Хилоф ва ихтилофи фуқаҳо китоблар


Хилоф фиқҳий илмлардан бир илм бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни дафъ қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти ўрганилади. Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки, мужтаҳидларнинг манбаълари ва услублари ҳамда назарлари турлича бўлади. Шунинг учун, бу каби хилофларнинг бўлиши оддий бир ҳол. Бир пайтлар бу хилофлар кенг тарқалган эди.

Чунки, фиқҳда тақлид қилувчилар кимга тақлид қилгиси келса, ўшанга тақлид қилаверар эди.
Кейинчалик, эса тақлид тўрт мўътабар имомга бўлиши кераклиги чегара бўлиб қолди. Одамлар уларга кўп ишонганлари учун, бошқаларни қўйиб, айнан тўртовларига тақлид қилишни ихтиёр қил-дилар. Машҳур ва маълум тўрт фиқҳий мазҳаб ислом миллати учун асл бўлиб қолди. Хилоф ҳам айнан шу тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида бўлади. Ана ўша мазҳабларни тутганлар ўз имоми гапини қўллаш учун бошқалар билан мунозаралар қиладиган бўлди. Улардан ҳар бири ўз мазҳабининг чиқарган ҳукми тўғри эканини тасдиқлаш учун ҳужжат-далиллар келтиради.
Бу мавзудаги китобларни ўрганадиган бўлсак, ҳана-фийлар ва шофеъийларнинг китоблари моликийларнинг ки-тобларидан кўп бўлади. Чунки, моликийлар мағрибда–чўл юртларда тарқалишган ва бу каби ишлар билан шуғулла-нишмаган.
Фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги китоблар икки қисмга бўлинади.
Биринчи қисмда имомларнинг барча ихтилофларини қамраб олишга ҳаракат қилинади. Баъзиларида ихтилофчи-ларнинг далиллари келтирилади, баъзиларида келтирил-майди.
Биринчи қисмга оид қадимги китобларга имом Абу Ҳанийфанинг «Ихтилофи саҳоба», имом Абу Юсуфнинг «Ихтилофи Абу Ҳанийфа ва Ибн Абу Лай-ло» ва «Ар-радду ала сияри Авзоъий» китоблари, имом Муҳаммаднинг «Ал-ҳужжату ала аҳли Мадий-на» китоби, имом Тоҳовийнинг «Китоби ихтилофи фуқаҳо»си, имом Қудурийнинг «Ат-тажрийд»и, имом Қаффол Шошийнинг «Ҳулятул уламо фий ихтилофи фуқаҳо»си, Нажмуддийн Умар ибн Муҳаммад Наса-фийнинг «Манзуматун Насафий»си каби китоблар киради.
Иккинчи қисмда асосий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уламолар далилларни олган манбаъла-ри ҳақида сўз юритилади.
Иккинчи қисмга оид китобларга имом Даббусийнинг «Таъсийсун-назар»и, Ибн Рушднинг «Бидоятул мужтаҳид ниҳоятул муқтасид»и ва Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийнинг «Ал-инсоф фий баёни сабабил ихтилоф»и каби асарлар ки-ради.
Шунингдек, имом Ғаззолийнинг «Маъхаз»и шофеъий-ларнинг, Абу Бакр ибн Арабийнинг «Китобут-талхийс»и мо-ликийларнинг, Абу Зайд Даббусийнинг «Китобут-таълийқа»си ҳанафийларнинг ва Вазир ибн Ҳубайра Ҳан-балийнинг «Ал-ишроф ала мазаҳибил ашроф» ва «Ал-ифсоҳ ала маъоний ас-сиҳоҳ» асарлари «ихтилофи фуқаҳо» китоб-ларига мисол бўлади.
