаси ҳам бир неча бор содир бўлган. Қайсидир кун фақат аср, яна қайсидир кун пешин ва аср, яна қайсидир кун учта намоз қазо бўлган. 

Юқоридаги ҳадисларнинг хулосаси 

Юқорида зикр этилган ҳадислардан маълум бўлдики, бирор узрга биноан намоз қазо бўлса, ўша узр йўқ бўлганидан сўнг уни адо этиш лозим ва зарурий экан. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васаллам жанг сабабли ўқий олмаган бир, ёки икки, ёхуд учта намозни узр йўқ бўлганидан, яъни жанг тугаганидан сўнг қазосини ўқидилар. 

Узрнинг икки тури 

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, узрнинг икки тури мавжуддир. Баъзи узрлар сабабли намоз бутунлай кечирилади. Бундай узрларни фуқаҳолар аъзори мусқита (соқит қилувчи узрлар) деб атайдилар. Мисол учун, ҳайз ва нифос (аёллар учун), бешта намоздан кўпроқ вақт давомида жинни ёки беҳуш бўлиш.
Баъзи узрлар сабабидан эса намоз соқит бўлмайди, балки уни кечиктиришга рухсат бўлади, холос. Бундай узрлар йўқ бўлгач улар сабабли қолдирилган намозларни қазосини ўқиш лозим бўлади. Мисол учун, бешта ёки ундан камроқ намоз давомида жини ёхуд беҳуш бўлиш. Бу билан намоз кечирилмайди, фақат уни тахир қилишга, яъни кечиктиришга рухсат бўлади холос. Демак биз юқорида "узр йўқ бўлганидан сўнг қазо лозим" деган гапимизда, узрнинг мана шу иккинчи тури назарда тутилган. Қайси узрлар сабабидан намозлар соқит бўлиши ва қайсилари билан намозни кечиктиришга ижозат бўлишини тафсилотлари билан ёзишга, бу ўринда имконимиз йўқ. У фиқҳ китобларида мавжуд. 

Имомларнинг бир ихтилофи 

Савол: Эсдан чиқиб, ёки ухлаб қолиш, ёхуд узрлар сабабли ўқилмаган намозлар, кейин ўқилганида уларни қазо дейиладими ёки адоми? 
Жавоб: Бу тўғрида мужтаҳид имомлар орасида ихтилоф мавжуд. Баъзи мужтаҳидлар "Бу намозлар адодир. Узр йўқ бўлганидан сўнг намоз ўқилаётган вақт ўша намознинг вақтидир" деб айтадилар. 

Тўртинчи кўринишнинг ҳукми 

Энди тўртинчи кўриниш, яъни ҳеч қандай узрсиз билатуриб, қасддан намозни тарк этиш ҳақида. Бундан олдин зикр этилган барча кўринишларда, яъни эсдан чиқариб ёки бирор узр туфайли ёки фарзлигини билмаслик сабабидан намозни тарк қилишда гуноҳкорлик йўқ, чунки у қасддан эмас.
Тўртинчи кўринишдаги, яъни ҳеч қандай узрсиз билатуриб қасддан намозни тарк этган киши қаттиқ гуноҳкор бўлиши билан бирга, зиммасига қазо ҳам лозим бўлади. Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ҳамда улардан бошқа жумҳур уламоларнинг мазҳаби шудир.

Жумҳур уламо ва имомларнинг маслаги 

Имом Абу Бакр Аззаръий китоблари "Ассолаату ва ҳукму тараикиҳаа" да ёзадиларки: 

هعفني له سانلا اهيف عزانت ةميظع ةلأسم يهف اهتقو جرخ تىح ادمع ةلاصلا كرت اذإ ام يهو ةيناثلا ةروصلا امأوالقضاء ويقبل منه ام لا ينفعه ولا سبيل له إلى استدراكها ابدا فقال ابو حنيفة والشافعي وأحمد ومالك يجب عليه قضاؤها ولا يذهب القضاء عنه إثم التفويت بل هو مستحق للعقوبة إلى أن يعفو الله عنه وقالت طائفة من السلف والخلف من تعمد تأخير الصلاة عن وقتها من غير عذر يجوز له التأخير فهذا لا سبيل له إلى استدراكها ولايقدر على قضائها ابدا ولا يقبل منه

Аммо иккинчи суратки, унда киши қасддан намозни тарк қилади ҳаттоки унинг вақти чиқиб кетади, Бас, бу катта масаладир. Унда одамлар ихтилоф қилганлар. Оё унинг қазосидан фойда бўладими ва у қабул этиладими? Ёки манфаати йўқ ва унинг ўрнини тўлдириш умуман имконсизми? Бас Имом Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмадлар айтдиларки, унга қазо лозим, лекин қазони ўқиш билан намоз тарк этганликнинг гуноҳи кечирилмайди. Балки у Аллоҳ кечирмагунича жазоланишга лойиқдир. Салафлар ва халафлардан бир жамоа айтадиларки: "намозни кечиктиришга рухсат берувчи бирон узрсиз уни қасддан, ўз вақтидан таъхир қилган киши учун унинг ўрнини тўлдириш имкони йўқ ва унинг қазосига ҳеч қачон қодир ҳам бўлмайди, ундан қабул ҳам этилмайди".

Аллома Қуртубий ўз тафсирларида айтадилар: 

فأما من ترك الصلاة متعمدا ، فالجمهور أيضا على وجوب القضاء عليه وإن كان عاصيا إلا داود. ووافقه أبو عبد الرحمن الأشعري الشافعي 

 

Билиб туриб қасддан намозни тарк этган кишига агарчи у гуноҳкор бўлсада, барча уламолар наздида қазо лозим. Довуд Зоҳирий бундан мустасно ва Абу Абдурраҳмон у кишига мувофиқдир.
Шайхул ислом раҳматуллоҳи алайҳ фатволарида ёзадилар: намознинг фарзлигидан хабардор бўлатуриб, сабабсиз ва узрсиз белгиланган вақтидан кечиктириб уни тарк этган кишига, тўрт имомлар наздида қазо вожибдир. Баъзилар, шу жумладан Ибн Ҳазм "вақтидан сўнг адо этиш улар (намозни тарк этувчилар) томонидан саҳиҳ эмас" деб айтган.
Абдурраҳмон Жазирий айтадилар: Фавт бўлган (тарк этилган) намознинг қазосини фавран, яъни дарҳол ўқиш вожиб. Хоҳ бирор узр билан тарк этилсин, хоҳ бирор узрсиз. Бунга учта имом иттифоқ қилганлар. Имом Шофеъий айтадиларки, намоз ўз вақтидан бирор узрсиз кечиктирилган бўлса, уни дарҳол қазосини ўқиш вожиб, агар бирор узр туфайли кечиктирилган бўлса таъхир билан вожиб, яъни дарҳол ўқиш зарурий эмас, балки бироздан сўнг қазосини ўқиш ҳам бўлаверади.
Келтириб ўтилган иборалар, киши намозни қасддан тарк этган суратда, жумҳур уламо ва имомлар маслагига кўра, унга қазо лозим эканлигини очиқ ойдин кўрсатиб турибди.
Тўртала имом ҳам, улардан ташқари бошқа имомлар ҳам қасддан намоз ўқимаган киши гуноҳкор бўлиши билан бирга қазо ҳам лозим эканлигига иттифоқ қилганлар. Бу масала уларнинг мўтабар китобларининг барчасида мавжуддир. Бу масалада Довуд Зоҳирий ва Ибн Ҳазм сингари аҳли зоҳирлар ихтилоф қилганлар холос. Бу аниқки, жумҳур уламо сўзларининг ёнида бу бир неча аҳли зоҳирларнинг гапларининг эътибори йўқ. 

