Абдуллоҳ бин Зайд Маҳмудни ойни кўришлик тўғрисидаги қозилар ва ҳокимларга йўллаган рисоласи тўғрисида

Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ислом Фиқҳи Академия кенгаши Қатар давлати қозилар раиси шайх Абдуллоҳ ибн Зайд Маҳмуднинг ойни кўришлик тўғрисидаги қозилар ва ҳокимларга йўллаган рисоласини кўриб чиққанидан кейин у рисола улкан камчиликлар ва очиқ-ойдин хатоларни ўз ичига олганлиги маълум бўлди.
Биринчидан: Муаллиф шундай ёзади: “Бу йил яъни 1400-ҳижрий санада фитр ҳайити душанба кечаси ойни кўрилганлиги ила берилган ёлғон гувоҳликка биноан ўз вақтида бўлмади. Чунки бирор кимса душанба кечаси ҳам сешанба кечаси ҳам ойни кўрмаган...” ва ҳоказо.
Муаллифнинг бу сўзи тўғри бўлмаган ва ҳақиқатдан йироқ уйдирмадир. У қандай қилиб барча инсонлар номидан ўзи яхши билмаса-да, ойни кўришмаган деб ҳукм қилади? Шаръий қоидага кўра, ким билса, билмаганга қарши ҳужжатдир, ким бирор нарсани исбот қилса, уни инкор қилганга қарши ҳужжатдир. Ойни душанба кечаси кўрганлиги адолатли, ишончли кимсалар гувоҳлиги билан собит бўлган, уларни гувоҳликлари Саудия ва турли хил бошқа диёрлардаги ишончли қозилар олдида исбот қилинган бўлса, қандай қилиб ҳужжат бўлмасин?
Шу билан маълум бўлдики 1400-ҳижрий сананинг бошланиши башарият саййиди томонидан етказилган пок шариат кўрсатмалари асосида душанба кечаси шаръий далил ила собит бўлган. Сунан Абу Довудда саҳиҳ иснод ила Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Инсонлар ойни кўришга чиқишди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга уни кўрганлигимни айтдим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб инсонларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.
Ҳофиз “Талхис” китобида бу ҳадис тўғрисида Доримий, Дороқутний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Ҳазм саҳиҳ деган ҳадисдир. Сунан соҳиблари Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган:
“Бир аъробий: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ойни кўрдим”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берасанми?”  дедилар. У:
“Ҳа”, деди. У зот:
“Эй Билол одамларга эртага рўза тутишларини эълон қил!” дедилар. Бу ҳадисни Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Дороқутний, Ҳоким ва Байҳақийлар ҳам келтиришган. Имом Аҳмад ва Насоий Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Ҳаттобдан ривоят қилишади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан ўтиргандим ва улардан сўрадим. Улар менга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
“Ойни кўриб рўза очинглар ва ойни кўриб ҳаж қилинглар. Агар булут янги ойни кўришга тўсиқлик қилса ададини 30 кун қилиб тўлдиринглар. Агар икки гувоҳ гувоҳлик берса рўзани тутинглар ва ифтор қилинглар”, деган ҳадисларини айтиб беришди”. Макка амири Ҳорис ибн Ҳотиб ал-Жумаҳийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни ойни кўриб рўза тутишимизга, агар ойни кўрмасак икки адолатли гувоҳни гувоҳликлари билан рўза тутишимизга буюрдилар”. Бу ҳадисни Абу Довуд ва Дороқутнийлар ҳам ривоят қилиб, иснодини саҳиҳ ва узилмаган деб айтишган.
