Аёллар фиқҳи


 Ўзининг муборак Китобида «Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирар эдилар» деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин.
«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин.

Аёл киши жамиятнинг тенг ярмидир деб такрор-такрор гапирилади. Шундай экан, жамият ўзининг тенг ярмини эътиборсиз қолдириши мумкин эмас. Жамиятнинг тенг ярми, деганда аёлларнинг сони назарда тутилгандир. Бугунги кунда аёллар сон жиҳатидан эркакларга қараганда кўпроқ экани ҳеч кимга сир эмас. Бундан келиб чиқадики, жамиятимиздаги аёлларнинг ўз оиласида турмуш ўртоғига, фарзандларига бўлган ижобий ёки салбий таъсири яна ҳам кўпроқ кучга эга бўлмоқда. Ҳаттоки машҳур араб шоири Аҳмад Шавқий аёлни мактабга қиёслаб, шундай дейди:
Она – бир мактабдир, гар уни тайёрлабсан –
Мустаҳкам илдизли халқни тайёрлабсан.
Аллоҳ таоло инсонни икки жинсда – эркак ва аёл қилиб яратган. Қуръони Каримда У Зот шундай марҳамат қилади:

وَأَنَّهُ خَلَقَ الزَّوْجَيْنِ الذَّكَرَ وَالْأُنثَى

«Албатта, жуфтликни – эркак ва аёлни яратган ҳам Ўзи» («Нажм» сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл қилиб яратар экан, баъзи нарсалардагина ҳар бирига ўзига хос хусусиятлар, вазифа ва таклифлар берган. Умумий ҳолатларда эса иккисига бир хил муомала қилиб, бир хил вазифаларни юклаган, иккисини ҳам баробар бандам, деган. Эркак ва аёл эътиқод, иймон, ибодат, ахлоқ ва бошқаларда ҳам, савоб ва иқобда ҳам, тарғиб, тарҳиб ва фазилатларда ҳам тенгдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, хушуъли эркаклар ва хушуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир»  («Аҳзоб» сураси, 35-оят).
У Зот яна марҳамат қилади:

وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Маъруфга буюрурлар, мункардан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ албатта раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» («Тавба» сураси, 71-оят)
Яна Аллоҳ таоло:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» («Наҳл» сураси, 97-оят) дейди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларни эркакларнинг опа-сингиллари деб атаганлар.
Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсида яратар экан, баъзи шаръий аҳкомларни уларнинг ҳар бирига хос, фарқли қилди. Ҳар бир мусулмон  ўзининг шариатини билиши лозим бўлганидек, ҳар бир муслима ҳам ўзининг шариатини яхши билиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида аёллар у зотнинг илм дарсларига ҳозир бўлар, бугунги кунда кўпгина аёллар сўрашга ҳаё қиладиган масалалар ҳақида сўрар эдилар. Ҳаттоки Оиша розияллоҳу анҳо ансорий аёлларни: «Аёлларнинг яхшиси ансорий аёллардир. Ҳаё уларни динда фақиҳ бўлишларидан ман қилмас эди», дея мадҳ қилганлар. Бу аёллар жунублик, эҳтилом, ғусл, ҳайз, истеҳоза ва бошқа масалалар борасида жуда кўп саволлар берардиларки, улардаги илмга бўлган ташналикни қондириш осон бўлмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида эркаклар кўпайиб, кўп вақтларини уларга сарфлаётганларини кўрган аёллар у зотдан ўзлари учун ҳам ҳафтада бир кунни ажратишларини талаб қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу талабни эътиборга олиб, ҳафтанинг чоршанба кунини аёллар учун ажратганлар. У зот ҳар ҳафтанинг шу куни белгиланган вақтда аёлларга ваъз қилар, Ислом динидан, аёлларга хос шаръий масалалардан сўзлар эдилар. Улар эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир муборак сўзларини диққат билан тинглар, уқиб, англаб олишга ҳаракат қилар, ўзларини қизиқтирган турли масалаларда саволлар ҳам бериб, жавоб олар эдилар.
Кейинчалик ҳам уламолар аёлларга хос масалаларга, ҳукм ва одобларга алоҳида эътибор берганлар ва бу борада бир қанча китоблар, рисолалар таълиф қилганлар.
Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ушбу қадимий анъаналар, ҳаракатлар ҳозирда ҳам давом этиб, амалга ошиб турибди.
Аллоҳ таолодан ушбу бошлаган ишларимизнинг хайрли, давомли бўлишини сўраган ҳолда, сиз азизларимизнинг дуоларингиздан ҳам умидвор бўлиб қоламиз.


Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи


Мавзуга оид мақолалар