Фавқулодда вазиятлар ва унинг шартномада кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларга таъсири


Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин!.

Аммо баъд:
Ислом фиқҳи академияси мажлисига келишув битимлари ва шу каби аста-секинлик билан амалга оширилиши кўзда тутилган

ҳар хил мавзуда тузилган шартномалар тасдиқланиб бўлганидан кейин содир бўлган фавқулодда вазиятлар муаммоси арз қилинди. Унда  тенглик мезонига катта таъсир ўтказувчи ҳолат ва шароитларда кутилмаган ўзларишлар пайдо бўлаётгани ва икки тараф битим тузувчилари шартномада кўрсатилган ҳуқуқ ва масъулиятлари бўйича ўз ҳисобларини ўша тенглик мезони устига қурганлари ҳақида тўхталиб ўтилган. Бу кутилмаган ўзгаришлар бугунлик кунда ҳамкорлик урфида кутилмаган вазиятлар дейилмоқда. (Биздаги шартномаларда буни асосан форс-мажор номи билан юритилади). Муаммо билан бирга воқеликда содир бўлаётган ҳамкорлик ҳолатлари ва кўринишларидан мисоллар ҳам келтирилган. Бу ўша мисоллар ва унинг кўпгина ўхшашларида муаммони ҳал қиладиган адолатли фиқҳий ечим тўғрисида фикрлашга мажбур қилади.
Муаммо суратларидан баъзи мисоллар:
1. Қурилиши учун узоқ муддат керак бўладиган катта қурилиш объекти устида тузилган шартнома ақди томонлар ўртасида тугатилди. Унда бинонинг кубметрининг нархи масалан, юз динор миқдорида белгиланди. Темир, цемент, ёғоч ва бошқа хомашёлар ҳамда ишчилар маошлари нархи ақд пайтида кубметрига саксон динорга етган эди. Агар ишлаш мобайнида кутилмаган уруш ёки бошқа бир ҳодиса бўлиб, алоқалар ва импорт узилса ва шу сабабли нархлар анча кўтарилиб кетса, мажбуриятларни адо этишни жудаям машаққатга солиб қўяди.
2.Пудратчи гўшт, ёғ, сут, тухум, кўкатлар, мевалар ва шу каби таъйин қилинган кунлик озиқ-овқатларни касалхона, ички бўлимлари мавжуд бўлган университетларга ёки ҳукумат меҳмонхоналарига ҳар бири учун келишилган нархларда йил бўйи етказиб беришга шартнома тузади. Шаҳарда офат, тўфон, тошқин ёки зилзилалардан бири содир бўлди ёки чигирткалар келиб қишлоқ хўжалик экинларини еб битирди. Шу сабабли нархлар етказиб бериш ақди пайтидагидан бир неча баробар ошиб кетди.
Бу мавзуда бундан бошқа бир неча мисолларни келтириш мумкин. Ушбу ҳолатларда шариат фиқҳи чиқарадиган шаръий ҳукм нима? Ўз ичига милионларни олган кенг миқёсда тузиладиган ақдлари билан ажралиб турган ҳозирги асрда бу каби ҳолатлар кўплаб учраб турибди. Бу каби шартномаларга давлатлараро катта-катта кўчалар ўтказиш, тоғларда ерости йўлларини очиш, катта кўприклар қуриш, ҳукумат мажлислари ўтказиладиган жойлар ёки турар жойлар, улкан шифохоналар ёки ўқув юртлари қуриш учун тузилган битимлар, шунингдек, ташкилотлар ёки катта ширкатлар билан катта-катта завод ва фабрикалар қуриш учун қилинган шартномалар ва шу каби олдин мавжуд бўлмаган келишувларни мисол сифатида келтириш мумкин. Масъулиятини адо этувчи битим тузувчи томон нархлар ва миқдорларда битим тақозо қилган ва белгилаб берган нарсаларга амал қилиш учун ҳалокатли ва аянчли зарарларни қанчалик ўз зиммасига олиб бўлсада, вазиятлар ўзгаришидан ва кўрсатиб ўтилган катта ўзгаришлар пайдо бўлишидан олдин битимда белгиланган нарсалар ва нархларда қоладими ёки ҳикматли, олийжаноб, одил, тарозунинг икки палласини мувозанатга олиб келадиган ва имкон қадар икки тараф ўртасида инсофни рўёбга чиқарадиган шариат фиқҳи томонидан бунинг учун йўл ва чора борми?
