Рўза шартлари


Рўзанинг фарзлари ейиш, ичиш ва жимоъни субҳи-содиқдан қуёш ботгунча тарк қилмоқ ва ниятдир. Рўза дастлаб фарз қилинган вақтда ифтор вақти қуёш ботгандан хуфтон вақтигача эди. Хуфтон вақтигача ифтор қила олмай, жинсий яқинлик қила олмай ухлаб қолган кишига янаги ифтор вақтигача таом, шароб ва хотин ҳаром қилинган эди. Кейин мазкур ҳукм насх қилиниб, қуёш ботгандан то тонг отгунча таом емоқ, шароб ичмоқ ва жинсий яқинлик жоиз бўлган. Бунга улуғ саҳобалар ҳаётида бир неча воқеалар содир бўлгани сабаб бўлган.

1. Қайс ибн Сурма (р.а)нинг катта хурмо боғлари бор эди. Бир куни рўза ҳолларида кечгача боғда ишладилар. Ифтор вақти уйига келиб, хотинидан таом сўрайди, хотини таом тайёр эмаслиги, лекин тезда тайёрлашини айтиб чиқиб кетади. У ухлаб қолади, хотини раҳми келиб уйғотмайди. Шундай қилиб у ифтордан маҳрум қолади ва эртаси тушгача ишлаб ҳушидан кетади. Бу воқеа Расулуллоҳ (с.а.в) га етади.
2. Ҳазрати Умар (р.а) бир куни рўза вақтида хотинлари билан кечқурун бирга бўлмоқчи бўлади. Лекин хотинлари ухлаб турганлари, хуфтон вақти ўтганлигини айтиб рози бўлмайди. Лекин Умар (р.а) ухлаганинг йўқ деб мажбуран бирга бўладилар ва кейин пушаймонлик ичида қолиб кетадилар ва Расулуллоҳ (с.а.в.) га бу воқеани арз қиладилар.
Шуларга қараганда ҳозирги рўзамиз жуда енгил рўза эканлиги маълум бўлади. Бу ўзига хос тарбия усули бўлиб, Аллоҳ бандаларига хоҳлаган шаклдаги рўзани фарз қилиши мумкинлиги, лекин энг осон ва фойдали йўлини ихтиёр этганини тажрибада кўрсатган.
Яна рўза аввал жорий қилинганда мусулмонлар икки ишдан бирини танлаш имконига эга эдилар. Хоҳласин рўза тутсин. Хоҳласин рўза тутмай бир мискинни тўйдирсин. Демак бир мискинни тўйдириш ҳам рўза тутганнинг ўрнига ўтган. Маьлум муддат ўтиб, одамлар ўрганиб қолишгандан кийин, бу ихтиёрлик бекор қилиниб, ҳар бир қодир кимса рўза тутиши мажбурийлиги ҳақида оят нозил бўлган.
Салама ибн ал Акваъ (р.а) дан ривоят қилинади. “У (рўза)ни қийналиб тутадиганларга бир мискин таомича фидя беришдир” ояти нозил бўлганида, ким хоҳласа, оғзи очиқ юрар ва фидя берар эди. Бу ҳол то ундан кейинги: “Бас, сиздан ким шу (Рамазон) ойда ҳозир бўлса, унинг рўзасини тутсин” ояти нозил бўлгунча давом этди. Шу билан олдинги оятни насх қилди.
Рўза тутмоқчи бўлган одам саҳарликни тонг отгунча қилиши мумкин. Саҳарлик ҳақида ушбу оят нозил бўлди:

حتى يتبين لكم الخيط الأبيض من الخيط الأسود من الفجر

“Токи фажрда сизга оқ ип, қора ипдан ажралгунча енглар, ичинглар”.
Баъзи саҳобалар ушбу оят нозил бўлганида, бу оятнинг мажозий маъносини англаб етмаганлиги учун ўзларининг ёстиқлари тагига бир оқ арқон, бир қора арқон қўйиб олганлиги, лекин бунга кўнгли тўлмай, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан сўраганларида, у зот бу оқ – қора ип кундузнинг ёруғлиги, кечанинг қоронғулиги эканлигини тушунтириб берганларини Адий ибн Хотам (р.а) ривоят қилганлар:
Энди ифторлик ҳақидаги ҳадисни келтирамиз:

عن عمر رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال اذا اقبل اليل و ادبر النهار
و غابت الشمس فقد افطر الصائم

“Қачон кечаси келиб, кундузи кетса, қуёш ботса, рўзадорнинг ифтори бўлади.”

