Сунъий соч улаган аёллар таҳорати

 Савол: Сунъий соч улаган аёллар таҳоратда бошларига қандай масҳ тортадилар?

Жавоб: Сунъий сочни ечиб, асл сочларига масҳ тортишлари лозим бўлади.

لَو مَسَحت عَلى شَعرٍ مُستَعارٍ لا يَصِحُّ لِأنَّ المَسحَ عَليهِ كَالمَسحِ فَوقَ غِطاء الرَّأسِ وَهَذا لا يُجزي في الوُضُوءِ.

«Аёл киши уламасоч ёки парик устидан масҳ тортса дуруст бўлмайди, чунки уларнинг устидан масҳ тортиш бошни ёпган (бошга кийилган) нарса устидан масҳ қилиш кабидир. Бу нарса таҳоратда жоиз бўлмайди» (Ал-Фиқҳул Ҳанафий. Ж. 1. Б. – 69).
Рўмол устидан тортилган масҳнинг ҳукми ҳам шундайдир. Шунингдек, аёл киши сочларини бошига турмаклаб олса ва ўша турмаклаган сочларига масҳ тортса ҳам жоиз бўлмайди.

وَلَا يَجُوزُ الْمَسْحُ عَلَى الْقَلَنْسُوَةِ وَالْعِمَامَةِ وَكَذَا لَوْ مَسَحَتْ الْمَرْأَةُ عَلَى الْخِمَارِ إلَّا أَنَّهُ إذَا كَانَ الْمَاءُ مُتَقَاطِرًا بِحَيْثُ يَصِلُ إلَى الشَّعْرِ فَحِينَئِذٍ يَجُوزُ ذَلِكَ عَنْ الشَّعْرِ .

«Дўппи, салла устидан масҳ тортиш жоиз эмас. Шунингдек, аёл киши рўмоли устига масҳ тортса ҳам дуруст эмас. Лекин сув томчилари рўмоли остидан ўтиб сочларига етса, масҳ жоиз бўлади» (Фатвои ҳиндия).

فَلَوْ مَسَحَ عَلَى طَرَفِ ذُؤَابَةٍ شُدَّتْ عَلَى رَأْسِهِ لَمْ يَجُزْ مَقْدِسِيٌّ .

«(Аёл киши) бошига турмакланган сочларига масҳ тортса, жоиз бўлмайди» (Раддул мухтор).