Мисвок ҳақида умумий маълумот


Касир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Авф ал-Музаний отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар: “Агар мисвок бўлмаса,

бармоқлар мисвок ўрнига ўтади” (Табароний “Авсат”да ривоят қилган. Касир заиф ровийдир, лекин Термизий унинг ҳадиси ҳасан, деган).
Демак, мисвок йўқ пайтда унинг ўрнига бошқа воситалардан ҳам фойдаланиш мумкин экан.
Мисвок ўрнини босувчи нарсалар:
1. Бармоқлар.
Мисвок бўлмаган вақтдагина бармоқлар мисвок ўрнига ўтади. Агар арок ёки шунга ўхшаш дарахтлардан олинган тиш тозалаш воситаси бўлса, бармоқлардан мисвок ўрнида фойдаланиб бўлмайди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бани амр ибн авфлик ансорлардан бири: “Эй Расулуллоҳ, сиз бизларни мисвокка (кўп) тарғиб қилдингиз. (Тиш тозалаш учун) ундан бошқа нарса ҳам борми?” деди. Шунда у зот: “Таҳоратда сенинг икки бармоғинг мисвокдир. У иккисини тишларинг устидан юргизасан. Албатта, нияти йўқнинг амали йўқ. Савобдан умид қилмаганнинг ажри йўқ”, дедилар” (Байҳақий “Ас-сунанул-кубро”да ривоят қилган).
“Икки бармоғинг” деганда кўрсаткич ва бош бармоқ назарда тутилган бўлса керак. Чунки бошқаларига қараганда бу икки бармоқ билан оғиз тозалаш қулайроқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратда бармоқларни мисвок ўрнида қўллашни айтдилар. Шундан сўнг: “Албатта, нияти йўқнинг амали йўқ. Савобдан умид қилмаганнинг ажри йўқ”, дедилар. Бу, фикри ожизимизча, мисвок йўқ пайтида бармоқлар мисвок ўрнида қўлланилаётганда ният шарт эканига далолат қилади. Шунингдек, бунда мисвок қилганлик савобини қозонишдан ҳам умид қилиш керак.
Яна Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бармоқ мисвокнинг ўрнига кифоя қилади”, дедилар” (Байҳақий “Ас-сунанул-кубро”да ривоят қилган).
Уламолар бармоқ мисвок ўрнига ўтиши учун бармоқнинг қаттиқ ва дағал бўлишини шарт қилганлар. Улар, агар бармоқлар ингичка ёки нозик бўлса, мисвок ўрнини босмайди, деб айтишган.
“Ҳулиййа” китобида келишича, қайси бармоғи билан мисвок қилса ҳам зарари йўқ. Афзали иккала кўрсаткич бармоқ билан мисвок қилишдир. Аввал чап кўрсаткич бармоғи билан бошлайди. Сўнг ўнги билан қилади. Агар хоҳласа, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилади. Бош бармоқ билан ўнг тарафининг юқори ва пастини мисвок қилишдан бошлайди. Сўнг кўрсаткич бармоқ билан чап тарафини қилади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мисвок йўқ бўлиб, тишлар бармоқ билан тозаланаётганида ният муҳимдир. Шунда мисвок ишлатганлик савоби қозонилади. Лекин бу ҳар доим эмас, гоҳ-гоҳида бўлиб турадиган ҳолатдир. Доимий суратда мисвок қолиб, бармоқлар билан кифояланиш жоиз эмас.
Мисвок бўлмаса, оғизни бармоқлар билан тозалаш жоиз экани сув бўлмаса, таяммум қилиб намоз ўқишга ўхшайди. Бу ҳам Ислом енгиллик ва осонлик дини эканига ёрқин мисолдир.
2. Мато.
Қаттиқ, дағал ва тоза латта ҳам мисвок йўғида оғиз тозалаш учун қўлланилиши мумкин.
3. Тиш ювиш маъжуни (пастаси).
