Эр-xотиндан бирининг муртад бўлиши


Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: "Набий (с.а.в) нинг даврларида бир киши мусулмон бўлиб келди. Сўнгра унинг xотини ҳам муслима бўлиб келди. Шунда у: "Эй Аллоҳнинг Расули, у (аёл) мен билан бирга исломга кирган эди. Уни менга қайтиб беринг", деди. Бас, у зот уни эрига қайтардилар".
Демак, эр-xотин бирдан мусулмон бўлсалар эски никоҳлари бузулмай тураверади.

Эр ёки xотиндан бири мусулмон бўлса, xотиннинг иддаси чиққунча иккинчиси ҳам мусулмон бўлса, эски никоҳлари билан оилавий ҳаётни давом эттириб кетаверадилар. Ҳанафий мазҳаби бўйича бири мусулмон бўлганидан кейин иккинчисига Исломга кириш таклиф қилинсаю, у бош тортса, никоҳлари бузилади. Шунингдек икковларидан бири дорул Исломдан дорул ҳарбга кўчиб кетса ҳам.
عن ابن عباس رضى الله عنه قال رد النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ ابنته زينب
على ابى العاص بن الربع بعد ست سنين بالنكاح الاول ولم يحدث نكاحا
Ибн Аббос р.а дан ривоят қилинади. "Набий (с.а.в) ўз қизлари Зайнабни Абул Ос ибн Робиъга олти йилдан кейин биринчи никоҳи ила қайтиб берганлар. Янги никоҳ қилмаганлар".
Жоҳилият даврида Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг қизлари Зайнабга Абул Ос ибн Робиъ (р.а) уйланган эди. У зот Пайғамбар бўлганларидан кейин Зайнаб (р.а) ҳам муслима бўлдилар. Абул Ос ўша пайтда мусулмон бўлмади. Шунинг учун Расулуллоҳ(с.а.в) Зайнаб (р.а)нинг эридан ажратиб олдилар. Олти йил ўтганидан кейин Абул Ос(р.а) Исломга кирди ва Пайғамбар (с.а.в) нинг ҳузурларига келиб Зайнабни қайтариб беришни сўради. Пайғамбар (с.а.в) янгидан никоҳ қилмасдан қайтариб бердилар. Лекин бошқа ривоятда янги маҳр ва янги никоҳ билан қайтариб бердилар, дейилган. Кейинги ривоятдаги ҳукм амал учун олинган.
Агар кофир киши гувоҳсиз уйланса ёки кофир кишининг иддасида ўтирган аёлга уйланса, бу (никоҳ) уларнинг динларида жоиздир. Кейин улар Исломга кирсалар, ўша никоҳларида қолаверадилар. Бу Имоми Аъзам (р.а) наздида. Имоми Зуфар (р.а) наздида иккала кўринишда ҳам никоҳ фосиддир. Имоми Абу Юсуф (р.а) ва Маҳаммад (р.а)биринчи кўриниш бўйича Абу Ҳанифа (р.а) гапларига мувофиқдирлар. Иккинчи кўриниш бўйича Зуфар (р.а) гапларига мувофиқдирлар.
Агар мажусий ўз онасига ёки ўз қизига уйланса, сўнгра эр-xотин иккиси ҳам Исломга кирса, улар ажратиб юборилади.
Муртад кишининг мусулмон аёлга ҳам, кофир аёлга ҳам, муртад аёлга ҳам уйланиши жоиз эмас. Чунки муртад (аввал исломда бўлиб, сўнгра динидан қайтгани учун) ўлимга лойиқ кишидир, фақат ўйлаб кўриш зарурияти туфайли ўлим кечиктирилиб турилади. Никоҳ эса ўлим ҳақида ўйлашдан машғул қилиб қўяди. Шунинг учун муртад кишига никоҳ хуқуқи берилмайди.
Шунингдек, муртад аёлга ҳам на мусулмон ва на кофир уйланади. Чунки муртад аёл ўйлаб кўришлиги учунгина ҳибсда сақлаб турилади. Эрига xизмат қилиш уни (Ислом қайтиш - қайтмаслик ҳақида) ўйлаб кўришдан машғул қилиб қўяди. Шунингдек мусулмон ёки кофир эр билан муртад xотин ўрталарида ўзаро манфаатларни тартибга солиб бўлмайди. Никоҳ фақат жуфтлашиш учунгина эмасдир.
Агар эр-xотиннинг биттаси Ислом динидан қайтса, ўрталарида талоқсиз ажралиш воқеъ бўлади. Бу Абу Ҳанифа (р.а) ва Абу Юсуф (р.а) наздларида. Имоми Муҳаммад (р.а)"Агар эр муртад бўлса, у ҳолда ажралиш бир талоқ ҳисобланади", деганлар.
Кейин, агар эр муртад бўлиб, аёлига қўшилган бўлса, унга маҳрнинг ҳаммаси, агар қўшилмаган бўлса, маҳрнинг ярми берилади. Агар xотин муртад бўлиб, эри унга қўшилган бўлса, унга маҳрнинг ҳаммаси берилади. Агар қўшилмаган бўлса, унга маҳр ҳам, нафақа ҳам берилмайди.
Чунки ажралиш қўшилишдан олдин бўлган.