Зикр қилинган шахс ва китоблардан уламолар ҳижрий биринчи асрдан бошлаб илмул хилофга катта аҳамият бер-ганлари кўриниб турибди. Ҳатто, катта имомлар фатво бе-риш учун уламоларнинг ихтилофли қавлларини билишни шарт қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал: «Фатво берадиган киши ўзидан олдин ўтганларнинг қавлини билиши лозим. Бўлмаса, фатво бермайди» деганларини Ибн Қайюм «Эъло-мул муваққиъийн» китобида келтирган.
Уламоларнинг турли қавллари кўплаб тафсир, ҳадис шарҳи ва фиқҳ китобларида келтирилган.
Илмлар тарихи ҳақида сўз юритган олимларнинг барча-си, имом Абу Зайд Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асос-чисидир, дейдилар. У киши Бухоро билан Самарқанд ўртасидаги Даббуса қишлоғида туғилган. Имом Абу Зайд Даббусий ҳижрий 430-санада Бухорода олтмиш уч ёшда ва-фот этган. У кишининг бу соҳадаги китоблари «Таъсийсун-назар фий ихтилофил фуқаҳо», «Китобут-таълийқа» ва «Маа ихталафа биҳил фуқаҳау Абу Ҳанийфата ва соҳибоҳу ва Молик ваш-Шофеъий» деб номланади.
Вақти келиб ҳар мазҳабнинг уламолари бу илм бўйича ўз китобларини ёздилар. Улар кераклича кўпайди. Биз, ода-тимизча, мазкур китоблардан баъзилари билан қисқача та-нишамиз.
1. «Руъусул масоил».
Биз бу турдаги китоблар билан яқинроқ танишишни имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъусул масоил» номли китоби орқали амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
Ислом оламида маълум ва машҳур аллома Жоруллоҳ Замахшарийнинг турли илмларга оид кўплаб китоблари ичида фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги «Руъусул масоил» номли китоби алоҳида илмий қийматга эга асар ҳисоблана-ди.
Китобнинг номидан («Руъусул масоил»–«Бош масала-лар») ҳам унинг фақат асосий масалаларга бағишланган мухтасар китоб экани билиб турибди. Имом Замахшарийдан олдин ҳам турли фиқҳий мазҳаблар уламолари худди шу ном ила бир неча мухтасар китоблар таснийф қилганлар. Имом Замахшарийнинг бу китоби ҳам ўша китоблардан бири ҳисобланади. Тарихчиларнинг кўплари, хусусан, Жоруллоҳ Замахшарийнинг ҳаёти ва ижодийни ўрганган олимлар «Ру-ъусул масоил» у кишининг муҳим китобларидан бири экани-ни таъкидлаганлар.
«Руъусул масоил»да Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари орасидаги энг муҳим ихтилофлар ҳақида бахс юритилган. Масалаларни келтириш тартиби эса, ҳанафий фиқҳига оид китоблар тартибига биноан бўлган. Олдийн ибодот, кейин муомалот, мунокаҳот, жиноёт, ҳудуд, жиҳод ва ҳоказо. Ал-батта, китоб мухтасар бўлгани учун, унда ҳар бир бобга оид энг муҳим масалалар олинган, холос.
Баъзи ҳолатларда бир бобда битта ёки иккита масала билан кифояланилган. Мисол учун, «Китобул ҳавола ваз-замон»да битта, «Китобул кафола»да иккита масала кел-тирилган.
Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»ни муқадди-масиз, Бисмиллаҳдан кейин тўғридан-тўғри биринчи масала-дан бошлаб кетаверган.
Муаллиф бу китобида ўзига хос услубга риоя қилган. Ҳар бир масалада олдин Абу Ҳанийфанинг, кейин Шо-феъийнинг гапини келтирган. Кейин эса, олдин ўша масала бўйича Абу Ҳанийфанинг, сўнгра Шофеъийнинг далилини келтирган. Уларни муноқаша қилмаган.
Истисно ҳолатларда масалани савол тарийқасида кел-тирган, Абу Ҳанийфа ва Шофеъийдан бошқа, Абу Юсуф ёки Муҳаммадга ўхшаган уламоларнинг гапларини келтирган ва олдин Шофеъийнинг гапини, кейин Абу Ҳанийфаникини келтирган ҳолатлар ҳам учрайди.
Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»да масалалар ва ҳадисларнинг манбаъларини зикр қилмаган. Бу китобда келтирилган масалаларнинг сони тўрт юз олтитага етган.
Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъусул масоил» китоби қўлёзмасини Абдуллоҳ Назийр Аҳмад таҳқиқ қилди ва бу ки-тоб 1987 йилда Ливандаги Дорул Башаирил Исломий на-шриёти томонидан чоп этилди. Ушбу китоб фуқаҳолар хи-лофи бўйича муҳим манбаъ экани бугун ҳам эътироф этил-моқда.
2. Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул Муқтасид.
Бу китобнинг муаллифи Моликий мазҳабининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Абул Валийд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушддир. У киши ҳижрий 520 йилда Қуртубада туғилди. У «Қози Абул Валийд» номи билан ҳам машҳур, чунки у Андалусда қозилик қилган.
«Бидоятул мужтаҳид ва ниҳоятул муқтасид» Абул Валийд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Рушднинг энг машҳур китобларидан бўлиб, унда Моликий мазҳаби ила бошқа мазҳаб фақиҳлари орасидаги ихтилофлар ҳақида баҳс юритган.
3. Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ.
Бу китобнинг муаллифи Вазир Авнуддийн Яҳя ибн Муҳаммад ибн Ҳубайра Ҳанбалийдир.
Вазир Ибн Ҳубайра номи ила машҳур бўлган бу зот ҳижрий 499-санада Дувр номли қишлоқда дунёга келди. Ёшлигидан Бағдодда дарс олди. У турли илмларни яхшилаб ўзлаштирди.
Вазир Ибн Ҳубайра камбағал одам бўлган. Султоннинг хизматчилари билан ишлаган. Турли ишларни бажарган. Халийфа Муқтафий биллаҳи уни омборхона мудири этиб тайинлаган. Кейин девонга ишга ўтган. Халийфа Муқтафий биллаҳи Ибн Ҳубайранинг қобилияти, омонати ва ақл-фаросатини ҳисобга олиб ҳижрий 544 йили вазир этиб таъйинлаган.
Вазир Ибн Ҳубайра вазирлик пайтида ҳам илм билан, китоб ёзиш билан машғул бўлган. У имом Бухорий ва Мус-лимларнинг ҳадисдаги саҳиҳ китобларини «Ал-ифсоҳ ан ма-ъонийис-сиҳоҳ» номи ила бир неча жилдда шарҳ қилишга киришган. Иш давомида «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни дийнда фақиҳ қилиб қўяди» ҳадиси шарҳига кел-ганда, машҳур тўрт мазҳаб имомларининг иттифоқ ва ихти-лоф қилган масалаларини зикр қилишга киришиб кетган. Одамлар мазкур шарҳдан ушбу ерини ажратиб олиб алоҳида китоб қилганлар ва бу китоб Ислом оламида катта шуҳрат қозонган. Муаллифнинг ўзи бу ишга катта миқдорда маблағ сарфлаган ва минглаб одамлар иштирокида уюшти-рилган илмий мажлисларда дарс берган. Китоб амир, вазир, подшоҳ ва уламоларнинг таҳсинига сазовар бўлган.
Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»дан бошқа бир қанча китоблар ҳам ёзган. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 560 йилда вафот этган.
Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»ни ҳанбалий мазҳаби фиқҳи тартиби асосида ёзган. «Китобут-тоҳарат»дан бошлаб, «Бобул мукотаб» ила тугатган.
Вазир Ибн Ҳубайра «Ал-ифсоҳ ан маъонийис-сиҳоҳ»нинг «Нажосатни кетказиш боби»да қуйидагиларни ёзади:
«Нажосатни сувдан бошқа суюқлик ила кетказиш ҳақида ихтилоф қилдилар:
Абу Ҳанийфа: «Ҳар бир покловчи ва нарсани кетказувчи суюқлик ила жоиздир», деган.