عن سمرة بن جندب رضى الله عنه عن النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ قال لا يغرنكم من سحوركم أذان
بلال و لا بياض الأفق المستطيل هكذا حتى يستطيل هكذا

Самура ибн Жундуб (р.а) ривоят қилган ҳадисда Набий (с.а.в):“Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқда бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундоқ бўлиб ёйилганича (бўлаверади)” дедилар.
Ўша даврда Расулуллоҳ (с.а.в.) икки азон айттирар эдилар. Биринчиси субҳи Козибдан олдин Билол (р.а) азон айтар эдилар. Иккинчиси Умму Мактум (р.а) бомдодга яқин қолганда айтар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) бир ҳадисларида Умму Мактум(р.а)ни азонигача еб-ичинглар, деганлар.
Бу еб-ичиш, жимоъдан тонгдан то шомгача тийилиш фарзлигига “Бақара” сураси 187 – ояти далил бўлади.
Рамазон рўзасининг адоси шаръий куннинг ярмидан аввал ният қилиш билан дуруст бўлади. Шаръий кун деб, субҳи содиқдан бошлаб, то офтоб ботгунча вақт айтилади. Унинг ярми катта чошгоҳдир. Рамазон рўзаси рамазон нафл, мутлақ ниятлар билан дуруст бўлади. Ва яна Рамазон рўзасининг адоси “бошқа вожиб” нияти билан ҳам дуруст бўлади. “Бошқа вожиб” рўза деб уч рўза айтилади. Булар қазо, каффорат ва назри мутлақ рўзалардир. Магар сафарда ва касалликда Рамазоннинг адоси бошқа вожиб нияти билан дуруст бўлмайди.
Худди шундай нафл ва назри муайян ҳам нафл ва мутлақ ният билан дуруст бўлади. Лекин нафл ва назри муайян бошқа вожиб нияти билан дуруст бўлмайди. Қазо, каффорат ва назри мутлақ учун кечаси турмоқлик ва қайси рўза эканлигини таъйин қилиш шартдир. Шак куни, яъни Шаъбоннинг охирги куними ё Рамазоннинг биринчи куниэканлиги аниқ бўлмаган кун одатига тўғри келган рўзадор ё хос кишилар рўза тутиши афзалдир.
Расулуллоҳ (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар:

لا تقدموا رمضان بصوم يوم او يومين الا رجل كان يصوم صوما فيصومه

“Рамазонни бир кун, икки кун илгари тутманглар, магар илгари рўза тутиб юрган одам бўлса, ул рўзани тутгай”.
Хос одамлар ё одатий рўзаси тўғри келган одамлардан бошқалар, куннинг ярмигача қараб, кейин Рамазон эмаслиги аниқ бўлса, оғзини очиб юборади. Чунки Рамазондан бир кун, икки кун олдин рўза тутиш юқоридаги Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисга кўрадир. Аммо уч кун олдин рўза тутиш макруҳ эмас. Агар бир киши эртага Рамазондан бўлса рўзадорман, бўлмаса йўқ деса, умуман рўза бўлмайди, нияти йўқлиги учун.


7 йил аввал 9737 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Куни ёки туни узун ёки қисқа бўлган юртлардаги рўза
Бундай юртларда, масалан, Тундрага ўхшаш жойларда кун йигирма икки-йигирма уч соатгача давом этади. Ўша ерда яшовчилар ёки ўша ердаги мусофирлар қуёш ботганидан кейингина рўзаларини очишлари мумкин. Мусофирлар давоми...
7 йил аввал 12384 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Мажбурлаб рўзани очдирса
Агар рўза тутган одамга рўзасини очмаса, жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишини айтиб, таҳдид қилинса, рўзасини очиши жоиздир. Лекин агар жонига ёки бирор аъзосига зарар етказилишидан бошқа сабабларни рўкач давоми...
7 йил аввал 6871 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳоизаларнинг рўзаларига оид савол-жавоблар
САВОЛ: аёл киши одат кунларида рўза тутса бўладими?ЖАВОБ: ҳайз ва нифос чоғида рўза тутишлик жоиз эмас, кейинчалик қазосини тутиб беришади. وَمِنْهَا الطَّهَارَةُ عَنْ давоми...
7 йил аввал 21191 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рамазоннинг ҳилол(ой)ини кўриш ва рўзанинг фазилати
Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масалалар жумласидандир. Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан давоми...
7 йил аввал 7183 Ҳамидуллоҳ Беруний
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Рўза ва эътикоф
ибодат нияти билан субҳи содиқдан қуёш боткунгача рўзани ният қилиб еб-ичишдан ва еб-ичишнинг ҳукмида бўлган нарсалардан, яқинлик қилишдан ҳақиқатда ёки ҳукман тийилиб туришга айтилади. давоми...
7 йил аввал 7777 fiqh.uz