Аёл кишининг қонини икки ёшга кирмаган болага қуйиш

БУ ҲАРОМ ҚИЛУВЧИ ЭМИЗИШ ҲУКМИНИ ОЛАДИМИ ЁКИ ЙЎҚ.
БУ ҚОНГА ҲАҚ ОЛИШ ЖОИЗМИ ЁКИ ЙЎҚ.

Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!
Саййидимиз Муҳаммадга саловоту дурудлар бўлсин!
Робититул Оламил Исломий ҳузуридаги Ислом фиқҳи академияси мажлиси ўзининг Маккаи Мукаррамада 1409 санада ражаб ойининг 13–20-кунлари (19-26 феврал, 1989 й.) бўлиб ўтган мажлисида аёл кишининг қонини икки ёшга кирмаган болага қуйиш, бу ҳаром қилувчи эмизиш ҳукмини оладими ёки олмайдими, бу қонга ҳақ олиш жоизми ёки жоиз эмаслиги ҳақидаги масалаларни кўриб чиқди.
Мажлис аъзолари томонидан олиб борилган муноқашалардан кейин бир овоздан қон қуйиш орқали махрамлик ҳосил бўлмаслиги тасдиқланди.
Қонга эваз олиш ёки бошқача қилиб айтганда қонни сотишга келганда мажлис қуйидагиларни айтишни лозим топди:
«Қонни сотиш жоиз эмас. Чунки у Қуръони Каримда ўлимтик, чўчқа гўшти билан бирга ҳаром қилинган нарсадир. Уни сотиш ва унга эваз олиш жоиз эмас.
Саҳиҳ ҳадисда: «Албатта, Аллоҳ таоло бир нарсани ҳаром қилса, унинг баҳосини ҳам ҳаром қилади», дейилган.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қон сотишни ман қилганлар.
Албатта, бундан зарурат ҳолатлари истисно қилинади. Тиббий мақсадлар учун қонни хайрия тарзда берадиганлар бўлмаса, зарурат ман қилинган нарсаларни мубоҳ қилади, қоидасига биноан, зарур миқдордаги қонни сотиб олса бўлади. Бундай ҳолатда сотиб олганга гуноҳ бўлмайди. Гуноҳ сотганга бўлади. Агар молни ҳиба ёки мукофот сифатида берилса яхши бўлади. Бу инсоний хайрия ишни қилишга ундайди. Чунки бу хайрия иши бўлиб, савдога кирмайди».
Саййидимиз Муҳаммадга саловоту дурудлар бўлсин!
Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн!
РОБИТАТУЛ ОЛАМИЛ ИСЛОМИЙ ҲУЗУРИДАГИ ИСЛОМ ФИҚҲИЙ АКАДЕМИЯСИ ҚАРОРИ