Молик, Шофеъий ва Аҳмад: «Сувдан бошқа ила жоиз эмас», деганлар.
Аҳмад розияллоҳу анҳудан қилинган бошқа ривоятда Абу Ҳанийфанинг мазҳаби каби».
Худди шу бобнинг бошқа бир ерида қуйидагиларни ёза-ди:
«Ўлимтикнинг териси ошлаш ила покланиши ҳақида их-тилоф қилдилар.
«Абу Ҳанийфа ва Шофеъий: «Покланади», дедилар. Абу Ҳанийфа чўчқанинг терисини истисно қилди.
Шофеъий итнинг ва чўчқанинг терисини ҳамда улардан туғилган ёки биридан туғилган нарсани истисно қилди. «Пок бўлмайди», деди».
Мовароуннаҳр уламоларининг илмул хилофга қўшган ҳиссалари ҳақида қисқача маълумот келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар, деган умиддамиз.
Имом Абу Зайд Даббусий «Илмул хилоф» илмининг асосчиси экани ҳақида аввал ишора қилиб ўтган эдик. Бу машҳур имомнинг ватандошлари у кишининг ишларини ша-раф билан давом эттирдилар. Улар илмул хилоф бўйича ажойиб асарлар ёзиб, фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшдилар ва мусулмонлар оммасининг таҳсинига са-зовар бўлдилар. Улардан баъзиларини мисол тарийқасида эслаб ўтамиз.
1. Имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий.
У киши Имом Ҳодий номли билан машҳур бўлганлар, ҳижрий 373-санада вафот этганлар. Имом Абу Лайс Самарқандий кўплаб китоблар таълийф қилганлар. У киши илмул хилоф бўйича китобини «Мухталафур ривоя байна Аби Ҳанийфа ва Молик ва Шофеъий» деб номлаган.
2. Шайхул Ислом Имом Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий.
Бу улуғ олим ҳақида «Тарихи Бағдод» китобида, жумла-дан, қуйидагилар зикр қилинган: «Абул Аббос Муҳаммад ибн Усмон Самарқандий айтади: «Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Икки юз иккинчи йилда туғилдим. Шофеъий икки юз тўртинчи йили вафот қилди. Ўшанда мен икки ёш эдим. Отам марвазий эди. Мен Бағдодда туғилдим. Найсабурда ўсдим. Бугун Самарқанддаман. Аллоҳ менга яна нимани на-сийб қилади билмайман».
Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий ёш-лигидан илм талабида кўп сафар қилди. Ўша вақтнинг кўзга кўринган олимларидан илм олди. Бир қанча илмларда пешқадам бўлди ва китоблар ёзиб, шогирдлар етиштирди.
Уламолар имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Мар-вазийни ўз китобларида кўп мақташган. Баъзилари у киши-нинг фиқҳда мутлақ мужтаҳид даражасига етганлигини таъкидлашган. Шунингдек, илмул хилофда ҳам кўзга кўринган олим эканини алоҳида зикр қилишган.
Хатийб Бағдодий: «У кўп китоблар ёзди. Илм талабида сафарлар қилди. Саҳобаларнинг ва улардан кейингиларнинг ихтилофи ҳақида одамларнинг энг билимдони эди», деган.
Имом Заҳабий айтади: «У, имомларнинг ичида уламо-ларнинг ихтилофи ҳақида энг илми кўпи эди».
Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазий ҳиж-рий 394-сана, Муҳаррам ойида, тўқсон икки ёшида Сама-рқандда вафот этди.
Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг илмул хилоф бўйича китоби «Ихтилофул уламо» деб номла-нади. Бу китоб бизгача етиб келган, Субҳий Самарроий то-монидан таҳқиқ қилинган ва чоп бўлган. Кейин Муҳаммад шайх Тоҳир Ҳакийм ҳам таҳқиқ қилган.
Шунингдек, имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Наср Марвазийнинг «Таъзийми қадрис-солати» номли китоби ҳам ҳижрий 1406-санада чоп қилинди. У киши ҳақидаги маълу-мотларни худди шу китобдан олдик.