Агар эр-xотин иккаласи бирга муртад бўлиб, сўнгра яна бирга Исломга кирсалар, (истеҳсонга биноан) улар ўз никоҳларида қолаверадилар. Имоми Зуфар (р.а) "Никоҳ ботил бўлади, чунки биттасининг муртад бўлиши никоҳни бекор қилар эди, иккаласининг муртад бўлиши ичида биттасининг муртад бўлиши бор" деганлар.
Бизнинг далилимиз: Ривоят қилинишича Бани Ҳанифа қабиласи диндан қайтиб, сўнгра яна Исломга кирган. Шунда саҳобалар р.а уларга никоҳларини янгилаб олишни буюришмаган. Уларнинг диндан қайтиш тариxи аниқ бўлмагани учун ҳаммалари бир вақт диндан қайтган деб юритилади. Агар эр-xотин баробар диндан қайтганидан кейин улардан бири яна Исломга кирса, иккинчисининг муртадликда қолиши ораларидаги никоҳни фосид қилади.
Ота-онадан бири муртад бўлиб диндан чиқса, бола мусулмони билан қолади. Ҳанафий мазҳаби эса, бошқа эрга тегмаса кичик бола онаси билан қолади, деган.
Агар эр-xотиннинг бири мусулмон бўлса, бола эрнинг динида бўлади. Чунки ота боласини ўзининг изидан боришини назорат қилади. Агар эр-xотиннинг биттаси китобий, иккинчиси мажусий бўлса бола китобий ҳукмида бўлади.
Агар xотин Исломга кирсаю, эри кофир бўлса, қози эрига Исломга киришни таклиф қилади. Агар у Исломга кирса, аёл унинг xотини бўлиб қолаверади, бордию бош тортса қози уларни ажратиб юборади ва бу Абу Ҳанифа (р.а) ва Муҳаммад (р.а) наздидадир.. Агар эр мусулмон бўлиб, унинг xотини мажусий бўлса, қози xотинга Исломга киришни таклиф қилади. Агар Исломга кирса, унинг xотини бўлиб қолаверади, бордию бош тортса қози уларни ажратиб юборади. Агар Исломга кирса, xотин унинг xотини бўлиб қолаверади, бордию бош тортса қози уларни ажратиб юборади ва бу талоқ ҳисобланмайди. Сўнгра аёл Исломни қабул қилишдан юз ўгирганлиги туфайли қози эр-xотинларни ажратганида, эр-xотинига қўшилган бўлса, аёлга маҳри берилади. Агар аёл киши дорул ҳарбда Исломга кирса, эри эса кофир бўлса, ёки ҳарбий киши Исломга кириб, xотини мажусий бўлса, аёл токи уч ҳайз кўрмагунча ажралиш воқеъ бўлмайди, уч ҳайз кўрганидан кейин эридан боин талоқ бўлади.
Агар китобий аёлнинг эри Исломни қабул қилса, улар ўз никоҳларида қолаверадилар.
Агар эр-xотиннинг биттаси дорул ҳарбдан бизнинг диёримизга мусулмон бўлиб келса, уларнинг ўрталарига боин талоқ тўшади.
Агар эр-xотиндан биттаси асирга тушиб қолса, уларнинг ўртасига боин талоқ тушади, лекин бу бир талоқ ҳисобланмайди. Агар иккалалари ҳам асирга тушса, боин талоқ тушмайди. Агар аёл киши мусулмон бўлиб бизнинг диёримизга келса, идда сақламай эрга тегиши жоиздир. Агар аёл ҳомиладор бўлса токи ҳомиласини ташламагунча, эрга теголмайди.


7 йил аввал 10207 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Исломда бошқа диндаги аёлларга уйланиш
Инсониятни йўқдан халқ қилиб, унга ижтимоий ҳаётида қандай яшаш кераклигини таълим берган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин! Уммати учун ҳар лаҳзада мушфиқ ва меҳрибон бўлган, уларга ҳаётнинг барча давоми...
7 йил аввал 22331 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Қиз овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса
Савол: Одатда бизнинг диёрларда никоҳни имом домлалар ўқишади. Агар домла келин бўлмишга: «Бағишладингизми?» деса, қиз эса: «Бағишладим», дейиш ўрнига  овоз чиқармай, боши билан «Ҳа» деган ишорани қилса, давоми...
7 йил аввал 8879 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Никоҳ фазилати, унинг рукн ва шартлари
Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги“Никоҳида шаръан давоми...
7 йил аввал 74379 fiqh.uz
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Вақтинчалик никоҳ ҳақида