Ижаранинг саҳиҳлиги шартлари


I. Ижарага оид шарт:

Бевосита ижарага оид фақат битта шарт бор – ийжоб ва қабул, яъни икки томоннинг розилиги.

II. Ижара қилинган нарсадаги шартлар:

1. Ижара қилинган нарса низони ман қиладиган даражада маълум бўлиши шарт.

Яъни ундан келадиган манфаат очиқ-ойдин бўлиши, шунингдек, муддати, ишга оид бўлса, қилинадиган иш ҳам аниқ-равшан бўлиши шарт.

Масалан, бир одам: «Ушбу икки уйдан бирини сенга ижарага бердим», деса, ижара дуруст бўлмайди. Чунки манфаат берадиган вақти аниқ эмас. Кейинчалик низо чиқиши турган гап.

«Муддат аниқ бўлиши шарт», деганда ҳам худди шу сабаб кўзда тутилган. Муддат маълум бўлмаса, манфаат ноаниқ бўлади, кейинчалик низо келиб чиқиши мумкин.

«Ижара ишга оид бўлса, қилинадиган иш ҳам аниқ-равшан бўлиши шарт», дейилганда ҳам айнан мана шу ҳикмат кўзда тутилган.

Бир одамни қиладиган ишини аниқ айтмай ишга олишда ҳам ноаниқлик бор, бунда ҳам кейин низо келиб чиқиши мумкин. Аввало, иш нимадан иборат экани аниқ айтилиши керак. У иш қурилишми, қассобчиликми, деҳқончиликми ёки бошқами – аниқ бўлиши шарт. Кейин эса ўша ишнинг миқдори ва сифатига ҳам келишиб олинади. «Сенга фалон миқдорда пул бераман, битта чуқур қазиб берасан», дейиш билан иш битмайди. Чуқурнинг кенглиги қанча, чуқурлиги қанча, ернинг қаттиқлиги ва бошқа майда-чуйдалари ҳам келишиб олиниб, икки томон рози бўлганидан кейин иш бошланади.

2. Ижара қилинган нарса ҳақиқатан ҳам, шаръан ҳам фойдаланиш мумкин нарса бўлиши керак. Мисол учун, қочиб кетган уловни ижарага қўйиш мумкин эмас. Чунки амалда ундан фойдаланиб бўлмайди. Шунингдек, ҳайз кўрган аёлни масжидни супуришга ёллаб ишлатиб бўлмайди. Чунки ҳайзли аёлнинг масжидга кириши шаръан мумкин эмас.

3. Ижара қилинган нарса шаръан жоиз бўлиши шарт. Гуноҳ бўладиган нарсаларга ижара қилиб бўлмайди. Одам ўлдириш, ҳаром ишларни қилиш, сеҳр ўргатиш каби ишларга ўхшаш.

4. Ижарага қилинадиган иш ижарадан олдин иш бажарувчига фарз ёки вожиб бўлмаслиги шарт. Шунинг учун ҳам ижарага намоз ўқиб, рўза тутиб ва бошқа ибодатларни қилиб бўлмайди.

Шунингдек, ҳанафийларнинг «Ўз зиммасидаги нарсага ижара ҳақи олиш жоиз эмас», деган қоидалари ҳам бор. Шунинг учун аёл ўз уйидаги хизматлари учун эридан ҳақ талаб қилмайди, чунки бу унинг зиммасидаги ишлардир.

5. Ижарага иш қилган одам ўша ишидан ўзи манфаат олмаслиги керак. Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларга ижара жоиз эмас. Чунки уларни бажарган одам биринчи ўринда ўзи манфаат олади.

Бировга: «Ушбу буғдойни тортиб, ун қилиб берсанг, иш ҳақингга ўша ундан бунча оласан», дейиш ва шунга ўхшаш ишлар ҳам шу қаторга кирадими, йўқми, деган масалада ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари «Киради», деганлар. Ҳанбалий ва моликий мазҳаблари эса «Кирмайди», деганлар.

III. Ижара ҳақи учун бериладиган нарсадаги шартлар:

1. Ижара ҳақи учун бериладиган нарса маълум, вужуди бор мол бўлиши шарт. Номаълум нарсани ижара ҳақи қилиб бўлмайди.  Муҳаммад ибн Ҳасан «Осор»да Абу Ҳанифа, Ҳаммод, Иброҳим, Абу Саъид ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:

رَوَىمُحَمَّدُبْنُالْحَسَنِفِيالْآثَارِ،عَنْأَبِيحَنِيفَةَ،عَنْحَمَّادٍ،عَنْإِبْرَاهِيمَ،عَنْأَبِيسَعِيدٍوَأَبِيهُرَيْرَةَ،عَنِالنَّبِيِّصَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّمقَالَ: مَنِاسْتَأْجَرَأَجِيرًا،فَلْيُعْلِمْهُأَجْرَهُ 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биров билан ижара муомаласи қилса, ижара ҳақини маълум қилсин», дедилар».