Ҳозирда мавжуд замонавий тиш ювиш воситалари ҳам мисвок ўрнини тўлиқ боса олмайди. Фақат мисвок йўқлигида ёки мисвок билан қўшиб фойдаланса, жоиз. Лекин фақат тиш пасталари билан ювишнинг ўзигина мисвокнинг савобини қозониш учун етарли эмас. Бу бошқа тозалаш воситаларига ҳам тегишли. Бир нарсани эслатиб ўтиш лозимки, мусулмон киши учун тўнғиз жунидан қилинган тиш ювиш чўткаларини ишлатиш мутлақо мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳам тиш маъжунлари ва бошқа тиш ювиш воситалари бўлган. Аммо у зот бу воситаларни мисвок билан тенглаштирмаганлар, балки мисвокни устун деб билганлар. Олиб борилган тадқиқотлар ҳам мисвок милк касалликларининг олдини олишда тиш пасталаридан кўра яхшироқ самара беришини тасдиқлади. Бироқ ҳозирги тиш маъжунларини ҳам инкор қилмаган ҳолда улардан ҳам фойдаланиш жоиз ва яхши эканини таъкидлаб ўтамиз. Баъзилар: “Тиш пасталарининг нима кераги бор. Ахир, бизда мисвок бор-ку?” дейишади. Яна баъзилар эса мисвокни умуман тарк этиб, бутунлай тиш маъжунларини қўллашга ўтиб олишган. Мўмин банда илм-фанда эришилаётган замонавий ютуқларни рад қилмайди, улардан ўз ўрнида самарали фойдаланади. Кимёвий моддалар билан тўйинган таомлар ва турли хил ранглар қўшиб тайёрланаётган ичимликлар қолдирадиган асоратларни кетказишда замонавий тиш пасталарининг ҳам ўрни муҳимдир. Хуллас, мўмин киши поклик ва яхшилик йўлидаги ҳар қандай ҳалол имкониятлардан фойдаланиши, айни пайтда суннатни тарк эмаслиги талаб этилади.
4. Сақич.
Гарчи аёллар мисвок ишлатишга қодир бўлса ҳам, сақич улар учун мисвок ўрнига ўтади. Демак, аёллар сақични ният билан чайнасалар, мисвок қилганнинг савобини топадилар. Сақични доимий чайнаш тишлар милкини кучайтиради, шунинг учун бу мустаҳабдир. “Фатҳул-қодийр”да эркаклар учун ҳожатсиз тарзда сақич чайнаш макруҳдир, дейилган. Шу сабаб эркакларнинг сақич чайнамасликлари мустаҳабдир. Фақат узр билан чайнашлари жоиз.
Лекин сақич тишни мукаммал суратда тозалай олмайди. Ҳозирда тиш шифокорлари сақич оғизни мукаммал тозалаш учун етарли эмаслиги, у асосан овқат ҳазм қилиш учун ёрдам беришини таъкидламоқдалар.
“Мисвок” сўзи луғатда “тиш тозалагич”, “тиш тозалаш воситаси” маъносини англатади. Ҳадиси шарифларда бу сўз асосан “сивак” шаклида келган.
Қуръони каримда мисвок ҳақида маълумот йўқ бўлса-да, аммо ҳадисларда мисвок фазилатлари ва уни қўллаш усуллари борасида талайгина йўл-йўриқлар мавжуд.
Мисвокнинг энг афзали арок деб аталувчи дарахт буталаридан олинганидир. Чунки ушбу дарахтда инсон соғлиғи учун фойдали бўлган кўп моддалар борлиги илмий нуқтаи назардан тасдиқланган. Шофеъий мазҳабидаги уламолар: “Мисвокнинг арок дарахтидан олиниши мустаҳабдир”, деб айтишган.
عَنْ أَبِي زَيْدٍ الْغَافِقِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الأَسْوِكَةُ ثَلاَثَةٌ: أَرَاكٌ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ أَرَاكٌ فَعَنَمٌ أَوْ بُطْمٌ. قَالَ أَبُو وَهْبٍ: العَنَمُ: الزَّيْتُونُ. رَوَاهُ أَبُو نُعَيْمٍ فِي كِتَابِ السِّوَاكِ.
Абу Зайд Ғофиқий  розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мисвоклар учтадир: арок. Агар арок бўлмаса, “анам” ёки “бутм”дир”. Абу Ваҳб айтади: “Анам зайтундир” (Абу Нуайм “Китабус сивак”да ривоят қилган).
Арок  шохлари мисвок қилинадиган дарахт тури бўлиб, унинг бўйи узун, ҳосилдор, барг ва шохлари зич ва навдаси ингичка бўлади. Арокнинг меваси “барийр” деб аталади. Шунингдек, арок дарахтининг илдизидан ҳам мисвок олинади. Баъзилар таъкидлашича, арокнинг шохларидан кўра илдизидан олинган мисвок сифатлироқ бўлар экан.