Абу Умайр ибн Анас ансорлардан бўлган амакиларидан ривоят қилади:
“Шаввол ойининг ҳилоли бизга кўринмай қолди. Шунда биз рўзадор ҳолатда тонг оттирдик. Кунни охирроғида бир тўда отлиқ келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кеча ойни кўрганликларига гувоҳлик беришди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни одамларга ўша кунги рўзаларини очиб эртасига ҳайитга чиқишларига буюрдилар”. (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Ҳофиз “Талхийс” китобида: “Бу ҳадисни Ибн Мунзир, Ибн Сакан ва Ибн Ҳазмлар саҳиҳ дейишган”, деди. Робеъ ибн Ҳирошдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган бир кишидан ривоят қилинади:
“Одамлар рамазон ойининг охири кунида ихтилоф қилиб қолишди. Шунда икки аъробий келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида кеча тунда ойни кўрганликларига қасам ичиб гувоҳлик беришди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни оғизларини очишга буюрдилар”. (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Абу Довуд бир ривоятда “намозгоҳларига боришларини” буюрганларини зиёда қилган. Бу ҳадислар ишончли гувоҳларни шаҳодатини олиш ва унга таяниш кераклигини кўрсатади. Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумоларнинг айтган ҳадислари далолат қилиб турганидек рамазон ойининг киришини исбот қилишда бир адолатли кимса, рўза тутиш ва очишда эса икки адолатли гувоҳ кифоя қилади. Шунингдек, одамларни ҳаммаси ёки улардан бир тўдасининг ойни кўриши шарт эмаслигини кўрсатади. Яна икки адолатли гувоҳ шаҳодати ёки ойни киришида бир адолатли гувоҳнинг шаҳодати бўлиши, иккинчи тунда одамлар ойни кўришлари шарт эмаслигини кўрсатади. Чунки ойнинг манзиллари бир-биридан фарқ қилади. Шунингдек, одамларнинг кўз нурлари ҳам бирдек эмас ва иккинчи тунда ойни тўсиб қоладиган нарсалар бўлиши мумкиндир. Агар иккинчи тунда ҳам ойни кўриш учун гувоҳлик шарт бўлганда эди, албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилган бўлардилар. Зотан у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳукмларини ёритиб берувчи ва етказувчидир. Термизий ойни кўришни исбот қилишда икки адолатли кимсанинг гувоҳлигини қабул қилишда уламолар фикрини якдиллигини баён қилган. Ибн Таймия “Фатаво”да (25-ж.186-б) инсонларнинг кўзлари кўришда бир-биридан фарқ қилишини  ва буни сабабларини зикр қилганидан кейин қуйидаги матнни келтирди:
“Агар ойни икки киши кўрса шариатни жорий қилувчи зот у иккисини ҳукмда ижмоъга боғлади. Гарчи жумҳур уламолар бундай деб билмасалар ҳам. Кўпчилик жамоатнинг кўришини шарт қилишдан мақсад, балки ҳаво булутли вақтда бўлиши мумкин”. Чунки Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳни – ҳаво очиқ вақтда ойнинг киришини озчилик билан исботлаб бўлмаслигидаги ихтилофи, у киши сингари бўлган кимсаларга махфий бўлмаган маълум ишдир. Буларнинг барчаси бу билан ҳукм қилинмаган вақтда бўлади. Чунки бундай пайтда хилоф кўтарилиб амал зикр қилинган гувоҳликка кўра лозим бўлишига ижмоъ қилинган.
Шунингдек, аллома Абу Закариё Яҳё ан-Нававий “Шарҳул Муҳаззаб”да (6-ж.313-б) инсонларни кўзлари кўришда ихтилофли эканлиги сабабларини зикр қилганидан кейин ушбу сўзларни айтган:
“Шунинг учун икки ёки бир киши кўрганлигига гувоҳлик берса, ҳоким у билан ҳукм қилса, бир овоздан у ҳукм бузилмайди ва рўза тутиш керак бўлади. Агар бу эҳтимолдан узоқ бўлганда эди ҳукм ўтмай уни бузиш вожиб бўларди”.
Ибн Маҳмуд юқоридаги сўзидан кейин қуйидагини айтди:
“Эй муҳтарам уламолар ва Ислом шариати қозилар жамоаси, ҳар йилги рўза фитримизда катта хато қилган эканмиз”.
Бу гап улкан хато ва ҳақиқатга қарши сўзлашга журъат қилиш эканлиги очиқ-ойдиндир. У киши “Ҳар йили рўза ва ифторда хато такрорланмоқда” деган сўзни қаердан олди? Ҳолбуки юқорида зикр қилиб ўтилганидек, қозилар саҳиҳ ҳадислар далолат қилган ва илм аҳли бир овоздан айтган ҳукм ила ҳукм қилаётган бўлсалар?! Ибни Маҳмуд юқорида айтган гапидан кейин яна айтади:
“Қачонки ой машриқ томондан қуёш чиқишидан олдин чиқадиган бўлса, уни ҳеч ким кўрмайди. Чунки у қуёшдан олдинроқ ғойиб бўлиб кетади ёки ой қуёш билан бирга чиқиб, бирга ғойиб бўлади. Бу пайтда қуёш нури кучли бўлганлиги учун ҳам ойни ҳеч ким кўра олмайди ва бу очиқ-ойдин хатодир. Адолатли кимсалар гувоҳлиги ила 29-куни тонгда қуёш чиқишидан олдин машриқдан сўнгра ўша қуёш ботганидан кейин мағрибдан ойни кўриниши исботланган. Чунки ойни юриши қуёшни юришидан бошқачадир. Уларнинг ҳар қайсиси Аллоҳ азза ва жалланинг хоҳлаганидек ўзига хос равишда фалакда сузиб юради”.