Шу маънода иш ҳақига таомни қўшиб бўлмайди, чунки у қанча бўлиши маълум эмас.

2. Ижара ҳақи ижарага қўйилган нарсанинг жинсидан бўлмаслиги шарт.

Масалан, бировнинг уйида ижара тургани ҳақига ўзининг уйини яшашга бериб туриши мумкин эмас. Чунки бундай қилса, рибога ўтиб қолади.

Наф узоқ бўлса ҳам муддатни зикр қилиш билан билинади. Лекин вақфда уч йилдан кўпи саҳиҳ эмас.

Яъни вақф нарсани ижарага қўйганда уч йилдан ортиқ вақт белгилаш мумкин эмас, чунки узоқ муддат қолиб кетса, ижарачи ўзиники қилиб олиш пайига тушади.

Шунингдек, «Кийимни бўяш», деб ишни зикр қилиш, «Мана буни фалон ерга кўтариб олиб бориш», деб ишора қилиш билан ҳам наф билинади.

Ақд – келишиш билангина ижара ҳақини бериш вожиб бўлмайди. Балки уни ўзи эрта бериши билан ёки эрта беришни шарт қилиш билан, ёки нафни тўла олгандан кейин, ёхуд ундан фойдаланиш имконига эга бўлганидан кейингина бўлади.

Бас, ҳовлини қабул қилиб олиши билан агар унда яшамаса ҳам, ижара бериш вожиб бўлади.

Уни ғасб қилиш – куч билан тортиб олиш туфайли фойланишдан маҳрум бўлиш миқдорига қараб ижара ҳақи соқит бўлади.

Масалан, бир йиллик ижаранинг уч ойи ўтгандан кейин ҳовли ижарачидан куч билан тортиб олинса, у уч ойга ижара тўлайди, холос.

Ижара берувчи ҳовли ва ер ижара ҳақини ҳар кунига, уловникини ҳар бекатда, бичиш ва тикишникини тамом бўлганидан кейин талаб қилади.

(Новвой) нонникини тандирдан чиқарганидан кейин талаб қилади. Агар чиқарганидан кейин куйса, ҳақини олади, олдин куйса, олмайди. Икки ҳолатда ҳам жарима тўламайди. 

Маросимга таом пиширган (кимса)идишларга солганидан кейин, ғишт уришга келишган (уста)уларни уриб битирганидан кейин ҳақ талаб қилади.

Ким ўз мулкини бўёқчига ўхшаб иш берувчининг мулкига аралаштирган бўлса, иш ҳақини олгунича уни бермаслиги мумкин.

Бир киши кийимни бўяшга берди. Бўёқчи ўз бўёғини ишлатиб, уни бўяди. Бу билан унинг мулки иш берувчининг мулкига аралашди. Иш битгандан кейин «Ҳақини берганингдан кейин оласан», деб нарсани бермай тутиб туриши мумкин.

Бермай турганда ҳалиги нарса ҳалокатга учраса, жарима ҳам, иш ҳақи ҳам йўқ. Ҳаммолга ўхшаганларда бунинг акси бўлади.

Яъни иш бажарувчи (ҳаммолга ўхшаб) ишининг асари кўринмайдиган  шахс бўлса, ҳақини олгунча бермай туриши мумкин эмас.

Иш бажариши умумий тарзда талаб қилинган шахс ўзидан бошқани ишлатиши мумкин. Агар «Ўз қўлинг билан», деб таъкидлаган бўлса, мумкин эмас.

Мисол учун, иш берувчи: «Менга фалон кийимни тикиш керак», деди. «Сен ўзинг тикиб бер», демади. Иш бажарувчи ўзидан бошқага тиктириб берса, бўлаверади.

Аммо «Ўз қўлинг билан тикиб берасан» ёки «Ўзинг тикиб берасан», деса, бошқага тиктириши мумкин эмас.

Бировнинг аҳли аёлини олиб келишга ёлланган киши уларнинг баъзилари вафот этган бўлиб, қолганларини олиб келса, ҳисобига қараб ҳақ олади.