Академия мажлиси мазҳаблар фиқҳидан ушбу мавзуга боғлиқ фиқҳий масалаларни ўрганди ва мавзуга алоқадор, унга мос келадиган ва бу борада қиёсий ҳукм ва фиқҳ жиҳатдан вожиб ижтиҳод билан маслаҳат бериши мумкин бўладиган шариат қоидаларини кўриб чиқди. Яна мазҳаблар фақиҳларининг фикрларига мурожаат қилиб, қуйидагиларни топди:
1. Ижарага олувчи учун фойда олиш узрли бўлган уруш, тўфон ва шу каби умумий ҳодисалар сабабли ижара битимини бузиши жоиз бўлади. Ҳатто, ҳанафийлар – Аллоҳ уларни раҳматига олсин – ижарага олувчига хос бўлган узрлар сабабли ҳам ижарани бузишни жоиз санайдилар. Бу умумий ҳодисалар сабабли ижарани бузиш уларнинг наздида ҳам афзаллик тариқасида мақбул эканлигига далолат қилади. Демак, буни иттифоқ ўрни дейиш мумкин. Ибн Рушд “Бидояту мужтаҳид”да (2-жилд, 291-саҳифа, Хонжий нашри, биринчи нашр, Жамолийя босмахонаси, Миср) “Аҳкомут тавориъ” сарлавҳаси остида қуйидагиларни зикр қилган:
“Имом Молик наздида ёмғир ери, яъни фақат осмон суви билан суғориладиган лалмикор ер агар ижарага берилса ва қурғоқчилик у ерда деҳқончилик қилишдан тўсса ёки ижарачи унга экса, лекин қурғоқчилик сабабли экин ўсмаса, ижара бузилади. Шунингдек, ерга экин экиш ёмғир сабабли имконсиз бўлиб, ҳатто экиш вақти ўтиб кетса ва ижарага олувчи у ерга экишга имкон топа олмаса ҳам ижара бузилади”. Ибн Рушднинг гапи тугади.
2. Ибн Қудома Мақдисий “Муғний”дан “Китабул ижара”да (катта шарҳи билан бирга нашр қилинган, 6-жилд, 30-саҳифа) қуйидагиларни зикр қилади:
“Агар ўша ижарага олинган нарса мавжуд маконда яшашдан ман қиладиган умумий хавф содир бўлса ёки шаҳар қуршовга олиниб, экиш учун ижарага олинган ерга бориш имкони тўсилиб қолса ёки шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлганида, ижарага олувчининг ушбу ижара битимини фасх қилиш, яъни бузиш ихтиёри собит бўлади. Чунки, ушбу ҳолатлар ғолибо, ижарага олувчини фойдаланишдан маҳрум қилиб қўяди. Аммо, хавф ижарага олувчининг ўзига хос бўлса, масалан, душманлари яқин тургани учун якка ўзи қўрқаётган бўлса, фасх қилишга ҳақли бўлмайди. Чунки бу унинг ўзига хос узр ҳисобланиб, фойдаланишдан уни буткул тўсмайди. Демак, бу худди унинг ўзи касал бўлиб қолганига ўхшайди”.
3.Имом Нававий – Аллоҳ у кишини Ўз раҳматига олсин – “Равзатут толибийн”да (5-жилд, 239-саҳифа) ижара узрлар билан бузилмаслигини айтиб ўтган.  Бунда айн ижараси бўладими ёки зимма ижараси бўладими фарқи йўқ. Буни сафар қилиш учун бир маркабни миниш учун ижарага олиб, кейин касал бўлиб қолан кишига ёки ҳунармандчилик қилиш учун бир дўконни ижарага олиб, кейин надомат қилган ёки ҳунар асбоб-ускуналари ҳалокатга учраган кишига ёҳуд ҳаммомни ижарага олиб, унга олов ёқиш қийин бўлиб қолган ҳолатга ўхшатиш мумкин. Нававий айтади:
“Шунингдек, агар узр ижарага берувчида бўлса ҳам ижара бузилмайди. Масалан, касал бўлиб қолди ва маркабга чиқишдан ожиз бўлди ёки оиласи сафарда бўлгани учун ҳовлисини ижарага берди, кейин улар сафардан қайтишди. Энди у ҳовлига эҳтиёж сезди. Ёки уйланди. Буларнинг бирортасида ҳам ижара бузилмайди. Чунки, ақд қилинган нарсага халал етмади”.
