Сувнинг пок ёки нопок бўлишининг шаръий ҳукми


Ушбу мақолада баён қилинмоқчи бўлган масала сувнинг тоза ёки нопок бўлишининг шаръий ҳукми борасида бўлиб, унда шаръий жиҳатдан сув қачон пок ва тоза бўлиши баён этилади. Яъни, бунинг учун сувга тушган ҳар қандай нажосат уни нопок қиладими, сув қанча миқдорда бўлганда,

унга тушган нажосат унинг нопоклигига таъсир кўрсатади, кўп миқдордаги сув қанча бўлиши керак, каби саволларга жавоб излаш керак бўлади. Ҳанафийлар қабул қилган далиллар шуни кўрсатадики, улар сувнинг тоза ёки нопок бўлиши борасида ҳам мантиқий, ҳам гигиеник, ҳам ақлий, ҳам шаръий далиллар жиҳатидан энг кучли фиқҳий қарашларга эга. Ҳар бир мазҳабнинг сувнинг тоза-нотоза бўлиши борасида ўзларига яраша далиллари бор. Бироқ, улар чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинганда, ҳанафийлик қабул қилган далил ва меъёрлар, қиёс ва қарашлар ҳар жиҳатдан устунлиги маълум бўлади. Қуйида биз ана шу далилларни бирма-бир кўриб чиқишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Учта ҳадис матни
Сувнинг тоза ёки нопок бўлиши борасида мазҳаблар қабул қилган далиллар асосан учта ҳадис ҳисобланади. Қолган барча далиллар уларга қўшимча равишда келтирилади. Ушбу асосий учта ҳадиснинг таҳлили бошқа қўшимча далилларнинг қанчалик асосли эканига ўз таъсирини ўтказади. Мазкур учта ҳадиси шарифни масалан Имом Термизий (р.ҳ.) ўзларининг "Жомеъ ас-сунан" асарларида 49-50-51-бобларида кетма-кет келтириб ўтган:
عن أبي سعيد الخدري قال قيل يا رسول الله أنتوضأ من بئر بضاعة وهي بئر يلقى فيها الحيض ولحوم الكلاب والنتن فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم أن الماء طهور لا ينجسه شيء قال أبو عيسى هذا حديث حسن
Саҳоба Абу Саид ал-Худрий (р.а.)дан ривоят. У деди: Расулуллоҳ (с.а.в.)га: "Эй, Расулуллоҳ! Бузоъа қудуғидан таҳорат оламизми? У шундай қудуқки, унга ҳайзлатталари (аёллар ҳайз кўрган вақтда ишлатадиган латталар), итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсалар ташланади”, дейилди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сув покиза-тоза нарса, уни ҳеч нарса нажас қилмайди!", деб марҳамат қилдилар. Абу Исо ат-Термизий (р.ҳ.): "Бу ҳасан ҳадисдир!", деган (Термизий, 1/66).
قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم وهو يسأل عن الماء يكون في الفلاة من الأرض وما ينوبه من السباع والدواب قال فقال رسول الله صلى الله عليه وسلم إذا كان الماء قلتين لم يحمل الخبث
Ровий: "Очиқ майдонларда бўладиган, йиртқич ҳайвонлар ва чорполар вақти-вақти билан тегиниб кетаверадиган сувлар ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўралганини эшитганман", деган. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Агар сув икки "қулла" бўлса, нопокликни кўтармайди", деб марҳамат қилдилар (Термизий, 1/67).
عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال لا يبولن أحدكم في الماء الدائم ثم يتوضأ منه قال أبو عيسى هذا حديث حسن صحيح
Саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар: "Сизлардан ҳеч ким сўнг таҳорат қиладиган доим турган сувга сиймасин!". Абу Исо ат-Термизий (р.ҳ.): "Бу ҳасани саҳиҳ ҳадисдир!", деган (Термизий, 1/68).
Учта ҳадисдан олинган ҳукмлар
Юқоридаги учта боб мазмун жиҳатидан бир мавзуга қаратилган бўлиб, уларда сувнинг поклиги борасида сўз юритилади. Биринчи боб Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадис моликийларга далил, иккинчи бобдаги қуллатайн ҳадиси шофиъийларга далил, учинчи бобдаги оқмас сувга сиймаслик ҳақидаги ҳадис эса ҳанафийларга далил бўлиб хизмат қилади.
Сувнинг поклиги ёки нопоклиги борасидаги фақиҳлар орасида кўплаб ихтилофлар юзага келган, ҳатто бу борада йигирмадан ортиқ фиқҳий қарашлар илгари сурилган. Улардан энг машҳурлари тўрт мазҳабга оиддир:
1) Ойша онамиз (р.а.), Ҳасан Басрий (р.ҳ.) ва Довуд Зоҳирий (р.ҳ.) кабиларнинг фиқҳий қарашлари: сув хоҳ кўп бўлсин, хоҳ оз бўлсин, унга нажосат тушса, сув нажосат бўлмайди. Яъни, бу қарашга кўра, масалан, бир челак сувга каттароқ бир нажосат тушса ҳам сувни ифлос ва нажосат қилмайди, деб ҳукм қилиш керак бўлади. Нажосат тушганлиги сабабли ўша сувнинг хоҳ ранги, хоҳ ҳиди ўзгарса ҳам бунинг фарқи йўқ. Фақат нажосат жуда кўпайиб кетиб, сувни сувлик табиатидан чиқармаса, бўлгани. Бу энг осон фикр бўлди. Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.ҳ.) ўзининг “ал-Кавкаб ад-дуррий” асарида: “Агар бу фикр Ойша онамиз (р.а.)дан ривоят қилингани ҳақиқатдан ҳам исботланса, унда мазкур фикр энг кучли бўлиб қолади. Чунки, Ойша онамиз (р.а.) саҳобалар ичида сувлар тўғрисидаги ривоятлар ва фиқҳий фикрларнинг энг билимдони ҳисобланади. Бироқ, мазкур фикрни айтганлиги тўғрисида Ойша онамиз (р.а.)дан саҳиҳ ривоят йўқ”, деган.
2) Имом Молик (р.ҳ.) мазҳабининг фатвоси: сув хоҳ кўп бўлсин, хоҳ оз бўлсин, унга нажосат тушса, сув нажосат бўлмайди. Лекин нажосат тушганлиги сабабли ўша сувнинг ранги ёки ҳиди ўзгарса, унда сув нажосат ҳукмини олади. Бу юқоридаги ҳукмнинг салгина қайдланган тури. Бунда, масалан, бир челак сувга кичикроқ нажосат тушгани билан ўша сувни ифлос ва нажосат қилмайди, деб ҳукм қилиш керак бўлади.
3) Имом Шофиъий (р.ҳ.) мазҳабининг фатвоси, унда ҳанафийларга яқинроқ фикр билдирилган: сув оз бўлса, унга нажосат тушиши билан сув нажосат бўлади. Масалан, сувга бир томчи сийдик ёки ароқ тушса, гарчи сувнинг ранги ёки ҳидига таъсир қилмаса ҳам ўша сув нажосат ҳукмини олади. Ҳанафий мазҳабидан ҳам худди шундай! Агар сув кўп бўлса, тушган нажосат сувни ўзгартирмайдиган бўлса, сувни нажосат қила олмайди. Ана шу ерда шофиъийлик билан ҳанафийликнинг орасида ихтилоф келиб чиққан. Яъни, сувнинг миқдори, кўплик даражаси борасида бир-бировга қарама-қарши фикрлар айтилган. Шофиъийлар “қуллатайн ҳадиси”ни олиб, сувнинг кўплик даражасини “қуллатайн” – икки “қулла” билан белгилаганлар. Бу ҳадиси шарифдан олингани боис тахминий ўлчов эмас, балки аниқ ўлчов бирлигидир. Бинобарин, уни ўлчов сифатида қўллаш мумкин. Шофиъийларда шундай бир ажабланарли гап юради: бир “қулла” сувга нажосат тушди. У ўлчовдан оз сув бўлгани боис нажосат бўлади. Энди, ана шу сувнинг устига яна бир “қулла” сув қуйилса, сув ўлчовда кўпайгани боис нажосатликдан чиқади. Сўнг мазкур сувни яна иккига – икки “қулла” бўлинса, нажосатлик қайтиб келмайди, балки сув тоза деган ҳукмда қолаверади.
4) Бизнинг ҳанафийлар мазҳабининг фиқҳий қараши: юқоридаги шофиъийлар фикри билан ҳамоҳанг, бироқ, сувнинг кўплик ва озлик миқдорида фарқ бор. Ҳанафийларда сувнинг кўплик миқдори муайян эмас. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) уни сувни ишлатувчининг ўз фикрига кўра бўлгани, яхшироқ эканини айтган. Яъни, сувни ишлатувчи сувни оз экан, деб билса, оз бўлади. Агар сув кўп, унга нажосат таъсир қилмаган, деса, уни ишлатиши мумкин. Мана шу фикрни Бурҳониддин ал-Марғиноний (р.ҳ.) "ал-Ҳидоя"да "Ва алайҳи-л-эътимод!" ("Суянч шунгадир!") дея таржеҳ қилган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1314. – Б. 46). Абу Юсуф (р.ҳ.)дан сувнинг бир тарафи ҳаракатлантирилса, бошқа қарши тарафи ҳам ҳаракатланса, у оз сув, агар нариги тарафи қимирламаса, у кўп сув, дейилиши нақл қилинган. Имом Қудурий (р.ҳ.) ҳам шунга қўшилиб, “Мухтасар” асарида зикр қилган. Кейинги давр ҳанафийлари, асҳоби тахриж табақасидаги фақиҳлар ўнга-ўн, ўн газга ўн газ, деган миқдор билан чегаралаганлар. Аниқ миқдорни бундай баён қилиб қўйиш одамлар орасида ҳар хил фикрлар, келишмовчиликлар келиб чиқмаслиги мақсадида айтилган фикрдир. Абу Сулаймон Жўзжоний (р.ҳ.) устози Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний (р.ҳ.)дан кўп сувнинг миқдори ҳақида сўраганида, у ўтирган масжиди саҳнига ишора қилиб, “Мана шу масжидимиз миқдорича сув кўпдир!” деган экан. Абу Сулаймон Жўзжоний (р.ҳ.) кейнчалик масжид саҳнини ўлчаганида ички тарафдан саккизга саккиз, ташқи тарафдан ўнга ўн чиққан экан. Демак, ҳанафийлик мазҳабида сувнинг кўплиги борасида эҳтиёт юзасидан ўнга ўн миқдори олинган.
Бузоъа қудуғи ҳадиси
Тарихда муҳаддислар ва фақиҳлар орасида "Бузоъа қудуғи ҳадиси" деб аталган ҳадисга қайтадиган бўлсак, уни саҳоба Абу Саъид ал-Худрий (р.а.) ривоят қилган. “Бузоъа” “бе” ҳарфини заммалик ўқилади, баъзилар касралик ўқиш ҳам мукинлигини айтганлар. Айримлар “зод” ҳарфини “сод”га алиштириб ҳам ўқиганлар, лекин бу тўғри эмас. У Мадинадаги Бани Соъида ҳовлисида жойлашган машҳур қудуқ бўлган.
Саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг элчиси! Бузоъа қудуғидан таҳорат қиламизми?” деб сўрашган. Имом Термизий (р.ҳ.) ривоятида “таҳорат қиламизми?” дейилган бўлса, бошқа муҳаддисларнинг ривоятларида “таҳорат қиласизми?” деб сўралган. Ҳадисшунос олимлар мухотабни – “таҳорат қиласизми?” деган хитобни маъно жиҳатидан устунроқ санаганлар. Айрим ривоятларда ровий Абу Саъид ал-Худрий (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Бузоъа қудуғидан сув олиб таҳорат олаётганларини кўриб қолиб, ушбу саволни берган. Мазкур саволни берилишининг ўзига хос сабаби бор эди: “Унга ҳайзлатталари (аёллар ҳайз кўрган вақтда ишлатадиган латталар), итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсалар ташланади”. Биз “сассиқ нарсалар” деб таржима қилганимиз ҳадис матнида “натн” ёки “натин” деб, “те” ҳарфини сукунли ёки касрали ўқилган сўздан олинган. Аслида у сассиқлик ва бадбўйликка айтилади, ҳадис мазмунидан келиб чиқиб, уни “сассиқ нарсалар” деб таржима қилинган.
Юқоридаги саҳоба ёки саҳобаларнинг саволига Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деб жавоб берганлар:
إن الماء طهورلا ينجسه شيء
“Дарҳақиқат, сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қила олмайди”.
Мазкур жавоб моликийларнинг фиқҳий қарашининг келиб чиқишига сабаб бўлган. Яъни, сув асло нажас бўлмайди, деган фикр юзага келган. Демак, бунга кўра бир-икки челак сувга нажосат тушса, уни нажосат бўлди, ифлос бўлди, деб ҳукм қилинмас экан.
Бироқ, моликийларнинг ўзлари ҳам мазкур ҳадисни мутлақ олмайдилар. Балки, улар ҳам сувни сувлик табиатидан чиқарадиган бўлса, сув нажосат бўлади, деган қайдни қиладилар. Аслида ҳадиснинг зоҳирига қарайдиган бўлсак, ундаги ҳукмни қайдлаш жоиз эмас, яъни ҳадис мазмунидан шунчалик кўп нарсалар тушганига қарамасдан, сувнинг ранги, ҳиди ёки табиати ўзгарганига қарамасдан у нажосат бўлмайди, деган мутлақ ҳукм чиқади. Демак, шунга қарамасдан моликийларнинг ҳукмни қайд қилганига кўра бошқалар ҳам уни ўзларича қайдлашлари мумкин бўлади.
Моликийлар бизнинг юқоридаги эътирозимизга “Имом Молик (р.ҳ.) ушбу қайдни ўзларича олгани йўқ, балки ҳадисдан олган” дейдилар ва Дорақутний (р.ҳ.) ҳамда Ибн Можжа (р.ҳ.) каби муҳаддислар саҳобалар Савбон (р.а.) ва Абу Умома (р.а.)дан қилган ривоятларини келтирадилар (Дорақутний, 1/48; Ибн Можжа, 1/521.).
الماء طهور إلا ما غلب على ريحه أو على طعمه
“Сув унинг ҳидига ёки таъмига бирор нарса ғалаба қилмаса, покдир”.
“Талхис ал-ҳабир”да мазкур ҳадиси шарифнинг саҳиҳ эмаслиги айтилган. Чунки, мазкур икки саҳобадан ривоят қилинган ҳадис иснодида Ришдин ибн Саъд (р.ҳ.) бўлиб, уни “матрук ал-ҳадис” – ҳадиси тарк қилинган ровий деб сифатланган. Имом Дорақутний (р.ҳ.)нинг ўзи ҳам мазкур ҳадисни келтиргандан сўнг “Бу ҳадис собит (мустаҳкам) эмас”, деб кетган.
Имом Молик (р.ҳ.) юқоридаги ҳадисни қайд қилишда ўзининг қиёси ваусули куллиясига суянган. Чунки, унинг усули фиқҳига кўра мутлақ ҳукмни қайдлаш мумкин.
Бузоъа қудуғи ҳадисига жавоб
Ҳадисни ўқиб бирданига зеҳнга келадиган нарса шуки, ҳадис мазмуни зоҳирга қаратилган эмас. Чунки, ҳадис зоҳиридан савол сўрашга Бузоъа қудуғига ҳайзлатталари, ўлган итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсаларни ташлаш одат бўлган, таҳорат олиш чоғида ўшаларни суриб-суриб қўйиб таҳорат олиш мумкинмикин, деган фикрнинг келгани сабаб бўлгани чиқади. Гўё қудуқ сув ичиш учун эмас, балки нажосат ташлаш учун қилинган. Демак, ҳадиснинг зоҳирини олиб бўлмайди.
Ҳижоз ўлкасида сув тақчиллиги, сувга бўлган эҳтиёж жуда кучли экани барчага маълум. Арабистонликлар сувни тежаб ишлатадилар, унинг йўқолмаслиги, бузилмаслигига алоҳида эътибор берадилар. Бинобарин, ислом тозаликка буюрган даврда, саҳобалар сув ичадиган қудуқларига беэътибор бўлишлари, унга ҳайзлатталари, ўлган итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсаларни ташлашга бепарво бўлишлари асло мумкин эмасди. Моликийлар томонидан Бузоъа қудуғига бундай нарсаларни айрим мунофиқлар ташларди, деган гап айтилган. Бу гап ҳам тўғри эмас, чунки эҳтиёжи тушиб турган сувни эҳтиётлаш, уни тоза сақлаш эътиқодга, мазҳабга боғлиқ эмас, балки инсонийлик, одамийлик тақозосидир. Зотан, сув тақчил жойда бу қудуқдан мунофиқларнинг ўзлари ҳам, уларнинг оила аъзолари, бола-чақалари ҳам сув ичиши, уни ишлатиши шубҳасиз эди.
Агар Бузоъа қудуғига ҳақиқатдан ҳам ҳайзлатталари, ўлган итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсалар тушган бўлса, унинг суви ўзгариб кетган бўлиши керак эди. Чунки, Абу Довуд (р.ҳ.) ривоят қилишича, қудуқнинг айланаси олти зироъ бўлган, унинг суви кўпайганда киндиккача етган, холос (Абу Довуд, 1/67.).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳадиснинг зоҳирига амал қилиб бўлмайди, дея оламиз. Шунинг учун бу борада бир неча фикрларни ўртага ташлаймиз.
1) Расулуллоҳ (с.а.в.)дан таҳорат қилиш мумкинлиги борасида савол сўралган вақтда Бузоъа қудуғига ҳайзлатталари, ўлган итларнинг гўштлари ва сассиқ нарсалар ташлаб турилган вақт эмасди. Саҳобалар бу нарсаларни кўриб, савол сўраган эмас. Балки, савол ваҳимага кўра берилган эди. Қудуқ нишабликда, пастликда жойлашган эди. Унга юқоридан, тепаликлардан, чор атрофда яшаётган одамлардан чиққан чиқиндилар, ҳадисда тилга олинган ўша нарсалар тушиш эҳтимоли борлиги; қаттиқ шамол, жала ва сел натижасида қудуқ булғаниши мумкинлигидан келиб чиқиб савол берилган эди.
2) Али ал-қори (р.ҳ.) “Мирқот ал-мафотиҳ”да айтишига қараганда, ҳадис матнидаги “ал-моу тоҳурун” жумласидаги, “ал-моу”сўзидаги “ал” артикли аҳди хорижий маъносини билдиради. Бундан махсус Бузоъа қудуғининг суви ирода қилинади. Ҳукм оммавий эмас, барча сувлар шундай дегани эмас, балки Бузоъа қудуғига айрим ҳолларда юқоридаги нарсаларнинг тушиши эҳтимоли бўлса-да, у нажасга айланиб қолмайди. Яъни, “Сиз ўйлаётган, ваҳимага тушиб савол бераётган нарсаларингиз Бузоъа қудуғига ҳали аниқ тушмаганлиги боис унинг сувини нажас қилиб қўймайди” деган маъно келиб чиқади.
3) Бузоъа қудуғи жоҳилият даврида эътиборсиз қолиб кетган эди. Унга ҳадисда тилга олинган ҳар хил нарсалар ташланаверган. Кейинчалик мусулмонлар уни тозалаб, ишлата бошлаганлар. Қудуқ деворларида нажосат асарлари қолиб кетган, деворлар шимиб олган бўлиши мумкинлигидан бу тўғрида савол берилган эди. Ҳадис матнидаги “йулқо фиҳа” (“унда ташланган”) дейилган жумладан “кона йулқо фиҳа” (“унда ташланган эди”) деган маъно келиб чиқади.
4) Имом Таҳовий (р.ҳ.) ривоятига кўра Бузоъа қудуғи оққувчи эди (Таҳовий. Шарҳи Маоний ал-асор, 1/5.). Бўстонлар тарафга қараб оқадиган, унинг суви билан бўстонлар суғорилган. Маълумки, оқадиган сувга нажосат тушиши билан у нажас бўлиб қолмайди. Бироқ, Имом Таҳовий (р.ҳ.)нинг бу фикрига эътироз билдирилган. Чунки, Бузоъа қудуғи кичкина бўлган, у қандай қилиб, бўстонларни суғора олади? Оқиш дарё каби ёки анҳор каби бўлмаса, ҳам кичик ҳажмда, секин оқиб турган бўлиши мумкин. Чиғир билан, ўша даврга хос чархпалак билан секинликда суви олиниб турган бўлиши ҳам мумкин. Иккинчи эътироз шуки, Имом Таҳовий (р.ҳ.) ушбу ривоятни ал-Воқидий (р.ҳ.)дан олган. У эса заиф ровийдир. Бунга жавоб шуки, гарчи у ҳадис ривоятларида заиф бўлса-да, бироқ, сийар ва тарих соҳасида таниқли имом ҳисобланади. Унинг тарихий гаплари эътиборлидир. Лекин инсоф билан олиб қараганда, ал-Воқидий (р.ҳ.) тарих соҳасида ҳам ҳамма эътироф қилган ишончли тарихчи эмас экан. Айрим ҳолларда у афсона ва бўлмаган гапларни ҳам зикр қилган экан. Қандай бўлмасин, қайси соҳада буюк бўлмасин, унинг ривоятидан шаръий ҳукм олинадиган бўлса, унга ҳадис ривоятида қилинадиган муомала: жарҳ ва таъдил муомаласи қилинади. Шунга кўра ал-Воқидий (р.ҳ.)нинг бу гапига далил сифатида суяниб бўлмайди. Аммо нима бўлганда ҳам, Бузоъа қудуғи борасида юқоридаги каби мана шундай эҳтимол ўртага ташланган.
5) Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадис санад эътиборидан ҳам гап-сўз қилинган, заифлиги борасида сўз юритилган. Бу ҳадиснинг мадори Валид ибн Касир (р.ҳ.)га бориб тақалади. Унга заиф деб тавсиф берилган экан. Баъзилар уни хаворижларнинг иббозия фирқаси аъзоси бўлганини айтганлар. Бироқ, унинг ҳасан – яхши ровий эканини ҳам инсоф юзасидан айтиб ўтиш керак. Ҳасан ровийларнинг ривоятлари мақбул бўлади. Ҳатто Ибн Маъин (р.ҳ.) уни сиқа – ишончли ровий деб эслаган. Усул ал-ҳадис китобларидан маълумки, агар ровий бидъатчи гуруҳлардан бўлса-да, унинг одиллиги маълум бўлса ва қилаётган ривояти ўзининг фирқасининг фойдасига хизмат қиладиган бўлмаса, эътиқодини қувватлайдиган ривоят бўлмаса, ўша ривоят олинади. Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадис Валид ибн Касир (р.ҳ.)нинг мазҳабига тегишли ривоят эмаслигидан унинг ҳукмини қабул қилиш мумкин. Санаднинг заифлиги борасидаги иккинчи эътироз шуки, Муҳаммад ибн Каъб (р.ҳ.)дан кейин изтироб юзага келган. Ривоятларда турлича: Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Рофиъ ибн Хадиж = Абдурраҳмон ибн Рофиъ ибн Хадиж = Убайдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Рофиъ ибн Хадиж = Абдуллоҳ ибн Рофиъ ибн Хадиж келтирилган. Бироқ, бу эътирозимиз ҳам унчалик кучли эмас. Чунки, муҳаддислар Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Рофиъ ибн Хадиж (р.ҳ.) деган ровийни устун санаганлар. Шунинг учун ушбу ҳадисни Имом Термизий (р.ҳ.) ҳасан эканини айтган.
"Қуллатайн" ҳадиси ҳамда унинг исноди ва матни ҳақида
Ҳанафийларнинг юқоридаги Бузоъа қудуғи ҳақидаги тавжиҳларимизга Имом Шофиъий (р.ҳ.) ҳам қўшилади. Бироқ, сувнинг кўплиги миқдорида унинг айрича фикри бор. Унга мавзуга оид иккинчи бобдаги ҳадиси шариф далил бўлган. Бу “қуллатайн ҳадиси” деб аталади. Саҳоба Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган ушбу ҳадисда у Расулуллоҳ (с.а.в.)дан чўл ерларда бўладиган, йиртқичлар ва ҳайвонлар тегинадиган сувлар ҳақида сўралганда, унинг жавобини эшитганлиги зикр қилинган. Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар:
إذا كان الماء قلتين لم يحمل الخبث
“Қачонки сув икки қулла бўлса, ифлосликни кўтармайди”.
Бу ҳадис шофиъийларга далил бўлса-да, “ал-Ҳидоя” соҳиби – Бурҳониддин ал-Марғиноний (р.ҳ.) ажойиб тарзда уни ҳанафийларнинг ҳам далили эканини зикр қилган. Яъни, унингча ҳадисда бу миқдордаги сув нажосатни кўтара олмайди, балки нажосат бўлиб қолади, дейилган. Нажосатни кўтара олмасдан, нажас бўлиб қолади, деганлар. Лекин бу таъвил ҳадиснинг зоҳирига хилофдир.
“ал-Ҳидоя” соҳибининг мазкур ҳадисга берган иккинчи жавоби шуки, унинг айтишига қараганда, Абу Довуд (р.ҳ.) ушбу ҳадисни заиф деган экан. (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнав: Юсуфий, 1314. – Б. 41). Бироқ, ҳозирда мавжуд, одамлар қўлидаги Абу Довуд (р.ҳ.)нинг “ас-Сунан” нусхаларида унинг заиф деганлари қайд қилинмаган. Бинобарин, ҳадиснинг даражаси борасида ҳеч нарса демагани Абу Довуд (р.ҳ.) одатига кўра саҳиҳликни билдиради.
Ҳанафийларнинг энг улуғ фиқҳий манбаларидан бўлмиш “ал-Ҳидоя”да Абу Довуд (р.ҳ.) борасида айтилган хабар тўғри чиқмагани боис, нотўғри нисбат қилингани учун бошқа мазҳаб вакиллари ва ҳадисшунос олимлар томонидан катта эътироз ва таъналар билдирилган. Бунга айрим ҳанафийлар жавоб бериб, “ал-Ҳидоя”да тилга олинган Абу Довуд (р.ҳ.) “ас-Сунан” соҳиби Сулаймон ибн ал-Ашъас ас-Сижистоний (р.ҳ.) эмас, балки Сулаймон ибн Довуд ат-Таёлусий (р.ҳ.) эканини айтадилар (Абдулҳай Лакнавий. Музилат ад-дироя ли-муқаддимат ал-Ҳидоя. – Лакнав: Юсуфий, 1314. – Б. 4). Лекин бу ҳам тўғри эмас, чунки ат-Таёлусий (р.ҳ.)нинг “ал-Муснад” асарида ҳам мазкур ҳадиснинг заифлиги қайд қилинмаган. Шунингдек, Абу Довуд (р.ҳ.) мутлақ келганда фақат ас-Сижистоний (р.ҳ.) назарда тутилишига барча иттифоқ қилган. ат-Таёлусий (р.ҳ.) эса барча ҳолатларда нисбаси билан келтирилади.
Бошқа ҳанафийлар эътирозга бошқача жавоб бериб, “ал-Ҳидоя”да Абу Довуд ас-Сижистоний (р.ҳ.) назарда тутилгани тўғри. Чунки, у мазкур ҳадиснинг заифлигини очиқ айтмаган бўлса-да, бироқ ҳадис санадинингизтирорини зикр қилган. Бу ҳам бир нави заифлик экани маълум. Шу эътибордан “Абу Довуд заиф деган” дейилган гап “ал-Ҳидоя”да келтирилган бўлиши мумкин. Бу жавоб ҳам унчалик тўғри эмас. Чунки, Абу Довуд (р.ҳ.) мазкур изтирорни зикр қилгандан сўнг унинг таржиҳини ҳам қилган (Абу Довуд, 1/63.). Таржиҳ қилингандан сўнг эса изтирор кўтарилади.
Муҳаммад Тақий Усмоний (р.ҳ.) айтишига қараганда, “ал-Ҳидоя”да келтирилган гап борасида энг тўғри жавоб бундай: Абу Довуд (р.ҳ.) қаламига мансуб “ас-Сунан”нинг аввалда ва ҳозирда мавжуд, кенг тарқалган нусхаси муаллифнинг ал-Лўълуъий (р.ҳ.) деган шогирди томонидан нақл қилинган нусхасидир. Унда ҳақиқатдан ҳам “қуллатайн ҳадиси” заиф дейилган эмас. Бироқ, Абу Довуд (р.ҳ.)нинг Али ибн ал-Ҳасан (р.ҳ.) деган шогирди томонидан нақл қилинган “ас-Сунан”да ушбу ҳадиснинг заифлиги қайд қилинган экан. Буни “ал-Ҳидоя”нинг машҳур шарҳи “ал-Иноя”да ҳам таъкидланган. Мазкур нусха ноёб, кенг тарқалмаган бўлса-да, ундан бир нусха “ал-Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғиноний (р.ҳ.) қўлида бўлган бўлиши керак. Шунга асосланиб, у Абу Довуд (р.ҳ.)нинг мазкур ҳадисни заиф эканини айтганини ёзган бўлиши мумкин.
“ал-Ҳидоя”нинг гапига кўра, “қуллатайн ҳадиси” заиф бўлиб, унга сабаб ҳадис санадида Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) деган ровий бор. У заиф ровий ҳисобланади. Шу билан бирга, мазкур ҳадисда санад жиҳатидан, матн ва маъно ҳамда мисдоқ (мезон, ўлчов) жиҳатидан жуда кучли изтироб бор.
Санаддаги изтироб шуки, баъзи тариқда аз-Зуҳрий→Солим→Ибн Умар, келган бўлса, бошқаларида Муҳаммад ибн Жаъфар→Убайдуллоҳ→Ибн Умар; Муҳаммад ибн Жаъфар ибн аз-Зубайр→Убайдуллоҳ→Ибн Умар; Муҳаммад ибн Аббод ибн Жаъфар→Убайдуллоҳ→Ибн Умар бўлиб келган. Саҳобадан ривоят қилган шахснинг номида ҳам ҳар хиллик бор. Баъзида Убайдуллоҳ дейилган бўлса, айрим ҳолларда Абдуллоҳ дейилган. Шунингдек, ҳадисни Ибн Умар (р.а.)га мавқуф дейилган бўлса, айрим ҳолларда марфуъ ҳам дейилган.
Матнда ҳам изтироб бор. Имом Термизий ривоятида: “Иза кона-л-моу қуллатайн лам йаҳмили-л-хабаса” (“Қачон сув икки қулла бўлса, нажосатни кўтармайди”) дейилган бўлса, баъзи тариқда “қуллатайн” (“икки қулла”)дан кейин “ав салосан” ёки “салосин” (“ёки учта қулла”) сўзи келтирилган. Муҳаддислардан Ибн Можжа (р.ҳ.), Аҳмад (р.ҳ.), Дорақутний (р.ҳ.), Ҳоким (р.ҳ.), Байҳақий (р.ҳ.)да шу хилда келган (Ибн Можжа, 1/518; Аҳмад, 1/4753 ва 5855; Дорақутний, 1/23-25; Ҳоким, 1/463; Байҳақий, 1/1289.). Ҳатто айрим ривоятлар орасида “арбаъина қуллатан” (“қирқ қулла”) дегани ҳам бор (Байҳақий 1/1293-1294; Дорақутний 1/41-42.). Баъзи ривоятларда “арбаъина далван ав ғарбан” (“қирқ челак ёки қирқ мешкоб”) деган жумла ишлатилган (Байҳақий 1/1294; Дорақутний 1/47.).
Маъно жиҳатидан эса “қулла” сўзи луғатда бир неча маъноларда қўлланилади. “Қомус”да “қулла”нинг тоғ чўққиси, инсон қомати, хум маънолари борлиги айтилган. Арабча-ўзбекча луғат – “ан-Наъим”да эса унинг кўза, миянинг қоқ тепаси, туянинг юмшоқ танглайи маънолари ҳам борлиги зикр қилинган (Ан-Наъйм. Арабча-ўзбекча луғат / Тузувчилар: О.Носиров ва бошқалар. Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2003. – Б. 680.). Шулардан бирор бир маънони “қулла” учун таъйинлаб, ҳадисдан айни маънони чиқариш қийин.
“Баҳр ар-роиқ” соҳиби Ибн Нужайм (р.ҳ.) таъкидлашича, ҳадисда мисдоқий жиҳатдан муайян ўлчов борасида ҳам изтироб бор. Яъни, агар “қулла”ни Имом Шофиъий (р.ҳ.) каби хум ёки кўза деб оладиган бўлсак ҳам, унинг қандай ҳажмдагиси назарда тутилгани номаълум. Барча хумлар бир қолипда (стандарт, қатъий меъёрда, бир хил ўлчамда) эмас-ку?! Агар Дорақутнийнинг ривоятида “мин қилоли Ҳижр” (“Ҳижр қуллаларидан ...”) деган изоҳ ҳам келтирилган бўлса-да (Дорақутний 1/34.), бироқ, Ямандаги Ҳижр деган жойнинг хумлари ҳам ҳар хил бўлиши мумкинлигини эътиборга олсак, биздаги каби шубҳа туғилаверади. Шунингдек, Ҳижр хумлари бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ривоят Муғийра ибн Сиқлоб (р.ҳ.) деган ровий томонидан келтирилган бўлиб, у “мункар ал-ҳадис” – ҳадиси инкор қилинган ровийлардан ҳисобланади. Шунинг учун Дорақутний (р.ҳ.)нинг ўзи ҳам ушбу ривоятни “ғайри маҳфуз” (“ёдлашга нолойиқ”) деган.
Юқоридагиларга биноан Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) Имом Шофиъий (р.ҳ.)дан “қуллатайн ҳадиси”га кўра олинган тўққиз хил фатвони зикр қилган. Аввалига Имом Шофиъий (р.ҳ.) “қулла”дан Ҳижр хумларини ирода қилган. Чунки, Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида Ҳижр хумлари кенг тарқалган экан. Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг ўз даврида бу хилдаги хумлар кенг тарқалмагани боис “қулла”ни кейинчалик “мешкоб” деб таъвил қиладилар. Унга кўра, икки қулла бешта меш ёки олти меш бўлиши мумкин. Кейинчалик эса Мисрдан бошқа жойларда мешлар кўп ишлатилмагани боис ўлчовни мешлардан эмас, ратлга кўра олган. Ратлнинг қанча миқдорда бўлиши борасида ҳам шофиъийликда ихтилофлар бор.
Баён этилганларга кўра “қуллатайн ҳадиси”ни айрим олимлар заиф деган фикрга келганлар. Камолиддин ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) “Фатҳ ал-қадийр”да, Ҳофиз Ибн Абдулбарр (р.ҳ.) “ал-Илмом” номли китобларида ушбу ҳадисни заиф деганлар. Шунингдек, Қози Ибн ал-Арабий (р.ҳ.) ва “Бадойеъ ас-санойеъ” соҳиби кабилар ҳам унинг заифлиги борасида фикр билдирганлар. Ибн Қаййим ал-Жавзиййа (р.ҳ.) ҳам “Таҳзиб ас-сунан” асарида “қуллатайн ҳадиси”ни далил олишга ноқобил деган (Ибн ал-Қаййим. Таҳзиб ас-Сунан ли-Аби Довуд ва ийзоҳ мушкилотиҳи. – Мактабат аш-Шомила, 2006. – Б. 1/59). Имом Ғаззолий (р.ҳ.), Бадриддин Айний (р.ҳ.) ва Имом аз-Зайлаъий (р.ҳ.) кабилар ҳам унинг заифлиги борасида сўз юритганлар.
“Қуллатайн ҳадиси” борасида унинг санади, матни, маъноси ва мисдоқи борасидаги гап-сўзларга асосланиб, айрим ҳадисшунослар унинг заифлигини айтганлар ва шунинг учун у билан далилланишга нолойиқ деганлар. Бироқ, инсоф билан диққат қилинса, мазкур ҳадисдаги барча изтиробларни даф қилса бўлади.
Санаддаги Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) заиф ровий экани маълум. Аммо Имом Заҳабий (р.ҳ.) уни ҳасан – яхши ровий ҳам деб тавсиф берган. Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.) айтишича, мана шу тавсиф энг одилона тавсифдир. Чунки, ҳанафийлар ҳам кўп ўринларда Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.)нинг ривояти билан келган ҳадисларни далил сифатида ишлатиб келадилар. Ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) ўзининг “Фатҳ ал-қадийр”да мазкур ҳадис санади келтирилган Муҳаммад ибн Жаъфар ибн аз-Зубайр (р.ҳ.) ва Муҳаммад ибн Аббод ибн Жаъфар (р.ҳ.)нинг иккови ҳам Убайдуллоҳ (р.ҳ.)дан, бу икки ровийдан эса Муҳаммад ибн Исҳоқ (р.ҳ.) мазкур ҳадисни эшитган, деган. Имом Дорақутний (р.ҳ.) ҳам санаддаги изтиробни кетказишга уриниб, ушбу ҳадиси шариф ҳар хил туруқдан ривоят қилинган бўлса-да, улар бир-бирига мухолиф эмас, деб зикр қилган. Унинг фикрича, ҳар бир тариқдаги ровийлар ҳақиқатдан ҳам ҳадисни эшитиб, бир-бирларига ривоят қилганлар.
Матндаги изтиробга келсак, муҳаддислар “қуллатайн ҳадиси”ни рожиҳ, қолган “ав саласан”, “арбаъина қуллатан”, “арбаъина далван ав ғарбан” деган жумлалар келганини маржуҳ деган қарорга келганлар. Шунингдек, “ав саласан” жумласи келтирилган тариқ заифдир. Агар уни саҳиҳ деб ҳисобласак ҳам кўп адад оз сонни инкор қилолмайди. Зотан, энг ками икки қулла бўлса, сувни ифлослантира олмайди. Уч қулла ёки ундан кўп бўлса, албатта сув ифлосланмайди. Шу ҳолатда “ав саласан” сўзи “фа-соъидан” (“ундан зиёдаси ҳам ...”) маъносида бўлиши ҳам мумкин. Бу лафз ишлатилган ривоят ҳам келган (Байҳақий, 1/1171; Дорақутний, 1/35.):
إذا كان الماء قلتين فصاعدا لم ينجسه شئ
“Қачонки сув икки қулла-ю, ундан зиёда ҳам бўлса, уни ҳеч нарса нажас қила олмайди”.
Ҳадисшуносликда айрим олимлар ҳадис матнини маънан ривоят қилиш дуруст эканини ҳам айтганлар. Шунга кўра баъзи ровийлар “фа-соъидан”ни “ав саласан” жумласи билан ривоят қилган бўлиши мумкин.
Қирқ қулла ёки қирқ челак ҳақидаги ривоятлар эса Қосим ал-Умарий (р.ҳ.)дан қилинган бўлиб, Дорақутний (р.ҳ.) унинг иснодида ваҳм борлиги ва хатоси кўп заиф ровий эканини зикр қилган (Дорақутний, 1/41.). Шунингдек, Қосим ал-Умарий (р.ҳ.)дан қилинган ривоятлар Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)га мавқуф бўлиб, “қуллатайн ҳадиси” бўлмиш марфуъ ҳадисга қарши чиқа олмайди.
Маъно жиҳатидан юзага келадиган изтиробда ҳадиснинг умуммаъносидан келиб чиқсак, “қулла” сўзининг тоғ қояси ёки инсон қомати деган маъноси тўғри келмаслиги маълум бўлади. Сувга нисбатан “қулла” ишлатилса, одатда ундан хум маъноси кўзланган бўлади. Бу ерда мисдоқ изтироби қолди. Ўша хум Ҳижрнинг хумими, қайси катталикдаги хум экани тўғрисида савол бўлган эди. Уни ҳам мувофиқлаштириш мумкин: Ҳижоз аҳли, мадиналиклар энг кўп ишлатадиган, урф-одатида кенг қўллайдиган хумни мурод қилинган, деб олсак, бу борадаги изтироб ҳам ўз-ўзидан кўтарилиб кетади.
Юқоридагиларга биноан кўпчилик муҳаддислар, жумладан, Имом Шофиъий (р.ҳ.), Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.), Ибн Ҳажар (р.ҳ.) кабилар “қуллатайн ҳадиси”ни саҳиҳ деганлар. Имом Термизий (р.ҳ.)нинг ҳам мазкур ҳадисни келтиришидан унинг саҳиҳлигига қарор қилганлиги маълум бўлади. Ҳанафийлардан Ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) ҳам мазкур ҳадиснинг заифлигига унчалик ишонмаганлиги, Имом Таҳовий (р.ҳ.) эса унинг заифлиги борасида лом-мим демаганини ҳам айтиб ўтишимиз керак. Абдулҳай Лакнавий (р.ҳ.) ҳам ўзининг “ас-Сиъоя шарҳ ал-Виқоя” асарида мазкур ҳадисни заиф эмаслигини баён қилган экан.
"Қуллатайн" ҳадисига жавоб
Тўғри, “қуллатайн ҳадиси” заиф эмас, бироқ, унинг саҳиҳлиги биз суянаётган саҳиҳ ҳадисларга қарши тура олади, дегани ҳам эмас. Гарчи мазкур ҳадис саҳиҳ бўлса ҳам, у шаръий ўлчов бўла олмаслиги аниқ. Бу тўғрида биз бир неча тавжиҳларни келтириб ўтамиз:
1) Ҳижоз ўлкасида сув танқислиги барчага аён. У ерда сувнинг поклиги ва нопоклиги кундалик ҳаётда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, бу ўлкада сув масаласи инсонларнинг ҳар кунги ҳаёт-мамот масаласи бўлганидан сув ҳақидаги шаръий ҳукмлардан бехабар қолишлари мумкин эмасди. Сув борасида айтилган ва келган шаръий ҳукмларни комил мусулмон ҳам, билимли саҳобий ҳам, оддий мўъмин ҳам, мунофиқ ҳам, ғайри дин ҳам эшитган, билган бўлиши керак эди. Одамлар сув ҳақида келган ҳукмларни билишга иштиёқлари ҳам, қизиқишлари ҳам зўр бўлган, албатта. Бинобарин, агар сувнинг поклиги билан нопоклиги орасида маълум бир, муайян чегара айтилганида эди, Расулуллоҳ (с.а.в.) томонларидан аниқ ўлчов баён қилиб берилганида эди, бу борадаги шаръий ҳукмлар саҳобалар орасида маълум ва машҳур бўлган бўларди. Воқеъликда эса ундай бўлмаган: “қуллатайн ҳадиси”ни кўп саҳобалар ривоят қилган эмаслар, бир-икки нафар саҳобагина уни ривоят қилган, холос. Имом Термизий (р.ҳ.) уларнинг номларини, ўз одатидек, эслаб ҳам ўтмаган. Кундалик турмушда учраб турган масала бўлгани боис, агар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу борада қатъий ҳукм айтилганда эди, уни намоз ва бошқа ибодат масалаларига ўхшаб (шунингдек, масҳига масҳ тортиш каби) кўпчилик саҳобалар ривоят қилган, бу борадаги ҳадислар аҳод даражада қолиб кетмасдан, балки машҳур ва мутавотир бўлиши шубҳасиз эди. Муҳаддислар ва фуқаҳоларнинг иттифоқ қилган қоидалари борки, умумхалқ йўлиқиши мумкин бўлган масалаларда воҳиднинг хабари унчалик эътиборли ҳисобланмайди. Ибн ал-Қаййим (р.ҳ.) "қуллатайн" ҳадисини таҳлил қилар экан, нима учун мазкур ҳадисни саҳоба Ибн Умар (р.а.)гина ривоят қилганлигига эътибор қаратади. Нима учун Ибн Умар (р.а.)нинг таниқли шогирдлари буни ривоят қилмаган, деган саволни ўртага ташлайди. Нофеъ (р.ҳ.) қани, Солим (р.ҳ.), Айюб (р.ҳ.), Саид ибн жубайр (р.ҳ.) кабилар нимага буни ривоят қилмаган. Агар ҳақиқтадан ҳам икки "қулла" сувга нажосат тушса, нажас ҳисобланмайдиган бўлса, нимага Мадина аҳли уни саҳобалар ва тобеъину табъа тобеъинлар даврида олмаганлар, айтмаганлар. Бу гап сувга энг муҳтож бўлинган ўша диёрда жуда машҳур бўлган бўлиши керак эди-ку! Агар ҳақиқат шундай бўлганида, Ибн Умар (р.а.)нинг фиқҳий қараши ва ривоят қилган ҳадиси саҳиҳ бўлганида эди, нимага ул зотнинг шогирдларига ва ул зотни ҳурматлаб яшаган шаҳар аҳлига бу фатво номаълумлигича қолган? Демак, Ибн ал-Қаййим (р.ҳ.) зикр қилишича, мана шу ҳолатдан ҳам ортиқроқ ривоятнинг шоззлигига далил бўлиши мумкинми? (Ибн ал-Қаййим. Таҳзиб ас-Сунан ли-Аби Довуд ва ийзоҳ мушкилотиҳи. – Мактабат аш-Шомила, 2006. – Б. 1/42).
2) Шаръий ўлчовларга тааллуқли ҳукмлар мустаҳкам, аниқ ва ўта ишончли бўлиши лозим. Ундаги лафзлар ва маъноларда ҳар хил эҳтимоллар ва тавжиҳлар бўлмаслиги керак. “Қуллатайн ҳадиси” эса гарчи эҳтимоллари бир нави даф қилинган бўлса-да, бироқ кўп эҳтимолли ҳадисдир. Шаръий миқдор бўлиши учун эса аниқ (конкрет) баён қилинган бўлиши керак. Ҳанафийлар далил сифатида келтирган ҳадиси шарифларнинг ҳукмлари аниқ, эҳтимоллари йўқ, саҳиҳлиги кучли ривоятлардир.
3) Саҳобаи киромлардан “қуллатайн ҳадиси”ни далил қилиб, амалда сувнинг кўп ёки озлиги борасида қўллаганликлари ҳақида ривоятлар умуман йўқдир. Абдулҳақ Деҳлавий Бухорий (р.ҳ.) ўзининг “Мишкот ал-масобиҳ”га ёзган “Ашиъат ал-ламаот” асарида саҳобаларнинг икки қулла сувнинг кўплигига эмас, балки озлигига ижмоъси бор, деган. Замзам қудуғига бир қул тушиб, ўлиб қолганида, саҳобалар (бир ривоятда Ибн Аббос) сувнинг ҳаммасини чиқариб ташлашга ҳукм қилганлар (Дорақутний, 1/69; Байҳақий, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, 2/502.). Замзам қудуғининг суви икки қулла миқдоридан кўп эди, шундай бўлса-да, саҳоба ва тобиъинларнинг барчаси унинг сувини чиқариб ташлаганлар. Сув икки қулла миқдоридан кўп бўлса ҳам унга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Бинобарин, “қуллатайн ҳадиси” ижмоъга хилоф бўлгани боис уни қабул қилиш ножоиздир.
4) Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.) айтишига қараганда, Мадина билан Макка ораларида сел ва ёмғирлар натижасида сувлар тўпланиб қолиб, кўлмаклар ҳосил бўлиб тураркан. Ана ўша кўлмакчалардаги сувлар одатда икки қулла миқдоридан ошмас экан. Бу кўлмакчалар оқиб келгани, яна қайсидир тарафларга оқиб кетиши мумкинлиги сабабидан Расулуллоҳ (с.а.в.) икки қулла миқдоридаги бу сувларнинг нажас бўлмаслигини баён қилганлар. Оққувчи эътиборидан бу сувлар нажас бўлмайди. Бунга далил сифатида “Қуллатайн ҳадиси”нинг аввалини келтириш мумкин. Унда саҳролардаги сувлар борасида Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўралгани очиқ айтилган. Ул зот ҳам айнан шу сувлар борасида, савол (воқеа)дан келиб чиқиб, шу ерлардаги икки қулла миқдоридаги сув нажас бўлмаслигини айтганлар. Шунинг учун Имом Аъзам (р.ҳ.)дан: “Икки қулла сув оқадиган бўлса, ифлосликни кўтармайди” деган фатво нақл қилинган. Зотан, икки қулла миқдоридаги сув оқса, унинг таъми, ранги ўзгармайди, агар ундан оз бўлса, нажас тушиши билан ўзгариши мумкин.
"Ўз даврининг Абу Ҳанифаси" деган лақаб олган Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.ҳ.) фақиҳ ва муҳаддис сифатида “қуллатайн ҳадиси”ни ҳанафийларнинг зиддига эмас, фойдасига далил, деган. Абу Ҳанифа (р.ҳ.) наздида сувни ишлатувчининг фикрига кўра нажас тушган сув катта миқдорда деган гумон ғолиб келадиган бўлса, ундан таҳорат олиши мумкин эди. Шунингдек, Имом Қудурий (р.ҳ.) ривоятида сувнинг бир тарафи ҳаракатлантирилса, нариги тарафи ҳаракатланмайдиган бўлса, ўша сув катта деб ҳукм қилиниб, унинг нажас бўлмаслигига ҳукм қилинган эди. Мазкур икки ривоятга асосланиб, икки қулла миқдоридаги сув икки ҳанафий олими айтганидек бўлса, ундан таҳорат олиш мумкин. Рашид Аҳмад Гангуҳий (р.ҳ.) буни амалда ўзи тажриба қилиб кўрганлигини ёзиб қолдирган. Беш мешдаги сувни бир жойга тўкиб, унинг бир тарафини ҳаракатлантириб кўрганида, бошқа тарафи ҳаракатга келмаган. Агар шундай бўлса, ҳанафийлар ҳам бу миқдордаги сувни оз деб ҳукм қилмайдилар. “Қуллатайн ҳадиси”ни шаръий миқдор деб олмасдан, ундаги миқдорни сув ишлатувчининг ўз фикрига тааллуқли қилиб қўйган яхшироқ.
Ҳанафийларнинг далиллари
Сувнинг пок ва нопок бўлиши борасидаги миқдорни белгилашда ҳанафийларнинг далили Имом Термизий (р.ҳ.)нинг мавзуга оид учинчи бобда келтирган турган сув ҳақидаги ҳадиси шарифдир. Таниқли саҳоба Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган мазкур ҳадисни Имом Термизий (р.ҳ.) ҳасани саҳиҳ деб зикр қилган:
لا يبولنّ أحدكم فى الماء الدائم ثمّ يتوضأ منه
“Сизлардан ҳеч бирингиз сўнг ундан таҳорат қиладиган бўлса, доим турган сувга сиймасин”.
Мазкур ҳадис Имом Бухорий (р.ҳ.) ва Имом Муслим (р.ҳ.) каби муҳаддислар ҳамда бошқалар томонидан ҳам ривоят қилинган (Имом Бухорий, 1/239; Муслим, 1/282; Аҳмад, 1/7517 ва 7592, 8539, 8725, 10853; Шофиъий, 1/816; Байҳақий, 1/1064-1072 ва 1141; Насоий, 1/55-57;Суютий, “Жомеъ ал-аҳодис”, 17/17425-26; Абу Довуд, 1/69-70; Ибн Можжа, 1/344; Ибн Хузайма, 1/66 ва 94; Табризий, “Мишкот ал-масобиҳ”, 1/474; Абдурраззоқ, 1/299-300; Таҳовий, “Шарҳ Маоний ал-асор”, 1/15-22.).
Кейинги далил эрталаб турганда, идишдаги сувга қўл теккизишдан аввал қўлни уч марта ювиш ҳақидаги ҳадиси шариф бўлиб, Имом Бухорий (р.ҳ.) лафзи бўйича у қуйидагичадир:
إذا استيقظ أحدكم من نومه فليغسل يده قبل أن يدخلها في وضوئه فإن أحدكم لا يدري أين باتت يده
“Сизлардан бирингиз қачон уйқудан турса, таҳоратида идишга қўл киритишдан олдин қўлини ювсин. Зотан, сизлардан ҳеч бирингиз қўли қаерда ётганини билмайди”.
Мазкур ҳадисда қўлга нажас теккани аниқ бўлмаса ҳам, Расулуллоҳ (с.а.в.) уни эҳтиёт юзасидан ювишга буюрганлари, оз сувга нажас тушиши билан у аниқ нажас бўлиши исботланади. Мазкур ҳадис ҳам ҳукми аниқ ва саҳиҳ бўлиб, кўпчилик муҳаддислар ривоят қилганлар (Имом Бухорий, 1/160; Муслим, 1/278; Аҳмад, 2/7280 , 7432, 7508, 7590, 7660, 7802, 8167 ва ҳ.к.; Шофиъий, 1/23; Таёлусий, 1/2418; Табризий, “Мишкот ал-масобиҳ”, 1/391; Таҳовий, “Шарҳ Маоний ал-асор”, 1/4459; Ибн Абу Шайба, 1/1053-54; Таба


7 йил аввал 6403 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13496 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15781 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 10993 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9038 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16222 fiqh.uz