Арок дарахти Саудия Арабистони, Судан, Жанубий Миср, Чад ва Ҳиндистоннинг шарқий қисмида ўсади. Арок дарахти ўсмайдиган мусулмон давлатларида бошқа дарахтлардан мисвок қилинади. Аммо ҳозирда арок дарахти мисвокининг экспорти кенг йўлга қўйилган ва бу барча мусулмонлар учун қулайлик туғдирмоқда.
Ҳозирда баъзи ширкатлар арок ва шу каби дарахтлар навда ва илдизларининг экстрактидан  фойдаланиб тиш ювиш маъжунлари (пасталари) ишлаб чиқармоқда. Аҳамиятли томони шундаки, арок дарахтининг экстракти қўшиб тайёрланган маъжунлар бошқа тозалаш воситаларига қараганда тишларни кўпроқ оқартиради ва самарали тозалайди. Бу арок дарахтининг илмий мўъжизасидир.

وَعَنْ أَبِي خَيْرَةَ الصُّبَاحِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:كُنْتُ فِي الْوَفْدِ الَّذِينَ أَتَوْا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَكُنَّا أَرْبَعِينَ رَجُلاً فَنَهَانَا عَنِ الدُّبَّاءِ وَالْحَنْتَمِ وَالنَّقِيرِ وَالْمُزَفَّتِ ، قَالَ: ثُمَّ أَمَرَ لَنَا بِأَرَاكٍ فَقَالَ: اسْتَاكُوا بِهَذَا ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عِنْدَنَا الْعُشْبَ وَنَحْنُ نَجْتَزِئُ بِهِ فَرَفَعَ يَدَيْهِ وَقَالَ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِعَبْدِ الْقَيْسِ إِذْ أَسْلَمُوا طَائِعِينَ غَيْرَ كَارِهِينَ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَإِسْنَادُهُ حَسَنٌ.
Абу Хайра Субоҳий  розийаллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келган гуруҳлардан бирида эдим. Биз қирқ киши эдик. У зот бизни қовоқ идиш, сирғанчиқ модда суртилган кўза, ёғочдан қилинган идиш ва смола суртилган идиш(ларда набийз ичимлиги тайёрлаш)дан қайтардилар. Сўнгра бизни арокка буюриб: “У билан мисвок қилинглар!” дедилар. Биз: “Эй Расулуллоҳ, бизларда бир ўсимлик бор, ўшанинг ўзи бизларга кифоя қилади”, дедик. Шунда у зот қўлларини кўтариб: “Эй Аллоҳим, абдулқайсни мағфират қилгин! Улар ёқтирмасдан эмас, (балки) буйинсунган ҳолда мусулмон бўлдилар!” дедилар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган. Ривоятнинг санади ҳасан).
Абдулқайс қабиласи аъзолари ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўрталарида суҳбат бўлиб, улар ўз юртларига қайтиб кетаётганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга арокдан олинган мисвокни бериб, мисвок қилишга тарғиб қилдилар. Аммо улар: “Эй Расулуллоҳ, ўзимизда ҳам тиш тозалаш воситаси бўлган навда бор. Майли, сизнинг совғангизни ҳам олаверамиз”, дейишди. Шунда меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, Ўзинг абдулқайсни мағфират қилгин! Менинг қавмим имон келтирмай, (устимиздан) кулиб, масхара қилиб турганида улар ўз хоҳишлари билан имон келтирдилар. Албатта, Машриқ аҳлининг энг яхшиси Абдулқайсдир”, дедилар .
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Макка фатҳ қилингач, турли ўлка вакиллари келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ушрашгани;
2. Ачиб, маст қилувчи ичимликка айланиб қолиш хавфи бўлган идишларда набийз ичимлиги тайёрлаш мумкин эмаслиги;
3. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин-мусулмонларни мисвокка, хусусан арок дарахтининг навда ёки илдизларидан олинган мисвокка муттасил тарғиб қилганлари;
4. Ҳар бир юртда маълум турдаги тиш тозалаш воситаси бор экани;
5. Аллоҳнинг Пайғамбари айтган сўзларни қабул қилмаслик ёки ўз билганича иш тутиш яхши эмаслиги.

وَعَنْ زِرِّ بْنِ حُبَيْشٍ عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ أَنَّهُ كَانَ يَجْتَنِي سِوَاكًا مِنَ الأَرَاكِ وَكَانَ دَقِيقَ السَّاقَيْنِ فَجَعَلَتْ الرِّيحُ تَكْفَؤُهُ فَضَحِكَ الْقَوْمُ مِنْهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مِمَّ تَضْحَكُونَ ، قَالُوا: يَا نَبِيَّ اللهِ مِنْ دِقَّةِ سَاقَيْهِ فَقَالَ: وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُمَا أَثْقَلُ فِي الْمِيزَانِ مِنْ أُحُدٍ. رَوَاهُ أَحْمَدُ فِي الْمُسْنَدِ وَابْنُ حِبَّانَ فِي صَحِيحِهِ وَالطَّبَرَانِيُّ فِي الْكَبِيرِ وَأَبُو يَعْلَى وَالطَّيَالِسِيُّ كِلاَهُمَا فِي مُسْنَدَيْهِمَا.
Зирр ибн Ҳубайш ривоят қилишича, Ибн Масъуд арок (дарахти)дан мисвок олар эди. Унинг болдири шунчалик ингичкалигидан шамол учириб юборгудек бўларди. Қавм унинг устидан кулди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нимадан куляпсизлар?!” дедилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, унинг болдирлари ингичкалигидан куляпмиз”, дейишди. Шунда у зот: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, унинг икки (болдири) Мезонда Уҳуд (тоғи)дан ҳам оғирроқдир!” дедилар (Аҳмад “Муснад”да, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да, Табароний “Кабийр”да, Абу Яъло ва Таёлисийлар ўз “Муснад”ларида ривоят қилишган).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг жуссаси жуда кичкина бўлган. Ҳатто арокдек кичкина ва одамни кўтара олмайдиган дарахтларга ҳам бемалол чиқиб кетаверган. Бу ҳақида Абдуллоҳнинг ўзи шундай ривоят қилади: “Мисвок олиш учун арок дарахтига чиқдим. Шунчалик енгил эканимдан биродарларим ҳайрон бўлишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега ажабланяпсизлар? Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у қиёмат кунида Уҳуддан ҳам оғирроқ бўлади!” дедилар” (Табароний “Кабийр”да ривоят қилган).
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун арок дарахтидан мисвок олиб бериши;
2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳунинг гавдаси жуда кичик бўлгани;
3. Жисмоний камчиликлари сабабли мўмин биродари устидан кулиш яхши эмаслиги;
4. Банданинг баъзи жисмоний камчилиги унинг Аллоҳ даргоҳидаги мартабасини камайтирмаслиги;
5. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу қиёмат куни улуғ мартаба соҳиби бўлиши;
Демак, иложи бўлса, арок дарахтидан олинган мисвок ишлатиш керак. Агар имкони топилмаса, зайтун дарахтининг мисвоки ишлатилади. Агар бу ҳам бўлмаса, “бутм” деб номланган дарахтнинг шохларидан олинган мисвок қўлланилади.
Мисвок олинадиган дарахт турлари:
– арок;
– зайтун;
– бутм;
– хурмо;
– юнон ёнғоғи;
– яна бошқа аччиқ илдизли, заҳарли бўлмаган дарахтлардан мисвок олиниши мумкин. Сабаби зарарсиз бўлган аччиқ дарахтдан олинган мисвок оғизнинг ҳидини кеткизади ва тозалайди.
Зайтун  муборак ва баракали дарахт бўлиб, унинг зикри Қуръони каримда келган. Мевасидан фойдали ёғ, навда ва илдизларидан мисвок тайёрланадиган ушбу дарахт ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилган.

وَعَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: نِعْمُ السِّوَاكُ الزَّيْتُونُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ ، يُطِيبُ الْفَمَ وَيُذْهِبُ بِالْحَفَرِ ، هُوَ سِوَاكِي وَسِوَاكُ الأَنْبِيَاءِ قَبْلِي. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ فِي الأَوْسَطِ وَمُسْنَدِ الشَّامِيِّينَ.
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мисвок учун муборак дарахт бўлмиш зайтун қандоқ ҳам яхши! У оғизни хушбўй қилади, (тишдаги) сариқ доғларни кеткизади. У менинг ва мендан олдинги пайғамбарларнинг мисвокидир”, деб айтганларини эшитганман” (Табароний “Авсат” ва “Муснадуш шамиййийн”да ривоят қилган).
Арок дарахтидан ташқари зайтундан олинган мисвок ҳам жуда фойдалидир. Жумладан, у ёқимсиз ҳидларни кетказиб, оғизни хушбўй қилади, тишдаги доғларни тозалайди. Шу сабаб ҳам уни аввалги ўтган пайғамбарлар, хусусан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишлатганлар ва умматларини шунга тарғиб қилганлар.
Баъзи турга мансуб дарахтлардан мисвок қилинмайди.

وَعَنْ ضَمْرَةَ بْنِ حَبِيبٍ رَحْمَةُ اللهِ عَلَيْهِ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ السِّوَاكِ بِعُودِ الرَّيْحَانِ وَبِالرُّمَّانِ وَقَالَ: إِنَّهُ يُحَرِّكُ عِرْقَ الْجُذَامِ. رَوَاهُ الْحَارِثُ فِي الْمُسْنَدِ وَسَنَدُهُ ضَعِيفٌ.
Замра ибн Ҳабиб  раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам райҳон ва анор навдасидан мисвок қилишдан қайтардилар ва: “Чунки у мохов (касаллиги)нинг илдизини қўзғатиб юборади”, дедилар” (Ҳорис “Муснад”да ривоят қилган. Ҳадиснинг санади заиф).
Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаромдир. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. “Наҳр”да келишича, анор ва қамишдан бошқа барча дарахтлардан мисвок қилса бўлади.
Мисвок қилиш мумкин бўлмаган дарахт ва ўсимлик турлари:
– райҳон;
– анор;
– қамиш;
– ва яна заҳарли ва зарарли дарахт ҳамда ўсимликлардан мисвок қилиш мумкин эмас .
Юқорида айтиб ўтганимиздек, “мисвок” сўзи “тиш тозалаш воситаси” маъносини англатади. Одатда, у маълум турдаги дарахтнинг навда ва илдизларидан олинади. Агар ўша турга оид дарахтдан тайёрланган мисвок топилмаса-чи. Бунда қандай йўл тутилади? Бу ҳақида келгуси мақоламизда тўхталиб ўтамиз.


Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош
имом хатиби Одилхон қори Исмоилов


Мисвок ва уни ишлатиш ҳақида


Мисвок қилиш (таҳоратда) “ал-Жавҳара”да келганидек, оғиз чайиш асносида суннати муаккададир. Шуни кўпчилик уламолар олган. Шуниси яхшироқ. Чунки, у тозалашда ўнғайдир.
Ундан олдин ҳам дейилган. “Баҳр”да очиқ келишича, аз-Зайлаъийга эргашиб, бошланишда суннат дейилган. “Наҳр”да эса, оғиз чайиш асносида суннат дейилиши яхшироқ, деб очиқ айтилган. Кейин, уни мустаҳаб ҳам деганлар. Чунки у таҳоратнинг хусусиятларидан эмас.  Мана шуни Имом аз-Зайлаъий ва бошқалар тўғри деб топган. “Фатҳ”да эса соҳиби мана шу ҳақиқатдир, деган. Лекин, кичик “Шарҳ ал-Муниййа”да келишича, Имом Қудурий ва кўпчилик уламолар уни суннатлар жумласидан санаганлар. Энг саҳиҳи ҳам шудир. Фиқҳий матнлар ҳам шуни олган.
У (яъни, мисвок ишлатиш) бизнинг наздимизда таҳорат учундир.
Яъни, таҳоратнинг суннатидир. Имом аш-Шофиъий наздида намознинг суннатидир. Хилофнинг самараси (натижаси) шулки, битта таҳорат билан бир неча намоз ўқийдиган одамга ўша таҳоратида қилган мисвоки кифоя қилади, бизнинг наздимизда. Аммо Имом Шофиъий наздида бу кифоя қилмайди, яъни, у ҳар намоз учун мисвок қилиб олиши даркор. Сирожиддин ал-Ҳиндий “Шарҳ ал-Ҳидоя”да келтиришича, намоз учун мисвок ишлатаётганда милклари қонаб кетса, ижмоъ билан таҳорати синади ва у қон нажасдир. Имом Шофиъий наздида эса бу ҳолатда қонаши таҳоратни синдирмайди.
Фақат уни унутса, кейин намоз учун қилиб олиши мустаҳаб бўлади. “Жавҳара”да келган бу иборанинг фойдаси шулки, мисвокни таҳоратда ишлатгандан сўнг намоз учун алоҳида мисвок ишлатиб ўтирмайди. Лекин таҳоратда унутиб қўйса, намоз учун мисвок қилиб олиши мустаҳаб бўлар экан. Бунга шориҳ ҳам ишора қилмоқда. “Фатҳ”да “Ғазнавиййа”дан олиб келтиришига қараганда, мисвок ишлатиш беш ўринда мустаҳаб бўлади: тиш сарғайганда; оғиз бадбўй бўлганда; уйқудан турганда; намозга турганда; таҳорат пайтида. Лекин, “Баҳр”да келганидек, мисвок ишлатиш таҳоратнинг суннати, намознинг эмас. Аммо, “Наҳр” соҳиби икки ривоятни мувофиқлаштириб, шориҳ ишора қилгандек фатво беради.
Менинг ўйлашимча, бизнинг (мазҳабимизнинг) наздимизда мисвок таҳорат учун, намоз учун эмаслигига далил сифатида мисвокнинг фазилатини баён қилинган Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифни кўрсатиш мумкин. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар: “Мисвок билан ўқилган намоз мисвоксиз ўқилган етмишта намоздан афзалдир”. Демак, бу савоб таҳоратда мисвок ишлатиш билан юз беради, Имом Шофиъий наздида эса фақатгина намоз олдидан ишлатиш билан ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бизнинг наздимизда мисвок билан қилинган таҳорат билан ўқилган барча намозлар ушуб фазилатни топади. Бунга ҳам Имом Шофиъий хилоф қиладилар. Шу билан бирга бу нарса бизнинг наздимизда ҳар бир намоз учун мисвок ишлатишни инкор этмайди. Намоз учун нимага мустаҳаб бўлмас экан, ахир у одамлар жамълангани учун мустаҳаб бўладию, Парвардигори оламга муножот учун бўлмасинми?!
Чунончи, тишнинг сарғайганлиги, оғиз ҳидларининг ўзгарганлиги ва Қуръон қироати учун мисвок қилиш мустаҳаб бўлганидек. “Имдод ул-фаттоҳ”да айтилганки, мисвок таҳоратгагина хос амаллардан эмас.  Чунки, бошқа ҳолатларда ҳам мустаҳаб бўлади: оғизнинг ҳидланганида; уйқудан турганда; намозга қоим бўлишда; Байтуллоҳга киришда; одамлар даврасига боришда; Қуръон қироати олдидан. Абу Ҳанифанинг гапи борки, мисвок ишлатиш диннинг суннатларидандир. Демак, барча ҳолатлар унга тўғри келади. “Қўҳистоний”да айтилишича, мисвок таҳоратга хос нарса эмас, балки, зоҳири ривоятга кўра алоҳида суннатдир. “Ҳидоя”нинг бир ҳошиясида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, деб келган. Унинг мустаҳаблиги таҳорат пайтида таъкидлироқ, яъни суннатдир ёки ҳар намоз олдидан мустаҳабдир. Намоз олдидан мисвокнинг мустаҳаблигини яна Имом Ҳалабий кичик “Шарҳ ул-Муниййа”сида очиқ айтган. Ибн ал-Имоднинг “Ҳидоя”сида ҳам келган, “Таторхониййа”да ҳам “Татимма”дан олиб келтирилган.
Мисвок қилишнинг энг ози юқоридан учта, тишнинг пастида учта бўлиб, учта сув биландир. “Меърож”да айтилган: мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки, қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади. Ишлатишнинг мустаҳаби шулки, уч сув билан уч марта ишлатади, яъни, комил суннат ҳосил бўлишида тақдир йўқ, қалби ором олгунча ишлатаверади, фақат учтадан оз ишлатиб қўйса, уни учтага тўлдиради. Чунончи, истинжода кесак ишлатиш ҳам шундайдир.
Мисвок ишлатишда аввал юқори тишлар ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг ўнги, сўнг чапи қилинади. Бу “Баҳр”да келган. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир.
Мисвокни ўнг қўл билан тутмоқ мустаҳаб бўлади. “Дурар”да келишича, бу анъанавий тарзда нақл қилинган. Зоҳири шулки, бу Пайғамбар алайҳиссаломдан нақл қилинган. Мисвок қилиш, агар поклаш учун бўладиган бўлса, оғизни чайиш каби ўнг қўл билан бўлади. Агар зарарни кетказиш учун бўлса, чап қўл билан бўлади, ҳам деганлар бор. Ўнг қўл билан тутишга далил шулки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳадиси шарифида баъзи ривоятларда бу тарзда келган: “Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон кийишда ҳам, калиш кийишда ҳам, поклашда ҳам, мисвок ишлатишда ҳам ўнгни яхши кўрар эдилар”.
“Баҳр” ва “Наҳр”да келган: Мисвокни ушлашдаги суннат шулки, жимжилоқ бармоқни унинг остидан, бош бармоқни ҳам бош тарафидан остидан, қолган бармоқларни эса устидан тутади. Чунончи, буни Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ривоят қилганлар.  
Унинг юмшоқ бўлмоғи ҳам мустаҳаб бўлади. “Фатҳ”да ҳам шундай келган. “ас-Сирож”да келишича, мисвок эгилувчан ҳўл бўлмаслиги керак. Зеро, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ бўлмаслиги даркор. Демак, мисвокни ишлатадиган боши – ўрни юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмасин.
Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Зоҳири шулки, мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлмоғи керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди. Бунда одатдаги қарич эътиборлидир.
Бўйига эмас, эни (ёни) тарафи билан мисвокни  ишлатади. Чунки, узунасига мисвок ишлатиш тиш милкларига жароҳат етказади. “ал-Ғазнавий” китобида бўйига ҳам ёнига ҳам ишлатаверади, дейилган. Лекин “ал-Ҳулиййа”да ҳадислар орасини жамълаб, мувофиқлаштириш учун мисвокни тишларда ишлатишда ён тарафи билан ишлатади, тилни мисвок қилишда узунасига ишлатади, дейилган. Яна “ал-Ғазнавий”да тишларнинг сирти, ички тарафи, озиқ тишларнинг устини ва тишларнинг ораларини ҳам мисвок қилади, деб келган.
Ётиб олиб мисвок ишлатмайди. Зеро, у талоқнинг катталашиб кетишига олиб келади. Уни кафти билан ҳовучлаб ҳам тутмайди. Чунки, у бавосир касаллигини пайдо қилади. Зеро, булар суннат ҳайъатига хилофдир.
Шимиб сўрмагай, чунки, у кўрлик пайдо қилади. Яъни, махсус қилмагай. Аммо, мисвокни шиммасдан ўз тупугини, сўлагини ютмоққа келсак, “Ҳулиййа”да келишича, Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари бундай деганлар: “Мисвокни биринчи ишлатишингда тупугингни ютгин. Чунки, у махов, песлик ва ўлимдан бошқа барча дардларга фойда беради. Ундан сўнг тупугингни ҳаргиз ютма. Зеро, у васвасани келтириб чиқаради”. Уни Зиёд ибн Алоқа разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.
Ишлатиб бўлгандан сўнг уни ювиб қўйгай. Агар шундай қилмаса, шайтон у билан мисвок қилади. Бир қаричдан зиёда узун қилмагай. Агар шундай қилса, шайтон унга миниб ўтиргай. Уни ётқизиб қўймагай, балки, тикка қилиб қўйгай. Шамсиддин Қўҳистоний айтадилар: Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвокларининг ўрни худди котибларнинг қаламининг ўрни каби муборак қулоқларида эди. Асҳоби киромнинг ҳам мисвокларининг ўрни, Ҳаким Термизий айтганларидек, қулоқларининг орқалари бўлган. Саҳобалардан баъзилари мисвокни саллаларининг печи-ўрамига қўяр эдилар.
Агар шундай қиладиган бўлса, жинни бўлиб қолиш хатари бор. “Қўҳистоний”да мазкурдир. Ушбу нарса Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Кимки, мисвогини ерга қўядиган бўлса, шундан жинни бўлиб қолса, ўзинигина маломат қилсин”. Бу “Ҳулиййа”да Ҳаким Термизийдан нақл қилинган.
Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаром бўлади. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. Ал-Айнийнинг “Шарҳ ал-Ҳидоя”сида бундай келган: ал-Ҳорис ўз муснадида Зумайр ибн Ҳубайб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокни райҳон шохчаларидан қилишдан қайтардилар”. Ул зоти шариф деган эканлар: “Чунки, у махов касаллигининг илдизини қимирлатиб юборади”. “Наҳр”да келганки, анор ва қамишдан бошқа барча дарахтлардан мисвок қилса бўлади. Энг афзали арок дарахти, сўнг зайтун дарахтидир. Имом ат-Табароний ривоят қилган: “Муборак дарахт бўлмиш зайтундан бўлган мисвок қандай ҳам яхши! У менинг ва мендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг мисвогидир”.
Унинг (мисвокнинг) манфаатларидан баъзиси шулки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. “Шурунбулолиййа”да “Саҳиҳи Бухорий”га ал-Форизий ёзган ҳошиядан олиб келтирилган: Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок Сирот кўприги устидан ўтишни тезлатгувчидир.
“Шарҳ ул-Муниййа”да келган: Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради...
“Наҳр”да келган: Мисвокнинг фойдалари ўттиздан ҳам ошиб кетади. Энг кичиги шулки, озорларни кетказади. Энг улуғи шулки, ўлим олдида шаҳодат калимасини эслатади.
Аллоҳ ўз карами ила манфаатларидан насиба ато қилсин!   
Мисвок йўқ пайтида ёки тишлари йўқ бўлса, дағал латта ёки бармоқлари унинг ўрнига ўтади. “Ҳулиййа”да келганки, қайси бармоғи билан мисвок қилса ҳам зарари йўқдир. Афзали шулки, иккала кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилгай. Аввал чап кўрсаткич бармоғи билан бошлагай, сўнг ўнги билан қилгай. Агар хоҳласа, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилгай. Бош бармоқ билан ўнг тарафини юқори ва пастини мисвок қилишдан бошлайди. Сўнг кўрсаткич бармоқ билан чап тарафини қилади.
Чунончи, сақич аёллар учун мисвокка қодир бўлса ҳам унинг ўрнига ўтади. Демак, қачон ният билан қилинса, мисвок қилганнинг савобини топадилар. Сақични доимий чайнаш тишлар милкини кучайтиради, шунинг учун бу мустаҳабдир.  “Баҳр”да шундай келган. Иборанинг зоҳири шулки, сақич чайнашни таҳоратда оғиз чайиш ҳолатига боғламайди.
Валлоҳу аъламу бис-савоб.
(Имом ал-Ҳаскафийнинг “Дурр ул-мухтор” шарҳи ҳамда Ибн Обидийннинг “Радд ул-муҳтор” ҳошияси (Байрут: «Дор ул-кутубил илмиййа», 2003 й. 1-жилди, 232-236 бетлар) асосида тайёрловчи: Ҳамидуллоҳ Беруний)


7 йил аввал 13521 Ҳамидуллоҳ Беруний
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Бўса олишни таҳоратга таъсири
САВОЛ: Бўса олиш таҳоратни синдирадими?ЖАВОБ: Ҳанафийлар наздида таҳоратни синдирмайди. Лекин мазий чиқиб кетса таҳорат синади. Бўса олганда таҳорат қилингани тўғрисида келган ҳадисларни эса давоми...
7 йил аввал 13595 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Доимий ел келиб турадиган ёки простатит
Савол: Доимий ел келиб турадиган, простатит касаллигига дучор бўлиб, пешоб томчилаб турадиган ёки аёлларда шамоллаш туфайли жинсий аъзолардан оқ суюқлик келиб турадиганларга хос таҳорат ва намозларнинг давоми...
7 йил аввал 15886 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Жунуб одам
САВОЛ: Жунуб киши нималар қилмаслиги керак?ЖАВОБ: Ювинмасдан аввал масжидга кириши, Қуръон оятлари ёзилган газета журналларни ўша жойини ушлаши, Қуръон ушлаши (китобни ёзувлари бор жойини ҳам, давоми...
7 йил аввал 11065 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Иккиланиб қолса
САВОЛ: Пок сув ёки кийим, баданни нажас бўлган-бўлмаганлигида ёки талоқ қўйган-қўймаганлигида иккиланиб қолса ҳукми нима?ЖАВОБ: Иккала тарафдан бирортаси аниқ бўлмаса, кийим, сув ва баданни давоми...
7 йил аввал 9136 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат
САВОЛ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида таҳорат синадими?ЖАВОБ: Кийимсиз ялонғоч ҳолда қучоқлашиш натижасида аёл кишини таҳорати кетади. Эркак кишининг таҳоратини синиши учун давоми...
7 йил аввал 16300 fiqh.uz