4.    Уламолар зикр қилаётган гаплар дарахтлар устидаги сотилган меваларни умумий сабаблар билан ҳалок қилган офатлар тўғрисидадир. Умумий сабабларга совуқ, чигиртка, қаттиқ исиб кетиш, ёмғирлар, шамоллар ва шу кабиларни мисол қилиш мумкин. Шу ўринларда улар офатлар сабабли ҳалок бўлган нарса баробарича пулни соқит бўлишига иқрор бўладилар. Бу Суннат ва фиқҳда келган машҳур “Жавоиҳлар” яъни табиий офатлар масаласидир.
5.    Ибн Таймийя “Мухтасарул фатаво”да (673-саҳифа) шундай деган:
“Фойдаси омма учун бўладиган нарсаларни, масалан, ҳаммом, меҳмонхона ва усти ёпиқ бозорларни ижарага олса кейин мижоз камлиги ёки бирор хавф, уруш, султоннинг алмашиши ва шунга ўхшаш сабаблар билан одатда маълум бўлган фойда камайса, ижара ҳаққининг фойдадан камайган миқдори кечилади”.
6.    Ибн Қудома юқорида зикри ўтган манбанинг ўзида, 92-саҳифада қуйидагиларни айтади:
“Агар бир маркабни миниш ёки муайян маконгача устига юк юклаш учун ижарага олса, пайдо бўлган хавф сабабли у томонга бўлган йўл тўхтаса ёки Маккагача ижарага олса, лекин одамлар ўша йили ушбу йўлдан юрмасалар, бу иккаласидан ҳар бирида ижара фасх бўлади. Агар ижарани фойда олиш пайтигача қолдиришни хоҳласа, жоиз бўлаверади”.
Ҳанафий фақиҳлардан бўлган Косоний “Бадоиъус саноиъ” китобининг (4-жилд, 179-саҳифа) ижара бобида шундай деган:
“Аслини олганда битимни бузиш зарар келиб чиқишидан тийилишдир. Узр юзага келган вақтда фасхни инкор қилиш ақл ва шариатдан чиқишдир. Чунки, фасх йўқ дейиш жағ тишидан шикоят қилган одам бир кишини уни суғуриб олиш учун ижарага олса, шу пайтда оғриқ босилса, суғуришга мажбур қилинишини тақозо этади. Бу ақл ва шариат жиҳатдан қабиҳдир”.
Мазҳаблар фақиҳлари деҳқончилик, суғориш ва боғдорчилик ишларида кутилмаганда пайдо бўлган сабаблар тўғрисида ижарада зикр қилганларининг ўхшашини айтганлар.
7.Совуқ, дўл, чигиртка ёки қурт-қумурсқа ва шу каби офатлар билан меваларни ҳалок қилган офатлар тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотдан кейинги саҳобаларнинг ҳукми ҳамда мазҳаблар фақиҳларининг қарори шуки, дарахтлар устидаги сотилган мевалар офат сабабли талофатга учраса, ўша талофатга учраган қисмнинг қиймати баробарича баҳодан соқит қилинади. Агар офат меванинг ҳаммасини талофатга учратса, баҳонинг ҳаммаси соқит бўлади.
8.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Зарар  бериш ва зарарга зарар билан жавоб қайтариш йўқ”. (Ибн Можа, имом Молик, имом Аҳмадлар ривоят қилишган).
Мазҳаблар фақиҳлари у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу гапларини фиқҳий қоида қилиб олганлар. Уни фиқҳнинг асосий катта устунларидан ҳисоблаб, унинг асосида ҳар хил бобларда зарарни даф қилиш ва кетказишда беҳисоб ҳукмлар чиқарганлар. Шубҳасиз, шаръий низомга мувофиқ қилинган ақд ҳукм жиҳатидан томонлар учун мажбурият бўлиб қолади. Бунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига амал қилиш бор:
“Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг!...”. (Моида сураси, 1-оят).
Лекин, ақднинг лозим қилувчи қуввати барча мухотабларга лозим қилувчи шаръий нассдан кўра қувватли эмасдир.
Шаръий таклиф ўлчовлари ва ҳукмларнинг машруъ қилиниши ҳикматининг меъёрлари бўйича, одатда таклиф ўз табиатининг тақозосига кўра ҳар доим машаққат билан бирга бўладиган машаққат тури ҳам мавжуддир. Масалан, намозни адо этиш машаққати, рўзадаги очлик ва чанқоқлик машаққати. Академия ушбу машаққат тури таклифни соқит қила олмайди ва енгиллата олмайди, деб топади. Лекин, машаққат ҳар бир таклифнинг ўзига мувофиқ одатий машаққатининг табиий чегараларидан ўтиб кетса, таклифни соқит қилади ёки енгиллатади. Масалан, бемор одамнинг намозни адо этишдаги ва рўза тутишдаги машаққати, кўзи ожиз одам ва чўлоқ одамнинг жиҳодга чиқиш машаққати. Чунки, бу пайтда кутилмаганда содир бўлган сабаб билан қийин аҳволга солиб қўювчи машаққат ўша аҳволни кетказувчи фавқулодда чора кўришни вожиб қилади. Абу Исҳоқ Шотибий – Аллоҳ раҳматига олсин – “ал-Мувофақот” китобида ушбу мавзу бўйича батафсил гапириб, шариат ҳукмларидан бир қанча мисоллар келтирган.
Бундан маълум бўладики, тижоратда юзага келган мушкулликларда учраб турган одатий зарарнинг битимларга таъсири йўқ. Чунки, бу зарар тижорат табиати ва ундан ажралмайдиган ҳолатларидандир. Лекин, зарар ҳозиргина зикри ўтган кутилмаган сабаблар туфайли кўп учрайдиган одатий зиёндан ўтиб кетса, энди бу пайтда истисно тариқасида чора кўриш лозим бўлади. Ибн Қаййим “Эъломул муваққиъийн” китобида шундай дейди:
“Аллоҳ адолат ила расулларини юборди ва китобларини нозил қилди. Осмонлар ва ер шу адолат билан қоим бўлган. Адолатдан зулмга ва манфаатдан унинг зиддига чиқарувчи ҳар қандай нарса Аллоҳнинг шариатида бирор қийматга эга эмасдир. Қаерда адолат далиллари намоён бўлса ва унинг юзи ярқираса, ўша ўрин Аллоҳнинг шариати ва амридир”.
Икки тараф битим тузувчиларининг мақсадини фақатгина ақд шароитлари ва вазиятлари очиб, белгилаб беради. Натижалар қандай чиққан тақдирда ҳам бу мақсадни билмасликка олиш ва ақднинг ёлғиз лафзинигина ушлаш тўғри эмасдир.
“Ақдномаларда лафзлар ва уларнинг тузилиш эътибори йўқ, балки маъно ва мақсадларнинг эътибори бор” қоидаси шариат фиқҳида муқаррар қоидалардандир.
Жабрни кетказувчи одил ечимни юзага чиқариш учун аста-секинлик билан амалга ошириладиган ақдларда юқоридаги каби баён қилинган ҳолатларга аралашиш йўли фақат қозилик соҳасига оидлиги махфий эмас.
Ушбу жиддий аҳамиятга эга масалаларда фиқҳий тўғри ечим йўлини нурафшон қилиб баён қилган қоидалар ва далиллар асосида Ислом фиқҳи академияси қуйидагиларни қарор қилди:
1. Етказиб бериш, аҳдлашув ва ишбай шартномалари каби аста-секинлик билан амалга ошириладиган ақдларда томонлар келишуви тугалланган вақтдаги шароитлар келишув пайтида кутилмаган тасодифий сабаблар туфайли вазиятларни, таклифлар ва нархларни жиддий ўзгартириб юборадиган даражада ўзгариб, шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажариш бажарувчига тижорат соҳасида нархларни кўтарилиб кетиши каби ғайри одатий зарарларни келтириб чиқарса ва буларнинг барчаси бажарувчи ўз мажбуриятларини бажаришда бепарволиги ёки камчиликка йўл қўйганлигининг натижаси бўлмаса, ушбу ҳолатда келишмовчилик юзага келганда қози келишилган нархдан ошиб кетган зарар миқдорини икки тарафга бўлиб юбориш орқали шартномавий ҳуқуқ ва мажбуриятларга тузатиш киритиши тўғри бўлади.