Муаллифнинг “агар ўша куни тонгда қуёш чиқишидан илгари ой кўрилган бўлса, қуёш ботганидан кейин ойни кўриш имкони бўлмайди”, деб айтган сўзига далил сифатида келтирган ояти карима:
“На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар”. (“Ясин” 40-оят).
Бу оятда у кишининг фойдасига ҳеч қандай ҳужжат йўқ. Зеро, уламолар оятда зикр қилинган идрокнинг маъносини, ойнинг султонлиги вақтида қуёшнинг султонлиги йўқ, қуёш султонлиги вақтда эса ойга султонлик йўқ, деб ёритиб беришган. Ҳофиз ибн Касир бу оятни тафсирида қуйидагиларни айтган: “Уларнинг ҳар бирини чегараси бўлиб, у чегарадан қолиб ҳам ўтиб ҳам кетмайди. Бирининг ҳукмронлиги келса иккинчиси, иккинчисиники келса биринчиси кетади”. Саврий айтди:
“Исмоил ибн Ҳолиддан, у Абу Солиҳдан ривоят қилади: “Улар бир-бирларини нурини идрок қилмайди”. Икрима розияллоҳу анҳу  Аллоҳ азза ва жалланинг:
“На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар...”, сўзининг маъносида: “Уларнинг ҳар бирини ўз ҳукмронлиги қуёш тунда чиқишлиги керак эмас”, деган.
Ибн Маҳмуд осмон булутли бўлмаган очиқ вақтда ойни кўришликда бир тўда кишилар бўлишини шарт қилишган ҳанафий фуқаҳоларнинг сўзларини зикр қилиб айтади:
“Бошқа одамлар ойни кўрмасдан фақатгина бир ёки икки шахснинг ойни кўришлиги, улар бирор бошқа нарсани кўриб ой деб ўйлашлари эҳтимоли бўлгани учун, уларнинг гувоҳликлари кифоя қилмайди. Буни Ибн Таймия Ҳилолга тааллуқли рисоласида ихтиёр қилган. У: “Ҳилолни бир ёки икки киши кўриб, бошқа одамлар кўрмаслиги ҳисобга ўтмайди. Чунки уларнинг кўришида мавҳумлик эҳтимоли бор. Агар кўришлик тўғри бўлса, уни барча инсонлар кўрарди”, деган”. Бошқа одамлар кўрмай фақат бир ёки икки кишининг кўришлиги гувоҳликка кифоя қилмайди, деб Ибн Таймиядан нақл қилаётган бу сўзнинг саҳиҳлигида асос йўқ. Унинг каломи юқорида ўтди. Ибн Таймиянинг сўзини яхши биладиганлар унинг “Фатово” (25ж. 186с) китобида мавжуд бўлган сўзини нақл қилишади. Унда Ибн Таймия шариатнинг ҳукми икки кишининг гувоҳлигига тааллуқли эканлигига ижмоъ борлигини айтган”. Сўнгра Ибн Маҳмуд юқоридаги ҳадислардан иккитасини келтиради.     
“Инсонлар ойни кўришга чиқишди. Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга уни кўрганлигимни айтдим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб инсонларни ҳам рўза тутишга буюрдилар”.
Ҳофиз “Талҳис” китобида бу ҳадис тўғрисида Доримий, Дороқутний, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Байҳақий ва Ибн Ҳазм саҳиҳ деган ҳадисдир. Сунан соҳиблари Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган:
“Бир аъробий: “Эй Аллоҳнинг Расули, мен ойни кўрдим”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мени Аллоҳнинг Расули деб гувоҳлик берасанми?”  дедилар. У:
“Ҳа”, деди. У зот:
“Эй Билол одамларга эртага рўза тутишларини эълон қил!” дедилар”. Ва ушбу ҳадисларга қуйидаги жавобни айтади: “Ҳадислардаги икки кишининг гувоҳлигига кифояланиш, балки улар биринчи кўришиб, қолганлар у иккисидан кейин кўрган бўлишлари мумкин”.
Бу жавобнинг таассуф ва ботил эканлиги маълумдир. Чунки ушбу жавобнинг аниқ далили йўқ. Аслида ҳадисдаги маъно ўша икки гувоҳдан бошқалар кўрмаганлигидир. Агар бошқалар ҳам кўрганларида эди, албатта нақл қилинар эди. Нақл қилинмаганлигига кўра бошқалар кўрмаганлиги ҳақиқатга яқинроқдир. Шунинг учун ҳам уламолар ушбу икки ҳадисдан рамазон ойининг киришида бир кишининг гувоҳлиги қабул қилинишини, унга амал қилиш вожиблигини айтишган. Уламоларнинг икки хил фикрларидан саҳиҳроғи шудир. Бунинг баёни юқорида ўтди. Яна Нававийдан “Шарҳул Муҳаззаб”да нақл қилиб келтирганимизга кўра, қачон шаръий ҳоким ҳукм чиқарса, унга амал қилиш вожиблигига барча ижмоъ қилган. Буларга қарши илмсиз сўздан Аллоҳнинг паноҳини сўраймиз!