Аҳли зоҳирларга олимларнинг раддияси 

Шунинг учун аҳли зоҳирларнинг маслагига уламолар қаттиқ раддия берганлар ва уларнинг маслагини "сабилул муъминийн"га хилоф ва хато ҳамда жаҳолат деб айтганлар. Машҳур муҳаддис имом Нававий шундай ёзадилар: “Баъзи аҳли зоҳирлар ҳаммадан ажраган ҳолда беузр тарк этилган намознинг қазоси лозим эмас” деб айтдилар. Улар ўз хаёл ва гумонларида “намозни тарк этиш шу даражада катта гуноҳки, унинг қазосини ўқиш билан киши унинг азобидан қутила олмайди” деб ўйладилар. Магар бу гап уларнинг хатоси ва нодонлигига далилдир. 
Аллома Абдулҳай Лакҳнавий ҳам ёзадилар: "Ва баъзи аҳли зоҳирлар ҳаммадан алоҳида бўлиб, жумҳур мусулмон олимларга, ҳамда мусулмонлар йўлига хилоф ўлароқ, ўз вақтида намозни қасддан тарк этувчи кишига бошқа пайт унинг қазосини адо қилиш зарурий эмас. Чунки у ухлаб қолувчи ҳам эмас, унутувчи ҳам эмас. Худди шундай Ибн Рушд "бу масаладаги ихтилоф шозз, яъни эътибори йўқдир" деб айтганлар. Бу иборалардан ҳам аҳли зоҳирларнинг қарашлари хато, жаҳолатлиги ва мўъминлар тариқасига ҳамда мусулмон уламоларнинг маслагига мухолиф эканлиги маълум бўлди. Хуллас бир неча аҳли зоҳирлардан ташқари дунёнинг барча имом ва олимлари қасддан намозни тарк этган кишига қазо лозим эканлигига иттифоқ қилганлар. 

 Жумҳур уламоларнинг далиллари 

1). Қуръони Каримда "намозни қоим қилинглар" деган буйруқ бор. Бу буйруқни амалга ошириш ҳар бир мукаллафга лозим. Яъни унинг зиммасидаги қарздир. Ҳаммамизга маълумки қарз зиммадан соқит бўлиши учун уни адо этиш лозим. Вақтида адо этмаган киши кейинроқ бўлса ҳам адо этишига тўғри келади.

2). Иккинчи далил, "Ким намоз ўқишни унитса, ёдига келиши билан уни ўқисин" ҳадисидир. Бу ҳадис ҳаволалари билан юқорида нақл қилинди. Бу ҳадисдан икки хил тарзда истидлол қилинган, яъни ундан икки нарсага далил топилган. Бири шуки, бу ўринда нисён (унитиш)дан мурод мутлақ тарк этишдир, хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ беқасд. Чунки араб тилида нисён мутлақ тарк этиш маъносида ҳам ишлатилади. Қурони Каримда мунофиқлар ҳақида: "Улар Аллоҳни унитдилар, бас Аллоҳ (ҳам) уларни унутди" дейилган. Аниқки, бу ерда унутишдан мурод билатуриб Аллоҳни тарк этишдир, ғафлат туфайли ёддан чиқариш эмас.
Чунки бундай ёддан чиқариш маломат қилинмайди. Аллоҳ маломат қилишидан маълум бўлдики, у атайин билатуриб эсдан чиқаришдир. Бу эса тарк этиш демакдир. Чунончи, имом Қуртубий биринчи оятнинг тафсирида ёзадилар: "Нисён, яъни эсдан чиқариш бу ерда тарк этиш маъносидир. Оятнинг маъноси "Улар Аллоҳнинг жўнатган буйруқларини тарк этган эдилар, Аллоҳ уларни шак ичида тарк этди, шак ичида қолиб кетдилар". Худди шундай Имом Шавконий айтадилар: "Нисён (унитиш) тарк этиш маъносидадир. Яъни, улар Аллоҳнинг жўнатган буйруқларини тарк этган эдилар, Аллоҳ уларга фазлу раҳмат этишни тарк қилди. Бас оятлардаги нисён (унитиш)дан билатуриб юз ўгириш ва тарк этиш мурод бўганидек, ҳадисдаги нисёндан мурод ҳам тарк этишдир, хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ қасдсиз. Ҳадис охирида "ёдига келганда уни ўқисин" дейилди. Бундан, яъни ёдига келишдан мурод билиш, таважжуҳ қилиш ва эътибор қаратишдир. Мисол учун "мени эсланг" дейилади, унинг маъноси мени эсдан чиқариб кейин эсланг дегани эмас, балки эътибор қаратинг деганидир. Демак ҳадиснинг маъноси "намозни тарк этган киши унга таважжуҳ, эътибор қилганида уни адо этсин".
Иккинчи истидлол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унитувчи ҳамда ухлаб қолувчи кишини қазо ўқишга бюрдилар, (ваҳоланки улар гуноҳкор ва осий эмас). Демак билиб туриб уни тарк этган киши бадаражаи авло қазосини ўқиши керак бўлади. Б у шунга ўхшайдики, Қурони Каримда "Ота онангга уфф дема" дейилган. Ота онага уфф дейиш раво бўлмагач, уларни сўкиш ва уриш мутлақо жоиз бўлмайди. Худди шундай унитувчи ва ухлаб қолувчи кишига қазо ўқиш лозим бўлгач, уни қасддан тарк этган кишига қазо ўқиш янада зарурроқ ва лозимроқдир. Ёдингизда бўлсинки, истидлол (далил келтириш)нинг бу турини қиёс эмас, балки далолатуннасс дейилади. Қиёс мужтаҳиднинг иши, яъни ҳар қандай олим унга ҳақдор ҳам бўлолмайди, унга салоҳияти ҳам йўқ. Аммо далолатуннассдан тил эгаси бўлган ҳар қандай киши далил топиши мумкин. Мисол учун тилни билган ҳар бир киши "уфф дема" деган гапдан сўкиш ва уришнинг ҳаромлигини тушиниб олаверади. Имом Нававий айтадилар: "узрли (ухловчи ва унитувчи) кишига қазо лозим бўлгач, узрсиз кишига бадаражаи авло вожиб бўлади. Буни аднони (паст даражадаги нарсани) гапириб аъло даражадаги нарсага танбеҳ қилиш деб айтилади".

3)
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: бир аёл келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Менинг онам дунёдан ўтган ва у кишининг зиммасида бир ой рўзаси қолган, мен унинг қазосини адо қилишим мумкинми?" деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: "Онанг зиммасидаги (одамлардан бўлган) қарзини берсанг адо бўлармиди?, деб сўрадилар. У "ҳа" дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳнинг қарзи адо этишга янада ҳақлироқдир" деб марҳамат қилдилар. Бу сўзларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза борасида айтдилар. Унинг умумидан (омм қилиб айтилганидан) адо этилмаган қарзнинг қазоси лозим экани маълум бўлмоқда. Фарзликда рўза билан намоз баробар, балки намоз рўзадан ҳам таъкидлироқдир. Шунинг учун рўзанинг қазо бўлгандан кейин намознинг ҳам қазоси бўлиши лозим. 

 Аҳли зоҳирларнинг эътироз ва шубҳаларига жавоблар 

 Аҳли зоҳирларнинг қуйидагича шубҳалари мавжуд;
1) Уларнинг биринчи шубҳалари шуки, ҳадисда нисён (эсдан чиқариш) билан намозни қолдирган кишини қазо ўқишга буюрилган, қасддан тарк этган кишини эмас.

Бу эътирозга уч хил жавоб бериш мумкин;
а) юқорида айтиб ўтканимиздек ҳадисдаги нисёндан (эсдан чиқаришдан) мурод тарк этишдир. Шунинг учун мана шу ҳадиснинг ўзи қасддан намозни тарк этган кишига қазо лозим эканлигининг далилидир.
б) агар ҳадисдаги нисёндан мурод "эсдан чиқариш"деб айтсак, ундан далолатуннасс йўли билан қасддан тарк этган кишига қазо лозим эканлиги собит бўлаверади. Бунинг тафсилоти ҳам юқорида ўтди. Ундай бўлса нима учун ҳадисда ухлаб қолувчи ва эсдан чиқарувчини тахсис қилинган, яъни хоссатан, алоҳида зикр этилган? Бунга жавоб шуки, бир ҳадисда "уч кишидан қалам кўтарилган; уйқудаги кишидан то уйғонгунича, жиннидан то соғайгунича, гўдак боладан то балоғатга етгунича" дейилган. Яна бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло менинг умматимдан хатони, эсдан чиқаришни ва мажбурланиб қилган ишларини кечиргандир: деб марҳамат қилганлар. Ухлаб қолувчи ва эсдан чиқарувчи киши узрли бўлгани боис уларга қазо лозим бўмаса керак деган хато тушинча пайдо бўлиш эҳтимоли бор эди. Мана шу эҳтимолга ўрин қолдирмаслик учун ухлаб қолувчи ва эсдан чиқарувчига қазо лозим бўлишини алоҳида тахсис билан зикр этилган. Қасддан тарк этувчининг ҳукми равшан бўлгани боис уни зикр қилишга зарурат бўлмаган.
в) ҳадисдаги нисён қайди воқеъийдир, эҳтирозий эмасдир. Намозни тарк этиш воқеъаси нисён туфайли содир бўлган учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нисённи (эсдан чиқаришни) зикр қилдилар.
2) Аҳли зоҳирларнинг иккинчи эътирозлари шуки, вақтики эсдан чиқарувчига ҳам қазо лозим, қасддан тарк қилувчига ҳам қазо лозим десак, икковининг ўртасида нима фарқ қолади? Ваҳоланки эсдан чиқарувчи гуноҳкор эмас, қасддан тарк қилувчи гуноҳкордир. Икковига қандай қилиб бир ҳил нарсани лозим қилиш мумкин?
Бунга жавоб шуки, эсдан чиқариб намозни тарк этувчига фақат қазо лозим, қасддан тарк қилувчига эса қазо ҳам лозим, тавба ҳам лозим. Шундай бўлгач икковини баробар дейиш мумкинми? Шу ўринда яна бир нарсани билиб олиш керакки, бизнинг масаламизда икки нарса алоҳида-алоҳидадир. Бири намознинг зиммада бўлиши, иккинчиси гуноҳкор бўлишдир. Зиммадаги нарса адо қилиш билан ёки қазосини ўташ билан соқит бўлади. Бунда эсдан чиқарувчи ва қасддан тарк қилувчи иккови баробардир. Гуноҳкор бўлишда эса, эсдан чиқарувчига гуноҳ бўлмайди, қасддан тарк қилувчи эса гуноҳкордир. У гуноҳдан покланиши учун тавба қилмоғи керак.
Хуллас жумҳур имомларнинг мазҳаблари беғубор, аҳли зоҳирларнинг эътирозлари эса илтифот қилишга ҳам лойиқ эмас. 

 Қазо ҳақида лафзий бахс 

Бу ўринда такмили фоида, яъни фойдани мукаммаллаштириб қўйиш мақсадида қазо ҳақида бир лафзий баҳсни ҳам зикр қилишни муносиб кўрдим. Айтиб ўтканимиздек, аҳли зоҳирларнинг наздида, намозни қасддан тарк этган киши унинг қазосини ўқимайди. Эсдан чиқариш ёки ухлаб қолиш туфайли намозни тарк этгандан сўнг, ўқиган кишини уларнинг истилоҳида қазо қилувчи эмас, балки адо қилувчи дейилади. Чунки уларнинг наздида қазо намоз деган нарсанинг ўзи йўқ. Аввало шуни айтиш керакки, қазо ва адо лафзлари бир фиқҳга тегишли истилоҳдир. Фақиҳлар бошқа жуда кўплаб истилоҳларни зикр қилганларидек қазо ва адо истилоҳини муқаррар қилганлар. Уларнинг истилоҳларига кўра эсдан чиқариш ёки ухлаб қолиш туфайли намозни тарк этиб кейин адо қилишни қазо дейилади. Бунда нима паришонлик (тушунмовчилик) бор? 
Фақиҳлар наздида қазо деб фарзни белгиланган вақти чиқиб кетганидан сўнг адо қилишни айтилади. Бу истилоҳга кўра намозни (уни хоҳ қасддан, хоҳ эсдан чиқариб, хоҳ ухлаб қолиб тарк этган бўлсин) белгиланган вақтидан сўнг ўқишни қазо дейилади. Агар бирор киши "йўқ бундай эмас, уни адо дейилади" деса, бу билан шаръий масалага бирор таъсир қилмайди. Уни хоҳ адо, хоҳ қазо денг мақсад бир нарса, яъни намозни кейин ўқишдир. Шунинг учун уламолар "ло машоҳата фил истилоҳ" деганлар. Иккинчидан бу истилоҳни Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳобалар ҳам ишлатганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: бир аёл келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: "Менинг онам дунёдан ўтган ва у кишининг зиммасида бир ой рўзаси қолган, мен унинг қазосини ўташим мумкинми?, деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: "Онанг зиммасидаги (одамлардан бўлган) қарзини берсанг адо бўлармиди?, деб сўрадилар. У "ҳа" дея жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳнинг қарзи қазо қилишга (беришга) янада ҳақлироқдир" деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадисда рўзанинг қазоси зикр этилмоқда. Саҳобий ҳам қазо лафзини ишламоқдалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам. Аниқки бу ўринда қазодан мурод, вақт ўтгандан сўнг рўзаларни адо қилишдир. Худди шундай Оиша розиллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у киши айтадилар: "Менинг зиммамда рамазон рўзаси бўларди, лекин мен уни шаъбон ойида қазо қилардим, яъни қазосини тутардим". Оиша розиллоҳу анҳо қандайдир узр туфайли қолдирилган рўзаларни кейинроқ тутиш учун қазо лафзини ишлатмоқдалар. Бас эсдан чиқариш ҳамда бирор узр сабабли тарк бўлган намозларни қазо деб аташ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам саҳобалардан собит экан. Ҳамамизга маълумки мақсад битта бўлгач, лафзларнинг турлича бўлишининг ҳеч қандай зарари йўқ. 

Ҳосили калом 

Бу барча тафсилотлардан маълум бўлдики, намозни тарк қилишнинг биринчи кўриниши, яъни уни фарз эканини билмаслик сабабидан ўқимаслик борасида уламо ва имомлар орасида ихтилоф бор бўлиб, баъзилари "қазо лозим" деса, айримлари "қазо лозим эмас", дер экан. Кейинги икки кўринишда, дунёнинг барча уламолари қазо лозим эканига иттифоқ қилганлар. Охирги кўринишда ҳам тўртала имом ҳамда жумҳур уламолар қазо ўқиш керак деб айтадилар. Бунга саноқли аҳли зоҳирлар ихтилоф қилганлар холос. Улар жумҳур уламога тескари чиққан ҳолда “бу кўринишда қазо лозим эмас” деб айтдилар. Магар, уларнинг бу гаплари мўъминлар "йўлига хилоф" қилиш ҳисобланиб, турган битгани хатодир. Валлоҳу аълам.


7 йил аввал 16052 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ишораи саббоба
Савол: Ишораи саббоба нима? Баъзилар уни: «Катта ҳаром», деб айтганини эшитдим. Баъзилар эса: «Буни қилиш керак, суннат», деб айтишди. Ишораи саббобанинг суннатлигига, қилиш кераклигига давоми...
7 йил аввал 46454 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Тунлари ёки кунлари узун бўлган жойлардаги намоз
Агар мусофир тунлари ёки кунлари узун бўлган жойларда намоз ўқимоқчи бўлса, шу юртларга яқинда беш вақт намозни адо қилишнинг имкони бўлган юртлар бўлса, ўша юртнинг вақтларида адо қилинади, агар бир намоз билан давоми...
7 йил аввал 10138 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қазо намозларни адо этиш шартми?
Савол: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги давоми...
7 йил аввал 35269 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Намозни қаср қилиш муддати
Киши ўн беш кун ёки ундан ортиқ бир жойда туришни ният қилган бўлса, у муқимга айланади ва унга мусофирлик ҳукмлари жорий бўлмайди.  عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُمَا، قَالَ: давоми...
7 йил аввал 7921 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қолдирилган витрни ўқиш вожиб
Витр намози вожиб ҳисобланиб, хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ ҳазарда бўлсин, уни қолдирган одам қазосини ўқиши вожибдир.  إنَّهُ يَقْضِي وُجُوبًا اتِّفَاقًا «Витрни қазосини ўқиш бил давоми...
7 йил аввал 12502 fiqh.uz