Бир киши: «Фалон шаҳарда аҳли аёлим бор, уларни олиб келсанг, бунча ҳақ бераман», деди. Ёлланган ишчи борса, аҳлининг баъзилари вафот этган ёки бошқа тарафга кетиб қолган экан. Қолганини олиб келди. Ўша олиб келинганлар ҳисобидан ҳақ олади. Мисол учун, ярмини олиб келган бўлса, келишилган ҳақнинг ярмини олади.

Зайдга китоб ёки таъминот олиб боришга ёлланган киши унинг вафоти туфайли қайтариб келса, унга ҳеч нарса берилмайди.

Бир киши ишчини Зайдга китоб ёки озуқа етказиб бериш учун ёллаб олди. Ишчи борса, Зайд вафот этган экан. Ўзига берилган нарсани қайтариб олиб келди. Ишчига ҳеч нарса берилмайди.

Ҳовли ва дўконни унда нима қилинишини айтмай ижарага олиш жоиз. Ижарага олувчи бинога зарар етказадиган ишлардан бошқа хоҳлаган нарсани қилса бўлади.

Яъни бинога зарар етказадиган ишларни қилиш мумкин эмас. Аммо ўзи яшаши учун керакли кир ювиш, бошқа жиҳозларни ўрнатиш каби ишларни сўрамай қилаверади.

Ерни унга нима экилишини ёки умумий фойдаланиш учун эканини айтмай ва ер зироатдан холи бўлмай туриб ижарага олинмайди.

Агар ерни бино қуриш ёки дарахт экиш учун ижарага олса, жоиз бўлади. Муддат тугаганда уни бўш ҳолда топширади. Лекин ижарага берувчи ердан ажратилган ҳолдаги қийматини тўласа, мустасно.

(Дарахтни кўчириш, бинони бузиш) ерга нуқсон етказадиган бўлса, ижарага олувчининг розилигисиз, етказмайдиган бўлса, розилиги ила  унга эга бўлади.

Ёки ижарага берувчи бино ва дарахтни қолдиришга рози бўлади. Шунда бино ва дарахт ижарага олувчига, ер ижарага берувчига бўлади. Сабзавотлар ҳам дарахт кабидир.

Зикр қилинган юкдан зиёда қилинганда ҳайвон кўтара оладиган бўлса, ҳиссасига, кўтара олмайдиган бўлса, қийматнинг барчасига зомин бўлади.

Бир киши юк ташувчи ҳайвонни беш қоп юк ташиш учун ижарага олди. Аммо унга беш қопдан кўп юк юклади. Ҳайвон юкнинг оғирлигидан майиб бўлди. Агар қўшимча юк одатда мазкур ҳайвон кўтара оладиган даражада бўлса, қўшимча юк миқдорича товон тўлайди. Агар қўшимча юк одатда ўша ҳайвон кўтара олмайдиган даражада бўлса, ҳайвоннинг ҳамма қийматини тўлайди. 

 


Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Эгалик билан якунланувчи ижара(такрор)
Ижара битимининг ушбу тури Англияда 1846 йил “Hirе Purchase” (ижаравий савдо-сотиқ) номи билан пайдо бўлган. Кейинчалик 1953 йилга келиб Америкада лизинг (Leasing) кўринишида, 1962 йилда эса Францияда кредит гарови (Credit bail) шаклида давоми...
7 йил аввал 8156 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ижара китоби
وَلِلْمُؤْجِرِ طَلَبُ الْأُجْرَةِ لِلدَّارِ وَالْأَرْضِ لِكُلِّ يَوْمٍ، وَلِلدَّابَةِ لِكُلِّ مَرْحَلَةٍ، وَلِلْقِصَارَةِ وَالْخِيَاطَةِ إِذَا تَمَّتْ، وَلِلْخُبْزِ بَعْدَ إِخْرَاجِهِ مِنَ давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ижарани бузадиган нарсалар ҳақида
   يُفْسِدُهَا شُرُوطٌ تُفْسِدُ الْبَيْعَ. فَيَجِبُ أَجْرُ الْمِثْلِ لَا يُزَادُ عَلَى الْمُسَمَّى وَصَحَّ إِجَارَةُ دَارٍ كُلَّ شَهْرٍ بِكَذَا، بِلَا بَيَانِ الْمُدَّةِ فِي давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ибодат ва маъсиятларга ижара олиш
وَلَا تَصِحُّ لِلْعِبَادَاتِ: كَالْأَذَانِ وَالْإِمَامَةِ وَتَعْلِيمِ الْقُرْآنِ. وَيُفْتَى الْيَوْمَ بِصِحَّتِهَا  Азон айтиш, имомгарчилик қилиш ва Қуръон таълими давоми...