3. Имом Абу Бакр Муҳамад ибн Аҳмад Шоший.
Бу имом ҳижрий 507-санада вафот этган. Шофеъий мазҳабида бўлган. Бир қанча китоблар ёзган. Илмул хилоф бўйича китоби «Ҳулятул уламо фий ихтилафил фуқаҳо» деб номланади. Бу китобнинг ибодатлар қисми доктор Аҳмад Иброҳим Даровка томонидан таҳқиқ қилиниб ҳижрий 1400 йили Аммонда чоп қилинган.
Бу китоб ҳақида «Кашфуз-Зунун»нинг эгаси қуйидаги-ларни ёзади: «Бу китобни халийфа Мустазҳир биллаҳи Аб-босийга атаб ёзган. У бунга хурсанд бўлган ва шунинг учун бу китоб «Мустазҳирий» деб аталади. Ҳар бир масалада уламолар орасида воқеъ бўлган ихтилофни зикр қилган. Кейин «Мўътамад»ни таснийф қилди. У «Мустазҳирий»нинг шарҳи кабидир».
4. Имом Нажмуддийн Абу Ҳафс Умар ибн Аҳмад Насафий.
У киши «Самарқанд алломаси» лақаби ила машҳур бўлган. ҳижрий 537 йилда вафот қилган. Имом Насафийнинг илмул хилоф бўйича назмий асари «Манзуматун Насафий» деб аталади. Китоб икки минг олти юз олтмиш тўққиз байт-дан иборат.
Муаллиф китобни ўн бобга тақсим қилган.
1.    Имом(Абу Ҳанийфа)нинг қавли.
2.    Абу Юсуфнинг қавли.
3.    Муҳаммаднинг қавли.
4.    Имом билан Абу Юсуфнинг қавли.
5.    У билан Муҳаммаднинг қавли.
6.    Абу Юсуф билан Муҳаммаднинг қавли.
7.    Улардан ҳар бирининг қавли.
8.    Зуфарнинг қавли.
9.    Шофеъийнинг қавли.
10.    Моликнинг қавли.  
Имом Насфий бу асарни ҳижрий 504-сана, Сафар ойи, шанба куни тугатган. У кишининг бу асари Ислом оламида кенг тарқалган ва шуҳрат қозонган. Кўплаб уламолар «Ман-зуматун-Насафий»га шарҳлар ёзган. Ҳожи Халийфа «Каш-фуз-зунун»да мазкур шарҳлардан бир қанчасини зикр қилган. Биз улардан Мовароуннаҳрликларининг номларини эслаб ўтамиз.
– Абул Баракот Ҳофизуддийн Абдуллоҳ ибн Аҳмад На-сафийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мустас-фо» деб аталади.
– Абул Маҳомид Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Довуд Бухо-рийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Ҳақоиқул Манзумати» деб аталади.
– Абул Фатҳ Алоуддийн Муҳаммад ибн Абдулҳамийд Самарқандийнинг «Манзуматун Насафий»га ёзган шарҳи «Ҳасрул масоил ва қасруд далоил» деб аталади.
– Абул Мафохир Муҳаммад ибн Маҳмуд Сўғдийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мултақол биҳор мин мунтақол абҳор» деб аталади.
– Имом Алоуддийн Олим Самарқандийнинг «Манзума-тун-Насафий»га ёзган шарҳи «Авнуд-дироя» деб аталади.
– Имом Али ибн Усмон Ўшийнинг «Манзуматун-Насафий»га ёзган шарҳи «Мухталифур-ривоя» деб аталади.
– Имом Қозихон ҳам «Манзуматун-Насафий»га шарҳ ёз-гани зикр қилинган.
5. Розиюддийн Муҳаммад ибн Муҳаммад Са-рахсий Ҳанафий.
Бу киши ҳижрий 544 йили вафот этган. Илмул хилофда ёзган асари «Уюнул масоил» деб аталади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
9 йил аввал 5556 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...