Шартномада кўрсатилган ишлар тугатилмаган ўринда қози шартномани бекор қилиш фойдали ва кўрилаётган масалада енгилликни беради деб билса, битимни бекор қилиши ҳам мумкин. Бу буюртмачига адолат мезони бўйича эваз ундириб бериш билан амалга оширилади. Битим бекор бўлганлиги сабабли унга етган мантиқий жиҳатдан тўғри ва ақлга мос зарар қопланади. Лекин, бажарувчини қийин аҳволга тушиб қолмаслиги ва томонлар ўртасида адолат қарор топиши лозим. Қози ушбу мувозанатларнинг барчасида шу иш бўйича ишончли ва тажрибага эга соҳа вакилларининг фикрига суянади.
2.    Қози кутилмаганда содир бўлган тасодифий сабаблар қисқа вақт ичида йўқ бўлиши мумкин деб топса, бажарувчига муҳлат бериши ҳам тўғри бўлади. Албатта, бу ўринда муҳлат бериш сабабли буюртмачи кўп зарар кўрмаслиги ҳам ҳисобга олинади.
Фиқҳ академияси шариат қоидаларидан олинган ушбу ечимни битим тузувчилар ўртасида вожиб бўлган адолатни юзага чиқариш ва томонларнинг бирини қийин аҳволга солиб қўювчи зарарни кетказиш деб билди. Бу академиянинг ўзбошимчалик билан қилган иши эмас. Балки, бу ечим шаръий ва ҳикматга эга фиқҳ билан солиштирилган ҳамда шариат қоидалари ва унинг умумий мақсадларига яқиндир. Аллоҳ тавфиқ эгасидир. Аллоҳ Набиййимиз Муҳаммадга, у зотнинг оилалари ва саҳобаларига саловат ва салом юборсин!

Аъзолар:
1.    Муҳаммад Алий Ҳаракон,
2.    Абдулазиз ибн Боз,
3.    Солиҳ ибн Усаймин, 
4.    Муҳаммад Рашидий,
5.    Муҳаммад Маҳмуд Совваф,
6.    Абу Бакр Жавмий,
7.    Муҳаммад Рашид Қаббоний.
(Мулоҳаза: яна учта имзо мавжуд бўлиб, уларнинг эгаларининг исмлари ёзилмаган. Буни академия қарорлари нашрининг 111-саҳифасида кўриш мумкин).

Таржимон: Абдулҳодий
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.

Мулоҳаза: Бу қарор ўта жумбоқли масалага боғлиқ бўлгани учун ҳам унинг муқаддимаси ҳаддан ташқари узун бўлиб кетган. Аммо ушбу қарордаги масалалар ҳаётда тез-тез учраб туриши бор. Ана ўшандай пайтларда тарафлар инсоф қилиб, адолат юзасидан иш кўришлари, ушбу қарордаги кўрсатмаларга амал қилишлари зарур бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Канз ад-дақоиқ ёки Мухтасар ал-Виқоя ни залолат дейиш ҳукми
Савол. Бирор кимса "Канз ад-дақоиқ"ни (шунингдек, "Мухтасар ал-Виқоя"ни) залолат, "Сифрус саодат"ни эса гумроҳлик сабаби деса, унинг ҳукми нима?Унга жавоб. Агар бирор кимса ушбу китобларни залолат дейиши бу икки давоми...
9 йил аввал 7049 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қутбга яқин шаҳарлардаги намоз ва рўза вақтлари тўғрисида
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.Аммо баъд:Ислом фиқҳи академияси (10.4.1402ҳ./4.2.1982.м.) санада пайшанба куни эрталаб давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
“Шайх Шаъровийга мактуб” сарлавҳаси остида Исломга қарши қаратилган тасмалар тарқатилаётганлиги ҳақида
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин!.Аммо баъд:Ислом фиқҳи академияси 16.4.1403 ҳ. санада якшанба куни эрталаб ўтказилган еттинчи давоми...
7 йил аввал 5415 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Косметик жарроҳлик ва унинг ҳукми
 ИСЛОМ КОНФЕРЕНСИЯСИ ТАШКИЛОТИ ҚОШИДАГИ ХАЛҚАРО ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕ-МИЯСИ ҚАРОРИБИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМИслом конференсияси ташкилоти қошидаги Халқаро Ислом Фиқҳи давоми...
7 йил аввал 10198 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Абдуллоҳ бин Зайд Маҳмудни ойни кўришлик тўғрисидаги қозилар ва ҳокимларга йўллаган рисоласи тўғрисида
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.Аммо баъд: Ислом Фиқҳи Академия кенгаши Қатар давлати қозилар раиси шайх Абдуллоҳ ибн давоми...