Дийний ҳукмларнинг учга бўлиниши


1. Юқорида зикр этиб ўтилган ҳукмларни «амалий ҳукмлар» деб номланади. Яъни, шариатнинг бу ҳукмлари банданинг амал қилишига оид ҳукмлардир.
2. Буларнинг муқобилида Аллоҳга, У зотнинг ваҳдониятига, фаришталарига, китобларига, элчиларига, ва қиёмат кунига иймон келтириш каби ақийдавий ҳукмлар бор. Буларни «ақийдага оид ҳукмлар» дейилади.

3. Ростгўйликнинг вожиблиги ва ёлғоннинг ҳаромлиги каби руҳий тарбияга оид ахлоқий ҳукмлар ҳам бор. Бу каби ахлоққа оид ҳукмлар билан шуғулланувчи илмни «тасаввуф» ёки «тарийқат» ҳам дейилади.
Усулий олимнинг амали.
Усулул фиқҳ олимининг вазифаси жузъий ҳукмларни ишлаб чиқаришга олиб борадиган куллий-умумий қоидаларни излашдир. Фақиҳнинг вазифаси усулий қоидаларни ишга солиб, жузъий далиллардан шаръий ҳукмларни ишлаб чиқишдир.
Усулул фиқҳнинг мавзуси икки ишда ўз аксини топади.
Биринчиси, шаръий далиллар билан ишлаш бўлиб, уларни жузъий ҳукмларни истинбот қилиш учун асбоб сифатида кўради.
Иккинчиси, шаръий ҳукмларни усулул фиқҳ олими истинбот самараси сифатида кўради. Бу ҳам далиллар ёрдамида собит бўлади. Усулийлар: усулул фиқҳ илмининг мавзуси далилларнинг собит бўлиши жиҳатидан ҳосил бўлган шаръий ҳукмлардир, дейдилар.
Фақиҳнинг амали.
Фиқҳ, аввал айтилганидек, тафсилий далиллардан касб қилиб олинган амалий шаръий ҳукмларни ўргатадиган илмдир. Ёки бошқача қилиб айтганда, тафсилий далиллардан касб қилиб олинган амалий шаръий ҳукмлар мажмуасидир. Бу илм ибодатларга, тоҳаратга, муамалотга, шартномаларга, шаръий жазоларга ва якка шахсга, оилага, васиятга, вақфга ва меросга тегишли бўлган ҳукмларга алоқадор вожиб, мандуб, ҳаром, макруҳ, ва мубоҳ каби барча нарсаларни ўз ичига олади.
Фақиҳ олим жузъий нарсаларга усулий қоидаларни татбиқ қилади. Натижада, у Аллоҳнинг «намозни адо қилинглар» сўзидан намознинг фарзлигини истинбот қилиб олади ва «ўғри эр ва ўғри аёл, бас, иккисининг ҳам қўлини кесинглар» оятидан ўғриликнинг ҳаромлигини истинбот қилиб олади.
Фиқҳнинг мавзуси мукаллаф банданинг амали шаръий аҳкомларда қандай собит бўлганлигига қаратилган бўлади. Фақиҳ – мукаллаф банданинг савдо, ижара, гаров, ваколат, намоз, рўза, иқрор, шаҳодат, васият, жарима, одам ўлдириш, бировни туҳмат билан айблаш, ўғрилик, зино ва ўзганинг молини ноҳақ ейиш каби амалларини текшириш билан шуғулланади.
Усулул фиқҳни билишдан мақсад:
Усулул фиқҳ илмининг асосий мақсади тафсилий далиллардан олинган амалий шаръий аҳкомларга ўз қоидаларини татбиқ қилиши учун мужтаҳидга имкон яратиб беришдир. Ким ижтиҳод даражасига етган бўлса, ана шу кимса усул қоидаларини ишга солган ҳолда, хоҳ очиқ, хоҳ махфий бўлсин, шаръий насс – матнларни фаҳмлайди ва аҳкомлар далолат қиладиган нарсаларни билиб олади. Шу билан бирга, унда қиёс, истиҳсон, истисҳоб, истислоҳ ва бошқа шу каби масдарлардан фойдаланиб янги пайдо бўлган масалаларни ечишда имкон пайдо бўлади.
Аммо, ижтиҳод даражасига етмаган уламолар усулул фиқҳ илмидан аҳкомларни истинбот қилиш йўлларини ўрганишда фойдаланадилар. Бу илмни янги пайдо бўлган масалаларда катта имомларнинг қоидаларига асосланиб ҳукм чиқаришга ишлатадилар.
Фиқҳ илмининг мақсади мукаллафларнинг ҳаётига ҳалол ва ҳаромни баён қилиб бериш учун шаръий ҳукмларни татбиқ қилишдир. Инсонлардан содир бўладиган сўзлар, амаллар, воқеалар ва тортишувларнинг шаръий ҳукмини билиш учун олим, қози ва муфтийлар қиладиган иш фиқҳдир.
Усулул фиқҳ илмининг олинган жойи.
Уламоларимиз усулул фиқҳ илмини шариат аҳкомларининг ҳақийқатларидан ва тасаввуротларидан олганлар. Уларнинг тафсилотларидан эмас. Улар бу илмни Калом илмидан олганлар. Шунингдек, уламоларимиз бу илмни яна араб тили сўз бойлигидан ташкил топган истинбот қоидаларидан олганлар. Чунки, мана шу тилда икки аслий шаръий масдар Қуръон ва Суннат келгандир.
Шариатнинг мақсадларини, мужтаҳидларнинг ҳақийқат ва мажозни билиш имкониятларини, очиқ ва киноя иборалар орасини ажратишни, умум ва хос ибораларни, муштарак лафзларни, мутлақ ва муқаййад орасидаги фарқни, мантуқ (нутқ қилинган) ва мафҳум(фаҳм қилинган)ни ҳам мана шу луғат орқали биламиз. Буларнинг барчаси луғат илмининг баҳслари ҳисобланади.


9 йил аввал 5183 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Маккаи мукаррама мадрасаси
Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ерда туғилиб ўсганлар, Қуръони Карим дастлаб шу ерда нозил бўлган ва дийннинг аввалги ўн уч йилги босқичи ҳам шу ерда кечган давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Усулул фиқҳ китоблари
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «Усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Фатво китоблари ва фатвога масъуллар
Араб тилида «фатво» сўзи «қийин саволга жавоб бе-риш» маъносини англатади.Шаръий истилоҳда эса, сўраган кишига далил асосида шаръий ҳукмни баён қилиб беришга «фатво» дейилади. Биринчи фатво давоми...
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ҳадис ва раъй мадрасалари
Ҳадис ва раъй мадрасалари ҳақидаги эски маълумотлардан ҳозирда кўп тарқалгани кишилар орасида бу борада нотўғри тушунча пайдо бўлишига олиб келган. Уларда айти-лишича, гўёки, ҳадис мадрасалари фиқҳий ижтиҳодни давоми...
9 йил аввал 5559 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Ихтилофчи бемазҳаблар
Инсоф билан айтадиган бўлсак, ихтилоф билан ихтилофнинг фарқи бор. Одамлар орасида ихтилоф бўлиш турган гап. Жумладан, дийний матнларни англашда ҳам ихтилоф бор ва бу табиий ҳолат. Аммо табиий ихтилофлар яхши давоми...