Овқатланиш одоби

Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига бе-рилган бу аҳамиятни Ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун зарур бўлган таом ва шаробни ис-теъмол қилишни вожибга айлантирганида кўрамиз.

Зарур бўлган миқдордаги таом ва шаробни исроф даражасига етказ-май тановул қилиш мубоҳ саналади. Исрофгарчилик билан истеъмол қилинган таом ва шароб жисм учун зарарли ва ха-тарли бўлгани учун таомнинг керагидан ортиқчаси ҳаромдир.
Барча нарсалардаги каби еб-ичишда ҳам Ислом мўътадилликни тавсия этади. Албатта, гап фақат Аллоҳ таоло ҳалол қилган таом ва шароблар ҳақида бормоқда.
Инсон тановул қиладиган таомлар ўз аслига қараб иккига: наботот ва ҳайвонот таомларига бўлинади.
Набототдан бўлган таомлар нажас, зарарли ва маст қилувчи бўлмаса, барчаси ҳалолдир. Набототлардан турли мева ва дон маҳсулотларига ўхшаш зарар етказмайдиган нарсалар ҳалол қилинган.
Нажас таом ёки нажас аралашган таом ҳаром бўлади. «Нажас» деганда ифлос нарса тушунилади. Мисол учун, чўчқа гўшти ва ёғи, ўлимтик каби нарсалар нажасдир. Сичқон ту-шиб қолган суюқ ёғ ҳам нажас аралашгани учун, ҳаромга айланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳолатда ёғни тўкиб ташлашга амр қилганлар. Агар сичқон тушиши билан ёғ ҳаром бўлмаса, уни тўкиб ташлашга амр қилмас эдилар.
Маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлиги ҳаммага маълум, буни такрорлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, заҳар, мишиқ, маний, тупроқ, тош каби еса, инсонга зарар етказадиган нарсалар ҳам шариатимизда ҳаром қилинган.
Ҳайвонлар уч қисмга тақсимланади: сув ҳайвонлари, қуруқлик ҳайвонлари ва сув ҳамда қуруқликда яшовчи ҳайвонлар. Сув ҳайвонларининг барчаси жумҳур уламо на-здида ҳалолдир. Ҳанафийлар эса сув ҳайвонларидан фақат балиқ ҳалол, дейишган.
Қуруқлик ҳайвонларига келганда улардан ўзи ўлиб қолгани, оққан қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилмаганини еб бўлмайди, буларнинг барчаси ҳаромдир.
Бўғилиб ўлган, сузилиб ўлган, уриб ўлдирилган, юқоридан йиқилиб ўлган, йиртқич ҳайвон ёриб кетган ҳайвонларни жони бор вақтида сўйиб олса, ҳалол бўлади, агар сўйишга улгурилмаса, ҳаромдир.
Қуш ва ҳайвонлардан бўри, шер, йўлбарс, бургут, лочин, қирғий каби йиртқичлар ҳаромдир. Уй ҳайвонларидан ит, эшак ва хачирлар ҳам ҳаром саналади.
Ер юзида юрадиган чаён, илон, сичқон, чумоли, суварак, ўргимчак, ари каби ҳашаротларни ейиш ҳаромдир.
Ҳалол ва ҳаром ҳайвоннинг қўшилишидан туғилган ҳайвонлар ҳам ҳаром ҳисобланади. Мисол учун, от ва эшакнинг қўшилишидан туғилган хачир ҳаромдир. Шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафийлардан икки имомнинг наздида от ҳалолдир.
Ҳанафийлар наздида зобб, чиябўри, тулки каби ҳайвонлар ҳам ҳаромдир.
Жумҳур уламо чорва ҳайвонларидан туя, сигир, қўй, эчки-лар ҳалоллигини айтишган. Шунингдек, қўтос, жирафа, зебралар ҳам ҳалолдир.
Йиртқич бўлмаган кабутар, мусича, чумчуқ, бедана, ўрдак, ғоз, товуқ, туяқуш, булбул каби қушлар ҳалол саналади, шунингдек, йиртқич бўлмаган кийик, тоғ эчкиси, буғу, қуён каби ёввойи ҳайвонлар ҳам ҳалол.
Меваларга, донларга, таомга ва сиркага тушган қуртлар ҳам ҳалолдир. Қурт тушган егуликларни емасдан ташлаб юборилмайди.
Ҳам қуруқликда, ҳам сувда яшайдиган тимсоҳ ва бақага ўхшаш ҳайвонлар ҳаром. Бир сўз билан Қуръон ва Суннатда ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларнинг барчаси ҳаром, ҳалоллиги баён қилинганларининг барчаси ҳалол ҳисобланади.
Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳақида ўтмишдаги уламолар: «Ақли расо кишилар пок деб юрганлари ҳалол, нопок деб юр-ганлари ҳаром», дейишган.
Аммо замондош уламолар: «Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳалол-ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларга солиштириб кўрилади, агар ҳалол ҳайвонларда бор сифатлари бўлса, ҳалол, ҳаром ҳайвонларда бўладиган сифатлари бўлса, ҳаром», дейишган.
Энг муҳими, мусулмонлар ўзларининг ҳар бир луқма таом-лари, ҳар бир томчи шароблари ҳалол меҳнат ила топилиши фарз эканини тушуниб етишлари зарур. Яъни озиқ-овқатнинг жисми ҳалол бўлиши билан бирга, улар ишлаб топилган касб ҳам ҳалол бўлиши шарт. Қароқчилик, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик, алдамчилик каби шариат ҳаром қилган йўллар билан топилган пулга сотиб олинган озиқ-овқатларнинг барчаси айни ҳаромдир.
Бундан келиб чиқадики, ҳаром икки хил – моддий ва маънавий бўлади. Мусулмон инсон ҳар икки ҳаромдан, ҳам моддий ҳаромдан, ҳам маънавий ҳаромдан ўзини сақлаши фарздир.
«Ҳаром» сўзи луғатда ман қилишни англатади. Шариатда эса, ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир. Буни билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ ҳамда бошқа маст қилувчи ва нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Аллоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти кабилар ҳаромдир.
Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда ман қилинган йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанчалик пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир. Шунинг учун ҳам уламо-ларимиз мутлақ ҳаромни ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қилишади.
Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинади. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлганидан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузилади, хасталанади.
Худди шу ҳолатни ботиний қалбга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўлишади. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бора-бора маънавий ҳалокатга айланади.
Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши фармон чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.
Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳақиқатни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.
Исломий таълимотларда айтилишича, мўмин-мусулмон инсон яшаш учун ейди, ейиш учун яшамайди. Ким овқатланиш масаласида мўътадил бўлса, одоб-ахлоқли бўлса, таомни яшаш эҳтиёжларидан бири деб билса, мусулмонларнинг бу борадаги сифатини ўзида мужассамлаштирган бўлади.
Уламолар таом борасидаги барча далил ва ҳужжатларни батафсил ўрганиб чиқиб, уларни солиштириб, усули фиқҳ ва бошқа қоидаларни ишлаб чиқишган ва жумладан, қуйидаги хулосаларни тақдим қилишган:

ТАОМЛАНИШ ҲАҚИДАГИ ҲУКМЛАР

Таом емоқ гоҳида фарз бўлади.
Бу ишни фарз бўлганида қилгани учун инсон савоб олади ва уни қилмагани учун гуноҳкор бўлади. Ҳалокатни даф қилиш учун таом ейишнинг ҳукми шудир. Чунки Исломда инсон ўз жонини ҳалокатга ташламайди, балки уни сақлаш учун ҳаракат қилиши фарздир.
Таом емоқ гоҳида вожиб бўлади.
Фарз намозни тик туриб ўқишга қодир бўлгудек ва фарз рўзани тутишга қодир бўлгудек миқдорда таом ейиш вожибдир. Шариат қоидаси бўйича вожибни адо этиш учун керак бўлган нарса ҳам вожиб ҳисобланади.
Таом емоқ гоҳида мандуб бўлади.
Ризқ касб қилишга, илм олишга ва нафл ибодатларни адо этишга қодир бўлгудек миқдорда таом ейиш мандубдир.
Таом емоқ гоҳида мубоҳ бўлади.
Зарар етадиган бўлмагудек тўйиб таом тановул қилиш мубоҳдир.
Таом емоқ гоҳида ҳаром бўлади.
Ортиқча тўйиб, ўзига зарар етказадиган даражагача таом емоқ ҳаромдир.
Таом емоқ гоҳида макруҳ бўлади.
Бунга тўйганидан ортиқча таом ейиш киради.
Ўзи қилган қурбонлик гўштидан емоқ мустаҳабдир.
Ақиқанинг ҳукми ҳам қурбонликнинг ҳукмига ўхшаш.
Каффорот ва фидя учун сўйилган ҳайвоннинг гўштидан ўша каффорот ва фидя вожиб бўлган одам ейиши мумкин эмас.
Тўй ва зиёфат таомидан емоқ мустаҳабдир.
Нотаниш жойда таом емоқчи бўлган одам у ердаги таом-нинг қандай бўлишини билмагани учун унинг ҳақида суриштирмай туриб емаслиги керак.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом доимо аввал су-риштириб олиб, кейин таомга қўл узатар эдилар.

ТАОМ ЕЙИШ ОДОБЛАРИ

Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.
Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у «барака» деб аталган.

عَنْ سَلْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عن النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: بَرَكَةُ الطَّعَامِ الْوُضُوءُ قَبْلَهُ وَالْوُضُوءُ بَعْدَهُ. رَوَاهُ أَبُودَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювиш-дир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Олим ва катта ёшдаги кишилар таом тановул қилишни бошламагунларича, бошқаларнинг кутиб туриши юксак одоб намуналаридандир.
Бу одобни бошқа одоблар қатори, болаларга ҳам ёшликларидан ўргатиб бориш керак. Баъзи халқларда ушбу одоб аллақачон унутилиб қолган. Бизда унга амал қилиш ҳозир яхши даражада, дея оламиз. Фақат бу одобга амал қилишда бардавом бўлиш керак. 

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: كُنَّا إِذَا حَضَرْنَا مَعَ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم طَعَامًا، لَمْ نَضَعْ أَيْدِيَنَا حَتَّى يَبْدَأَ رَسُولُ الله صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَيَضَعَ يَدَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан таомга ҳозир бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламагунларича, қўлларимизни узатмас эдик».
Муслим ривоят қилган.
Таом тановул қилишни бошлашда «бисмиллаҳ» айтилади.
Динимизда барча яхши амаллар тасмия («бисмиллаҳ») билан бошлангани каби таом истеъмол қилиш ҳам Аллоҳнинг номи ила бошланади.
Таом ўнг қўл билан ейилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом барча ишларни ўнгдан бошлашни яхши кўрар, жумладан, таомни ҳам ўнг қўллари билан ер эдилар.
Ҳар ким ўз олдидан ейди.
Таом лаган каби идишда келтирилса, ҳар ким ўз олдидан ейди, бировнинг олдидаги таомга қўл узатмайди. Чунки би-ровнинг олдидаги таомга қўл узатиш ғирт беодобликдир. 

عَنْ عُمَرَ بْنِ أَبِي سَلَمَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنْتُ غُلَامًا فِي حَجْرِ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، وَكَانَتْ يَدِي تَطِيشُ فِي الصَّحْفَةِ، فَقَالَ لِي النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَا غُلَامُ، سَمِّ اللهَ، وَكُلْ بِيَمِينِكَ، وَكُلْ مِمَّا يَلِيكَ، فَمَا زَالَتْ تِلْكَ طِعْمَتِي بَعْدُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ 

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда у зот менга: «Эй ғулом! «Бисмиллаҳ», дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар. Шундан сўнг ейишим шундай бўлди».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.
Қўл билан еганда, таом учта бармоқ билан олинади.
Бундан кўп бармоғини ишга солиш очкўзликдир. 

عَنْ كَعْبِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَأْكُلُ بِثَلَاثِ أَصَابِعَ، وَيَلْعَقُ يَدَهُ قَبْلَ أَنْ يَمْسَحَهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам учта бормоқлари билан ер эдилар ва қўлларини артишдан олдин уларни ялар эдилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Таом суяниб, ёнбошлаган ҳолда ейилмайди.
Аввало, бу иш беодоблик, маданиятсизликдир. Қолаверса, ёнбошлаб ётган одамнинг таом юрадиган аъзолари – ичаклари, қорни, ошқозони ноқулай ҳолга келиб, фаолияти сустлашади. Бинобарин, у еган таомнинг ошқозонда қайта ишлани-ши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлиғига зарар етади. 

عَنْ أَبِي جُحَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إنِّي لَا آكُلُ مُتَّكِئًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا 

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен суянган ҳолимда емайман», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.
Қўлдан тушган ва дастурхонга тўкилган таом олиб ей-илади. Қўлда ва идишларда қолган таом юқларининг исроф бўлишига ҳам йўл қўйилмайди. 

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ الشَّيْطَانَ يَحْضُرُ أَحَدَكُمْ عِنْدَ كُلِّ شَيْءٍ مِنْ شَأْنِهِ، حَتَّى يَحْضُرَهُ عِنْدَ طَعَامِهِ، فَإِذَا سَقَطَتْ مِنْ أَحَدِكُمُ اللُّقْمَةُ فَلْيُمِطْ مَا كَانَ بِهَا مِنْ أَذًى، ثُمَّ لِيَأْكُلْهَا، وَلَا يَدَعْهَا لِلشَّيْطَانِ، فَإِذَا فَرَغَ فَلْيَلْعَقْ أَصَابِعَهُ، فَإِنَّهُ لَا يَدْرِي فِي أَيِّ طَعَامِهِ تَكُونُ الْبَرَكَةُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетка-зиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлгач, бармоқларини яласин. Чунки у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Таом еб бўлинганидан сўнг Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, дуо қилинади.
Еб-ичгандан кейин шукр қилиб, ҳамд айтишда Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи ризқ берувчи Зот эканини эътироф қилиш бор. Шу билан бирга, бу ишда Аллоҳ таолога шукрни доимий янгилаб туриш маъноси ҳам бор. Шукр қилган бандага эса Аллоҳнинг Ўзи неъматларини зиёда қилиб беришни ваъда қилган.
Диёримизда овқатланишдан кейин қилинадиган дуолардан «Алҳамдулиллаҳиллазий атъаманаа ва сақонаа ва жаъаланаа минал муслимийн» («Бизни едирган, ичирган ва мусулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин») деган дуо кенг тарқалган. 

وَلِأَصْحَابِ السُّنَنِ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا فَرَغَ مِنْ طَعَامِهِ قَالَ: الْحَمْدُ ِللهِ الَّذِي أَطْعَمَنَا، وَسَقَانَا، وَجَعَلَنَا مُسْلِمِينَ 

«Сунан» соҳибларининг ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон таомла-нишдан фориғ бўлсалар: «Бизни едирган, ичирган ва му-сулмонлардан қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эдилар», дейилган.
Таомдан кейин икки қўл ювилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Таомдан қолган юқларини ювиб, кетказиш юксак одоб намунасидир.
Таомдан кейин аввал тиш тозалагич ила тиш тозаланиб, чиққан овқат қолдиқлари туфлаб ташланади.
Сўнгра оғиз чайилади. Агар тиш фуршаси ила ювилса, яна ҳам яхши бўлади. 

وَقَالَ سُوَيْدُ بْنُ النُّعْمَانِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: خَرَجْنَا مَعَ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِلَى خَيْبَرَ، فَلَمَّا كُنَّا بِالصَّهْبَاءِ دَعَا بِطَعَامٍ، فَمَا أُتِيَ إِلَّا بِسَوِيقٍ فَأَكَلْنَا، فَقَامَ إِلَى الصَّلَاةِ فَتَمَضْمَضَ وَمَضْمَضْنَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ 

«Сувайд ибн Нуъмон розияллоҳу анҳу деди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбарга чиқдик. Саҳбога етганимизда, у зот таом опкелтирдилар. Толқондан бошқа ҳеч нарса келтирилмади. (Ўшани) едик. Сўнг у зот намозга тураётиб, оғизларини яхшилаб чайди-лар. Биз ҳам чайдик».
Бухорий ривоят қилган.
Овқатланишнинг исломий маданиятига кўра ҳар бир мусулмондан таомдан кейин оғзини яхшилаб чайиши талаб қилинади. Бу ишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлари ҳақида ривоятлар кўп. Мусулмонлар оғизнинг тоза-пок бўлишига доимо катта эътибор берганлар. Оғиз билан Қуръони карим, ибодат дуолари ўқилади, Аллоҳ таолонинг зикри қилинади, шунинг учун у доимо пок бўлиши, турли нохуш ҳидлар чиқмаслиги керак.
Таомни ёмонлаш мутлақо мумкин эмас.
Ҳар қандай ҳалол таом банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати ҳисобланади. Ҳар қандай неъмат учун банда Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Фақат нонкўр инсонгина шукр ўрнига таомни айблашга ўтади. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْه قَالَ: مَا عَابَ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم طَعَامًا قَطُّ، إِنِ اشْتَهَاهُ أَكَلَهُ، وَإِنْ كَرِهَهُ تَرَكَهُ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламасдилар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар. Кўнгиллари тусамаса, тарк қилар эдилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилганлар.
Мусулмонлик одоби ҳар қандай таом тановул қилганда уни мақташни, айбламасликни ва таом тайёрлаган шахсга ташаккур изҳор қилишни тақозо қилади.
Таом тайёрлаган шахс таом тановул қилган кишига яхшилик қилган шахсдир. Яхшилик қилган кишига эса ташаккур айтиш лозим. Зотан, умумий қоида шуки: «Одамларга ташак-кур қилмаган Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди».
Таомни дастурхонда тартиб билан тановул қилиш юксак одобдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар. Саҳобаларни, сиз билан биз умматларини ҳам шундай қилишга ундаганлар.
Таомланишдан Аллоҳ таолонинг ибодатига, тақвосига тайёрланиш ният қилинади.
Овқат ейиш лаззатланиш ва фахрланиш учун бўлмаслиги зарур. Шундагина инсон қилган нияти туфайли овқатланганига ҳам савоб олади.
Дастурхон устида камтарлик ила ўтирилади.
Кибр ва манманлик барча жойларда ҳам мусулмон инсонга тўғри келмаганидек, дастурхон устида ҳам тўғри келмайди.
Таом тановул қилишда шошилмаслик керак.
Таом аста, яхшилаб чайналади, бунда беўхшов овозлар чиқишига йўл қўйилмайди. Шошилиб овқатланиш беодоблик ва очкўзлик аломати бўлиши билан бирга, соғлиққа зарар ҳам келтиради.
Таомни керагидан ортиқча емаслик зарур.
Чунки бу нарса энг аввало исрофдир, қолаверса, кўп таом еган киши ланж, лоқайд, ибодатларга бефарқ бўлиб қолади, яна кўп таом ейиш оқибатида одам семириб, турли касаллик-ларга чалиниши ҳам мумкин. 

عَنْ مِقْدَامِ بْنِ مَعْدِيكَرِبَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَا مَلَأَ آدَمِيٌّ وِعَاءً شَرًّا مِنْ بَطْنِهِ، بِحَسْبِ ابْنِ آدَمَ أُكُلَاتٌ يُقِمْنَ صُلْبَهُ، فَإِنْ كَانَ لَا مَحَالَةَ فَثُلُثٌ لِطَعَامِهِ، وَثُلُثٌ لِشَرَابِهِ، وَثُلُثٌ لِنَفَسِهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ 

Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», деди-лар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Таомнинг борига шукр ва қаноат қилиш, яхшисини ахтариб, ўзини овора қилмаслик мусулмоннинг юксак одобидандир.
Мусулмон киши турмушини яхши таъмин қилиш учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб, ҳаракат қилаверади. Аммо ризқ бериш Аллоҳдан эканини ҳеч қачон унутмайди. Шунинг учун ўзига берилган ризқ-насиба Аллоҳнинг иродаси ила бўлган, деб билади. Оз бўлса, норози бўлмайди, кўп бўлса, ҳовлиқиб кетмайди. Чунки Аллоҳнинг иродасига қарши чиқиш мусулмон одам учун тўғри келмайди.
Таомни якка-якка емай, жамланиб емоқда барака борлигини унутмаслик зарур.
«Устида кўп қўл бўлган овқат Аллоҳ ҳузурида овқатларнинг севимлисидир», деганлар Пайғамбар алайҳиссалом.

وَقَالَ جَمَاعَةٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَأْكُلُ وَلَا نَشْبَعُ، قَالَ: فَلَعَلَّكُمْ تَفْتَرِقُونَ، قَالُوا: نَعَمْ، قَالَ: فَاجْتَمِعُوا عَلَى طَعَامِكُمْ، وَاذْكُرُوا اسْمَ اللهِ عَلَيْهِ يُبَارَكْ لَكُمْ فِيهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ 

«Бир жамоа одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз еймиз, лекин тўймаймиз», дейишди.
«Эҳтимол, тарқоқдирсизлар?» дедилар у зот.
«Ҳа», дейишди.
«Таомингизга тўпланинглар ва Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. (Шунда) сизларга унда барака берилур», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Таом иссиқ бўлса, унинг совушини кутиб туриш ҳам таомланиш одобларидандир.
Таом иссиқ ёки жуда совуқ ҳолда ейилмайди, унга пуфланмайди, ҳидлаб кўрилмайди, хўриллатиб ёки чапиллатиб истеъмол қилинмайди. 

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، أَنَّهَا كَانَتْ إِذَا أُتِيَتْ بِثَرِيدٍ، أَمَرَتْ بِهِ فَغُطِّيَ حَتَّى يَذْهَبَ فَوْرَةُ دُخَانِهِ، وَتَقُولُ: إِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: هُوَ أَعْظَمُ لِلْبَرَكَةِ. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ 

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У кишига сарийд (таом) келтирилса, ҳовури босилгунча устини ёпиб қўйишга буюрар ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шунда катта барака бор», деяётганларини эшитганман», дер эди».
Доримий ривоят қилган.
Таомни пуфламаслик юксак исломий одобдандир.
Таом устида нафас олинмайди, агар у иссиқ бўлса, пуфлаб совутилмайди. Луқмани олиб бораётганда оғиз катта очилмайди. Таом ейилаётган қўл коса ёки товоққа, дастурхонга силкитилмайди. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ عَنِ النَّفْخِ فِي الطَّعَامِ وَالشَّرَابِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом ва шаробга пуфлашдан қайтардилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Таомни четидан еб бориш одобдандир, ўртасидан ва устидан ейиш беодобликдир. 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ طَعَامًا فَلَا يَأْكُلْ مِنْ أَعْلَى الصَّحْفَةِ، وَلَكِنْ يَأْكُلُ مِنْ أَسْفَلِهَا، فَإِنَّ الْبَرَكَةَ تَنْزِلُ مِنْ أَعْلَاهَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ. وَلَفْظُهُ: الْبَرَكَةُ تَنْزِلُ وَسَطَ الطَّعَامِ فَكُلُوا مِنْ حَافَتَيْهِ وَلَا تَأْكُلُوا مِنْ وَسَطِهِ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз таом еса, товоқнинг уст томонидан емасин. Балки паст томонидан есин. Чунки барака унинг уст томонидан нозил бўлур», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар ва Термизийнинг лафзида:
«Барака таомнинг ўртасидан нозил бўлади. Бас, уни атрофидан енг, ўртасидан еманг», дейилган.
Таомни ўтириб ейиш одобдандир, тик туриб ёки юрган ҳолда ейиш беодобликдир.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْه: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم نَهَى عَنِ الشُّرْبِ قَائِمًا، فَقِيلَ: الْأَكْلُ؟ قَالَ: ذَاكَ أَشَدُّ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: ذَاكَ أَشَرُّ أَوْ أَخْبَثُ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда:
«Ейиш-чи?» дейилди.
«У яна ҳам оғирроқ», дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.
Муслимнинг лафзида:
«У яна ҳам ёмонроқ ёки чиркинроқ», дейилган.
Яқинда турган кишиларни, ходимларни ҳам бирга овқатланишга чорлаш юксак одоб намунасидир. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِي صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا كَفَى أَحَدَكُمْ خَادِمُهُ طَعَامَهُ حَرَّهُ وَدُخَانَهُ فَلْيَأْخُذْ بِيَدِهِ فَلْيُقْعِدْهُ مَعَهُ، فَإِنْ أَبَى فَلْيَأْخُذْ لُقْمَةً فَلْيُطْعِمْهَا إِيَّاهُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирортангизнинг ходими унинг таомига, (таомининг) иссиғи ва тутунига кифоя қилса, қўлидан ушлаб, ўзи билан бирга ўтирғизсин. Агар кўнмаса, бир луқма олиб, унга егизсин», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Дастурхон устида гаплашиб ўтириш мустаҳабдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар шундай қилганлар.
Таомланиш охирига етганда, ҳамма бирга дуо қилиб, ўрнидан туриши юксак одобдир.
Шунда ҳамма охиригача таомланиб, ҳеч ким хижолат бўлмай, барча баравар турган бўлади. 

وَأَكَلَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عِنْدَ سَعْدِ بْنِ عُبَادَةَ بِخُبْزٍ وَزَيْتٍ، فَلَمَّا فَرَغَ قَالَ: أَفْطَرَ عِنْدَكُمُ الصَّائِمُونَ، وَأَكَلَ طَعَامَكُمُ الْأَبْرَارُ، وَصَلَّتْ عَلَيْكُمُ الْمَلَائِكَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Убода-никида нон ва ёғ едилар. Фориғ бўлган чоғларида:
«Ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилсин. Таомингизни аброрлар есин. Фаришталар сизга истиғфор айтсин», де-дилар».
Абу Довуд ривоят қилган.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Шайх Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