Сўнгра Ибн Маҳмуд ўз рисоласининг охирида қуйидагиларни айтади: “Дарҳақиқат ўз рисоламда ҳар йили Ислом аҳли ийдга тўпланишларини айтиб ўтдим. Ҳукуматни (Аллоҳ уни Ўзи қўрисин) адолатли ҳилолни кўриш учун алоҳида гуруҳ таъйин қилишга чақирдим. Улар кўриш қувватидан насибадор бўлган адолатли кишилар бўлишсин. Улар хусусан Шаъбоннинг охирги вақтида ҳилолни кузатсинлар. Агар охирги кунлар булутли ёки ёмғирли бўлиб қолса Шаъбон ойини ўттиз кун ҳисобласинлар сўнгра рамазон рўзасини тутсинлар. Кейин ҳаж вақтларини билиш учун Зулҳижжанинг ҳилолини кузатсинлар. Ушбу гуруҳ адолатли, ишончли шахслардан иборат бўлиб, ўн кишидан кам бўлишмасин. Уларнинг ораларида ўзлари мурожаат қиладиган раислари бўлсин... ва ҳоказо”. 
Бу калом такаллуф ва Аллоҳ таоло у хусусда ҳужжат туширмаган янги шариат жорий қилишдан бошқа нарса эмас. Балки бу таъвил қилиб, буриб бўлмайдиган даражадаги фасоднинг чўққисидир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло енгил ва осон қилиб, барча ойларнинг киришида икки адолатли гувоҳнинг гувоҳлиги, рамазон ойида эса бир адолатли гувоҳнинг гувоҳлиги билан ҳукм этишни жоиз қилди. Аллоҳ таолонинг шариатига унинг изнисиз, Унинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатисиз бирор киши янгилик киритиши жоиз эмасдир. Аллоҳ таоло “Шўро” сурасининг 21-оятида шундай дейди:
“Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо)лари борми?!” .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бухорий ва Муслим ўз саҳиҳларида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда шундай дедилар:
“Ким ушбу ишимизда ундан бўлмаган бирор нарсани пайдо қилса, бас у рад этилгандир”.  Муслимнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривоятида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бизнинг ишимиз унинг устида бўлмаган бирор амални қилса, бас у этилгандир”, дедилар.
Бу бизнинг Шайх Абдуллоҳ ибн Маҳмуднинг рисоласида содир бўлган кўплаб хатоларга берган танбеҳимиздир. Аллоҳдан бизларни тўғри йўлга ҳидоят қилишини сўраймиз. Ўзимиз ва бошқа мусулмонларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига илмсизларча қарши гапириб, Аллоҳнинг динида Аллоҳ изн бермаган бидъатларни пайдо қилиб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз! Ҳамд оламларнинг Роббиси Аллоҳгадир. Унинг бандаси ва Расули, Саййидимиз Муҳаммадга, у кишининг оилалари ва саҳобаларига ҳамда қиёматга қадар у зотнинг йўлларида юрган мўъминларга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!

Раис: Абдуллоҳ ибн Ҳумайд.
Раис ноиби: Муҳаммад Алий Ҳаркон.
Аъзолар:
1.    Абдулазиз Абдуллоҳ ибн Боз,
2.    Муҳаммад ибн Солим ибн Абдулвадуд (йўқ эди),
3.    Мустафо Зарқо,
4.    Муҳаммад Рошидий,
5.    Муҳаммад Абдуллоҳ Сабийл,
6.    Ҳусайн Махлуф,
7.    Муҳаммад Рашид Қаббоний,
8.    Солиҳ ибн Усаймин,
9.    Абдулмуҳсин Аббод,
10.    Алливо Маҳмуд Шийт Хаттоб (йўқ эди),
11.    Муҳаммад Шозилий Найфар,
12.    Маҳмуд Саввоф,
13.    Абдулқуддус Ҳошимий,
14.    Мабрук Авводий,
15.    Абулҳасан Надавий (йўқ эди).

Таржимон: Муҳаммад Зафар.
Муҳаррир: Аброр Мухтор Алий.

Мулоҳаза: Бу каби баҳслар жуда фойдали бўлган. Ҳозирда ушбу қарордаги тортишувнинг икки тарафидаги таклифлардан баъзилари амалга ошадиган бўлган. Жумладан, кўп давлатларни ой кўриш учун масъул гуруҳлар тузилмоқда, уларнинг фаолияти ойнаи жаҳон орқали тўғридан тўғри кўрсатилиб турибди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф